Зиёли ёшлар тўғри ҳаёт йўлидан адашмайдилар!
Тошкент давлат Аграр университетида «Жаҳолатга қарши маърифат» мавзусида
маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда бир гуруҳ диншунослар, профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар иштироок этдилар.
Университет Ёшлар масалалари ва маънавий маърифий ишлар бўйича проректори Раъно Турдибоева ва бошқалар бугунги глобаллашув даврида ёшлар онгини турли бузғунчи ғоялардан сақлашнинг долзарб масалалари ҳақида сўз юритдилар.
Маълумки, бугунги глобаллашув жараёнида ёшларимиз турли ғоявий хуружларнинг нишонига айланмоқда. Интернет тармоғи орқали диний экстремистик ғоялар, “оммавий маданият” тарғиботчилари ёшларимиз онгига ўзларининг ғояларини сингдиришга уринмоқдалар. Бугунги ахборот асрида, глобаллашув жараёнида турли ёт оқимлар, хусусан диний ақидапарастларнинг зарарларидан сақланиш, унинг олдини олиш учун чора-тадбирлар мажмуини ўз ичига оладиган мафкуравий тадбирларнинг ўрни катта.
Тадбирда таъкидланганидек, улуғ аллома имом Ғаззолийнинг фикрича, инсонларнинг бутун саодати учун икки нарса шарт: биринчиси – илм, иккинчиси – амал. Мутафаккир таъкидлашича, инсоннинг бахтли бўлиши учун илмнинг ўзигина етмайди, балки киши илми ёрдамида тана ва руҳини тарбия қилишга бурчлидир. Аллома ўз асарида Фатҳ Мусалийнинг қуйидаги фикрларини келтиради: “Касалга обу таом берилмаса, ўладими?” деб сўрадилар. Атрофдагилар: “Ҳа, ўлади”, дейишди. Айтдилар: “Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади”.
Улуғ аллома Махдуми Аъзам таълимотида ҳам илм ва амал бирлиги тарғиби етакчи ўрин эгаллайди. Айниқса, олим “улуси нафеъ”, яъни эл-улусга фойдаси тегадиган илмни ўрганиш, касб-ҳунар эгаллаш ва уни шогирдларга ўргатиш илмли инсоннинг бурчи эканини уқтиради. Зеро, илм ўрганиш ва унга амал қилиш, касб-корга эга бўлиш ва ҳалол ризқ топиш, фарзандлар тарбиясига масъуллик ва фуқаролик вазифасини ҳис этиб яшаш ўзини маърифатли ҳисоблаган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Ислом инсонни руҳий, жисмоний покланиш йўли билан камолатга етаклаб, мунтазам равишда ижтимоий фаолликка, маърифатли бўлишга даъват этади. Исломда масалага кўр-кўрона ёндашув, бирёқлама хулосалар кескин қораланади.
Махдуми Аъзам фикрича, жисм ва нафс ҳалол меҳнат туфайли покланади, ҳалол меҳнат руҳ ва жисмдаги барча иллатлардан қутулишнинг ягона йўлидир. Ҳалол меҳнат қилган инсон икки дунё саодатига эришади, эл-улус орасида ҳурмат қозонади. Аксинча, ўзини доно ёхуд диндор санаб, эл-улусдан ажралиш, ўзига ўзгача олам яратиб, ўша ёлғон оламга маҳлиё бўлиб умр ўтказиш – гумроҳликдан ўзга нарса эмас. Алломанинг “Ислом – маърифатли кишиларгагина ўз сирини очади, дин ва муқаддас китоблар инсон учун ва инсонни ахлоқий камолотга етказиш учун берилгандир: инсон дин учун эмас, балки дин инсон учун яратилгандир”, – деган пурҳикмати моҳиятида ҳам ана шу ҳақиқатга ишора ўз тажассумини топган. Анa шундaй илoҳий тaълимoтни дaстурулaмaл қилгaн бaрчa пиру муршидлaр, инчунин, xoжaгoн-нaқшбaндия пирлaри ҳaм эзгулик тaрaфдoрлaри ва тарғиботчилари эдилaр. Бундай эзгу фaзилaтлaрни нaқшбaндия тaълимoти пирлaрининг oдoбу aхлoқидa, улар битиб қолдирган гўзал насиҳатларда такрор-такрор кўрaмиз.
Давра суҳбатида бир гуруҳ фикритеран талабалар ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилаётган айрим мафкуравий таҳдидларнинг зарарли оқибатларини қандай ҳис этишларини, унга қарши иммунитетлари, фаол фуқаролик позициясига эга эканликлари ҳақида ўз мулоҳазаларини баён этдилар. Соҳа мутахассислари бу каби салбий таҳдидларнинг олдини олиш, уларга қарши маърифат билан курашиш тўғрисида атрофлича сўз юритдилар.
Тадбирда маънавияти юксак, ўзининг мустаҳкам эътиқоди ва миллий қадриятларини маҳкам тутган халқни ҳеч бир куч енга олмаслиги, бунинг учун ёшлар кўп китоб мутолаа қилишлари, тўғри йўлдан асло адашмаслиги зарурлиги ҳақида фикрлар баён этилди. Бу мавзуда талабаларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Тўлқин Эшбек,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, «Дўстлик» ордени, «Олтин қалам» мукофоти соҳиби.
2021 йил 6 декабрь
Сўнгги фикрлар