“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (5)

5-мавзу: Ахборот хизматининг назарий асослари 

“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (4) — Уч илдиз

***

 Тўлқин ЭШБЕК

 АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

 (Ўқув қўлланма)

 ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

 Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг).

7

Режа:

  1. Ахборот хизматининг назарий асосларини ташкил этувчи фанлар.
  2. Журналистика назариясига оид фанлар талқини.
  3. Замонавий “Rublic Relations” (Паблик рилейшнз – PR, пиар) – Жамоатчилик билан алоқалар фани сифатида.
  4. Фанлараро фан.
  5. Қадимий шарқ манбаларида жамоатчилик билан алоқалар ғояси ва унинг мазмун-моҳияти.

Ахборот хизмати ходими қалами ўткир, маҳоратли журналист бўлиши лозим. У телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тайёрлаш бобида теран билим ва малакага эга бўлиши зарур. Интернет журналистика ва фотожурналистика сирларини ҳам пухта билиши даркор. Демак, ахборот хизматининг назарий пойдеворини аввало журналистикага оид фанлар ташкил этади. Матбуот, телевидение, радио, интернет журналистика, фотожурналистикага оид илмий тадқиқотлар, дарслик ва ўқув қўлланмалар ахборот хизматининг биринчи назарий асосларини ташкил этади.

Ахборот тўплаш ва тарқатиш билан бир қаторда ахборот хизмати ходимларининг яна бир муҳим вазифаси – ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишдир. Бу борадаги ишларни илмий ташкил этиш ва тегишли вазифаларни тўғри амалга ошириш учун улар жамоатчилик билан алоқалар илми ва назариясини ҳам пухта билишлари лозим.

Демак, жамоатчилик билан алоқаларга оид фанлар ахборот хизматининг энг муҳим назарий асоси ҳисобланади.

Жамоатчилик билан алоқаларнинг назарий асосларини инглизча “Rublic Relations” (Паблик рилейшнз – PR, пиар) фани замиридан ўрганамиз. Бу фан асосчиси инглиз олими Эдвард Бернайз ҳисобланади. Унинг 1923 йили чоп этилган “Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви” китоби PRнинг фан сифатида майдонга чиқиши ва илмий асосланишида муҳим ўрин тутгани эътироф эталади.

PR – “Жамоатчилик билан алоқалар”, “Оммавий алоқалар” деган маъноларни англатади.

PR моҳиятини теранроқ англаш учун унинг қисқача тарихига тўхталиб ўтамиз. Бу ибора илк бор АҚШнинг учинчи президенти Tомас Жефферсон томонидан қўлланилган. У 1807 йили ўзининг “Конгрессга еттинчи мурожаати”да ушбу атамани биринчи марта қайд этган. Бундан мақсад, ўша даврда ҳукуматнинг жамоатчилик билан алоқаларини давлат даражасига кўтариш, илмий-ташкилий жиҳатдан йўлга қўйиш эди.

Демократ арбоб сифатида ном қозонган Томас Жефферсоннинг қуйидаги сўзлари демократия йўлини танлаган қатор газеталар учун шиордек бўлиб қолди: “Агар менга ҳукумат бўлсину газеталар бўлмасин ёки газеталар бўлсину ҳукумат бўлмасин – бирини танланг, дейишса, мен ҳеч иккиланмай ҳукумат бўлмаса ҳам газеталар бўлиши керак, деган бўлардим”1.

Бу фикрни бирёқлама талқин қилмаслик керак. Томас Жефферсон жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши мумкин бўлган газеталар мавқеини, масъулиятини оширишни ҳам кўзда тутгани эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳукумат ё бирор ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини матбуотсиз, оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмаслигини демократ раҳбар муайян мақсадда ифодалагани кўриниб турибди. Аслида “матбуотнинг ижтимоий моҳияти, асосий функциялари нуқтаи назаридан қараганда унинг яна бир хусусияти – жамоатчилик фикрининг ифодачиси эканлигида яққол кўринади,– деб ёзади филология фанлари доктори Мухтор Худойқулов.– Матбуот жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий ҳаётини акс эттирар экан ҳамда ижтимоий борлиқ билан ижтимоий онгнинг бир-бирига таъсир кўрсатишида фаол ҳаракат этувчи омил вазифасини бажарар экан, бу борада жамоатчилик фикрига таяниб иш кўради”2.

PR амалиётининг журналистика заминида пайдо бўлиши. Биз талқин этаётган замонавий PR амалий жиҳатдан журналистика заминида пайдо бўлгани, унинг амалиётдаги асосчиларидан бири АҚШлик журналист Айви Ледбеттер Ли бўлгани қатор манбаларда қайд этилган3.

1898 йилда Нью-Йоркдаги Пристон университетини тамомлаган Айви Ли “World” дастлаб газетасида фаолият кўрсата бошлайди. Бироқ, ёш журналистни репортёрликликнинг тор кўчалари қониқтирмайди. У кўпроқ ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол бўлишга интиларди. Бу интилишини 1903 йили Нью-Йорк мэри сайловида намоён этди. Кейинги йили эса АҚШ президенти сайлови ўтказилиши керак эди. Шу даврда Айви Ли Демократлар партияси Миллий қўмитаси матбуот-бюроси ходими бўлиб ишга ўтади.

Сайловлар даврида Айви Лининг эътиборини тортган ҳол шу бўладики, партия вакиллари сайловолди дастурларини сайловчиларга маълум қилишгач, жамоатчилик ўз муносабатини эмин-эркин билдиради. Бу жараёнда фикрнинг икки томонлама, яъни, ташкилот ва жамоатчилик томонидан тингланиши қанчалик ижобий самара беришини кўрган Айви Лининг қалбида қандай умидбахш орзулар пайдо бўлганини тасаввур этиш қийинмас. Яъни, нафақат сиёсий партиялар сайловлар даврида, балки, барча корхона ва ташкилотлар ҳам ўз фаолиятини доимий равишда жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этиши фақат ижобий самара бериши мумкин-ку!

Биз PRнинг журналистика заминида пайдо бўлганига эътибор қаратдик. Бундан PR фақат журналистикага тегишли соҳа экан, деган хулоса келиб чиқмайди. Гарчи Айви Ли журналист бўлса-да, унинг саъй-ҳаракатлари ўша даврда АҚШдаги турли компаниялар, фирмалар ва бошқа ишлаб чиқариш соҳаларида жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришга қаратилганини тўғри талқин қилиш керак. Бу Айви Ли учун ҳаётий заруратга айланганини англаш қийинмас.

Айви Ли бизнес ва турли ишлаб чиқариш корхоналари манфаатларини кўзлаб ҳамкасби Жорж Паркер билан бирга “Паркер ва Ли” фирмасини ташкил этди. Бу фирма қисқа даврда PR тараққиётига самарали ҳисса қўшди, дейиш мумкин4. Зотан, матбуот билан доимий алоқаларгина катта бизнесга зарур натижалар беришини тўғри тушунган Айви Ли 1906 йилда ўша фирма номидан газеталар ноширлари билан муносабатлар қоидаларини “Тамойиллар декларацияси” номи билан ишлаб чиқди.

“Тамойиллар декларацияси”нинг кириш қисмида шундай ёзилган: “Бу махфий матбуот-бюроси эмас. Биз барча ишимизни очиқ-ойдин бажарамиз. Бизнинг вазифамиз – янгиликлар етказиб бериш. Бу реклама агентлиги эмас. Агар сиз муайян материал ўзингизнинг реклама бўлимингизга кўпроқ тўғри келади, деб ҳисобласангиз, унда бизга мурожаат қилманг. Бизнинг ишимиз – аниқлик. Биз юқорида эслаб ўтилган фактларни шахсан текшириш учун ҳар бир муҳаррирга жону дилимиз билан ёрдам берамиз.

Қисқаси қилиб айтганда, бизнинг мақсадимиз ишбилармон доиралар ва ташкилотлар номидан номидан матбуот ва АҚШ жамоатчилигига улар учун муайян қимматга эга муаммолар бўйича самимий ва очиқ-ойдин ахборот беришдан иборатдир”5. Табиийки, бу масала ишбилармон доиралар ва ташкилотларни ҳам, матбуот ходимларининг ҳам бирдек эътиборини тортади. Журналистлар муҳим ахборотлар олиш учун яна бир қулайлик яратилганини ижобий баҳолайдилар.

Бу асар дастлаб “Паркер ва Ли” фирмасининг фаолиятини жамоатчиликка яқинлаштирди. Айни вақтда улар жамият учун жуда зарур бўлган янги соҳани бошлаб, унинг қанчалик муҳимлигини кўрсатиб берди. Унинг нақадар афзалликларини амалда исботини кўрсатди.

“Тамойиллар декларацияси” бутун миллат учун юқори давлат органлари ва ҳокимиятни ҳам ҳисобга олиб америкача очиқ жамият шаклланиши йўлида асосий дастурий ҳужжатлардан бири бўлиб қолгани эътироф этилган6. Шуни айтиш жоизки, бу асар бир пайтлар АҚШда урчиб кетган турли салбий иллатларга қарши дадил курашаётган журналистлар ва бошқа фидойилар учун ўзига хос дастуриламал бўлиб хизмат қилганини тасаввур этиш мумкин.

Ҳар қандай илғор ғоя ёки янги назария амалиёт билан мустаҳкамланиши ижобий самара беради. Айви Ли айнан шу тамойилларидан келиб чиққан ҳолда ўзи ҳамкорлик қилган корпорация ва ташкилотлар учун матбуот билан алоқалар ўрнатарди.

1914 йилда юз берган бир воқеа “Тамойиллар декларацияси”нинг янада кўпроқ эътибор қозонишига олиб келди. АҚШда номдор магнатлардан бири Жон Рокфелларга қарашли шахтада ишчилар намойишига чиқишади. Бундай хатти-ҳаракатлар алангаланиб кетмаслиги учун масъул шахслар қандай йўл тутиши яхши маълум. Рокфеллер ҳам полицияга мурожаат қилади. Шу тариқа намойишчиларга қарши қурол ишлатиши, тоғликларга ўқ узилиши аҳоли орасида норозиликлар уйғотди. Бу воқеа матбуотда “Лудлоудаги қирғин” деб таърифланди. Катта шов-шувларга сабаб бўлган бу хунрезлик жамоатчиликда шу қадар ташвишли фикр уйғотиб, одамларни жунбушга келтирдики, энди у билан жиддий ҳисоблашмаса бўлмасди.

Рокфеллерлар оиласи “Тушунтириш кампанияси”га салмоқли маблағ ажратишга қарор қилди. Бу кампания ташкилотчилиги Кичик Рокфеллер таклифига кўра Айви Лига топширилди.

Айви Ли анчадан буён Рокфеллерлар оиласи билан алоқаси яхши эди. Кончилар иш ташлаши даврида у матбуот вакилларига воқеаларнинг бориши ҳақида барча ахборотларни олишга ёрдам берди. У нафақат Рокфеллерлар сиёсатини ўзгартириш зарурати, балки жамоатчиликни бохабар қилишни эътиборга олган ҳолда компаниянинг барча томонларини пухта ўйлаб чиқди.

Биринчидан, у бир қанча тоғликларнинг ҳалокатига, сўнгра эса умумий иш ташлашга олиб келган сабабларни ўрганиш учун меҳнат муносабатлари бўйича мутахассис ёллашни таклиф этди. Натижада тоғликларнинг маошлари, иш кунининг давомийлиги ва меҳнат шароитлари бўйича шикоятларини кўриб чиқиш мақсадида ишчилар ва компания раҳбарларининг махсус кенгаши ташкил этилди.

Иккинчидан, иш ОАВнинг кенг ёрдами билан олиб бориларди. Бутун бошли ходимлар штати аҳоли ва тоғликлар ўртасида тарқатиладиган брошюра, памфлет ва мақолалар тайёрлаш билан шуғулланарди. “Колорадо кураши ҳақидаги фактлар” номли махсус бюллетен чиқарилиб, махсус тузилган рўйхат бўйича давлат амалдорлари, газета муҳаррирлари, ўқитувчиларга жўнатиларди.

Учинчидан, Айви Ли катта Рокфеллерга эътибор қаратиб, уни жамоатчилик кўз олдида қаттиққўл қиролдан меҳрибон нуроний отахонга айлантиришни ўйлади. У Рокфеллерни кундалик ҳаётнинг реал воқеаларида (у бўш вақтини қандай ўтказиши, черковга бориши, туғилган кунини нишонлаши ва ҳоказо) кўрсатишга интиларди. Газета ва журнал саҳифаларида нуроний жентльмен ҳақида ҳикоялар пайдо бўла бошлади. Босма нашрлар жуда синчковлик билан танлаб олинарди. Рокфеллернинг диндорлиги ҳақидаги материаллар аёллар нашрларига жўнатиларди. Унинг болаларга муҳаббати, ҳазилкашлиги, хоббиси ҳақидаги материалларни тегишли журналлар чоп этарди.

Айви Лининг Рокфеллерни бундай кўрсатишидан мақсади уни ҳар бир одам тўғри тушуна ва баҳо бера олишига эришиш эди. Бу билан Айви Ли Рокфеллернинг росмана имижини яратиб, уни олижаноб инсон даражасига етказди.

Айви Ли фаолияти пиар бўйича мутахассисларнинг кейинги авлодлари томонидан муносиб баҳоланиб, у “Янги касб отаси” номини олди. У биринчи бўлиб жамоатчилик билан алоқалар соҳасига самимийлик унсурларини олиб кирди. Матбуот-агентларида муносиб фаолият кўрсата оладиган пиарменлар тайёрлаб беришга киришди. Бу ҳаракатларини очиқ-ойдинлик ва ҳақиқатпарварлик билан амалга ошириб, PRни жамоатчилик ҳурмати ва ишончини қозона оладиган профессионал соҳага айлантирди.

Айви Ли мисолида биз биринчи жаҳон уруши арафасидаёқ йирик корпорациялар ўз жамоатчилик билан алоқалар аппаратини ярата бошлаганини, журналистлар эса ҳозирги ПР-дастур учун асос бўлган кўплаб элементларни қамраб олган информацион дастурларни бошқаришга жалб этилганини кўришимиз мумкин.

Айви Ли ўз тажрибаси билан жамоатчиликни хабардор этишни ташкил этишда ташкилотнинг масъулияти муаммоларини, хизмат кўрсатувчилар имижини яратиш муҳимлигини ва бу имиж ўз жилосини йўқотмаслиги учун доимий равишда матбуотдан фойдаланиш заруратини кўрсатиб берди.

Бундан ташқари, Айви Ли гуруҳлар ва гуруҳ раҳбарларининг, иш фаолияти давомида улар билан шахсий алоқалар ўрнатишнинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги аҳамиятига эътибор қаратди. Айви Ли бошлаган ишлар кейинчалик нафақат такомиллаштирилди, балки тегишли назарий асосга эга бўлди.

Шу тариқа АҚШда йирик ташкилотлар билан жамоатчилик ўртасида доимой алоқалар ўрнатиш ҳаракати бошланди. Бу ҳаракат аста-секин ижтимоий воқеликка айланиб кетди.

PR тарихи ва назарий пойдевори ҳақида гап кетганда америкалик олим Эдвард Бернайзнинг хизматлари алоҳида эътироф этилади. Бернайзнинг 1923 йилда чоп этилган “Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви” китоби PRнинг фан сифатида майдонга чиқиши ва илмий асосланишида муҳим ўрин тутади. Эдвард Бернайз 1919 йилда Нью-Йоркда хусусий “пиар-бюро”сини очиб, амалда жамоатчилик билан алоқаларнинг самарасини кўради. Бу борада олиб борган тадқиқотлари “Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви” китобида ўз аксини топган.

Шу ўринда айтиш жоизки, PR назариётчиларининг аксарияти турли соҳа олимлари бўлиб, улар жамоатчилик билан алоқалар масаласига кўпроқ ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, менежмент, сиёсий ва бошқа ижтимоий фанлар нуқтаи назардан ёндашганлар.

“Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви” номли китоби билан PRнинг илк назариётчиларидан бирига айлаган АҚШлик профессор Эдвард Бернайздан тортиб 2001 йилда “Паблик рилейшнз асослари” деб номланган салмоқли китоби чоп этилган Украина сиёсий фанлар академияси академиги, фалсафа фанлари доктори Валентин Королько ва 2003 йилда “Сиёсий PR” китоби нашр этилган россиялик сиёсий фанлар доктори, профессор Дмитрий Ольшанскийгача асли журналистикадан йироқ соҳаларда фаолият кўрсатишган олимлардир.

Улар PRни турфа соҳалар нуқтаи назаридан тадқиқ этган бўлсалар-да, жамоатчилик билан алоқалар борасида оммавий ахборот воситалари, айниқса, ахборот хизматларининг ўрнига алоҳида эътибор қаратганлар. (Бу ҳақда биз кейинги мавзуларда кенгроқ тўхталамиз).

Рус тадқиқотчиси Алексей Чумиковнинг “Жамоатчилик билан алоқалар” асарида қайд этилишича, Эдвард Бернайз ўз фаолиятини шундай таърифлаган: “1919 йили дастлабки офисимни очганимда… “Паблик Рилейшнз маслаҳатчиси”ни тайинладим. У мижозлар фикрини тинглаб, жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш йўлида хизмат қила бошлади”7.

Шу тариқа назариётчилар PRнинг янги-янги қирраларини тадқиқ қила бошладилар. XX асрнинг биринчи чорагидан бошлаб АҚШ, Англияда PRга оид қатор китоблар нашр этилди. Уларда жамоатчилик билан алоқаларнинг назарий асослари янада чуқурроқ ифодалаб берилган.

Шундай қилиб, PR тарихининг шаклланиш ва тараққий этиш эволюцияси уч даврга бўлинади, яъни улар: тайёрлов, оралиқ ва асосий даврлардир.

Биринчи давр, Томас Жефферсоннинг илк бор “Паблик рилейшнз” атамасини қўллаган 1807 йилдан бошланиб, XX аср бошигача давом этган.

Иккинчи даврни, Айви Лининг “Тамойиллар декларацияси”ни эълон қилган ва пиар хизматлари бўйича фирма ташкил этган воқеалар билан боғлиқ, дейиш мумкин.

Учинчи давр 1904-1906 йиллардан ҳозиргача давом этмоқда. Бу даврни “пиар-касб сифатида шаклланиши, соҳалар кенгайиши ва ўзаро боғланишида фанлараро фан ролини адо этган ва ижтимоий институт сифатида”8 тан олинган даври дейишимизга асос бор.

Адабиётлар таҳлили шуни кўрсатадики, PR тадқиқотчилари унинг тарихига оид жуда кўп фикрларни илгари сурганлар. Шулардан бирига эътиборни қаратамиз: “Биз кўп нарсаларни ривожланган дунёдан кечроқ билдик,– деб ёзади назариётчи Грант Карташян.– Шундай таълим бор эканки, биз биладиган генетика ва кибернетикадан устунроқ. Бу – Паблик рилейшнздир”9. PR тарихига оид бу каби фикрлар замирида ҳам унинг ранг-баранг қирралари акс этади.

Шарқда жамоатчилик билан алоқалар талқини. PR фан сифатида илк бора АҚШда шаклланган бўлса-да, ижтимоий муносабатларнинг ушбу тури қадимда Шарқда ҳам бўлган. Қадимда буюк аждодларимиз жамиятни адолатли бошқариш мақсадида фикрлар хилма-хиллигига, демакки, жамоатчилик билан алоқалар масаласига ҳам жиддий эътибор билан қараганлар. Буни қатор мақоллар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Кўпдан кўп фикр чиқади, маслаҳатли тўй тарқамас, етти ўлчаб бир кес, оталар сўзи – ақлнинг кўзи, каби мақоллар замирида ахборот алмашмоқ, фикрлашмоқ, маслаҳатлашмоқ каби маънолар мужассам.

Жамоатчилик билан алоқалар ғояси Шарқ алломалари ижодида ҳам ўз ифодасини топганини қатор манбалардан ҳам кўришимиз мумкин. 1072 йили Маликшоҳ саройида вазирлик қилган Низомулмулкнинг фикрларига эътиборга беринг. Олим ва шоир Умар Хайём билан маслакдош бўлган Низомулмулк “Сиёсатнома” асарида шундай ёзган: “зарурат бўлмаса, олий мажлисдан ҳеч нима ёзилмайди. Фармоннинг ҳурмати ва куч-қуввати шундай бўлиши керакки, ижро этилмагунча уни ҳеч ким қўлидан қўймасин”10. Бу қадим сиёсат замирида жамоатчилик билан алоқаларнинг ўзига хос жиҳатлари акс этгани кўриниб турибди. Бу фикрлар бугун ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Қадимда аждодларимиз ҳам маслаҳату машварат масаласига алоҳида эътибор билан қараганлари тарихий манбаларда акс этган. Амир Темур ўз “Тузуклари” аввалида пири Зайниддин Тойёбодийнинг мактубидан шундай парча келтиради: “салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни, 1) кенгаш; 2) машварату маслаҳат; 3) қатъий қарор; 4) эҳтиёткорлик. Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатнинг барча қилган ишлари ва айтган гаплари нотўғри бўлган жоҳил одамга қиёс қилиш мумкин; унинг айтган сўзлари ва қилган ишлари бошга пушаймонлик ва надомат келтиргай”11.

Бундан тўғри хулоса чиқарган Амир Темур ўз навбатида: “давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат”12 билан амалга оширганини таъкидлайди.

Мазкур битиклар замирида жамоатчилик билан алоқалар ғояси мавжуд бўлиб, унинг тарихий илдизлари теран асослангандир. Жамоатчилик билан алоқалар амалиёти азалдан Шарқда ҳам бўлганини шундан билиш мумкин.

Жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиш масаласи узоқ йиллар турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани тарихий манбаларда кўп учрайди. Бу ғояни милоддан олдин яшаган Суқрот илгари суриб, ўз шогирдларини ҳақиқатни билишга ундаган. У ҳақиқатни “баҳс орқали, суҳбат йўли билан билиш, англаш мумкин, деган, суҳбатда асосий эътиборни инсон онги ва тафаккурини таҳлил қилишга қаратиш зарурлигини айтган. Ўз даврида бу усул “Суқрот усули” деб аталган”13.

Бугунги кунга келиб PR жаҳон узра кенг қулоч ёймоқда. Унинг ибратомуз қирралари, бу соҳадаги илғор тажрибалар Ўзбекистон олий ўқув юртларида ҳам пухта ўрганилмоқда. Тараққийпарвар мамлакатларда ҳукумат, нодавлат ташкилотларининг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилади. Испан файласуфи ва публицисти Ортега Гассет ёзганидек, “Дунёни жамоатчилик фикри бошқаради”14. Юртимизда ҳам аксарият вазирлик ва ташкилотларнинг фаолиятлари жамоатчилик билан алоқалар асосида ташкил этилмоқда. Бугунги кунда жамоатчилик билан алоқалар масаласи ижтимоий воқеликка айланди.

Жамоатчилик билан алоқалар (PR) назарий жиҳатдан асосланиши. Юқорида баён этилганидек, Эдвард Бернайз жамоатчилик билан алоқалар самарасини кўргач, уни “жамият манфаатлари йўлидаги ҳаракатдир”15 деб таърифлаган. Бу борада тадқиқот олиб бориб, хулосаларини ёзган. 1923 йили чоп этилган “Жамоатчилик фикрининг кристаллашуви” китоби PR фанининг биринчи назарий пойдевори эди. XX асрнинг биринчи чорагидан бошлаб АҚШ, Англияда PRга оид қатор китоблар нашр этилди. Уларда жамоатчилик билан алоқаларнинг назарий асослари янада чуқурроқ ифодалаб берилган.

Собиқ мустабид тузум даврида ҳукумат демократияни таъминлашга хизмат қиладиган PRдан ўз мақсадлари йўлидагина кенг фойдаланишса-да оммавий тусда у олий ўқув юртларида ўқитилмас эди. Шу боисдан у фан сифатида тадқиқ этилмасди. Чунки, “СССР таркибида туриб ҳеч қандай миллий равнақ, маънавий тараққиёт хусусида гапириб бўлмас эди. Чунки ёвузлик ва зўравонлик асосига қурилган бу давлат бундай интилишларга асло йўл бермас эди”16. PRни тан олмаган ва жамоатчилик фикри билан ҳисоблашмаган комфирқа кўп нарса ютқазди. Муаллиф америкалик адиба Эйн Реднинг қуйидаги фикрини келтиради: “Инсонни фикрсиз қулга айлантирган ёки унинг меҳнати самарасини тортиб оладиган, эркин тафаккур қилишдан маҳрум этадиган ёки ақлга зид ҳаракатларга ундайдиган жамият, мавжуд қонунлари билан инсоннинг табиий талаб-эҳтиёжлари ўртасида қарама-қаршилик келтириб чиқарадиган жамият аслида жамият деб аталишига ҳам арзимайди. У – жиноятчилар тўдаси ёки оломондир”17.

Илғор фикрлар, умумбашарий ғоялар ривожланиши даврида дунёвий фанлардан бири бўлмиш PR амалиёти муҳим ўрин тутмоқда. Эндиликда юртимиздаги олий ўқув юртларида бу фан ўзлаштирилмоқда. Собиқ СССР барҳам топгач, Россия ва бошқа республикаларда ҳам PRга оид китоблар чоп этилди. Ўзбекистонда ҳам PRга оид тадқиқот ва изланишлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети олимлари томонидан бу борада тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, ҳар бир фаннинг аввало мақсад ва вазифаларини ўрганиш талаб этилади. PRнинг асосий мақсади – жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйиш бўлса, бош вазифаси – ахборот ёрдамида омма фикрини бошқаришдир18. У ташкилотлар ва жамоатчилик ўртасида алоқа ўрнатади. Бундай алоқа фикр алмашиш, ахборот олиш ва тарқатиш, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш билан изоҳланади. Ҳар бир ташкилот ва муассаса фаолияти халқнинг сиёсий, иқтисодий, маърифий ҳамда маданий ҳаётини яхшилашга қаратилган бўлиши шарт. Шу ўринда ҳам PR ўзига хос тафаккур майдонини вужудга келтирган ҳолда самарали натижаларга эришишга хизмат қилади.

Жамоатчилик билан алоқаларнинг муҳим шартларидан бири – икки томонлама фикр эшитиш. Фикр бир тарафдангина айтилса, у моҳиятан – бирёқлама, қолаверса, тарғибот бўлиб қолади. PR амалиётида ташкилот вакилларининг жамоатчилик фикрини тинглаб, хулоса чиқариши муҳим ўрин тутади.

Юртимиз истиқлоли берган неъматлардан бири – ривожланган дунёни бутун бўйи-басти билан кўриш имконига эга бўлдик. Дунё кўрган – дунё билан бўйлашар, деганларидек, бугун ривожланган мамлакатлардаги илғор тажрибалар, дунёвий фанлар, технологиялардан фойдаланиш имконига эгамиз. Ана шундай дунёвий фанлардан бири – PRдир. Ҳаёт воқелигига айланган ана шу фанни сўнгги ўн йилликлар мўъжизаси деб аташ мумкин. Негаки, у бутун моҳият-эътиборига кўра – фанлараро фан ҳисобланади.

Жамият ҳаётида муҳим ижтимоий ва бошқа фикрларни икки томонлама, яъни, бир томондан ташкилот ва иккинчи томондан жамоатчиликдан тинглашни йўлга қўйишнинг илмий асосини PR ташкил қилар экан, демак, бу фан ахборот хизматининг муҳим назарий асосини ташкил этади.

Ахборот хизматининг яна бир назарий асоси бор. Бу – ташкилот қайси соҳага тегишли бўлса, унга оид фанлардир. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати ходимлари тиббиётга, Адлия вазирлиги ахборот хизмати ходимлари ҳуқуқшуносликка оид билимларга ҳам озми-кўпми эга бўлиши мақсадга мувофиқдир. (Бу эса ўша ахборот хизматларида фаолият кўрсатаётган журналистларнинг ихтисослашувига ҳам хизмат қилишини изоҳлашга ҳожат йўқ).

 

4-мавзу назорат саволлари

  1. Ахборот хизматининг назарий асослари деганда нимани тушунасиз?
  2. Журналистикага оид қайси фанларни биласиз?
  3. Жамоатчилик билан алоқалар назариясини қайси фан ўргатади?
  4. PR фанининг биринчи назарий пойдевори қайси манба ҳисобланади?
  5. PRнинг асосий мақсади нималардан иборат?
  6. PRнинг бош вазифасини қандай изоҳлайсиз?
  7. PR амалиёти журналистика заминида қандай пайдо бўлган?

8. Ахборот хизматининг назарий асосларини қайси фанлар ташкил этади?

8

 _________________________________________________________

1 Қаранг: Миллий тикланиш, 1997, 2 декабрь.

2 Худойқулов М. Оммавий ахборот воситалари назарияси. –Т.: Университет, 1999. –Б. 37.

3 Муминов Ф.Паблик рилейшнз: история и теория. –Т.: Ижод дунёси, 2004.

4 Қаранг: Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –М.: Рефл-бук., К.: Ваклер, 2001. –С.62.

5 Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. Рефл-бук. 2001. –С.63.

6 Қаранг: Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –М.: Рефл-бук., К.: Ваклер, 2001. –С.62-63.

7 Чумиков А. Связи с общественностью. –М.: Дело, 2000. –С. 20.

8 Муминов Ф.Паблик рилейшнз: история и теория. –Т.: Ижод дунёси, 2004. –С. 41.

9 Блэк С. Введение в паблик рилейшнз. Ростов-на-Дону, 1998. –С. 5.

10 Низомулмулк. Сиёсатнома ёки сияр ул-мулк. Т.: Адолат, 1997. –Б. 77.

11 Темур тузуклари. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа бирлашмаси. 1991. –Б. 14.

12 Ўша асар. –Б.15.

13 Педагогика тарихи. А.Зуннунов, М.Хайруллаев ва бошқалар. –Т.: Шарқ, 2000, –Б. 175.

14 Қаранг: Холиқов Қ. Жамоатчилик фикри. //Фидокор, 2005, 28 июнь.

15 Berneys E. L. The Later Years. Public Relations Insights 1956-1986.-Rhinebeck: Free Press, 1986.-P.12.

16 Қаранг: Жўраев Н. Тафаккурдаги эврилиш. Т.: Шарқ, 2001. 41-б.

17 Ўша манба, 41-б.

18 Қаранг: Мўминов Ф.А.Паблик рилейшнз: история и теория. –Т.: Ижод дунёси, 2004.–Б. 83.

You may also like...

35 Responses

  1. PR fanining kelib chiqish nazariyasini Donish Domlachalik tushuntiradigan ustoz bòlmasa kerak.

  2. Bugun darsimizga o’zbek jurnalistikasining birinchi nazariyochi olimi Fayzulla Mo’minov tashrif buyurib, bizga o’zining ziyo nuridan ulashdi. Biz bundan juda ham xursand bo’ldik. Buning uchun ustozimizga katta minnaddorchilik bildirib qolaman.

  3. Zokir Shoyimov:

    (Donish Domlaga savol) Axborot xizmatlari fanining nazariyasini mashg’ulotlarda teran anglashga harakat qilayabmiz, amaliyotda joriy bilimlardan unumli faoydalanish uchun qaysi jihatlar yanada zarur?

  4. Ushbu maruza mavzu doirasida atroflicha yoritilibdi, ammo negadir ikki safardan beri matinning birinchi yarim qismini kompyuter ochmaypti. Faqat menda shunaqami yoki boshqalarning kompyuterida ham ochilmayaptimi?

  5. Muxtasarning gapida jon bor. Ustoz Mo’minovning tashrifi biz uchun anchagina yangilik berdi desak mubolag’a bo’lmaydi. Agar iloji bo’lsa shu kabi ochiq muloqot darslari ko’paytirilsa.

  6. Muloqot bizga kerakli ma’lumotlarni berdi, ustozga katta rahmat.

  7. PR axborot xizmatlari fanining asosini tashkil etishini maruza matnini o’qib tushundim, rahmat

  8. Madina Akbarova:

    Jon Rokfeller bilan bog’liq yuqoridagi misol PRning ma’lum ma’noda qutqaruvchi sifatida namoyon bo’lishini ham ko’rsatadi. Ya’ni PR fikrni ikki tomonlama eshitish orqali yo’l qo’yilgan xatolar va tushunmovchiliklar oqibatida yuzaga kelishi mumkin bo’lgan zararlarni bartaraf etish hamda,asosiysi, murosaga erishishning ishonchli yo’li ekanligidan dalolat beradi.

  9. Oltinoy Madaminova:

    PR bilan axborot xizmatlari bir biriga bog’liq ekanligi maruza orqali yana ishonch komil qildim

  10. Har qanday sohani uning mutaxassisi o’rgatsa olingan bilimlar bir umr esdan chiqmaydi. Fayzulla Mo’minovning darslari biz o’rganayotgan fanni ikki karra boyitdi, desam xato bo’lmaydi.

  11. Gulbadanbegim Do'stmurodova:

    PR haqidagi tasavvurni boyitishda ma’ruza ayni muddao bo’ldi.

  12. Mana shu mavzu bo`yicha o`tgan darsimiz menga ma`qul keldi. Ustozimiz dars davomida tushunarli, sodda tilda biz uchun muhim ma`lumotlarni aytib o`tdilar.

  13. Menimcha, bu ma’lumotlar faqat 4-bosqich talabalari uchun emas, balki har bir oliy ma’lumotli inson uchun muhim ahamiyatga aga.

  14. Maftuna Aslanova:

    PR eng ommalashgan soha lekin negadir bizning yurtimizda PRman larga uncha katta e’tibor berilmaydi. Bu bizda PR sohasini tushunmagnlikdanmi yoki u ommalashmaganlikdanmi?

  15. Bu maruzani o’qish davomida jamoatchilik bilan aloqador bo’lgan fanlarning barchasida axborot xizmatining nazariy asoslari muhim ahamiyat kasb etishini anglab yetdim

  16. Ахборот хизматлари фанининг назарий асосларини яхши ўзлаштирдик, деб ўйлайман. Бунда Устозимизнинг хизматлари катта. Тушунтиришнинг ҳам тушунтириши бор, деганларидек, Домла шундай ўргатадиларки, бу бир умр эсдан чиқмайди, ёддан кўтарилмайди. Аввало, бунга раҳмат. Мен ҳозир тезроқ амалиётга чиқсам деяпман. Амалиётни ҳам ўрганиб, ўзимни шу соҳада синаб кўрсам, дейман.

    • Fikringizga qo’shilgan holda shuni aytishim muhim deb o’yladim: Donish domlaning berayotgan saboqlariji 3 yildan beri amaliyotda davom ettirayapman. Oliy Majlis quyi palatasidagi amaliyotimda ustoz berayotgan saboqlar men uchun katta ko’mak bermoqda

  17. Dunyo yaralibdiki har bir narsa ma’lum bir asosiga quriladi. Biz axborot xizmatlarining nazariy asosini bilmasdan turib uning tub mohiyatiga yeta olmaymiz

  18. Dunyo yaralibdiki har bir narsa ma’lum bir asosda quriladi. Biz axborot xizmatlarining nazariy asosini bilmasdan turib uning tub mohiyatiga yeta olmaymiz

  19. Biz PR haqida ko’p ma’lumotlar bilamiz deb hisoblardik, lekin ustozning dars jarayonida misollar bilan mavzuni tushuntirishga intilishlarini ko’rib yanada ko’proq ma’lumotlarga ega bo’lmoqdamiz.

  20. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    ПР бугун бутун дунёда замонавий, кўп мурожаат қилинаётган, жамиятда муносабатларни бошқараётган соҳаларнинг энг аввалида турибди! Ўрганса арзигулик соҳа!

  21. «Gapirganda asosli gapirish kerak, mulohazada asos ko’rsatilishi zarur»,- deb bejizga aytilmaydi. Har qanday sohada nazariy asos amaliyot uchun tajribaning poydevori bo’lib xizmat qiladi.

  22. Кимдир ПР ни журналистикага алоқаси йўқ, деса бу унинг аслида журналистикага ўзи алоқадор эмаслигини билдиради!

  23. Saodat Abulqosimova:

    PR ning ilk ko’rinishlaridan biri sifatida ‘Gilgamish’ folklorini olishimiz mumkin. Bunda Gilgamish ismli hukmdor o’zining taxtga kelish afsonadini folklor holatiga keltirgan. Bu asarda u ham ko’pgina qiyinchiliklardan o’tganini hikoya qiladi. Bu orqali o’z aholisi o’rtasida chuqur hurmat qozongan.

  24. Saodat Abulqosimova:

    PR ning ilk ko’rinishlaridan biri sifatida ‘Gilgamish’ folklorini olishimiz mumkin. Bunda Gilgamish ismli hukmdor o’zining taxtga kelish afsonasini folklor holatiga keltirgan. Bu asarda u ham ko’pgina qiyinchiliklardan o’tganini hikoya qiladi. Bu orqali o’z aholisi o’rtasida chuqur hurmat qozongan.

  25. Pokiza Turdaliyeva:

    Naqadar dono fikr Iroda. Darsimizdagi o’zaro mushohadalar buzga ushbu fanning nechog’lik kerak ekanligidan dalolat beradi.

  26. Har qanday sohani ham o’zining ustasi o’rgatsa samara ham xuddi shunday bo’ladi. Kursdoshlarimning fikrlari juda to’g’ri

  27. Sevinch Norqobilova:

    Fanlar aro fan — PR fani o’qitilar ekan, bizda turli sohalarga oid fikrlar to’planib boraveradi. Shu boisdan ham dunyoni jamoatchilik fikri boshqaradi, degan xulosalar berilgan.

  28. PRning ilk ko’rinishini namuna sifatida keltirgan Saodatxonning mulohazalari zamirida asosli fikrlar mavjud. Demakki, bu borada tengdoshlarimning yaxshigina fikrlari shakllangan.

  29. Жамоатчилик билан алоқа, деганда кўпчилик жамоатчиликка ахборот етказишни тушунади. Жамоатчилик билан алоқа — бу икки томонлама фикр алмашиш. Бунда ўша етказилган ахборотга нисбатан жамоанинг фикри, хулосаси ҳам мухим.

  30. Dilfuza Tillayeva:

    Ko’pchilik PR va reklamani ajrata olmaydi. Reklama o’z yo’liga.PR ikki tomonlama fikrni o’rganish almashish demakdir. Masalan biror bir masalani o’rganishda ham bir nechta odamlarni ya’ni jamoatchilik fikrini o’rganib keyin ishga kirishamiz.

  31. Nazriya bu qurol kabidir. Qurolsiz jangga kirganning yengilishi tayin. PR ning nazariy asoslari bizning qurolimizdir.

  32. Nazariya bu qurol kabidir. Qurolsiz jangga kirganning yengilishi tayin. PR ning nazariy asoslari bizning qurolimizdir.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>