“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (4)

4-мавзу: Ахборот хизматининг ҳуқуқий асослари

***

 Тўлқин ЭШБЕК

 АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

 (Ўқув қўлланма)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

 Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг).

7

 Режа:

  1. Ташкилотда ахборот хизматини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда тегишли қонунлар ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳуқуқий асос ҳисобланиши.
  2. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрда қабул қилинган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарори ижросини таъминлашга оид вазифалар мазмун-моҳияти.
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунини амалга оширишда ахборот хизматларининг ўрни.

 

Ташкилотда ахборот хизматини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда унинг ҳуқуқий асослари ғоят муҳим аҳамият касб этади. Ахборот хизматининг ҳуқуқий асосларини Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ташкил этади.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш ва шу мақсадда ташкилотларда ахборот хизматларини ташкил этишда дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрда қабул қилинган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилганди. Қарорда, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш, кенг жамоатчилик ва аҳолининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг бориши тўғрисида мунтазам хабардор қилиш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашнинг, ошкора фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим йўналиши ҳисобланиши қайд этилган ҳолда, “Вазирликлар, давлат қўмиталари, агентликлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик бошқаруви органлари (кейинги ўринларида идоралар деб юритилади) таркибида ходимларнинг умумий сони доирасида ахборот хизматлари ташкил этилсин” деб белгиланган.

Мазкур қарорда ахборот хизматларининг асосий вазифалари қуйидагича белгиланган:

– идора раҳбарияти томонидан белгиланадиган ахборот сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда қатнашиш;

– идора фаолияти соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг миллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини таъминлаш;

– миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида идора фаолиятининг долзарб жиҳатларини, тегишли соҳадаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларини ёритиш;

– интернет тармоғида идора веб-ресурсларини ташкил этиш, уларнинг самарали фаолиятини таъминлаш;

– идора фаолиятига нисбатан ижтимоий фикрнинг аҳволини ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари позициясини таҳлил қилиш ва улар тўғрисида идора раҳбариятини хабардор қилиш.

Бирор ҳуқуқий асосга эга бўлмасдан бундай муҳим вазифаларни амалга ошириб бўлмаслигини изоҳлашга ҳожат йўқ, албатта.

Маълумки, ҳар бир ташкилотнинг Низоми унинг ҳуқуқлари, вазифалари, бурчларини кафолатловчи асосий ҳуқуқий ҳужжати ҳисобланади. Ахборот хизмати аслида ташкилот марказий аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланса-да у ҳам алоҳида Низомига эга бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорида: “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборот хизмати тўғрисидаги Намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин” деб белгилаб қўйилган.

Шу асосда республикамиздаги барча ташкилотларнинг ахборот хизмати Низоми ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Демак, ахборот хизмати шу Низом асосида фаолият кўрсатиши унинг ҳуқуқий асослари қанчалик муҳим аҳамият касб этишини кўрсатади.

Хўш, ахборот хизмати алоҳида Низомига эга бўлса, у ташкилот ичида мантиқан ўзига хос “ташкилот” бўлиб қолмайдими, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, ахборот хизмати қайси идора ёки ташкилотга тегишли бўлишидан қатъи назар у асосан ахборот тўплаш ва тарқатиш билан шуғулланади.

Модомики, ташкилотнинг ахборот хизмати ахборот тўплаш ва тарқатиш билан ҳам шуғулланар экан, демак, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуни ҳам унинг ҳуқуқий асосларидан бири ҳисобланади. Мазкур қонуннинг 6-моддаси “Ахборотнинг очиқлиги ва ошкоралиги” деб номланиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари жамият манфаатларига тааллуқли воқеалар, фактлар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига хабар бериши шарт, деб белгилаб қўйилган. Қонуннинг “Ахборот эркинлиги кафолатлари” деб номланган 8-моддасида эса, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбурдирлар, деб белгиланган.

Хўш, бу вазифаларни ким ва қандай йўсинда амалга оширади? Жаҳон тажрибасига кўра, ривожланган давлатларда ташкилотлар томонидан асосий ахборотлар айнан ахборот хизмати томонидан тарқатилиши йўлга қўйилган. Ахборот хизмати аввало журналистлар каби ахборот тўплаши, қайта ишлаши (оммабоп жанрда ёзиши ёки телекўрсатув, радиоэшиттириш тайёрлаши) талаб этилади. Сўнг, ўша ахборотини оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиши мумкин. Демак, бу ўта масъулиятли ишларни амалга оширишида ахборот хизмати учун ўша қонун ғоят муҳим асосдир.

Ахборот хизмат хизмати ходими ахборот тўплаш ва тарқатиш борасида журналистлар каби фаолият кўрсатар экан, Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳам унинг ҳуқуқий асосларидан ҳисобланади. У ҳам журналистнинг мажбуриятларини билиши ва унга амал қилиши зарур. Қонуннинг 6-моддаси “Журналистнинг мажбуриятлари” деб номланиб, унда бажариши шарт бўлган мажбуриятлар ҳам белгилаб қўйилган. Яъни, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист:

қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига риоя этиши;

ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши;

айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши;

шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.

Журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас.

Журналист қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши шарт.

Бу талабларнинг барчаси доимо ахборот тўплаш ва тарқатиш билан шуғулланувчи ахборот хизмати ходимлари учун ҳам бирдек тааллуқлидир.

Ахборот хизматларининг ҳуқуқий асосларини белгиловчи навбатдаги қонун – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Қонуннинг 10-моддаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизмати” деб номланади. Унда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда тарқатиш вазифаларини бажарувчи, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминловчи таркибий бўлинмаси ёхуд ушбу вазифаларни бажариш зиммасига юклатилган шахс давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматидир, деб белгилаб қўйилган.

Ушбу моддага биноан Ахборот хизмати оммавий тадбирларни ташкил этиш, ахборот хабарларини (пресс-релизлар, бюллетенлар ва ҳоказоларни) тарқатиш, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтида уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ва янгилаб бориш йўли билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш чора-тадбирларини кўради. Ахборот хизмати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот тарқатишнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Қонунда ахборот хизматининг фаолиятини ташкил этиш тартиби давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланиши ҳам қайд этилган.

Ҳуқуқий демократик жамиятимизда қонун устуворлиги жуда муҳим ижтимоий воқеликка айланган. Кўплаб соҳалар, тармоқлар қатори ахборот хизматларининг ҳуқуқий пойдеворини ташкил этадиган қонунлар ва бошқа ҳужжатлар кам эмас. Ўзбекистон Республикасининг “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Ахборот олиш калолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августда қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори, “Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида, шу жумладан, интернетда тарқатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва бошқа шу каби ҳужжатлар ҳам ахборот хизматининг ҳуқуқий асосларини ташкил этади. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ахборот хизмати қайси ташкилотга қарашли бўлса, шу соҳага оид қонун ва қарорлар ҳам унинг муҳим ҳуқуқий асосларидан ҳисобланади. (Айтайлик, Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни билан чамбарчас боғлиқ). Ахборот хизмати фаолияти ана шу қонунлар, қарорлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этилиши ҳамда фаолияти такомиллаштириб борилиши мақсадга мувофиқдир.

Назорат саволлари

 

  1. Ташкилотда ахборот хизмати Вазирлар Маҳкамасининг қайси қарори асосида ташкил этилади?
  2. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 22 сентябрда қабул қилинган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 203-қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтиринг.
  3. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизмати зиммасига қандай вазифалар юклатилган?
  4. Ахборот хизмати фаолиятини такомиллаштиришда Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни қандай ўрин тутади?
  5. Ахборот хизмати Низоми қай тартибда тайёрланиб тасдиқланади?
  6. Ахборот хизматининг асосий вазифалари нималардан иборат?
  7. Ахборот хизматининг ҳуқуқлари нималардан иборат?

1

You may also like...

35 Responses

  1. Inson uchun eng yoqimli narsa rag’bat. Ayniqsa ijod ahli uchun bu bir mukofotdek. ana shu birgina rag’bat kishini yanada ulkan maqsad va rejalar sari chorlaydi. Ustozimiz To’lqin Eshbek ham ana shunday murabbiylardan. Bugungi o’quv mashgúlotida bizga nisbatan berilgan birgina e’tirof meni ushbu darsga bo’lgan qiziqishimni yana bir bor orttirdi.

  2. «Axborot xizmati» fanini o’qish davomida shunga amin bo’lyapmanki, yurtimizdagi har bir tashkilot va muassasaning o’z axborot xizmati bo’limi bo’lishi kerak. Sababi, tegishli ma’lumotlarni aynan o’sha tashkilotning o’zidan olgan ham tezkor, ham ishonchli. Qolaversa, izlanuvchining vaqti tejaladi. Yangiliklardan o’z vaqtida xabardor bo’lish tezligi oshadi.

  3. Устоз, бирам серқирра журналистсизда! Расмларни қаранг гўзалллигини! Сиз фотожурналистика фанидан ҳам дарс берсангиз бўлар экан, шу таклифга нима дердингиз?

  4. Zokir Shoyimov:

    Mavzu yuzasidan kerakli ma’lumotlarni oldim. Darsda tushunmagan jihatlarim ko’p bo’lgan ekan, yaxshi narsaning kechi bo’lmaganidek ta’lim olishning ham kechi va mavsum-makoni yo’q.

  5. Sevinch Norqobilova:

    Darslarga ba’zi sabablar yuzasidan qatnashish imkoniyatiga ega bo’lolmayapman. Yaxshiyam, shu sayt bor ekan. Undan istagan vaqtimda, istalgan joyda foydalanib, o’tilgan mavzu haqida bilib olyapman. Shuningdek, fotolar orqali kim darsga qatnashgani ham ayon bo’lib qolyapti…

  6. Ayvi Lining: «Ommaga fakt taqdim etish kerak, garchan u statistikani hazm qila olmas ekan, u holda hissiyotga ta’sir etadigan informatsiya bering», -degan qarashlari ko’pchilikka sir emas. Bizning darslarda esa ham fakt, ham hissiyotga ta’sir etadigan ma’lumotlar me’yorida berib boriladi.

  7. Ахборот хизматларининг қанчалик муҳим эканлигини секин-аста ҳис қиляпман. Мазкур фан ёрдамида ахборот хизматларининг «ипидан игнасигача» ўрганиб, келажакда нуфузли ташкилотларда шундай йўналишда меҳнат қилсак ҳам ажабланмайман.

  8. Fayyoz Achilov:

    Bizga shu kabi ma’lumotlarni berib turganingiz yaxshi. Ayniqsa ular aniq va ishonchli manbadan olingani bizni xursand qiladi.

  9. Madina Akbarova:

    10-abzatsdagi «Axborot xizmat xizmati» jumlasida biroz xatolik o’tibdi, ya’ni «xizmat» so’zi ikkilanibdi. :))

  10. Vazirlar Mahkamasining 2006 -yil 22 -sentabrdagi 203 — qarori ijrosini taminlash bo`yicha amalga oshiriladigan vazifalardan biri internet tarmog`ida idora veb-resurslarini tashkil qilish, ularning samarali faoliyatini ta’minlashdan iborat. Hozirda dalzarb muammolardan biri ham idora veb-resurslarining aynan samarali faoliyatini yo`lga qo`yishdan iborat. Ulardagi davriylik ko`rsatkichining pasligi, ma`lumotlarni o`z vaqtida uzatilmaslik va ba’zilarining umuman e’tibordan chetda qolib ketishi bilan bo`g`liq jihatlarning oqsash holatlari uchrab turibdi.

  11. Oltinoy Madaminova:

    Shu mavzu orqali bizlarga tegishli qonunlarimiz huquqlarimizni bilib oldim

  12. Men shu paytgacha Ayvi Li degan shaxsni aktyor deb o’ylar ekanman. Bu darsdan so’ng uning kimligini bilib, uning nazariyalari va fikrlari bilan ham tanishdim.

  13. Bu ma’ruzani o’qib «Axborot xizmatlari» fanining huquqiy asoslari haqida yetarli ma’lumotlarga ega bo’ldik. Hech bir daraxt ildizsiz bo’lmaganidek, har bir fan huquqiy asosiga ega bo’lmog’i kerak. Fanning huquqiy asosi bu uning ildizidir.

  14. Har qanday ma’lumotni taqdim etishdan oldin, uning aniq va ishonchliligiga ahamiyat qaratilsa maqsadga muvofiq bo’ladi. Xususan jurnalistikada bu muhim o’rin tutadi. Statistik ma’lumotlarni olish esa ba’zida birmuncha qiyinchiliklarga olib keladi. Bizga bu borada ustozimiz To’lqin Eshbekov asosiy tushunchalar berib kelmoqda.

  15. Fakt va dalillarga asoslangan fan esa har qanday o’quvchini o’ziga jalb etadi. Axborot xizmatlari fanimiz aynan shunday darslar sirasiga kiradi.

  16. Axborot xizmati fani bo`lajak jurnalist kadrlarni tayyorlash uchun muhim fan. Biz jiurnalist faoliyatimiz doirasida qayerga bormaylik axborot olamiz. Bu fan aynan axborot olish yo`llaridan to axborot olishning qonuniy hujjatlarini ham o`rgatyapti.

  17. Kursdoshimiz Iroda Tursunboyeva haq gapni aytdilar. Uchildizda biz PRni ham, Fotojurnalistikani ham va balki, qisman bo’lsada, Internetjurnalistikani amaliyotda o’rganib, saboq olyapmiz.

  18. Axborot xizmati fanini o’qish davomida bu fanning ildizi chuqur ekanligini tushunib yetdim. Tez orada har bir tashkilotning o’z axborot xizmati bo’ladi Shunda turli oldi-qochti gaplardan holi bo’lgan holda aniq ma’lumotlarga ega bo’lamiz…..

  19. Har bir sohaning ham huquqiy, ham nazariy asoslari mavjud. Mamlakatimizda sohaga oid qabul qilingan qonun va qonunosti hujjatlari axborot xizmatlari faoliyatining yanada samarali faoliyat olib borishiga turtki bo’lmoqda

  20. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    Ахборот хизмати фаолияти билан энди танишаётган, фан ёки йўналиш ҳақида батафсил маълумот қидираётганларга керакли информациялар берилибди…

  21. Saodat Abulqosimova:

    Ushbu maruza orqali tegishli qonunlar bilan tanishganimiz uchun sizga rahmat, ustoz!

  22. Pokiza Turdaliyeva:

    To’g’ri aytasiz Charos. Ushbu ma’lumotlar bilan tanishib chiqqan kishi, axborot xizmatlarining huquqiy asoslari haqida batafsil ma’lumot olishlariga shubha yo’q.

  23. Dars samarali bo’lib qolmasdan,uchildiz orqali kerakli ma’lumotlar olishimiz mumkin. Yana qaysi darsliklarni elektron variantda olayapmiz. Yoki fikrlar almashinuvi bo’layapti. Boshqa fanlar ham o’rnak olsa bo’lar edi

  24. Nazariya va amaliyotni birga olib borish yetuk kadrlar yetishib chiqishiga tashlangan eng katta qadamdir. Bundan biz talabalar ham mamnun bo`lmoqdamiz. Buning uchun ustozimizga katta rahmat.

  25. Qabul qilingan qonunlarni har bir talaba bilishi va kelgusi ish faoliyatida qo`llashi uchun bularni barchasini talabalar o`qib o`rgansalar maqsadga muvofiq bo`ladi.

  26. Qabul qilingan qonunlarni har bir talaba bilishi va kelgusi ish faoliyatida qo`llashi uchun bularni barchasini talabalar o`qib o`rgansalar maqsadga muvofiq bo`ladi.

  27. O`z xaq huquqini yaxshi bilgan jurnalist faoliyati davomida biror bir to`siqqa duch kelmaydi.

  28. O`z xaq huquqini yaxshi bilgan jurnalist faoliyati davomida biror bir to`siqqa duch kelmaydi.

  29. Haqiqatdan ham jurnalist òz haq huquqini yaxshi bilishi va undan kerak vaqtda òrinli foydalanishi lozim

  30. Har bir axborot xizmati xodimi o’zining huquqiy asoslaridan yaxshi xabardor bo’lishi kerak.

  31. Ҳуқуқини билмай туриб ахборот хизматида ишлаб бўлмайди.

  32. Axborot xizmati har qaysi tashkilotning ko’zgusidir. Shu boisdan ko’zguning qay darajada shaffofligi matbuot kotibiga bog’liq.

  33. Dilfuza Tillayeva:

    Huquq har bir sohaning asosidir. Jurnalistika va huquq uzviy bog’liq tushunchalar. Jurnalist o’zining huquqi majburiyatlari va burchlarini yaxshi bilishi lozim. Shundagina u o’z faoliyati doirasida qonuniy ish olib boradi.

  34. Huquq hamma narsaning meyorini ko’rsatib beruvchi yagona manbadir

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>