Jamoatchilik bilan aloqalar (8)

O`zMU Jurnalistika fakulteti 1-bosqich talabalari uchun 7-maruza

1

8-мавзу. Оқ ва қора PR

 Режа:

  1. Пиар мутахассисларининг оммавий муносабатларни турли рангларга бўяб талқин қилиши.
  2. Оқ ва қора пиар тўғрисидаги тушунча.
  3. Пиарнинг бошқа рангларда ҳам талқин қилиниши.
  4. Қора пиарда иштирок этувчилар.

 

«Тадқиқотчилар шундай хулосага келишдики, коммуникация инсонга, тери остига қуйиладиган шприц каби таъсир кўрсатиши мумкин, унга эса ҳеч нарсани қарши қўйиб бўлмайди»

Георгий Почепцов

 Пиар мутахассислари оммавий муносабатларни турли рангларга бўяб талқин қиладилар. Айтайлик, инсон феъри-атворига кўра ё оқкўнгиллик ёки ичиқоралик билан муносабатда бўлиши мумкин. Агар шу муносабатларни шартли равишда рангларга бўяб таърифласак, масала анча ойдинлашади. Оқкўнгиллик билан қилинган муносабатни – оқ пиар, ичиқоралик билан қилинган муносабатни – қора пиар, деб аташ мумкин.

Оқ ва қора пиар тўғрисидаги масалада суҳбатни ҳодиса моҳиятининг ўзидан бошлаш лозим. Пиар – бу ахборотни бошқариш, яъни яратиш ва илгари суриш. Бутун жараён, ўйлаб топилгани ва ижросидан келиб чиқиб керакли тус берилади. Бинобарин, содда қилиб айтганда, оқ пиар – бу ижобий мақсадга қаратилган ахборотни ташкиллаштириш ва унинг оқ усуллар билан илгари суриш. Қора пиар – бу қора ахборотни яратиш ва ножўя мақсадларда талқин этиш.

Айрим мутахассисларнинг ҳисоблашича, қора пиар тушунчаси мавжуд эмас. Масалан, россиялик психолог олим Игорь Скрипюк шундай ёзади:

«Шундай қилиб, бир маънода таъкидлаш мумкинки, “қора” ПР тушунчаси – мавҳум, негаки, ПР таърифига кўра, фақат «оқ» бўлиши мумкин. Матбуот “қора” ПР деб атайдиган ҳолатлар аслида “жирканч” сиёсий технологиялар, бадном қиладиган сиёсий рекламалар ва ёлғон тарғиботдан иборат. “Имиж-Контакт” консалтинг компаниясининг Петербург филиали раҳбари А. Куртов фикрича, «қора тарғибот» билан йирик фирмалар эмас, балки профессионал салоҳиятга эга бўлмаган ва ўз келажаги ҳақида қайғурмайдиган “ҳунармандлар”нинг майда жамоаси шуғулланади». Бу иддаога қўшилиш ҳам, қўшилмаслик ҳам мумкин, зеро, мазкур профессионал майдонда от сураётган на майда, на йирик фирмалар ўз фаолиятида “жирканч ишлар” ва ёлғонга мансублиги ҳақида ҳеч қачон гапиришмаган, билвосита аломатларига кўра баҳоласак, ушбу айб теппа-тенг равишда уларга ҳам, бошқаларига ҳам тегишли»1. Россиялик мутахассис Андрей Бирюков ҳам “қора пиар” тушунчаси таърифига кўра мавжуд бўлолмайди, бунинг учун жаҳон ПР классикларига, айнан Сэм Блэкка мурожаат қилиш етарли»2 деб ҳисоблайди, айни ўринда “қора технологиялар” борлигини тан олиш мумкин.

Маълумки, қора пиарни ишлатишнинг энг фаол вақти – бу сайловлар даври. Қуйида биз бунга яна тўхталамиз. Ишонч ҳосил қилиш мумкинки, қора пиар усуллари сайловлар демократик тарзда ўтадиган барча жамиятларда ишлатилади. Айрим ҳолатларда катта даражадаги махфийлик ва маҳорат билан, бошқасида камроқ. АҚШдаги президентлик сайлов кампаниясида оқланган қора пиарлар кенг қўлланилишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. У ерда бу ишлар билан олий тоифадаги профессионалар шуғулланади, майда “ҳунармандлар” эмас. Қора пиарни замонавий шаклда ҳам амалга ошириш мумкин. Мақсадни аниқлаштириб олиш муҳим – ёмонотлиқ қилишга интилиш ҳар доим қора рангда бўлган.

Маълумки, оқ, кулранг ва қора тарғибот тушунчалари бор.

Оқ тарғибот – расман рўйхатга олинган оммавий ахборот воситалари орқали олиб борилади.

Кулранг тарғиботда оммавий ахборот воситасининг қарам ҳолати очиқ ошкор этилмайди. Балки эҳтимол, мазкур манба ўзини ахборот муаллифи ва жамоатчилик ўртасидаги ўзаро муносабатларга доир учинчи, бетараф томон деб эълон қилади. Аммо аслида кулранг тарғиботда ОАВ сезилмайдиган тарзда муаллифни қўллаб-қувватлайди.

Қора тарғибот бевосита қўпорувчи хусусиятга эга. Бундай ахборотда уни тарқатишнинг ҳақиқий мақсадлари яширилади.

Пиарнинг бу каби оқ, кулранг ва қорага бўлиниши мумкинми? Бундай ёндашувда оқ пиар борми – пиар олий сифатлими ёки унда манипуляция борми? Қорпа пиар тарғиботдан, “жинса” ёки антипиардан нимаси билан фарқланади? Ҳар қандай жирканч пиар – бу қора пиарми?

Сариқ, яшил, қизил ва бошқа “рангдаги” пиарлар мавжудлигини таъкидлайдиган мутахассислар ҳам бор. Сариқ деб ўзининг мазмунига кўра, тутруқсиз журналистикани эслатиб юборадиган пиарни тилга олишади.

Яшил пиар хусусиятига камида учта йўналиш киради: 1) табиатни муҳофаза қилувчи ташкилотлар; 2) хорижий долларлар оқими билан дастакланувчи пиар; 3) мусулмонлар ҳаракатини қўллаб-қувватловчи пиар.

Россияда қизил деб компартия ҳимояси учун ўтказадиган сиёсий пиарни тушунишади.

Оқ ва қора пиар ўртасидаги фарқ нимада? Такрорлаймиз, пиар бу ахборотни бошқариш. Бинобарин, унинг рангидан қатъи назар, бу ўзининг қурилиши, яратиш механизми ва ахборотни илгари суриш, усуллари, қабул қилиниши ва таъсир кўрсатиш жараёни, ахборотни узатиш каналлари, аудиторияга таъсир кўрсатиши бўйича бир хил пиар. Аммо манбаси ва молиялаштирилиши сабаби, бунинг ортидан бош мақсад ва вазифалари, ҳаракат технологияси бир-биридан жиддий фарқланади. Оқ пиарда (агар уларни нормал пиар деб тушунилса) жамоатчиликка ҳақиқатни гапиришга уринишади. Қора пиарда эса уларни алдашади. Улар ўртасидаги асосий фарқ шунда.

Пиар, бошқа ҳар қандай иш каби – бу пул тўланадиган фаолият. Қора пиар учун тўлов расмий пул манбаларидан, масалан, бир партиянинг бошқа партия билан сайловолди курашида қонуний йўллар билан амалга оширилиши мумкин. Аммо одатда, бундай пиарга молиявий воситалар ноқонуний тарзда ўтказилади ёки содда қилиб айтганда, қора пиарнинг бевосита ижрочиларини сотиб олишади. Эҳтимол, бу ишда қора иш учун ҳам пулнинг мавжудлиги учундир – ўзининг қора пиар номини олган…

Аммо нақл қилинганидек, «халқ овози – худо овози». Шубҳасиз, “қора пиар” тушунчаси омма назарида туғилган. У узоқ пайтдан бери мавжуд бўлиб, илмий ва даврий матбуот саҳифаларидан тушмай келади, демакки, у муайянликни ифодаловчи, реал мавжуд ҳодиса. Гарчи “оқ” ва “қора” пиар тушунчаси албатта, нисбий бўлса ҳам.

Қисқаси, оқ пиар – бу ҳаётга қонуний йўллар билан, ижобий мақсадлар ва мақбул воситалар билан татбиқ этилувчи пиар.

Қора пиар – бу яратувчилари ахлоқ кодексларини, эҳтимол қонунларни ҳам бузадиган, бундан кўпинча ноқонуний молиявий маблағлардан фойдаланадиган пиар. Қора пиар – бу ҳар доим ҳам жиноий жазоланадиган қадам эмас, бироқ ҳар доим этиканинг бузилишидир. Бинобарин, қора пиар ҳар доим этикага зиддир. Зеро, ҳар қандай жамиятда пулга эга ва бошқа одамларни, гуруҳлар ва институтларни обрўсизлантиришни истайдиган одамлар, ижтимоий гуруҳлар ва институтлар топилар экан, қора пиар ҳам ҳар доим мавжуд бўлади.

Қора пиар хусусияти. Қора пиарнинг ранг-баранг таърифлари бор. Айрим мутахассисларнинг фикрича, ҳар қандай тарғиботни қора пиар деб ҳисоблаш мумкин. Бошқалар буюртма материаллар, жумладан, пуллиларини қора пиарнинг бир кўриниши деб атайдилар. Учинчи гуруҳ – объектив обрўсизлантирувчи ҳолатлар мавжуд бўлган мақолаларни қора пиар, деб ҳисоблайдилар. Тўртинчи гуруҳ – манипуляция ва ёлғон ёрдамида рақибларини қасддан ёмонотлиқ қилишни қора пиар, дейишади.

Қора пиар ва тарғибот. Баъзи тарғиботлар ўзининг кўп асрлик тарихи мобайнида одамларга шу қадар зарар келтирдики, бу ҳақда ҳали кўп танқидий-таҳлилий фикрлар айтилса ажабмас. Масалан, собиқ мустабид тузум даври мафкураси ва тарғиботи… Аммо ўтмишда аҳолининг жисмоний ва руҳий ривожига театр, кино, адабиёт, спорт каби соғлом турмуш тарғиботи бундай қадам ташлашдан ушлаб туради.

Қора пиар ва «жинса». “Реклама ва жамоатчилик билан алоқалар” китобининг муаллифлари биринчиси ва иккинчисининг яқинлиги ҳақида қуйидагиларни ёзадилар: «Молиявий ночорлик, жазога тортилмаслик натижасида “қора ПР”, “жинса” ва шу каби нопрофессонал ҳодисалар пайдо бўлди. Журналистикада “жинса” тушунчаси 10 йил муқаддам пайдо бўлди, бу ибора ортида радио ва ТВда эфир вақтининг, газета саҳифаларида “буюртма” материаллари учун сотилиши тушунилади. Хизматлар тўлови “нопок пул билан” амалга оширилган, телерадиолавҳалар ва кўрсатувлар давлат техникасида бажарилган, “жинса” оқимини яшириш деярли имконсиз бўлган»3.

Қора пиардан фарқли ўлароқ сиёсий реклама деганда жамоатчилик сиёсий партия, жамоат арбоби, депутат ва бошқаларнинг ижобий қиёфасини яратишни тушуниши мумкин.

Қора пиарнинг чуқурроқ тавсифини унинг тусларини ажратиш чоғида амалга ошириш мумкин. Қора пиар аслида – бу ҳаммага маълум қора пиар, яъни, бевосита, тортинманмай лойга қориш. Бу ерда ҳаммаси – мақсад ҳам, усуллар ҳам, ташқи кўриниш ҳам лойга қорилган. Муаллифлар ҳеч кимдан ва ҳеч нимадан тортинишмайди, манипуляция ва пичингдан фойдаланишади. Қора пиарнинг ягона ижобий сифати – унинг очиқ хусусияти, шумликнинг йўқлиги.

Қора-оқ пиарда мақсад ва вазифалар ҳам қора, хуллас, буларнинг бари ўз моҳиятига кўра қора пиар. Бироқ улар ўта маккорона пиарни кўрамиз. Ташқаридан одоб доирасида кўриниб, ҳар доим ҳайрихоҳлик ҳақида гапирилса ҳам, унинг замирида маккорлик ётади. Самимийлик, дўстлик ва садоқат хусусида бетиним ваъдалар янграши мумкин: «биз дўстмиз», «сиз ҳам, биз ҳам адолат ва ҳалоллик учун», «биз умумий ишни қилаяпмиз», «биз сизнинг фаровонлигингизни истаймиз», «биз сизнинг манфаатингиз йўлида ишлаяпмиз», «бизнинг мақсад ва вазифаларимиз умумий», «биз сизга яхшилик тилаймиз», «биз сизга ҳақиқатни тиклашда ёрдам берамиз», «ҳеч қандай шахсий мақсадларни кўзламаяпмиз», «бу бизнинг умумий ташвишимиз», «биз ташкилотингизга ёрдам беришни истаймиз» ва ҳоказо. Аммо бундай пиар муаллифларининг тили бошқа, дили бошқа. Уларнинг орзуси – рақиблари онгини хиралаштириш ва уларни издан чиқариш, йўлдан уриш, иродаларини фалаж қилиш, фаолиятларига барҳам бериш мақсадида уларга зимдан зарба беришдир. Бундай пиарнинг мақсади аввалгича қолади – рақиблар руҳини тушириш, уларнинг ҳаракат дастурини издан чиқариш, бу билан уларни мағлубиятга учратиш.

Қора-оқ пиар муаллифларининг ўзлари адашмайди. Ўзларини моҳирлик билан қоралаганликларини кўрган рақиблар ҳам шамол қаердан эсаётганини биладилар. Аудитория гангиб қолади.

Бироқ бу ерда оқибат қора пиар муаллифлари эришишни кўзлаганчалик бўлмаслиги мумкин. Оммавий аудитория асосий маъноси айнан тагмаънодан иборат бўлган бундай қора-оқ пиар механизмини моҳирона ажратиш учун чуқур ўйлолмайди. У фақат рақиб ҳақиқатда тартибли киши эканига ёки у ҳам яхши киши эканига, фақат бироз адашганига шунчаки ишониши мумкин

Қора пиарнинг бошқа бўёқларини ҳам келтириш мумкин, лекин уларнинг ранг-баранглигини билиш учун келтирилган мисоллар принципиал жиҳатдан етарли.

Пиарнинг 500 дан зиёд таърифи бўлса ҳам улар ҳали назарий жиҳатдан якунига етмаган. Шунинг учун пиарнинг оддий, оқ ва қора, яшил, сариқ ва жигарранг, лойқа ва тоза, олижаноб ва ҳимматсиз, инсофли ва инсофсиз, яхши ва ёмон, ёпишқоқ ва саранжом, виждонли ва виждонсиз, тушунарли ва тушунарсиз… каби пиар турлари орасидан аниқ чегара ўтказиш жуда қийин.

Қора пиарда иштирок этувчилар. Қора пиарнинг коммуникацион жараёнида буюртмачилар, ижрочилар (уларни бир блокка бирлаштириш ва муаллифлар деб аташ мумкин), рақиблар ва аудитория иштирок этади. Уларга шунингдек, ахборот узатиш каналларини ҳам қўшиш мумкин. Бу ҳолатда оддий пиар қора пиардан шуниси билан фарқланадики, оддий пиарда ўз ахборотини узатиш жараёнида рақиблар бўлмайди, улар умуман олганда одатий ижобий иш юритади. Қора пиарда манипуляция тоза кўринишда бўлмайди, зеро, аудитория фикрини манипуляция қилишда одатда икки томон – манипуляторлар ва манипуляция остидагилар иштирок этади. Қора пиарда ҳар доим рақиб қўшимча тарзда ҳозир бўлади, муаллифлар уни аудитория кўз ўнгида лойга чаплайди. Келинг, қора пиарда коммуникацион жараён қатнашчилари ҳисобланган ҳар бир томонни қисқача ўрганишга ўтамиз.

Муаллифлар. Улар сафига буюртмачилар, илҳомлантирувчилар ва ижрочиларни киритиш мумкин. Қора пиар муаллифларининг мақсади ўз рақибларини оммавий аудитория олдида бадном этиш ва шу усул билан улар устидан зафар қучиш. Бу рақобат курашининг ҳар қандай шаклида намоён бўлиши мумкин, улардан энг кенг тарқалганларидан бири сайловолди кампанияда қора пиарни амалга ошириш ҳисобланади.

Қора пиарнинг муаллифи сифатида бир киши чиқиши мумкин, аммо кўпинча бир бутун гуруҳ ишлайди, ҳар бир иштирокчининг ўз мажбурияти бўлади. Одатда ишбилармонлар, раҳбарлар, сиёсий арбоблар, уларнинг сайловолди штаблари буюртмачилар ҳисобланади.

Ижрочилар – журналистлар, адиблар, рассомлар, операторлар, муҳаррирлар, фотосуратчилар бўлиши мумкин. Ижрочиларнинг вазифаси қўйилган топшириқларни малакали, самарали адо этиш бўлиб, одатда, уларга салмоқли мукофот тақдим этилади.

Қора пиар узлуксиз ва даврий бўлади.

Мухолифлар. Қора пиарда мухолиф ёки рақиб турли жимоний ва юридик шахслар бўлиши мумкин. Одатда, булар овоз бериш учун бюллетенга киритилган рақиблар бўлиши мумкин. Бунда аҳамияти йўқ – ким конкрет рақиб бўлиб чиқади, вазифа – ўша рақибни ерга уришдан иборат. Бу субъектив ёки субъектив-объектив равишда рақибни обрўсизлантириш ёрдамида бажарилади.

Қора пиарнинг мақсади – рақибни бадном қилиш, уларнинг объекти ва предмети – мухолифлар, ҳаракати ва усуллари – номақбул. Аммо асосий томон барибир аудитория ҳисобланади, унинг иштироки ва реакцияси ишлаб чиқаришнинг ва қора пиар маҳсулоти амалга оширилишининг барча жараёнида узлуксиз ҳисобга олинади.

Аудитория. Шак-шубҳа йўқки, қора пиар омма учун яратилади ва улар томонидан қабул қилишга йўналтирилади. Рақиб барибир унга ишонмайди ва уни қабул қилмайди. Бинобарин, қора пиарда ҳаммаси – мақсад, вазифалар, далиллар, усуллар, шакллар – энг аввало, унинг омма томонидан тушунилишига йўналтирилган. Бу ерда шубҳа қолдирмайдиган хулоса – қора пиар асрлар мобайнида кенг аудиторияга информацион таъсир кўрсатиш потенциали бўлиб келган. Энг муҳими, бу ўринда аудитория мухолиф эмас.

Қора пиарда онгга, ундан ҳам кўпроқ инсоннинг онгостига таъсирнинг принципиал схемаси кўпинча тарғибот билан ўхшаш. Бунда ҳам, унда ҳам сезиларли даражада сезгилар ва ҳиссиётлар, шунингдек, мантиқий қурилган мулоҳазаларнинг гипноз таъсири ишга солинади. Ўзининг кундалик муаммолари билан машғул одамлар ҳар доим ҳам қора пиарнинг иштирокчиларини ва муаммосини (предмети)ни билмайди. Улар манбага ишонишади, агар у қора пиар жараёнида тилни яхши билса ва ўз фикрларини усталарча баён қила олса. Одамлар қалбакилаштирилган далилларни тоза деб қабул қилишларида ажабланарли ҳолат йўқ – улар шунчаки ахборотга эга эмаслар ва ҳар доим ҳам уни таҳлил қилолмайдилар.

Москва давлат университети профессори Евгений Пашенцев ёзишича: “Сайловчи қалбини эгаллаш мураккаб ва қиммат, уни алдаш оддий” 4. Фақат бир нарсага аниқлик киритиб кетиш керак, эгаллаш қийин ва қиммат деганда, афтидан, инсон қалби (ҳиссиёти)дан кўра, унинг ақли (онги) назарда тутилган.

Қора пиар технологиялари. Қора пиарнинг келиб чиқиши, механизми, техникаси, таъсир кўрсатиш усуллари ва оқибатлари – мустақил ўрганиш учун жиддий масала.

«Технология» (techne – санъат, моҳирлик, logos – ўқиш) сўзи юнончадан фаолиятнинг қандайдир соҳасида моҳирлик билан қўлланиладиган операция ва услубларнинг мажмуасини англатади. Қора пиар технологиялари рўйхати биз ўқишимиз мумкин бўлган манбалар орасида Евгений Пашенцев ва Игорь Скрипюк асарларида энг яхши усулда берилган. Қуйида уларнинг бу мавзудаги фикрлари билан танишамиз.

Евгений Пашенцев қуйидаги технологиялар мавжудлигини қайд этади:

– салбий баҳолаш, яъни рақибни ноқулай кўринишда тақдим этиш, уни обрўсизлантириш;

– «объектив ёндашув» усули, далилларни тарафкашлик асосида танлаш ва уларни тегишинча изоҳлашдан иборат;

– чалғитиш усули, максимал даражада шов-шувли шаклда узатилган ахборот ёрдамида аудитория эътиборини номақбул ахборотдан (масалан, юқоридагиларнинг коррупцияси ҳақида) чалғитиш;

– объектив ахборот олишда рақибни чеклаш;

– «нейролингвистик дастурлаш» усули, кимнингдир фикрига қўшилмаслик эҳтимоли ОАВнинг кўп сонли изоҳларида «олдиндан айтиб бўлмайдиган ёмон оқибатларга олиб борадиган», «инқироз», «таҳдид», «қулаш», «ғулғула» каби сўз ва иборалар билан ифодаланади. Бу эса салбий ҳолатларни келтириб чиқаради ва ахборотнинг қабул қилинишига таъсир кўрсатади;

– давлат манфаатлари ва жамоатчилик эҳтиёжларига мурожаат қилиш усули;

– сайловлар чоғида ўхшаш-депутатлардан фойдаланиш, натижада бундай даъвогар овозларнинг бир қисмини ўзига оғдириб олади;

– бир гуруҳ қўлловларни ҳам яхлит, ҳам индивидуал сотиб олиш;

– варақаларни автомобилларнинг олд ойнасига жуда кучли елим билан елимлаш;

– ўзини рақиб-депутатнинг амакиси деб кўрсатадиган дайди одамлардан фойдаланиш;

– муддатидан илгари овоз беришда сотиб олиш;

– рақибнинг жиноий алоқаларини “фош этувчи” варақалар;

– ижтимоий обрўсизлантирилган шахслардан тавсиявий-чақириқ хатлари;

– газеталарда учинчи рейхнинг формасидаги Гитлерни эслатувчи кўринишида рақибни тасвирлаш;

– йирик ҳақоратловчи сарлавҳа, чиркин сурат ва жонга тегадиган матн;

– сайловчиларни рақиб фойдасига овоз бериш тавсияси ўрин олган тунги қўнғироқлар;

– максимал даражада ҳақоратловчи шаклда кўча ташвиқотини ўтказиш;

– “безори” кўринишидаги икки-уч нафар бақувват йигитларни ёллаш, улар оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган сўзларни тилга олиб, ўткинчиларнинг жиғига тегиб, одамлар кўп жойларда рақиби номидан адабиёт ёки варақалар тарқатишади5.

Санкт-Петербург давлат университети доценти Игорь Скрипюк ҳам “лойқа” хусусияти бериш мумкин бўлган усуллар гуруҳини қуйидагича ажратиб кўрсатади:

– Имзолар тўплаш;

– Сайловчилар билан оммавий учрашувлар ташкил этиш ва ўтказиш;

– Ташвиқот кампанияларини ташкиллаштириш;

– ОАВ билан ишлаш: телевидения ва манипуляциялаштириш, «саҳналаштирилган», сохта воқелик яратиш;

– Интернет ёрдамида таъсир кўрсатиш;

– Хат ва откриткалар;

– «Эшикма эшик юриб» ташвиқот, намойиш ва манифестациялар, митинг ва пикетлар ўтказиш;

– реклама плакатларида «тузатишлар» (“йўқ” сўзларини қайта ёзиш);

– матности билан ишлаш ва бошқалар6.

Қора пиар технологияларига шунингдек, онгсиз инстинктлар, ошириб юбориш ёки камайтириш кўринишидаги манипуляциялар, бузиб кўрсатиш, рақиб хатосини бўрттириш ва уларни бошқа маънода тақдим этиш, миш-мишлар ва ғийбатлардан, ишора ва бетайин гаплардан фойдаланиш, рақиби гапирмаган ёки қилмаган ишларни ағдариш мақсадида бевосита ёлғон қўллаш ва ҳоказолар киради. Жирканч технологияларни янада қора ва хавфли тус олиб кетмаслиги учун унинг яширин хусусиятини вақтида илғаш ва аниқлаб олиш жуда муҳим. Содда қилиб айтганда, қора пиарни ўрганиш – бу лойқа билан суғориш ва компроматлар уруши механизмини ўрганишдир.

Дарвоқе, компромат ҳақида. Бу қора пиарда мустақил ва ўта самарали йўналиш. Компромат хусусиятини Евгений Пашенцев “портловчи” технологияга таққослайди. У бу ҳақда шундай ёзади:

«Компромат қаймоғи – ПР сиёсатида бирмунча кенг тарқалган усул. Мутахассислар айтади: сайлов кампанияси – бу кураш, ғалаба учун барча восита асқотади… Деярли барча компроматдан фойдаланади. Гарчи бу усул муайян маҳоратни талаб қилсада, айни вақтда жиддий нохушликларга олиб келиши мумкин. …Зеро, тўғри ва вақтида берилган компромат ҳар қандай рақибни курашдан чиқариб юбориши мумкин»7. Муаллиф яна айтадики, «бош рақибга компромат сайловларга бир-икки ҳафта қолгунича “қуйилади”, рақибда материални “ортга қайтариш” га имконият қолмайди8. Мана, сизга ғаройиб қонуният.

Ғарбда аҳлоқ нормаларини бузувчи сиёсий кураш услублари «dirty politicks» – «лойқа сиёсат» деб номланади. Лекин турли мамлакатлардаги сиёсий курашлар усулларини таҳлил қиладиган бўлсак, у ҳолда улар у ёки бу даражада «лойқага ботган»9.

Ҳокимиятга ва унга эгалик қилишга имкон берадиган ҳамма нарса (устунлик ҳиссиёти, пуллар, имтиёзлар, ҳурматлаш) га интилиш қора пиар технологиялари юзага келишининг бош омилидир.

Инсон табиати ва қора пиар. Оммавий аудитория қора пиар ҳақида оқ пиардан кўра кўроқ ўқишини рад этиб бўлмайди. Қора пиарнинг жозибадорлиги ва самарадорлиги назаримизда, шахснинг биологик табиати, ўзини-ўзи сақлаш инстинктида яширинган.

Қора пиар – агрессив коммуникациянинг кўриниши. Бошқа одамларга агрессия бизни ўзига чорлайди, бу дақиқаларда донолигимиз ва идрокимиз бизга нима демасин, сеҳрлайди. Аммо ушбу лаҳзада унга ақлимиз ва идрокимиздан кўра, психикада қудратли пойдевор бўлган онгсизлик қарши туради. Айнан ҳиссиёт мантиқий схема билан бир қаторда қора пиарнинг асоси ҳисобланади.

Инсон руҳиятининг яна бир ўзига хослиги – унга бошқа одамлардаги камчиликларни кўриш ёқади. Яшаш учун кўп асрлик, толиқтирувчи кураш унинг генетик кодига бошқа инсоннинг мағлубиятини кўришдек англанмаган истакни ва ундан ички қониқишнинг яширин ҳиссини туюшни жойлади. Бошқанинг заифлигини деярли ҳис қилиш – биологик тур сифатида ўзининг устунлигини тасдиқлашнинг яна бир шакли. Баъзида тўхташга, ўзимизни назорат қилишга уринамиз. Ақл бизга айтади – танқид қилаётган кимсанг худди сен каби инсон. Аммо индивидга унинг биологик ибтидоси яқин ва азизроқ. Натижада ўзининг назорати остида бўлмаган туйғулар таъсири остида инсон ўйлайди – мен танқид қилинаётган кишидан юқорироқман, мана унинг камчиликларини кўз олдимда гапиришаяпти, мен ҳақимда эса ёмон гапиришмаяпти. Демак, мен яхшиман. Айни лаҳзаларда у келгуси объект унинг ўзи бўлиб чиқиши ҳақида фикрламайди. Бундай ҳолатлар тарихда жуда кўп рўй берган.

Буларнинг бари инсон ақли устунлигини кўрсатади. Бу антиномия – ақл ва ҳиссиётнинг абадий ва узлуксиз қарама-қаршилиги – мантиқий ечиб бўлмайдиган хусусиятга эга. Ҳиссиёт базавий инстинкт сифатида муттасил ақлни пасайтириб туради. Ақл инсоният тириклигининг ягона воситаси сифатида ҳиссиётни шу қадар фаол бостиради. Бу қарама-қаршиликка ечим йўқ. Инсонни фақат унинг уйғунлиги қутқаради.

Евгений Пашенцевнинг шунга монанд фикри ҳам эътиборга моликдир: «Ким кимга қарши кўпроқ компромат йиғади. Бу технология бутун дунё бўйича (курсив бизники) ишлатиб бўлинган, негаки, инсон яхшисидан кўра ёмонига кўпроқ ишонади»10.

Хулоса ўрнида, биз қора пиар мавжудлигининг иккита фундаментал қонуниятини олиб чиқишимиз мумкин.

Биринчиси, инсон психологияси номукаммаллигида. Одамзод бутун ҳаёти мобайнида бошқалардан ортда қолиб кетмаслик, балки, кимлардандир ўзиб кетиш учун узлуксиз кураш олиб боради. Танқид ишонч сифатида қабул қилинади, чунки омма ишонишни хоҳлайди. Буларнинг бари объект айбининг даражасидан қатъий назар, қораланишига олиб келади. Бу, Гегел сўзлари билан айтганда, дунёнинг умумҳолатидир.

Иккинчиси, қонуният бирмунча маҳаллий хусусият касб этиб, кўпроқ иқтисодиёти ривожланмаган мамлакатларга хос. Бозор даврини кўпинча сиёсат белгилайди. Одамлар мол-мулк, капиталга эга бўлишни, чинакам бизнес бошлашни истайди… ва фақат босқичма-босқич замонавий ўзанга тушади. Улар аввалига ўзлари бойишлари керак, фақат кейин бошқалар ҳақида ўйлайдилар. Шунинг учун қора пиар АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция ва бошқа давлатларда ҳам бор. Тан олиш керак, улар бу давлатларда сезиларли тарзда сийрак, аниқроғи камроқ.

Қора пиарга йўл қўймаслик ва уни бартараф этишнинг ишончли усули – бу ахлоқ кодексларига тўлақонли риоя этилишидир.

 

Назорат саволлари:

  1. Пиар мутахассислари оммавий муносабатларни қандай рангларга бўяб талқин қилишади?
  2. Оқ пиар деганда нимани тушундингиз?
  3. Қора пиар деганда нимани тушундингиз?
  4. Пиарнинг яна қанақа рангларини биласиз?
  5. Қора пиарнинг мақсади нима?
  6. Қора пиар билан асосан кимлар шуғулланади?
  7. Жамиятда қора пиар энг фаол вақти қачон қўлланилади?
  8. Оқ тарғибот деганда нимани тушунасиз?
  9. Кулранг тарғибот деганда нимани тушунасиз?
  10. Қора тарғиботнинг қандай хавфли хусусиятларини биласиз?
  11. Оқ ва қора пиар ўртасидаги фарқ нимада?
  12. «Жинса» деганда нимани тушунасиз?
  13. Қора пиар технологиялари, деганда нималарни тушунасиз?

_____________________________________________________

1 Скрипюк И.И. Политическая реклама и политический PR в России // Общество и политика: современные исследования, поиск, концепции. Под ред. В.Ю. Большакова. СПб: СпбГУ, 2000. С. 228.

2 http: // www. sovetnik. ru/

3 Реклама и связи с общественностью. Ч. 2. С. 105.

4 Пашенцев Е.Н. Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. С. 136.

5 Қаранг: ўша жойда. 140-143 бетлар.

6 Қаранг: Скрипюк И.И. Политическая реклама и политический PR в России…С. 211-224.

7 Пашенцев Е.Н. Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. С. 141.

8 Пашенцев Е.Н. Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. С. 146.

9 Скрипюк И.И. Политическая реклама и политический PR в России… С. 210.

10 Пашенцев Е.Н. Паблик рилейшнз: от бизнеса до политики. С. 149.

OLYMPUS DIGITAL CAMERA

Маърузачи: Тўлқин Эшбеков,

ЎзМУ Журналистика факультети «Журналистика» кафедраси доценти,

филология фанлари номзоди

(«PR: ЖАМОАТЧИЛИК БИЛАН АЛОҚАЛАР НАЗАРИЯСИ ВА АМАЛИЁТИ» дарслиги асосида тайёрланди).

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>