Jamoatchilik bilan aloqalar (2-maruza)

2-мавзу. Жамоатчилик билан алоқалар тарихи ва шаклланиш жараёнлари

5

Режа:

  1. Пиарнинг ривожланиш тарихи.
  2. Ижтимоий ҳаётда “Жамоатчилик билан алоқалар” тушунчаси пайдо бўлиши ва унга тайёргарлик босқичи (қадимдан 1807 га бўлган вақтлар).
  3. “Жамоатчилик билан алоқалар” ривожланиши оралиқ босқичи (1807 й. – 1906 й.).
  4. “Жамоатчилик билан алоқалар” ривожланиши асосий босқичи (1906 йилдан ҳозирги вақтгача).
  5. Шарқда жамоатчилик билан алоқалар талқини.

 

«Кўп нарса ҳақида биз қолган цивилизациялашган дунёдан кечроқ хабардор бўлдик. Бироқ, чек-чегарасиз маконимизгача генетика ва кибернетикадан ҳам узоқроқ кириб келган фан бор. Бу – паблик рилейшнз».

Грант КАРТАШЯН

 

Ушбу мавзуга Ростов университетининг олими сўзлари эпиграф қилиб олиниши бежиз эмас. Дарҳақиқат, пиар генетика ва кибернетикага қараганда бирмунча мураккаб тақдирни бошдан ўтказди. Нега? Бу саволнинг жавоби принципиал аҳамиятга эга.

Маълумки, генетика ва кибернетика ўн йиллар мобайнида таъқибга учраган ва собиқ СССРда расман реакцион сохта фан сифатида эълон қилинади. Бу фанлар тарихи ва унинг атрофидаги курашларга кўплаб илмий маърузалар, мақола ва китоблар бағишланган. Шуниси ҳам маълумки, уларга қарши кураш бошида коммунистлар партиясининг олий раҳбарлари – Сталин ва унинг издошлари турган. Ҳозир бу мавзуга тўхталиб ўтирмаймиз, буларнинг бари маълум нарсалар, уларнинг қисқа баёни ҳам биздан кўп вақт ва жой талаб қилади. Бирданига натижаларга ўтамиз – ҳақиқат ғалаба қилди, мазкур фанлар бутун дунёда нафақат кенг оммалашди, балки кўп жиҳатдан инсониятнинг бугунги чинакам тараққиётини белгиламоқда. Ген инженерияси ва компьютер технологиялари бунга мисол бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Хўш, пиар нима учун бизгача бу икки фан тармоғидан кўра узоқроқ келди? Чунки генетика ва кибернетика учун тоталитаризм жамият бошқаруви шакли сифатида ҳал қилувчи тўсиқ бўлмаган. Бошқача айтганда, генетика ва кибернетика коммунистик партиянинг айрим раҳбарлари ҳокимиятининг монополиясига таҳдид солмаганди. Аммо чинакам пиар учун демократия, сўз эркинлиги зарур бўларди. Пиар ижтимоий фаолиятнинг соҳаси сифатида ҳам, алоҳида фан сифатида ҳам амалда ҳақиқий демократик жамият бўлишини талаб қилади. Бу эса собиқ мустабид тузум мафкурасига асло тўғри келмасди. Агар генетика ва кибернетика ривожини ҳукмрон шахслар ва ижтимоий қатламлар тўхтатишган бўлса (аммо бекор қилолмадилар), пиарнинг жорий этилишини жамоавий-маъмурий усулларга қурилган ва юзага келган вазиятдан керакли нарсани суғуриб оладиган бутун тизим истамаган. Пиар партия диктатураси шароитида имконсиз бўлган, бу тоталитар жамият учун хос нарса. Шунинг учун бу фан МДҲнинг эркин республикалари учун узоқ вақтда етиб келди.

Пиарнинг ривожланиш тарихини уни ижтимоий институт сифатида шаклланишидан ҳар доим ажратиб бўлмайди. Бу икки мавзуни биз ажратишга шу сабаб билан қарор қилдикки, пиарнинг мустақил ижтимоий институт сифатида оёққа туриши замонавий, ривожланган демократик жамиятнинг бош белгиларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун бу ва кейинги бобларнинг қатор факт ва воқеаларни улардан исталганига киритиш мумкин, уларни конкрет ажратиш қандайдир маънода шартли хусусият касб этади.

  1. Ижтимоий ҳаётда “Жамоатчилик билан алоқалар” тушунчаси пайдо бўлиши ва унга тайёргарлик босқичи (қадимдан 1807 га бўлган вақтлар). Агар биз “жамоатчилик билан алоқалар” сўзи устида жиддий бош қотирсак, бу тушунчанинг маъносига кириб борсак, у ҳолда пиарнинг ривожланишига олиб келган илк аломатлари ақлли инсоннинг пайдо бўлгани билан боғлиқлигини англаш қийин эмас. Шубҳасиз, ибтидоий жамоаларнинг оқсоқоллари ўз атрофида тўпланганларни нафақат мажбурий чоралар ёрдамида бўйсудирган, балки қавм вакиллари орасида ўзи ҳақида муайян ижобий фикрни шакллантириш, замонавий тил билан айтганда, улар орасида ўзининг қандайдир ижобий имжини яратиш орқали эришишган.

Бундай вазиятлар, инсон мулоқотининг энг муҳим эҳтиёжи ва гуруҳлар кўринишидаги ижтимоий ҳаётнинг зарурати сифатида турли минтақаларда бир вақтнинг ўзида юзага келган ва шунинг учун қайси мамлакат пиарнинг илк шакли ватани ва конкрет ким асосчиси эканлигини аниқ айтиш имконсиз. Масалан, Евгений Пашенцев шундай ёзади: «шаманнинг диний белбоғи, ғор деворларида Ер биринчи рассомининг биринчи расмлари, қонли қурбонликлар, қабила бошлиғининг ўз қабиладошлари олдидаги нутқи – ижтимоий коммуникациянинг бу барча шакллари замонавий пиарнинг узоқ ўтмишдаги тимсоли ҳодисасидир»1.

Валентин Королько ҳам ўз фикрини баён этади: «Ҳайкаллар, қадимий дунё ёдгорлик санъатининг турли-туман шакллари одамларга таъсир кўрсатишнинг биринчи уринишлардан гувоҳлик беради. Пирамидалар, ҳайкаллар, ибодатхоналар, сағаналар, санъат асарлари ва ёзувнинг қадимий ёдгорликлари – буларнинг бари ҳукмдорларни абадийлаштириш ва илоҳийлаштириш намуналари бўлиб, уларнинг кучи диний эътиқодлари устига қурилган. Қадимий санъат ва адабиёт ҳам қўмондонлар ва доҳийларнинг қаҳрамонона ишларини олқишлаган, уларни жамоатчиликка худолар ва худосифат одамлар сифатида таништирган. Оқсоқоллар ёки катта лавозимга уринганлар нутқи бежиз олий нотиқлик даражасида бажарилмаган…»2.

Георгий Почепцов афтидан Френк Жефкинснинг «Public Relations» (Лондон, 1992) асари ғоясини кўзда тутиб, унинг қуйидаги сўзларини келтиради: «дунё динларининг муқаддас китоблари – бу паблик рилейшнз шакли бўлиб, унда қадимги котиблар ўз эътиқодининг тушунчасини беришга уринишган»3.

Барча қадимий давлатлар – Вавилон, Миср, Ҳиндистон ва Хитойда мулоқот ва муомала санъати сифатида пиарнинг илк шакллари юқори баҳоланганини кўрсатувчи катта ва аммо машҳур бўлмаган адабиётлар мавжуд.

Пиар протоформаларининг ажойиб намуналарини фан ва қадимийлик тажрибаси берди. Қадимий Римда бежизга «vox populi – vox dei» («халқ овози – худо овози») ҳикматли ибораси машҳур бўлмаган. Нафақат буюк олимлар Суқрот, Платон, Аристотель, балки ижтимоий ҳаётнинг етук арбоблари (Демосфен, Цицерон) ҳам одамларнинг ижобий муносабатига эришишга интилишган, бунинг учун мантиқий далиллардан ташқари, тингловчилар ва ўқувчиларнинг эътиборини қозониш мақсадида психологик ва эмоционал усуллардан фойдаланишган. Бежизга “диалектика” машҳур ибораси пайдо бўлган даврда фалсафий баҳс шаклида кўрилаётган муаммони ўзаро муҳокама қилиш натижасида келишувга эришиш маъносини англатмаган.

Марказий Осиёнинг ўрта асрлардаги олимлари, шоир ва ёзувчилари – Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Нақшбанд, Навоий ва бошқалар аҳолининг турли қатламлари фикрига тўғри таъсир кўрсатилишини юқори баҳолаганлар. Мазкур ҳудудлардаги давлатлар ҳукмдорлари ҳам ўз ҳаракатлари билан халқ қўлловига эришишга уринганлар.

Аҳолининг турли қатламлари орасида фан ва маданиятга, ва умуман тараққиётга нисбатан ҳайрихоҳ фикрни яратишга Европа уйғониш даврининг жамоат арбоблари ва олимлари катта эътибор қаратишган. Маълумки, Уйғонишнинг биринчи ярмида ғоялари Италия ва қитъанинг бошқа мамлакатлари университетларида фалсафа мутахассисликларининг дастури асосида ётган икки мутафаккир олим Ибн Сино ва Ибн Рушд бўлишди. Уйғониш давридан бери Европа давлатларининг, бир неча асрлар ўтиб АҚШнинг тараққиёти жадал суръатларда кетди. Бошқа фаолият таркибида ёки алоҳида илк шаклларда пиар иш билан шуғулланганлар ҳам юқори натижаларга эришди.

Мутахассисларнинг гувоҳлик беришича, 1622 йилда Рим папаси Григорий XV “Эътиқод ташвиқоти конгрегацияси”ни ташкил этди. Унинг асосий вазифаси пиар-фаолият бўлди, Конгрегация миссионерларига бошқа мазҳаб ибодатчиларига католицизм афзалликларини тушунтириш вазифаси қўйилди. Ўша вақтлардан кейин “ташвиқот” (propagare – тарқатиш) сўзи муомалага кирди, ваҳоланки, бу сўз пайдо бўлган кезларда ҳозиргидек салбий маъно бермасди. 1641 йилда, беш йил олдин асос солинган АҚШнинг Гарвард коллежи уч нафар дин тарғиботчисини “амру маъруф“ билан шуғулланиш учун Англияга жўнатди, буни ҳам пиар-фаолият деб аташ мумкин. Қисқача айтишимиз мумкинки, 16-17 асрлардаёқ ҳукмдорлар, жамоат ва диний арбоблар ҳаракати муайян даражада, гарчи дастлабки шаклларда бўлсада, онгли равишда пиар иши хусусиятига эга бўлган.

Бу фаолият 18 асрда бирмунча ойдинроқ намоён бўлган. Бу масалан, памфлетлар гуллаган даврида бўлган. Мазкур босқич деярли 1641 йилда – Англия инқилобининг бошланиши вақтига тўғри келгани учун очиқ бўлган. Ирина Трубицинанинг ёзишича, 1640-1663 йилларда англиялик нашрчи Д. Томпсон 15 мингга яқин памфлетларни йиққан ва қайд этган4.

Парламент аъзолари ва жамоат арбоблари, ёзувчи ва публицистлар жамоатчилик фикрини уйғотишган, омма онгида миллий монархия ва инглиз амалдорлигининг хунук образини яратишган. Аср ўрталарида Жон Лильберн, Уильям Уолвин, Жеральд Уинстенли ва Ричард Овертон етук памфелистга айланишади. Ўз ватандошлари орасида фаол позицияни шакллантиришда ёзувчилар – Жонатан Свифт, Даниэдь Дефо, Жон Арбетнот ва бошқалар ҳам қолишмади. Мисол учун, Арбетнотни машҳур “Жон Булл тарихи” муаллифи деб кўришади. Маълумки, Жон Булл – ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлайдиган инглиз салбий образи. Игорь Шайтанов шу китоб ҳақида ёзади: «Жон Булл тарихи», таниқли тарихчи Томас Маколея сўзларига кўра, «инглиз тилида мавжуд бўлган энг усталик билан ёзилган ва кулгули сиёсий сатира»,- у 1712 йилда китобнинг бешта қисмини ташкил этган беш памлефтдан иборат серия ўлароқ чоп этилган»5.

Инглизлар юмор ҳиссиёти ва ўз камчиликларидан киноя қилишга қодирлиги туфайли юқори салоҳиятли, саводли миллатга айланганини айтиш ортиқча бўлмасди. Олий натижаларга, шу жумладан, пиар-фаолиятнинг тарихий ривожланишига эришишда француз маърифатпарварларининг ҳам хизмати беқиёс.

18-асрда ва кейинги юз йилликларда АҚШда ҳам пиар алоҳида ривожланди. Америка колониялари Британия ҳукмронлиги остида қолаётган ва далилларнинг кўрсатишича, ҳатто Америка қитъасида биринчи мустақил давлатнинг юзага келиши фаол пиар ишларисиз амалга ошиши мумкин эмасди. Инглиз губернаторлари бу ерда мутлоқ ҳокимиятдан фойдалангани ва ҳар қандай ижтимоий ҳаракатни таъқиқлаш, ҳар қандай даврий нашр ёки китобни таъқиқлаш ҳуқуқига эга эди. Уларга қарши туриш учун биринчи навбатда жамоатчилик фикрини ҳукмрон доираларга қарши қаратиш ва бу тўлқинда мустақиллик учун умумхалқ ҳаракатини бошлаш зарур эди. Мазкур тарихий акцияни амалга ошириш ишига катта арбоблар гуруҳи қўшилди, улардан айримлари кейинчалик АҚШнинг асосчи-оталарига айланишди.

Мазкур ҳаракат 17-асрда Америка колонияларида таълим ва маърифат ривожланиши билан бошланди, бу ҳаракат қитъа шимолида ўтроқлашган пуританлар орасида оммалашди. 1639 йилда босмахона станоги ўрнатилган Гарвард коллежидан кейин 17-аср охирида Виржинияда эр-хотин Уильям ва Мериларнинг коллежи очилди. 1647 йилда, Массачусетс колонияси қонунига мувофиқ, 50 дан ортиқ оила яшайдиган ҳар бир манзилгоҳда маҳаллий аҳолининг ўзи мактаблар оча бошлаган. Бундай тажриба барча колониялар бўйича тезда тарқалди. 17-асрнинг 80-йилларида бостонлик китоб чиқарувчилари дин, фалсафа, тарих, политология, математика, табиий фанлар, шунингдек, бадиий адабиёт бўйича илмий-оммабоп нашрларни фаол тарқата бошлашди.

АҚШда 1745 йилда 22 номда газета чиқарди. Колониал ҳукумат томонидан қабул қилинган герб йиғими тўғрисидаги Қонун барча босма маҳсулотлар: китоб, брошюралар, газеталар, варақалар, лицензия, турли юридик ҳужжатлар босилиши учун солиқ ундиришни кўзда тутарди. Бу кучли норозилик тўлқинини келтириб чиқарди, унинг натижаси ўлароқ 1766 йилда Бостонда “Эркинлик ўғлонлари” махфий ташкилоти тузилди. У Англия колониал ҳукмронлигидан мустақилликка эришиш ғоясини тарқатиш йўлида амалий ишларни бошлаб юборди.

1773 йилнинг 16 декабрида “Бостон чойхўрлиги” номини олган воқея содир бўлди. Мохаук ҳиндулари кийимини кийиб олган Самуэл Адамс бошчилигидаги мустақиллик учун кураш гуруҳи Ост-Ҳинд компаниясининг учта кемасига кириб бориб, Бостон портига кириб келган чой юкини кўрфазга ташлаб юборади. Бу Британия тожига ва парламентига бевосита чақириқ эди. Унинг ортидан 1775 йил 19 апрелда бошланган инглиз қўшинлари ва колонгистларнинг фуқаро кўнгиллилари ўртасида Лексингтон қишлоғидаги жанговор тўқнашув АҚШнинг мустақиллик учун исёнининг биринчи шуъласидир.

Исён раҳбарлари аввал бошдан мамлакат аҳолиси орасида тарғибот ишларига катта аҳамият қаратди. Айни ўша 1775 йилда Бостонда, сўнгра бошқа шаҳарларда ҳам “Мухбирлик қўмиталари” тузилди, унинг бош вазифаси этиб ҳам колония ичкарисида, ҳам ўзлари ўртасида ишончли алоқа ва ахборот алмашишдан иборатлиги белгиланди. Пиар ишининг амалий усуллари: мурожаатнома ва варақалар, газета ва унга иловалар, бюллетен ва журналлар, мунозаралар, йиғилишлар, манифестациялар ва бошқалар ишга туширилди. Буларнинг бари маълумки, 1787 йилда мустақилликнинг қўлга киритилиши ва АҚШ Конституциясининг имзоланиши билан якун топди.

Евгений Пашенцев шу ҳақда ёзади: «Инқилобий тарғиботчилар Британия колонияларининг мустақиллик учун исёнига тайёргарлик кўрар экан, тегишли рамзлар, шиорлар, ижтимоий тадбирлар ва бошқа ишлардан фойдаланишдики, биз бугун уларни пиарга киритишимиз мумкин. Америкалик тарихчи А. Невис Гамильтон, Жеймс, Мэдисоннинг АҚШ Конституциясини қабул қилиш бўйича уринишларини паблик рилейшнз соҳасидаги энг ажойиб иши сифатида тасвирлайди»6. Мустақиллик учун курашчилар орасида Бенжамин Франклин, Томас Пейн, Томас Жефферсон, Жорж Вашингтон ва бошқалар номларини келтириш ўринли.

  1. “Жамоатчилик билан алоқалар” ривожланиши оралиқ босқичи (1807 й. – 1906 й.). Пиар касб сифатида АҚШда 20 асрда шаклланди. 19-аср бунинг учун бевосита йўлни ўтказди. «public relations» ибораси биринчи марта АҚШнинг учинчи президенти Томас Жефферсон томонидан унинг анъанавий йиллик “Конгрессга еттинчи мурожаати”га тайёргарлик кўрилган қораламаларида ишлатилган бўлиб, унда “ўй-хаёллар ҳолати” сўзини ўчириб, “жамоатчилик билан алоқалар” деб ёзиб қўйди. Александр Чумиковнинг қайд этишича, «жамоатчилик билан алоқаларни фаоллаштириш деганда Жефферсон миллий миқёсда ишонч иқлимини яратиш учун сиёсий институтлар саъй-ҳаракатларини оширишни тушунган»7.

Жамиятни ривожлантириш ва бутун сиёсатнинг аниқ йўналишларига пиар ва оммавий фикрнининг ўсиб бораётган ролини ҳисобга олиб, 1809 йилда Британия ғазначилиги ўзининг штат бирлигига матбуот котиблари ставкаларини киритди. Пресс-агентлар лавозими 19 асрнинг 30-йилларида АҚШга ҳам тарқалди. Георгий Почепцовнинг таъкидлашича, Эдвард Бернайз шундай ёзган: «Паблик рилейншз ибораси кейинчалик аниқлашимизча, 1830 йилларда жамоатчилик манфаати йўлида ҳаракатларни кўзлаган ҳолда ишлатилган. Кейин улар қизиқиш доирасидан ғойиб бўлди»8.

1854 йилда Буюк Британия почта хизмати матбуот котиби штатини жорий этди. 1858 йилда Америка қитъасида Жон Робинсон цирки ходимлари таркибида илк марта пресс-агент штати тасдиқланди.

Умуман олганда, 19-асрда пиар ривожидаги асосий давр юз йилликнинг бош сиёсий воқеалари бўлди: Наполеоннинг тор-мор этилиши ва 1815 йилдаги Вена конгресси, аср ўртасида Европанинг қатор етакчи мамлакатларидаги инқилоблар, 1861-1865 йилларда АҚШдаги фуқаролар уруши, илмий-техникавий ихтиролар ҳамда Ғарбий Европа ва АҚШ саноат қудратининг босқичма-босқич ошиб бориши.

19-асрда пиар ривожи йўлида қуйидаги принцип ёрқин намоён бўлди. Асрнинг биринчи ярмида сиёсий пиар очиқчасига устунлик қилди, унинг бошланишига 18-аср охирида АҚШдаги муҳим ҳодисалар йўл очди. Сиёсий пиар асрнинг иккинчи ярмида ҳам ўз позицияларини сақлаб қолди. Айнан шунинг учун, сиёсий пиар жамиятни бошқаришнинг фақат сиёсий воситаси бўлиб қолди, улар иқтисодий кўтарилиш ва бойишни таъминлай олмади. Сиёсий пиарни таъбир жоиз бўлса, жамиятни бирлаштириш, барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотлар йўлини тозалаш бўйича дастлабки иш сифатида олиб боришди, буларнинг бари ҳар қандай мамлакатни фақат гуллаб-яшнашга етаклайди.

Мисол тариқасида Авраам Линкольннинг 1863 йил 19 сентябрдаги Геттисбергдаги янги давлат қабристонида сўзлаган нутқини олиш мумкин. АҚШ президенти пойтахт Пенсильвания остонасидаги жангларда ҳалок бўлган минглаб америкаликлар ҳокимият халққа тегишли бўладиган ва халқ манфаатлари ҳимоя қилинадиган давлатни барпо этиш, Ватаннинг озодлиги ва фаровонлиги йўлида жонини қурбон қилганини таъкидлади. “Америка тарихининг асослари” китобининг муаллифлари фикрича, мазкур нутқ мамлакат тарихидаги эҳтимол, энг машҳур нутқ ҳисобланади9 (11).

Шубҳасиз, бу каби чин қалбдан қилинган чиқишлар жамиятнинг сиёсий жипслашувига хизмат қилади, унинг асосида эса фақат иқтисодий ўсиш юз бериши мумкин. Айнан 19 асрда АҚШда сиёсий пиарнинг ўта зарур бўлган иқтисодий акцентга ўтиши бошланди. Игорь Соколов бу ҳақда шундай ёзади: «19-асрнинг ўрталарида Америкада Ж.П.Морган ва Л. Стэнфорд каби одамлар ўз ишини бошлади, уларнинг номи АҚШда “катта бизнеснинг бошланиши” тушунчаси билан тилга олинади. Бундан ташқари, улар туфайли Америка муайян маънода, динамик тарзда ривожланаётган кучли держава номини олди, америкаликларнинг ўзи афсонага айланган кўтарилишнинг бундай йўналишини омадга йўйишади»10.

АҚШда пиарнинг сиёсийдан иқтисодий кўринишга ўтишининг тўғри бўлгани таҳлилини бир қатор муаллифлар, жумладан, Александр Чумиков эътироф этишади. У мазкур қонуниятни қуйидагича очиб беради: «Пиарнинг сиёсий томони солиштирма оғирлиги аста-секин камайиб борарди, бу ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг жадал ўзгаришларига бориб тақаларди. Масалан, АҚШда (мамлакатнинг танланиши бежиз эмас, негаки, 19-асрда пиарнинг ривожланиш тажрибасини бошқа бирор давлат мисолида кўриб чиқиш қийин) йирик шаҳарлар сони ошди, хусусий тармоқда капиталнинг сезиларли тўпланиши содир бўлди, майда мулкдорлар, ишчилар, фермерлар ҳуқуқига даҳл қиладиган гигант корпорациялар шаклланди. Жавоб реакцияси сифатида ишчиларнинг ушбу тоифалари томонидан норозилик акциялари ташкиллаштирилди, касаба уюшмаларининг фаоллиги ошди.

Параллел тарзда бошқа тенденция ҳам юзага келди: ишбилармонлар вақти-вақти билан давлатга ишончсизлигини намоён этиб турардики, бу давлатнинг иқтисодиёт хусусий секторини тартибга солиш ва президент ҳокимиятининг ҳужумкор хусусиятдаги чораларини кучайтиришга сабаб бўларди.

Буларнинг бари муқаррар тарзда пиар акцентининг ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солиш йўналишида ўзгаришларини келтириб чиқарди, жамоатчилик билан алоқалар ташкилоти эса рақобат курашида, касаба уюшмалари билан муносабатларни қуришда, ишлаб чиқариш вазифаларини ечишда, иқтисодий фаолликнинг турли шаклларини қўллаб-қувватлашда муҳим рол ўйнай бошлади»11.

Мазкур омадли кузатишларга қўшилиш керак, тўғри битта қўшимча билан. Бизнингча, пиар қайси конкрет соҳага мансуб бўлмасин, у ахборотни бошқариш, бинобарин, ҳокимият ҳақидаги масала ҳисобланади, тегишинча у ҳар доим сиёсат ва фақат сиёсат бўлиб қолаверади. Мазкур ҳолатда, Александр Чумиков юқоридаги фикрини давоми сифатида айтганидек, сўз сиёсий хусусият касб этадиган пиар моҳияти ҳақида бормаяпти, балки пиар қарор топган у ёки бу соҳада устун хусусиятга эга пиар кўринишлари ҳақида бормоқда.

  1. “Жамоатчилик билан алоқалар” ривожланиши асосий босқичи (1906 йилдан ҳозирги вақтгача). Пиарнинг мутахассислик ва оммавий профессионал фаолият сифатида шаклланиши 20 асрда рўй берди. Мазкур жараён асрнинг асосий босқичларига мувофиқ бир текисда кечмади: биринчи жаҳон уруши, 1917 йилнинг октябридаги давлат тўнтариши ва унинг ортидан большевиклар мамлакатидаги ва жаҳондаги ҳодисалар, 1929-1933 йилларда АҚШдаги буюк турғунлик, иккинчи жаҳон уруши, 1957 йилда ернинг биринчи космик йўлдошининг учирилиши, 1961 йилда инсоннинг фазога биринчи парвози, телевидения ва компьютер технологияларининг жадал ривожи.

Конкрет далилларга ўтамиз. 1900 йилда Гарвард университетида деярли паблисти бюроси фаолият кўрсатарди. Айни ўша йилда Ж. Михаэлис Бостонда ўз раҳбарлиги остида АҚШда биринчи махсус фирмани очди, «Паблисити-бюро» номини олган фирма пиар-фаолиятни амалга оширди. Жумладан, у истовчиларга пулли пресс-хизматларни бажариб берарди. Паблисити идораси 1904 йилда Пенсильвания штати университетида ҳам очилди.

Пиармен касбининг оёққа туришида журналист Айви Ли катта роль ўйнади. Пиар тарихида ушбу шахснинг аҳамиятини ҳисобга олиб унинг фаолиятини келгуси бобда кўриб чиқамиз. Ҳозир бир нарсани қайд этиш керакки, 1906 йили у ўзи томонидан ёзилган, пиар тарихида муҳим босқичга айланган машҳур “Тамойиллар Декларацияси”ни эълон қилди.

1912 йилда Буюк Британия бош вазири Ллойд Жорж мамлакат ҳукумати қошида лекторлик жамоасини тузди. Унинг мақсади пенсия таъминоти масаласида аҳоли қатламига ҳукуматнинг янги қарашларини тушунтириш бўлган эди.

Кўпчилик мутахассислар 1914 йилда биринчи жаҳон урушининг бошланиши турли давлатлар ҳукуматлари пиарларининг кескин ўсиши рағбати бўлиб хизмат қилиши борасидаги фикрда якдиллар, чунки улар олдида ўз халқи ва жаҳон жамоатчилиги олдида бошланган ҳарбий ҳаракатларга ўз мамлакати позициясини баён этиш вазифаси турганди. Масалан, АҚШ президенти Вудро Вильсон жамоатчиликни хабардор этиш Қўмитасини ташкил этади. Бу унинг дўсти, журналист Жорж Крил маслаҳати бўйича амалга оширилган. Қўмита мамлакатда ва хорижда пиарнинг ривожида катта рол ўйнади. 1918 йилда Буюк Британия қиролида ўзининг матбуот котиби пайдо бўлади.

Пиарни назарий ҳамда амалий жиҳатдан ривожлантиришда профессор Эдвард Бернайз муҳим рол ўйнади. 1919 йили у Нью-Йоркда ўзининг пиар-бюросини очди. Бернайз қатор муваффақиятли акцияларни, мамлакат бўйлаб ҳам ўтказди. Масалан, электр энергия ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида энергия нархи ошиб кетгани сабабли умуммиллий миқёсда муносабатлар кескинлашган бир пайтда у энергетикларга машҳур америкалик арбоб, электр ихтирочиси Томас Эдисон меҳнат фаолиятининг 50 йиллигини нишонлашни таклиф этади. Тантаналар 1929 йилда ўтказилади ва миллий байрамга айланади. Натижада энергия ишлаб чиқарувчилар тўғрисидаги жамоатчилик фикри сезиларли юмшайди.

1923 йилда Эдвард Бернайзнинг «Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви» деб номланган китоби чоп этилди. Бу китоб – пиар бўйича биринчи назарий адабиёт ҳисобланади. Александр Чумиков шу ҳақда ёзади: «Биринчи жаҳон уруши йилларида Бернайз ташвиқот билан шуғулланди, «агрессив коммуникациялар» мактабини яхши ўтади, сўнгра олган кўникмаларини тинч ҳаётда қўллай бошлади. Унинг китоби сабабли минглаб америкаликлар пиарнинг янги концепцияси ва “жамоатчилик билан алоқалар маслаҳатчиси” мақоми билан танишдилар, аммо Бернайзнинг ўзи қайд этганидек, ҳали хануз кўпчилик янги касбни “ташвиқотчи”нинг иши, “матбуот билан ишлаш бўйича агент” ёки “реклама бўйича агент” деб ҳисоблардилар… «Press agent», «pablisity» ва «counsel on public relations» тушунчаларини ажратар экан Бернайз «бу ерда фарқ фақат терминологиясида эмас. Ҳам ёндашувда, ҳам ижрода бу фаолиятнинг бошқа тури. Жамоатчиликни хабардор этиш ва ишонтириш орқали бу субъектлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишни ҳам қамраб олган бир томонлама кўчадан икки томонлама кўчага айланди. Пиар бўйича маслаҳатчи мижоз ва жамоатчилик ўртасида ўзаро ҳамкорликни яратади, деб ҳисоблайди»12.

1920 йилда Нью-Йоркда Британия ахборот кутубхонасига асос солинган бўлиб, у америкаликларни Буюк Британияда содир бўлаётган воқеалар билан таништириб борди. Улар ҳақидаги коммуникациялар ва назариялар билан параллел равишда жаҳонда бошқа фанлар ҳам ривожланиб бордики, бу уларни ўзаро бойитди. 1924 йили швейцариялик машҳур психолог Карл Юнганинг “Психологик типлар” номли навбатдаги китоби чоп этилди. Ушбу олимнинг меҳнатлари жамоатчиликнинг турли гуруҳлари чуқур ўзига хосликларини, уларнинг фикри шаклланиши хосликларини ўрганишга катта таъсир кўрсатди. 1926 йилда Буюк Британияда савдо бўйича Қироллик бошқармаси ташкил этилдики, у ўз фаолиятида пиар усулубиятини фаол қўллади. 1932 йилда айни мамлакатда бош вазир ҳузурида жамоатчилик билан алоқалар бўйича хизмат раҳбари лавозими жорий этилди.

Пиар хизмати раҳбарлари аудиторияга таъсир кўрсатишнинг соҳалари ва усулларини кенгайтиришни, мазкур мақсадларда ностандарт усулларни қўллаганлари ҳам табиий бўлган. Сэм Блэкнинг ўзи бу ҳақда ёзади: «Сэр Стефен Таллентс 1933 йилда Почта хизматида пиар бўйича ишга бошчилик қилган кезларда энг яхши актёр, режиссёр ва бошқа соҳалардаги экспертларни жалб этиш борасидаги ўз сиёсатини давом эттирди. Кўпчилик томонидан тан олинишича, айнан ўшанда биринчи марта Британияда “паблик рилейшнз” иборасининг ўзи қўлланилган»13.

Урушлар ҳар доим умумхалқ фаоллиги тўлқинини келтириб чиқаради. Шу маънода иккинчи жаҳон уруши ҳам истисно бўлмади. Ахборот билан ишлаш, турли мамлакатларнинг ахборот сиёсатини шакллантириш, миллий ва жаҳон аренасида йўналтирилган ахборот ёрдамида давлатнинг, уларнинг етакчилари, жамоат арбоблари, шунингдек, ҳарбийларнинг муайян имижини яратиш – мана шулар турли давлатларда жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассислар шуғулланишига тўғри келган тўлиқ бўлмаган вазифалар рўйхати. Боз устига, фронтортини таъминлаш устида ишлайдиган, ҳарбий ташкилотлар ёки фуқаролик идораларидаги фаолият ахборотни бошқариш соҳасида юқори малакали мутахассислар оммасини тайёрлашни таъминлади, улар кейинчалик давлат ва жамоат ташкилотларида муваффақиятли хизмат қила бошладилар. Бундай омил ғарбий Европа мамлакатларининг аксарияти учун хусусиятли бўлган.

Пиар у ёки бу мамлакатда ривожлангани сайин, мазкур фаолият босқичма-босқич умуммиллий миқёсдаги касбгача ўсиб борди. Замонавий пиарнинг ватани АҚШ ҳисобланади, чунки биринчи бўлиб бундай эътироф шу мамлакатда юз берди. Урушдан кейин пиар фаолиятни ғарбий Европа мамлакатлари кўчириб олишди. Аммо бу бевосита нусха кўчириш эмасди. Иш услуби хусусияти ва шакли ўхшаш бўлсада, ҳар бир мамлакатда пиар ўзининг миллий руҳи ва ўзига хосли билан тўлдириларди. Александр Чумиков бу ҳақда шундай ёзади:

«Гарчи ривожланаётган Европада PR-фаолият Америка ёндашувларининг кучли таъсири остида қолган бўлса ҳам, урушдан кейин бу ерда ўзларининг PR илмий мактаблари аста-секин шаклланишни бошлади. Масалан, 50-йилларда “немис иқтисодий мўъжизаси” даврида немис мутахассисларининг PRга эътибори кучайди. Германияда PRнинг ўзига хос, жамоатчилик билан алоқаларни талқин қилиш ва интеграцияси сифатида изоҳлаган концепцияси юзга келди, унинг ёрдамида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда доимий ҳамкорликни таъминлаш ва одамларнинг бегоналашиши деб аталадиган ҳолатни ушлаб туриш мумкин…

PRнинг урушдан кейинги даврдаги француз мактаби вакиллари бу соҳада ўз Тамойиллар и ва технологияларини ишлаб чиқишга уриниб, Американинг корпоратив манфаатларни илгари суриш Тамойиллар и устунлик қилган жамоатчилик билан алоқалар концепциясига эҳтиёткорлик билан ёндошдилар. Хусусан, Мишель Крозье қайд этганидек, америкалик PR-экспертлар «охир-оқибат фуқароларга монополиялар буюртма қиладиган жамоатчилик фикрини сотади»14. Фараз қиламиз, Мишель Крозье Америкача пиар моделининг бош ажралиб турувчи хослиги – уларнинг бошқа мамлакатлар билан таққослаганда молиявий капитал билан мустаҳкам ўзаро алоқасини ифодалашга муваффақ бўлган.

50-йилларнинг ўрталарида собиқ СССР томонидан Ернинг биринчи сунъий йўлдоши учирилиши билан бошланган информацион даврга қадам қўйилди. Америка қуролли кучлари қўмондонлиги жиддий ташвишга тушди – энди фазодан туриб уларнинг ердаги қўмондонлик пунктларини кучли ракета-бомба зарбалари бериш имкони туғилди. Ҳарбийларнинг буюртмаси бўйича АРПАНЕТ компьютер тармоғи жадаллик билан ривожлантирилди. Коммуникацияларнинг янги усуллари ва шакллари бевосита пиар-хизматлар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатди. Андрей Лаптенок бу ҳақда ёзади: «1960 йилда икки нафар ёш калифорниялик — С. Спенсер ва У. Робертс – ана шундай компаниялардан бирини таъсис этишди. Уларнинг “фарзанди” ёш йигитлар фан ва техниканинг янги ютуқларидан фойдаланишгани учун омадли чиқди… «Спенсер-Робертс» нинг ҳомийси сифатида АҚШнинг собиқ президенти Роналд Рейган Калифорниянинг губернатори бўлганидан кейин агентлик эътироф этила бошланди»15. Шундан кейин энг янги техник воситалар ва оммавий коммуникациянинг замонавий усулларини қўллаганлар шубҳасиз устунликни қўлга киритдилар.

70 ва 80-йиллар ривожланган давлатларда истеъмол вақти деб аталувчи ҳужум билан хусусиятланади. Фан ва ишлаб чиқариш тараққиётнинг юқори даражасига чиқди. Пиар томонидан шу пайтгача амалда бўлган фақат маҳсулотлар ишлаб чиқаришни яна рағбатлантириш зарурати йўқолди. Энди пиар хизматларига йўналишни ўзгартириш мақсадга мувофиқ – ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотишга ўтиш, келгуси йилларда шундай бўлди ҳам.

20-асрнинг якунловчи чорагида пиар иқтисодий тараққий этган мамлакатларда жиддий профессионал фаолият соҳасига айланди. Вақти-вақти билан пиарнинг янги турлари, шакллари, усуллари ва услублари пайдо бўлиб турди, ўзининг кундалик фаолиятига пиарменларни фаол жалб этмаган иқтисодиёт, сиёсат ва маданият тармоқлари тобора кам қолди.

«Реклама ва PR жаҳон иқтисодиётида» китоби муаллифлари қуйидаги далилни келтиради: «жаҳоннинг 500 та энг йирик компаниясидан 439 сида коммуникацияларо ёки PR билан машғул ички бўлинмалар мавжуд. Фақат АҚШнинг ўзида PRнинг 5000 дан зиёд агентликлари фаолият кўрсатади. Уларнинг энг йирик 20 таси ўз хизматлари учун тўлов сифатида бир миллиард доллардан кўпроқ маблағ топишади. АҚШдаги энг йирик PR-фирмалар ўртача 127 ходимдан иборат, қолган мамлакатларда битта PR-ташкилотга ўртача 19 кишидан ходим тўғри келади»16. Кўриб турганимиздек, бугун пиар-хизмат жаҳонда қудратли ва нуфузли кучга айланди.

Ўтган асрда Ўзбекистонда пиарнинг тарихий оёққа туриши қолган дунё мамлакатларидаги каби юз берди. Ривожланган мамлакатлардагидан тезроқ унинг тажриба ва усуллари янги касбнинг очиқ афзалликларини намойиш этди. Шу маънода, республикамизнинг корхона ва ташкилотлари МДҲнинг бошқа мамлакатлари каби ўша шаклларда ҳаракат қилишди. Яъни, ўзлари учун қулай ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатишга эҳтиёж сезган тижорий, давлат ва ижтимоий ташкилотлар, корхона, фирма ва концернлар пиар-хизматларга биринчилардан эга чиқди. Республика ташкилотларидаги пиар-хизматлар ходимлари билан мулоқотлар, улар билан семинар ва конференциялардаги фикр алмашишлар бу борадаги ўзига хос қадамлар ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тарихда пиар касб сифатида уч даврга бўлинади: тайёргарлик, оралиқ ва асосий.

Биринчисини қадимги вақтдан Томас Жефферсон биринчи марта “паблик рилейшнз” иборасини қўллаган 19 аср бошигача деб айтиш мумкин.

Иккинчиси, 1807 йилдан 20 аср бошигача, Айви Ли дўсти Жорж Паркер билан биргаликда пиар хизмати фирмасини ташкил этган ва ўзининг “Тамойиллар Деклацияси”ни эълон қилган пайтгача чўзилди. Учинчиси, 1904-1906 йилларда бошланиб ҳозирги вақтгача давом этмоқда. Бу пиарнинг мутахассислик сифатида намоён бўлиши, соҳа ва унинг таъсири миқёсининг кенгайиши, шунингдек, пиарнинг ижтимоий институт сифатида оёққа туриши. Кўриб турганимиздек, амалда пиарнинг тарихий қарор топиши босқичлари даврийлашуви вақти бўйича етарлича яхлитликка эга – 19 асргача, 19 аср ва 20 аср.

У ёки бу мамлакат томонидан пиарни мустақил касб сифатида расман тан олинишига келсак, бу ўринда бизнинг фикримизча, пиар соҳасида тегишли таълим ҳақидаги алоҳида ҳужжатларни ўрта махсус ёки олий ўқув юртларига бериш лозим.

***

Шарқда жамоатчилик билан алоқалар талқини. PR фан сифатида илк бора АҚШда шаклланган бўлса-да, ижтимоий муносабатларнинг ушбу тури қадимда Шарқда ҳам бўлган. Буюк аждодларимиз жамиятни адолатли бошқариш мақсадида фикрлар хилма-хиллигига, демакки, жамоатчилик билан алоқалар масаласига жиддий эътибор билан қараганлар. Буни қатор мақоллар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Кўпдан кўп фикр чиқади, маслаҳатли тўй тарқамас, етти ўлчаб бир кес, оталар сўзи – ақлнинг кўзи, каби мақоллар замирида ахборот алмашмоқ, фикрлашмоқ, маслаҳатлашмоқ каби маънолар мужассам.

Жамоатчилик билан алоқалар ғояси Шарқ алломалари ижодида ҳам ўз ифодасини топганини қатор манбалардан ҳам кўришимиз мумкин. 1072 йили Маликшоҳ саройида вазирлик қилган Низомулмулкнинг фикрларига эътиборга беринг. Олим ва шоир Умар Хайём билан маслакдош бўлган Низомулмулк “Сиёсатнома” асарида шундай ёзган: “зарурат бўлмаса, олий мажлисдан ҳеч нима ёзилмайди. Фармоннинг ҳурмати ва куч-қуввати шундай бўлиши керакки, ижро этилмагунча уни ҳеч ким қўлидан қўймасин”17. Бу қадим сиёсат замирида жамоатчилик билан алоқаларнинг ўзига хос жиҳатлари акс этгани кўриниб турибди. Бу фикрлар бугун ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Қадимда аждодларимиз ҳам маслаҳату машварат масаласига алоҳида эътибор билан қараганлари тарихий манбаларда акс этган. Соҳибқирон Амир Темур “Темур тузуклари” китоби аввалида пири Зайниддин Тойёбодийнинг мактубидан шундай парча келтиради: “салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни, 1) кенгаш; 2) машварату маслаҳат; 3) қатъий қарор; 4) эҳтиёткорлик. Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатнинг барча қилган ишлари ва айтган гаплари нотўғри бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин; унинг айтган сўзлари ва қилган ишлари бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай”18.

Бундан тўғри хулоса чиқарган Соҳибқирон ўз навбатида: “давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат”18 билан амалга оширганини таъкидлайди.

Мазкур битиклар замирида жамоатчилик билан алоқалар ғояси мавжуд бўлиб, унинг тарихий илдизлари теран асослангандир. Жамоатчилик билан алоқалар амалиёти азалдан Шарқда ҳам бўлганини шундан билиш мумкин.

Жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиш масаласи узоқ йиллар турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани тарихий манбаларда кўп учрайди. Бу ғояни милоддан олдин яшаган Суқрот илгари суриб, ўз шогирдларини ҳақиқатни билишга ундаган. У ҳақиқатни “баҳс орқали, суҳбат йўли билан билиш, англаш мумкин, деган, суҳбатда асосий эътиборни инсон онги ва тафаккурини таҳлил қилишга қаратиш зарурлигини айтган. Ўз даврида бу усул “Суқрот усули” деб аталган”19.

Бугунги кунга келиб PR жаҳон узра кенг қулоч ёймоқда. Унинг ибратомуз қирралари, бу соҳадаги илғор тажрибалар Ўзбекистон олий ўқув юртларида ҳам пухта ўрганилмоқда. Тараққийпарвар мамлакатларда ҳукумат, нодавлат ташкилотларининг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилади. Испан файласуфи ва публицисти Ортега Гассет ёзганидек, “Дунёни жамоатчилик фикри бошқаради”20. Юртимизда ҳам аксарият вазирлик ва ташкилотларнинг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилмоқда. Бугунги кунда жамоатчилик билан алоқалар масаласи ижтимоий воқеликка айланди.

 6

Назорат саволлари

  1. Собиқ СССР даврида “Паблик рилейшнз” – “Жамоатчилик билан алоқалар” фанига муносабат қандай эди?
  2. Нима учун пиар фан сифатида МДҲ республикаларига жуда кеч етиб келди?
  3. Ижтимоий ҳаётда “Жамоатчилик билан алоқалар” тушунчаси пайдо бўлиши ва тайёргарлик босқичи ҳақида нималарни биласиз?
  4. Пиар фан сифатида дастлаб қайси мамлакатда падо бўлди?
  5. “Жамоатчилик билан алоқалар” ривожланиши оралиқ босқичи қайси даврни ўз ичига олади?
  6. Пиар касб сифатида қаерда ва нечанчи асрда шаклланди?
  7. Сиёсат майдонида “жамоатчилик билан алоқалар” иборасини ким ва қачон истеъмолга киритган?
  8. Ижтимоий ҳаётда “Жамоатчилик билан алоқалар” тушунчаси пайдо бўлишининг асосий босқич қайси даврларни ўз ичига олади?
  9. Пиарнинг мутахассислик ва оммавий профессионал фаолият сифатида шаклланиши қай тариқа юз берди?
  10. Пиарни назарий ва амалий жиҳатдан ривожлантиришда профессор Эдвард Бернайз қандай вазифаларни бажарди?
  11. Қадимда Шарқда жамоатчилик билан алоқалар масаласига қандай қаралган?
  12. Қайси мақоллар замирида жамоатчилик билан алоқаларга тааллуқли фикрлар бор?
  13. Низомулмулкнинг “Сиёсатнома” асарида жамоатчилик билан алоқаларга оид қандай фикрни англаш мумкин?
  14. “Темур тузуклари” китобида аввалида жамоатчилик билан алоқаларга оид қандай фикрни англаш мумкин?
  15. “Суқрот усули” деганда нимани англадингиз?

8

Маърузачи: Тўлқин Эшбеков,

ЎзМУ Журналистика факультети «Журналистика» кафедраси доценти,

филология фанлари номзоди

(Файзулла Мўминов ва Тўлқин Эшбековнинг «PR: ЖАМОАТЧИЛИК БИЛАН АЛОҚАЛАР НАЗАРИЯСИ ВА АМАЛИЁТИ» дарслиги асосида тайёрланди).

______________________________________________________________

1 Пашенцев Е.Н. Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. 2-е изд. С. 4.

2 Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. С. 46.

3 Почепцов Г.Г. Паблик рилейшнз для профессионалов. С. 47.

4 См.: Муминова Ф.И. Материалы к курсу «История мировой журналистики». Т.: ТашГУ, 1994. С. 41.

5 Англия в памфлете: английская публицистическая проза начала 18-го века. Пер. с англ. М.: «Прогресс», 1987. С. 472.

6 Пашенцев Е.Н. Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. С. 5.

7 Чумиков А.Н. Связи с общественностью. С. 17.

8 Почепцов Г.Г. Паблик рилейшнз для профессионалов. С. 46.

9 Америка тарихи асослари. Тахрир хайъати. Таржимон Х. Кароматов. Нью-Йорк: «ЮСИА». Год не указан. С. 167.

10 Соколов И. Как стать президентом: технология популярности. Паблик рилейшнз. Минск: «Книга», 1995. С. 110.

11 Чумиков А.Н. Связи с общественностью. С. 18.

12 Чумиков А.Н. Связи с общественностью. С. 20-21.

13 Блэк С.. Введение в паблик рилейшнз. С. 289-290.

14 Чумиков А.Н. Связи с общественностью. С. 21-22.

15 Лаптенок И. Искусство информации: Выборы: работа с общественностью. Минск: «Книга», 1995. С. 9, 10.

16 Кузякин А.П., Семичев М.А. Реклама и PR в мировой экономике. М.: «Проспект», 2002. С. 7.

17 Низомулмулк. Сиёсатнома ёки сияр ул-мулк. Т.: Адолат, 1997. –Б. 77.

18 Темур тузуклари. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа бирлашмаси. 1991. –Б. 14.

18 Ўша асар. –Б.15.

19 Педагогика тарихи. А.Зуннунов, М.Хайруллаев ва бошқалар. –Т.: Шарқ, 2000, –Б. 175.

20 Қаранг: Холиқов Қ. Жамоатчилик фикри. //Фидокор, 2005, 28 июнь

7

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *