Президент матбуот хизмати хабарлари

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев аввалги топшириқлар ижросини

кўздан кечириш, халқ ҳаёти билан бевосита танишиш мақсадида 13-14 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур вилоятга ташрифига оид ахборотларни талабалар қунт билан ўқишларини тавсия этамиз. ЎзМУ Журналистика факультети талабалари «Ахборот хизмати» фанидан олаётган сабоқларида ушбу тавсиялар маҳорат мактаби бўлади, деган умиддамиз.

Шавкат Мирзиёев: «Фармон, қарорларни ишлаб чиқиш азоб. Уларни амалга ошириш ўн карра азоб»

12:28 14 Декабрь 2018 Сиёсат

Қарши шаҳрида вилоят ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташқи бозорларга чиқиш, ҳар бир соҳани ислоҳ қилишдан мақсад халқимиз манфаатини таъминлаш эканини таъкидлади.

— Мана кўряпсизлар, деярли ҳар куни фармон, қарор чиқяпти. Уларнинг устида ташкилотлар, экспертлар ойлаб, йиллаб ишлайди. Бу фармон, қарорларни ишлаб чиқиш азоб. Уларни амалга ошириш ўн карра азоб, — деди давлатимиз раҳбари.

Жойлардаги ижро органлари сусткашликка, жамоатчилик улардан талаб қилишда бефарқликка йўл қўяётгани танқид қилинди.

— Халқимиз яхши яшашини, ривожланган давлатлар қаторига чиқишни истаймиз. Лекин ҳеч ким меҳнатсиз, машаққатсиз натижага эришмаган, эришолмайдиям! Президент келиб йўналиш беради, вазифа қўяди. Уларни ким амалга оширади? Одамлар қачон уйғонади? Биз анча нарсада кечикканмиз. Агар эндиям уйғонмасак олдимизга қўйган катта мақсадларимизга етолмаймиз. Биров келиб биз учун ҳеч нарса қилиб бермайди, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз дунёдаги рақобатга муносиб бўлиш, бирни икки қилиш учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир ёш ҳар куни ўқиши, ўзини қийнаши, изланиши кераклигини таъкидлади.

http://xs.uz/uzkr/post/shavkat-mirziyoev-farmon-qarorlarni-ishlab-chiqish-azob-ularni-amalga-oshirish-on-karra-azob

***

Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти иқтисодиётини ривожлантириш йўлларини кўрсатиб ўтди

14:23 14 Декабрь 2018 Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни Қарши шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Қашқадарё иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, одамларни иш билан таъминлаш йўлларини кўрсатиб ўтди.

— Ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун аввало иқтисодиётни ривожлантириш керак. Шу боис 2019-2020 йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда амалга ошириладиган 1 минг 200 дан зиёд лойиҳа бўйича таклифлар ишлаб чиқилди, — деди Шавкат Мирзиёев.

Жорий йилда вилоятга 63 мингдан зиёд хорижлик сайёҳ келгани, лекин бу жудаям камлиги қайд этилди. Бу соҳадаги барча имкониятларни ишга солиш, Шаҳрисабзни фестиваллар шаҳрига айлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Қишлоқ хўжалигидаги натижалар қониқарсизлиги, пахтачиликда жиддий камчиликларга йўл қўйилгани танқид қилинди. Келгуси йили вилоятда пахта етиштиришни 52 фоиз майдонда кластер усулига ўтказиш, тайёр маҳсулотлар экспортини икки баробар ошириш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари Яккабоғ, Қамаши, Шаҳрисабз, Китоб туманларида 10 минг гектар майдонда узум, Чироқчи ва Косон туманларида 20 минг гектар лалми ерда тарвуз етиштириш имкониятларини кўрсатиб ўтди. Деҳқон хўжаликлари ва томорқаларга нўхат, мош, ловия, кунжут каби бозорбоп маҳсулотлар экиш одамларга иш, қўшимча даромад бўлишини таъкидлади.

Президент видеоселектор орқали туманлардаги одамлар билан мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва истакларини бажариш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

http://xs.uz/uzkr/post/prezident-viloyat-iqtisodiyotini-rivozhlantirish-jollarini-korsatib-otdi

 ***

Қарши шаҳрида энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган шифохоналар ташкил этилди

23:34 13 Декабрь 2018 Сиёсат

Илгари кардиологик ёки эндокринологик касаллик билан оғриган қашқадарёлик беморлар пойтахтимизга, баъзан хорижий давлатларга бориб даволанарди. Энди хорижликлар шифо излаб Қаршига келиши мумкин. Чунки бу ерда энг сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган замонавий шифохоналар бор.

Президентимиз 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳрида Республика ихтисослаштирилган кардиология ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказларининг филиалларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Ўтган қисқа вақтда ёнма-ён жойлашган икки йирик марказ қуриб битказилди.

Давлатимиз раҳбари 13 декабрь куни бу ерга ташриф буюриб, беморлар учун яратилган шароитлар, замонавий техника ва ускуналарни кўздан кечирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.

120 ўринли Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалига дунёда энг янги чиққан ташхис ва даволаш аппаратлари олиб келинди. Реабилитация ва юрак ишемик касалликлари, сурункали юрак етишмовчилиги ва аритмология, артериал-гипертензия, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик, кардиожарроҳлик, қабул-диагностика каби бўлимлар, кунлик 100 қатновга мўлжалланган поликлиника фаолияти йўлга қўйилди. Германия, Россия каби давлатларда таҳсил олган малакали шифокорлар ишга жалб қилинди. Улар ўз тажрибаси ва билимларини вилоятдаги ҳамкасбларига ҳам ўргатади.

Марказда коронарография, вентрикулография, томирлар ангиографияси, коронар томирларни стенлаш, баллонли вальвулопластика, бўлмачалараро ва қоринчалараро тўсиқ нуқсонларини окклюдер ёрдамида бартараф этиш, аортакоронар шунтлаш, юрак орттирилган нуқсонларидан клапанларни протезлаш, аорта ва унинг шохларида, юрак туғма нуқсонларида қилинадиган жарроҳлик амалиётлари бажарилади. Бу тиббиёт туризми ривожланишига ҳам ҳисса қўшади.

Республика ихтисослаштирилган эндокринология маркази филиали ҳам Қашқадарё учун жуда зарур эди.

Шу пайтгача бундай тиббий хизмати вилоят эндокринология диспансерида кўрсатилиб, жиҳозлари, даволаш тизими эскича эди.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган 150 ўринли янги шифохона эндокринологик касалликларни профилактика қилиш ва самарали даволашга хизмат қилади. Бу ерда йилига 700-800 жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин.

Янгиликлардан яна бири – Диабет мактаби фаолияти йўлга қўйилгани. Мазкур мактабда малакали ҳамширалар қандли диабетга чалинган беморларга ўз-ўзини назорат қилиш, касалликнинг келиб чиқиш омиллари, унинг олдини олиш йўллари, болаларга эса нон бирлигига асосан тўғри овқатланиш тартиби ўргатилади.

Бу марказлар бошқа шифохоналарга намуна бўлиши керак. Фақат касалларни даволаш билан чекланмасдан, ўз йўналиши бўйича хасталикларнинг олдини олиш, бунинг учун аҳолининг тиббий маданиятини ошириш зарур, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз мазкур тиббиёт муассасаларига малакали мутахассисларни жалб қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш қамрови ва сифатини янада ошириш юзасидан топшириқлар берди.

 http://xs.uz/uzkr/post/qarshi-shahrida-eng-songgi-tekhnologiyalar-bilan-zhihozlangan-shifokhonalar-tashkil-etildi

 ***

Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги “Sulton teх group” корхонаси фаолияти билан танишди

23:29 13 Декабрь 2018 Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги “Sulton teх group” корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги қарори билан тасдиқланган дастурдан ўрин олган бўлиб, давлатимиз раҳбарининг вилоятга аввалги ташрифлари чоғида бажарилаётган ишлар ҳақида маълумот берилган эди.

Қисқа вақтда собиқ пахта заводига қарашли қаровсиз ерда замонавий корхона барпо этилди. Швейцария ва Япониядан энг сўнгги русумдаги тозалаш, йигириш ва ўраш ускуналари келтириб ўрнатилди. Биринчи босқичда ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 300 га яқин одам иш билан таъминланди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Польша, Туркия, Эрон, Миср каби ўнга яқин мамлакатга экспорт қилиниб, 50 миллиард сўмлик маҳсулот ички бозорга етказиб берилди.

Корхонада толани тозалашдан тортиб, ўрашгача бўлган барча жараён автоматик тарзда бошқарилади. Бу ердаги лабораторияда тола ва ип сифати назорат қилиб борилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу лабораторияни ҳам кўздан кечирди, ишчилар билан суҳбатлашди.

Президентимизнинг ташрифи чоғида лойиҳанинг иккинчи босқичи – йилига 3 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга тўқув фабрикаси фаолиятига старт берилди.

Умумий қиймати 53 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган корхонанинг навбатдаги босқичларида мато тўқиш, уни бўяш, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Жумладан, тикув маҳсулотлари ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш фабрикаси 2019 йил январь ойида ишга туширилади. Ушбу лойиҳанинг қиймати 3 миллион доллардан иборат бўлиб, ишлаб чиқариш ускуналари Европанинг илғор технологияларидан иборат. Фабрика ишга тушиши натижасида 700 га яқин янги иш ўрни яратилиб, йилига 9 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Эътиборли жиҳати, бугунги кунда корхонада энг самарали иқтисодий тизим бўлган пахта-тўқимачилик кластери ташкил қилинган бўлиб, бунинг учун Қарши тумани ҳудудидан 10 минг гектар ер майдони ажратилган. Яъни, пахта етиштиришдан бошлаб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот қилиб сотишгача бўлган жараён ушбу корхонанинг ўзида амалга оширилади. Бу орқали маҳсулот таннархини арзонлаштириш ва сифатини оширишга эришилади.

Шавкат Мирзиёев корхонанинг кейинги босқичларини ҳам тезроқ ишга тушириш, тайёр маҳсулот турларини ва экспорт географияси янада кенгайтириш, пахта-тўқимачилик кластерини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда Сингапурнинг “Индорама” компанияси томонидан Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида пахта тўқимачилик кластерлари ташкил этиш, мамлакатимизнинг Польша, Эрон Ислом Республикаси, Буюк Британиядаги элчихоналари томонидан Қашқадарё вилоятига хорижий инвестицияларни жалб этиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган режалар тақдимоти ўтказилди.

http://xs.uz/uzkr/post/shavkat-mirziyoev-qarshi-shahridagi-sulton-tekh-group-korkhonasi-faoliyati-bilan-tanishdi

***

Президент тежамкор иссиқхоналарни кўпайтириш бўйича топшириқ берди

18:51 13 Декабрь 2018 Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев Муборак туманидаги замонавий иссиқхона билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Чўл ҳудудида жойлашган туманда бундай иссиқхона бўлиши жудаям муҳим. Чунки сифатли сабзавотларга эҳтиёж бор, сув эса танқис.

Тадиркор Қобилжон Ғуломов кам имкониятдан фойдаланиш йўлини топди. 2016 йили “Муборак иссиқлик электр маркази” акциядорлик жамияти ёнидаги ташландиқ ҳудуддан 2 гектар ер олиб иссиқхона барпо этди. Ёмғир тўпланадиган 800-1000 тонналик ҳовузлар қурди. Иссиқхонадаги сабзавотлар томчилатиб суғорилади.

Яна бир самарали томони, иссиқхона “Муборак иссиқлик электр маркази”да ҳосил бўладиган иссиқ сув орқали қиздирилади. Электр маркази учун совуқ сув керак. Шу боис иссиқхонада бу сув айлантирилиб, совугач қувурлар орқали иссиқлик корхонасига қайтарилади. Бундан иккала томон ҳам ютади.

Бундай тежамкорлик эвазига натижа кутилганидан ҳам яхши бўлди. Тадбиркор яна 7 гектар ерда иссиқхона қурди. У иссиқхонада етиштирилаётган помидор, бодринг каби маҳсулотларнинг асосий қисмини экспорт қилиб, катта фойда олишни чамалаяпти.

Айни пайтда иссиқхонада қарийб юз киши меҳнат қилмоқда. Келгусида иссиқхонани янада кенгайтириб, иш ўринларини кўпайтириш режалаштирилган.

Умуман, туман бўйича 60 тадбиркорга шу каби иссиқхона қуриш учун 300 гектар ер ажратилган.

Президентимиз замонавий иссиқхонани кўздан кечириб, ишчилар билан мулоқот қилди.

Аҳоли фаровонлигини ошириш, доимий ва мавсумий иш ўринлари очишда муҳим ўрин тутадиган бундай иссиқхоналар тармоғини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда Қашқадарё вилоятида 2019-2020 йилларда иссиқхоналар ташкил этиш, Чироқчи туманида лалми майдонларда полиз экинларини кўпайтириш, аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

http://xs.uz/uzkr/post/prezident-tezhamkor-issiqkhonalarni-kopajtirish-bojicha-topshiriq-berdi

***

Шавкат Мирзиёев​: Боғдорчиликни ривожлантириш орқали аҳоли ҳам озиқ-овқат билан, ҳам иш билан таъминланади

17:17 13 Декабрь 2018 Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев Яккабоғ туманида “Sag agro Yakkabog’” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилаётган ёнғоқзор ва бодомзорни бориб кўрди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти​ Матбуот хизмати хабар тарқатди.

Бу боғлар давлатимиз раҳбарининг жорий йил январь ойидаги Қашқадарёга ташрифи давомида берган топшириқлари асосида ташкил этилди. Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бунинг учун қулай шароит яратди.

Бугунги кунда 700 гектар майдонда ёнғоқнинг «Chendler», «Cisco» ва бодомнинг  «Аvijor», «Guara» навли кўчатлари ўтқазилган. Келгуси йил яна 440 гектарга кўчатлар экилади.

Ёнғоқлар 4 йилда, бодомлар 3 йилда ҳосилга киради. Шундан сўнг йилига 7 минг тоннага яқин маҳсулот олиш мумкин бўлади. Маҳсулотларнинг 60 фоизини экспортга чиқариш режалаштирган.

— Қашқадарёда қишлоқ хўжалиги бўйича катта салоҳият бор. Яккабоғда ҳам ҳосилдор ерлар, деҳқончиликни яхши биладиган одамлар кўп. Бундан тўғри фойдаланиб, боғдорчиликни ривожлантириш, аҳолини ҳам озиқ-овқат билан, ҳам иш билан таъминлаш мумкин, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис кўчатхоналар ташкил этиб, аҳоли томорқалари учун мевали дарахтлар етказиб бериш зарурлиги таъкидланди. Ёнғоқ, бодом ва бошқа бозорбоп мевалар етиштиришни кўпайтириш, агрономларни замонавий агротехник тадбирлар бўйича ўқитиш учун тайёрлов курслари ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

Президентимиз боққа ёнғоқ кўчати ўтқазди.

Шу ернинг ўзида Қашқадарё туманларидаги захира ер майдонларида писта, аччиқ бодом, ёнғоқ ва чаканда плантацияларини ташкил этиш, Қамаши давлат ўрмон хўжалигида куркачиликни ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Вилоятда балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, қоракўлчилик бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.

http://xs.uz/uzkr/post/shavkat-mirziyoev-bogdorchilikni-rivozhlantirish-orqali-aholi-ham-oziq-ovqat-bilan-ham-ish-bilan-taminlanadi

***

Шўртанда дунёдаги ноёб завод барпо этилмоқда

15:30 13 Декабрь 2018 Жамият

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Ғузор туманидаги ушбу ҳудуд яқин-яқингача қуруқ дашт эди. Бу ерда қурилиши мўлжаллаган завод лойиҳаси тўхтаб қолган, уни бошлашга ҳеч ким журъат қилолмаётганди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти​ Матбуот хизмати хабар тарқатди.

Шавкат Мирзиёев давлатимиз раҳбари бўлгач, бу лойиҳага оид барча масалаларни ҳал қилиб берди. Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги қарорида «Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестицион лойиҳаси буйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Мамлакатимиз раҳбари 2017 йил февраль ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида мазкур заводнинг қурилиш майдонига келиб, унинг молиялаштирилиши, хорижий технологиялар  билан жиҳозланиши, қурувчилар ва кадрлар таъминоти каби барча масалаларни чуқур таҳлил қилган эди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 13 декабрь куни бу ерга яна бир бор ташриф буюрди. Фақат бу гал манзара умуман бошқача. 135 гектардан зиёд майдонда қурилиш ишлари қизғин. Темир-бетон пойдеворлар қўйилиб, эстакадалар кўтарилган. Улкан автокранлар ўрнатилиб, мураккаб ускуналарни йиғиш бошлаб юборилган.

Завод дунёдаги етакчи лицензиар компаниялар – “Сасол” (ЖАР), “Халдор Топсе” (Дания) ва “Шеврон” (АҚШ) технологияси асосида барпо этилмоқда. Қурилиш ишлари бош пудратчи – Корея Республикасининг “Hyundai Engineering Co. Ltd.” ва “Hyundai Engineering and Construction Co., Ltd”, Сингапурнинг “Enter Engineering Pte. Ltd.” компаниялари томонидан олиб борилмоқда. Қурувчи ва пайвандчиларнинг кўпчилиги маҳаллий ёшлардир.

Мажмуа учун зарур 11 мингдан ортиқ технологик ускуналар Япония, Жанубий Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Хитой, Россия каби 21 та давлатдаги 126 та заводда тайёрланмоқда.

Бундай иш ҳажми бежиз эмас. Табиий газдан синтетик суюқ ёқилғи (GTL) олиш жуда ноёб жараён бўлиб, юқори технологиялар ва мураккаб илмий ечимларни талаб этади. Ҳозирда дунёда бундай заводлар атиги бешта, ўзимизнинг Шўртандагиси олтинчиси бўлади.

Мазкур улкан лойиҳанинг умумий қиймати 3,6 миллиард АҚШ доллари. Унинг амалга оширилиши натижасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, ЕВРО-5 стандартларига жавоб берадиган 1,5 миллион тонна синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарилади. Булар  311 минг тонна авиакеросин, 743 минг тонна дизел ёнилғиси, 431 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газдир.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Заводнинг асосий аҳамияти мана шунда. Яъни, табиий газ шунчаки хомашё сифатида эмас, қўшимча қийматли маҳсулот сифатида сотилади.

Масалан, 1000 куб метр табиий газ экспорт нархи ҳозирги кунда 155 доллар атрофида бўлса, бўлғуси заводда шунча газни қайта ишлаш орқали 300 долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Фойда икки баробар ортади.

Йилига ҳисоблаганда, табиий газдан кўра тайёр GTL маҳсулотларидан кўриладиган қўшимча даромад 576 миллион доллардан ошади.

Яна бир муҳим жиҳати – завод маҳсулотлари ҳозирда четдан импорт қиланаётган хомашёлар ўрнини қоплайди. Бунинг эвазига йилига нефть сотиб олишга кетадиган 1 миллиард доллардан ортиқ валюта маблағлари иқтисод қилинади.

Президент Шавкат Мирзиёев мажмуа қурилишини кўздан кечирди. Пудратчи ва инвесторлар билан суҳбатлашди.

– Биз ҳар томонлама мулоҳаза қилиб, синтетик ёқилғи ишлаб чиқарадиган, 1 миллиард доллар импорт ўрнини тўлдирадиган тарихий лойиҳа қилдик. Бу Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор қилиш учун катта салоҳиятга эга. Шу пайтгача тармоқда бундай номенклатура йўқ эди.  Бу ерда ёқилғи ишлаб чиқариб, бензин таннархини туширсак, одамларимиз шуни сезади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари мутахассислар, техника ва ресурслардан максимал фойдаланиб, қурилиш-монтаж жараёнларини оқилона мувофиқлаштириб, заводни ишга туширишни тезлаштириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни бир кун бўлсаям эртароқ йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Заводни фойдаланишга топшириш муддатини қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

Ушбу завод Шўртан газ-кимё мажмуасининг ёнида жойлашгани умумлашган инфратузилма объектларидан фойдаланишда қулайлик яратади. Бу ерда яна бир лойиҳа – Шўртан газ-кимё мажмуасининг қувватини 125 минг тоннадан 505 минг тоннагача ошириш лойиҳаси режалаштирилган.

Унда GTL  заводидан чиқадиган нафтани қайта ишлаб, янги турдаги полиэтилен ва полипропилен маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Бу ишлар натижасида ҳудуд технологик кластерга айланиб, келгусида кимё, автомобилсозлик, туризм, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа соҳаларни янада ривожлантиришга асос бўлади.

http://xs.uz/uzkr/post/shortanda-dunyodagi-noyob-zavod-barpo-etilmoqda

***

Саховатли Қашқадарё замини улкан ўзгаришлар арафасида

Саховатли Қашқадарё замини улкан ўзгаришлар арафасидаЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 13-14 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Қарши шаҳрида Қашқадарё вилояти иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят фаоллари, депутатлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Давлатимиз раҳбари 2018 йилда қабул қилинган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоятнинг 28 та қишлоқ ва 4 та маҳалласи обод қилиниб, уларда яшаётган 300 минг аҳолининг турмуш шароити яхшиланганини таъкидлади.

Жумладан, 17 мингта ҳовли-жой, 193 та кўп қаватли уй, 82 та ижтимоий соҳа объекти, юзлаб километр йўл ва кўчалар, сув ва электр тармоқларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунга қарийб 300 миллиард сўм сарфланди.

Вилоятда ичимлик сув таъминотини яхшилаш борасида сезиларли ишлар қилингани, бироқ бу кифоя эмаслиги қайд этилди. Бу ишлар кўламини ошириш мақсадида Косон, Муборак, Қамаши ва Ғузор туманлари ичимлик суви таъминоти тизимларини реконструкция қилиш, Деҳқонобод туманидаги 38 аҳоли пунктида яшаётган 104 минг кишини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари амалга оширилади.

Аҳолининг арзон уйларга талабини қондириш учун жорий йилда қишлоқ жойларда 3 мингдан зиёд ёки ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп арзон намунали уй-жой, шуниндек, Қарши шаҳрида жами 630 хонадонли 14 та кўп қаватли уй қурилди. 2019 йилда 190 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган 39 та қишлоқ ва 6 та маҳалла ободонлаштирилади. Қишлоқ жойларда 1 минг 205 та арзон намунавий уй-жой, шаҳарларда 14 та кўп қаватли уй барпо этилади, аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади, деди давлатимиз раҳбари.

Мамлакатимизнинг Буюк Британия, Эрон ва Польшадаги элчихоналари Қашқадарё вилоятига бириктирилган. Президентимизнинг ташрифи доирасида Қарши шаҳрида ўтган тақдимотларда Буюк Британиядаги элчимиз Алишер Шайхов 276 миллион долларлик 5 та лойиҳа, Польшадаги бош дипломатимиз Баҳром Бобоев 163 миллион долларлик 8 та, Эрондаги элчимиз Баҳодир Абдуллаев 61 миллион долларлик 9 та лойиҳани амалга оширишга инвестиция киритиш бўйича таклифлар берди.

Давлатимиз раҳбари бу лойиҳалар етарли эмаслигини, элчилар хорижий инвестиция жалб этишни камида 2 баробар кўпайтириши лозимлигини таъкидлади.

Элчиларимиз булардан ташқари 2019 йилда ҳар бир туманга қўшимча камида 10 миллион доллардан хорижий инвестиция жалб қилишга кўмак бериши керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда вилоятда ижтимоий соҳани ривожлантириш, таълим муассасалари фаолиятини яхшилаш, 2019 йилда мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалари ҳақида ҳам сўз юритилди.

Ишсизликни камайтириш масаласига эътибор қаратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 15 триллион сўм бўлган 1 минг 200 дан зиёд лойиҳа бўйича таклифлар ишлаб чиқилгани, улар амалга ошиши билан 29 мингта доимий иш ўрни яратилиши қайд этилди.

Ҳудудда туризмни ривожлантириш учун барча имкониятлар ишга солинади. Бу борада Шаҳрисабзда йил давомида маданий-кўнгилочар тадбирлар ва анжуманлар ўтказиб бориш орқали туристларни кенг жалб қилиш учун кўҳна Кешни Фестиваллар шаҳрига айлантириш таклифи берилди.

Ижтимоий ҳаётни яхшилаш учун, аввало, иқтисодиётни ривожлантириш керак. Бунинг учун иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш талаб этилади. Фақат хомашё етиштириш эмас, балки уни тайёр маҳсулот шаклида сотиш тизимини йўлга қўйиш зарур, деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда пахта кластерлари фаолиятини самарали ташкил қилиш, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, ҳар бир туман иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда боғдорчилик, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш юзасидан топшириқлар берилди. Жойлардаги ижро органлари бу борада сусткашликка, бефарқликка йўл қўяётгани танқид қилинди.

Қашқадарё бағрикенг, танти ва ғурурли эл. Бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳам шунга муносиб бўлиши керак. Биз, албатта, Қашқадарё аҳолиси учун муносиб турмуш шароити яратамиз, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар муаммоларини ҳал этишга эътиборни кучайтирамиз, ижтимоий таъминотга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаймиз, бунинг учун раҳбар ходимларимиздаги мудроқлик кайфиятини, коррупцияни йўқотамиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз видеоалоқа орқали туманлардаги аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва истакларини бажариш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Шу куни Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Ислом Каримов Қашқадарёга раҳбарлик йилларида вилоят иқтисодиётини кўтариш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш йўлида кўп ишлар қилгани ёдга олинди.

Давлатимиз раҳбари Қарши шаҳрида бунёд этилаётган «Ватанпарварлар» боғини бориб кўрди.

Шавкат Мирзиёев жорий йил январь ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида жойлашган Болалар боғи номини “Ватанпарварлар” деб ўзгартириш, бу ерда ана шу шарафли номга уйғун руҳда реконструкция ишларини амалга ошириш юзасидан топшириқ берган эди.

Боғни барпо этишдан мақсад ёшларда тарихимиз ва маданиятимиздан ғурурланиш туйғусини кучайтириш, Ватан равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз номини абадийлаштириш, армиямиз қудрати ва салоҳиятига ишончни кучайтиришдан иборат.

Қарийб 7 гектар ҳудуддаги “Ватанпарварлар” боғи ана шу мақсадларга ҳамоҳанг тарзда янги қиёфа касб этмоқда. Бу ерда 2018-2019 йилларда 29,3 миллиард сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилади. Сунъий кўл, кириш дарвозаси, амфитеатр, блендаж, ўқ отиш жойи ва лукодром қурилиши якунланди. Музей қурилиши тугалланиш арафасида, парашютдан сакраш минораси қурилиши, кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда.

Боғ ҳудудига Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган, турли йилларда хизмат қилган 24 та ҳарбий техника макети ўрнатилган. Махсус тайёрланган блендажни кўрган киши кўз ўнгига Иккинчи жаҳон урушида мардонавор жанг қилган ватандошларимиз келади.

Боғда ўрнатилган Ўзбекистон харитасининг улкан макетида ҳар бир вилоятнинг буюк сиймолари, қадимий обидалари, сервиқор тоғлари, дарёлари, бепоён кенгликлари акс эттирилган.

Мухтасар айтганда, бу ерга ташриф буюрувчилар Ўзбекистонимиз ҳудудлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлади.

Боғ яқинида қурилган 4 та замонавий кўп қаватли турар жой, халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси ҳудуд манзарасини янада гўзаллаштиради.

Президентимиз боғда яратилган шароитларни кўздан кечирди, таълим муассасаларидаги «Жасорат» гуруҳлари аъзолари билан суҳбатлашди.

Бундай масканлар ёшларга халқимиз тарихи, маънавияти ва маданияти ҳақида яққол таассурот беради. Энди бундан самарали фойдаланиш, ушбу масканга ёшларни кўпроқ олиб келиб, очиқ дарслар ўтказиш керак, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган ҳиссасининг аҳамиятини ёшларга етказиш, тинчлик-осойишталигимиз учун катта хизматлар қилган ватандошларимиз ҳақида сўзлаб бериш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари «Ватанпарварлар» боғи ёнида қад ростлаган янги сув спорти мажмуаси билан танишди. Ушбу замонавий иншоотда 25х11 метрлик тўрт йўлакдан иборат иккита сузиш ҳавзаси мавжуд. Ташқи кўриниши парвоз қилаётган қушни эслатадиган иншоот ҳавзасидаги сув махсус фильтрлар ёрдамида тўлиқ янгилаб турилади. Ювиниш, овқатланиш, тиббиёт ва фитнес хоналарида барча қулайликлар яратилган. Бу ердаги замонавий шароитлар ота-оналарнинг, ёшларнинг сув спортига қизиқишини оширади.
Шавкат Мирзиёев бу ерда шуғулланаётган ёш спортчилар билан суҳбатлашиб, уларга келгуси мусобақаларда омадлар тилади.
Шу билан Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи якунланди.

Улуғбек Асроров, Умар Асроров, Зиёдулла Жонибеков, ЎзА

http://uza.uz/oz/politics/sakhovatli-ash-adarye-zamini-ulkan-zgarishlar-arafasida-15-12-2018

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *