Ахборот-психологик хавфсизлик (8)

ЎзМУ доценти Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот-психологик хавфсизлик” ўқув қўлланмаси асосида (Тошкент, ЎзМУ – 2018)

ж2

8-мавзу: ОЧИҚ АХБОРОТ ТИЗИМЛАРИ ШАРОИТИДА ШАХСНИНГ ПСИХОЛОГИК ЎЗИНИ ЎЗИ ҲИМОЯЛАШИ

 Инсон руҳий кечинмалари ҳаётдаги мавжуд ижтимоий борлиқ билан чамбарчас боғлиқ эканлиги илмий жиҳатдан асосланган. Шахс онгида ғоя ва фикрнинг пайдо бўлиши ва қай даражада шаклланиши жамиятдаги муҳитга, жумладан, ўзаро мулоқотлар, урф-одатлар, байрам ва маросимлар, анъаналар ва турфа ахборотларга боғлиқ. Албатта, ёш авлод онги ва дунёқарашининг шаклланиши биринчи галда оила, боғча ҳамда мактабдаги тарбияга жуда боғлиқ эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади, деган нақл бежиз айтилмаган. Очиғи, ҳамма оила, боғча ва мактабда ҳам тарбия, муомала маданияти бир хилда деб бўлмайди. Ёш ўғил-қизлар яхши гаплар билан бир қаторда баъзи хунук гап-сўзларни ҳам ана шу муҳитнинг ўзида эшитадилар. Яхши гапдан қалби маънан бойиса, ўша хунук гаплардан руҳан (психологик) ҳимояланишга хизмат қилувчи “иммунитет” пайдо бўла бошлайди. Бир ёмонликнинг бир яхшилиги, деганларидек, бу ҳол инсоннинг умри бўйи ташқи муҳитда учрайдиган турли салбий ҳодисаларга, жумладан, бугунги ахборот маконида одамлар, айниқса ёшлар онгини заҳарлашга қаратилган “ахборот хуружлари”га нисбатан ҳам “иммунитет” пайдо бўлиб бораверади. Бузғунчи ғояларга асосланган салбий ахборотларга нисбатан “иммунитет” пайдо бўлдими, энди уни муттасил ривожлантириб бориш ҳам ахборот асрининг талабларидан бирига айланаётганини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Хориж радиоэшиттиришлари, интернет ва бошқа очиқ ахборот тизимлари орқали юртимизга кириб келаётган вайронкор ғоялар ёшлар онгини заҳарлай бошладими, демак, бу хатарга бепарво қараш мумкин эмас. “Агарки биз бундай хатарларга қарши ўз вақтида қатъият ва изчиллик билан кураш олиб бормасак, турли зарарли оқимлар бизнинг юртимизга ҳам шиддат билан ёпирилиб кириши, ёшларимизни ўз гирдобига тортиб кетишини, оқибатда уларнинг ота-она, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини ўйламайдиган, фақат бир кунлик ҳаёт билан яшайдиган худписанд кимсаларга айланиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас,– деб таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Такрор айтишга тўғри келади – ота-оналар, устоз-мураббийлар бу масалада ҳушёрликни йўқотмаслигимиз, ёшлар тарбиясида асло бепарво бўлмаслигимиз зарур”1.

Дунё ягона ахборот маконига айланган бугунги кунда бирор ахборотнинг йўлига сунъий тўсиқ қўйиб бўлмайди. Истиқлол шарофати билан дунёга юз очган, ёшлари дунё тилларини бемалол эгаллаб, “интернетомания” касалига чалиниш арафасида турган юртмизга ҳам яхши, ҳам ёмон таъсирлар, турли хуружлар мавжудлиги шароитида шахснинг ўзини-ўзи психологик жиҳатдан салбий таъсирлардан ҳимоя қила олиш имкониятларини кенгайтириш энг долзарб муаммолардан биридир2.

Юртимиз мустақилликка эришганидан буён халқаро маданий алоқалар кенгайиб бораётгани ижобий ҳодиса. Умумбашарий, жаҳон маданиятини ҳар томонлама ўрганиш халқлар дўстлигини янада мустаҳкамлашга, дунё билан бўйлашишга хизмат қилади. Ўз навбатида ўзбек маданияти ва санъати ҳам дунёда янада кенгроқ ўрнига эга бўлаётгани эътиборга моликдир. Ёш тадқиқотчи Барно Мелиқулова ёзганидек, маданият – умуминсоний ҳодиса, фақат бир халқнинг ўзигина яратган соф маданият бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳар бир миллий маданиятнинг асосий қисмини шу миллат ўзи яратган бўлса-да, унда жаҳон халқлари яратган умуминсоний маданиятнинг улуши ва таъсири бўлади3. Муҳими, ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган айрим ёшларнинг ана шундай муҳитда миллий ўзлигимизга салбий таъсир қиладиган “оммавий маданият” ниқоби остидаги ёт ғоялардан ўзини ўзи психологик ҳимоя қила олишида. “Агарки биз Ўзбекистоннинг ўзимиз орзу қилган эртанги ёруғ кунини, буюк келажагини барпо этмоқчи бўлсак, бир ҳақиқат барчамизга равшан бўлиши керак: бу вазифа, авваламбор, бошлаган эзгу ишларимизнинг давомчиси бўлган, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эришиш йўлида ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган, таянчимиз-суянчимиз бўлмиш болаларимизни бундай ёвуз таъсирлардан ҳимоя қилиш билан бевосита узвий боғлиқдир,– деб ёзганди давлатимиз раҳбари.– Бошқача айтганда, ёш авлодимизнинг қалби ва онгини асраш, уларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш, фарзандларимизнинг дунёда рўй бераётган сиёсий жараёнларнинг маъно-мазмуни ва асл сабабларини чуқур англаши, ўз атрофида содир бўлаётган воқеалар ҳақида ҳаққоний маълумотларга, энг муҳими, ўз мустақил фикрига эга, содда қилиб айтганда, оқни қорадан ажратишга қодир бўлишига эришиш таълим-тарбия ва маънавий-маърифий ишларимизнинг асосий шарти ва мезони бўлиши даркор”4. Шуни ёдда тутиш жоизки, сўнгги йилларда ҳали шаклланиб улгурмаган ёшлар онгини заҳарлаш, уларни ўз таъсирларига тушириш учун атайлаб қилинаётган “маданий тажовуз”лар ҳам йўқ эмас. Бу тажовузларни чиппакка чиқаришнинг йўлларидан бири – ўсиб-униб келаётган ёш авлод онги ва қалбида мафкуравий иммунитетни кучайтириб боришдан иборатдир. Зеро, етарли даражада мафкуравий иммунитетга эга бўлган шахслар ҳар қандай ахборот хуружларидан ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиш хусусиятига эга бўлади. Очиқ ахборот тизимлари шароитида фуқароларнинг турли мафкуравий таҳдидлардан ўзини ўзи ҳимоя қилишлари илмий жиҳатдан ўрганилган. Мутахассислар фикрича, психологияда эгоцентризмнинг бир қанча турлари – билишга оид, ахлоқий ва коммуникатив эгоцентризмлар фарқланади. Охиргиси – бошқаларга бирор хил маълумот бериш жараёнида уларнинг фикри билан ҳисоблашмаслик, уларни менсимасликда намоён бўлади5. Аён бўлишича, бугунги кунда ахборот хуружлари уюштираётганлар айнан шундай эгоцентризм қобиғида ҳаракат қилишмоқда. Улар ўз манфаатларини кўзлаб иш тутадилар. Мақсадлари эса ёш авлод онгини қамраб олишга қаратилган. Демак, улар учун психологик ҳимоя зарур. Ўзини ўзи психологик ҳимоя қилишга эришиш учун ҳар бир шахсда мустақил фикр бўлиши, воқеликларга фаол фуқаролик позицияси нуқтаи назаридан ёндашиши зарур.

Жамиятга ахборий ҳужумларнинг турлари жуда кўп. Ёшларни ана шу ҳужумлардан ўзини ўзи психологик ҳимоя этишга ўргатиш учун аввало ўша воқелик ё ахборотнинг моҳиятини тўғри тушунтириш зарур. Яъни, ахборот хуружларига қарши мақолалар, бадиий асарлар, кино ва видеофильмлар яратиш орқали ҳам кенг жамоатчиликда “иммунитет” уйғотиш мумкин.

Айрим хориж телекўрсатувлари ва радиоэшиттиришлари, интернет хабарларига алоҳида қизиқиш билан қарайдиган юртдошларимиз ҳам кам эмас. Уларга қайси ахборот тўғри ва холис ёритилгану қай бири нотўғри эканлигини битталаб тушунтириб боришнинг имкони йўқ. Яхшиси, одамлар тўғри ё ғаразли мақсадда ёритилган ахборотнинг фарқлай оладиган даражада бўлишига эришиш ҳар бир шахснинг ўзини ўзи психологик ҳимоя қилишига ёрдам беради. “Дунёнинг демократик қадриятларидан баҳраманд бўлишда аҳолининг билимдонлиги муҳим аҳамият касб этмоқда,– деб ёзади давлатимиз раҳбари.– Фақат билимли, маърифатли жамиятгина демократик тараққиётнинг барча афзалликларини қадрлай олишини ва, аксинча, билими кам, оми одамлар авторитаризмни ва тоталитар тузумни маъқул кўришини ҳаётнинг ўзи ишонарли тарзда исботламоқда”6. Буни бугунги маърифатли жамиятимизда айниқса зиёлилар ҳаётида яққол кузатиш мумкин. Маънавий олами юксак инсон онгини ҳеч ким бузғунчи ғоялар билан чалғита олмайди.

Таассуфки, беш қўл баробар эмас, деганларидек, маънавий қашшоқ ва дунёқараши ҳаминқадар кимсалар йўқ эмас. Ҳали онги ва дунёқараши тўла шаклланиб улгурмаган айрим ёшлар эса турли зарарли таъсирларга ҳам тез берилувчан бўлади. Уларда зарарли таъсирлардан ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиш тушунчаси ҳам бўлмайди ҳисоби. Айтайлик, бетгачопарлик, андишасизлик каби Ғарбда ривожланган ахлоқсизликни бизнинг ёшлар онгига сингдиришга уринаётганлари тагида жуда катта фалокат бор. Бу демократия эмас, балки демократия ниқоби остида миллий қиёфани бузиш, миллий ифтихор ва ўзликни англашдан маҳрум этиш эканлигини изоҳлашга ҳожат йўқ. “Оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган ана шундай зарарли таъсирлардан жамиятни тўлақонли ҳимоя этишнинг энг самарали йўли – ҳар бир шахснинг ўзини ўзи психологик ҳимоя қила олишига эришишдир. Мутахассислар фикрича, психологик ҳимоя – шахсни турли салбий таъсирлардан асрашга, психологик таъсирни бартараф этишга хизмат қилади. Шундай холатларда одам одатда шахслараро муносабатларда ўзини бошқачароқ тутадиган бўлиб қолади. Бунда қатор ҳимоя механизмларига риоя этиш мақсадга мувофиқдир. Яъни, очиқ ҳис-кечинмаларни босиш, рад этиш, яъни номаъқул маълумотни очиқ рад этиш, унга қўшилмаслик йўлларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Юқорида таъкидлаганимиздек, мустақил фикрга эга бўлган инсон ўзига нисбатан қаратилган яхши ёки ёмон маълумотнинг моҳиятига етиши мумкин ва унга нисбатан ўзида муайян тасаввур ҳосил қилади. Турли ёт ғоялар ва ахборот хуружларидан ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиш қобилиятига эга бўлади. “Дунё сиёсати саҳнида мафкура полигонларининг тобора кенгайиб бораётгани, мафкура уруши оқибатлари ядро полигонларида синовдан ўтказилган даҳшатли қуроллардан кўра хавфлироқ экани ҳеч кимга сир бўлмай қолди,– деб ёзади журналист Қўчқор Норқобил.– Гегемонликка муккасидан кетган ташқи кучларнинг ягона мафкура маконини яратишга астойдил уриниши, ўзга халқлар, миллатлар устидан ҳукмронлик қилиш иштиёқи тобора аланга олиб боряпти”7. Бундай хуружларга қарши кураш мудом давом этаркан, биринчи галда ёш авлод онги ва қалбида мафкуравий иммунитетни муттасил ошириб бориш мақсадга мувофиқдир.

Назорат учун саволлар:

  1. Инсон руҳий кечинмалари деганда нимани тушунасиз?
  2. Шахс онгида ғоя ва фикрнинг пайдо бўлиши ва шаклланиши қандай омилларга боғлиқ?
  3. Инсонда “мафкуравий иммунитет” қай тарзда пайдо бўлади?
  4. Шахснинг ўзини ўзи психологик ҳимоя қилиши деганда нимани тушунасиз?
  5. Эгоцентризм нима?
  6. Буюк давлатчилик шовинизми ва миллатчилик таҳдиди деганда нимани тушунасиз?
  7. Жамиятга ахборий ҳужумларнинг кўринишларини айтинг.

Асосий тушунчалар

Идентификация – ўзини ахборот эгасига ўхшатиш, унинг ўрнига ўзини қўйиш орқали қадриятларни рад этиш ёки танқидсиз ўзлаштириш;

Проекция – ўзидаги ҳиссий кечинмаларни ташқи объектларга кўчириш орқали пайдо бўлган ҳолатнинг сабабларини ташқаридан қидиришга мойиллик;

Регрессия – илгари ҳаётида, масалан, ёшлигида бўлиб ўтган қайсидир воқеларга қайтиш, уларнинг яхши ва маъқулларини яна хотирада тиклаш ва хулқда қайтариш орқали ўзида психологик ҳимоя ёки оқловни ташкил этиш;

Эгоцентризм – лотинча “ego” – мен ва “centrum” – доира маркази сўзларидан олинган бўлиб, ўз фикр-ўйлари, манфаатлари доирасида қотиб қолган инсоннинг атроф-муҳит ва одамларга оид ўз билимлари ва ўзгаларга муносабатини ўзгартира олмаслигини билдиради.

ж3

1 Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 15 б.

2 Қаранг: Каримова В. Очиқ оммавий ахборот тизими шароитида шахснинг психологик ўзини-ўзи ҳимоялаши. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

3 Қаранг: Мелиқулова Б. Маданиятлар тўқнашуви. –Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2009. – 8 б.

4 Каримов И.А. Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 8-9 б.

5 Қаранг: Каримова В. Очиқ оммавий ахборот тизими шароитида шахснинг психологик ўзини-ўзи ҳимоялаши. /Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси жорий архиви, 2006.

6 Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. /Ўзбекистон буюк келажак сари. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 534-535 б.

7 Қўчқор Норқобил. Онгни заҳарлаш йўлидаги кураш ёхуд жаҳонни тобе этиш даъвосидаги мафкуравий хуружлар. //Даракчи, 2009, 21 май, 7 б.

You may also like...

11 Responses

  1. Зокирова Мадина:

    Бу мавзуни ҳамма факультетларда ўрганиш фойдадан холи бўлмайди.
    Маърузалар учун рахмат домла!

  2. Proeksiya — o’zidagi hissiy kechinmalarni tashqi obe’ktlarga ko’chirish orqali paydo bo’lgan holatning sabablarni tashqaridan qidirishga moyillik ekanligini bilib oldim. Ma’ruza uchun rahmat.

  3. O'rinboyeva Kamolaxon:

    Ma’ruzadan xulosam shuki, ochiq axborotlar tahdidi sharoitida yoshlarni to’g’ri yashashga, vatanparvar va insonparvar bo’lishga, erkin fikrli bo’lishga o’rgatish orqali ularda mafkuraviy immunitetni tarbiyalash eng dolzarb vazifalardir.

  4. Internet ochiq axborotning asosiy yirik manbalaridan biri hisoblanadi. Global tarmoq­ning chegara bilmasligi, unda foydali axborotlar bilan bir qatorda, o‘sib kelayotgan yosh avlodning ma’naviy tarbiyasiga ziyon yetkazishi mumkin bo‘lgan nosog‘lom maz­mundagi axborotlarning ham tarqalishi­ning oldini olish hozirgi kunning dolzarb masalasidir.

  5. Зокирова Мадина:

    Биз ўз онгимизда мафкуравий иммунитетни шакиллантира олсак ҳеч қандай «ахборот хуружи» бизга зарар етказа олмайди ва шу билан бирга Жирканиш ҳисини ҳам билишимиз шарт!
    Маърузада келтирилган барча фикрлар керекли ва муҳимдир!

  6. Bugungi kunda yurtimizdagi barcha insonlarda «immunitet» ni oshirishimiz eng muhimdir. Agar biz shu ishni amalga oshira olsak o’sib kelayotgan yosh avlodning ma’naviy tarbiyasiga ziyon yetmas edi. Deb o’ylayman.

  7. Internet bugungi kunning tildan tushmas mavzusidir. Lekin uni qanday qabul qilish insonning o’ziga bog’liq. Qachonki inson o’zida «immunitetni» shakillantira olsa unga hech qanday xavf tahdid sola olmaydi.

  8. Зокирова Мадина:

    Тўғри айтасиз Марям!

  9. Mavzuni o’qib chiqib kerakli bilimlarga egaboldim

  10. Inson har qanday sharoitda o’zining sog’lom fikri bilan insoniy hislatlari bilan loqayd shaxslardan ajralib turmog’i lozim. Har qanday axboriy hurujlarga mustahkam immuniteti bilan javob qaytarmog’i joiz. Ammo bu immunitetni shakillantirish masalasichi? Bu masalani yechimi ustozimiz aytganidek ,oiladan, ota-ona tarbiyasidan boshlanadi.

  11. Malika Mo'minova:

    Shiddat bilan rivojlanayotga axborotga bugun to’siq yo’q, shuning uchun har bir bosayotgan qadamimizga alohida e’tibor berishimiz kerak. Vatanimiz uchun hayotimiz davomida bir marotaba bo’lsa ham yaxshilik qilish niyatida yashasak, yuragimiz, qalbimiz,ongimizni pok tuta olasak bizga hech qanday havf yaqinlashaolmaydi. Men bugun manashu narsani tushundim.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>