“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 11-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (7-12 ноябрь кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 11-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (7-12 ноябрь кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ДОНАЛЬД ТРАМПНИ САЙЛОВДАГИ ҒАЛАБА БИЛАН ТАБРИКЛАДИ

 Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 10 ноябрь куни Дональд Трампни сайловдаги ишончли ғалабаси ва Америка Қўшма Штатлари Президентлигига сайланганлиги муносабати билан табриклади.

Ўзбекистон раҳбари АҚШ билан стратегик шерикчилик муносабатларининг барқарор ривожланаётганлигини таъкидлади. Жорий йилда Америка Қўшма Штатлари томонидан Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эътироф этилганига 25 йил бўлади. Ўтган давр мобайнида қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг мустаҳкам пойдевори қурилди.

Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга соғлик-саломатлик ва масъулиятли давлат мансабида улкан муваффақиятлар, бутун АҚШ халқига эса тинчлик, осойишталик ва тараққиёт тилади.

 

«ФУНДАМЕНТАЛ ВА АМАЛИЙ ФИЗИКА РИВОЖИНИНГ ЯНГИ ТЕНДЕНЦИЯЛАРИ: МУАММОЛАР, ЮТУҚЛАР, ИСТИҚБОЛЛАР» МАВЗУИДА ХАЛҚАРО СИМПОЗИУМ

10-11 ноябрь кунлари «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Ватанимиз қадимдан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг илм-фан ва маърифий салоҳиятини янада юксалтиришга улкан эътибор қаратилди. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда космик нурлар, ядро физикаси, материалшунослик, акустика, оптика ва спектроскопия, лазер термокимёси, назарий физика, микроэлектроника, астрономия ва астрофизика бўйича кенг кўламли илмий-тадқиқотлар олиб борилиб, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган илмий мактаблар яратилди. Назарий ва экспериментал физика соҳасидаги устувор илмий тадқиқотлар энергетика, қайта тикланувчи энергия манбалари, электроника, фотоника, ускунасозлик каби тармоқлар ривожида муҳим роль ўйнамоқда. Жаҳон иқтисодий инқирози давом этаётган, халқаро бозордаги беқарорлик кўплаб давлатларнинг иқтисодий ривожига салбий таъсир кўрсатаётган, табиий ресурслар тугаши баробарида улар учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги даврда мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти замонавий ўзбек физика фани ривожининг янги стратегиясини шакллантириш билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.

Пойтахтимизда «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиум ўтказилиши ана шу жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур халқаро форум Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон, Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Миср, Япония, Франция, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Бельгия, Австралия каби қарийб 30 давлатдан 300 дан ортиқ етакчи физик олим, мамлакатимиздаги вазирлик, идора ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, талабалар иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Солиҳов, Германиядаги Бавария илм-фан академияси президенти Карл Ҳоффманн ва бошқалар Шарқ ва Ғарб цивилизациясини боғлаган Буюк ипак йўли марказида жойлашган Ўзбекистон қадимдан илм-маърифат чорраҳаси бўлганини, бу анъаналар мустақиллик йилларида муносиб давом эттирилаётганини, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббускор бўлган мазкур халқаро симпозиум бунинг яна бир амалий исботи эканини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 28 июлдаги фармойишига мувофиқ ушбу халқаро анжуманга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди.

Симпозиумда физика, астрономия ва астрофизика, энергетиканинг, қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш самарадорлигини оширишнинг илмий асослари, маҳаллий хомашё манбалари асосида янги материаллар олиш, замонавий нанофизика ва нанотехнологияни ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари тўрт шўъбада муҳокама қилинмоқда.Назарий физика табиат қонунларини мавжуд воқелик билан ўзаро солиштирган ҳолда англаш, математик моделлар асосида англатишдир. Астрофизикада осмон жисмлари – Қуёш, сайёралар, кометалар ёки юлдузлар тўпининг физик тузилиши, юза ва атмосфера қатламларида рўй бераётган физик жараёнлар тадқиқ этилади, уларнинг кимёвий таркиби аниқланади. Симпозиумнинг «Назарий физика ва астрофизика» шўъбасида нанорезонаторлар билан кўп атомларнинг чигаллик инженерияси, илгариланма тез айланишнинг квант динамикаси, Майданак обсерваториясидаги астрофизик тадқиқотлар, Сомон йўли галактикасининг пайдо бўлиши, Ўзбекистон тоғларидаги хавфли офатлар кечиши мумкин бўлган соҳаларни олдиндан баҳолашнинг янги усуллари каби масалалар муҳокама этилмоқда.

– Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов илм-фан, таълим ва маърифат ривожига ҳомийлик қилган буюк давлат арбоби сифатида инсоният тарихида мангу қолади, дунё физикларининг мазкур анжуманини ташкил этишда ҳам айнан Ўзбекистон раҳбари ташаббускор бўлганди, – дейди Осиё-Тинч океани Назарий физика маркази президенти, профессор Бум-Хоон Ли (Жанубий Корея). – Бугун элементар зарралар ва конденсирланган муҳитлар (қаттиқ, суюқ ва газсимон моддалар) тизимидаги ўзаро кучли таъсирлашувни назарий тушунтириш жаҳон физикасида долзарб муаммо ҳисобланади. Мазкур форумда биз сўнгги йилларда тор доирада ривожлантирилган галография (оптикада ривожланган уч ўлчамли тасвирни ҳосил қилиш) принципи ушбу муаммони ҳал қилишда бутунлай янги услуб бўлиши мумкинлигини муҳокама қилмоқдамиз.

Экспериментал физика бизни ўраб турган оламни мавжуд тажрибалар асосида янги усуллар билан ўрганишдир. Агар назарий физикада табиат математик моделлар билан текширилса, экспериментал физикада табиатнинг ўзи тадқиқ этилади. Халқаро форумнинг «Экспериментал физика» шўъбаси дастуридан тезкор нейтронлар дозасини ўлчаш, лазер диодларининг ўта фокусланган нурланиши ва уларнинг параметрлари, лазер нурланишининг кремний ва германий кристалларига таъсири, биотиббиётда қўллаш учун ўта қисқа тўлқинли компакт квант лазерларни яратиш масалалари, нанотехнологиянинг энергетика ва соғлиқни сақлашдаги аҳамияти каби мавзулар ўрин олган.

– Бугун Ўзбекистонда илм-фан равнақига алоҳида эътибор қаратилаётгани, ички ва ташқи бозорда харидоргир-рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси механизми мустаҳкам йўлга қўйилгани мамлакатингиз ҳудудида қадимий ва фундаментал асосга эга илмий мактабларнинг изчил давом эттирилаётганидан далолатдир,– дейди Астон фотоник технологиялар институти раҳбари, профессор Эдик Рафаилов (Буюк Британия). – Кейинги вақтда жаҳонда ихчам, арзон ва ўта қисқа импульсга эга, инфрақизил ва инсон кўзи кўрадиган диапазонда нурланадиган лазерларга қизиқиш ошмоқда. Мазкур халқаро анжуманда биз шундай лазерларни ишлаб чиқаришдаги ютуқлар ва уларнинг имкониятлари ҳақида фикрлашмоқдамиз. Мазкур янги авлод лазерлари рентген, кўзга кўринадиган ва радиочастота диапазондаги электромагнит нурланишлар ҳамда магнит майдоннинг тирик организмларга таъсирини ўрганувчи янги фан – биотиббиёт фотоникасида жуда муҳим аҳамиятга эга.Халқаро экспертларнинг фикрича, дунёда муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбаларини излаб топиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш, бунда, аввало, қуёш, шамол, тўлқинлар каби қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга қизиқиш жадал ўсиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби – жаҳон иқтисодиётида энергияга бўлган талабнинг йил сайин ортиб бораётганида. Боз устига, табиий газ, нефть, кўмир каби анъанавий табиий ресурслар захиралари кескин камайиб кетмоқда, уларнинг янги манбаларини ўзлаштириш тобора қийинлашмоқда. Бугун энергия ресурслари манбаларига эга давлат наинки чексиз даромад олиш, балки халқаро майдонда ўз мавқеи ва таъсирини ошириш имконига ҳам эга бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистонда бу муаммолар ечими борасида бой тажриба тўпланган. Айниқса, қуёш энергиясининг термодинамик ўзгартирилиши, шу жумладан, Стирлинг юритгичлари ва уларнинг асосида қуёш энергетик ва сув кўтаргич қурилмалари, қуёш фотоэлектрик ва қуёш-иссиқлик электр станцияларига оид салмоқли илмий-тадқиқотлар олиб борилмоқда.Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 2013 йил ноябрда пойтахтимизда бўлиб ўтган Осиё Қуёш энергияси форумининг олтинчи йиғилишидаги нутқида Ўзбекистонда қуёш энергиясининг ялпи салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентидан ортиқ эканини, ана шу ресурслар ҳисобидан мамлакатимизда истеъмол қилинадиган электр энергиясидан 40 баробар кўп ҳажмдаги электр энергияси ишлаб чиқариш мумкинлигини таъкидлаганди. Ўтган йиллар давомида бу борада кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, Наманган вилоятининг Поп туманида 130 киловатт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Айни кунда Самарқанд вилоятида 100 мегаватт қувватга эга ана шундай станция қурилмоқда. Бунда асосий хомашё – поликристалли кремний материали «Навоий» эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарилмоқда. 2020 йилга бориб мамлакатимизда ҳар бири 100 мегаватт қувватга эга яна учта қуёш электр станцияси фойдаланишга топширилади.

Симпозиумнинг «Қайта тикланувчи энергия манбалари» шўъбасида қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш учун шаффоф ўтказувчан магний ва рух оксиди бирикмасининг характеристикаси, электрохромик тизимларнинг янги креатив технологиялари, электромагнит майдон асосида стандарт динамиканинг ривожланиши, қайта тикланувчан функцияли ҳимояловчи қопламалар, кетма-кет уланган каналлар асосида қўш транзистор ячейка яратиш усуллари каби мавзуларнинг кенг муҳокама этилиши Ўзбекистонда қуёш энергетикаси соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Бугун замонавий ишлаб чиқаришнинг барча тармоғи, қурилиш, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг тараққиёти, шубҳасиз, янги материалларга боғлиқ. Бу мамлакат ривожи, аҳоли ҳаёт сифатининг ошишига ҳам хизмат қилади. Материаллар – цивилизация учун поғона, янги материаллар бу поғонани вақтлироқ ва самаралироқ босиб ўтиш учун трамплиндир. Шу маънода халқаро форумнинг “Янги материаллар” шўъбасида наноўлчамли материалларнинг замонавий биология ва тиббиёт соҳаларида қўлланиш имкониятлари, янги материаллар ва технологиялар соҳасида углеродли нанозаррачалар, графин (углерод ҳалқаси) ва унга ўхшаш материалларнинг наномуҳандисликдаги истиқболлари, махсус магнит ёрдамида магнит зарядини кагоми (композит) материалига йўналтириш каби мавзуларнинг кўриб чиқилиши нафақат мамлакатимиз илм-фани, балки бошқа кўплаб соҳалар ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур халқаро форум бугун жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалаларни муҳокама қилиш билан бирга, ўзбек физика мактабининг мустақиллик давридаги ютуқларини халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этишда яхши имкониятдир. Бу ўзбек физика мактабининг салоҳиятини янада юксалтириш, мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

***

ТОШКЕНТДА ФУНДАМЕНТАЛ ВА АМАЛИЙ ФИЗИКА МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО СИМПОЗИУМ БОШЛАНДИ

Бугун Ўзбекистон Фанлар академияси мажлислар залида фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденцияларига бағишланган халқаро симпозиум иш бошлади. Халқаро симпозиум пленар йиғилишида “Спектр-Рентген-Гамма» орбитал обсерваторияси профессори Рашид Сюняев маърузаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Олим йиғилганларни обсерватория илмий дастури билан таништирди. Унинг маърузасидан дастурнинг бошланиш тарихи, унинг доирасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, келгуси режалар ҳақидаги маълумотлар ўрин олди.

Маърузада таъкидланишича, “Spektr-Roentgen-Gamma» илмий аппарати Қуёш Ер тизимининг Ердан 1,5 млн км узоқликдаги Л2 либрация нуқтасига 3 ой давомида чиқарилади. Мазкур дастур 4 йиллик муддатда фаолият олиб боради. Унинг асосий мақсади – коинот харитасини тузиш ҳисобланади. Ушбу харитада галактикаларнинг йирик тўдалари акс этади.

Бу ҳақида сўзлаб берар экан, профессор Сюняев коинотнинг бундай кенг масштабли хариталарини вақт бўйлаб саёҳатга қиёслади.

Дастур доирасида коинотдаги барча галактикаларни кузатиш ва ўрганиш назарда тутилмоқда. Уларнинг умумий сони тахминан 100-150 мингтани ташкил этади. Маъруза якунида профессор Сюняев Ўзбекистондаги Майданак обсерваториясининг космик кузатув имкониятлари ҳақида сўз юритиб, ўзбекистонлик астрофизик олимларни ҳам ушбу кенг қамровли лойиҳада иштирок этишга чорлади.

Навбатдаги маърузачи – Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти директори, профессор Шуҳрат Эгамбердиев ўз сўзини Ўзбекистоннинг илмий салоҳияти, асрлар давомида тўпланган бой илмий мероси ҳақидаги маълумотлар билан бошлади. Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний” жадвали, Самарқандда ўрта асрларда ташкил этилган обсерваториянинг жаҳонда астрофизика ривожига қўшган ҳиссаси яна бир карра таъкидланди. Профессор Эгамбердиевнинг маърузаси Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган Майданак обсерваторияси фаолияти, унда олиб борилаётган астрофизик тадқиқотлар мавзусига бағишланди.

Жанубий кореялик физик олим, профессор Ли Боом Хуннинг маърузаси эса сўнгги йилларда долзарб ва қизиқарли мавзуга айланган голография (предметларнинг 3D ўлчамдаги тасвирларини акс эттириш) ва бу соҳада назарий физикадаги сўнгги тадқиқотларга бағишланди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро симпозиум ўзбекистонлик олимларнинг халқаро илмий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, фан ва технологиялар соҳасининг энг сўнгги ютуқ ва янгиликларидан хабардор бўлишга қулай имконият бўлиш билан бир қаторда, ёшларнинг илмий салоҳиятини рағбатлантириш ва илмий фаолиятга қизиқишини орттириш каби мақсадларга хизмат қилади.

 

ЖАҲОН ФИЗИКЛАРИНИНГ АНЖУМАНИ ЯКУНЛАНДИ

Тошкентда 10-11 ноябрь кунлари Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиум бўлиб ўтди.

Симпозиумда физика, астрономия ва астрофизика, энергетиканинг, қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш самарадорлигини оширишнинг илмий асослари, маҳаллий хомашё манбалари асосида янги материаллар олиш, замонавий нанофизика ва нанотехнологияни ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари муҳокама қилинди.

– Халқаро форум юксак савияда ташкил этилди, бу фундаментал ва амалий физикадаги илмий муаммолар, ютуқлар ва истиқболларни муҳокама қилиш, мазкур фан йўналишлари ривожининг янги тенденцияларини ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Австралиянинг Куртин университети профессори Игорь Брай. – Симпозиумда дунёнинг етакчи олимлари жаҳон физикасидаги қатор долзарб масалаларни муҳокама қилди.

– Мазкур халқаро форум Ўзбекистонда қадимдан мавжуд фундаментал илмий салоҳиятнинг бугун ҳам амалда фаол намоён бўлаётганининг далилидир, бу барқарор келажак учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади, – дейди Антверпен университети профессори Де Вос Дирк Лусиен (Бельгия). – Мазкур форумда биоматериалларнинг тирик организмда энергия алмашиши, уни сақлаши, маълумот алмашишининг физик асослари ҳақида сўз юритилди.

Германиядаги Ер ҳақидаги фанлар илмий-тадқиқот маркази сунъий йўлдошлар ўлчашларига асосланган геодезия технологияларини координация ва интеграция қилиш билан шуғулланади. Бу тизим геометрик коинот технологияларини амалдаги геодезия билан бирлаштиришга, ер сиртида олинган ўлчашларни учиш аппаратлари ёрдамида ва коинотдан олинган кузатув маълумотлари билан яхлитлашга ҳам масъулдир. Мустақиллик йилларида мазкур марказ билан Ўзбекистон Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти ўртасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Натижада, Астрономия институтида Глобал позициялаш тизимининг (GPS) Китоб, Тошкент ва Майданак халқаро станциялари ташкил қилинди, ҳамкорликда регионал тезликлар аниқланиб, ҳудудларнинг сейсмик хавфи баҳоланди.

– Мазкур форумда бу ҳамкорлигимиз натижалари ва истиқболларини кўриб чиқдик, – дейди Германиядаги Ер ҳақидаги фанлар илмий-тадқиқот марказининг Геодезия департаменти директори Ҳаральд Шу. – Келгусида долзарб масала – Орол денгизи сатҳи ўзгаришини сунъий йўлдошлар ўлчашларига асосланган технологиялар ёрдамида аниқлашни режалаштирганмиз.Россия Фанлар академияси Сибирь бўлими қошидаги Яримўтказгичлар физикаси институти директори ўринбосари, профессор Олег Пчеляковнинг айтишича, мамлакатимизда қуёш энергетикасини тараққий эттириш учун қулай географик иқлим, етарлича салоҳият, бунинг фундаментал ва ташкилий асослари мавжуд: Ўзбекистонда бир йилда 320 кундан зиёд ҳаво очиқ бўлиши қуёшли кунлар кўплиги бўйича дунёнинг аксарият минтақаларига нисбатан анча устунликни таъминлайди.Қисқача айтганда, мазкур халқаро симпозиум бугун дунё физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалаларни муҳокама қилиш, ўзбек физика мактабининг мустақиллик давридаги ютуқларини халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этиш имконини берди. Бу нафақат илм-фан, балки бошқа кўплаб соҳалар ривожида ҳам катта аҳамият касб этади.

***

ЎЗБЕКИСТОН ФУНДАМЕНТАЛ ВА АНИҚ ФАНЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА УЛКАН САЛОҲИЯТГА ЭГА

Тошкентда бўлиб ўтган «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуидаги халқаро симпозиумда жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалалар муҳокама қилинди. Форумда Ўзбекистон, Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Миср, Япония, Франция, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Бельгия, Австралия каби қарийб 30 давлатдан 300 дан ортиқ етакчи физик олимлар иштирок этди.

ЎзА мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Альфред Молина, Барселона университетининг космос институти профессори (Испания):

– Мазкур симпозиум дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан ташриф буюрган, жаҳон физика фанида катта шуҳрат қозонган кўплаб олим ва мутахассислар, тадқиқотчилар учун ўзаро фикр ва тажриба алмашишда ғоят аҳамиятли бўлди. Дунё олимлари ўрта асрлардаги Шарқ Уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти, аввало, математика, астрономия, физика каби аниқ фанлар ривожида намоён бўлишини таъкидлайди. Бунда шу заминдан етишиб чиққан буюк мутафаккир ва алломаларнинг муносиб ҳиссаси бор. Масалан, Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб Ер радиусини ҳисоблаб чиққан, вакуум – бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берган.

Абу Райҳон Берунийнинг XI асрдаги нур кичик заррачаларнинг тўлқинсимон ҳаракатидан таркиб топгани тўғрисидаги ғояси билан Исаак Ньютон XVII асрда кашф қилган ёруғликнинг корпускуляр (заррача) назарияси ўртасида боғлиқлик бор. Ушбу халқаро форумда Ньютон назариялари, хусусан, Ньютон ва Эйнштейн даври оралиғидаги «бўшлиқни тўлдириш»га оид маърузам билан қатнашдим.

Ю Лу, Хитой Фанлар академияси физика институти профессори:

– Буюк ипак йўли туфайли Ўзбекистон ва Хитой қадимдан турли соҳаларда, хусусан, илм-фан бўйича ҳам мустаҳкам ҳамкорлик қилиб келган. Ватанингиз ҳамиша цивилизациялар марказида бўлган, бу ерда турли даврларда дунё олимлари бирлашиб, фаннинг турфа йўналишларида тадқиқотлар олиб борган. Мазкур симпозиумда жаҳон физиклари Тошкентда жамланиб, дунё физикасидаги энг долзарб назарий ва амалий масалаларни муҳокама қилгани Ўзбекистондаги тинчлик-барқарорлик ва илм-фан тараққиёти йўлида яратилаётган замонавий имкониятларнинг яна бир ҳаётий натижасидир.

Ўзбекистонда физиканинг деярли барча йўналиши, жумладан, конденсирланган муҳит (қаттиқ, суюқ ва газсимон моддалар) физикаси бўйича фундаментал асосга эга илмий мактаблар шаклланган. Ярим аср илгари Хитойда замонавий конденсирланган муҳит физикаси деярли мавжуд эмас эди. Аммо ўтган 30 йил давомида вазият ўзгарди. Мазкур симпозиум биз учун бу борада етарлича фикр ва тажриба алмашиш борасида катта имконият бўлди.

Абдул Карим ибн Моҳд Ароф, Malaya университети физика департаменти профессори (Малайзия):

– Ўзбекистон барқарор тараққий этаётган давлатлардан. Бунда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси мустаҳкам йўлга қўйилгани муҳим омил бўлмоқда. Янги материаллар олиш, уларни саноат ва ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларида қўллаш мамлакат ривожи, аҳоли ҳаёт сифатининг ошишида жуда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур симпозиумга наноэлектроспин усулида олинган литий никель асосли материалнинг синтези ва тавсифлари ҳақида маъруза тайёрладим. Ушбу материал нанозаррача ва нанотола тузилишига эга бўлиб, ноёб физик хоссаларни намоён қилади. Уни тиббиёт, электроника, машинасозлик ва бошқа соҳаларда қўллаш мумкин.

Сони Викрам, Жавоҳарлал Неру номидаги университетнинг Назарий физика маркази профессори (Ҳиндистон):

– Халқингизда илм билан машғул бўлиш «игна билан қудуқ қазиш»га ўхшатилади. Аслида ҳам шундай. Фақат эртанги кунига ишонган, барқарор тараққиёт йўлини аниқ белгилаб олган давлатлардагина илм-фан ривожига катта аҳамият қаратилади, бу борада зарур барча шарт-шароит яратиб берилади.

Мазкур симпозиум мисолида Ўзбекистонда фундаментал ва аниқ фанларнинг изчил равнақ топиши учун етарлича имконият ва салоҳият борлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Жаҳон физикларини жамлаган ушбу форумга илмий мақолалар тайёрладим. Уларда астрофизиканинг муҳим йўналишлари, хусусан, магнетарлар, яъни юқори магнит майдонига эга нейтрон юлдузларини бутун коинот бўйлаб астрофизик кузатувларда магнит майдони келиб чиқишининг янги моделини яратиш масалалари ҳақида фикр юритилган.

Рашид Сюняев, Гархинг шаҳар Макс Планк номидаги жамиятнинг Астрофизика институти директори, академик (Германия):

– Ўзбекистон – киндик қоним томган юрт: Тошкентда туғилганман, шу ердаги ўрта мактабда таълим олганман. Ҳар гал Тошкентга келсам, катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўламан. Ўзбекистон астрофизикларининг илмий изланишларини мунтазам кузатиб бораман.

2007 йил октябрда Майданак расадхонасида қуёш тизимидаги янги кичик планета аниқлангани, Гарвард кичик планеталар маркази уни 2009 йилда 210271-рақам билан расмийлаштиргани наинки Ўзбекистон тарихида, балки жаҳон астрономиясида ҳам муҳим воқеадир. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таклифи билан 2010 йилда бу кичик сайёрага «Самарқанд» номи берилган. Мазкур симпозиумда «Спектр-рентген-гамма» халқаро астрофизика орбитал обсерваториясининг Ўзбекистон олимлари иштирок этган илмий дастурлари мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини муҳокама қилдик. Ўйлайманки, Ўзбекистон астрофизиклари билан илмий ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил давом этади ва ўзининг юксак самараларини беради.

Шуҳрат Эгамбердиев, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти директори, профессор:

– Симпозиумда атмосфера тасвири сифати ҳақидаги кўп йиллик кузатув маълумотлари банки мавжуд жаҳондаги тўртинчи расадхона – Майданак обсерваториямиздаги астрофизик тадқиқотлар, эришилган ютуқларни халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этдик. Ҳозир хорижлик ҳамкасблар билан ҳамкорликда бу ерда кўп сонли кузатув ишлари олиб борилмоқда. Масалан, Бутун дунё бўйича блазарларни кузатиш телескоплари дастури (Whole Earth Blazar Telescope) бўйича қарийб 30 блазар – галактикалар астрономиясини ўрганишда коинотдаги энг муҳим ҳодисаларнинг узлуксиз мониторинги олиб борилмоқда. Яна бир маълумот: обсерваториямизда 2003 йилдан бери коинотда содир бўлган юздан ортиқ гамма чақнашлар, уларга тегишли ўнлаб мавжуд ва ўта янги 5 галактика кузатилган.

Институтимиз ва Хитойнинг Миллий астрономик обсерваториялар уюшмаси ҳамкорлигида Майданак обсерваториясидаги Цейсс-1000 телескопи тўлиқ такомиллаштирилмоқда. Натижада 2016-2020 йилларда самони тўлиқ кузатишга эришамиз, бу 150 миллиондан ортиқ юлдузнинг замонавий, энг юқори аниқликдаги каталогини, юқори сифатли ва масофага боғлиқ бутун осмон харитасини тузиш имконини беради.

***

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК ИЛМ-ФАН РАВНАҚИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИДИР

Тошкентда ўтаётган «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуидаги халқаро симпозиумда Ўзбекистон, Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Миср, Япония, Франция, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Бельгия, Австралия каби қарийб 30 давлатдан 300 дан ортиқ етакчи физик олим иштирок этмоқда. ЎзА мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Нобору Кавамото, Хоккайдо университети профессори (Япония):

– Ўзбекистон ҳудуди қадимдан жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлган. Умумбашарий цивилизациянинг узвий қисми – аниқ фанлар ривожида улуғ аждодларингизнинг хизматлари катта эканини халқаро жамоатчилик яхши билади. Хусусан, шу заминдан етишиб чиққан Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ўнлик позицион ҳисоблаш тизимини, ноль белгиси ва қутблар координаталарини биринчи бўлиб асослаб берган, амалиётга татбиқ этган. Бу нафақат математика, балки астрономия ривожида кескин бурилиш ясаган. Дунё илмида замонавий кибернетиканинг фундаментал тушунчаси – «алгоритм» Ал-Хоразмий номига нисбат берилиши ҳам бежиз эмас.

Мазкур симпозиум мисолида айтиш мумкинки, бу эзгу анъаналар бугун ҳам изчил давом эттирилмоқда. Форумда жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалалар қамраб олинган. Биз бунда элементар зарралар физикасининг муҳим масаласи – оламни қамраб олган тўрт фундаментал (электромагнит, кучсиз, кучли ва гравитацион) ўзаро таъсирни муваффақиятли ифодалайдиган Стандарт моделни ривожлантиришнинг янги услубини таклиф қилмоқдамиз.

Абдул-Ати Маҳмуд, Африка Фанлар академияси вице-президенти (Миср):

– Мисрликлар улуғ ватандошингиз Аҳмад Фарғоний номини катта ҳурмат-эҳтиром билан тилга олади. Чунки бу аллома ўрта асрлардаги асосий астрономик асбоб – устурлоб назариясини ишлаб чиққан, Нил дарёсида сув оқимининг ҳажми ва тезлигини ўлчайдиган машҳур иншоот – Миқёси Нилни яратган. “Ниломер” орқали дарё оқимидаги мавсумий ўзгаришлар ва уларнинг даражалари муттасил кузатилган, оқим сатҳи белгиланган. Бу асрлар давомида наинки мисрликлар, балки Нилдан сув ичадиган барча давлатларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволини башорат қилишда катта ўрин тутган.

Бугун Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсишга эришилаётгани, илм-фан, таълим ва маданият кенг ривож топиб, халқаро илмий ҳамкорликлар кўлами кенгайиб бораётганидан яхши хабардормиз. Бу, бир томондан, илм-маърифатга интилиш ўзбек халқининг қонида борлиги, мамлакатингиздаги тинчлик ва барқарорлик, илм-фан ва таълим тизими тараққиётига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани туфайлидир. Илм-фан ва таълим ривожига йўналтирилган сармоя келажакка сармоядир. Қаерда тинчлик ва барқарорлик бўлса, илм-фан марказлари, академиялар, олий ўқув юртлари фаолияти кенгаяди, таълим-тарбия равнақ топади, билим олишга қизиқиш кучаяди. Буни устувор вазифа сифатида танлаган мамлакат тараққиётга эришиши шубҳасиз. Тарихнинг бу ҳақиқати Ўзбекистон ҳаёти мисолида яна бир бор ўз исботини топмоқда.

Биргитта Нордстрем, Копенгаген университети профессори (Дания):

– Жаҳондаги ҳар бир астроном Ўзбекистонга келишни, айниқса, Самарқандда бўлиб, Мирзо Улуғбек бундан олти аср аввал барпо этган обсерваторияни ўз кўзи билан кўришни истайди. Буюк аждодингиз XV асрда тузган астрономия жадвалида 1018 юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган. Бу асар астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган биринчи янги каталог эди. Шу боис Ойдаги кратерлардан бири айнан Мирзо Улуғбек номи билан аталади.

Тепамизда чарақлаб турган Қуёш ҳамда бепоён осмонимизни безаб турган юлдузлар, биз яшаб турган Ер ва шунга ўхшаш барча планета Сомон йўли аталмиш галактикада ҳаракатланади. Кейинги йилларда галактикалар ва улар тўдаларининг фазода жойлашиши ва ҳаракатланиши маълум бир қонуниятга бўйсунган ҳолда кенгаяётганлиги аниқланди. Мазкур симпозиумда Сомон йўли галактикамизнинг келиб чиқишини тушунишга оид маърузам билан қатнашяпман. Бу – сайёрамизда ҳаёт қай тарзда бошланганини англаш демак. Дарвоқе, яна бир буюк ватандошингиз Абу Райҳон Беруний бундан ўн аср аввал Сомон йўлини «тумансимон юлдузларга ўхшаш саноқсиз қисмлар тўплами», деб таърифлаган.

Александр Гусев, Россиянинг «ТАТА» илмий-техникавий маркази бош директори, академик:

– Ўзбекистоннинг қуёш энергиясидан фойдаланиш имконияти жуда катта. Бу ерда қуёш энергиясининг ялпи салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентидан ортиқ экани ҳам кўп нарсадан далолат беради. Мамлакатингиз ушбу соҳани ривожлантириш бўйича малакали мутахассисларга эга. Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, энергия ишлаб чиқаришдаги энг янги технологияларни жорий этиш ва соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жаҳон иқтисодиёти тармоқларида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда. Мазкур форумда қайта тикланувчи, экологик соф энергия манбаларидан фойдаланишда илм-фаннинг энг янги ютуқларини қўллаш борасидаги қатор муҳим масалалар муҳокама этилаётгани катта аҳамиятга эга. Симпозиумда электрохромик тизимларнинг янги креатив технологиялари ҳақидаги маърузам билан қатнашяпман. Бу қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришда қуёш ячейкаларини ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш каби долзарб масалаларнинг ўзига хос бир ечимидир.

***

ХАЛҚАРО СИМПОЗИУМНИНГ БИРИНЧИ КУНИ: СУҒУРИЛГАН ТИШНИ ТИКЛАШ, ГРАСГОФ МЕЗОНИ, ЯНГИЛАНУВЧИ ЭНЕРГИЯ МАНБАЛАРИ ВА БОШҚА МАВЗУЛАР

Фундаментал ва амалий физика масалаларига бағишланган халқаро  ўз фаолиятини Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети физика факультетида  давом эттирмоқда. Симпозиум 10 ноябрь куни 4та секцияга бўлиниб, ўз фаолиятини давом эттирди.

Биринчи секция назарий физика ва астрофизика масалаларига бағишланди. Бавария Фанлар академияси президенти, профессор К. Хоффман “Ҳаёт илмларида математик моделлар” мавзусидаги маърузасида инсоннинг суғурилган тишини тиклаш жараёнини тушунтирувчи тенгламани ҳисоблаб чиқди.

Ҳиндистонлик физик олим, профессор Н. Дадич Грасгоф мезонининг бир асрдан сўнг қандай тушунилаётганлиги ҳақида сўз юритди.

Украиналик олим, профессор А. Соловьевнинг чиқиши эса юқори ҳароратли суперкондукторларда ўта ўтказувчанлик ва магнетизм ўртасидаги боғлиқлик мавзусига бағишланди. У ўз маърузасида инсоният электр қувватидан электростанциялардаги қисқа туташувларсиз, тўғридан тўғри фойдаланиши реал тушунчага айланганлигини таъкидлаб ўтди.

Даниялик астрофизик олима И.Нордсрем Сомон йўли галактикаси, унинг пайдо бўлиши билан боғлиқ маълумотлар билан барчани қизиқтириб қўйди.

Иккинчи секцияда экспериментал физик тадқиқотлар натижалари муҳокама қилинди. Айтиш жоизки, симпозиумнинг ушбу секция доирасида айнан амалий тадқиқотлар ва уларнинг ўрни ҳақидаги маърузалар ўқилди. Россия, Нидерландия, Италия, Германия, Малайзия, Жанубий Корея ва ўзбекистонлик олимлар ўз илмий изланишлари юзасидан маълумот беришди. Радиацион технологиялар, кристаллик материаллар, эпитермал нейтронлар кабилар устидан олиб борилган  тадқиқотлар хулосалари қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Учинчи секция иштирокчилари янгиланувчи энергия манбаларини қўллаш истиқболлари хусусидаги маърузаларни тинглади.  Дастлаб сўзга чиққан Россия Фанлар академияси ярим ўтказгичлар физикаси институти директор ўринбосари, профессор О. Пчеляков  ўз тақдимотида сунъий йўлдошларнинг фаолиятини таъминловчи материаллар самарадорлигини қуёш энергияси ҳисобига оширувчи замонавий ишланмалар тўғрисида сўз юритди.

Малайзиялик профессор И. Ноорнинг маърузасида эса қуёш энергиясини ютишда синтезатор сифатида ўсимликлардан олинадиган табиий бўёвчи моддалардан фойдаланиш таклифини берди.

“Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш ташкилоти миллий физика-техника институти вакили Жасур Ахатов ўз тақдимотида Ўзбекистонда ва қуёш энергиясидан фойдаланиш тарихи ва истиқболлари борасида статистик маълумотлар келтириш билан бир қаторда, мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган кенг қамровли давлат дастурига ҳам алоҳида тўхталди. 2013 йилда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган, Марказий Осиёда биринчи ва айни пайтда ягона бўлган Халқаро қуёш энергетикаси институти фаолиятига ҳам урғу берди.

Тўртинчи секция назарий физикадаги янгиликларга бағишланди. Бунда физиканинг биология ва кимё, тиббиёт билан боғлиқ жиҳатларига боғлиқ янги фаразлар илгари сурилди. Жумладан, бельгиялик профессор Д. Дирк биологик занжирларни тушунтиришда биоматериаллар физик-кимёвий хоссаларига таяниш мумкинлигини таъкидлади. Бу каби қизиқарли мавзулар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

Халқаро симпозиум иштирокчилари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбат жараёнида Ўзбекистонда илм-фан тараққиёти борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Итальян физиги  Г. Гамбарини хоним Ўзбекистонда аёлларнинг илм-фанга қизиқиши юқори эканлиги қувонарли ҳол эканлигини таъкидлаб ўтди.

Чехиялик тадқиқотчи Милан Калал эса ўзбекистонлик ёш олимлар ҳақидаги саволга шундай дея жавоб қайтарди: “Ўзбекистонлик бир дўстим бор. У билан анчадан буён ёзишма олиб борамиз. Унинг ўғли ҳам ота изидан бориб, физикани танлади. Мен ўзбек ёш олимларидан кўпларни танимайман. Бироқ шу дўстимнинг ўғлини ўзим билган барча ёш тадқиқотчилар орасида энг тиришқоқ ва меҳнатсевар инсон деб биламан”.

Шунингдек, япониялик Шикама Тацу ҳамда даниялик Андерсен Йоханнес ҳамкасблари маърузаларидан жуда кўп янги маълумотлар олаётганликларини таъкидлаб, Ўзбекистонда ёшларни илмга йўналитириш борасида амалга оширилаётган ишлардан ҳайратда эканликларини билдиришди.

Профессор Пчеляков ўзининг ОАВга берга интервьюсида ўзбек олимларининг қуёш энергетикаси соҳасидаги ютуқларини эътироф этиб, келгусида мамлакатимиз илмий-текшириш институтлари билан бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадини билдирди. “Бундай симпозиумда иштирок этиш ёқимли. Ташкилотчилар тайёргарлиги аъло даражада. Бунда давлат кўмаги сезилади. Таклиф этилган меҳмонлар мавқейи анчайин юқори, ўзбек олимларининг маърузалари эса юртингизда илмий мактаблар фаолияти яхши йўлга қўйилганлигидан далолатдир”, дейди бу ҳақда Германия материяшунослик институти вакили жаноб Желудкевич.

Семинарнинг биринчи куни ана шундай илиқ фикр ва таассуротларлар билан якунланди.

***

ЎЗБЕК ОЛИМИ ҚУЁШ ЭНЕРГИЯСИНИ ЎЗЛАШТИРУВЧИ ҚОПЛАМАЛАРНИНГ ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯСИНИ ТАҚДИМ ЭТДИ

Тошкентда бўлиб ўтган халқаро симпозиумда маърузаларни тинглаган иштирокчилар тўрт тематик шўъбага тарқалишди.

Назарий ва астрофизика масалаларига бағишланган биринчи шўъбада Озарбойжон, Россия, Хитой, АҚШ, Латвия ва ҳиндистонлик физик олимларнинг маърузалари тингланди. Маърузачилар коинотни кузатиш ва астрометрик тадқиқотлар ўтказишдаги янгиликлар, қаттиқ жисмлар физикаси, квант физикаси масалаларига оид фикр-мулоҳазаларини тақдим этдилар. Астрометрия ва коинотни кузатиш фаолияти ҳақидаги маърузаларда олимлар Ўзбекистондаги Майданак обсерваториясининг бу борадаги аҳамиятини қайд этишди. Хусусан, экзосайёра (Қуёшдан бошқа юлдузлар атрофида айланувчи сайёра)лар ҳақидаги қизиқарли маърузани тақдим этган россиялик олим Дмитрий Бисикало бу типдаги янги сайёраларни кашф этишда Майданак билан ҳамкорлик яхши натижа бериши ҳақида таъкидлаб ўтди. Тақдимотлар орасида германиялик ёш олим Зири Ёнсининг қора туйнукларни тасвирга тушириш ҳақидаги маъруза барча учун қизиқ бўлди. У бу борадаги тадқиқотлардан жамоатчиликни хабардор қилиш усулларига ҳам тўхталиб ўтди.

Шўъба йиғилишининг назарий физика қисмида голландиялик олим Жан Зааненнинг қаттиқ жисмлар физикасига бағишланган маърузаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Олимнинг бу соҳадаги турли назарияларни бирлаштириб илгари сурган янги фаразлари ҳақида йиғилганлар маърузадан сўнг ҳам анча муддат мунозара қилдилар.

Экспериментал физика натижалари муҳокама қилинган иккинчи шўъба йиғилишида яримўтказгичлар физикаси, ўта ўтказувчанлик ҳодисаси, металларнинг физик-химик хоссалари каби мавзулар юзасидан Япония, Қозоғистон, Латвия каби мамлакатлардан келган физик олимларнинг маърузалари тингланди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш имкониятларига бағишланган маърузалар халқаро симпозиумнинг учинчи шўъбасида тингланди. Йиғилганлар эътиборига қуёш энергиясини янада самарали ўзлаштиришда полимер электролит ва бўёқ моддалардан фойдаланиш масалалари (Малайзия), терининг ҳимоя функциясини кучайтирувчи капсулалар (Германия), ультрабинафша ва инфроқизил нурларни ўтказмайдиган (Ўзбекистон) ва электрохром ойна (Россия) каби амалий аҳамиятга эга лойиҳалар тақдим этилди. Хорижлик олимлар билан бир қаторда, ўзбек тадқиқотчилари ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишнинг янги имкониятлари ҳақидаги маърузалари билан иштирок этишди. Жумладан, “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш ташкилоти Материалшунослик миллий институти вакили Султон Сулаймонов қуёш энергиясини ўзлаштирувчи қопламалар учун композицион материаллар синтезининг янги технологиясини тақдим қилар экан, қуёш энергияси билан шуғулланувчи тадқиқотчилар олдида турган энг асосий масала электр энергияси таннархини туширишдан иборат эканлигини таъкидлади».

Тўртинчи шўъбада фундаментал ва амалий физикадаги янги материаллар мавзусига оид маърузалар тингланди. Унда Буюк Британия, Бельгия, Покистон, Россия, Хитой, Япония, Греция ва Украинадан келган олимлар ўз изланишлари натижаларини тақдим қилишди.

Шўъбалар доирасидаги барча маъруза ва муҳокамалар ниҳоясига етгач, иштирокчилар халқаро симпозиумнинг якуний йиғилишида тўпландилар. Дастлаб йиғилиш раиси, Ўзбекистон Миллий университети ректори профессор Аваз Мараҳимов сўзга чиқиб, бу тоифа анжуманларнинг мамлакатда илм-фан тараққиётидаги аҳамиятини таъкидлаб, симпозиум иштирокчиларига қизиқарли ва долзарб тақдимотлар учун миннатдорлик сўзларини билдирди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 THE FINANCIAL TIMES ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА ИШИГА БАҲО БЕРДИ

Буюк Британиянинг The Financial Times газетасида «Ўзбекистон: электрон ҳукумат вакиллик демократияси ва давлат шаффофлигини оширишни таъминлайди» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.

Мақола давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларига ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши ва жадал ривожланишига бағишланган.

Мақолада Ўзбекистонда мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурининг амалга оширилиши ҳақида сўз боради. Газетада ушбу босқичда ижобий натижаларга эришилгани, хусусан 290дан ортиқ кўринишдаги давлат хизматларини кўрсатувчи интерактив давлат хизматлари ягона портали фаолият кўрсатаётгани эътироф этилади.

Мақолада ёзилишича, 2016 йил бошидан буён мурожаатлар сони 2 баравар ошган ва 800 мингдан ортиқни ташкил этди. Илгари давлат бу хизматларни қўл режимида кўрсатиши учун кўплаб ресурс сарфлашга мажбур бўларди.

Нашрда ёзилишича, давлатнинг муҳим қарорларни қабул қилишида фуқаролар ва тадбиркорларнинг иштирокини таъминлайдиган қонунчилик ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш тизими яна бир самарали восита бўлди. Мазкур тизим орқали 800дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамадан ўтди ва 1400дан ортиқ изоҳ ва таклифлар олинди ҳамда уларнинг ярми қонунчилик ҳужжатларини тасдиқлашда инобатга олинди.

«Очиқ маълумотлар миллий Порталининг ишга туширилиши бизнес-стартапларни бошлашдаги муҳим омиллардан бири бўлди, ундан 630 минг мартадан ортиқ фойдаланилди. Портал ўз ичига 109 ташкилот томонидан тақдим этилган 1750та очиқ маълумотлар тўпламини ўз ичига олади», — деб давом эттирилади The Financial Times газетасидаги мақолада.

Мақолада солиқ ва статистика ҳисоботи, божхона декларацияларини расмийлаштириш, тадбиркорлик субъектлари ва фирма номларини рўйхатдан ўтказиш кабилар энг талабгир онлайн хизматларга айлангани, “Электрон виза” тизими йўлга қўйилганлиги эътироф этилади. Шу билан бирга, давлат харидлари бўйича электрон савдоларнинг ягона механизми, тадбиркорларнинг хўжалик судларига даъво аризаси бериши бўйича электрон тизим, давлат хизматларини олиш учун ариза беришда ҳужжат қабул қилишнинг “ягона ойна” тизими самарали фаолият кўрсатмоқда. Шу тарзда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари энг талабгир ва оммабоп давлат хизматларига монитор ва смартфонлар орқали кириш имкониятига эга бўлдилар.

«Бугунги кунда мамлакатда 32 миллион аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 60 фоизини ёшлар ташкил этади, уяли алоқа хизматларидан 21 миллион киши, интернет хизматидан 13 миллиондан ортиқ киши фойдаланади, — деб ёзади нашр. – Мамлакатда кенг миқёсда олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон БМТнинг 2016 йилдаги электрон ҳукумат ривожланиши бўйича рейтингида ўз ўрнини сезиларли даражада яхшилаб олди ва электрон ҳукумат фаолияти жорий этилган мамлакатлар орасида 80-ўринни, ҳукуматнинг фуқаро ва бизнес вакиллари билан самарали мулоқотини баҳоловчи электрон иштирок индексида 47-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида 3-, Марказий Осиё давлатлари орасида 1-ўринда туради».

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистонда электрон ҳукуматнинг жорий этилиши ва ривожланиши миллий устуворлик касб этган, «Электрон ҳукумат» бўйича 40дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилинган, “Электрон ҳукумат ҳақида”ги қонун асосида меъёрий-ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилган.

«2016 йил 25 сентябрда Бош вазирнинг Виртуал қабулхонаси (PM.gov.uz) ташкил этилиши аҳолининг давлат органлари билан мулоқотини тубдан такомиллаштирди ва Ўзбекистонда жамиятни демократлаштиришнинг бир қисмига айланди, — деб ёзади газета. – Эндиликда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ҳал этилмаган муаммолар, шикоят ва таклифлари билан ҳеч қандай сарф-харажат ва рақамли имзоларсиз бир лаҳзада тўғри Бош вазирга мурожаат этишлари мумкин. Колл-марказ паспорт маълумотлари каби шахсий маълумотни талаб қилмайди, телефон рақамининг ўзи кифоя».

Мақолада Виртуал қабулхона мурожаат қилувчиларнинг гендер тенглигини ривожлантириш ҳамда имконияти чекланган кишиларнинг порталдан телефон рақами орқали фойдаланиш ва Колл-марказга оғзаки мурожаат қилишларига имкон бериши таъкидланади. Виртуал қабулхонанинг устун жиҳатлари очиқ-ошкора кўзга ташланиб туриши эътироф этилади. Булар жамоатчилик ишончининг ошиши, муаммони ҳал қилишда умумдавлат ёндашувини таъминлаш, ислоҳотларни «қуйидан-юқорига» тамойили асосида амалга ошириш, шаффофлик ва коррупциянинг олдини олиш кабилардир. Ўз навбатида, мазкур омиллар ҳокимиятнинг барча қатламларининг босқичма-босқич очиқ ва шаффофлигини таъминлайди.

The Financial Times шунингдек Бош вазирнинг Виртуал қабулхонасини янада ривожлантириш бўйича режалар билан ҳам таништиради. Уларга кўра давлатнинг ҳудудий ва қуйи органлари бўлинмалари ҳамда туманлар прокуратура органларини ҳам тармоққа қамраш кўзда тутилган.

«Мазкур портал институционал ислоҳотларни такомиллаштиришга хизмат қилади ва жамоатчилик, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун дўстона тизим вазифасини бажаради. Келгусида янада ривожлантирилиши ва такомиллашиши кўзда тутилган Виртуал қабулхона БМТнинг 2018 йилги ҳисоботида жаҳон мамлакатлари орасида давлат хизматларини кўрсатиш бўйича намуна сифатида тилга олинишни мақсад қилган», — дейилади мақолада.

Британ нашри хулоса сифатида электрон ҳукумат вакиллик демократияси ва давлат шаффофлигини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг ёрқин келажаги йўлида ўзига хос ҳаракатлантирувчи омил бўлишини билдиради.

 

ЎЗБЕКИСТОН ВА РФ МЕВА-САБЗАВОТЛАРНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ БЎЙИЧА КЕЛИШИБ ОЛИШДИ

2016 йил 8-10 ноябрь кунлари Тошкентда I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси бўлиб ўтгани ҳақида аввал хабар берилган эди. Унда турли хорижий мамлакатларнинг ушбу соҳа вакилларидан иборат делегациялари ҳам қатнашган. Жумладан, Россия делегацияси Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларига катта қизиқиш билдирган. РФ Қишлоқ хўжалиги матбуот хизматининг хабар беришича, ташриф сўнггида Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотларни етказиб бериш бўйича Ўзбекистон-Россия ишчи гуруҳи тузилган.

Хусусан, Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Евгений Громико Ўзбекистонга сафари чоғида, республикадан Россияга мева-сабзавотларни етказиб бериш ҳажмини ошириш масалалари бўйича музокаралар ўтказган.

Унинг таъкидлашича, 2016 йилда Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотларни етказиб бериш ўтган йилга нисбатан 2,3 бараварга ошган. Евгений Громико Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан ҳам учрашган.

I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида маълум қилинишича, 2016 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистон 700 минг тоннага яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилган. Йил охиригача бу кўрсаткич 1 млн. тоннага етиши кутилмоқда. Маҳсулотлар экспортининг 60-65 фоизга яқини Россия Федерациясига юборилган.

 

ТРАМП ПУТИН БИЛАН ТЕЛЕФОН ОРҚАЛИ СУҲБАТИ РЕЖАЛАНГАНИНИ ТАЪКИДЛАМОҚДА

АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трампнинг таъкидлашича, яқин орада у Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот ўтказади. У президентлик сайловидан кейинги илк интервьюсида шундай баёнот берган. Суҳбат матни The Wall Street Journal нашрида чоп этилган.

Газетанинг ёзишича, Трамп ташқи сиёсат ҳақида фикр юритар экан, ХХР раиси Си Цзиньпиндан бошқа аксарият жаҳон мамлакатлари етакчиларидан табрикнома олган, айримлари билан телефон орқали суҳбатлашганини маълум қилган. Нашрга кўра, «Трамп Россия давлат раҳбари Владимир Путиндан ажойиб мактуб олганини қўшимча қилиб, тез орада улар ўртасида телефон орқали суҳбат бўлишини айтган».

 

ХИТОЙ КОИНОТГА YUNHAI-1 МЕТЕОРОЛОГИК ЙЎЛДОШИНИ УЧИРДИ

Хитой коинотга Yunhai-1 метеорологик йўлдошини муваффақиятли учирди. «Чанчжэн-2D» ракета-ташувчиси сунъий йўлдош билан бирга Цзюцюань космодромидан учирилди. Телекоммуникацион йўлдош Ер атмосферасини ўрганиш ва илмий-техник тажрибаларни ўтказиш учун мўлжалланган.

Маълум қилинишича, сунъий йўлдош Хитой аэрокосмик илми ва техникаси корпорациясининг Шанхайдаги бўлими томонидан яратилган.

 

БМТ: «АРАБ БАҲОРИ» ЯҚИН ШАРҚҚА 614 МЛРД ДОЛЛАРГА ТУШДИ

«Араб баҳори» Яқин Шарқ давлатлари иқтисодиётига 614 млрд долларга тушди, деб хабар бермоқда БМТнинг Ғарбий Осиё бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ҳисоботига иқтибос келтирган ҳолда RT телеканали. Бу қиймат ихтилофгача прогноз қилинган ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоизига тенгдир.

Ҳисоб-китоблар Яқин Шарқ давлатлари бўйича бу минтақада ғалаёнлар бошланишигача берилган иқтисодий прогнозлар асосида ўтказилди. Ҳужжатда таъкидланишича, ихтилофнинг 6-йилига келиб биргина Суриянинг кўрган зиёни 265 млрд долларни ташкил қилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирда кузатилаётган нефть нархининг тушиши Яқин Шарқ давлатлари иқтисодиётига ижобий таъсир қилади, бироқ минтақа ҳамон халқаро ҳамжамиятнинг кучли кўмагига муҳтож.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 

ЎЗМУГА ГЕРМАНИЯДАГИ БАВАРИЯ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ ПРЕЗИДЕНТИ ТАШРИФ БУЮРДИ

Шу йил 10-11 ноябрь кунлари Ўзбекистон Фанлар Академиясида «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиуми бўлиб ўтди

Шу муносабат билан Германиядаги Бавария Фанлар академияси президенти Хоффманн Карл Хейнц Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов хорижлик таниқли олим билан самимий мулоқот давомида истиқлол йилларида Ўзбекистонда таълим соҳасида эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритар экан, Миллий университетимизнинг Германия олий таълим муассасалари билан илмий ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани ва унинг самараларига алоҳида эътибор қаратди.

Хоффманн Карл Хейнц ЎзМУ билан ҳамкорлик алоқаларини келгусида янги босқичга олиб чиқиш, эртага ўз ишини бошлайдиган халқаро симпозиум келгусида бундай алоқаларни янада такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

 

ЎЗМУ ВА АҚШ УНИВЕРСИТЕТЛАРИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

Илмий ҳамкорлик таълим тараққиётига хизмат қилади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Америка Қўшма Штатлари Жанубий ва Марказий Осиё бюроси давлат департаментининг университетлараро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича бош координатори Ричард Бойум ва мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган АҚШ элчихонасининг Маданият ва таълим йўналишлари бўйича атташеси Дайан Дель Розариолар билан давра суҳбати ўтказилди.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов хорижлик меҳмонларга истиқлол йилларида Ўзбекистонда таълим соҳасида эришилган ютуқлар, хусусан, Миллий университетда амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди.

Ўз навбатида Ричард Бойум АҚШ унивесритетларининг ўқув методикаси ва фаолияти билан таништирар экан, Ўзбекистон олий таълим муассалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини келгусида янги босқичга олиб чиқиш имкониятлари кўплигини алоҳида таъкидлади.

Давра суҳбатида ЎзМУ ва АҚШ университетлари ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар ва талабалар ўртасида халқаро грантларда иштирок этиш каби қатор масалалар юзасидан фикрлашиб олинди.

 

ЎЗМУДА ХОРИЖЛИК ФИЗИК ОЛИМЛАРНИНГ МАЪРУЗАЛАРИ КАТТА ҚИЗИҚИШ УЙҒОТДИ

10 ноябрь куни Ўзбекистон Фанлар Академиясида «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуида халқаро симпозиумнинг очилиш маросими ўтказилди. Мазкур халқаро анжуманга етиб келишган хорижлик таниқли физик олимлардан бир гуруҳи бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Физика факультетида талабалар ҳамда ЎзМУ ҳузуридаги педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Минтақавий маркази тинловчилари билан учрашиб, уларга физика соҳасида олиб бораётган тадқиқотлари ва бу борада эришилган ютуқлар ҳақида сўзлаб бердилар.

Япония Миллий Астрономия обсерваториясининг назарий астрофизика бўлими профессори Тошитака Каджино ўз маърузасида ядродаги электро заиф таъсирлар жараёнининг кундалик ҳаётга таъсири ҳақида сўз юритди. Унинг бу борадаги илмий асосланган фикрлари ва ғоялари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

АҚШдаги Калифорния университети профессори Чандра Варма бугун дунё физик олимлари олдида турган глобал масалалар ҳақида сўз юритар экан, ядролардаги электро заиф таъсирларнинг коинотдаги ядролар ва элементларнинг ҳосил бўлишдаги ролини илмий асослаб берди.

Нидерландия Лейден университети профессори Йоханнес Заанен физика соҳасида эришилаётган ютуқлар, илмий тадқиқотлар бутун дунё тараққиётига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Украиналик профессор Андрей Соловьев ўз тадқиқотлари ҳақида сўз юритар экан, уларни слайдлар орқали изоҳлаб берди.

Тингловчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

10-11 ноябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуидаги халқаро симпозиум бугун жаҳон физикасидаги фундаментал ва амалий масалаларни муҳокама қилиш билан бирга ўзбек физика мактабининг салоҳиятини халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этиш имконини берди.

Халқаро симпозиум қуйидаги тўрт йўналишда бўлган:

– назарий физика ва астрофизика,

– экспериментал физика,

– қайта тикланувчи энергия манбалари

– янги материаллар борасидаги муаммолар, ютуқлар ва истиқболдаги янги тенденциялар.

Айтиш жоизки, халқаро анжуманда мамлакатимиз олимларидан ташқари Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Хитой, Франция, Германия, Италия, Россия каби 25 ортиқ давлатдан 70 дан зиёд физик олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этиши кутилмоқда. Симпозиумда жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалалар ҳақида маърузалар тингланади, ўзаро фикр алмашилди.

Халқаро анжуман ниҳоясига етгач, хорижлик физик олимлар фусункор мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳат қилдилар.

 

БУЮК КЕЛАЖАГИМИЗНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

1992 йилнинг 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кун. Шу муносабат билан ҳар йил Бош қомусимиз қабул қилинган кун олдидан турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш ўзига хос анъанага айланган. Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Конституция – буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолати” мавзуида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Республика Маънавият тарғибот маркази томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда ЎзМУ талабалари, ёш тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар иштирок этдилар.

ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси доценти Шерзод Зулфиқоров, Республика Маънавият тарғибот маркази етакчи мутахассиси Бекзод Орзиев ва бошқалар мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан қабул қилинган ва йиллар мобайнида такомиллаштирилган Бош қомусимизнинг жамиятимиз тараққиётида тутган ўрнини алоҳида таъкидладилар.

Дарҳақиқат, Конституциямиз ўз мазмун-моҳиятига кўра халқимиз тафаккурининг маҳсули бўлиб, у давлатни давлат, миллатни миллат сифатида танитадиган қомусномадир. Унинг барча моддалари дунёда умумэътироф этилган тамойиллар, халқаро ҳуқуқ нормалари ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлардаги умуминсоний тамойиллар мазмуни билан суғорилган. Мазкур Асосий қонунимиз тинч ва осуда, фаровон ҳаётимиз кафолати ҳисобланади. Фуқаролик жамиятининг барча меъзонлари асосий қонунимизда ўз аксини топган. Ундаги нормалар асосида ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти институтлари давлат ва жамият ҳаётида муҳим рол ўйнамоқда. Фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки, улар томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган самарали ишларига ҳам бевосита Конституция ва у асосида қабул қилинган қонунлар ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Тадбир сўнггида Ўзбекнаво эстрада бирлашмаси хонандаси Шуҳрат Дарёнинг бадиий чиқишлари талабаларда катта таассурот қолдирди.

 

ТАЛАБАЛАР САЙЛОВДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАДИЛАР

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари шу йил 4 декабрь куни мамлакатимизда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этадилар.

4, 5-талабалар турар жойларида ўтказилган “Сайлов ҳуқуқи – олий қадрият” мавзуида ўтказилган давра суҳбатларида Ижтимоий фанлар факультети профессор-ўқитувчиларидан бир гуруҳи ёш сайловчиларга сайлов қонунчилиги ва унинг жамиятимиз тараққиётида тутган ўрни ҳақида сўз юритдилар.

– “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун ва сўнгги йилларда унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти, сайловчиларнинг Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақида ҳар бир талаба етарли даражада билимга эга бўлиши лозим, бу уларнинг сиёсий маданиятини кўрсатади,– дейди доцент Лаълихон Муҳаммаджонова.– Бугунги давра суҳбатларида талабаларимиз бу борада ўзларини қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоблар олдилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

 

You may also like...

1 Response

  1. Jumamurodova Muyassar:

    Berib borilayotgan yurtimiz va jahon yangiliklari biz uchun muhim. Ulardan o’zimiz uchun xulosalar chiqaramiz, hatto. Katta rahmat, ustoz.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>