Ахборот хизматини ташкил этишда назария ва амалиёт уйғунлиги

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

а6

7-мавзу: Ахборот хизматини ташкил этишда назария ва амалиёт уйғунлиги

Режа:

  1. Ахборот хизматини ташкил этиш.
  2. Ахборот хизматининг моддий базаси.
  3. Ахборот хизматида вазифаларнинг тақсимланиши.

Ташкилотда Ахборот хизматини ташкил этиш учун унинг қуйидаги базасини яратиш зарур:

Биринчиси, ташкилот биносида Ахборот хизмати учун алоҳида хоналар ажратилиши ва уларда стол-стуллар, бошқа зарур жиҳозлар билан бир қаторда факсли телефон, компьютер (принтер ва сканери билан), телевизор, радио, видео, видеокамера, диктофон ва бошқа ашёлар бўлиши зарур. (Айтиш жоизки, қайсики ташкилотнинг Ахборот хизмати бошқа бинода жойлашган бўлса, у кутилган даражада фаолият кўрсата олмайди).

Иккинчиси, Ахборот хизмати республикамиз етакчи газета-журналларини мунтазам кузатиб бориш имконига эга бўлиши лозим. Бу борада ташкилотга обуна йўли билан келадиган нашрларнинг тахламлари иложи борича Ахборот хизмати хонасида туриши мақсадга мувофиқдир.

Учинчиси, Ахборот хизматига ушбу ихтисосликка эга бўлган кадрлар ишга қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир. Жумладан, журналистикадан бехабар, таҳририят, ахборот агентликлари, радио ва телевидение ишини тушунмайдиган шахс ахборот хизматида фаолият кўрсата олмайди. Айни пайтда PR назарияси ва амалиётини пухта билган журналист Ахборот хизмати фаолиятини ривожлантиришга самарали ҳисса қўшиши мумкин.

Ахборот хизматида қанча ходим ишлаши уни ташкил этган ташкилотга боғлиқ. Жаҳон амалиётида ҳар бир ташкилотда камида уч нафардан ўн беш кишигача ишлаши маълум. Қатор ривожланган мамлакатларнинг етакчи ташкилотларида ҳатто 50 нафаргача ходим ишлаши кузатилган. Ҳар бир ходимнинг ўз вазифаси бор. Яъни, бири – газета-журналларни, иккинчиси – радиони, учинчиси – телекўрсатувларни, тўртинчиси – интернетни мунтазам кузатиб боради ва ташкилотга оид зарур ахборотларни тўплаш (ва шу йўл орқали жамоатчилик фикрини ўрганиш) билан шуғулланадилар. Айни пайтда улар ОАВ ёрдамида ўз ахборотларини тарқатиб борадилар.

Республикамизнинг қатор етакчи ташкилотларида асосан уч нафардан ходим фаолият кўрсатмоқда. Яъни, ахборот хизмати раҳбари, катта референт ва оператор. (Ахборот хизмати масъул ходимлари бошқача номланиши ҳам мумкин).

Ахборот хизмати раҳбари – ташкилот раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланади. У барча масалаларда ташкилот раҳбари билан бевосита мулоқот қилиб, бу соҳада унинг маслаҳатчиси бўлиб хизмат қилади.

Матбуот котиби ташкилотнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга ҳам масъулдир. У матбуот анжуманларида, брифингларда ҳамда ОАВ вакиллари билан суҳбатларда ташкилот раҳбари номидан гапириши, турли саволларга жавоб бериши, ахборот тарқатиши, раддия бериши мумкин. Бу ишларнинг барчаси ташкилот раҳбари билан келишилган ҳолда қилиниши шарт.

Ахборот хизматини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш масаласини ҳар бир вазирлик, идора ва муассаса ўзининг тегишли Низоми ва бошқа норматив ҳужжатлари асосида ҳал этади. Фақат, уни ташкил этиш ва фаолиятини такомиллаштиришда назарий манбаларга, илғор тажрибаларга таянган ҳолда иш тутиш мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хизмати фаолиятини ривожлантириш борасида халқаро тажрибаларни изчил ўрганиб бориш мақсадга мувофиқдир. АҚШдаги Халқаро коммуникация ва ташқи алоқалар институти мутахассиси Маргерит Салливан “Масъул ахборот хизмати” тўпламида баён этилган айрим фикрлар билан танишамиз.

“Ҳамма фойдалана олиши мумкин бўлган ахборотсиз ёки уни олиш усулларига эга бўлмаган халқ ҳукумати майнавозчилик ё фожиага, ёхуд ҳар иккисига дебочадан бўлак нарса эмас”.

“Одамларга воқеалардан хабардор бўлиш имконини берсангиз, мамлакат хавф-хатардан ҳоли бўлади”.

“Ғоялар оқими, мулоҳазакор қарорлар қабул қилиш қобилияти, танқид қилиш имконияти – сиёсий демократия суянадиган барча асослар кўп даражада ахборотга боғлиқ”.

“Ҳукуматнинг халқ билан алоқаси бутун тизимининг маркази – жамоатчилик билан алоқа бўйича ахборот хизматидир. Ҳукумат ахборот хизмати – ОАВ ҳукумат фаолияти тўғрисида кунда ахборот берадиган канал”.

“Ҳукуматлар ихтиёрида жуда катта ҳажмда ахборот бўлиб, улар учун ушбу ахборотни фуқароларга етказишнинг самарали усули зарур, шундагина ҳукумат ахборот хизмати вакили саҳнага чиқади. Бу одам ҳукумат ичида ишловчи репортёр каби, жамоатчилик учун ахборот тўплайди”.

“Ахборот хизмати ходими журналистлар билан қалбдан, бироқ профессионал муносабатда бўлиши керак. Репортёрлар ўз ишини қилиши, сизлар, ахборот хизмати вакиллари эса, ўз ишингизни қилишингиз даркор. Сизлар репортёрлар билан дўст бўлишингиз мумкин, бироқ журналистлар ҳам худди ўзиларингиз каби доим хизматдалигини ёдда тутишингиз керак”.

“Матбуот котибининг иши президент позицияси ва фикрларини унга ўзининг кейинги ишларини аниқроқ режалаш имконини берадиган, айни вақтда ҳукумат нима билан шуғулланаётганини билишда матбуотга кўмаклашадиган қилиб баён этишдан иборат. Бу – айни бир вақтда икки жанобга хизмат қилишда эҳтиёткорлик билан мушкулларни енгишга имкон берадиган, усталик билан мувозанатлаштирилган фаолият”.

“Ахборот хизмати вакилларининг профессионал алоқалари дўстона, бироқ шахсий алоқалари кескин бўлиши мумкин. Репортёр мураккаб саволлар берадиган, сизга ёқмайдиган репортажни ёзишга ёки эфирга узатишга тўғри келадиган вақт келиши мумкин. Сиз дўстликка умид боғлай олмайсиз. Доим нимадир – ё дўстлик, ёки профессионал муносабатлар зиён кўради. Бироқ сиз профессионал муносабатда бўлишингиз зарур. Сиз репортёрни таклиф қилиб: “Сен бу воқеани чиндан ҳам кўпиртириб юборибсан”,– дея олиш имкониятига эга бўлишингиз керак”.

“Яхши матбуот котиби янгилик тизимида ишлайдиган ҳар қандай қонуний ташкилотнинг ахборот тўғрисидаги ҳар бир сўровини, ҳатто: “Мен бу масалага кейинроқ қайтаман” деган бўлса-да, қондириши шарт. Оддий хушмуомалалик асосий қоида бўлиб хизмат қилиши даркор. Гарчи ушбу дамда матбуот душманларча отланиб турган бўлса ҳам, улар ахборот тарқатиш учун керак бўлиб қоладиган вақт келади. Шундай дам келганда улар кимдан қарздор эканликларини унутишмайди”.

“Ахборот хизматига ҳукуматнинг садақаси ёки унинг таъсирчанлик кўрсаткичи сифатида эмас, балки эркин жамият табиатидан ва давлатнинг фуқарога муносабатидан келиб чиқадиган нарса сифатида қараш керак. Демократия шароитида ҳукумат учун, у қандай бошқараётгани тўғрисидаги ахборотни оммага етказишдан ҳам кўра нима табиийроқ бўлиши мумкин? Демократик жамиятда матбуот билан мулоқот, бу – бурч!”1

Ахборот хизмати фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантиришда асқотадиган бу фикрларни амалиётда қўллаш фойдадан ҳоли бўлмайди. Гарчи, ҳаётий тажрибалар, ўзига хос кузатишлар натижасида “амалиёт учун сабоқ” тарзида айтилган бўлса-да, бу фикрлар моҳиятан назарий илм хазинасини бойитиши шубҳасиздир. Аслида назарий илмлар ҳам шу аснода такомиллашишини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Ривожланган мамлакатларнинг етакчи ташкилотларида ахборот хизмати ижтимоий воқеликка айланиб кетган. Ўша давлатлардаги оммавий ахборот воситалари ҳукуматга дахлдор бўлган энг муҳим ахборотларни айнан ўша идора ахборот хизмати орқали олади. Бу жараёнда шундай йўл тутиш ҳар томонлама самарали ҳисобланади. Ахборот хизмати орқали ахборот олишда ОАВ ходими учун талай қулайликлар пайдо бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни 8-моддаси иккинчи бандида: “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбурдирлар”2 деб белгилаб қўйилган.

ОАВ ходими бирор вазирликдан ахборот олиш мақсадида ташриф буюрса, кимга мурожжат этиши керак? Эндиликда бу муҳим вазифани ҳал этадиган масъул ходим – матбуот котибидир.

Матбуот котиби журналистнинг ҳар томонлама тўлиқ ахборот олиши учун барча шароитларни яратиб бериши шарт. У ташкилот раҳбарининг ахборот бериши учун ҳам кўмаклашиши лозим.

Айтиш жоизки, пиар соҳасидаги фанлар дастлаб журналистика факультетларида ўқитила бошланган. Демак, бу соҳанинг ўзи маълум даражада ОАВ билан ишлашга ихтисослашган.

Матбуот котиби ҳар қандай вазиятда ОАВ ходимларининг саволларига асосли жавоб бериши зарур. У журналистлар билан мулоқот ва учрашувлар, матбуот конференциялари уюштиришда ташкилотчилик қобилиятига ҳамда маҳоратига эга бўлиши лозим.

Матбуот котиби ташкилотнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун ҳам масъул ҳисобланади. Бунинг учун у тегишли қонунларни, ҳукумат қарорларини пухта билиши, инчунин, ахборот хавфсизлигига қандай мавзулар кириши ҳақида тўла билим ва тасаввурга эга бўлиши шарт. Бу борада ташкилот мутасаддилари билан бамаслаҳат иш тутиш мақсадга мувофиқдир.

______________________________

1 Қаранг: Салливан М. Масъул ахборот хизмати. http.//usinfo.state.gov. Б. 7-10

2 Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни. //Ахборот ва ахборотлаштиришга оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2008. Б. 43-44.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>