Jamoatchilik bilan aloqalar (4)

O`zMU Jurnalistika fakulteti 1-bosqich talabalari uchun 4-maruza

 1

4-мавзу. Жамоатчилик билан алоқалар ижтимоий институт сифатида

 

Режа:

  1. Пиарнинг ижтимоий институт сифатидаги шарти ва шаклланиш жараёни.
  2. Ижтимоий институт сифатида пиар тузилмаси.
  3. Ижтимоий институт сифатида PRнинг вазифалари.
  4. Ўзбекистонда жамоатчилик билан алоқаларнинг янги босқичи

 

 

«Жамоатчилик билан алоқалар ишбилармонлик,

ҳукумат ва кундалик ҳаётнинг бир бутун, муҳим унсурига айланди.

Бунга ҳамма қўшилади, аммо ҳамма ҳам тушунавермайди».

Сэм Блэк

 Пиарнинг ижтимоий институт сифатидаги шарти ва шаклланиш жараёни.

Ижтимоий институтлар энг йирик стуруктуравий тузилма бўлиб, унда биринчи навбатда жамият бўлинади – улар жамулжам ҳолатда бу жамиятни ташкил этади. Миқёси ва сони бўйича улар ўта катта муассасалар ҳисобланади, уларнинг бўлинмалари улкан ҳудудга тарқалган. Бироқ у ёки бу одамлар бирлашмасининг ижтимоий институтга мансублиги нафақат миқёсдан, балки мазкур гуруҳнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқади. Масалан, оила атиги бир неча кишидан иборат, аммо унинг давлат (“жамият бўлаги”)да тутган муҳим ролини ҳисобга олиб, ижтимоий институт мақомига тенглаштирилган.

Жамиятда ижтимоий институтлар жуда кўп. Улар расмий ва норасмий, давлат ва ижтимоий, миллий ва халқаро бўлади. Институтлар бир-биридан ҳудуди, соҳаси, ёши, жинси, миллати, қизиқишлари каби кутилмаган ҳолатгача фарқланади. Масалан, россиялик социолог Игорь Кон ўзининг “Дўстлик” брошюраси биринчи бобини “Ижтимоий сифатида дўстликнинг қарор топиши” деб атади»1. Ижтимоий институтнинг таърифи, тузилма ва функциялари “Журналистика ижтимоий институт сифатида” китобида батафсил келтирилган»2.

Жамиятда одамлар эҳтиёжини ўрганишга бўлган талаб-эҳтиёжлар пиарнинг ижтимоий институт даражасигача кўтарилишига олиб келди. Бунга энг асосий шарт-шароит сифатида АҚШда XIX-асрнинг иккинчи ярмида ижобий иқтисодий ўзгаришлар хизмат қилди. XIX-аср охири ва XX-аср бошларида мамлакатнинг бойиб кетган саноат магнатлари жамоатчилик фикрига менсимаслик билан қараши уларнинг даромад орттиришдек ҳаётий муҳим мақсадларига салбий таъсир кўрсата бошлади.

Мамлакат ва унинг иқтисодиёти тараққиётидаги нозик жойни бартараф этишга имкон берадиган ва аввал амалиётда кузатилмаган ижтимоий чоралар кўришдек янги ижтимоий тартиб талаб қилинарди. Шундай ижтимоий механизм пиар бўлди, уни эса Айви Ледбеттер Ли яратди, натижада уни ҳақли равишда замонавий пиарнинг асосчиси деб атай бошлашди.

1898 йили Пристон университетини тамомлаши билан Айви Ли Нью-Йоркдаги «World» газетасида ишлай бошлади. Мухбирлик фаолиятининг бир қолипи ёш, уддабурон Лини қониқтирмади ва ўз кучини сафарбар этиш учун бошқа майдон қидира бошлади. 1903 йили Ли Нью-Йорк мэри лавозими учун курашда Сэт Лоу сайловолди кампаниясида қатнашади. Келаси йили, АҚШ президенти сайлови бўйича сайловолди кампанияда Ли Демократик партиянинг Миллий қўмитаси матбуот бюроси ходими лавозимига ишга ўтди. Бу ерда у бошқа журналист Жорж Паркер билан танишди. Ҳамкасблар анча олдин ўйлаб қўйган мақсадларини амалга ошириб, “Паркер ва Ли” фирмасини ташкил этишди. Ташкилот атиги тўрт йил яшади, аммо шу вақт ичида унинг асосий раҳбари Айви Ли асосийсини бажаришга улгурди – “Тамойиллар Декларацияси”ни чоп этди. Бу билан улар нафақат янги касб пайдо бўлишини қайд этди, балки уни жамият учун жуда зарур бўлган мазмун билан тўлдирди, унинг ўзига хосликларини очиб берди, бошқа мутахассисликлардан ва ижтимоий фаолият соҳаларидан фарқини кўрсатиб берди.

Айви Лининг асосий хизмати шундан иборатки, у янги касбга очиқ тавсиф берди. Ўйлаймизки, бу ўринда шуни қўшимча қилиш керакки, “Тамойиллар Декларацияси” эҳтимол Америка жамиятининг машҳур очиқлиги, жумладан, ҳукумат ва мамлакат олий давлат органлари, бутун миллат очиқлиги шаклланиши йўлидаги дастурий ҳужжатлардан бирига айлангандир. Маълумки, бугун машҳур жамоат манфаати Доктринаси биринчи навбатда америка қонунчилигининг бутун тизими таянадиган пойдевор ҳисобланади.

Декларацияда айтилганидек: «Бу махфий пресс-бюро эмас. Биз барча ишимизни ошкора бажарамиз. Бизнинг вазифамиз – янгиликлар тақдим этиш. Бу реклама агентлиги эмас. Агар сиз қандайдир материалингиз реклама бўлимига тўғри келади, деб ҳисобласангиз бизга мурожаат қилманг. Бизнинг ишимиз – аниқлик. Биз зудлик ва қувонч билан ҳар бир муҳаррирга ҳар қандай айтилган фактларни шахсан текширишга ёрдам берамиз.

Қисқа айтганда, мақсадимиз ишбилармон доиралар ва ижтимоий ташкилотлар номидан саммимий ва очиқчасига АҚШ матбуоти ва жамоатчилигига уларни қизиқтирган қадриятлар ва манфаатли масалалар юзасидан ўз вақтида ва аниқ ахборот беришдан иборат»3.

Нима учун мазкур декларация Америка жамиятини инсонпарварлаштиришнинг янги босқичи бошланишига, унинг ортидан бутун инсоний маданиятга (Америка маданияти тарқалиши билан реалликка айланди, шу жумладан, бутун дунёда пиар-фаолиятга ) йўл очганини англаш учун хотирада у пайдо бўлган ҳолатни тиклаш лозим. Пресс-агентлар оммадан пул ундириш мақсадида фойдаланди. Бир ёдга олайлик, масалан, кўчма цирк раҳбари П. Барнум XIX-аср ўрталарида АҚШда биринчи бўлиб матбуот билан махсус воситачи орқали фаол ҳамкорликни бошлаб, кенг оммани жалб этиш мақсадида матбуотнинг цирк атрофида овозалар яратишига эришди. Барнум тарихга оммани пул йўлида лақиллата оладиган намуна сифатида кирди, улар томонидан қўйилган цирк номерлари шундан далолат беради. Иккинчи характерли шахс АҚШ темир йўллари эгаларидан бири Вандербильт бўлиб, ўзига тегишли марказий Нью-Йорк темир йўлини беркитишга қарор қилиб, минглаб ўз ватандошларини ишсизга айлантирган. Журналистлар жамоатчилик у ҳақида нима деб ўйлаши мумкинлиги ҳақида сўрашганида, Вандербильт «жамоатчиликка тупурдим» деб жавоб қайтарган экан.

Айви Лининг хизмати шундаки, у ҳолатни тубдан ўзгартиришга муваффақ бўлди. Буни “Тамойиллар Декларацияси”ни чоп этиб, нафақат назарий, балки амалда таниқли нефть магнати, ўша йиллари сайёранинг энг бой кишиси Жон Рокфеллер қўлида ишлаб кўрсатди. Умуман олганда, Жон Рокфеллер Барнум ва Вандербильтдан фарқ қилмайдиган кимса эди. Боз устига, унинг Лудлоу (Колорадо штати) конида ишчилар иш ташлаб, маошлари оширилиши ва меҳнат шароити яхшиланишини талаб қилишганида, уларга қарши қурол ишлатилади ва бир неча киши ўлдирилади. Бу Рокфеллерлар шаъни атрофида кескин салбий жамоатчилик муҳитини яратди. Ҳолатни зудлик ила тўғрилаш лозим эди. Кичик Рокфеллер Айви Ли хизматига мурожаат қилади ва 1914 йилда Ли матбуотда Рокфеллерлар қиёфасини оқлаш кампаниясини бошлаб юборди.

Вазиятнинг жиддийлигини ҳисобга олиб Айви Ли Рокфеллерлар имижини кескин ўзгартириш юзасидан бир бутун чоралар тизимини ишлаб чиқди. Ишга газеталар муҳаррирлари, фотографлар, жамоат арбобларининг кенг доираси жалб этилди. Ли Рокфеллер оиласидан жабр кўрганларга товон пули кўринишида, кончилар учун хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, улар меҳнатига тўлов оширилиши, “Стандарт ойл” коцерни хизматчиларига эътибор ва ғамхўрлик, шунингдек, унинг пиар-компаниясини молиялаштириш борасида сезиларли ён беришга эришди. Бора-бора ҳаммаси изига тушиб борди. Қўрқинчли кўринган тадбиркор ўрнига оммавий аудитория қаршисида мулойим, жозибали қария Рокфеллер образи – ота, бобо, иш берувчи, фан ва санъатга ҳотамтой, ҳомий инсон қиёфаси гавдаланди… Катта Рокфеллернинг ўзи охир-оқибатда Айви Ли ёрдамида қайта туғилгани унинг таржимаи ҳолидаги энг сезиларли босқич бўлганини тан олди.

Содда қилиб айтганда, Айви Ли Америка катта бизнеси (ва бутун дунёга)га эзувчиликдан инсонпарварлик тузилмасига айланишига, ишчиларга ва бутун жамоатчиликка ён беришда ёрдам берди. Ва бу пиар ёрдамида бажарилди. Сэм Блэк адолатли баҳо берган «Ли бугун ҳам пиарда мавжуд бўлган кўплаб усул ва Тамойиллар ни яратди ва биринчилардан бўлиб яхши назарий асослар бу ишда муваффақият қозониш учун зарурлигини тушуниб етди»4. Айви Ли ҳаракати XIX-аср 10 йилларидаги йирик мулкдорларнинг ғирромлик ва қароқчилик сиёсати орқали даромад топишини ошкора фош этадиган ёзувчи ва журналистлар фаолияти билан уйғун келарди.

Биринчи жаҳон уруши, 1917 йил октябрида Россиядаги воқеалар, Ғарбий Европа ва АҚШда давом этаётган саноат кўтарилиши ва концернлар сонининг, трест ва фирмаларнинг табиий йўл билан ошиши монополияларда, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда пиар хизматларнинг сон ва сифат жиҳатдан ўсишига олиб келди. Ҳар қадамда биринчи шахснинг матбуот бўйича ўринбосарлари лавозими, ахборот хизматлари раҳбарлари, камида пресс-агентлар ёки матбуот котиблари лавозимлари жорий этилди.

Энг эътиборлиси шундаки, жамоатчилик билан алоқалар бўйича марказлар биринчилардан бўлиб ҳукумат органларида, масалан, Буюк Британия, АҚШ, Францияда пайдо бўлди. Ҳукумат ва ҳарбий идоралар ҳар ерда энг биринчи тузилмалар бўлиб, ўз фаолияти учун энг янги ва қулайини ўзлаштириб боради. Ҳаммамизга маълумки, молиялаштириш муаммоларини давлат улар учун биринчи навбатда тўсиқсиз ҳал қилиб беради.

Афтидан, пиарнинг ижтимоий институт сифатида шаклланишининг якунланиши XIX-асрнинг 30-йилларида қатор мамлакатларнинг умуммиллий тузилмаларида пиар хизмати ташкил этилиши, шунингдек, давлат ёки ҳукуматлар биринчи шахслари қошида тегишли лавозимлар ташкил этилиши билан юз берди.

Пиарнинг Ғарбий Европа бўйлаб, сўнгра бутун дунё бўйлаб оммавий тарқалишида иккинчи жаҳон уруши, космик йўлдошлар ва кемаларнинг учирилиши, иккита ижтимоий-сиёсий тизимнинг кўп қиррали рақобати, оммавий ахборот технологиялари даврининг кириб келиши катта рағбат бўлди. Бу XIX-асрнинг иккинчи ярмида содир бўлди. Ўшандан бери пиар сайёрамиз бўйлаб кенг тарқалди, турли миллий ва халқаро ташкилотларга чуқур кириб борди. Шу билан уларнинг фаолиятини ва ижтимоий имижини жиддий ўзгартириб юборди.

Ижтимоий институт сифатида пиар тузилмаси. Коммуникация устидан бошқарув пиарни ижтимоий институт сифатидаги бош фарқланувчи белгиси бўлган ва бўлиб қолмоқда. Бироқ, энди пиар сифат жиҳатидан янги, бирмунча глобал хусусият касб этмоқдаки, ижтимоий институт хусусияти ҳам шуни талаб қилади.

Агар биз пиарнинг “Тамойиллар Декларацияси”дан 1936 йилдаги Америкада паблик рилейшнз Жамияти ташкил этилгунича бўлган эволюциясига диққат билан разм солсак, пиарнинг ижтимоий институт сифатида қарор топиши рекорд даражасида қисқа муддат, тахминан 30 йил ичида содир бўлганига ишонч ҳосил қиламиз. Шу муносабат билан пиар ижтимоий институт сифатида афтидан, унинг тарихи бўйича иккита версияси борлиги хусусида тахмин қилиш мақсадга мувофиқ. Биринчиси – пиармен касбининг ва у билан боғлиқ ташкилотнинг, ҳали мутахассисликнинг ўз номланишига эга бўлмасдан туриб қарор топиши.

Бу ерга XIX-асрни, 1807 йилда Томас Жефферсон томонидан «public relations» ибораси биринчи марта қўлланилганидан тортиб, 1906 йилда Айви Ли томонидан “Тамойиллар Декларацияси” эълон қилинганча бўлган, яъни, биз оралиқ босқич деб аталган даврни киритиш мумкин. Пиар унсурлари шубҳасиз, бу ерда бўлган, улар сони кўпаяётган, сифати ривожланаётган эди. Бошқача айтганда, пиар руҳининг ўзи, моҳиятининг ўзи жамиятда мавжуд бўлсада, касб сифатида бундай фаолият бошқа мутахассисликлардан аниқ ажралиб чиқмаганди. Шунинг учун касб кўринишлари яққол кўзга ташлана бошлаган ва ўзига хосликлари намоён бошлагандан у тезлик билан аниқ бир шаклга ўтди, сўнгра ижтимоий институт даражасигача шаклланди.

Айрим мутахссисларнинг тахмин қилишича, пиар ижтимоий институт сифатида XIX-аср ўрталарида мавжуд эди. Улар фикрича, ўша пайтда улар бундай аталмасада, тегишли институционал вазифаларни бажарарди. Шунинг эвазига, яъни ихтисослашган хизматлар мавжудлиги сабабли пиар орқали бизнесни инсонпарварлаштириш жараёнига қўшилишга, нафақат қўшилишга, балки мураккаб бўлган вазифани муваффақиятли ечишга эришилди.

Ҳаммаси шундай бўлгани истисно қилинмайди. Балки XIX-асрда айтиш мумкинки, норасман унсурлар ва ҳатто пиарнинг ижтимоий институти мавжуд бўлган ва фаолият кўрсатган. Бироқ биз тушунчани конкрет белгилаш учун тегишли сўз мавжуд бўлиши керак деган нуқтаи назарга мойилмиз. Фикримизча, пиармен касби, унинг бошқа соҳалардан фарқланиши, касбнинг ижтимоий институт сифатида келгуси мужассамлашуви барибир мумтоз шаклда, “Тамойиллар Декларацияси”дан кейин юз берди. Айви Ли касбга янги, индивидуал ва ички ўзига хос мазмун бера олди.

Пиарнинг ижтимоий институт сифатида шаклланиши – соҳанинг аниқ ажралиб чиқишидан то АҚШда биринчи умуммиллий пиар ташкилоти яратилгунича бўлган даврни ўз ичига олади. Иккинчи версиясига пиар ижтимоий фаолият соҳаси сифатида айнан аниқлаштирилиши ва бирмунча самарали амалга оширилиши билан изоҳланади.

Энди ижтимоий институт сифатида пиарнинг асосий унсурлари ва тузилмавий даражаларини ажратишга ўтсак. Булар бевосита пиар билан асосий фаолият сифатида шуғулланадиган индивидлар ва ташкилотлар бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Биринчиси афтидан, пиар-фаолиятнинг шахслараро даражаси ҳисобланади. Унда алоҳида матбуот-агентлари ёки матбуот котиблари ўз ташкилоти ҳақида тегишли жамоатчилик фикрини яратиш ва махсус ахборотни бошқариш мақсадида ўз ташкилоти номидан бошқа матбуот-агентлари, матбуот котиблари, муассасалар ёки корхоналар билан ҳамкорлик қилади. Матбуот-агенти мавжудлиги ўзи биринчи навбатда, пиарменнинг кичик гуруҳларга автоматик тарзда чиқишини англатади.

Иккинчиси, кичик гуруҳлар (2-20 киши) даражаси бўлади. Унда пиар-вазифани алоҳида одамлар эмас, балки тегишли корхона ва идораларнинг пиар-хизматини тақдим этадиган катта бўлмаган ихтисослашган жамоалар бажаради. Мазкур бўлинмалар айни ўзига хос пиар-функцияни бажаради. Бироқ, энди матбуот-агентларидан кўра кенг миқёсда ва самарадорлироқ ишлайди. Ташкилот имижини яратишдек бош вазифасидан ташқари гуруҳлар ўзининг профессионал вазифалари бўйича бошқа корхоналар (концернлар, фирмалар ва бошқалар) пиар-хизматлари билан алоқа қилиши мумкин. Майда гуруҳларнинг мавжудлиги уларнинг ўрта гуруҳларга чиқишини англатади.

Учинчиси, ўртача гуруҳлар даражаси бўлади, унда пиар-фаолият билан мазкур мақсад учун махсус ташкил этилган 20-50 киши ва ундан кўпроқ кишидан иборат бўлинма шуғулланади. Бундай хизматларни фақат бақувват муассасалар ушлаб тура олади. Қандайдир корхоналар таркибида ўртача гуруҳларнинг мавжудлиги уларнинг бошқа ташкилотлар билан алоқаларининг юқори даражага чиқишини англатади.

Тўртинчиси, катта гуруҳлар даражаси бўлади. Шартли айтиш мумкинки, бундай жамоаларда 150 дан тортиб, 200-300 ва ундан кўпроқ одамлар ишлаши мумкин. Умуман, катта пиар-хизматлар мавжуд таркиби билан ташкилотнинг бирмунча кенг даражага – мазкур жамиятнинг ижтимоий институти даражасигача чиқишни уюштиришга имкон беради. АҚШнинг айрим йирик ташкилотларида минглаб пиарменлар ишлайди.

Бешинчиси, мустақил ижтимоий институт сифатида пиарнинг бошқа ижтимоий институтлар билан ўзаро муносабатлари ҳисобланади. Бу турли кўринишларнинг ўзаро алоқаси бўлиши мумкин. Биринчидан, бу хизмат даражасидаги ўзининг ижтимоий институти билан ўз тузилмасидаги ижтимоий институт (яъни, бирмунча кенгроқ) ўртасидаги пиар муносабати. Масалан, АҚШ Мудофаа вазирлигида пиар билан профессионал тарзда шуғулланадиган бир неча минг киши ишлайди. Американинг «Burson-Marsteller” пиар фирмасида 2100 дан зиёд хизматчи ҳамкорлик қилади, “Shandwick» да 1800 га яқин ходим, қатор йирик ташкилотлар мингдан зиёд бевосита пиар-ходимларга эга. Минглаб одамлар ишлайдиган ташкилот шубҳасиз, ижтимоий институтдир. Иккинчидан, бу умуммиллий миқёсдаги пиар-ташкилотнинг (Америка паблик рилейшнз жамияти, Буюк Британия паблик рилейшнз институти, жамоатчилик билан алоқалар бўйича Россия ташкилоти) мазкур жамиятнинг бошқа ижтимоий институтлари билан ўзаро алоқаси: вазирликлар, қўмиталар, ассоциациялар, бирлашмалар ва бошқалар. Қизиқ мисол, пиар институт сифатида шаклланиши сабабларидан бири – пиар-хизматларнинг бошқа ижтимоий институтлар билан тўқнашуви бўлди. АҚШда XIX-асрнинг 10 йилларида текширувчи-журналистлар молиявий магнатларнинг қаллоблик сиёсатини фош этганда, ўз навбатида, пиарчи хизматларга уларни ҳимоя қилганларни ёллаганда шундай ҳодиса рўй берди. Бугун Россияда шундай воқеалик юз бермоқда5.

Олтинчиси, халқаро ижтимоий институт сифатидаги пиар ҳисобланади. Бунинг ёрқин далили – 1955 йили Лондонда тузилган Паблик рилейшнз халқаро ассоциацияси (IPRA, International Pablic Relations Organisation)ни кўрсатиш мумкин.

Пиар тузилмаларини олтита даражага бўлишимиз шартли, назарий хусусиятга эга. Амалда бу даражаларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида ва ҳар хил маънода, ўзаро кесишиш ҳолатида ҳозир бўлади. Масалан, қандайдир муассасанинг ягона пиар-агенти халқаро пиар-ташкилотнинг аъзоси ёки вакилиши бўлиши мумкин. Пиарнинг ҳам алоҳида демократик жамиятда, ҳам халқаро саҳнада мавжудлиги ва кўп даражалилигини кўрсатиш истагидан келиб чиққан ҳолда таснифладик.

Пиарни ижтимоий институт сифатида қуйидаги уч даражага бўлиб ўрганиш мумкин:

1) миллий миқёсдаги муассасаларда пиар-хизматнинг мавжудлиги;

2) шахсий миллий пиар-корхоналар;

3) халқаро пиар-ташкилотлар.

Таҳлиллар кўрсатишича, энг биринчи пиар-тузилмаларнинг умумлашган жиҳатдан ижтимоий институтлар сифатида шаклланиш тарихи икки, миллий ва халқаро босқичга бўлинади. Биринчилари ривожланган давлатларда иккинчи жаҳон урушигача, иккинчилари ундан кейин пайдо бўлган.

Георгий Почепцов АҚШда паблик рилейшнз саноати ҳақида ёзар экан, 1926 йилдаги “New-York Times” ва “New-York Sun” газеталари контент таҳлили биринчи газетанинг 57 фоиз хабарлари ва иккинчисининг 46 фоизи мазкур соҳа мутахассислари (яъни, пиар) ўз манбасига эга бўлгани кўрсатганига тўхталади»7.

1936 йилда Америка пиар жамияти ташкиллаштирилди. 1948 йили Буюк Британия ва Канадада миллий пиар-иттифоқлари тузилди. Британияда уни – паблик рилейшнз Институти деб аташди. Айни ўша йили АҚШ пиар бўйича маслаҳатчиларнинг Миллий ассоциацияси бошқа профессонал ташкилот – пиар масалалари бўйича Америка кенгаши (1939 йилда тузилган) билан бирлашдилар, натижада янги ташкилот аввалги номланишини – Америка паблик рилейшнз жамиятини сақлаб қолди.

Бугунги кунда пиарнинг тармоққа оид ва умуммиллий ассоциациялари АҚШдан ташқари Австрия, Бельгия, Венгрия, Германия, Греция, Дания, Ирландия, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, Польша, Португалия, Руминия, Сингапур, Словения, Франция, Швейцария, Швеция, Япония ва бошқа давлатларда ҳам бор. Ҳам миллий, ҳам халқаро пиар-институтлар ўзларининг профессионал кодексларини қабул қилишди. Бу фактларнинг барчаси индустриал ривожланган мамлакатларда иккинчи жаҳон урушигача пиар-хизматлар ва муассасалар миллий миқёсдаги ижтимоий институт даражасигача муваффақиятли қарор топганидан далолат беради.

Энди пиарнинг халқаро миқёсда ижтимоий институт сифатида оёққа туриши мавзусига ўтсак. Афтидан, гуруҳли мулоқотнинг турли шакллари сифатида дастлабки халқаро алоқалар тўлиқ табиий ва турли мамлакатлар пиарменларининг керакли ўзаро ҳамкорлиги даражасида амалга оширилган. Мисол тариқасида АҚШ турли фирма ва компанияларининг бошқа мамлакатлардаги ташкилотлар ва уларнинг пиар-хизматлари билан ахборот, савдо ва бошқа мақсадлардаги алоқаларни келтириш мумкин.

Жаҳонда бундай муассасалар ўзига хос вазифаларни бажарадиган айнан халқаро ташкилотларнинг ташкил топиши билан пайдо бўлди. Бу ПРХА – Паблик рилейшнз халқаро ассоциацияси (IPRA), БКХА – Бизнес коммуникаторларнинг Халқаро ассоциацияси (IABC – International Assoziation of Business Communicators), ПРЕК – Паблик рилейшнз Европа конфедерацияси (EPRK – European Public Relations Confederation) ва бошқалар.

Урушдан кейин мазкур институт миллий доиралардан чиқиб халқаро мақомга эга бўлди. Пиар халқаро ижтимоий институт сифатида якуний эътирофни 1974 йили олди, унда IPRA БМТдаги Иқтисодий ва Ижтимоий кенгашлар учун Маслаҳат органи сифатида рўйхатга олинди.

Пиар институтини ривожлантиришнинг яна бир ўзига хослиги тўғрисида эслатиб ўтиш жоиз. Гарчи Европада миллий пиар-тузилмаларнинг шаклланиши АҚШдаги тегишли тенденцияларнинг бевосита таъсири остида юз берган бўлса ҳам, тез орада Франция, Германия ва қитъанинг бошқа мамлакатлари мутахассислари Америка пиари моҳияти ва усулларини уларнинг миллий асосига тўғридан-тўғри кўчириб ўтказиш мақсадга мувофиқ эмаслигини тушунишди. Соғлом фикрлайдиган бўлсак, буни амалга ошириш имконсиз, яъниким, француз ёки немисни америкалик қилиб бўлмагани сингари.

Ахир пиар маҳаллий менталитет ва миллат руҳининг самараси. Шунинг учун Европа давлатларида пиар давлат миқёсида ҳар бир жамиятнинг миллий хусусиятига мувофиқ шакллана бошлади.

Ўзбекистонда пиарнинг тузилмавий тараққиёти ҳақида тўхталмоқчимиз. Бизда биринчи матбуот котиблари ва матбуот хизматлари қачон пайдо бўлганини аниқ айтиш қийин, аммо улар бир неча ўн йиллардан бери мавжудлиги маълум. Пиар-хизматларнинг яратилиши ва ривожи мустақиллик йилларида фаол кечмоқда. Шу вақт ичида кўплаб вазирликлар, қўмиталар, бирлашмалар, бошқармаларда жамоатчилик билан алоқалар марказлари, Ахборот хизматлари ташкил этилган.

Мамлакатимиз миқёсида пиарнинг ижтимоий институт сифатида қарор топиши 2000 йилда республика Президенти девонида жамоатчилик билан алоқалар хизмати ташкил этилиши билан мантиқан якунланди.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги барча бошқарув идоралари, корхона, ташкилот, муассасаларда жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот жараёнлари такомиллашиб бормоқда.

Ижтимоий институт сифатида PRнинг вазифалари. Пиарнинг бош вазифаси – ахборот ёрдамида жамоатчилик фикрини бошқариш бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Пиар шунчаки муайян йўналишда жамоатчилик фикрини шакллантиришгина эмас. Бундай бошқарув билан кўп асрлардан бери бошқа соҳалар, масалан, ташвиқот, адолатли тарзда баҳо берилган агрессив коммуникация (баъзида ёлғон, қора пиар) ҳам муваффақиятли тарзда шуғулланиб келмоқда. Чинакам пиар воситасидаги коммуникацияда сўз очиқлик, тўғрилик, виждонлилик, алоқаларнинг самимийлиги ҳақида боради, улар ёрдамида пиар (институт сифатида) ва жамият ўртасида энг муҳим ва зарурий ўзаро ишонч таъминланади. Бу ерда сўз Айви Ли ўзининг “Тамойиллар Декларацияси” да баён этилган фундаментал асослар тўғрисида бормоқда. Сэм Блэк бежиз бу ҳақда ёзмаганки, «бу баёнот бизнес ва жамотчилик ўртасидаги муносабатларда инқилобга олиб келди. Жамоатчиликка менсимайгина қараш позицияси сезиларли тарзда жамоатчиликни хабардор этиш томон силжиди»8.

Айнан ижтимоий институт даражасида пиар функцияси глобал нуқтаи назардан ёрқин намоён бўлади, уни Индира Ганди “демократия ёғи” деб таърифлади. Пиар бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда қонун чиқарувчи, ҳукумат органлари билан бир томондан, халқ билан бошқа томондан, бизнес ва кенг омма, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида уйғун муносабатларни йўлга қўяди, қисқа айтганда, шахслар, турли ижтимоий гуруҳлар ва институтлар ўртасида бевосита ва билвосита оптимал алоқаларни ташкиллаштиради.

Қисқаси, пиар сезиларли равишда шундай ҳайрихоҳ муҳит, маънавий-руҳий иқлим яратишга кўмаклашадики, уларсиз барқарорлик, самарали иш ва олға силжиш имконсиз. Ҳар қандай корхона, муассаса, тармоқ фаолияти, шунингдек, миллатнинг бутун бир иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёти бирмунча қулай кечади, энг муҳими, пиар институти имкониятлари ишга солинган бўлса, бирмунча самарали бўлади.

Пиар бажарадиган вазифалари билан ахборотлашган жамият шароитида ўзаро муносабатлар уйғун чизилган. Мазкур даврнинг бошланишига иккита воқеа сабаб бўлди. Биринчидан, 1956 йилда АҚШ тарихида биринчи марта ақлий меҳнат (“оқ ёқалилар”) ишчилар сони (“кўк ёқалилар”) дан ошиб кетди. Иккинчидан, 1957 йилда собиқ СССР биринчи йўлдошни учириб икки мамлакатнинг фан ва техника соҳаларида, энг аввало, информацион технологиялар соҳасида мисли кўрилмаган мусобақасига йўл очиб берди.

Бирорта ижтимоий институт агар у ўзининг яшаши учун керакли шароит таъминлай олмаса, мавжуд бўла олмайди ва ҳаракат қилолмайди. Биз маънавий ва моддий ишлаб чиқариш, ташкилий-техник шароит, мутахассис кадрлар тайёрлаш каби ўзини таъминлаганлик омилларни назарда тутаяпмиз.

Пиар кўплаб институционал-группавий вазифаларни (уларнинг аниқ қайси турига мансублигига қараб) бажаради: ҳукумат, тармоқ ёки идоравий, сиёсий, иқтисодий, ишлаб чиқариш ёки молиявий, хусусий ёки умумий, халқаро, миллий ёки корпоративга оид ва бошқалар.

Замонавий босқичда пиар-институтнинг энг аҳамиятли вазифаларидан бири – асрнинг глобаллашув каби омилига кўмак ҳисобланади. Маълумки, халқаро майдонда у ёки бу соҳадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш катта жадаллик ва кўплаб йўналишлар бўйича кетмоқда. Ўз навбатида, глобаллашувнинг иқтисодий, сиёсий, маданий ва бошқа шакллари ахборот алмашувисиз бўлмайди. Лекин бу етарли эмас. Ахборот оқимлари муайян маънода қурилиши ва ташкиллаштирилиши, аниқроғи, тегишли оҳанг билан бўялиши керак. Ўшанда улар нафақат мутахассислар, балки оммавий аудитория томонидан тез тушунилади ва қабул қилинадики, бу биз бошдан кечираётган бандлик ва юқори тезлик даврида катта аҳамиятга эга.

Ҳар бир давлат ва жамоат ташкилоти ўзининг ижтимоий қиёфасига эга (эга бўлмаслиги мумкин эмас), бу кенг оммага уни бошқа муассасалардан фарқлашга имкон беради. Бу пиар воситасида яратилади. Тадқиқотчилар адолатли тарзда мазкур функцияни бутун жамият даражасигача кенгайтиради. Георгий Почепцовнинг ҳисоблашича, «ПР жамиятнинг бутун бир коммуникатив ташкилотининг ҳам вазифаларини бажаради» ва уни қуйидаги тартибда изоҳлайди:

«Ҳар қандай тузилма ўзига нисбатан рақобатчи тузилмалардан аниқ ажралиб туриши учун энг содда хусусиятда бўлса ҳам ўзининг ғоясини яратишга мажбур (акс ҳолда уларнинг имижи аралашиб кетади). Мамлакат даражасида ғоя бор, масалан қандайдир кафе даражасидаги ғоя бор. Бироқ, униси ҳам, бошқаси ҳам бир турдаги функцияларни, фақат турли даражада бажаради. Бошқа томондан, оммавий аудиториянинг мавжудлиги муомала турини тубдан ўзгартиради»9.

Ўзбекистонда пиарнинг функциявий қарор топиши унинг тузилмавий шаклланиши билан параллел равишда кечди. Юқорида айтилган Ўзбекистоннинг пиар-хизматлари томонидан бажариладиган вазифалар бошқа мамлакатлардаги пиар-ташкилотларнинг фаолияти билан ўхшаш.

Пиар фақат демократия шароитида мавжуд бўлиши ва самарали ривожланиши мумкин. Санкт-Петербург олимлари бу ҳақда шундай ёзган: «Жамоатчилик билан алоқаларнинг ижтимоий институт сифатида пайдо бўлиши бошқарув демократияга асосланган жамиятларда юз беради. Бозор иқтисодиётига асосланган мамлакатлар тўплаган ПРнинг юз йиллик тажрибаси шундан далолат беради. Айнан бошқарув ва қарорлар қабул қилишнинг фикрлар хилма-хиллиги тамойилларига асосланган демократия индивидлар, ижтимоий институтлар ва ҳокимият ўзаро муносабатларининг алоҳида механизмини ишлаб чиқади…»10.

Бу фикрлар жўрлиги Валентин Корольконинг мулоҳазаларида ҳам янграйди, у пиарнинг навбатдаги мода каби ишлатилишига танқидий ёндашади. Муаллиф шундай ёзади:

«Аммо бир ҳолат ташвишлантирмаслиги мумкин эмас. “Паблик рилейшнз” тушунчаси “модалашгани” сабабли кўпинча жойида ишлатилмайди, унга аксарият пайтда бузилган маъно беришади. ПР институти фалсафасининг чуқур, ижтимоий-конструктив моҳияти кесишади. Эътибор асосан юзаки унсурларда, ташкилот ва жамоатчилик ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш ва ушлаб қоладиган фан ва санъатнинг улкан айсбергидаги сувусти қисмига жамланади ва «унинг» жамоатчилиги тенг ҳуқуқли, тенг қарам шериклар бўлиб қатнашади. Бу юзакиликнинг далолати ПРни фақат имижмейкерлик сифатида фойдаланишга оид кенг тарқалгани бўлди… Бундай ёндашув фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий жавобгарлик тамойилларига зид бўлиб, деярли жамоатчиликка алдов объектига қараш, субъектларни фақат эгоистик манфаатлари доирасида кўришга ундайди, бу йўлда ҳар қандай усуллар билан мақбул имиж яратилади. Аммо жамоатчиликни фақат қисқа вақт ахмоқ қилиш мумкин. Фақат унинг муайян қисмини узоқ муддат алдаш мумкин. Бутун жамоатчиликни доимий алдаш, ҳали ҳеч кимга насиб этган эмас. Виждонли, ижтимоий масъулиятли ПР замонавий институтининг вакиллари ана шуларга таянади»11.

Фикримизча, пиарнинг ижтимоий институт сифатида шаклланиши XX-асрда юз берди. Бинобарин, тармоққа оид ва маҳаллий даражаларда – иккинчи жаҳон урушигача, халқаро миқёсда – 1948 йилда рўй берди. Янги соҳанинг ғоявий, назарий ва амалий асоси Айви Лининг “Тамойиллар Декларацияси” ва унинг Рокфеллерлар оиласида пиар-маслаҳатчи сифатидаги реал иши бўлди.

Хулоса қилиш мумкинки, пиар руҳининг ўзи фуқаролик институти сифатида моҳиятининг шаклланиши қуйидаги занжир усулида рўй беради: ўзаро хабардор этишдан эътиборга, ўзаро эътибордан тушунишга, ўзаро тушунишдан тан олишга, ўзаро тан олишдан ишончга, ўзаро ишончдан ҳурмат қилишга, ўзаро ҳурматдан ҳамкорликка, ўзаро ҳамкорликдан ижтимоий уйғунликка. Коммуникатор ёки жамоатчилик томонидан ўз мажбуриятларини бажармаслик (масалан, тўлиқ ахборот бермаслик) занжирнинг узилишига олиб келади, бу эса албатта, пиар сифатига, жамиятни демократлашувига, ундан кейин миллат тараққиётига салбий таъсир кўрсатади.

***

Ўзбекистонда жамоатчилик билан алоқаларнинг янги босқичи

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган кундан буён ўзимизга хос ва жаҳон андозаларига монанд тараққиёт йўли танлаб олинди. Давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ижтимоий институтга айланди. Жамиятимизни янада ривожлантириш ва сифат жиҳатидан янгилаш борасидаги муҳим устувор йўналишлардан бири – бу инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз ва матбуот эркинлигини, шунингдек, ошкораликни, жамиятда ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлайдиган демократик тамойилларни сўзда ёки қоғозда эмас, амалий ҳаётда жорий қилиш борасида кўп фикрлар билдирилган. Ахборот соҳасини жадал ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари – матбуот, радио-телевидение фаолиятини эркинлаштириш фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнининг узвий таркибий қисмига айланган.

Ҳаёт кўзгуси ҳисобланмиш матбуот “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилмоғи лозимлиги кўп бора таъкидланган. Бу борада ҳали олдимизда турган вазифалар жуда кўп. Мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари узоқ вақт мафкуравий ва маъмурий назорат остида ишлагани туфайли уларнинг ҳали-бери бу ҳолатдан чиқиши, аввало психологик жиҳатдан ўзини эркин ҳис этиши қийин кечмоқда. Шу сабабли улар ўзи учун янги бўлган ҳозирги вазиятда баъзан ҳали ҳам нима қилиш ёки нима қилмаслик ҳақида юқоридан кўрсатма кутиб ўтиргандек кўриниши тўғри танқид қилинмоқда.

Ошкоралик минбарига айланиши зарур бўлган ОАВ кўрсатма асосида яшай олмайди ва яшаши ҳам мумкин эмаслигини изоҳлашга ҳожат йўқ. ОАВ ошкоралик минбарига айланмоғи учун вазирликлар, ташкилот, муассаса ва бошқа идораларнинг Ахборот хизматлари унга қанот бўлиши, ишончли ахборот манбаларини тақдим этиб бормоғи зарур. Эркин ОАВ реал вазият шароитида фаолият кўрсатиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг долзарб муаммоларини дадил кўтариб чиқиши, одамларни безовта қилаётган барча масалаларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этиши, ҳокимият ва бошқарув тузилмаларининг қабул қилаётган қарорлари ва фаолиятига танқидий, шу билан бирга, холис баҳо бериб бориши керак.

Жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласи жамоатчилик фикрини ўрганиш усул-услубларининг қай даражада ривожлангани билан ҳам бевосита боғлиқ. Жамиятимизни янада демократлаштириш ва фуқаролик институтларини шакллантириш аввало аҳоли сиёсий фаоллигининг ўсиши, унинг сиёсий, ижтимоий ва давлат ҳаётида нечоғли фаол иштирок этишига боғлиқ.

Жамоатчилик билан алоқалар замирида асосан баҳс-мунозаралар ётади. Сиёсий партиялар ўртасидаги баҳс-мунозаралар жиддий, профессионал ва амалий негизда олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Бу фикрлар замирида одамларнинг фикрларига, уларни ўйлантираётган муаммоларга жиддий эътибор қатариш ғояси мужассамдир. Ҳар қандай муаммо ва масаланинг ечимини топишда жамоатчилик билан алоқалар ғоят муҳим ўрин тутади.

Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришда ОАВнинг ўрин беқиёс. Фикрлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда ОАВ юртимизда амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатни, юртимизда ва хорижда содир бўлаётган воқеаларни янада фаолроқ ёритиши талаб этилмоқда. Дунёдаги етакчи мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш миллий тизимининг такомиллаштирилиши ахборот соҳасидаги фаолиятнинг сифати ва савиясини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тизимида кўп жиҳатдан ҳал қилувчи аҳамиятга. Таҳлилчилар фикрига кўра, ОАВнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтириш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз ҳаётида жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот жараёни янада юксакроқ пағонага кўтарилганини жаҳон аҳли эътироф этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 24 йил тўлиши муносабати билан 7 декабрь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган тантанали йиғилишда давлатимиз раҳбари таклифи билан 2017 йил мамлакатимизда – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинди. “Асосий қонунимизда умумэътироф этилган демократик Тамойиллар билан бирга, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ва бой давлатчилик тажрибасини ифодалаш муҳим эди”1 деб таъкидлади Юртбошимиз мазкур анжуманда. Бу ғоя замирида жамиятда қонун устуворлигини англаш мумкин. Зотан, мамлакатимизда ҳар қандай ислоҳот аввало қонунлар асосида амалга оширилмоқда. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур,– деб таъкидлади Президент.– Шу муносабат билан тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш юзасидан яқинда қабул қилинган Фармон талабларига сўзсиз амал қилишни таъминлаш шарт. Нега деганда, халқ бой бўлса, давлат ҳам албатта бой ва қудратли бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчалари ўзаро шунчалик боғланиб кетганки, уларни бир-биридан асло ажратиб бўлмайди. Ана шу заруратдан келиб чиққан ҳолда, барча қонун ҳужжатларида халқ билан мулоқот тизими ҳақидаги нормаларни аниқ белгилаб қўйиш лозим, деб ҳисоблайман”2.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февраль куни қабул қилинган “Ўзбекистон республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонини халқимиз кўтаринки руҳ билан кутиб олди. Фармонда қайд этилганидек, аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш, шунингдек кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида ишлаб чиқилган ҳамда қуйидагиларни назарда тутадиган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланган:

давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш;

қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш;

иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш;

ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш;

хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш.

Ҳужжатда халқ билан мулоқотни самарали ўрнатиш, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ислоҳотларнинг асосий омили сифатида белгиланган.

Ҳаракатлар стратегиясининг асоси – инсон манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ вазифалардан иборат. Бу вазифалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатор маърузаларида, айниқса, 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида яққол белгилаб берилган.

Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизни кейинги беш йилда ислоҳ қилишнинг ўзига хос “йўл харитаси”га айланди. Уни амалга ошириш беш босқичда таклиф қилиниб, бу бўйича ҳар йили алоҳида давлат дастурлари қабул қилиниши кўзда тутилган. Шу аснода давлат органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, давлат аҳамиятига молик муҳим қарорларнинг қабул қилинишида жамоатчиликнинг кенг иштирок этиши, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини ошириш, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар муҳим ўрин эгаллаган. Бу дастуриламал ҳужжатнинг рўёбга чиқарилиши учун давлат ва жамият саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, бинобарин, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни баҳамжиҳатликда амалга ошириш тақозо этилади.

Мамлакатимизда ижтимоий институт сифатида шаклланган халқ билан мулоқот – жамоатчилик билан алоқалар шак-шубҳасиз жамият тараққиётига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг академиклар, шифокорлар ва бошқа турли соҳа вакиллари билан учрашувлари, жойларда одамлар билан юзма-юз суҳбатлари, муаммоларни ўрганиш ҳамда уларнинг ечимларини топиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, барча вилоят, шаҳар ва туманлардаги “Халқ қабулхоналари”, “виртуал қабулхоналар” халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш бобида муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда. Шунга монанд бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, вазирликлардан тортиб мамлакатимиздаги барча идора, ташкилот ҳамда муассасаларда ўтказилаётган матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари, юзма-юз мулоқотлар фаолияти изчил давом этмоқда.

Халқ билан мулоқот қилишдек ғоят масъулиятли ва залворли ишларни кенг ёритиб боришда ОАВнинг ўрни беқиёс. Ўзига хос мулоқот майдонига айланган “Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат”, “Пресс-клуб” каби жонли эфирдаги кўрсатувларни кенг жамоатчилик катта қизиқиш билан кузатмоқда. Мазкур кўрсатувларда академиклар, мутахассислар, турли соҳа вакиллари жамиятдаги муаммолар ҳақида очиқ-ойдин сўз юритиб, уларнинг ечими ва ижобий ҳал этиш борасидаги таклифларини ўртага ташламоқда. Кўрсатувларда айтилганидек, ҳар қандай муаммони ҳал этиш учун аввало уни тан олиш керак! Тан олинган муаммога албатта ечим топилади. Мабодо у тан олинмаса, каттароқ ва чигалроқ муаммога айланиши турган гап…

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан “Тошкент” телеканалида ҳозиржавоблик билан ёритилаётган “Халқ фикри” кўрсатуви ҳақида ҳам шундай ижобий фикрлар айтиш мумкин. “Ёшлар”, “Маданият ва маърифат”, “Маҳалла” каби телерадиоканаллар ўз дастурларини халқ билан мулоқот мавзулари билан бойитаётганини ижобий баҳолаш мумкин.

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот самарали амалга оширилмоқда. Бу муҳим жараёнларни ОАВда ҳозиржавоблик билан холисона ёритиб бориш журналистлардан катта масъулият, муайян билим ва тажриба талаб этади. Демак, ОАВ ходимлари бу борада ҳам кўпроқ ишланишлари, ҳаёт билан ҳамнафас ҳолда ижод қилишлари, воқеликни кенг ёритиб боришлари ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Жамоатчилик фикрини шакллантиришда ОАВнинг роли беқиёс. Бундай улкан ва масъулиятли вазифани бажариш учун журналист чуқур билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. ОАВнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, уларнинг ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтиришга қаратилган қонунлар ижросини таъминлаб бориш ҳар бир журналистдан улкан масъулият талаб қилади.

Мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот ўзига хос ижтимоий институтга айланишида ОАВ ва Ахборот хизматлари ходимлари зиммасига улкан масъулият юкланади. Бу масъулиятли вазифани тўлақонли адо этиш учун масъул ходимлар аввало етарли даражада билим ва малакага, ижодий маҳоратга эга бўлишлари лозим.

 

Назорат саволлари:

  1. Ижтимоий институт деганда нимани тушунасиз?
  2. Пиар қандай қилиб ижтимоий институт даражасига кўтарилди?
  3. Айви Ледбеттер Ли ҳақида нималарни биласиз?
  4. Айви Лининг “Тамойиллар Декларацияси”да қандай ғоялар илгари сурилган?
  5. Пиарнинг глобал хусусияти ҳақида нималарни биласиз?
  6. Пиарни ижтимоий институт сифатида қайси даражаларини биласиз?
  7. Пиарнинг қайси халқаро ташкилотларини биласиз?
  8. Ахборот ёрдамида жамоатчилик фикрини бошқариш, деганда нимани тушунасиз?
  9. Жамият тараққиётида жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқотнинг ўрнини қандай тушунасиз?
  10. Ҳаракатлар стратегиясидан кўзланган асосий мақсадлар нималардан иборат?
  11. Бугунги кунда ОАВ ва Ахборот хизматлари зиммасига қандай вазифалар юклатилмоқда?
  12. ОАВ ошкоралик минбарига айланишида Ахборот хизматлари қандай ўрин тутади?
  13. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда ОАВ қандай ўрин тутади?
  14. 14. Жамоатчилик фикрини шакллантиришда ОАВнинг роли қандай бўлади?

_____________________________________________________

1 Кон И.С. Дружба. Этико-сихологический очерк. М.: «Политиздат», 1980. С. 16-32.

2 Қаранг: Муминов Ф.А. Журналистика ижтимоий институт сифатида. Т.: «Университет», 1998. Б. 103-122.

3 Иқтибос манбаи: Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. С. 63.

4 Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. С. 286.

5 Қаранг: Реклама и связи с общественностью: теория и методика профессионального творчества. Ч. 2-я. С. 97.

7 Почепцов Г. Теория и практика коммуникации. М.: «Центр», 1998. С. 76.

8 Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. С. 66.

9 Почепцов Г.Г. ПР для профессионалов. С. 11.

10 Реклама и связи с общественностью: теория и методика профессионального творчества. Ч. 2-я. С. 6.

11 Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. С. 11-12.

1 Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //Халқ сўзи, 2016 й. 8 декабрь.

2 Мирзиёев Ш.М. Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови. //Халқ сўзи, 2016 й. 8 декабрь.

1а

Маърузачи: Тўлқин Эшбеков,

ЎзМУ Журналистика факультети «Журналистика» кафедраси доценти,

филология фанлари номзоди

(«PR: ЖАМОАТЧИЛИК БИЛАН АЛОҚАЛАР НАЗАРИЯСИ ВА АМАЛИЁТИ» дарслиги асосида тайёрланди).

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>