«Ахборот хизматлари» фанидан Кириш

ЎзМУ Журналистика факультети талабаларига «Ахборот хизматлари» фанидан

доцент Тўлқин Эшбекнинг маърузалари

а6

Тўлқин ЭШБЕКОВ

АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИ

Ўқув қўлланма

ТОШКЕНТ – 2018

Филология фанлари доктори, профессор

Файзулла МЎМИНОВ

умумий таҳрири остида

Масъул муҳаррир:

Фарҳод БАБАШЕВ

Муҳаррир:

Баҳриддин ШАЙВАЛИЕВ

Тақризчилар:

Филология фанлари доктори, профессор Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

Тарих фанлари доктори, профессор Қудрат ЭРНАЗАРОВ

 Мазкур ўқув қўлланмада мамлакатимизда халқ билан мулоқот, жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришда ташкилотларнинг ахборот хизматлари ўрни, вазифалари ҳақида сўз юритилади. Бу мавзунинг илмий-назарий асослари олий таълим муассасаларида ўрганилмоқда, шу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Қўлланмада Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети Жамоатчилик билан алоқалар назарияси ва амалиёти кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Тўлқин Эшбековнинг бу борадаги тадқиқотлари, илмий асосланган мавзулар, амалиётда тўпланган миллий ва халқаро тажрибалар, хулосалар атрофлича ёритилган.

Қўлланма ташкилотларнинг Ахборот хизматлари, ОАВ ходимлари, тадқиқотчилар, талабалар ва соҳага қизиққан барча ўқувчиларга мўлжалланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказининг 2017 йил 28 августдаги 20-сонли баённомасига асосан нашр этишга тавсия этилган ҳамда 2018 йил 1 июлгача бўлган ўзгаришлар билан тўлдирилган.

 а1 а2 а3 а4 а5

1-мавзу: КИРИШ

Ўзбекистонда жамоатчилик билан алоқалар, халқ билан мулоқот муҳим ижтимоий институтга айланмоқда. Жамоатчилик фикри – фуқаролик жамиятини ўзида акс эттирадиган бамисоли бир кўзгу эканлиги ҳаётда ўз исботини топмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига” йўллаган табригида таъкидланганидек, “Халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланган тақдирдагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз”1.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунида (2014 йил 5 майда қабул қилинган № ЎРҚ-369. 1-илова) ахборот хизматларининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 17 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 125-қарорида (2-илова) давлат ва хўжалик бошқаруви соҳасида очиқлик ва шаффофликка асосланган самарали қарорлар қабул қилиш тизимини жорий этиш, ахборот олишда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги ҳисобдорлиги, очиқлиги ва масъулиятини таъминлаш вазифалари белгилаб берилди. Демак, юқорида қайд этилган қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори ахборот хизматларининг ҳуқуқий асоси ҳам ҳисобланади.

Мазкур қонун ва қарор ижросини таъминлаш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида “Ахборот хизматлари” фани ўқитилмоқда.

Журналистика факультети талабалари жамоатчилик билан алоқалар (PR) фани назарияси ва амалиётини, ахборот хизматини махсус курс орқали ўрганиш билан бирга республика етакчи ташкилотлари, вазирликлар, сиёсий партиялар ва бошқа идораларнинг ахборот хизматларида маҳорат сирларини ўзлаштирмоқдалар.

Шуни айтиш жоизки, республикадаги қатор ташкилотларнинг ахборот хизматларида ҳозирги вақтда мазкур ўқув даргоҳидан етишиб чиққан кадрлар самарали фаолият кўрсатишмоқда. Зотан, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Давлат дастури тўғрисида”ги 163-қарорида қайд этилганидек, “Рақобатга бардошли, янгича шарт-шароитларда ишлай оладиган журналист кадрларни тайёрлаш заруриятини ватанимиз оммавий ахборот воситалари ривожланишининг давлат ва нодавлат даврий босма нашрлари, теле- ва радиостудиялари, таҳририят-матбаа комплексларининг миқдор ва сифат жиҳатидан ўсишида, жамоатчилик билан алоқалар институтлари, реклама агентликлари, интернет журналистиканинг шаклланиши ва ривожланишида, шунингдек ушбу соҳадаги меҳнат бозорида талабларнинг ортишида намоён бўлаётган замонавий тенденциялар ҳам тақозо этмоқда”2. Ушбу Давлат дастурини амалга ошириш бўйича тадбирлар режасида ҳам “Ахборот хизматлари ишини ташкил этиш”, “Жамоатчилик билан алоқалар”, “Реклама иши масалалари” бўйича дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, шунингдек электрон-ўқитиш ва бошқа билим берувчи ресурсларнинг янги авлодини яратиш3 вазифаси юклатилган.

Ахборот хизматининг асосий вазифаларидан бири – ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришдан иборат экан, бунда оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик ҳамда парламент назоратини таъминлаш, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Юртимизда ОАВнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шароит ва имкониятларни яратиш, фуқароларнинг ахборотни эркин ва монеликсиз олиш ҳамда фойдаланиш ҳуқуқларини амалга ошириш, ахборотнинг муҳофаза қилиниши, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳадаги изчил ислоҳотлар жараёнида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, барча вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларида ахборот хизматлари ташкил этилиб, улар фаолияти давр талаби асосида йўлга қўйилмоқда.

Турли идора ва ташкилотлар томонидан мунтазам равишда долзарб мавзуларда матбуот конференциялари, брифинглар ўтказилиши, бунда жамоатчилик билан мулоқотнинг интерфаол усулларидан кенг фойдаланиш, тегишли маълумотларнинг махсус веб-сайтларда жойлаштирилиши аҳолининг ахборот олишга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда. Айни пайтда бу йўналишдаги ишларни янада самарали ташкил этиш, давлат ва жамоат бирлашмалари ахборот хизматлари, медиа-тузилмалар ишини фаоллаштириш, соҳа мутахассисларининг билим ва кўникмаларини муттасил ошириб бориш долзарб аҳамиятга эга.

Ахборот хизматларида асосан шу соҳа сиру-синоатларидан бохабар журналистлар фаолият кўрсатишади. Улар ҳам ОАВ ходимлари каби асосан ахборот тўплаш ва тарқатиш билан шуғулланади. Ахборот хизмати ходими ўқимишли бўлиши зарур. Яъни, айтмоқчи, ёзмоқчи бўлган ҳар бир фикрини аввало ишончли манбалардан ўқиб-ўрганиши мақсадга мувофиқдир.

Ахборот хизматида фаолият кўрсатувчи масъул ходим қайсики мавзуда сўз юритмасин аввало унинг қуйидаги учта муҳим асоси ҳисобланмиш ишончли манбаларни ўз кўзи билан ўқиб кўрмоғи лозим:

  1. Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари ва нутқларида баён этилган фикрлар);
  2. Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларда баён этилган фикрлар);
  3. Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбаларда баён этилган фикрлар).

Ушбу манбаларни ўқимасдан гапирган масъул ходим хатоликка йўл қўйиши ҳеч гапмас. Ташкилот раҳбари номидан гапиришга ҳақли бўлган Ахборот хизмати раҳбари хатоликка йўл қўйиши кечирилмас ҳолдир. У ўша асоссиз, хато гапи билан ташкилотнинг обрўсига путур етказади…

Мазкур ўқув қўлланмани нашрга тайёрлашда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маърузаларида илгари сурилган ғоялар, тегишли қонунларда белгиланган нормалар методологик ҳамда ҳуқуқий асос қилиб олинди.

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот жараёнларини тадқиқ этган ҳолда бу борада тўпланган билим ва тажрибалар, илмий хулосалар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини илмий ташкил этиш ҳамда такомиллаштириш, бу борада тўпланган тажрибалар ҳақида сўз юритилади.

_______________________________

1 Мирзиёев Ш.М. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига. – www.uza.uz. 2017 йил 27 июнь.

2 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Давлат дастури тўғрисида”ги 163-қарори. //Оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Ishonch Markaz Servis. 2009 й.

3 Қаранг: “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Давлат дастури” га 1-илова. //Оммавий ахборот воситалари фаолияти соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. –Т.: Ishonch Markaz Servis. 2009 й.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>