“Axborot xizmatlari” (2)

O`zMU Jurnalistika fakulteti 4-kurslar uchun “Axborot xizmatlari” fanidan 2-maruza

1 2

Ахборот хизматининг ҳуқуқий асослари 

Режа:

  1. Ташкилотда ахборот хизматини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда тегишли қонунлар ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳуқуқий асос ҳисобланиши.
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунини амалга оширишда Ахборот хизматларининг ўрни.
  3. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 125-сонли қарори ижросини таъминлашга оид вазифалар.
  4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга оид вазифалар.

 

Ташкилотда Ахборот хизматини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда унинг ҳуқуқий асослари ғоят муҳим аҳамият касб этади. Ахборот хизматининг ҳуқуқий асосларини Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари, Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ташкил этади.

Мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш ва шу мақсадда ташкилотларда Ахборот хизматларини ташкил этишда дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрда қабул қилинган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилганди. Қарорда, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, кенг жамоатчилик ва аҳолининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг бориши тўғрисида мунтазам хабардор қилиш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг, ошкора фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим йўналиши ҳисобланиши қайд этилган. Ўтган йиллар мобайнида қарорда белгиланган вазифалар ижроси бир қадар таъминланди. Яъни, вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бошқаруви органлари таркибида ходимларнинг умумий сони доирасида ахборот хизматлари ташкил этилди. Интернет тармоғида уларнинг веб-ресурслари мавжуд. Шу тариқа бугунги кунга қадар Ахборот хизматлари муайян вазифаларни амалга ошириб келаётир. Бирор ҳуқуқий асосга эга бўлмасдан бундай муҳим вазифаларни амалга ошириш мушкул эди. Шуни очиқ айтиш жоизки, мазкур қарорда белгиланган вазифалар кутилган даражада, тўлақонли амалга оширилди, деб бўлмайди. Кўп ишлар ўлда-жўлда қолиб кетди. Алалхусус, баъзи Ахборот хизматлари номигагина, хўжакўрсинга ташкил этилгани бир неча бор танқид қилинди.

Шу ўринда баъзи танқидий-таҳлилий фикрларга эътибор қаратамиз.

Биринчиси, www.kun.uz сайтида берилган хабарда қуйидагилар баён этилган:

“Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ОАВ бўйича селектор ўтказмоқда. Ҳукумат раҳбари вазирлик, ҳокимлик идоралари ва бошқа ташкилотларда ОАВ билан ишлаш талаб даражасида эмаслигини танқидга олди.

«Бугунги кунда ОАВ мамлакатда содир бўлаётган долзарб воқеаларга тезкор муносабат билдирмоқда. Матбуотда ҳам турли мавзулардаги танқидий ва таҳлилий материаллар кескин кўпайди. Бу эса жамоатчилик фикри шаклланишида муҳим рол ўйнамоқда. Тан олиш керак, бундан 2-3 йил аввал ОАВдаги бундай очиқликни кўпчилик тасаввур ҳам қила олмасди.

Аммо давлат органлари ва ОАВ ўртасида ҳамкорлик қандай йўлга қўйилгани ҳақидаги саволга жавоб йўқ. Тўғрисини айтиш керак, баъзи раҳбарлар матбуот билан ишлашни иккинчи ва ҳатто бешинчи даражали иш деб қарамоқда. Баъзи ташкилотлар Ахборот хизмати вакилларига етарли шароит яратиб бермаган. Шу кунгача 20 га яқин давлат ва хўжалик бошқарув органларида, 150 дан ортиқ туман, шаҳар ва вилоят ҳокимликларида Ахборот хизматлари ташкил қилинмаган. Борига ҳам яна бошқа ишлар топшириб қўйилганки, у ўз иши билан шуғулланишга улгурмайди ҳам.

Айрим ташкилотларнинг веб-сайтлари йиллар давомида ишламайди (бош вазир сайтлари 2-3 йилдан буён ишламаётган қатор ташкилотларни санади). Ваҳоланки, ОАВда халқнинг диққат марказида бўлаётган долзарб мавзулар ёритилмоқда, аммо бу ташкилотлар жим. Ташкилотлар кимдир тепадан буйруқ беришини кутмай ўзи ҳақидаги мақолаларга муносабат билдириши керак.

Қуйидаги рақамларга эътибор беришингизни хоҳлайман: якунига етаётган июль ойида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат органлари фаолиятига оид 500 га яқин танқидий материал эълон қилинган. Шулардан 288 таси вазирлик ва идоралар, қолгани маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятига тегишли. Танқидий мақолаларнинг 200 таси фейсбук, 25 таси телеграм, 60 дан ортиғи бошқа ижтимоий тармоқларда, 90 дан ортиғи теле ва радиоканалларда, 80 дан ортиғи матбуотда эълон қилинган. Бу танқидий материалларнинг 18 фоизи, яъни 91 тасига мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан муносабат билдирилган, холос.

Ташкилотлар ўзлари ҳақидаги танқидий чиқишларга муносабат билдириши, керак бўлса халқнинг олдида ҳисобот бериши шарт. Агар нотўғри ахборот берилган бўлса, бунга ҳам муносабат билдириш керак. Буни ким ташкил қилади? Ўша ташкилотлардаги Ахборот хизмати ходимлари. ОАВда барча органлар иши юзасидан танқидий материаллар эълон қилинмоқда, аммо кўпчилик уларга муносабат билдирмай томошабин бўлиб турибди. Танқид бор, лекин муносабат йўқ. Демак ҳаммаси тўғри экан-да? Танқиддан хулоса қилиндими йўқми, билдириш керак. Масалан, кимдир чиқиб интервью берсин. Ёки бўлмаса, мана шу иш юзасидан ишчи гуруҳ тузилди, шундай-шундай ишлар бўляпти, деб айтиш керак. Йўқ, кўпчилик бундай қилмайди. Худди улар бошқа дунё, қолганлар бошқа дунёдек…», дея Ариповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири”1.

Иккинчиси, www.uza.uz сайтида берилган “Саида Мирзиёева: «Ахборот хизматлари тизимини тубдан такомиллаштириш лозим!» сарлавҳали хабарда янада теранроқ ва таҳлилий фикрлар баён этилган:

«Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида «ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусида республика конференцияси давом этмоқда.

Конференцияда агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам ўз маръузаси билан иштирок этди.

У ўз нутқида давлат ва хўжалик ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятига тўхталиб ўтди.

– Нима учун ОАВ тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарила олмаяпти, деган саволга кўп омиллар қатори вазирлик ва идоралар Ахборот хизмати фаолиятига нисбатан эътиборсиз муносабатни ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин,– деди Саида Мирзиёева.

Маърузада таъкидланишича, ўтказилган таҳлиллар ва ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, соҳада энг асосий муаммо, бугунги кунда ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисидаги консептуал ҳужжатнинг мавжуд эмаслигидир. Ҳозирда ушбу ҳужжат тайёрланмоқда.

Шунингдек, Саида Мирзиёева ўз нутқида давлат ва хўжалик ташкилотлари Ахборот хизматлари фаолиятидаги мавжуд камчиликлар хусусида алоҳида тўхталди. Соҳада иш ҳажмининг кўп, замонавий талабларга жавоб бера олмаяпти. Мавжуд шароитларнинг етарли даражада эмаслиги сабаб ахборот хизматлари фаолияти қониқарсиз аҳволда қолиб кетмоқда. Ўндан ортиқ республика даражасидаги ташкилотлар, кўпгина туман ва шаҳар ҳокимликларида ҳалигача ахборот хизмати фаолияти ташкилотлари этилмаган.

Кўплаб давлат ва хўжалик ташкилотлари веб-сайтлари, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида ахборотлар етарли даражада эмаслигини ҳам танқид қилинди.

– Уларнинг веб-сайтларига кирувчиларнинг умумий сони 400 минг, Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаларига мурожаат қилувчилар сони 150 минг, Telegram тармоғида аъзолар 300 минг нафардан ошмайди,– деди Саида Мирзиёева.– Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони 20 миллиондан ортиқ эканини ҳисобга олсак, юқоридаги кўрсаткичлардан ўзингиз хулоса олишингиз мумкин.

Саида Мирзиёева шу ва бошқа бир қатор камчиликларни санаб ўтар экан, «Ахборот хизматлари тизимини тубдан такомиллаштириш лозим», дея қатъий таъкидлади”2.

Мамлакатимизда Ахборот хизматлари тизимини такомиллаштириш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февраль куни эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 125-сонли қарори соҳани янада ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қарорда қайд этилганидек, ҳозирги шиддат билан ривожланаётган дунёда ахборот ва билим энг муҳим миллий ресурсларга, уларни яратиш ва тарқатишни таъминловчи тизимлар эса – барқарор ривожланишнинг стратегик омилларига айланмоқда. Ушбу шароитларда Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлатни ва очиқ адолатли фуқаролик жамиятини қуриш, шунингдек, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашдек стратегик мақсадга эришиш, давлат бошқарувининг сифати давлатнинг ахборот, билим ва инновацияларга асосланган моделига ўтишини таъминлайдиган ахборотни ва билимни яратиш, қабул қилиш ва тарқатиш имкониятлари билан белгиланади. Шу муносабат билан давлат ва хўжалик бошқаруви соҳасида очиқлик ва шаффофликка асосланган самарали қарорлар қабул қилиш тизимини жорий этиш, ахборот олишда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлиги ва масъулиятини таъминлаш зарур. Бу давлат ва хўжалик бошқаруви аппаратининг самарали фаолият юритиши ҳамда жамиятда адолатни қарор топтиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бунда жамиятни давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятидан кенг хабардор қилиш, уларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган конституциявий нормани амалга оширишнинг, «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган эзгу ғояни рўёбга чиқаришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 22 сентябрдаги 203-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари, матбуот марказлари, жамоатчилик билан алоқалар бўйича хизматлари (кейинги ўринларда – ахборот хизматлари)нинг асосий вазифалари қуйидагича белгиланган:

давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти ҳақидаоммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш;

давлат органлари ва ташкилотларида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий тараққиёти жараёни ҳақида ахборот бериш ва ёритиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш, ижтимоий сўровлар ўтказиш ва бошқа шаклларда жамоатчилик фикрини ўрганиш;

ахборот сиёсати соҳасида зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) билан самарали амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш;

оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш, ахборот хизматлари билан доимий ишловчи журналистлар ва блоггерлар доирасида тезкор маълумотларни тарқатиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда кенг аҳоли қатламларининг иштирокини таъминлаш мақсадида экспертлар гуруҳини шакллантириш;

мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг чиқишларини ташкил этиш;

ахборот макони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига алоқадор ахборотни тарқатиш бўйича ишларни ташкил қилиш;

давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш учун хабар, маълумот, шарҳ ва бошқа ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;

давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти тўғрисида жамоатчилик фикрини, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг позициясини ўрганиш, долзарб таклифлар ишлаб чиқиш ва улар тўғрисида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбариятига ахборот бериб бориш;

давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини хорижий оммавий ахборот воситаларида сифатли ёритиш мақсадида ваколатли вазирликлар ва идоралар орқали Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (босма маҳсулотлар, фото-, аудио-, видеоматериаллар ва ҳ.к.)билан таъминлаш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатига кирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳамда уларнинг тасдиқланган матнларини белгиланган тартибда ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириш;

давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятига алоқадор матнли, фото-аудио- ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб бориш.

Қарорда давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари ходимлари устувор равишда журналистика соҳасида олий маълумотга эга бўлган шахслар орасидан лавозимга тайинланиши, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлиши . белгилаб қўйилган. Улар меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилади.

Ҳар бир ташкилотнинг Низоми унинг ҳуқуқлари, вазифалари, бурчларини кафолатловчи асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланади. Ахборот хизмати ташкилот марказий аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланса-да у ҳам алоҳида Низомига эга бўлади. Ахборот хизмати ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги 125-сон қарорига илова тарзида берилган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизмати тўғрисида намунавий Низом” асосан ўз Низомларини ишлаб чиқишлари тавсия этилади.

Шу асосда республикамиздаги барча ташкилотларнинг ахборот хизмати Низоми ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Демак, ахборот хизмати шу Низом асосида фаолият кўрсатиши унинг ҳуқуқий асослари қанчалик муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади. Жумладан, ЎзМУ Ахборот хизмати Низоми ҳам худди шу асосда ишлаб чиқилган (4-илова).

Ахборот хизмати қайси идора ёки ташкилотга тегишли бўлишидан қатъи назар у асосан ахборот тўплаш ва тарқатиш билан шуғулланади.

Ташкилотнинг Ахборот хизмати ахборот тўплаш ва тарқатиш билан ҳам шуғулланар экан, демак, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни ҳам унинг ҳуқуқий асосларидан бири ҳисобланади. Мазкур қонуннинг 6-моддаси “Ахборотнинг очиқлиги ва ошкоралиги” деб номланиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари жамият манфаатларига тааллуқли воқеалар, фактлар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига хабар бериши шарт, деб белгилаб қўйилган. Қонуннинг “Ахборот эркинлиги кафолатлари” деб номланган 8-моддасида эса, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбурдирлар, деб белгиланган.

Хўш, бу вазифаларни ким ва қандай йўсинда амалга оширади? Жаҳон тажрибасига кўра, ривожланган давлатларда ташкилотлар томонидан асосий ахборотлар айнан Ахборот хизмати томонидан тарқатилиши йўлга қўйилган. Ҳар бир ташкилотнинг Ахборот хизмати аввало журналистлар каби ахборот тўплаши, қайта ишлаши (оммабоп жанрда ёзиши ёки телекўрсатув, радиоэшиттириш тайёрлаши) талаб этилади. Сўнг, ўша ахборотини ОАВ орқали тарқатиши мумкин. Бу ўта масъулиятли ишларни амалга оширишида Ахборот хизмати учун ўша қонун ғоят муҳим асосдир.

Ахборот тўплаш ва тарқатиш борасида Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳам унинг ҳуқуқий асосларидан ҳисобланади. У ҳам журналистнинг мажбуриятларини билиши ва унга амал қилиши зарур.

Ахборот хизматининг ҳуқуқий асосларини белгиловчи ҳужжатлардан муҳими – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги (2014 йил 5 май) қонуни ҳисобланади. Қонуннинг 10-моддаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизмати” деб номланади. Унда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда тарқатиш вазифаларини бажарувчи, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминловчи таркибий бўлинмаси ёхуд ушбу вазифаларни бажариш зиммасига юклатилган шахс давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматидир, деб белгилаб қўйилган.

Ушбу моддага биноан Ахборот хизмати оммавий тадбирларни ташкил этиш, ахборот хабарларини (пресс-релизлар, бюллетенлар ва ҳоказоларни) тарқатиш, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтида уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ва янгилаб бориш йўли билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш чора-тадбирларини кўради. Ахборот хизмати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот тарқатишнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Қонунда Ахборот хизматининг фаолиятини ташкил этиш тартиби давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланиши ҳам қайд этилган.

Айтиш жоизки, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг номланишидан ҳам кўриш мумкинки, қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштиришга хизмат қилади. Мазкур Қонун ҳам содда ва тушунарли тилда ёзилгани эътиборга моликдир. Мамлакатимиз Конституциясида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгилаб қўйилган. Мазкур Қонун ушбу нормани тўла-тўкис амалга оширишни таъминлайди.

Бу ҳуқуқий ҳужжат фуқаролар хабардорлигини таъминлашнинг турли усуллари назарда тутилиши билан ҳам биз учун муҳим аҳамиятга эга. У давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорлар моҳиятини, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бориши ҳақидаги ахборотларни ҳар бир ҳудуд аҳолисига етказиш имконини беради.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ОАВ алоҳида ўрин тутади. Чунки айнан ОАВ глобаллашув шароитида юртимизда кечаётган энг муҳим воқеалар, амалга оширилаётган янгиланишлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг ёритиш орқали давлат ва жамият ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажармоқда. Мазкур қонун ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг журналистга зарур ахборотни, қонунда белгиланганидек, 7 кунлик муддатда тақдим этиш мажбуриятини таъминлаш орқали ушбу кафолатларни янада мустаҳкамлайди. Бу ахборот олишдаги баъзи пайсалга солиш ҳолатларини бартараф қилади, шунингдек, журналист материалининг тезкорлигини, ишончлилигини ҳамда сифатли бўлишини таъминлайди.

Фуқаролик жамияти институтлари вакилларига давлат органлари фаолиятига оид ахборотларни тўсиқсиз олишнинг мустаҳкам кафолати зарур. Бу борада мазкур қонуннинг асосий принциплари – ахборотдан ҳамманинг фойдаланиши мумкинлиги, унинг ўз вақтида тақдим этилиши ва ишончлилиги, ошкоралик, шаффофлик, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қонунда жамоатчиликни давлат органлари фаолияти ҳақида бохабар қилиш механизмлари белгилаб қўйилган. Улар орасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровга жавоблар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат йиғилишларида иштирок этишига оид тартиблар муҳим аҳамиятга эгадир.

Ахборот хизмати қайси ташкилотга қарашли бўлса, шу соҳага оид қонун ва қарорлар ҳам унинг муҳим ҳуқуқий асосларидан ҳисобланади. (Айтайлик, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан чамбарчас боғлиқ). Ахборот хизмати фаолияти ана шу қонунлар, қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этилиши ҳамда фаолияти такомиллаштириб борилиши мақсадга мувофиқдир.

 

Назорат учун саволлар:

  1. Ахборот хизматининг ҳуқуқий асослари қайси қонун ва қарорларда белгиланган?
  2. Ташкилотда Ахборот хизмати қандай ташкил этилади?
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунида Ахборот хизмати ҳақида қандай меъёрлар мавжуд?
  4. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 125-сонли қарорида асосан қандай вазифалар белгиланган?
  5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори да асосан қандай вазифалар белгиланган?
  6. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни Ахборот хизмати фаолиятида қандай ўрин тутади?
  7. Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни Ахборот хизмати фаолиятида қандай ўрин тутади?
  8. Фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ОАВ қандай ўрин тутади?
  9. Жамоатчиликни давлат органлари фаолияти ҳақида бохабар қилиш механизмлари қандай амалга оширилади?

__________________________________________________________

1 «Танқид бор, муносабат йўқ. Демак ҳаммаси тўғри экан-да?» — Абдулла Арипов селекторда ташкилотлар танқидларга сукут сақлаши ҳақида гапирди. www.kun.uz 30.07.2019

2 Аҳатова И. “Саида Мирзиёева: «Ахборот хизматлари тизимини тубдан такомиллаштириш лозим!» http://uza.uz/oz/society/saida-mirziyeeva-akhborot-khizmatlari-tizimini-tubdan-takomi-28-05-2019

Маърузачи: Тўлқин Эшбеков,

ЎзМУ Журналистика факультети «Журналистика» кафедраси доценти,

филология фанлари номзоди

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>