“Ахборот хизматлари” фанидан ўқув машғулотлари (15)

15-мавзу: Ахборот хизмати ходимларининг ташкилотчилик ва ижодий маҳорати

***

Тўлқин ЭШБЕК

АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

(Ўқув қўлланма)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2015

Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг)

я5

14-мавзу: АХБОРОТ ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИНИНГ ТАШКИЛОТЧИЛИК ВА ИЖОДИЙ МАҲОРАТИ

 Режа:

 1. Ахборот хизмати ходимининг ташкилотчилик маҳорати;

2. Ахборот хизмати ходимлари ҳар куни ўз ташкилотидан янги ахборот ва маълумотлар тўплаши ва ОАВга тақдим этиш режасини ишлаб чиқиши;

3. Ахборот хизмати томонидан мунтазам равишда ахборот оқимини вужудга келтириши;

4. Веб-сайтда ахборот манбаини яратишда ахборот хизмати ходимининг ижодий маҳорати.

 

Ахборот хизмати ходими ўз ташкилоти жамоаси – раҳбаридан тортиб оддий ходимларигача тўла маълумотга эга бўлиши даркор. (Ташкилотнинг кадрлар бўлимида ҳар бир ходимга тегишли ҳужжатлар сақланади, ахборот хизматида эса уларнинг илмий, ижодий ва бошқа салоҳиятини кўрсатадиган маълумотларгача тўплаб борилиши мақсадга мувофиқдир) У бутун фаолияти давомида ана шу жамоадан ахборот олади, уларни ОАВ билан ҳамкорликка чорлайди, биргаликда тадбирлар, анжуманлар уюштиради, имижини яратади. Билъакс, уларнинг жамоатчилик билан алоқалар борасидаги тушунчалари мавҳум бўлиб қолаверади.

Жамоатчилик билан алоқалардан кўзланган мақсад – ташкилотнинг дастур ва режаларидан, кундалик фаолиятидан оммани узлуксиз бохабар қилиб бориш, иккинчи томондан, соҳада катта тажрибага эга кишилар, мутахассисларнинг унга муносабати, фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва эътирозларини ўрганиб боришдир. Ташкилотда ана шу вазифани бажариш Ахборот хизмати зиммасига тушади. Ахборот хизматини ташкил этган ташкилот раҳбари аввало унинг ана шу вазифаларини тўғри англаб олмоғи лозим.

Қайсики ташкилот раҳбари Ахборот хизматининг шу вазифаларидан келиб чиққан ҳолда иш тутса, унинг дастур ва режалари тўла амалга ошишига имкон яралади. Бундай ташкилотнинг имижи ҳам ортиб бораверади. Юртимизда Ахборот хизмати фаолиятидан тўғри фойдаланаётган ташкилотлар анчагина. Масалан, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий сайлов комиссияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси матбуот хизматлари ҳақида шундай ижобий фикрлар айтиш мумкин.

Ахборот хизматидан самарали фойдаланган ташкилот раҳбарининг имижи юқори бўлади. Ахборот хизмати, биринчи галда, ташкилот раҳбарининг журналистлар билан алоқасини мустаҳкамлайди. Ўз навбатида ОАВ ходимлари ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини изчил ривожлантиришга ёрдам беради. Ишни шу асосда ташкил этган раҳбар амалда ташкилотининг фаолиятини муттасил ривожлантира олиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Афсуски, қатор ташкилот раҳбарлари Ахборот хизматини тузишдан мақсад, унинг вазифаларини ҳали тўла англаб етмаётгани кўриниб турибди. Зеро, ҳар бир ташкилотда Ахборот хизмати ўрни, мавқеи қай даражада бўлиши биринчи галда шу жамоа раҳбарига боғлиқдир.

Ахборот хизмати биринчи галда ташкилот раҳбари ва ОАВ ўртасида доимий алоқа ўрнатади. Журналистлар билан бўладиган мулоқотларда матбуот котиби ташкилот раҳбарининг ишончли маслаҳатчиси бўлишини тўғри тушуниш лозим. Буни тушунмаган раҳбар Ахборот хизматига «шунчаки бўлим» сифатида қарайди. Оқибатда юқорида қайд этилган вазифалар бажарилмай, ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари ривожланмай қолаверади. Демак, бу масала қай даражада ҳал этилиши ташкилот раҳбарига боғлиқ. «Агар раҳбар мавжуд аҳволдан, ўз ишининг натижасидан мамнун бўлиб, бизларга бўлаверади, деб ёнбошлаб ётаверса, бундай ҳолатдан энг аввало ким зарар кўради – шу ерда яшаётган одамлар,– деб таъкидлаган эди Президент Ислом Каримов.– Ҳар қандай оғир ва мураккаб аҳволга тушганимизда ҳам, жамоатчилик, маҳалла, фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари, обрўли фахрийлар, кайвонилар билан бамаслаҳат мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш, вазиятни очиқ-ойдин тушунтириш – бугунги куннинг долзарб вазифаси, ҳаётда учрайдиган ҳар қандай нохуш ҳолатларнинг олдини олишнинг асосий шартидир»1.

Бугунги кунда раҳбарнинг тадбиркор ва ишчан бўлиши баробарида ўз жамоатчилиги билан алоқаларини узвий равишда ривожлантириб бориши устувор масалалардан бирига айланди. Зотан, «мамлакатимизнинг эртаси ва тараққиёти раҳбар ходимларнинг фидойилиги, профессионал маҳорати, ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ғоявий-маънавий етуклигига кўп жиҳатдан боғлиқ»2 экан, бугунги кунда улардан АХга тўғри муносабатда бўлишлари талаб этилишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бугунги кунда ташкилотларда АХни ташкил этиш ҳукумат сиёсати даражасига кўтарилганига қарамай бу масалага лоқайдлик билан қараётганлар кам эмас. Бу эса мамлакатимизда PRнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бунинг натижасида «жойларда очиқ ва эркин фикрловчиларнинг «оғзини ёпишга» уринувчи раҳбар шахслар ҳам учраб туради»3, алал-оқибат, жамоатчилик фикрини назар-писанд қилмаслик ҳоллари ҳам кўзга ташланмоқда. Бу ошкоралик сиёсатига зиддир. «Аслида, ошкоралик – камчиликларни ўзимиз аниқлайлик, уларга холисона баҳо берайлик ва бартараф этайлик дегани. Бу эса очиқ мулоқот, баҳс-мунозара орқали рўёбга чиқади»4. АХ эса худди ана шу масъулиятли вазифани адо этишини ҳар бир ташкилот раҳбари тўғри тушунмоғи зарур. Қайсики раҳбар шуни тўғри тушунмаса, бундан биринчи навбатда ташкилоти ва жамоатчилиги зарур кўришини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу каби муаммолар ечимини эса жамоатчилик фикрини ўрганмасдан туриб ижобий ҳал этиш жуда мушкул. Ахборот хизмати худди шу муҳим вазифани бажаришини тўғри тушунган ҳолда ташкилот раҳбари унга имкониятлар яратиши, матбуот котибига жиддий муносабатда бўлиши, ОАВ билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда у билан бамаслаҳат иш тутиши давр тақозосига айланди. Ривожланган мамлакатларда матбуот котибининг мавқеи ташкилот раҳбари ўринбосарларига тенглаштирилгани бежиз эмас.

Бироқ, бу илғор иш услубини тушуниб етмаётган айрим раҳбарлар Ахборот хизматига «иккинчи даражали тузилма» сифатида қарашмоқда. Улар Ахборот хизмати ходимларига маърузаларини ёздириш, қандайдир маълумотнома ёки бошқа ҳужжатларини тайёрлатиш каби майда-чуйда ишларни юклаб қўймоқда. Ахборот хизматининг ҳақиқий юмушлари бир четда қолиб кетаётир. Бу ҳолда Ахборот хизматини тузишдан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди.

Ахборот хизматининг яна бир вазифаси – ташкилот раҳбарининг ОАВда мунтазам чиқишларини таъминлаш. Бунинг учун ўша раҳбарнинг ўзи ҳам ташаббус кўрсатиши зарур. Яъни, газетада қандай мақола ёритиши, телевидение ёки радиога қайси мавзуда интервью бериши борасида Ахборот хизмати раҳбари билан бамаслаҳат иш тутиши лозим. Бу борада Юртбошимизнинг қуйидаги сўзларини ёдда тутиш зарур: «Нега вилоят ҳокимлари, туман ҳокимлари, вазирлар ва бошқа мутасадди раҳбарлар матбуотдан ўзини олиб қочади? Заифлиги, тили қисиқ жойи борми? Нега очиқ мулоқотга чорласангиз, дудуқланиб қолади? Ёки, очиғини айтадиган бўлсак, мазмунли жавоб бериш учун қурби, савияси, малакаси етишмайдими?– Давлатимиз раҳбари бу масалада шундай фикрни илгари сургани эътиборга моликдир.– Президент ҳам, вазирлар ҳам, оддий фуқаро ҳам, ҳокимлар ҳам очиқ баҳсдан, очиқ мулоқотдан ўзини тортмаслиги шарт. Бизни сайлаган одамлар ҳокимият фаолиятидан хабардор бўлиши ва унга баҳо беришида матбуот воситачи ролини бажариши лозим»5. Демак, жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш масаласи бугунги кунда ҳам мамлакатимизда долзарб муаммолардан бири бўлиб турибди.

Қатор ташкилотларда Ахборот хизмати фаолиятини тобора такомиллаштиришда пойтахт шаҳримиздаги Миллий матбуот марказида, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институтида, турли ташкилот ва муассасаларда вақти-вақти билан ўтказилаётган матбуот котиблари йиғилишлари, давра суҳбатлари муҳим ўрин тутмоқда. Бу тадбир ва анжмунларда айниқса ёш матбуот котиблари билим ҳамда тажрибалари, малакаларини оширмоқдалар.

Ташкилот раҳбари Ахборот хизматини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйишда қандай вазифаларни амалга ошириши зарур? Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан келиб чиққан ҳолда улар қуйидаги вазифаларни ижро этишлари шарт:

  1. Ахборот хизмати низомини ишлаб чиқиш ва ташкилий штат тузилмасини ҳал этиш (бу борада, масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2006 йил 16 октябрдаги 234-қарорида «Ахборот хизмати 3 ходимдан иборат таркибда тасдиқлансин» деб белгиланган);
  2. Ахборот хизматини журналистика, жамоатчилик билан алоқаларни ташкил этиш соҳасидаги юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш;
  3. Ахборот хизматини унинг ишларини самарали ташкил этиш учун зарур бўлган замонавий моддий-техник база билан таъминлаш;
  4. Ахборот хизматининг идоранинг бошқа бўлимлари, идорага қарашли тузилмалар билан зарур даражадаги ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш;
  5. Ахборот хизмати томонидан мамлакатимиз ва хорижий ОАВ вакиллари билан мунтазам равишда (ҳар ойда камида бир марта) матбуот конференциялари, брифинглар ўтказилишини амалда жорий этиш.

Ахборот хизмати матбуот анжуманлари ўтказилганидан сўнг у ҳақда ОАВда кенг ёритилиши учун ҳам масъул ҳисобланади.

Ана шулардан келиб чиққан ҳолда ҳар бир етакчи ташкилот амалда қилган ишлари билан қуйидаги саволларга жавоб бериши зарур:

  1. Ахборот хизмати ташкилот биносида етарли даражада хоналар, зарур жиҳозлар ва ашёлар билан таъминланганми?
  2. Ахборот хизматида кимлар фаолият кўрсатишяпти? Уларнинг журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар соҳасидаги малакалари қай даражада?
  3. Интернетда Ахборот хизматининг веб-ресурслари яратилганми? Унинг дизайни, мавзулар йўналиши, рукнлари талаб даражасидами?
  4. Веб-сайтга ташкилот ҳақида қандай маълумотлар жойлаштирилган? Унинг дастури, йиллик, ойлик иш режалари эълон қилинганми?
  5. Ташкилот фаолиятига оид ахборот оқими вужудга келтириляптими?
  6. Ташкилот меҳнат жамоасининг кундалик ишларини акс эттирувчи муҳим ахборотлар ҳозиржавоблик билан ёритиб бориляптими?
  7. Ташкилот режаларига ва фаолиятига нисбатан жамоатчилик фикри қай тарзда ўз ифодасини топяпти?
  8. Ўша веб-сайтни ҳар куни қанча ахборот истеъмолчиси кузатмоқда?
  9. Охирги марта қачон матбуот конференцияси ё брифинг ўтказилди? Набатдаги матбуот анжумани қачон ўтказилиши режалаштирилмоқда?
  10. Матбуот котибингиз билан ҳар қанча вақтда суҳбатлашиб турасиз?

Ҳар бир ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари аслида ана шу вазифаларнинг қай даражада амалга оширилаётгани билан изоҳланади. Бу вазифа эса, биринчи галда Ахборот хизмати зиммасига тушади. Мутахассислар фикрича ҳам ОАВни «ахборот билан таъминлаш… ҳар бир PR ходимининг муҳим вазифаси ҳисобланади»6.

Демак, ташкилот раҳбари Ахборот хизматини «майда-чуйда» ишларга ўралаштириб қўймасдан ўша салмоқли, залворли вазифаларни бажаришга йўналтириши давр талабидир. Бунинг учун ташкилот раҳбарининг ўзи Ахборот хизматининг қандай мақсадда ташкил этилгани, вазифалари нималардан иборат эканлигини яхши англаб олмоғи зарур. Бу борада назариётчи Валентин Королько ёзганидек, «PRни хўжакўрсинга ташкил қилмаслик керак»7. Унинг фикрича, ўзларига яхши шароит яратиш учун ҳар қандай йўл билан халқни алдаш ва омма ишончини суиистеъмол қилиш нохуш оқибатларга олиб келади. Жамиятни маълум бир муддат давомида алдаш мумкин. Бирон-бир қисминигина узоқроқ алдаб юриш мумкин. Бутун жамиятни ҳар доим алдаб юриш эса ҳали ҳеч кимга насиб қилмаган8. Жаҳон амалиётига назар ташлайдиган бўлсак, қайсики соҳада бўлмасин омма ишончини суиистеъмол қилиш шак-шубҳасиз салбий оқибатларга олиб келади…

Демак, энг аввало ҳар бир ташкилотда Ахборот хизматига нисбатан муносабатни тўғри шакллантириш тақозо этилади. Биринчи навбатда, ташкилот раҳбари Ахборот хизмати нима мақсадда ташкил этилгани, унинг вазифалари нималардан иборат эканлигини тўғри англаб олмоғи ва шунга яраша муносабатда бўлмоғи шарт. Мутахассислар фикрича, бундай муносабат моҳияти тубандагича бўлиши мумкин:

– ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришга доимо эътибор бериб туриш;

– соҳа мутахассислари билан бамаслаҳат иш юритиш;

– муҳим қарорлар қабул қилишда аввало ундан кўзланган мақсад ва оқибатини эътиборга олиш;

– ташкилотнинг ички ва жамоатчилик билан ташқи – икки томонлама алоқаларини мунтазам равишда ўрнатиш;

– эълон қилинган режалар, учрашувларда берилган ваъдаларнинг тўла бажарилиши учун қатъий ҳаракат қилиш;

– ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришдан кўзланган мақсадларини аниқлаб олиш.

Давр талабини тўғри англай олмаётган айрим ташкилот раҳбарларида Ахборот хизмати билан бундай муносабатлар нима учун зарур, деган ғайриоддий савол пайдо бўлиши мумкин. Очиғи, бундай амалиётга ўрганмаган мутасаддилар оғизда бошқача гапирсалар-да амалда унга ўзлари риоя этиши жуда қийин кечмоқда. Хўш, бу борада нима қилмоқ керак, деган саволга мухтасар жавоб топиш керак. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг илмий ва малака ошириш ишлари бўйича проректори Шукритдин Пахрутдинов ибораси билан айтганда: «вазифа аниқ: раҳбар кадрларни профессионал жиҳатдан қайта тайёрлашимиз, энг аввало, уларнинг онг ва тафаккурини тубдан ўзгартиришга эришимиз зарур»9. Токи, улар ўзлари раҳбарлик қилаётган ташкилотининг жамоатчилик билан алоқаларини изчил ривожлантиришда Ахборот хизматининг ўрни ва ролини ҳам англаб етишлари лозим.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ахборот хизматининг асосий вазифаси – матбуот, радио ва телевидение орқали ўз идоралари ҳақида жамоатчилик ўртасида ижобий ахборотни тарқатиб, ушбу жамоатчиликда идоранинг имижини яратишдир. Албатта, мазкур вазифани муваффақиятли бажариш фақатгина Ахборот хизмати ходимларининг ўзларига боғлиқ эмас. Уларнинг фаолияти энг аввало истиқболли режага асосланиши зарур. Бундай режани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун қандай ишларни амалга ошириш керак?

Аввало ташкилотда Ахборот хизматига нисбатан тўғри муносабатни шакллантириш лозим. Бу ерда биринчи ва асосий ўринда раҳбариятнинг матбуот хизматига муносабатини назарда тутиш керак. Бундай муносабатнинг таркибий қисмлари нимадан иборат? Улар қуйидагича бўлиши мумкин:

– жамоатчилик билан алоқалар соҳасига доимо эътибор бериб туриш;

– соҳа мутахассислари билан мунтазам маслаҳатлашиб туриш;

– қарорлар қабул қилишда уларниг оқибатларини эътиборга олиш;

– ички (ташкилотники) ва ташқи жамоатчилик билан икки тарафлама алоқаларни такомиллаштириб бориш;

– эълон қилинган режаларни амалга ошириш;

– жамоатчилик билан алоқалар учун ўз мақсадларини аниқлаб олиш.

Ахборотлашган жамиятда Ахборот хизматини ривожлантирмасдан бирор ташкилот фаолияти ривожланиши мушкул. Ахборот хизматига ижобий муносабатда бўлмаслик ва унга керакли ёрдамни кўрсатмаслик ташкилотнинг эртаги фаолиятини таъминлай олмаслик билан тенгдир. Ташкилот раҳбари ва Ахборот хизмати раҳбари ўртасида доимий самимий ва ишонарли мулоқот бўлиши зарур. Кўп идораларда Ахборот хизмати раҳбари идора бошлиғининг ахборот технологиялари ё жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари ҳисобланади. Бундай расмий мақом Ахборот хизмати учун ўз вазифаларини муваффақиятли бажариш имконини ошираверади.

 

Ахборот хизматининг бошқа бўлимлар билан муносабатлари

 

Ушбу мавзу асосан соҳа мутахассисларидан бири – филология фанлари доктори, профессор Файзулла Мўминов (муаллифнинг илмий раҳбари) билан ҳамкорликда тайёрланди.

Ҳар бир ташкилот бир нечта бошқарма, гуруҳ ё бўлимлардан (кейинги ўринларда – бўлим) таркиб топишини изоҳлашга бўлмаса керак. Улар бир мақсад йўлида фаолият кўрсатадилар. Фақат, кундалик ишлари, режалари турлича бўлиши мумкин. Айтайлик, газета таҳририятида ҳам ўша нашр йўналишига монанд «Ижтимоий ҳаёт», «Иқтисодиёт», «Адабиёт ва санъат», «Жамоатчилик билан алоқалар» каби бўлимларнинг режалари турлича бўлса-да, улар шу таҳририятни ташкил этган ҳолда битта номда газета чиқарадилар. Демак, таҳририят умумий мақсад йўлида фаолият кўрсатади.

Турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона, йирик ташкилот ва муассасаларда ҳам фаолиятлари бир-бири билан чамбарчас бўлган бўлимлар фаолият кўрсатмоқда. Ахборот хизмати ташкилот раҳбарияти билан қандай муносабат ўрнатган бўлса, ўша бўлимлар билан ҳам худди шундай узвий алоқада бўлиши лозим. Очиқ айтиш керак, ҳозирча Ахборот хизматининг бошқа бўлимлар билан муносабатларига етарли даражада эътибор берилмаётир.

Юқорида Ахборот хизматининг ташкилот раҳбари ва жамоа ходимлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш борасидаги вазифалари ҳақида сўз юритдик. (Буни, ички PR деб атадик). Ахборот хизматининг навбатдаги вазифаси – ташкилотдаги бошқа бўлимлар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат. Бу ҳам аслида ички PRни такомиллаштиришга хизмат қилади.

Ташкилотдаги ҳар бир бўлим билан узвий алоқада бўлиш ижтимоий фикрни теранроқ ўрганишга ёрдам беради. Зеро, «жамоатчилик фикри моҳиятини теранроқ англамоқ учун мазкур ижтимоий ҳодиса таркибини атрофлича ўрганиш мақсадга мувофиқдир,– деб ёзади профессор Мансур Бекмуродов.– Ҳар бир фикр ўз кўлами ва сифатига кўра хусусий, гуруҳий, маҳаллий, миллий, табақавий бўлиши мумкин»10. Ташкилотда эса бир нечта бўлимлар билан алоқа ўрнатиш асносида бутун жамоа фикрини теранроқ ўрганиш имкони пайдо бўлади. Чунки, уларнинг фикрлари «бирор бир ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масала хусусида билдирилган эътиқоди, фикр-қарашларининг намойишидир»11.

Демак, ҳар қандай ташкилотда ички PRни ривожлантириш учун Ахборот хизмати фақат раҳбарияти билан муносабат ўрнатиши камлик қилади. Ахборот хизмати барча бўлимлар билан бирдек алоқа ўрнатган тақдирдагина кўзланган мақсадга эришиши мумкин. У ҳар бир бўлимнинг фаолияти, режалари, ютуқ ва камчиликлари, эришаётган натижаларидан бохабар бўлиб бориши зарур. (Ҳозирча Ахборот хизмати умумий йиғилишларда раҳбарнинг гап-сўзларидан сўнггина бошқа бўлимлар фаолиятидан қисман хабардор бўлмоқда).

Агар Ахборот хизмати бошқа бўлимлар билан ўзаро алоқаларни мунтазам йўлга қўйган ҳолда фаолият кўрсатса, бу ташкилотнинг ривожланишига қай даражада ижобий таъсир кўрсатишини тасаввур этиш қийин эмас. Демак, бу масалага ташкилот раҳбари жиддий эътибор қаратиб, ташкилотининг бўлимлари билан Ахборот хизмати ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга ёрдам бериши мақсадга мувофиқдир. Юртбошимиз таъбири билан айтганда «халқ етакчиси бўлган ҳар бир раҳбарнинг энг муқаддас бурчи – одамларга ғамхўрлик қилиш, уларни бирлаштириш, сиёсатимиз – эзгу мақсадларимиз йўлида жипслаштиришдан иборатдир»12.

Ахборот хизматининг барча бўлимлар билан алоқаларни мустаҳкамлаб бориши энг аввало умум манфаатига хизмат қилади. Ҳар бир бўлим Ахборот хизмати орқали бир-бирларининг ишларидан бохабар бўлиб боради. Шу аснода улар ҳамфикр, маслакдошга айланадилар. Умум манфаатига тўғри келмайдиган ёхуд улар фаолиятига тўсқинлик қиладиган муаммоларни баҳамжиҳатлик билан ҳал этиб бориш имкониятига эга бўладилар. «Гап шахс нуқтаи назарини умум манфаатларига нечоғли мувофиқ тушишига, ҳар бир индивиднинг жамоа хоҳиш-иродаси, мақсад ва интилишлари доирасида иш тутишига боғлиқлиги устидадир,– деб ёзади профессор Мансур Бекмуродов.– Зеро, жамиятнинг илдам тараққиёти фикрлар мўл-кўллиги, масалани ҳал этишнинг ранг-баранг йўл ва усуллари мавжудлиги ва бу эркин қарашларни очиқ-ойдин ўртага ташлаш, муҳокама этиш имкониятлари яратилган ҳоллардагина амалга ошиши мумкин»13.

Ахборот хизмати ташкилотдаги бошқа бўлимлар билан қандай муносабат ўрнатади? Бу бирор буйруқ ё қандайдир кўрсатма билан амалга ошадиган иш эмас. Ахборот хизмати ходими ишни аввало ходимлар билан самимий муносабатлар, ўзаро ҳамкорлик ўрнатишдан бошлаши зарур. Бошқа бўлимлар Ахборот хизматига қилаётган ишлари ҳақида маълумотлар бериб боришдан қанчалик манфаат кўришини тушунтириш керак. Бўлимлар нафақат қўлга киритилаётган ютуқлар, айни вақтда ишга тўсқинлик қилаётган муаммолар хусусида ҳам Ахборот хизматига очиқ-ойдин айтишлари одатий ҳолга айланиб қолиши даркор. Бундай ҳолни эса ташкилотларда иш юритишнинг – мувофиқлаштириш усули деб аташади. Бу борада М.Салливан айрим мутахассисларнинг фикрига таянган ҳолда шундай ёзган: «Мувофиқлаштиришсиз ишни яхши бажариб бўлмайди». Муаллифнинг фикрича, матбуот котиби ходимларнинг ОАВ билан барча алоқаларини мувофиқлаштиргани дуруст. Матбуот котиби, ҳеч бўлмаса, бирон-бир ходим матбуот вакиллари билан мулоқотда бўлган-бўлмаганини, қандай мавзуларни муҳокама қилганини имкон қадар тезроқ билиши зарур14.

Шуни очиқ айтиш жоизки, аксарият ташкилотларда ходимлар ОАВ вакиллари билан ўзларича суҳбатлашавермайдилар. Уларга бирор ахборот беришга ийманадилар (ёки «қовун тушириб» қўйишдан қўрқадилар). Нега шундай, деган саволга эса ҳеч ким жўяли жавоб айта олмайди. Бу бутун дунёда кузатилган ғалати ҳодисадир. Бироқ, ижтимоий ҳаётда энг муҳим ахборотлар айнан уларнинг фаолиятлари билан боғлиқлигини эътироф этиш жоиз. У ишлаб чиқариш ё бошқа соҳадами, барибир, ахборотнинг биринчи манбаи – оддий меҳнаткашларнинг фаолиятлари билан боғлиқ ҳодисалардан бошланишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Шундай экан, ҳар бир жамоада Ахборот хизмати бошқа бўлимлар билан узвий алоқада бўлиб, улар ахборотини ҳушёрлик билан ўрганиб, лозим топса, ОАВда ёритиб бориши даркор. Шу боисдан Ахборот хизмати фаолиятининг «аҳамияти яна шу сабабдан ҳам ортадики, улар умумий ҳокимият институти номидан ҳаракат қилади, бу институт ўз иродасини фуқароларга етказмасдан, ўз қарорларини эълон қилмасдан ва тушунтирмасдан ишлай олмайди»15. Ташкилотда Ахборот хизмати фаолияти, вазифалари ва мақсадлари барчага маълум бўлгач, унга бўлган эътибор ҳам ортади.

Хўш, бошқа бўлим ходимлари Ахборот хизматига қачон ахборот бериб туриши, муаммоларини ошкора айтиши мумкин? Қачонки, ундан бирор ижобий натижа чиқишига ишонса!

Айтайлик, бирор бўлим Ахборот хизмати зарур ахборотини айтганидан сўнг у ҳақда ОАВда мақола ёритилса ва ундан ўша бўлим манфаат кўрса, сўзсиз бошқа ахборотларидан ҳам бохабар қилиб туради. Ёки муаммосини Ахборот хизматига айтгач, унинг ижобий ҳал этилишига йўл очилса, шундан сўнг ўша бўлимнинг Ахборот хизмати билан алоқалари мутаҳкамлана бошлайди. Ахборот хизмати бошқа бўлим ахборотини шунчаки тинглаб, ундан кейин бирор саъй-ҳаракат қилмаса, уларнинг ҳафсаласи пир бўлади. Сўнг, унга бирор ахборот бериш фойдасиз, деган хулосага келади. Бундай жамоада Ахборот хизматининг бошқа бўлимлар билан алоқаси кутилган даражада бўлмайди.

Бошқа бўлимлардан олинган ахборотларни Ахборот хизмати нима қилади, деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:

  1. Маълумот сифатида ўрганади, таҳлил қилади ва ташкилот раҳбари билан келишган ҳолда интернетдаги тегишли веб-сайтига жойлаштиради.
  2. Мавзунинг долзарблигига қараб ОАВда ёритиши мумкин.
  3. Жамоатчиликнинг унга нисбатан фикрини, таъбир жоиз бўлса, тажрибали мутахассисларнинг таклифларини, эътирозларини ўрганиб, бу ҳақда бўлим ходимларини хабардор этади.

Бу, албатта, ўша бўлим фаолиятининг янада ривожланишига хизмат қилади. Демак, ҳар бир бўлим Ахборот хизматини ўз фаолияти ҳақидаги янги ахборот ва маълумотлар билан таъминлаб туриши мақсадга мувофиқдир.

Ўз навбатида Ахборот хизмати бўлим фаолияти, ютуқлари ва муаммолари, бўлимда фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор этиб бориши даркор. Аҳоли уларнинг фаолияти, чиқараётган маҳсулотлари ёки кўрсатаётган хизмати ва ҳоказолардан мунтазам бохабар бўлиши лозим. Бу билан Ахборот хизмати мазкур ташкилотда бўлимлараро ахборот алмашинувини таъминлашга хизмат қилади. Шунинг баробарида бошқа бўлимлар Ахборот хизмати саъй-ҳаракатларига қараб йўл тутишлари одатий ҳолга айланади.

Хўш, бу борада юртимиздаги ташкилотларда аҳвол қай даражада? Бу масалада Ахборот хизмати биринчи галда қуйидаги саволларга аниқ ва тўлиқ жавоб бера олиши даркор:

  1. Ташкилот жамоасини, унинг бўлимларини қандай мутахассислар ташкил этади?
  2. Улар ташкилотга тегишли қонунлар, ҳукумат қарорлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлардан қай даражада бохабар?

3 Ташкилот низоми, дастури, режалари билан танишиб чиқишганми?

  1. Ана шу ҳужжатлар юзасидан қандай фикрлар билдиришган? (Ўша билдирилган фикрлар мониторинги олиб борилганми? Унинг натижалари ташкилот раҳбарига ва жамоага маълум қилинганми?)
  2. Ходимлар ташкилот раҳбарининг таржимаи ҳолини, иш услубини билишадими, унга ишонишадими, зарур пайтда қўллаб-қувватлашадими?
  3. Ташкилотнинг истиқбол режалари, дастурлари билан ҳар бир ходим танишганми ва бу борада уларнинг фикрлари ўрганилганми?
  4. Жамоа шартномаси – корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга соладиган меъёрий ҳужжат16 борми ва унга қай даражада амал қилинмоқда?
  5. Бўлимларнинг кундалик фаолияти: эришаётган натижалари, пайдо бўлаётган муаммолар ва уларнинг ечими қандай ҳал этилаётганидан бутун жамоа мудом хабардор бўлиб борадими?

Тасаввур қилинг, барча ходимлардан ўша саволларга ижобий жавоб олинса, у ҳолда бу жамоа аъзоларининг ҳуқуқий савияси, маданияти қай даражада юксак бўлиши мумкин! У ҳолда ҳар бир ходим қандай жамоада ишлаётганини англаб, онгли равишда меҳант қилади! Ташкилотининг бу жамиятда нима учун кераклигини ҳис этади. Одамларга қандай фойда келтираётганини, бунинг келажаги қандай бўлишини яхши билади. Ахборот хизмати ўз фаолиятида жамоа аъзоларига ана шулар ҳақида узлуксиз равишда зарур маълумотларни етказиб туриши шарт.

Агар ходим улардан бехабар бўлиб, фақат раҳбарининг топшириғини бажариш билангина кифояланаётган бўлса-чи? (Маъмурий-буйруқбозлик усули шунақа эди-да). Бу ҳолда ташкилот фаолиятини қандай баҳолаш мумкин? Бундай ташкилот ўз мақсадларига қай даражада эриша олади?

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ана шу ички PR вазифаларини ўз номи билан – пиарменлар, яъни, Ахборот хизмати бажаради. Яъни, у биринчи галда ташкилот раҳбарияти ва меҳнат жамоаси ўртасида доимий алоқа ўрнатиши зарур. Бу алоқа – жамоа аъзоларини юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар билан таништиришдан бошланади. Ўз соҳасига оид қонунлар, ташкилотининг меъёрий ҳужжатлари, режалари ва бошқа маълумотлар билан танишган ҳар бир ходимда уларга нисбатан фикр пайдо бўлади. Ана шу фикрларни, таклиф ва эътирозларни ўрганиб, улардан ташкилот раҳбарини хабардор қилиб бориш Ахборот хизматининг галдаги муҳим вазифаси ҳисобланади. Илмий нуқтаи назардан қаралганда, Ахборот хизмати шу аснода икки томонлама фикр тинглашни, пировардида, жамоатчилик билан алоқаларни йўлга қўйган бўлади.

Аниқланишича, баъзи ташкилотларда бу масалаларга на раҳбари ва на Ахборот хизмати ходими эътибор беради. 2007 йилда Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти «Сўз эркинлигини таъминлаш ва ОАВни демократлаштириш» лойиҳаси томонидан ушбу масалада бир гуруҳ журналистлар ўртасида сўров ўтказилганида айримлар ўз таҳририяти низоми, дастури, бош муҳаррир режалари, молиявий аҳволи билан таниш эмаслиги маълум ҳам бўлди.

«Таҳририят низоми билан танишмисиз?»– деган саволга бир адабий ходим шундай жавоб берган:

«Ўша ҳужжатлар бош муҳаррирнинг сейфида туради. Сўрасак, нега кавлаштириб қолдинг?»– дея ғалати қарайди…

Иккинчи ходимнинг жавоби ҳақиқатга анча яқин бўлди:

«Аслида ўзимиз лоқайдмиз. То ишимиз тушмагунча на қонунни ва на бошқа зарур ҳужжатларни ўқиб кўрамиз».

Учинчи ходим масалага янада ойдинлик киритди:

«Фақат раҳбарнинг топшириғини бажаришга одатланиб қолганмиз».

Тўртинчи ходим бепарволигини ошкор қилди:

«Ўша ҳужжатларни билганимиздан нима фойда?»

Унга шундай жавоб қайтариш ўринлидир:

«Аввал ўша ҳужжатлар билан тўлиқ танишинг, сўнг, ҳуқуқий билим ва савиянгиз ошганида саволингизга ўзингиз мухтасар жавоб топасиз!»

Яширишга ҳожат йўқ, бундай ачинарли ҳолни республикамиздаги қатор ташкилотларда ҳам кузатиш мумкин. Аксарият ҳолларда ходимлар ўзларини қандайдир вазифани бажариш учунгина ишга қабул қилинган, деб ҳисоблайдилар. Улар ташкилот режалари билан қизиқмайди. Демак, ўша ташкилотларда ҳозирча ички PR ҳам, Ахборот хизматининг бошқа бўлимлар билан алоқалари ҳам қониқарли даражада деб бўлмайди. Халқона тилда айтганда, бундай ташкилотларда аҳвол – эски тос, эски ҳаммомлигича қолмоқда.

Қайсики ташкилотда Ахборот хизмати фаолиятига жиддий эътибор қаратилса ва юқорида қайд этилган вазифалар тўла амалга оширилса, ўша муаммолар ечими ижобий ҳал этилиши мумкин.

Ахборот олиш ҳам, журналистнинг саволларига тўлақонли жавоб бериш ҳам катта масъулият талаб қилади. Бунинг учун журналист ҳам, ташкилот мутасаддиси ҳам муайян тайёргарлик кўрмасдан бирор натижага эришиши мушкул. Хўш, бу муаммони осонроқ ҳал этишнинг имкони борми? Ахборот хизмати худди ана шу масъулиятли ва муҳим вазифани ижобий ҳал этади!

Яъни, у ташкилотлар ва ОАВни боғловчи бўғин бўла олади.

Бугунги кунда республикамизнинг кўп ташкилотлари ўз ахборот хизмати, газета-журналлари, телерадиостудияси, интернетда веб-сайтларига эга. Улар ташкилот ахборотларини оммага етказишга хизмат қилиши талаб этилади. Ўз навбатида жамоатчилик фикри ўрганиб борилиши зарур.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини узвий боғлаб турадиган масъул шахслар – Ахборот хизмати ходимлари ҳисобланади. Улар аввало ташкилотнинг ОАВ билан алоқаларини мунтазам равишда йўлга қўяди. Ўз навбатида ОАВ ташкилот ахборотини тарқатиш билан бир қаторда унинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.

Ахборот хизмати қанчалик самарали фаолият кўрсатса, ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқалари шунчалик мустаҳкамланиб бораверади. Шуни айтиш жоизки, одамлар оқ билан қорани, рост билан ёлғонни, ҳақиқат билан сохталикни яхши ажратиб олади. Шул боис PR кўпроқ психологик муносабат ўрнатади, одамлар билан руҳий мулоқотда бўлади. Бу қуйидагича кечади: “…ўзаро алоқадан эътиборга, эътибордан тушунчага, тушунчадан тан олишга, тан олишдан ишончга, ишончдан ҳурматга, ўзаро ҳурматдан ҳамкорликка, ўзаро ҳамкорликдан ҳамоҳангликка”17. Бундай ўзаро боғланиш жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

PR назарияси ва амалиётини яхши билган матбуот котиблари турли мураккаб вазиятларда қандай йўл тутишини ҳақида Д.Бутриннинг ушбу фикрлари эътиборга молик: “Яхши матбуот котиби журналистлар билан шундай асосда ишлаши керак: “ҳақиқат шунчалик серқирраки, ёлғон гапиришга ҳеч қандай ҳожат йўқ”18. Матбуот котиби зиммасига тушадиган мураккаб вазифалар ҳақида сўз борар экан, ахборот хизмати институти ҳозирги пайтда оммавий ахборот воситалари оламининг муҳим бир сегменти бўлиб қолаётганини тўғри англамоқ даркор.

 Назорат саволлари

  1. ОАВ ходими ташкилотдан керакли ахборотни олиши учун кимга мурожаат этиши керак?
  2. Ахборот хизмати ташкилотлар ва ОАВ ўртасида қандай ўрин тутади?
  3. “Ахборот хизмати” деган атаманинг мазмунини изоҳланг.
  4. Ахборот хизматида қандай журналистлар фаолият кўрсатиши мумкин?
  5. Ахборот хизматининг назарий пойдеворини қайси фанлар ўргатади?
  6. Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини кимлар таъминлайди?
  7. PR қай тариқа психологик муносабат ўрнатади?
  8. Ахборот хизмати фаолияти ОАВ билан қай даражада боғлиқ?

я1

1 Каримов И.А. Эл-юрт ташвиши билан яшаш, одамларнинг орзу-умидларига қанот бериш – ҳар бир раҳбарнинг бурчи. //Халқ сўзи. 2006 йил 20 октябрь.

2 Пахрутдинов Ш. Замонавий раҳбар: у қандай фазилатларга эга бўлиши лозим? //XXI asr. 2005 йил 10 ноябрь.

3 Қаранг: Ўзбекистонда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш йўлида. –Т.: Академия, 2005. 118-б.

4 Ўша тўплам, ўша бет.

5 Каримов И.А. Янгича фикрлаш ва ишлаш – давр талаби. Т.5. – Т.: Ўзбекистон, 1997. –Б. 351-352.

6 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Теория и практика.– М.: Вильямс, 2003. –Б. 362.

7 Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –Киев.: Ваклер, 2000.–С. 11-12

8 Королько В.Г. Основы паблик рилейшнз. –Киев.: Ваклер, 2000.–С. 11-12

9 Пахрутдинов Ш. Замонавий раҳбар: у қандай фазилатларга эга бўлиши лозим? //XXI asr. 2005 йил 10 ноябрь.

10 Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий фикр жамоатчилик маркази. 1999. – 25 б.

11 Биккер Г., Босков А. Современная социологическая теория и ее преемственности и изменении. –М.: 1963. С-632.

12 Каримов И.А. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. –Т.: Ўзбекистон, 1995. – 163-б.

13 Бекмуродов М. Ўзбекистонда жамоатчилик фикри. –Т.: Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий фикр жамоатчилик маркази. 1999. – 7-8 б.

14 Қаранг: Салливан М.Х.Масъул матбуот хизмати. –Т.: 2005. – 13 б.

15 Қаранг: Нуриллаев Д. ва бошқ. Матбуот хизматлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўлланма. –Т.: Адолат. 2006. – 6-б.

16 Қаранг: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. –Т.: 2002. – 3-жилд, 545-б.

17 Мўминов Ф.А. Паблик рилейшнз: теория и история. –Т.: Ижод дунёси. 2003. Б. 77.

18 Бутрин Д. Год открытых дверей. //Коммерсанть. –2002, 24 декабрь. Б. 30.

You may also like...

40 Responses

  1. Дарҳақиқат, журналистика соҳаси бир биридан қизиқ ва ажойиб синоатларга тўла. У жамиятнинг барча соҳасини ўз ичига қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир. Устоз келтириб ўтган қатор фикрларни яхшилаб ўйлабю кўрсак ва мулоҳаза юритсак, менимча, фойдадан холи бўлмайди.

  2. Axborot xizmatida ishlaydigan jurnalist mahoratli va bilimli bo’lishi foydali.

  3. Bu mavzu orqali axborot xizmatida faoliyat olib boradigan hodimning tashkilotchiligi va ijodiy mahorati haqida to’liq ma’lumotga ega bo’ldik.

  4. Madina Akbarova:

    Yuqorida keltirilgan ayrim tashkilotlarda yuz beradigan bu kabi achinarli holat nafaqat axborot xizmati sohasida, balki boshqa vazifadagi xodimlar faoliyatida ham seziladi. asosiy faktor ,shubhasiz, loqaydlik, dangasalik va mas’uliyatsizlikdir.

  5. Jurnalistikaning asosiy tarmoqlaridan biri sifatida rivojlanayotgan axborot xizmati hodimi har tomonlama tashabbuskor bolishi kerak. Bu darsdan olgan asosiy xulosam boldi.

  6. Тўппа-тўғри! Матбуот хизмати ходими ташкилотчи бўлиш керак! ОАВ билан ташкилот ўртасидаги кўприк ташкилий масалаларда устамон бўлиши ишни тезлаштиради.

  7. Matbuot xizmati hodimi shuningdek kuzatuvchan sinchkov bõlishi talab etiladi.Shuningdek intelektual salohiyati keng bõlishi bilan birga, har qanday masalada ham bahslasha olishi muhimdir.

  8. «Haqiqat shunday ser qirraki ,yolg’on gapirishga hojat yo’q»-, yuqorida keltirilgan D. Butrinning fikrlari menimcha anchagina haqiqatga yaqin . Ayniqsa , bu fikrlarni sariq matbuotimizda o’rinli qo’llasak, o’quvchining ayrim sariq matbuot na’munalariga nisbattan ishonchsizligi bartaraf bo’lardi.

  9. Darhaqiqat, axborot xizmatining OAV faoliyatidan farqi shundaki, axborot xizmatchisi PR va reklamada ilg’or bo’lishi kerak. U nafaqat ijodiy, muomalaga kirishish mahoratida tengi yo’q, balki kreativlik, originallikda usta, o’zaro munosabatda, tashkilotchilikda g’ayratli bo’lishi talab etiladi.

  10. Чарос НИЗОМИДДИНОВА:

    Назаримда, мазкур маълумотлар журналистика факультетини тамомлаётганда эмас, ундан аввалги курсларда ҳам ўтилса, кўнгилдаги иш бўларди. Бу таклиф, холос.

  11. Ҳурматли курсдошлар, ёдингизда бўлса, устоз маърузаларидан бирида ахборот хизмати фаолияти учун фақат журналистика факультетини тамомлаган ходимларни ишга олиш керак, деган эдилар. Бу бежизга эамс, албатта. Айнан уларда(бизда!) ташкилотчилик ва ижодий маҳорат юқори бўлишини назарда тутганларки, маъруза матнларида ҳам буни мисоллар билан яққол исботлаб, илмий асослаб қўйибдилар. Бу дегани, ўз ўрнимиз ва вазифамизни фақат ўзимиз бажаришимиз шарт, демакдир, ўртоқ журналистлар!

  12. бежиз эмас, демоқчи эдим. имло хатоларим учун барчангиздан узр сўрайман.

  13. Pokiza Turdaliyeva:

    Charos nafaqat bu ma’ruzlar balki boshqa ko’plab ma’ruza va darslar soati ko’pqytirilishi lozim nazarimda.

  14. Sevinch Norqobilova:

    Axborot xizmati xodimi avvalo, ijodkor bo’lishi kerak! Ijodkorlik qobiliyati, layoqati bor inson axborot xizmatlarida erkin faoliyat yurita oladi!

  15. Fayyoz Achilov:

    Yuqoridagi taklif tarafdoriman! Ushbu mashg’ulotlar 1-kursdan olib borilsa jurnalistika taraqqiyoti uchun yaxshi yangilik bo’ladi, deb hisoblayman.

  16. Saodat Abulqosimova:

    Presss-atashedan ko’p bilim talab qilinishi unga mas’uliyatli bo’lishi kerakligini anglatadi. Press-atashe doim tashkilot haqida jamoatchilik fikrini o’rganishi kerak. Va shunga qarab tadhkilotning imijini yaratishi kerak. Ba’zi eski adabiyotlarda keltirilgan nazariyalr bugungi kun uchun eskirgan bo’lishi mumkinligini doim esida tutishi kerak. Va hozirgi kunda nima trendga kirganini aniqlab , ulardan qaysi biri aktualligini bilib; ana shu trendga yo’lga qo’yishga doim tayyor bo’lidhi kerak.

  17. Axborot xizmatida faoliyat yuritayotgan har bir jurnalist axborotni ajrata bilishi va to`g`ri tanlab uni keng ommaga yetkazishi, axborot xizmatida faoliyat yurituvchining vazifasidir.

  18. Axborot xizmati xodimi universal bo’lsa, ishida hech qanday muammolarga duch kelmaydi.

  19. Axborot xizmati xodimi faqatgina xabar yetkazishi emas, balki tashkilotchilik qobilyati va ijodiy mahoratini ham yaxshi shakllantirishi shart

  20. Maftuna Aslanova:

    Ma’ruzada aytib o’tilgan noqulaylikni yuzaga chiqargan holatlar xodimning tajribasizligi va dangasaligidan kelib chiqadi. Axborot xizmati xodimi ko’proq odamlar bilan muloqotda bo’lishi diplomatiya orqali masalalarga yechim topmog’i lozim.

  21. axborot xizmatida faoliyat yuritaman degan jurnalist axborotning ishonchli manbalaridan olinishi, tezkorligi va xolisligi uchun javobgar ham ekanligini unutmasligi kerak

  22. axborot xizmatida faoliyat yuritaman degan jurnalist axborotning ishonchli manbalaridan olinishi, tezkorligi va xolisligi uchun javobgar ham ekanligini unutmasligi kerak. Hamisha òz kasbiga mas’uliyat bilan yondashishi lozim

  23. Axborot xizmati xodimi nafaqat ma’lumot berishi, balki o’zidagi ijodiy mahoratni, keng duyoqarashni ham namoyon qilishi lozim. Ana o’shanda uning faoliyati haqiqiy va ishonarli bahoga ega bo’ladi.

  24. Axborot xizmati xodimi nafaqat ma’lumot berishi, balki o’zidagi ijodiy mahoratni, keng dunyoqarashni ham namoyon qilishi lozim. Ana o’shanda uning faoliyati haqiqiy va ishonarli bahoga ega bo’ladi.

  25. Yuqorida kursdoshlarimiz axborot xizmati xodimi ijodkor, universal bo’lishi kerak deb yozgan ekan. Albatta ularning fikrlariga qo’shilaman, lekin axborot xixmati xodimidan birinchi navbatta tezkorlik va xolislik talab qilinadi.

  26. Веб-сайтда кўринишидаги ахборот нашрини яратишда ва уни яхши йўлга қўйишда ахборот хизмати ходимининг ижодий маҳорати зарур бўлади. Бунинг учун эса ахборот хизмати ходими кўп ўқиши ва изланиши лозим.

  27. Ахборот хизмати ходими қандай бўлиши кераклиги ҳақида билиб олдик. Аммо, ўша талабларга жавоб бера оладиган ахборот хизмати ходимини танийсизми? Мен шу пайтгача учратмадим.

  28. Yuqoridagi fikrlarga qo’shilgan holda Axborot xizmati hodimi har tomonlama mukammallikka intilishi kerak degan fikrga keldim.

  29. Axborot xizmati xodimi umuman har bir jurnalist tashkilotchi bo’lishi shart. Chunki kasbimiz shuni taqazo qiladi. Tashkilotchilik jurnalist uchun ko’pgina ijobiy natijalar beradi. Faoliyati davomida tashkilotchi jurnalistlar insonlar bn munosabatga kirishishni, muoamala madaniyatini o’rgandi.

  30. Dilfuza Tillayeva:

    Maruzani o’qib shunday xulosaga keldimki, axborot xizmati xodimining har bir hatti-harakati tashkilotning imijini belgilab berar ekan. Mazkur maruza yosh jurnalist kadrlar uchun juda keraki ma’ lumotlardir.

  31. Tashkilotchilik Axborot xizmati xodimi uchun muhim xususiyatlardan biridir. Chunki xodim matbuot anjumani, brifing va boshqa tadbirlarni tashkil etishi kerak. Bu jarayonda unda ijodiy mahorat bo’lishi va har bir ishga kreativlik bilan yondashmog’i lozim. Shundagina u ishlayotgan tashkilotning imiji yanada ko’tariladi. Jamoatchilik ushbu tashkilotga nisbatan qiziqishi yanada oshadi.

  32. Har qanday murakkab jarayonda ham jamoatchilik bilan maslahatlashish, ularni tinglash, xalq mafaatiga qarb ish ko’rish samarali ekanligini prezidentimiz ko’p bor ta’kidlaydilar. Buning uchun axborot xizmati xodimi tashkilotchi, xalq bilan ishlaydigan bo’lishi lozim

  33. Malika Ruziyeva:

    Axborot xizmati xodimi tashkilotning YURAGI desak ham bo’ladi!

  34. Ахборот хизмати ходимининг ижодий мазорати жуда мухим. Шунингдек у жамоатчилик билан алокаларни хам яхши йулга куйган булиши айни муддао. Шундагина самарали иш фаолиятини ташкил этиш мумкин.

  35. O'tkir Jalolxonov:

    Веб-сайтда ахборот манбаини яратишда ахборот хизмати ходимининг ижодий маҳорати.
    Hozir bizda mana shu narsa yaxshi rivojlandi. Ayniqsa internet saytlarida berilayotgan xabarlarrdagi sarlavhalar ajoyib.

  36. Ахборот хизмати ходими бириничи навбатда ташкилотчи бўлиши керак. У шундагина ўзига қўйилган вазифаларни аъло даражада бажаради.

  37. Zokir Shoyimov:

    Марузада такидланганидек. Ахборот хизмати ходими албатта муассасанинг барча вакилларининг ишини оммага бевосита етеазиши керак.

  38. Axborot xizmati xodimlari o’z kasbining ustasi va qaysi sohaning axborot xizmati xodimi bo’lmasin yutni, millatni bir zum ham nazardan chetda qoldirmaslik kerak

  39. Axborot xizmati xodimlari o’z kasbining ustasi va qaysi sohaning axborot xizmati xodimi bo’lmasin yutni, millatni bir zum ham nazardan chetda qoldirmaslik kerak deb o’ylimyman

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>