“АХБОРОТ ХИЗМАТЛАРИ” фанидан ўқув машғулотлари (9)

9-мавзу: Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришда Ахборот хизматининг ўрни

 

***

Тўлқин ЭШБЕК

АХБОРОТ ХИЗМАТИ: назария ва амалиёт

(Ўқув қўлланма)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2014

 

Филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбековнинг “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009 йил ва 2011 йилда қайта нашри), “Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот хизматлари” (2012 й.) деб номланган ўқув қўлланмалари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган. Уларнинг қайта ишланган ва тўлдирилган нашри ҳисобланмиш мазкур ўқув қўлланмада ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришнинг назарий ва ҳуқуқий асослари, мақсад ҳамда вазифалари, ташкилот имижини яратиш, ижодий маҳорат, ОАВ билан ҳамкорлик масалалари атрофлича ёритилган. Қўлланмадан Журналистика факультети талабалари, тадқиқотчилар, идора ва ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлимлари, Ахборот хизматлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кенг фойдаланишлари мумкин.

 

(Эслатма: “Ахборот хизмати: назария ва амалиёт” ўқув қўлланмасидан фойдаланганда Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига амал қилган ҳолда манба албатта кўрсатилиши лозимлигини унутманг)

 

кп86

 

9-мавзу: ТАШКИЛОТНИНГ ЖАМОАТЧИЛИК БИЛАН АЛОҚАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА АХБОРОТ ХИЗМАТИНИНГ ЎРНИ

 

Режа:

  1. Ташкилотнинг жамоатчилигини аниқлаб олиш ва ўрганиш.
  2. Жамоатчилик фикрини ўрганиш усуллари.
  3. Ташкилот фаолиятига оид ахборотлар ўрганилиши.

 

 

Ташкилотнинг жамоатчилиги деганда кимлар назарда тутилади?

Жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш ҳақида сўз борар экан, аввало ҳар бир ташкилотнинг жамоатчилигини аниқлаб олиши зарур. У қандай аниқланади, деган саволга оддий кузатишлар орқали жавоб топиш мумкин.

Одамлар қайсики соҳа истеъмолчиси бўлса, улар ўша соҳа ё тизимнинг жамоатчилиги ҳисобланади. Масалан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги жамоатчилиги – деҳқонлар, боғбонлар, чорвадорлар, соҳа олимлари ва бошқа манфаатдор кишилардир.

Телефон ё почта хизматидан фойдаланаётган истеъмолчилар Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги жамоатчилиги ҳисобланади.

Пенсионерлар, ёш болали оналар, турли ногиронлар Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлигининг жамоатчилигидир.

Шифохонага тушган беморлар шак-шубҳасиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилигини ташкил қиладилар. Беморлардан ташқари соғлом кишилар ўртасида тиббиёт ходимлари тушунтириш ё профилактик ишларни амалга оширяптими, демак, ундан манфаатдор одамлар ҳам вазирлик жамоатчилиги ҳисобланади.

Мактаб ўқувчилари ва қолаверса уларнинг ота-оналари республика Халқ таълими вазирлиги ҳамда вилоят, шаҳар, туман бошқармалари жамоатчилиги ҳисобланади.

Талабалар ва ота-оналари – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг жамоатчилигини ташкил этадилар.

Демак, фуқаро қайсики соҳадан манфаатдор бўлса, у республика, вилоят, шаҳар ва туманларда шу соҳа мутасадди ташкилотларининг жамоатчилиги ҳисобланади.

Айни пайтда инсон ҳар куни қатор ташкилотларнинг жамоатчилигига айланиши ҳам табиий. Айтайлик, у маҳалласида – ўша ҳудуддаги фуқаролар йиғини жамоатчилиги ҳисобланади. Автобусга чиққанида автотранспорт ташкилоти, дўконга кирганида савдо ташкилоти, телефонда сўзлашганида алоқа тармоғи ва ҳоказо ташкилотларнинг жамоатчилигига айланаверади.

Шу ўринда “жамоатчилик” билан “жамоа аъзоси” деган тушунчаларга ҳам ойдинлик киритиш зарур. Юқорида, инсон қайсики соҳа истеъмолчиси бўлса, у ўша соҳа жамоатчилиги ҳисобланади, дедик. Айни пайтда муайян соҳада фаолият кўрсатаётганлар ҳам ўша ташкилот жамоаси аъзоси, ҳам унинг жамоатчилиги бўлади. Масалан, таълим муассасасида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи биринчи галда ўша муассаса жамоаси аъзосидир. Жамоа аъзоси – масъул ходим сифатида аввало ўша таълим муассасаси топшириқларини бажаради. Иккинчи жиҳатдан, у ҳам жамоатчилик вакили бўлиши ва юқори ташкилоти (вазирлиги, қўмитаси, уюшмаси) фаолиятига ўз муносабати, таклифларини билдиришлари мумкин.

Эътибор берган бўлсангиз, оддий милиция ходимларининг кийим-бошларида Ички ишлари вазирлиги эмблемаси ва унинг тагида “ИИВ” деган ёзув бор. Бу – ўша ходимнинг ИИВ тизими ходими деган маънони англатади. Демак, милиция ходими аввало ИИВ тизими (жамоаси) аъзоси ҳисобланиб, вазирлик буйруқларини, топшириқларни бажаради.

Тажрибали милиция ходимидан соҳани янада ривожлантиришга оид фикр сўрасангиз, у ўз билим ва тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар билдириши мумкин. Бу ўринда у шу соҳа жамоатчилиги қатори муносабат билдирган ҳисобланади. Айтиш жоизки, ҳар бир соҳани ривожлантиришда тажрибали мутахассис-кадрларнинг фикрлари ғоят қимматлидир.

Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қиладиган ахборот хизмати аввало ўша жамоатчиликни аниқлаб олиши ва муттасил равишда уларнинг фикрларини ўрганиб бориши лозим.

Ҳар бир ташкилот ўз жамоатчилиги билан кучли. Ўша кучга амалда эришмоғи учун ахборот хизмати биринчи галда ташкилот фаолиятига оид ахборотларни муттасил оммага етказиб туриши зарур. Шу билан бир қаторда жамоатчиликнинг тегишли соҳалар ҳақидаги фикрларини ўрганиб, ундан ташкилот мутасаддиларини хабардор қилиб боришлари лозим. Ахборот хизматининг асосий вазифаларидан бири шу.

Одамларнинг фикрлари, таклифларини ўрганиб бормаган ёки беэътибор қолдирган, улар билан етарли даражада алоқа ўрнатмаган ташкилот фаолияти заифлашиб, сустлашиб қолаверади.

Жамоатчилик билан алоқаларда энг муҳими – ҳақиқатни гапириш. Агар Ахборот хизмати ходими ташкилот номидан ёлғон хабар тарқатса, унга зарар келтиради. Одамлар рост билан ёлғоннинг фарқини яхши англаб етадилар. Саломга қараб алик, деганларидек, алдамчилик қилганларга одамлар ишонмай қўяди. Ишончдан қолган ташкилотга нисбатан муносабатлар ижобий бўлиши қийин. Башарти, ёлғон хабар тарқатган шахс хатосини англаб етган тақдирда нима қилмоғи керак? Албатта, ўша хатосини тан олиб, халқдан кечирим сўраши зарур. Қайси ОАВ орқали ёлғон хабар тарқатган бўлса, айнан ўша орқали узрини айтиши лозим. Бағри кенг халқ кечиримли бўлади, унга имкон беради.

Қайсики ташкилот жамоатчилик билан алоқаларни узвий равишда йўлга қўймаса, унинг фаол жамоатчилиги бўлмайди. Яъни, одамлар уни ташкилот сифатида тан олмайди, зарур пайтда қўллаб-қувватламайди.

Жамоатчилик билан алоқалар одамларни ишонтириш санъати билан амалга оширилади. Ишончга қандай эришилади? Бунинг усули оддий. Яъни, одамларга эътиборли бўлиш, уларга берилган ваъданинг устидан чиқиш, ишини амалда кўрсатиш, сўзини исботлаш орқалигина халқнинг ишончига сазовор бўлиш мумкин. Айтиш жоизки, жамоатчилик эътиборини муттасил қозониб келаётган ташкилотлар талайгина. Таассуфки, фаолияти ҳаминқадар, жамоатчилик билан алоқалари қониқарсиз ташкилотлар ҳам йўқ эмас…

Қайсидир ташкилотнинг жамоатчилигини кўпсонли фуқаролар ташкил этадилар, бошқасини эса нисбатан камроқ. Биз бу борада кенгроқ тасаввурга эга бўлиш мақсадида жамоатчилиги бутун мамлакатимиз халқи, ҳатто, чет эллардаги элчиларимиз ва хорижда таълим олишаётган ватандошларимизгача ташкил этадиган олий вакиллик органимиз – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси жамоатчилиги билан танишамиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида: “Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади”1 деб белгиланган. Ривожланган мамлакатлар парламентлари фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ўрин тутади. Буни “парламент” сўзининг луғавий маъноси –французча “парле” – баҳс-мунозара, “мент” – жой, ўрин деган маънони англатишидан ҳам англаш мумкин. “Олий вакиллик органлари бир неча мамлакатларда, жумладан, Англия, Франция, Италия, Канада, Бельгияда тўғридан-тўғри парламент деб аталади”2.

Жамоатчилик билан алоқалар ҳар бир депутат, қолаверса, бутун Олий Мажлис фаолиятида у ёки бу шаклларда намоён бўлади. У ОАВда ўз аксини топади. Матбуотдаги жамоатчилик баҳс-мунозараси орқали хилма-хил фикрлар аниқланади. Бу билан мақбул таклифлар ўрганилиши учун замин яратилади. ОАВ парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга ҳам хизмат қилади. Унда бир томондан, парламент фаолияти, депутатларнинг фикр-мулоҳазалари, ўтказиладиган тадбирлар ёритилса, иккинчи томондан, жамоатчилик фикри мунтазам равишда ўз ифодасини топади. “Ҳар бир публикация, ҳар бир босма материал, ҳар бир босма сўз маълум бир аниқ мақсадларни назарда тутаётган, мувофиқлаштирган дастурнинг қисми бўлиши зарур”3, деб ёзади PR соҳаси назариётчилари.

Парламент фаолияти қонунлар чиқариш билан бир қаторда жамоатчилик билан алоқалари жараёнида ҳам намоён бўлади. Бу ваколатлар эса тегишли қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси 21-моддасида: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркинлик билан сайланган вакиллари воситасида ўз мамлакатини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир”4 деб ёзилган. Шунга монанд Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар”5, деб белгилаб қўйилган.

Демак, ҳар бир фуқаро ўз тақдирини ўзи белгилаш масаласи тегишли ҳуқуқий ҳужжатларда акс этган. Қонун чиқарувчи ҳокимият мамлакатимизда сайловлар йўли билан шаклланар экан, айтиш мумкинки, Олий Мажлиснинг жамоатчилиги – барча сайловчилар, шунингдек, ўша сайловчилар ортида турган оила аъзолари (сайлов ёшига етмаган ўғил-қизлар, вақтинча сайлов ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар) ҳамдир.

Қиёсан олиб қарайдиган бўлсак, жамоатчилик бу – табиат. Табиат бағрида инсон яшайди. Жамоатчилик бағрида ташкилот, соҳа яшайди. Шу нуқтаи назардан қаралганда қонун чиқарувчи ҳокимият ўз жамоатчилиги билан кучли. Ўша жамоатчиликка ахборот етказиб тура олиши билан кучли.

Депутатлар вақти-вақти билан ўз сайловчилари билан учрашадилар. Улар учрашувда Олий Мажлис вакили сифатида сўз айтиши маълум. Ўз навбатида депутатлар жамоатчилик фикрларини ўрганадилар. Ҳар бир сайловчи қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятига ўз депутати орқали дахлдор. Парламент томонидан қонун лойиҳаси эълон қилинишидан тортиб, унинг муҳокамасида аҳолининг деярли барча қатламлари иштирок этади. Жамоатчилик билан алоқалар мамлакат қонун чиқарувчи ҳокимиятининг функцияларидан бирига айланган.

Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари қонун лойиҳаларини ишлаб чиқадилар, ишчи гуруҳлари тузиб, ўз хулосаларини берадилар, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар томонидан киритилган қонун лойиҳаларини сессияда кўриб чиқишга жиддий тайёргарлик кўрадилар ва муҳим қарорлар тайёрлашда иштирок этадилар. Кўриниб турибдики, бу жараёнларда жамоатчилик билан ҳар томонлама алоқалар ўрнатилади.

Ишчи гуруҳлари, мутахассислар жалб этилиши, уларнинг фаолиятлари тўғрисида ОАВ орқали кенг жамоатчиликка ахборот берилиши, қолаверса, ўша қонун лойиҳаларининг матбуотда эълон қилиниши, муҳокама этилиши – жамоатчилик билан алоқаларнинг ўзига хос кўринишидир. Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари ўз фаолиятларини (жойларда ўтказиладиган мулоқотлар, суҳбатлар, турли тадбирлар орқали) халқ билан узвий алоқада амалга оширмоқда.

Назарий жиҳатдан олиб қаралганда, пиарменнинг аудитория билан муносабатлари – унинг фаолиятида асосий йўналишлардан биридир. Ушбу муносабатлар ҳам халқаро ва идоравий, турли кодекслар томонидан тартибга солинади. Идоравий манфаатлар билан адолат манфаатларини уйғунлашган ҳолида кўзланган умумий мақсадга эришиш мумкин.

Жамоатчилик билан алоқалар жараёнида парламент ҳам, бошқа ташкилот ҳам ўз фаолиятининг самарасини ошириш мақсадида ахборот хизмат орқали ахборот тарқатиб бориши муҳимдир. Бу ахборот мақсадли равишда амалга оширилади.

Қонунчилик ҳокимияти ролини ва таъсирини кучайтириш “аҳолининг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги иштироки кўламини янада кенгайтириш”га6 хизмат қилади. Бу парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларида ўз ифодасини топади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ваколатлари замирида ҳам унинг жамоатчилик билан алоқалари жараёни ўз аксини топган7.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентининг 5-моддасига кўра, “Қонунчилик палатасининг фаолияти масалаларни биргаликда ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади”8.

Регламентнинг 34-, 50-моддаларига кўра Кенгаш ҳамда Комиссия мажлисларига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассис ва олимлар, матбуот органлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин9. Мазкур ҳужжатлардан ҳам кўриниб турибдики, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар муҳим ўрин тутади.

Парламентнинг ўз жамоатчилиги билан алоқалари кўлами ва сифати қай даражада эканлигини матбуотда ёритилаётган мақолалар мисолида ҳам кўриш мумкин. Шу ўринда айтиш жоизки, илгари “депутатларни фақат сайлов давридагина кўриб қоламиз, сўнг халққа қорасини ҳам кўрсатмайди” деган эътирозлар беҳуда айтилмасди. Айни вақтда эса депутатларнинг халқ билан муносабатларини бўрттириб кўрсатишга ҳам ҳожат йўқ. Олий Мажлис депутатларининг ОАВда чиқишлари борган сари фаоллашгани кузатилмоқда. Икки палатали парламент фаолиятини эса жамоатчилик билан алоқаларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Бундай эволюцион юксалиш изчил давом этгани сайин унинг самараси намоён бўлаверади.

Олий Мажлис ўз аудиторияси билан алоқаларини кенг йўлга қўйиши учун Ахборот хизмати ходими етук пиармен ва моҳир журналист бўлиши лозим. Пиар назариётчилари фикрича, “Топшириқларни ўз вақтида бажариш, ўзига хос услубни йўқотмаслик, аудиторияга мурожаат қилиш – ҳар бир оммавий ахборот воситаси тавсифидир ва буни бажариш ҳар бир PR ходими ишининг муҳим томони ҳисобланади”10. Шунга монанд журналист Шерзод Ғуломовнинг ушбу фикрлари ўринли: “Телевидение, радио ва газеталарда ёритилаётган сайловга оид мавзулар замирида жамоатчилик фикри атрофлича ифода этилаётир”11. Бундай хулосалар эса парламент аъзолари журналистлар билан ёки журналистлар парламент билан узвий алоқа ўрнатишлари натижасида пайдо бўлади.

Жамоатчиликнинг парламентга муносабати қай даражадалигини ОАВ орқали англаш мумкин. Одамларнинг олий вакиллик органига нисбатан билдирган фикрлари ҳам амалда у билан муносабатини кўрсатади.

Қонун лойиҳаларини тайёрлашда жамоатчилик иштироки ва умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиши тегишли қонунларда белгилаб қўйилгани парламентнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. “Ўзбекистон Республикаси Қонунларини тайёрлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида “Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ошкоралик, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ҳисобга олиш асосида, Олий Мажлис депутатлари, партия фракциялари (блоклари), давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг иштирокида амалга оширилади. Лойиҳаларни тайёрлашга илмий муассасалар, ўқув юртлари, олимлар, халқ хўжалиги тегишли тармоқларининг мутахассислари ва юридик хизматлари жалб этилади”12, деб белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бугунги кунда умумбашарий тамойилларга мос қонунлар қабул қилаётир. Бу муҳим жараёнда “тўртинчи ҳокимият”нинг ҳам ўрни бор.

 

Назорат учун саволлар:

 

  1. Ташкилотнинг жамоатчилиги қандай аниқланади?
  2. Пиармен деганда нимани тушунасиз?
  3. Одамларнинг фикрларини ўрганиб бормаган ташкилот фаолияти қай даражада бўлади?
  4. Ташкилот номидан ёлғон хабар тарқатиш қандай оқибатларга олиб келади? Ёлғон хабар тарқатган идора нима қилмоғи керак?
  5. Жамоатчилик билан алоқалар қандай йўл билан амалга оширилади?
  6. Олий Мажлиси жамоатчилиги ҳақида нималарни биласиз?
  7. Олий Мажлис фаолиятида жамоатчилик билан алоқалар қай йўсинда амалга оширилади?
  8. Жамоатчилик фикри қандай аниқланади?
  9. Журналистлар ташкилот фаолиятига оид ахборотларни қаердан олиши мумкин?

 

_______________________________________

1  Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. –Т.: Ўзбекистон, 2010. Б. 14.

2 Азизхўжаев А., Ҳусанов О., Азизов Х. Конституциявий ҳуқуқ. –Т.: Академия, 2001. Б. 76.

3 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Назария ва амалиёт. –М.: Вильямс, 2003. Б. 323.

4 Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясига шарҳлар. –Т.: Адолат, 1999. Б.51.

5 Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. –Т.: Ўзбекистон, 2003. Б. 8.

 6 Каримов И.А. Бизнинг бош мақсадимиз – жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш ва ислоҳ этишдир. –Т.: Ўзбекистон, 2005. Б. 38.

7 Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни. Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида. Тўплам. Т.: 2000. Б. 4-5.

8 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти. –Т.: 2005. Б. 2.

9 Қаранг: ўша жойда. Б. 8.

10 Катлип С.М., Сентер А.Х., Брум Г.М. Паблик рилейшнз. Назария ва амалиёт.– М.: «Вильямс» нашриёт уйи, 2003. Б. 362.

11 Ғуломов Ш. Мезон – ҳаққонийлик ва холислик. //Ўзбекистон овози, 2004. 20 июль.

 12 «Ўзбекистон Республикаси Қонунларини тайёрлаш тўғрисида»ги Қонун. //Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997. 9-сон.

You may also like...

71 Responses

  1. Jamoa universtitetda ham bo’lishi mumkin menimcha. Masalan studetlar jamoasi to’g’rimi ustoz. Jamoatchilik bilan aloqalar mavzuini o’qib eng avvalo shu fikr esimga tushdi yana o’zim uchun juda ham muhim bo’lgan ma’lumotlarga ega bo’ldim.

  2. Адолат ҒАФУРОВА:

    Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришда ахборот хизматининг ўрни бугунги кунда катта аҳамият касб этмоқда. Чунки ташкилотларнинг ахборот хизматлари ўша ташкилот ва фуқаролар ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда. Ахборот хизматлари ўз ташкилотининг қилаётган ишлари, олиб бораётган ислоҳотларини ёритиб фуқароларга етказиб бермоқда. Қолаверса, ҳар бир ташкилотнинг ахборот хизмати ўша ташкилотга келган хатларни, фуқароларнинг таклиф ва мурожаатларини ҳам ўрганади. Масъул ташкилотлар шу сабабли ҳам ахборот хизматлари фаолиятига катта аҳамият қаратиши лозим ва ахборот хизмати ходимларига иш фаолияти учун барча шарт-шароитларни яратиб бериши керак.

  3. Ушбу мавзу орқали ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини ривожлантиришда ахборот хизматининг ўрни катта еканлиги ва бугунги кунда журналистик фаолиятда хам муҳим ўрин егаллашини янада чуқурроқ тушуниб етдим.
    Айниқса 2014-йил апрел ойида Конституциямизга киритилган узгартиришларнинг бир қисми айни мавзуга оидлиги эътиборга моликдир.

    • Barno Turopova:

      Жамшид, фикрингизга қўшиламан. Чиндан ҳам янги конститутциямизга киритилган ўзгартириш ахборот хизматига кўрсатилаётган эътибордан дарак беради.

  4. Barno Turopova:

    Устоз, бизнинг ОАВларида хусусан телевидениемизда ёлғон ахборот узатилган холатлар бўлганми?

    • Бу саволни эртанги машғулотда эслатинг, кенгроқ жавоб бераман ва ёш тележурналистларнинг ҳам фикрларини тинглаймиз, муҳокама қиламиз.

  5. Tashkilotlar insonlar ishonchini qozonoshlari kerak. Ularga bu borada axborat xizmatlari yordamchi ekan. Axborat sohasi xodimlariga ko’p imkoniyatlar yadatishlari kerak

  6. TASHKILOT BILAN JAMOATCHILIKNI BIRLASHTIRISHDA, AXBOROT XIZMATINING O’RNI KATTA. U KO’PRIK YOKI VOSITACHI RO’LIDA BO’LIB, UNING MA’SULYATI YANADA OSHADI.

  7. Axborot xizmati tashkilotning jamoatchilik bilan aloqalarini yaqinlashtirishda aloqa vazifasini o’taydi. Hozir viloyatlarning hamma tashkilotlarida axborot xizmati mavjud emas. Shu ish ham amalga oshirilsa maqsadga muvofiq bo’lardi

  8. Nodira SAYDULLAYEVA:

    Axborot xizmatini yanada rivojlantirish uchun nima qilish kerak? Darsda o’rganganimizdek taxlil qilsak, metodologik asos bor, nazariya ham, huquqiy tomondan ham mustaxkamlangan. Demak, qolgani tashkilot rahbariyati va axborot xizmati kursisini egallab turgan xodimga bog’liq.

  9. Salom, ustoz, mendan komentariy ketmayapti

  10. Tashkilotlarda axborot xizmatini yanada rivojlantirish va jamoatchilik bilan aloqasini mustahkamlash uchun, Ustoz sizning má’ruzalaringiz va má’ruzani tinglab amalyotda qo’llay oladigan kadrlar kerak.

  11. Ustoz, bir narsa so’ramoqchi edim, Biz Doim nazariyani kuchli o’qiymiz, ammo amalyotda shu nazariya asosida ishlamayotganlarni ko’p ko’ramiz, qoidasini aytsak ba’zan bunga amal qilish shart emas deyishadi, shu to’g’rimi?

    • Давлатимиз раҳбарининг «умидим ёшлардан!» деган даъваткор сўзларини эшитгансиз, ўқигансиз. Бу улуғвор сўзлар замирида сизлардек ўқимишли, билимли ва шунга яраша назарий билимларини амалиётда қўллайдиган етук мутахассисларга ишонч зуҳур этилган.(Сизнинг юқорида ёзганларингиздан ўқимишсизларга дучор бўлганингиз сезилиб турибди. Унақалар билимсизлигини хаспўшлаш учун шундай дейишади, афсус…) Тезроқ етук кадрлар бўлиб етишинглар ва жамият тараққиёти учун енг шимариб ишга киришинглар!

  12. Tawkilotlar faoliyatini rivojlantiriwda axborot xizmatining o’rni beqiyos. Tawkolotning axborot xizmati qanchalik tez iwonchli aniq va samarali iwlasagina tawkilotning faoliyati wuncha rivojlanib boraveradi. Buning uchun axborot xizmati hodimlari o’z iwlariga ma’suliyat b.n yondawiwi kerak.

  13. Ba’zibir tashkilotlarda jamoatchilik bilan ishlash yaxshi yo’lga qo’yilmagan. Qaysidir tashkilotga borib eshikning tagida o’tirib, ostonada kutib kutib qaytib kelayotganlarni afsuski ko’p uchratamiz. Bu narsaga chek qo’yishning vaqti allaqachon o’tib ketmadimikan ustoz?

  14. Tashkilotning jamoatchilik bilan aloqalarini yo’lga qo’yishga xizmat qiladigan axborot xizmati avvalo o’z jamoatchiligini aniqlab olishi va mutassil ravishda ularning fikrlarini o’rganib borishi lozim. Odamlarning fikrlari, takliflarini o’rganib bormagan yoki bee’tibor qoldirgan, ular bilan yetarli darajada aloqa o’rnatmagan tashkilot zaiflashib sustlashib qolaveradi.

  15. Bilamizki davlat tuziliwi uchun avvalo.xalq bo’liwi kerak. Tawkilotning faoliyatini rivojlantiriw uchun esa o’ta samimiy va do’stona aloqa o’rnatiw darkor. Zero jamoatchilik fikrisiz tawkilot egasiz xovliga o’xwab qoladi.

  16. Tashkilotning o’z faoliyati davomida jamoatchilik bilan aloqalarni muttasil ravishda yo’lga qo’yib olishi lozim. Buni tashkilot faoliyatining muhim vazifalaridan biri desa ham bo’ladi. Axborot xizmati xodimidoimiy ravishda tashkilot yo’lga qo’yib borayotgan ishlardan keng jamoatchilikni xabardor qilib turishi lozim. Jamiyatning farovon hayoti, aholida tashkilot faoliyatiga nisbatan yuzaga keladigan turli norozilik va behuda gap-so’zlarning oldini olishda bu juda katta ahamiyat kasb etadi.

  17. Har bitta tashkilotda Axborot xizmatlarining faoliyat yuritishi — tashkilot haqida istalgan ma’lumotni olish imkonini berishi bilan bir qatorda, uning jamoatchilik bilan o’zaro aloqalari rivojida muhim o’rin tutadi. Bugun Axborot xizmatlari tashkilot va jamoatchilik ó’rtasida ko’prik vazifasini ham o’tab bermoqda. Tashkilot o’z jamoatchiligi uchun zarur yangiliklarni o’z vaqtida yetkazib berishi bu tashkilotga bo’lgan qiziqishni orttirsa orttiradiki, aslo kamaytirmaydi. Shunday ekan, o’z kelajagini yorqin holda tasavvur etgan har qanday tashkilot axborot xizmatini tashkil etmogí maqsadga muvofiqdir.

    • Sanjarbekning fikrini qo’llab- quvvatlagan holda fikrimni davom ettirmoqchiman, albatta, har bir tashkilot o’z jamoatchiligi bilan aloqalarini rivojlantirishda axborat xizmati kumagiga muhtojdir. Shu boisdan ham axborot xizmati xodimlari tashkilot va jamoatchilik o’rtasida ko’prik vazifasini ham o’taydi.

  18. Tashkilotning jamoatchilik bilan aloqalarini shunday yo`lga qo`yaylikki, u mustahkam do`stlikka aylansin. Qayerdaki mustahkam va ishonchli do`stlik bor ekan, o`sha yerda taraqqiyot bo`ladi… Bu yo`lda esa axborot xizmatining o`rni beqiyos. Axborot xizmati tashkilot haqida ro`y-rost ma`lumot tarqatadi… Tashkilotning jamoatchilik bilan aloqasini rivojlantiradi…

  19. Bugungi kunda tashkilotlar axborot xizmatlari bilan aloqalarini keng yo`lga qo`yishga harakat qilmoqdalar. Sababi, bu aloqa tashkilotga foyda va yana foyda keltiradi. Jamoatchilik fikrini o`rganish va istak xohishlarini inobatga olishda axborot xizmati beminnat xizmat qiladi.

  20. Jamoatchilik bilan aloqalarni faolroq o’rnatish uchun, eng avvalo korxona yoki tashkilot o’z ish jarayonini axborot xizmati orqali tarqatishi lozim. Bu ancha samarali jarayon bo’lgan bo’lardi menimcha.

  21. Durbek Rahmonov:

    Sanjarbek fikrlaringiz menga juda yoqdi. men ham huddi shunday degan bo’lar edim.

  22. Jamoatchilik bilan aloqalar o`rnatishda axborot xizmatining o`rni kattadir. axborot xizmati hodimi har xil tushunmovchilkilarga chek qo`yishi mumkin. agar hodim o`z ishining ustasi bo`lsa, xalqimiz «chumchuq so`ysa ham qassob so`ysin » deyishadi. shuning uchun ham jamoat va tshkilot o`rtasidagi bevosita aloqalarni mustahkam o`rnatish uchun axborot xizmati hodimi ma’suliyatni xis qilishi kerak.

  23. Tashkilotni jamiyat bilan bog’lashda axborotning o’rni mavzusidagi ma’ruzani o’qib jurnalistika sohasiga doir …
    bilimlarimni oshirdim.Axborotning o’rni ,qanchalik muhim ahamiyatga egaligini ko’rishimiz mumkin

  24. Axborot xizmati xodimi xalqning dardini tinglab, unga chora topishida yordam berishi kerak. Jamoatchilik bilan aloqalarning yaxshiligini axborot xizmatidan minnatdor bo’lgan kishilar ko’zida ko’rish mumkin. U qaysi tashkilot bo’lishidan qat’iy nazar jamoatchilik bilan aloqalarni kuchaytirishi lozim.

  25. Jamoatchilik fikrini o’rganmasdan ish tutish masalaga bir tomonlama yondashishdek go’yo shu Sabab bu usul yaxshi samara bermaydi tashkilot o’z jamoasi fikrini o’rganib aloqalar o’rnatishi tashkilotning o’z maqsadlariga erishish yo’lidagi muhim visita sanaladi mavzuni o’qigach shunday xulosaga keldim

  26. axborot xizmati xodimining OAV xodimi bo’lgan jurnalistdan farqi shundaki jurnalist umumiy jamiyat uchun ishlasa, axborot xizmati bo’lgan jurnalist o’z auditoryasi uchun ishlaydi, lekin bu bilan jurnalistni axborot xizmati xodimidan ustun deb bo’lmaydi, chunki dars davomida ustoz aytganidek jamiyatdagi har bir shaxs qaysidir tashkilotning jamoatchiligidir.

  27. Ma`mur PARMONOV:

    Axborot xizmati xodimi nafaqat axborot etkazib beradi balki usha tashkilotning yuzi hamdir.

  28. Камолат ШАМС:

    бугун қилинаётган барча ишлар, яратилаётган шароит ва имкониятлар, турмуш даражасини яхшилашга қаратилган саъй ҳаракатларнинг барчаси инсон учун унинг бу дунёда бахтли шод яшаши учун. Президентимиз айтганидек «ислоҳот ислоҳот учун эмас, ислоҳот инсон учун хизмат қилмоғи шарт». Юртбошимиз йил якунига бағишланг маърузасида ҳам баъзи бир юқори лавозимдаги шахслар халққа хизмат қилиш учун маъсуллигини таъкидладилар. дарҳақиқат агар ўз манфатини ўйлаб халқ дарди ташвишлари билан ҳисоблашмасдан ўз қопчиғини тўлдириш билан банд бўлса, бу тараққиётга тўсиқ бўлиш эмасми, шуми ватандошларимизнинг ватанга бўлган хизмати, муҳаббати. ахборот хизмати ходими фақат халқнинг дардини эмас, керак бўлса орзуларини ҳам инобатга олмоғи керак деб ўйлайман.

  29. Nodira SAYDULLAYEVA:

    Har bir axborot xizmati xodimi tashkilotchi va izlanuvchan bo’lishi kerak. Turli matbuot anjumanlarida faol ishtirok etib jamoatchilik fikrini o’rganishi kerak. Yaqin yillarda axborot xizmati xodimlari orasida raqobat kuchayib, «E’tirof»mukofotiga «yilning eng yaxshi axborot xodimi» nominatsiyasi qo’shilsa ajab emas.

  30. Kamola Fayzullayeva:

    Nodiraxonning gaplariga qo’shilgan holda, yana shularni qo’shimcha qilmoqchiman: Ma’lum bir tashkilotda ko’p xodimlar ishlaydi. Ular tinmay mehnat qiladilar. Mana shu mehnatlar natijasini yuzaga chiqarish, ularni xalqqa yetkazish axborot xizmatidagilarning vazifasi.

  31. Kasbning istiqboli bo’lmaydi, uni mutahassisning o’zi istiqbolli qiladi, degan fikrda ko’p ma’no mujassam. Ba’zi axborot xizmati xodimlarinig gapi kishini juda ranjitadi: «falon joyda ishlaganimda mavzuga boshqacha yondashgan bolardim, bunga bo’laveradi». Paskalchilarga faqat kuchli nazorat kerak.

  32. Nodirabegim Jamolova:

    matbuot xizmati xodimi tashkilot bilan jamiyat o’rtasidagi eng muhim vositachi sanaladi. Tashkilot faoliyati haqida xabardor etishda bu soha xodimining vazifasi muhim

  33. Barnoxon Umarova:

    Ma’ruzangizni o’qib bu mavzuda bilimimizni yanada kegayishiga erishdik. Mavzuni shu darajada bo’g’inlab aytganday tushuntirgansizki ustoz bunday ma’lumotlar albatta har birimizdan yetuk axborot xizmati xodimi chiqishini kafolatydi

  34. Mirzo Ulug'bek Madalimov:

    Nodirabegimning fikrlarini o’qidim va birdaniga ikkilanib qoldim, matbuot xizmati va axborot xizmati bir-biridan farqli edi adashmasam! ustoz shunga o’zingiz fikr bildirsangiz! oldindan rahmat!

  35. Shahlo Bahodirovna:

    ushbu ma’ruzani o’qib kasbimning hali men bilmagan qirralari bisyor ekanligiga yana bir bora amin bo’ldim! demak yanada ko’proq o’qib izlanishda davom etishim k.k ekan! rahmat ustoz!

  36. Зуҳриддин Қилич:

    Жамоатчилик фикрини ўрганишда ижтимоий тармоқлар ҳам алоҳида ўрин тутмоқда. жаҳон тажрибасидан шу нарса маълумки: ҳар бир ташкилотнинг ижтимоий тармоқларда расмий профили мавжуд, фойдаланувчилар бемалол фикирларини ўз дўстига ёзгани каби қолдиришлари мумкин. ижтимоий тармоқларни мана шунақа фойдали воситага айлантириш ёшларни ҳам ҳукумат органлари билан яқинлашишига олиб келади.

  37. Kamola Olmosova:

    «жамоатчилик бу – табиат. Табиат бағрида инсон яшайди. Жамоатчилик бағрида ташкилот, соҳа яшайди. Шу нуқтаи назардан қаралганда қонун чиқарувчи ҳокимият ўз жамоатчилиги билан кучли. Ўша жамоатчиликка ахборот етказиб тура олиши билан кучли.»— rostan ham qo’llanmadagi shu jumlalar meni o’ylab ko’rishga undadi. Chunki, inson jamiyatning asosiy bo’g’ini.

  38. Kamola Olmosova:

    Albatta barcha sohada bo’lgani kabi bizning sohamiz ham rivojlantirish, biz kabi salohiyatli kadrlarga muhtoj. SAhuning uchun ham biz bu fanning nazariy asoslarini qunt bn o’rganishimiz shart deb o’ylayman.

  39. Bu ma’ruzalar mening diplom ishim uchun ayni asos bo’lib xizmat qilmoqda «saylov kompaniyasida piar texnologiyalarining qo’llanishi»bu mavzuni olgan vaqtimda oson ko’ringan bo’lsa keyinroq bu haqidagi aksariat ma’lumotlar rus tilida yozilganligini bilib eeee boshim qotdi endilikda ustozning darsda o’rgatayotgan va uch ildizga ilib qo’yilayotgan maqolalar diplom ishimning asosi bo’lib xizmat qiladi.Xayrli ishlar davomli bo’lsin…xizmatdamiz

  40. Zuhriddin, tashkilotlarning o`z sayti bo`lishi unda vertual jamoatchilik borligidan dalolat beradi.

  41. Gavharshodbegim:

    Nodira juda to`g`ri aytdingiz. Agarda bu nominatsiya ham qo`shilsa, shunda axborot xizmatining faolioyati yaqqol ko`zga tashlanardi. Oramizda afsuski, ko`pchilik uning vazifasi nima ekanligini bilishmaydi. Buni bir insondan intervyu olish jarayonida bilib oldim va shunga asosalanib ushbu fikrimni bayon qoldim. Chunki manbasi ko`rsatilmaga axborot ishonchli hisoblanmaydi.

  42. Rahimova Xurshidabonu:

    jamoatchilik fikri har bir jabxada juda muhim ahamiyat kasb etadi desam mubolag’a bo’lmaydi. shu o’rinda shoirning <> degan so’zlari yodimga tushdi.

  43. Mohira Qulliyeva:

    Jamoatchilik fikrini o’rganmay turib hech qanday natijaga erishib bo’lmaydi

  44. Jamoatchilik fikrini o’rganmay turib hech qanday muoffaqiyatga erishib bo’lmaydi inson xalqi yurti dardi bilan yashashi kerak

  45. Sattorova Malika:

    biz jurnalistlar avvolo jamoatchilik fikrini organishimiz zarur.

  46. Камолиддин Ҳамдамов:

    ташкилотларда жамоатчилик фикрини ўрганишда ахборот хизмати ходими муҳим ўрин тутади.

  47. Komola Yusupova:

    Hozirgina bir gazetada «Talabalar nima bilan band» deb nomlangan tanqidiy maqola o’qidim, biroz jaxlim chiqti chunki talabalarni «umuman o’qimaydi», internetda vaqtini bekor o’tkazadi deb yoziwipti. Yuqoridagi fikrlarni o’qib chiqib, o’wa maqolani yozganlar wu saytga kirib talabalar aslida internetda nima bilan band ekanlarini ko’rsalar edi deb o’ylab qoldim. Chunki biz o’qiyapmiz, izlanyapmiz!

  48. Bu ma’ruza bizning darsliklarimiz bo’lgani uchun bu haqda yaxshi o’rganishimiz mumkin, ammo bu sohani yaxshi o’rganmay turib ma’lumot tarqatayotgan ayrim xodimlar uchun zo’r qo’llanma…

  49. Jamoatchilik fikri bilan qiziqmagan nafaqat tashkilot, balki oddiy jurnalist ham uzoqqa bora olmaydi. Jamoatchilik fikrini o’rganishning eng oson va qulay varianti — internet.

  50. Oddiy misol: jurnalist sifatida maqola yozganimda ham, maqolada ko’tarilgan mavzuga nisbatan, albatta, o’quvchilar fikri bilan qiziqaman. U fikr salbiy yoki ijobiy bo’lishi ahamiatsiz. Ahamiyatlisi, har bir fikrdan fikr olish mumkin, ilhomlanish, xatolarni ko’rish, tuzatish, o’rganish mumkin. Bu yuksalish uchun qanot bo’ladi, albatta. Rahmat.

  51. Axborot xizmati vakilini men elchiga o’xshataman. 2 tamonning kelishib, tinch yashashlarida ularning hissasi katta. Elchidan til bilish talab qilinadi. Axborot xizmati vakili ham 2 tilni bilishi kerak, tashkilot tili va xalq tilini.

  52. Kursdoshlarimga nihoyatda havasim kelib ketdi bunday insonlar, bilan bunday adiblar bilan bir safda suratga tushish…….. men qishloqda o’qib yurganimda kolumb amerikani kashf qilish bilan teng edi.Ayniqsa Xudoyberdi To’xtaboyevning Sariq DEVNI MINIB ASARI MENGA JUDA HAM MANZUR BO’LGAN ustozdan yana bir iltimosim shu insonni o’zlari yotoqxonaga kelganlaridami yoki biror sabab bilanmi talabalar yotoqxonasiga taklif qilsangiz ularning hayot yo’llarini bilsak ular bilan bir safda turish baxtiga muyassar bo’lsak, menimcha ijod ahliga qadam qo’ygan qalb eng avvalo shu ijodkorning asarlari ta’sirida kamol topgay…

  53. Davronbek Xoshimov:

    Ташкилотнинг жамоатчилик билан алоқаларини йўлга қўйишга хизмат қиладиган ахборот хизмати аввало ўша жамоатчиликни аниқлаб олиши ва муттасил равишда уларнинг фикрларини ўрганиб бориши лозим.

  54. Sherbek Boboqulov:

    Jamoatchilikni tabiatga juda o’rinli o’xshatibsiz. Muxtor Xudoyqulov «Jurnalistika — bu jamiyatdan olib, jamiyatga berish» degan edilar. Albatta, bu borada har bir tashkilotning axborot xizmati faol bo’lishi uning foydasiga ishlaydi. Bugun dunyoga mashhur ADIDAS korporatsiyasi jahon bozorini axborot xizmatidagi fenomenlar evaziga egallagan edi.

  55. Durbek Rahmonov:

    Jamoatchilik bilan aloqalar bugungi har bir soha uchun juda muhim tushuncha. Buni ko’pchilik bilishini turli amaliy ishlarda kuzatyapmiz.

  56. Axborot xizmatlarini yo’lga qo’yish juda muhim hisoblanadi. Tashkilotlarda axborot xizmatini yanada rivojlantirish va jamoatchilik bilan aloqasini mustahkamlash uchun, Ustoz sizning má’ruzalaringiz va má’ruzani tinglab amalyotda qo’llay oladigan kadrlar kerak.

  57. bu yerdagi barcha fikrnomalar maqolaning kami ko’stini to’ldirishga xizmat qilmoqda har kim ya’ni talabalar kim o’zarga eng yaxshi fikrnomalar kimniki bo’lar ekan deya harakat qilib yotishibdi….yashang kursdoshlar..

  58. «Одамлар қайсики соҳа истеъмолчиси бўлса, улар ўша соҳа ё тизимнинг жамоатчилиги ҳисобланади. Масалан, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги жамоатчилиги – деҳқонлар, боғбонлар, чорвадорлар, соҳа олимлари ва бошқа манфаатдор кишилардир». Моҳият мана шу жумлаларда деб биламан.

  59. Bilamizki,har bir tashkilotning o’z oldiga qo’ygan oliy maqsadi bo’ladi,jamoatchilik bilan aloqalarni yo’lga qo’yish ham avvalo ana shu maqsadlarni yo’lga qo’yishda poydevor bo’ladi

  60. Jamoatchilik bilan aloqalar tashkilot ko’zgusi sanaladi

  61. O'tkir Jalolxonov:

    Телефон ё почта хизматидан фойдаланаётган истеъмолчилар Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги жамоатчилиги ҳисобланади.
    Demak shaxsiy pochtadan foydalansak ham markaziy pochtaning mijoziga aylanar ekanmizda

  62. Jamoatchilik bilan aloqalarda muomila madaniyati ham muhim rol o’ynaydi. Ammo,ko’p tashkilotlar ayniqsa tibbiyot muassasalari,bank xodimlarida ham bu kamchiliklar bor. Jamoat tashkilotlari qaysi biriga shu soha vakillari tegishli bo’lsa ,ular bilan alohida notiwlik darslari olib borishsa yaxshi bo’lardi. Qaysi tashkilot a’zosi bo’lishidan qat’iy nazar u respublikamiz fuqarosi hisoblanadi.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>