“Қамчиқ” довони бўйлаб юрадиган поездга старт берилди!

Ўзбекистон Президенти ва ХХР раиси “Қамчиқ” довони бўйлаб юрадиган илк поездга старт беришди.

Ўзбекистон 22 Июнь 2016 17594

2016 йил 22 июнь куни Тошкентдаги «Ўзэкспомарказда» «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўли ва мазкур улкан лойиҳа доирасида қурилган туннелнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари мазкур ғоят улкан лойиҳанинг амалга оширилиши муҳим тарихий воқеа эканини, айниқса, қурилиш ишлари Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида тугаллангани унинг аҳамиятини янада оширганини алоҳида таъкидлади.

Тантанали маросим очилиши доирасида «Ўзэкспомарказ»даги тадбир иштирокчилари билан Қамчиқ довонида янги электрлаштирилган темир йўл тармогининг ишга туширилиши муносабати билан йиғилган мутахассислар ўртасида тўғридан-тўғри телекўприк ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ангрен-Поп электирлаштирилган темир йўлида дастлабки ҳаракатланадиган битта электровоз ва 4 та йўловчи вагондан иборат «Ўзбекистон» поездининг «Қамчиқ» темир йўл туннелидан ўтишига рухсат берувчи светофорни ёқиш учун махсус тугмани босди.

Шундан сўнг «China Railway Tunnel Group» компанияси раиси Юй Баолин ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Очилбой Раматов биргаликда ушбу поездда, туннель орқали шарқий портал томонга йўл олишди.

Дастлабки поезд узунлиги 19,2 километрлик эр ости йўлини 16 дақиқаю 30 сонияда босиб ўтди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 июндаги «Ангрен – Поп» электрлаштирилган темир йўл линиясининг қурилишини ташкил қилиш чора-тадбирлари» тўғрисидаги қарори асосида, Қамчиқ довони бўйлаб, узунлиги 123,1 километрни ташкил этадиган янги темир йўл ҳамда ушбу лойиҳа доирасида узунлиги 19,2 километрдан иборат бўлган темир йўл туннели қурилди.

Мазкур улкан қурилишни амалга ошириш мақсадида жами 1 миллиард 633,7 млн. долларлик маблағ ажратилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда туннелдан ташқари ишларни амалга ошириш учун жами 810 млн. АҚШ доларлик маблағ ўзлаштирилди.

Ушбу қурилиш объектида жами 43 миллион куб метр тупроқ, 16,3 миллион куб метр бурғулаш портлатиш ишлари бажарилди. Шунингдек, 285 сунъий иншоот ва сув ўтказиш қувурлари, умумий узунлиги 2,1 км, ўртача баландлиги 25 метрни ташкил этувчи 15 та темир йўл кўприк ва 6 та йўл ўтказгич (путепровод), 4 та станция, 4 та разъезд ва 2 та вокзал қуриб битказилди. 124 километрлик темир йўл тўлиқ электрлаштирилди ва 2 та ним тортиш станцияси қурилди. Бундан ташқари мазкур улкан лойиҳа доирасида темир йўлчилар учун ўнга яқин турар жой бинолари ҳам барпо этилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан Хитой Халқ Республикасининг «China Railway Tunnel Group» компанияси ҳамкорлигида бунёд этилган туннель қурилишига йўналтирилган 455 млн. долларлик маблағ тўлиқ ўзлаштирилди. Мазкур туннель, дунё рейтингида шу каби туннеллар рўйхатида мураккаблиги бўйича саккизинчи ўринни эгаллайди.

Қурилиш даврида 4 минг нафардан зиёд ишчи фаолият кўрсатган бўлса, шундан 400 нафари муҳандислардир. 600 та махсус техникалардан унумли фойдаланилганлиги лойиҳани муддатидан илгари, сифатли қилиб ниҳоясига этказишга омил бўлди. Маълумотларга кўра темир йўлдан фойдаланиш даврида 1,5 мингта янги иш ўринлари яратилади.

«Ангрен – Поп» электрлаштирилган темир йўли Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг қолган худудлари билан боғлаб, юртимизда ягона миллий темир йўл тизимини яратиш борасидаги режаларни тўлиқ амалга оширишга замин яратди. Таҳлилларга кўра ушбу темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши йилига 10 млн.тонна халқ хўжалиги юкларини ташиш, дастлабки йилда эса 600 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкони яратади.

Шу билан бирга «Хитой – Марказий Осиё – Европа» янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиётини бунданда ривожлантиришга хизмат қилади.

http://kun.uz/

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>