“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 16-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (12-17 декабрь кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 16-2016

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (12-17 декабрь кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан www.nuuz.uz ва www.uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 

I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ЛАВОЗИМИГА КИРИШИШ ТАНТАНАЛИ МАРОСИМИГА БАҒИШЛАНГАН ОЛИЙ МАЖЛИС ПАЛАТАЛАРИНИНГ ҚЎШМА МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

Тошкентда 2016 йил 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, мамлакатимиздаги хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси М. Абдусаломов очди. У юртдошларимиз ўзининг юксак сиёсий маданияти, Ватанимиз тақдирига дахлдорлик туйғусини намоён этиб, 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол қатнашганини таъкидлади. Сайлов жараёнини 5 халқаро ташкилот ва 46 давлатдан 600 га яқин кузатувчилар кузатиб борди. Бу Ўзбекистон Президенти сайлови демократик талабларга тўла мос тарзда, миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар доирасида, очиқ ва ошкора ўтганининг ёрқин далилидир.

Юксак савияда ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоиз овозини олиб ғолиб бўлди.

Марказий сайлов комиссияси Раиси залда ҳозир бўлганлар ва сайловчилар номидан Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан самимий табриклади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти гувоҳномасини, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шаҳодатномасини топширди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 92-моддасига мувофиқ, Президент Шавкат Мирзиёев қасамёд қилди: “Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросими якунланди.

Танаффусдан сўнг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзодни тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н. Исмоилов бошқарди.

Мамлакатимиз Конституциясининг 98-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига тавсия этилади. Шунга мувофиқ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгашининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида Бош вазир лавозимига номзод кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига мамлакатимиз Бош вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини тавсия этди.

— Биз бу масала бўйича жуда кўп ўйлаб, тегишли маслаҳатлар қилдик. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам атрофлича маслаҳатлашдик,— деди Шавкат Мирзиёев.— Ўтказилган муҳокамаларда билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни эътиборга олган ҳолда, мен ушбу лавозимга ҳам амалий соҳада, ҳам марказий идораларда кўп йиллик бошқарув тажрибасига эга бўлган, 11 йил давомида Бош вазирнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини тавсия этаман.

Давлатимиз раҳбари йиғилганларни А. Ариповнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Номзоднинг касб малакаси, билим ва тажрибаси, инсоний фазилатлари ҳақида гапирди.

Барчамиз яхши биламиз, ҳозирги пайтда бутун дунёда ахборот-коммуникация технологиялари даври, деди Шавкат Мирзиёев. Бу соҳа соат сайин шиддат билан ривожланмоқда. Ҳозирги кунимиз ва келажагимизни, бу соҳа ривожисиз тасаввур қилиш мумкин эмас.

Бугунги кунда мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимига ўтиш борасида жуда катта ишлар бошланган ва уларни босқичма-босқич мантиқий давом эттириш муҳим вазифа сифатида кун тартибида доимий тарзда туради.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси қанчалик ривож топгани сари, унинг афзаллиги ва қулайликларидан фойдаланиш билан бир қаторда, бутун мамлакатимизда ахборот хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб масалага айланиб бормоқда.

Шу билан бир қаторда, кейинги икки ой давомида Бош вазирнинг электрон порталига тушган 270 мингдан ортиқ мурожаатлар, шунингдек, янги ташкил этилаётган “Халқ қабулхоналари”га бўладиган мурожаатларнинг ечими бўйича ҳам аниқ ва тезкор иш тизимини яратиш талаб этилади. Бу ишларга ҳукумат раҳбарининг шахсан ўзи бош-қош бўлиши зарур, деди Президентимиз.

Абдулла Ариповнинг бевосита хизмат ваколатига кирмайдиган қўшимча вазифаларни ҳам топшириб, бу инсонни кўп маротаба ҳар томонлама синовдан ўтказганман. Бу кишининг юртимизда бормаган вилоят, шаҳар ёки тумани, кирмаган даласи, қурилиш, маданий-маиший, савдо объектлари қолмаган. Шунинг учун мамлакатимиз ҳудудларидаги шарт-шароитни, муаммо ва масалаларни жуда яхши билади. Энг асосийси, борган ва кўрган жойидаги масалани ўзи мустақил ҳал қилади, агар ўзи ечолмаса, аниқ таклиф беради.

Давлатимиз раҳбари А. Ариповнинг хушмуомалалиги, одамлар билан тил топиша олиш қобилияти, муаммо ва масалани эшитиш ва негизига етиб, унинг ечими бўйича адолатли қарор қабул қилиш салоҳиятини алоҳида таъкидлади.

А. Арипов бугунги кунда олдимизда турган жуда катта масалаларни ҳал этишда, яъни мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашни янги босқичга кўтариш, қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш бўйича дастурий вазифаларни амалга оширишда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини самарали асосда ташкил этиш, Бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, барча даражадаги ҳокимликлар раҳбарлари билан бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат бўлиб ишлаш салоҳиятига эга. У ўзига юклатилган ҳар қандай топшириққа, катта ёки кичик демасдан, бир хил масъулият билан ёндашади, сўзсиз бажариш ва мантиқий якунига етказиш чораларини кўради.

Яна бир олижаноб хислати — ҳалоллиги, одамларга доимо ҳурмат билан қараши, уларнинг дардига дармон бўлишга интилиши, Ватанимиз ва халқимизга садоқатидир.

Сиз, ҳурматли депутат ва сенаторлардан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тавсия этилаётган Абдулла Ниғматович Арипов номзодини қўллаб-қувватлашингизни сўрайман, деди давлатимиз раҳбари.

А. Арипов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастури ҳақида нутқ сўзлади.

Мажлисда сўзга чиққанлар Президентимизнинг маърузасида баён этилган устувор йўналишларни қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тавсия этилган А. Арипов номзодини маъқуллади. Олий Мажлис палаталари Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси якунланди.

 

ПРЕЗИДЕНТ БУЮК БРИТАНИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дунканни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этган қайғули кунларда Ўзбекистон халқига чуқур ҳамдарлик билдиргани ва қўллаб-қувватлагани учун Британия ҳукуматига самимий миннатдорлик изҳор этди. Алан Дункан Самарқандга ташрифи чоғида Буюк Британия раҳбарияти номидан Биринчи Президентимиз қабрини зиёрат қилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистонда юксак қадрланади.

Ўзбекистон Буюк Британияни жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган давлат, деб билади ва сиёсий, иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ушбу мамлакат билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш, халқаро майдонда, жумладан, минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратади.

Алан Дункан, ўз навбатида, Шавкат Мирзиёевни Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан муборакбод этди. Буюк Британия давлатимиз раҳбари бошлаган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаши ва Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти билан Ўзбекистон – Британия ўртасидаги серқирра ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.

Учрашувда Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигининг барча йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Суҳбат чоғида бугунги кунда улкан имкониятлар мавжуд бўлган савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштириш янада муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида Буюк Британия капитали иштирокида тузилган 544 корхона фаолият юритмоқда.

Жорий йил 17 ноябрь куни Британиянинг 30 дан ортиқ компанияси вакиллари иштирокидаги Ўзбекистон – Буюк Британия савдо ва саноат кенгашининг 23-мажлиси самарали ўтди. Унинг якунлари мамлакатимизда барча жабҳаларда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, сўнгги йилларда бизнес муҳитни яхшилаш ва хусусий тадбиркорлик ролини кенгайтиришга қаратилган қарорлар самарасида ушбу мамлакат етакчи компанияларининг жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортаётганидан далолат беради.

Томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини, жумладан, Халқаро Вестминстер университети, Кембриж университети иштирокидаги Юқори технологиялар маркази ҳамда Британия кенгаши ваколатхонасининг мамлакатимиздаги фаолиятини юқори баҳоладилар. Ўзбекистонда, айниқса, ёшлар ўртасида инглиз тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани инобатга олиниб, ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.

Суҳбатда Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигига доир бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.

 

ҚОЗОҒИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН ТЕЛЕФОН ОРҚАЛИ МУЛОҚОТ

2016 йил 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев ва қардош Қозоғистон халқини тарихий сана – Қозоғистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги билан самимий табриклади.

Ўз навбатида Қозоғистон Президенти Ўзбекистон раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришгани  билан муборакбод этди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон–Қозоғистон ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, томонларни қизиқтирган қатор минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Давлат раҳбарлари ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳалари бўйича амалий, ишончли ва очиқ мулоқотни давом эттиришга қатъий ишонч билдирдилар.

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни ўзига қулай вақтда Қозоғистонга давлат ташрифи билан келишни таклиф этди.

Таклиф мамнуният билан қабул қилинди.

Суҳбат анъанавий дўстлик, ҳамфикрлик, ўзаро ҳурмат ва самимият руҳида ўтди.

 

ХАЛҚАРО ТАЪЛИМ ЛОЙИҲАЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида «Олий таълим тизимида халқаро таълим лойиҳаларининг амалга оширилиши: эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Кўплаб нуфузли халқаро таълим муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда.

Мамлакатимиз олий таълим муассасаларида Европа таълим дастурлари доирасида Европа олий таълим масканлари билан ҳар томонлама алоқалар ўрнатилган. Буюк Британия, Германия, Австрия, Италия, Франция, Чехия, Словакия, Греция, Испания, Бельгия, Нидерландия ва бошқа давлатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ўқув курслари, семинарлар ташкил қилинмоқда, профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириш курслари, магистратура ва докторантурада таълим олиши амалга оширилаётир.

Бугунги кунда мамлакатимизда 10 Темпус лойиҳаси якунланиш арафасида, шунингдек, 18 Erasmus+ лойиҳаси ва 80 кредит мобиллиги бўйича университетлараро ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг 40 га яқин университет ва институти Европа олий таълим муассасалари билан турли лойиҳаларда иштирок этмоқда. Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Россия Федерацияси ва бошқа давлатлар олий таълим муассасалари билан фан ва таълимнинг деярли барча соҳалари: техник, муҳандислик, ижтимоий, иқтисодий ва тиббиёт фанлари доирасида ҳам алоқалар ўрнатилган.

Бундан ташқари, қатор олий таълим муассасаларида элчихоналар кўмагида ташкил қилинган чет тилларни ўрганиш марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Анжуманда соҳадаги истиқболли вазифалар белгилаб олинди ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

 

ТАЪЛИМ СОҲАСИДА ЯНГИ ҚЎШМА ЛОЙИҲА

Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Германия Халқ университетлари уюшмаси – DVV International ташкилоти билан ҳамкорликда «Ҳаёт давомидаги таълим» мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Унда вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик экспертлар иштирок этди.

Мазкур тадбир 2015-2030 йилларга тасдиқланган БМТ Барқарор ривожланиш дастурининг «Барчага инклюзив ва сифатли таълим бериш ҳамда ҳаёт давомида таълим олиш имкониятини яратиш» мақсадини мамлакатимизда амалга ошириш, 2016-2020 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида имзоланган ЮНДАФ дастурининг навбатдаги лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш мақсадида ташкил қилинди.

Ўзбекистон Катта ёшлилар таълими уюшмаси ижрочи директори М.Хадаев, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари К.Пиккат, DVV International ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Л.Квачадзе ва бошқалар Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимиз таълим тизимининг афзалликлари, 12 йиллик (9+3) мажбурий бепул таълимнинг жорий этилгани, ҳар кимнинг таълим олиш бўйича ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланаётгани, қизиқиши ва лаёқатига мос касб-ҳунар эгаллашига доимий эътибор қаратилаётгани ҳамда ҳаёт давомидаги таълимнинг долзарблиги қайд этилди.

– Таълим барқарор ривожланишнинг асоси ҳисобланади, – деди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат. – «Таълим-2030 – барчани қамраб олувчи сифатли таълим тизими ва ҳаёт давомидаги таълим сари» деб номланган Инчеон Баёноти ЮНЕСКОнинг таълимга оид 4-Барқарор ривожланиш ғоясини қўллаб-қувватлайди. Барқарор ривожланишга эришишнинг ягона йўли тармоқлараро ўзаро мувофиқ келишув ва соҳага оид ислоҳотларни ҳаётга изчил татбиқ этишдир. Бу ислоҳотлар атроф-муҳит, иқтисодиёт ва жамиятдаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган бўлиб, жамиятнинг барча қатламларини қамраб олувчи сифатли ва ҳаёт давомидаги таълим тизимидан бошланади. Шу муносабат билан биз Германиянинг DVV International ташкилоти билан ҳамкорликда миллий ва хорижий мутахассисларни Ўзбекистонда ҳаёт давомидаги таълим бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш жараёнига жалб этдик.

Тадбирда таклиф этилаётган мазкур таълим сиёсати бўйича Ўзбекистондаги имкониятлар ва улардан фойдаланиш шарт-шароитлари хусусида сўз борди. Барқарор ривожланиш мақсадлари учун хизмат қилувчи ҳаёт давомидаги таълим тушунчаси бўйича хабардорликни ошириш ва керакли муҳитни яратиш борасида илғор тажрибалар юзасидан фикр алмашилди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 МОСКВАГА КИРИШ ПУЛЛИК БЎЛАДИ

Россия Федерацияси Давлат думаси “Йўл ҳаракатини ташкил қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. У шаҳарга пуллик киришни назарда тутади. Ҳужжатга кўра, маҳаллий ва ҳудудий ҳукуматга шаҳарнинг маълум бир қисмида транспорт ҳаракатини чеклаш ёки бутунлай тақиқлаш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, бу ҳудудга кириб келаётган автомобиль ҳайдовчиларидан кириш ҳақи ҳам олиниши мумкин.

Ҳукумат бундай қонун лойиҳасини қабул қилиш йўл ҳаракатига ижобий таъсир кўрсатади, деган фикрда. Тахминларга кўра, шаҳарнинг маълум бир ҳудудларига кириш ҳақи белгиланган соат ёки кунларда олиниши мумкин.

Шу билан бир қаторда, жамоат транспортининг махсус йўналишларини очиш ҳам режалаштирилмоқда.

 

ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ИНТЕРНЕТ УЗИЛИШЛАРИГА НИМА САБАБ БЎЛГАНИ МАЪЛУМ ҚИЛИНДИ

Қозоғистонда айрим сайтлар ва баъзи ижтимоий тармоқларга уланишдаги узилишларга операторлар тармоғида юз берган авария ҳолатлари сабаб бўлган. Қозоғистондаги интернет-фойдаланувчилари 16 декабрь куни кечқурун ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига киришда муаммоларга дуч келган. Стационар ва мобил қурилмаларда Facebook, Instagram, Twitter, Вконтакте, YouTube каби хизматлар юкланмагани хабар қилинган эди. Интернетга уланишдаги носозликлар республиканинг турли ҳудудларида кузатилган. Мамлакатдаги йирик алоқа операторлари интернетга уланишда нуқсонлар мавжудлигини тасдиқлаган ва бу ҳолатни техник ишлар билан изоҳлаган. 17 декабрга келиб, барчаси тиклангани маълум қилинган. «Кеча телекоммуникация алоқа операторлари тармоғида аварияли узилишлар рўй берди, у тунда бир неча соат ичида бартараф этилди», — деган Бектасов.

 

ХИТОЙДА ЙИРИК МОЛИЯВИЙ ПИРАМИДА ФАОЛИЯТИГА ЧЕК ҚЎЙИЛДИ

Хитой ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Цзянси вилоятида йирик молиявий пирамида фаолиятига чек қўйишди. Унинг ташкилотчилари 200 мингдан ортиқ кишини 14,3 миллион долларга чув туширишган. Хитой Халқаро радиосининг хабар беришича, “Юньшумао” молиявий пирамидасининг фаолияти Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги томонидан текширувдан ўтказилмоқда. Молиявий пирамида ташкил этиш иши бўйича етти киши қўлга олинган. Пирамида иштирокчиларига махсус ташкил этилган ташкилотнинг акцияларини олиш учун пул тўлаш таклиф этилган. Шундан сўнг ҳар бир киши олинган электрон маблағлар ёрдамида рўйхатдан ўтиб, ташкилот аъзосига айланиши мумкин бўлган. У схемага яна икки нафар инсонни олиб келганида эса қўшимча электрон пулларни қўлга киритган.

Ташкилотчилар пирамидага кўпроқ кишиларни жалб этиш учун Хитойнинг турли ҳудудларида махсус тадбирлар ҳам ўтказишгани айтилмоқда.

 

ТУРКИЯДАГИ ПОРТЛАШДА 13 НАФАР ҲАРБИЙ ҚУРБОН БЎЛДИ

Туркиянинг марказий ҳудудида жойлашган Кайсари шаҳрида ҳарбийларни олиб кетаётган автобуснинг портлаши оқибатида 13 киши ҳаётдан кўз юмган. Мамлакат Бош штаби маълумотларига кўра, яна 48 нафар одам жароҳатланган.

«Эрталаб, 08:45да содир этилган терактда, автомобилнинг захирадаги ҳарбийларни олиб кетаётган автобусга келиб урилиши оқибатида бизнинг 13 жанговар сафдошимиз ҳалок бўлди, 48 нафари яраланди. Жароҳатланганлар зудлик билан шифохонага олиб борилди. Жабрланганлар орасида оддий фуқаролар ҳам бўлиши мумкин», — дейилади хабарда. Ҳозирча, ушбу ҳодиса юзасидан жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ. Бир ҳафта муқаддам, 10 декабрда ҳам Истанбулда кучли портлаш содир этилган, натижада 40 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 150 дан ортиғи яраланган эди. Истанбул портлашини курд исёнчилари ўз зиммасига олганди.

 

БАРАК ОБАМА: РОССИЯДА «НЕФТЬ, ГАЗ ВА ҚУРОЛ»ДАН БОШҚА НАРСА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМАЙДИ

Американинг амалдаги давлат раҳбари Барак Обама Россия иқтисодиёти хусусида кескин фикрларини билдирди. Унинг фикрича, Россияда «нефть, газ ва қурол»дан бошқа нарса ишлаб чиқарилмайди. АҚШнинг ўз лавозимини тарк этишга ҳозирлик кўраётган президенти ўзининг жорий йилдаги сўнгги матбуот анжуманида айтишича, Россия Қўшма Штатларни ўзгартира олмайди, унга таъсир кўрсата олмайди. “Руслар бизларни ўзгартира олмайди, заифлаштира олмайди ҳам. Уларнинг мамлакати кичик ва заифроқдир. Уларда нефть, газ ва қуролдан бошқа нарса ишлаб чиқарилмайди. Аммо, улар, биз ўз назоратимизни, қадриятларимизни қўлдан бой берсак, таъсир этишлари мумкин”, — деб қайд этган Оқ уй раҳбари.

 

ПЕНТАГОН ХИТОЙДАН ЭГАЛЛАБ ОЛИНГАН СУВОСТИ ДРОНИНИ ҚАЙТАРИШНИ ТАЛАБ ҚИЛДИ

Пентагон Хитойдан Жануби-Хитой денгизида разведка мақсадида бўлган ҳамда эгаллаб олинган сувости дронини қайтаришни талаб қилди. «Биз Хитойни бизнинг сувости ускунамизни дарҳол қайтариб беришга ва халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларни бажаришга чақирамиз», — дея маълум қилди Пентагон матбуот котиби Питер Кук. Америка мудофаа вазирлиги вакилининг таъкидлашича, бу АҚШнинг суверен мулки бўлиб, уни эгаллаб олиш ноқонунийдир. Шунингдек, Пентагонда бундай ҳолатлар бошқа қайтарилмаслигига умид билдирилган.

Маълумот учун, АҚШ сувости дрони хитойлик ҳарбийлар томонидан 15 декабрь куни эгаллаб олинди. У Жануби-Хитой денгизида махсус топшириқни бажараётган бўлган. АҚШ ҳарбий денгиз кучлари вакилининг сўзларига кўра, эгаллаб олинган қурилма очиқ океанографик тадқиқот дастури доирасида ҳаракат қилган: туз, ҳарорат ва сув тозалиги даражасини ўлчаган. Ҳодиса АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп томонидан Хитой иқтисодий сиёсати ва мамлакатнинг Жануби-Хитой денгизидаги фаоллигини танқид қилиниши фонида юз берди.

 

ТУРКИЯ, ЭРОН ВА РОССИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛАРИ ЯҚИН ОРАДА УЧРАШУВ ЎТКАЗИШГА КЕЛИШИБ ОЛДИЛАР

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Туркия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари Мавлуд Човушўғлу ва Жавад Зариф билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлигида маълум қилинди. «Вазирлар Ҳалабнинг шарқий қисми озод қилингани ва шаҳардан тинч аҳолининг эвакуация қилингани контекстида Суриядаги вазиятни ва унинг бошқа ҳудудларидаги тинч аҳолининг аҳволини енгиллаштириш вазифаларини муҳокама қилдилар», деб айтилди вазирлик хабарида. Уч давлат ташқи ишлар вазирлари Суриядаги барча муҳтожларга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини давом эттириш ва Сурияда кенг кўламли сиёсий тартибга солишга ўтишда кўмак кўрсатиш муҳимлигини айтишди. Бундан ташқари, Россия, Туркия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари яқин орада учрашишга келишиб олганлар.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 ЭРКИН ВОҲИДОВ ИЖОДИ ВА МИЛЛИЙ МАЪНАВИЯТ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Эркин Воҳидов ижоди ва миллий маънавият” мавзусида адабий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда университет профессор-ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари, талабалар ва Эркин Воҳидовнинг фарзандлари иштирок этдилар.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Саййид ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорини барча китобхонлар, адабиёт мухлислари ғоят мамнуният, кўтаринки руҳ билан кутиб олганларини, бу қарор мамлакатимизда адабиётга, маънавиятга бўлган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлганини таъкидладилар.

Эркин Воҳидов 1936 йилда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида зиёли оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугаллаб, ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетида таҳсил олди. 1960 йилда университетни битиргач, «Ёш гвардия» нашриётида бош муҳаррир, кейинчалик Fафур Fулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир ва директор бўлиб ишлади. 1982-1985 йилларда «Ёшлик» журнали бош муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатди.
1990 йилдан Эркин Воҳидов давлат-жамоатчилик фаолияти билан шуғулланди. 1990-1995 йиларда Ўзбекистон Олий Кенгаши қўмитаси раиси, 1995-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси, 2005-2008 йилларда Олий Мажлис Сенатининг маданият ва спорт, фан, таълим масалалари қўмитаси раиси лавозимларида фаолият олиб борди. Эркин Воҳидовга Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири унвонлари берилган.

Улуғ шоирнинг «Тонг нафаси», «Ақл ва юрак», «Менинг юлдузим», «Зангори шуълалар», «Биз ишлаяпмиз», «Манфаат фалсафаси», «Унутиш қўшиғи», «Темиртан даҳолар», «Нидо», «Руҳлар исёни», «Ҳозирги ёшлар», «Бедорлик», «Шарқий қирғоқ», «Тирик сайёралар», «Муҳаббатнома», «Садоқатнома», «Ўзбегим» каби шеърлари, достонлари, тўпламлари ва бошқа ўнлаб асарлари китобхонлар кўнгил мулкининг маънавий хазинасига айланган. Унинг 1969 йилда нашр қилинган «Ёшлик девони» мумтоз ўзбек адабиёти ғазал жанри меросини бебаҳо дурдоналар билан бойитди ва шоирга катта шуҳрат келтирди. Шоир ижодида унинг ҳажвий ва комедия жанридаги асарлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Жумладан, «Дониш қишлоқ латифалари», «Матмусанинг ҳангомалари» туркум қувноқ ҳажвий шеърлари, «Олтин девор» пьесасида ҳаётимизда учрайдиган салбий ҳолатлар, кулгили воқеалар, ҳангомалар беғубор юмор билан қаламга олинади.

– Бугун биз севимли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш арафасида учрашиб турибмиз,– деди Авазжон Мараҳимов.– Бу йил мамлакатимизда юз берган катта жудоликлардан бири – улуғ шоиримизни сўнгги манзилга кузатган эдик… Бироқ, улуғ шоир ўзининг ўнлаб китоблари билан умрибоқий, қалбимизда барҳаётдир. Бугун атоқли шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида сермазмун хотиралардан тинглаймиз, албатта.

Эркин Воҳидов мана шу даргоҳда таҳсил олганини ғурур билан эслаймиз. У Ўзбекистон Қаҳрамони даражасига етиб, қатор йиллар Олий Мажлис депутати, Сенат аъзосидек юксак лавозимларда фаолият кўрсатса-да Миллий университетимиздан узоқлашмаган эди. Улуғ шоиримизнинг 50, 60, 70 йиллик юбилейларини шу даргоҳда муносиб нишонлаганимиз ўша даврда ўқиган талаба-ёшлар қалбида ҳам бир умрга муҳрланиб қолган. Эркин Воҳидовнинг муборак 70 йиллиги муносабати билан унга Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фахрий фан доктори деган шарафли унвон ҳам берилган!

Ҳар бир даврнинг ўз адабий-маданий муҳити бўлади. Биз ўтган асрнинг 80-йилларида талаба бўлган авлод учун Эркин Воҳидов номи ўзгача жаранглаб эшитилади. Унинг “Садоқатнома”, “Муҳаббатнома” каби мўъжаз китобларини талабаларнинг ёстиқлари тагидан топиш мумкин эди. Улуғ шоирнинг ҳар бир шеъри ўқувчиларни улуғворликка чорлайди. Эътибор беринг:

 

Мен шеър ёзсам,

Ўқисам уни.

Тинглаганлар қарсак чалмаса.

Бирор кимса бирор сўзини,

Ёдида ҳам сақлаб қолмаса.

Фақат биттагина бўз ўғлон,

Уйга қайтгач, йиғласа тўлиб.

Йиғлаб-йиғлаб тонг бўзарган он,

Уйғонса у Алпомиш бўлиб.

 

Қаранг, бу шеър бугунги Алпомишларимизни ҳам камолга етишига ундагани сезилиб турибди. Ватан ҳимоячиларидан тортиб халқаро спорт майдонларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётган Алпомишлар ҳам шу шеърдан руҳий қувват олганига ишонаман. Эркин Воҳидов асарлари талабаларимиз учун ҳам улкан сабоқдир.

Умид қиламанки, бугунги анжуманимизда талаба-ёшларимиз қанчалик илҳом ва улуғ шоиримизнинг ҳаёт йўлидан ибрат олсалар, Эркин Воҳидов руҳлари ҳам шу қадар шод бўлади!

ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев, шоир Сирожиддин Саййид, адабиётшунос олимлар Ҳамидулла Болтабоев, Нурбой Жабборов, Журналистика факультети доценти Тўлқин Эшбек, шоирнинг ўғли Хуршид Воҳидов ўз сўзларида Эркин Воҳидов ижодий фаолияти ҳақидаги хотираларини ўртоқлашдилар.

Тадбирда ЎзМУ талабалари атоқли шоирнинг шеърларидан намуналар рус, инглиз, француз, немис ва бошқа хорижий тилларда ҳам ўқидилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: 2271542; +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Вам может также понравиться...

Ответов: 5

  1. Bulardan tashqari Surxondaryo, Buxoro va Sirdaryo viloyatlariga yangi hokimlar tayinlandi.

  2. Man o’ylaymanki saylov jarayoni haqqoniy bo’ldi. Har kim o’z xohishi bilan ovoz berdi. Qasamyod kuni prezidentimiz qasamyod qilgani va madhiyamiz yangragani yuraklarni larzaga keltirdi. Chunki ancha paytdan buyon madhiyamizni eshitmagan edik.

  3. Yuqorida yurtimizda va jahonda yuz berayatgan yangiliklardan ayon bôladiki, har kuni yangi axborot va xabarlardan kuzatib borish zarur. Bugungi kunday axborot va yangilikdan bexabar qolish-yutqazishdir!

  4. Yuqorida yurtimizda va jahonda yuz berayatgan yangiliklardan ayon bôladiki, kunlik axborot va xabarlarni kuzatib borish zarur. Bugungi kunda axborot va yangilikdan bexabar qolish har bir kishi uchun mag’lub bôlish va yutqazishdir!

  5. Bizda demokratiya rivojlangan. Shu bois bizda har doim saylovlar haqqoniy o’tkazilgan. Bechora chetdan kelgan kuzatuvchilar kamchilik topolmay xayratda qolishganlar.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *