Бобурнинг боқий боғлари

Боғ яратиш анъанаси буюк аждодларимиздан мерос.

 4

Амир Темур бобомизнинг Самарқанддаги серфайз боғлари довруғи етти иқлимга машҳур бўлган. Бу эзгу анъана илғор фикрли темурийзодалар, хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан ҳам давом эттирилган. Фалак гардиши ила ул мўътабар зотнинг “Боғи Шаҳроро”, “Боғи Жаҳоноро”, “Ўртабоғ”, “Боғи вафо”, “Боғи Бобур” каби боғлари ўзга юртларда қолиб кетди… Бугун ўша боғлар ўрнида бирор туп дарахт қолдими-йўқми, билмайман. Бироқ, буюк мутафаккир шоир ва давлат арбоби бўлган бобомиздан қолган беқиёс маънавий боғлардан нафақат биз, балки, бутун жаҳон аҳли асрлар оша баҳрамандирлар. Маънавият осмонида қуёш янглиғ порлаган бу хазинанинг эса умри боқийдир. Шу мавзуда анча йиллар муқаддам раҳматли адибимиз Пиримқул Қодиров шундай деган эди:

– Боғ яратганнинг номи боқий бўлар экан. Юртимиз истиқлоли берган яна бир беназир неъмат – шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турган энг гўзал боғлардан бирига Бобур номи берилгани бўлди. Кўз ўнгимизда Бобур боғи янгидан барпо этилгандек қувонган эдик. Бу истироҳат боғига қачон бормай буюк аждодимиз руҳи кезиб юрганини ҳис этаман…

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллиги муносабати билан 1993 йилда Юртбошимиз фармонига биноан мазкур истироҳат боғига ва унга туташ кўчага Бобур номи берилгани чиндан ҳам юртимизда улкан воқеа бўлган. Буюк бобомиз номи Андижондан тортиб Қорақалпоғистонгача барча вилоятларда, шаҳарларда абадийлаштирилгани бетакрор аждодимиз руҳини шод этган! Мирзо Бобур тенгсиз ижоди ила ҳар бир инсон қалбида эзгулик дарахтини ундириб кетган. Бу дарахтлар куртаги янги-янги авлодлар қалбида ҳам мудом барқ ураётир. Илло, Бобур бободек буюк аждодимиз билан фахрланмаган, қалбида ғурур ҳиссини туймаган юртдошимизни тасаввур қилолмайман. Қайсики қалбда Бобур боғлари барқ уриб турган экан, демак у юксак маънавиятга эришибди, ҳаётнинг маъносини, мазмун-моҳиятини англаб етибди, дегим келади.

Буюк аждодимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида биз тенггилар ўтган асрнинг 79-йилигача фақат адабиёт дарсларида қисқача маълумотга эга бўлгандик. Ўша йили республикамиз маънавий ҳаётида порлаган яшиндек воқеа – Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи бўлди. Адабиёт ихлосмандларини ўшанда кузатгандим; гавжум шаҳарлардан сокин қишлоқларгача уйда, кўча-кўйда, ишхоналарда ҳамма-ҳамманинг қўлида бежирим муқовали “Юлдузли тунлар” китоби эди!

Романни иштиёқ билан мутолаа қилар эканман, ҳар кеча тушимда Бобур бобомизни кўрардим. Зарбоф тўнига монанд чиройли салласи ва пешонасига қадалган кўҳи-нури билан от устида келаётган бобомиз сиймосини кўриб ҳайратга тушардим…

Улкан истеъдод соҳиби бўлган адиб Пиримқул Қодировнинг ўз ибораси билан айтганда “тарихни телескоп билан кузатиб”, Бобур замонасини кўзи билан кўргандек тасвирлаганди. Романни мутолаа қилган ўқувчи кўз олдида буюк аждодимиз Мирзо Бобур ва замондошлари сиймоси яққол намоён бўлади. Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов таъбири билан айтганда, ёзувчи мазкур романи орқали Бобурни бутун бўйи-басти билан қайта гавдалантириб берган.

Раҳматли устоз адибимиз билан бу мавзуда кўп суҳбат қурганмиз. Ҳар гал у кишининг ҳузурига борганда уй бекаси София опамиз илиққина кутиб оларди. Бошидаги дўпписи ярашган Пиримқул ака вазмин қадамлар ила ижодхонасидан чиқиб келарди. Салом-алик асносида қанча тарихий роман-у қиссалар, сермазмун бадиа ва мақолалар битилган файзли хонага кўз югуртирардим. Устоз ҳар куни ўтирадиган хона тўрида Бобур Мирзонинг мўъжазгина гиламга нақшланган сурати гўё нур таратиб турарди. Жавонда терилган китобларнинг бир қисми хонадон соҳибининг ижод маҳсуллари. Бу китобларнинг бир қисми дунёнинг турли давлатларида турфа тилларда нашр этилган. Демак, айни дамда минглаб хорижликлар ҳам ўша китобларни ўз тилларида мутолаа қилишаётганини тасаввур этишнинг ўзи мароқли!

Устоз суҳбати – ибрат мактаби эди биз учун. Бир гал мавзу “Юлдузли тунлар”га уланди.

– Пиримқул ака, романга бундай чиройли ном қўйилишига ҳам нимадир “туртки” бўлганми?

– Бир куни тушимда Мирзо Бобур негадир мени туриб қўйганмиш,– деди устоз кулимсираб.– Уйғониб қарасам, тип-тиниқ осмонда юлдузлар чарақлаб турибди. Шу куни Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ини ўйлаб ётгандим. Ўша бетакрор романнинг номига ҳамоҳанг равишда буни “Юлдузли тунлар” деб аташ фикри пайдо бўлди…

– Роман моҳиятан мозий даричаларидан бирини очган, десак муболаға бўлмас. Унда ўтмишимиздаги энг ёрқин сиймолардан бири – Бобур Мирзони ёрқин бадиий бўёқлар воситасида кўрамиз. Бу роман китобхонлар маънавий оламини қанчалик бойитгани ҳақида кўп фикрлар айтилди. Шу тобда Бобур бобомиз ҳақида нималарни ўйлаётганингиз ҳам мухлисларингиз учун жуда қизиқарли…

– Собиқ мустабид тузум даврида сохталаштирилган ва ноҳақ қораланган буюк аждодларимиз тўғрисида тарихий манбаларда битилган ҳақиқатларни баҳоли қудрат тиклашга интилдим. “Юлдузли тунлар” романи ёзилгани учун ўша даврда бошимиз не балоларга қолганини китобхонларимиз яхши билади. Ҳаттоки, Бобурнинг 500 йиллиги республикамизда умуман нишонланмагани ғоят афсусланарли эди. Шундай мудҳиш даврда ҳақиқатни гапириш тузумга қарши ҳаракат деб қараларди… Юртимизда ҳали мустабид тузум ҳукм сураётганига қарамай Президентимиз Ислом Каримов тарихий ҳақиқатларни тиклашга киришгани жуда улуғвор ишларнинг бошланиши эди. 1989 йилда “Бобурнома” китоби 200000 нусхада чоп этилган бўлса, 1990 йил октябрь ойида бу шоҳ асар яратилганлигининг 460 йиллиги нишонланиши бизга руҳий қувват бахш этди. “Аввало, улуғ ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳ асари бўлмиш “Бобурнома” ёзилганлигининг 460 йиллигини кенг нишонлаётганимиздан хурсандмиз,– деган эдилар Юртбошимиз.– Бу байрам айни пайтда Шарқ халқлари тарихи ва адабиётига беқиёс ҳурмат ва муҳаббатни ифода этади”. Ўша куни кечқурун Алишер Навоий номидаги Давлат академик опера ва балет катта театрида “Бобурнома”нинг 460 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали кеча тарихий ҳақиқатнинг том маънода тикланаётгани ифодаси эди.

– Бобур ҳақида бор ҳақиқатни гапириш шунчалик оғир бўлган экан, ўз замонасида шоҳ ва шоирликнинг оғир “юк”ларни буюк бобомиз қандоқ кўтарганига ҳайрон-у лол қоласан киши…

– Ўн икки ёшида Фарғона водийсида давлат бошлиғи бўлиш Мирзо Бобурга бобокалони – Амир Темурдан мерос эди. Тенгсиз даҳо даражасидаги истеъдод ва довюраклик ҳам унга Амир Темурдан ўтган ирсий мерос бўлди. Бобур ўз номига муносиб шердиллик билан Самарқанд учун курашиб, бобомерос шаҳарни уч марта қўлга киритган. Аммо ўша даврнинг ёвузфеъл беклари унга кўп хиёнатлар қилган. Тақдир тақозоси билан Бобур туғилган юртидан жудо бўлгани, кўнглига туккан орзуси – пароканда вилоятларнинг бошини қовуштириб улуғ давлат барпо этиш мақсадини Ҳиндистонда амалга оширганини романда баҳоли қудрат акс эттиришга ҳаракат қилганмиз…

– Китобхонлар билан бир учрашувда буюк аждодимизнинг тенгсиз мероси – “Бобурнома” ҳамда бетакрор ғазаллари, рубоийларини ўрганиб бориш келгуси авлодларни ҳам маънавий камол топишига хизмат қилишини таъкидлаган эдингиз…

– Бобур ўз қалб ҳарорати ва маънавиятини гўзал шеърий асарларга, “Бобурнома”дай ўлмас қомусга жойлаб, авлодларга мерос қилиб қолдирган,– деди устоз адиб ён дафтарини варақлаб.– “Бобурнома”ни бутун дунё XVI аср учун мисли кўрилмаган адабий, илмий ва инсоний кашфиёт сифатида эъзозлайди. Бобурдан олдин бадиий адабиётда ҳеч бир шоҳ ва шоир ўз кўрган-кечирганларини, ютуқ ва камчиликларини бу қадар ҳаққоний ҳамда дадиллик билан очиб бермаган. Ҳинд олимлари “Бобурнома”ни улуғ француз адиби Жан-Жак Руссонинг “Иқрори”га қиёс қиладилар. Эришган ютуқларини баён қилиш билан бирга қилган хатоларига ҳам иқрор бўлишдек маънавий жасоратни Бобур бобомиз Руссодан икки аср илгари кўрсатганини қиёсий таҳлил этсак, буюк аждодимизнинг ўз даврига нисбатан қанчалик олдинга кетганидан ҳайратга тушамиз. “Бобурнома”даги табиат тасвирлари, Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларининг тарихига оид нодир кузатишлар, тилга, динга, ҳуқуқшуносликка, санъат ва адабиётга оид тадқиқотлар Бобур Мирзонинг қомусий билимлар эгаси бўлганини кўрсатади. Демоқчиманки, бугунги ва келгуси авлодлар ҳам бу буюк маънавий меросни теран ўрганиб боришлари уларни албатта маънан юксакликка олиб чиқаверди.

Устознинг бундай ҳикматли суҳбатлари яхшигина адабиёт дарси эди. Бу хонадонга қачон келмай, суҳбатлар мавзуси “Темур тузуклари”, темурийлар сулоласидаги энг ёрқин сиймолардан бири Бобур Мирзо ва “Бобурнома”га уланиб кетарди. Устознинг умр йўлдоши София она ҳам “Юлдузли тунлар” (“Бобур”) романи яратилиши билан боғлиқ воқеалар ҳақида сўзлаб берарди. Бу дилтортар суҳбатлар ҳамон қулоқларим остида жаранглайди. Уларнинг бир қисми газеталарда ёритилган бўлса, анчагинасини фақат қоғозга қоралаб қўйганмиз. Не тонгки, бугун шу азиз инсонлар – адиб ва умр йўлдоши ҳам тарихга айланди…

3

Пиримқул ака ва София онанинг чироғини ёқиб ўтирган қизлари Яхшигул опа шундай деди:

– Отам раҳматли ўз ижоди билан Бобур Мирзо сиймосини яратган экан, ул зотни ҳамиша барҳаёт деб атардилар…

Аслида эса, ўша ўлмас асарлари билан атоқли адиб Пиримқул Қодиров ҳам мангу барҳаётдир.

Тошкентга ўзгача файзу тароват бахш этиб турган Бобур боғида устоз билан сайр этган дамларни хотирлар эканман, не ажабки, буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ёнида улуғ адиб Пиримқул Қодиров руҳлари ҳам бирга шодон кезиб юрганини ҳис этдим!..

 

***

МЕҲРИ ДАРЁ, ҚАЛБИ ОФТОБ

ёхуд адибнинг сўнгги сафари

 

Инсон қай даражада комилликка эришаётганини унинг саъй-ҳаракатлари ва гап-сўзларидан англаб олиш қийинмас. 1980 йилларда бизга сабоқ берган адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов домламиз теран фикрлари, олижаноб инсонлиги билан мафтун қиларди.

Ҳаётимиздаги ажойиб-ғаройиб воқеалар устоз билан меҳр ришталарини янада пайваста қилиб қўйди.

Бир воқеа сабаб бўлиб 1987 йилда устоз адиб Пиримқул Қодиров билан жуда яқин бўлиб қолгандик. Кейинчалик устознинг ҳолидан хабар олиш учун хонадонига тез-тез бориб турадиган бўлдим. Инсон ёши бир жойга борган сари кимгадир маънан таяниб қоларкан. Анҳор бўйидаги сўлим гўшада жойлашган уйнинг иккинчи қаватида устоз умр йўлдоши София опа билан қандайдир меҳрга ташна бўлиб ўтиришларини ҳис этардим. Ўша кезлар устоз адабиётшунос олим Абдуғафур Расуловга ўз туғишган иниси каби таяниб қолганини англаганман. Ана шу самимий муносабатлар бизнинг домла билан ҳам меҳр ришталаримизни янада мустаҳкамлаган бўлса ажабмас.

Пиримқул ака кўпинча телефонда ким биландир гаплашиб ўтирганини кўрардим. Мавлоно, деб сўзлашларидан билардимки Абдуғафур домла билан гурунг қилмоқда. Устоз фақат домламизга мавлоно ё мулла Абдуғафур, деб мурожаат қилардилар.

Домламиз ҳам Пиримқул акани туғишган акасидек кўрардилар. Демак, улар нафақат адабиёт мавзусида, балки ҳаётдаги бошқа муҳим масалалар ҳақида ҳам фикрлашардилар. “Ўзбек адабиёти неча асрлар мобайнида катта карвон каби ўз йўлидан келмоқда,– дерди Пиримқул ака куюнчаклик билан.– Айрим ёш қаламкашлар янгилик қиламан деб унинг ўзанини миллий қадриятларимизга ёт ғоялар сингдирилган томонларга буриб юборишларига асло бепарво қараб ўтирмаслигимиз керак”.

Бу фикрни домламиз дилдан қўллаб-қувватларкан, “Пиримқул ака жуда донишманд адиб” дея олқишларди.

Пиримқул Қодировнинг адабиётга, ўзбек адибларига муносабати ҳақида ҳали кўп хотирлаймиз. Атоқли адиб раҳматли Озод Шарафиддиновдан кейин адабиётшуносликда Абдуғафур Расулов билан Умарали Норматов ўзига хос бетакрор анъаналаримизни давом эттирмоқда, деган фикрини умид ва ишонч билан айтарди.

2010 йилнинг ёзи жуда иссиқ келди. Кўп қаватли уйда яшайдиган баъзи заифроқ кишилар бироз салқин тушишини интиқлик билан кутишарди. Тўғри, замонавий совутгичлар бундай пайт жоннинг роҳати. Бироқ, бу матоҳ салга шамоллайдиган кексаларга унча тўғри келмасди. Шундай кунлардан бирида Абдуғафур ака мени ҳовлисига таклиф қилдилар. Янги чиққан бир-иккита китобларга бирга тақриз ёзиш ҳақида суҳбатлашдик. Ҳар гал суҳбат мавзуси албатта Пиримқул акага уланарди. Устознинг ҳолидан қачон хабар олганимни, отахонга яна қандай ёрдам кераклигини домламиз албатта сўраб-суриштираркан, ўзлари ҳам яқинда телефон орқали нималар ҳақида гурунг қилганини завқ билан сўзлардилар. Ўша куни домламиз дилига тугиб юрган бир таклифини айтдилар:

– Пиримқул ака “дом”да сиқилиб ўтирибдилар,– дедилар жонкуярлик билан.– Ҳовлимизга таклиф этиб, кўнглини олсак қандоқ бўларкин?

– Жуда савоб бўларди-да,– дедим ҳаяжон билан.– Биздан нима хизмат?

– Биласизми, у кишига ўзим таклиф этишга истиҳола қиляпман,– деди устоз салмоқ билан.– Мабодо, боролмайман, деб қолса, бироз хижолатпазлик бўлади. Қандоқ таклиф этишни сиз эплайсиз…

Домламиз бу вазифани менга юклаётгани бежиз эмасди. Саксон иккинчи баҳорини кўраётган нуроний отахон ва ёнларида қилтиллабгина юрадиган София опамизнинг иккинчи қаватдан тушиб-чиқишлари, ҳовлида меҳмон бўлиб ўтиришга қанчалик хоҳишлари бор-йўқлигини аввало ўзларидан сўраб билиш лозим эди.

Эртаси куни устозни йўқлаб бордим-да, Абдуғафур аканинг таклифини ётиғи билан тушунтирдим.

– Мулла Абдуғафур барака топсин,– деди нуроний устоз қандайдир интиқлик билан, сўнг хижолат тортгандек қўшиб қўйдилар,– уларни овора қилиб қўймасмикинмиз?..

Хуллас, улуғ устознинг розилигини олиб, вақти-соатини келишдик.

Домламизнинг катта ўғиллари Рустамжон айтилган вақтда машинасини шай қилиб турди.

1

Абдуғафур аканинг Дўмбиробод маҳалласидаги файзли хонадонига етиб келганимизда қуёш тафти бироз қайтганди. Ҳовлига сепилаётган сувлардан она тупроқнинг муаттар бўйлари кўтарилиб, ҳузур бахш этарди. Пиримқул аканинг ҳам баҳри-дили очилиб кетгани ним табассум югурган юзларида аён кўринди. Неча йиллар мобайнида бу чоғроққина ҳовлида не-не улуғ адиблар, шоирлар-у адабиётшунослар тунларни тонгларга улаб гурунглар қилмаган, дейсиз. Ана шундай дилтортар суҳбатларнинг навбатдагиси ўша куни бўлди.

Дарвозадан бирин-кетин атоқли адиб Худойберди Тўтабоев рафиқаси билан, улар ортидан таниқли олима Суюма Ғаниева, адабиётшунос Ҳамидулла Болтабоев кириб келдилар.

Тўкин дастурхон атрофида шундай устозларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишнинг ўзи мен унутилмас воқеа эди.

2

Ўзаро ҳангомалар қизиганида Суюма опа Пиримқул аканинг ёнига ўтиб ўтирди-да ниманидир муҳокама қила бошлади. Гап орасида София опа томон илкис қараб:

– Намунча ёмон қарайсиз? Ҳалиям рашк қиласизми?..– деса бўладими.

Гур-р кулги кўтарилди.

Пиримқул ака эса рафиқасига, қалайсиз энди, дегандек жилмайиб қўйди.

Шу мўътабар ёшда ҳам устозларнинг бундай самимий ҳазил-мутойиба қилишларини кўриб завқим келиб-кетарди.

Бир пайт Пиримқул ака даврага юзланган кўйи шундай деди:

– Менга бир шеър жуда ёққанди. Шуни ҳозир Тўлқинбекдан эшитсак…

Устозга ёққан шеър ёдимга тушди. Абдуғафур Расулов домламизнинг 70 йиллигига бағишлов эди. Улуғ устозлар салобати босиб турганда шеър айтиш осонмас. “Тошкент ҳафтаномаси” газетасининг 2008 йил 24 январь сонида ёритилган “Устоз зиёси” сарлавҳали шеърни ҳаяжон ичра бир амаллаб айта бошладим:

 

Зиёли зиёсин таратиб яшар,

Зиёни қиёслаб юрамиз нурга.

Тангри зиёсидан яратган уни

Зиёдан бахт бериб Абдуғафурга!

Тақдир тақозоси – ниҳол каби у,

Қаршида айланди улкан дарахтга.

Ўн йилча ўт каби ёнгач юраги,

Тошкентда эришди беқиёс бахтга.

Адабиёт ўзи – инсоншунослик,

Инсонсиз дунёда бўлмайди маъно.

Абдуғафур домла қалб дунёсини,

Зиёга тўлдирди обтобдек Раъно!

«Илми ғарибани қўмсаб» юрганлар,

Абдуғафур Расул сабоғин олсин.

«Янги замон янги қаҳрамон»лари,

«Ардоқли адиб»дек ҳайратга солсин.

Билинг, «Танқид, талқин, баҳолаш» сирин,

«Олим ва таржимон» – мисоли офтоб.

Ўша «Истеъдод ва эътиқод» рамзи –

«Озод Шарафиддин» энг мангу китоб!

Зиёдан мунаввар бўлади башар,

Зиё зийнатидир инсон асили.

Адаб илмин берар авлодларига,

Абдуғафур домла – билим Расули!

 

Улуғ устозлар чапак чалиб олқишлаганлари менга қанот бахш этарди шу тобда. Севимли адибимиз Худойберди Тўхтабоевнинг сўзлари ажиб хотима ясади:

– Абдуғафур домла – билим Расули, деган сатрларингиз жуда чиройли, пурмаъно чиқибди.

Бетакрор суҳбатлар поёнига етмасди.

7

Бироқ, энди туришнинг ҳам мавриди келди. Пиримқул ака дастурхонга дуо қилдилар.

Қалби офтоб, меҳри дарё Абдуғафур домламиз меҳмонларни алоҳида сийлашга тушди. Пиримқул Қодиров ва Худойберди Тўхтабоевга тўн, Суюма Ғаниева, Ҳамидулла Болтабоев ва каминага кўйлаклар инъом этдилар.

***

 5

Адабий учрашувларда мухлислар шоир ва адибларга кўпинча биринчи китоби ҳақида савол берадилар. Улуғ адиблар ҳаёт билан видолашганларида у сўнгги бор нималар қилгани ё дегани ҳақида сўраб-суриштириб қолиш ҳам одатий ҳолга айланган. Раҳматли устозимиз Пиримқул Қодиров ҳақида энди қаерда сўз кетмасин, унинг сўнгги сафари Абдуғафур Расулов хонадонига бўлгани ҳақида ҳаяжон билан сўзлаб юраман.

Ўз навбатида раҳматли домламиз Абдуғафур Расулов ҳақида ҳам сўз кетган давраларда ўша меҳридарёлик билан қилинган меҳмондорчилик ҳамда қалбимизга муҳрланиб қолган суҳбатлар ҳақида мароқ билан айтиб бергим келаверади.

6

Аслида бу ҳам улуғ устозларнинг биз учун бетакрор ибрат мактабидир…

 Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

***

Бобур

МИРЗО БОБУР
ШЕЪРИЙ АСАРЛАРИДАН
06

* * *

Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим.

Жонимдин ўзга жонни дилафкор кўрмадим,
Кўнглум киби кўнгулни гирифтор топмадим.

Усрук кўзига токи кўнгул бўлди мубтало,
Ҳаргиз бу телбани яна ҳушёр топмадим.

Ночор фурқати била хўй этмишам, нетай,
Чун васлиға ўзумни сазовор топмадим.

Боре борай эшигига бу навбат, эй кўнгул,
Нечаки бориб эшигига бор топмадим.

Бобур, ўзунгни ўргатакўр ёрсизки, мен
Истаб жаҳонни мунча қилиб ёр топмадим.

* * *

Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.

Бу замонни нафъи қилсам айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ёмонлиғ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не яъни ҳар ёмондин яхшилиғ.

Бори элга яхҳшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.

* * *

Не вафо умрумда ул жону жаҳондин кўргамен,
Ким вафо жондин кўрубдурким, мен ондин кўргамен.

Кўз йўлидин ул сари ҳуснун назар айлар эдим,
Қон ёшим ул йўлни тутти, эмди қондин кўргамен.

Ёраб, ул кун шум толиъдин манга бўлғаймуким
Жонима ором ул ороми жондин кўргамен.

Кўз кўрар, лекин солур мени балоға бу кўнгул,
Бу балони неча чашми хунфишондин кўргамен.

Бартараф қилғил вафо истарни элдин, Бобуро,
Ул ғалатдурким, вафо аҳли жаҳондин кўргамен.

* * *

Сендек менга бир ёри жафокор топилмас,
Мендек сенга бир зори вафодор топилмас.

Бу шаклу шамойил била худ ҳуру парий сен
Ким, жинси башар ичра бу миқдор топилмас.

Ағёр кўз оллидаку ул ёр аён йўқ,
Ғамхоре кўнгул ичраю ғамхор топилмас.

Эй гул, мени зор этмаки, ҳуснунг чаманида
Кўзни юмуб очқунча бу гулзор топилмас.

Бобур, сени чун ёр деди, ёрлиғ этгил,
Оламда кишига йўқ эса ёр топилмас.

* * *

Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?!
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?!

Мени хор этти-ю қилди муддаини парвариш,
Даҳри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?!

Мени ўлтурду жафои жавр бирла ул қуёш,
Эмди тургузмак учун меҳру вафоси қолдиму?!

Ошиқ ўлғоч кўрдим ўлимни ўзимга, эй рафиқ,
Ўзга кўнглимнинг бу оламда ҳароси қолдиму?!

Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,
Тенгри учун де бу оламнинг сафоси қолдиму?!

* * *

Ғурбату ҳижронға қолдим, оҳ ул жон илгидин,
Жонға еттим эмди ғурбат бирла ҳижрон илгидин.

Кўрсатур гаҳ тийғу гаҳ ўқ ҳолатимни билмайин,
Не балолар кўрадурман ёри нодон илгидин.

Эл фиғонимдин бажону мен бу жондин, эй ажал,
Қил халос элнию мени жону афғон илгидин.

Бобур, ул ой ҳажрида ишинг басе душвор эди,
Шукрким, қутқарди ўлум сени осон илгидин.

* * *

Ёр юзумни кўруб дарду ғамим билса керак,
Юз кўруб дарду ғамим чорасини қилса керак.

Эй сабо, жону кўнгулни ўзининг чун қилди,
Кўнгли бирла дегасен жони учун келса керак.

Васлини не қилайин ғайрдин айрилмади ҳеч,
Ёр васли менга, у ағёрдин айрилса керак.

Васлининг қадрини чун билмади бу телба кўнгул,
Ҳажрининг тийғи анинг юрагини тилса керак.

Шукр Бобурни билурмен деган эрмиш ул ой,
Ложарам бандаларин шоҳлари билса керак.

* * *

Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна,
Тийра бўлди рўзгорим ул қаро қошдин яна.

Мен ҳуд ул тифли парийвашға кўнгул бердим, вале
Хонумоним ногаҳон бузулмағай бошдин яна.

Юз ямонлиғ кўруб андин телба бўлдунг, эй кўнгул,
Яхшилиғни кўз тутарсен ул паривашдин яна.

Тош урар атфол мени, уйда фориғ ул парий,
Телбалардек қичқирурмен ҳар замон тошдин яна.

Оёғим етгунча Бобурдек кетар эрдим нетай,
Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна.

* * *

Кўнгулга бўлди ажойиб бало қаро сочинг,
Шикаста кўнглума эрмиш қаро бало сочинг.

Муяссар ўлди жунун мулки, эй жунун аҳли,
Нисори ашкни эмди бу кун манго сочинг.

Сочинг шикастида бордур шикаста кўнгуллар,
Кўнгуллар очилур, очилса ул қаро сочинг.

Очилди кўнгли, чу очтинг сочингни, Бобурнинг,
Не айб, агар деса дилбанду дилкушо сочинг.

* * *

Балойи ишқки, ҳар дам манда жафоедур,
Бу ишдин кеча олмон ажаб балоедур.

Хати лабиға туташ бўлса, эй кўнгул, не ажаб,
Ки Хизр чашмайи ҳайвонға раҳнамоедур.

Ярар бу хаста кўнгул дардиға ўқин яраси,
Магарки ҳар яраси ёрнинг давоедур.

Баҳор фаслидуру май ҳавоси бошимда,
Аёқ тут менга соқийки, хуш ҳавоедур.

Ул ой рақибға бўлди рафиқу Бобурнинг
Рафиқу ҳамдами ҳажринда оҳу воедур.

* * *

Кўзумда муттасил ул эгма қош керак бўлса,
Қошимда кўз ёруғи ул қуёш керак бўлса.

Сужуд вақтида меҳроб бўлмасун ҳаргиз
Ки, бош қўярда ўшал эгма қош керак бўлса.

Ҳабиб ишқида бошдин кеч, эй кўнгул, йўқ эса,
Бу йўлға қўйма аёқ санга бош керак бўлса.

Қўюб аёғиға бош, сўрса лаълидин ҳар ким,
Бошиға туфроқу оғзиға тош керак бўлса.

Сенинг била бари эл нохуш ўлса, эй Бобур,
Не бўлғуси санга, ул ёри хуш керак бўлса.

* * *

Улки менга ёри дилнавоз кўрунду,
Жаврин кўрсатти кўпу оз кўрунди.

Бўлди бошим паст пойбўсида охир,
Гарчи бурун асру сарафроз кўрунди.

Сенинг учун улки бошин ўйнамади ҳеч,
Сенга ажойибки ишқбоз кўрунди.

Ишқ боринда салоҳу тавбаву тақво
Барчаси таҳқиқ бил мажоз кўрунди.

Душмано жон ўлди, не қилай, санга, Бобур,
Улки менга ёри дилнавоз кўрунди.

* * *

Не кўрай тўбини қадди хушхироминг борида,
Не қилай сунбулни хатти мушфоминг борида.

Ким Хизр суйин оғизлағай лабингнинг қошида,
Ким Масиҳ алфозидин дегай каломинг борида.

Ошиқингни давлатин васлинг била қил муҳтарам,
Ҳусн аҳли ичра мунча эҳтироминг борида.

Биздин айру доим эл бирла ичарсен бодани,
Бизни ҳам гоҳе соғин шурби мудоминг борида.

Эй кўнгул, гар ғайр сўзи заҳри қотилдур, не ғам,
Лабларидин шарбати юҳи-ил изоминг борида.

Тарки номус айлабон бадном бўлғил ишқ аро,
Ким сени ошиқ дегай номусу номинг борида.

Бобур ул гул кўйида булбул киби топтинг мақом,
Бир навое рост қил мундоқ мақоминг борида.

* * *

Сенинг ишқингда, эй номеҳрибон, бехонумон бўлдим,
Деман бехонумон овворайи икки жаҳон бўлдум.

Лабинг гар бермаса бўса нечук жон элта олғаймен,
Бу йўлдаким, адам саҳросиға эмди равон бўлдум.

Сўруб ул ой лабидин оғзининг рамзини англадим,
Бир оғиз сўз била кўрунгки мунча хўрдадон бўлдум.

Нечаким қоши ёлар ишқида тузлукни кўрсаттим,
Вале охир маломат ўқлариға-ўқ нишон бўлдум.

Кулар эрдим бурун Фарҳоди мискин достониға,
Бу Шириндурки онинг бирла-ўқ ҳамдостон бўлдум.

Висолинг давлатиға етмасам Бобур киби, не тонг,
Ки ҳажринг меҳнатида асру зору нотавон бўлдум.

* * *

Ким кўрар хуршидни, ул моҳсиймо бўлмаса,
Ким сўрар шаккарни, ул лаъли шакархо бўлмаса.

Гул тикандур кўзларимга ул юзи гулдин йироқ,
Сарв ўқдур бағрима ул сарв боло бўлмаса.

Жаннату-л-маъвони, эй зоҳид, нетай мен зорким,
Истарам кўйидин ўзга манга маъво бўлмаса.

Тиймағил девона кўнглумники, расво бўлма деб,
Ошиқ ўлғайму эди ул телба расво бўлмаса.

Гар бошингни кессалар ишқида, эй Бобур, сенинг,
Ёрдин кўнглунг керакким ўзга қатъо бўлмаса.

* * *

Яна кўз уйида маъво қилибсен,
Кўнгул кошонасида жо қилибсен.

Яна савдойи зулфингдин, нигоро,
Мени ошуфтаву шайдо қилибсен.

Ғаминг йўқ жон агар берсам ғамингда,
Ўзунгни мунча бепарво қилибсен.

Қошингдин мени ўқдек ташлар учун
Янги ойдек қошингни ё қилибсен.

Кўзумдин ёшуриб, эй баҳри алтоф,
Кўзумнинг ёшини дарё қилибсен.

Соғинмас жаннату-л-маъвони Бобур,
Онинг кўнглида то маъво қилибсен.

* * *

Жонима ўт солди ул рухсорайи зебо яна,
Кўнглума ул зулф бўлди мояйи савдо яна.

Кўрсатиб рухсору зулфин ул парий пайкар манга,
Жону кўнглумни қилибдур волаву шайдо яна.

Ёр кўйиндаги том сенсен манга пушти паноҳ,
Сояйи лутфунгни сол, чун санга келдим то яна.

Шодлиқнию фароғатни қўюб ошиқ бўлиб,
Меҳнату ғамни қилибмен ўзума пайдо яна.

Ёрға қулмен дегач Бобурни расво айлади,
Тенгри мендек бандасини қилмасун расво яна.

* * *

Бир парий мен телбани ҳусниға мойил қилғудек,
Кўзум ичра ер тутуб кўнглумда манзил қилғудек.

Кўнглумизга жавр беҳад қилди ул номеҳрибон,
Жонима юз минг ғаму меҳнатни ҳосил қилғудек.

Нотавон кўнглумга ишқи қайғуни келтургудек,
Айшу ишратни кўнгулдин қайғурур эл қилғудек.

Қилмади Фарҳоду Мажнун ўзни расво мен киби
Ким, бу навъ иш иш эмасдур ҳеч оқил қилғудек.

Ул парий ишқида Бобур жон бериб, эй аҳли ишқ,
Ишқ атворини ишқ аҳлиға мушкил қилғудек.

* * *
Янги ой ёр юзи бирла кўруб эл шод байрамлар,
Манга юзу қошингдин айру байрам ойида ғамлар.

Менинг бу тори мў янглиғ танимға тоблар солди
Ул ойнинг юзида сунбул киби зулфидағи хамлар.

Ҳавоға дуди оҳин тутратур ишқ аҳли ғайратдин,
Сабо таҳрикидин ҳар гаҳ паришон бўлса парчамлар.

Очилди зулфию хайлар намудор ўлди юзинда,
Гул узра чун бўлур пайдо кеча очилса шабнамлар.

Мену ғам кунжию оҳу фиғони ашку хунолуд,
Не хушдур гўшайи холий, майи софию ҳамдамлар.

Кўнгулни ишқ бузди, не осиғ панду насиҳатдин,
Менинг мажруҳ кўнглумга ярашмас ушбу марҳамлар.

Юзи наврўзи, асли ийдни Бобур ғанимат тут
Ки, мундин яхши бўлмас бўлса юз наврўзу байрамлар.

* * *

Тишинг дур, лабинг маржон, хадинг гул, хатинг райҳон,
Юзунг хур, сочинг анбар, сўзунг мул, менгинг мейнон.
Мейнон менгинг, сўзинг мул, анбар сочинг, юзунг хур,
Райҳон хатинг, хадинг гул, маржон лабинг, тишинг дур.

Тафоҳур кўзум, кўнглум қилурлар магар бордур,
Кўзунга кўнгул вола, юзунга кўзум ҳайрон.
Ҳайрон кўзум юзунга, вола кўнгул кўзунга,
Бордур магар, қилурлар кўнглум, кўзум тафоҳур.

Тафаккур неча қилсам топилмас сенинг мислинг,
Парийдек сени кўрдум эмассен маган инсон.
Инсон магар эмассен, кўрдум сени парийдек,
Мислинг сенинг топилмас қилсам неча тафаккур.

Балодур манга ҳажринг, даводур манга васлинг,
Итобинг манга офат, ҳадисинг манга дармон.
Дармон манга ҳадисинг, офат манга итобинг,
Васлинг манда даводур, ҳажринг манга балодур.

Чу Бобур санга қулдур назар қил анга зинҳор,
Топилмас яна бир қул анингдек санга, эй жон.
Эй жон санга анингдек, бир қул яна топилмас,
Зинҳор анга назар қил, қулдур санга чу Бобур.

* * *

Очилиб икки сочи юзига ёйилмишлар,
Ёруқ жаҳонни кўзумга қаронғу қилмишлар.

Чағир бағри қонидур барча ишқ аҳлиға,
Зиҳи аларки, бу майдин даме ойилмишлар.

Не қилсам айлама, эй ёр, айбким, менда
Жунуни ишқу йигитлик бори қотилмишлар.

Салоҳға хирад аҳли мени ёвуқ дерлар,
Кўрунгки ушбу чечанлар йироқ янгилмишлар.

Не суд ишни элдин ёшурмоқ эй Бобур,
Чу ҳолатингни бори олам аҳли билмишлар.

* * *
Келтурса юз балони ўшал бевафо манга,
Келсун, агар юзумни эвурсам, бало манга.

Неткаймен, ул рафиқ билаким, қилур басе
Меҳру вафо рақибға жавру жафо манга.

Бегона бўлса ақл мени телбадин, не тонг,
Чун бўлди ул парий сифатим ошно манга.

Оҳу ёшимдин ортадурур заъф, эй табиб,
Билдим ярашмас эмди бу обу ҳаво манга.

Дардим кўруб муъолажада зойиъ этма умр
Ким, жонда дарди ишқдурур бедаво манга.

То ёр кимни истару кўнглина ким ёқар,
Ташвиши бежиҳатдурур охир санга, манга.

Бобур бўлубтурур ики кўзум йўлида тўрт,
Келса не бўлди қошима бир-бир манга-манга.

* * *
Хати бинафша, хади лола, зулфи райҳондур,
Баҳори ҳуснда юзи ажаб гулистондур.

Энги, менги ою дағи юзи, сўзи гулу мул,
Қади равону тани жону эрни маржондур.

Қошида чин, кўзида кийну ангабин лабида,
Сўзида заҳру лекин тилида дармондур.

Қошингға кўп бора олмон, нетай оралиқда,
Ёшим тишинг дуридин айру баҳри уммондур.

Ўтумни тез этасен ҳар тарафға секритиб от,
Саманди ноз инонини бир бери ёндур.

Не навъ васф қилай сувратинг латофатини
Ки, ҳуснунга сенинг, эй руҳ, ақл ҳайрондур.

Жафову жавр агар қилса, Бобуро, нетайин,
Не ихтиёр манга, ҳарне қилса султондур.

* * *
Сўрма ҳолимники бўлдум бурноғидин зорроқ,
Жисм жондин зору жоним жисмдин афгорроқ.

Банда тақрир айлай олмон банд-бандим дардини,
Юз темур банд ўлса ондин бу эрур душворроқ.

Масту бехудлиқ била унрунгни ўткардинг, дариғ,
Эй кўнгул, мундин бери бўл бир нима хушёрроқ.

Ғафлат уйқусидин уйғон, гар тилар бўлсанг мурод,
Ким етар мақсадға ҳар ким, бўлса ул бедорроқ.

Ўлгали еттим, менинг жоним ғамин е, эй рафиқ,
Даҳр аро чун йўқ киши сендин манга ғамхорроқ.

Келмас ўхшар захматинг ислоҳға, Бобур, магар
Ҳар давоким қилдилар бўлдунг дағи беморроқ.

* * *
Заъфдин гўё менинг бу зор жисмим нолдур
Ким, анинг шарҳин демакта хома тили лолдур.

Заъфлиқ жисмим била бу нотавон кўнглум аро
Дарди ёр эрканга ушбу эгма қаддим долдур.

Мен дамодам қон ютармен ҳажр аёғидин, нетай,
Ўзгаларнинг жоми васли гарчи моломолдур.

Зулфиға вобастамен васлиға йўқдур дастрас,
Эй хуш ул озодаким, беқайду фориғболдур.

Ул парийдин мен нечук жон элтайинким, Бобуро,
Васли мушкил, ҳажри муҳлик, ғамзаси қаттолдур.

* * *
Ўлум уйқусиға бориб жаҳондин бўлдум осуда,
Мени истасангиз, эй дўстлар, кўргайсиз уйқуда.

Неким тақдир бўлса, ул бўлур таҳқиқ билгайсиз,
Эрур жангу жадал, ранжу риёзат барча беҳуда.

Ўзунгни шод тутқил, ғам ема дунё учун зинҳор
Ки, бир дам ғам емакка арзимас дунёйи фарсуда.

Замона аҳли ичра, эй кўнгул, оё топилғайму,
Сенингдек дард паймову менингдек дард паймуда.

Улусдин тинмадим умримда ҳаргиз лаҳзае, Бобур,
Магар ўлсам бу олам аҳлидин бўлғаймен осуда.

* * *
Қаро зулфинг фироқинда паришон рўзғорим бор,
Юзунгни иштиёқида не сабру не қарорим бор.

Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,
Нечун ҳолим ёмон қилди, мен андин бир сўрорим бор.

Жаҳондин менга ғам бўлса, улусдин гар алам бўлса,
Не ғам юз мунча ҳам бўлса, сенингдек ғамғусорим бор.

Агар муслиҳмен ар мусфид, ва гар ошиқмен ар обид,
Не ишинг бор сенинг зоҳид, менингким ихтиёрим бор.

Фиғоним ошди булбулдин, ғами йўқ зарра бу қулдин,
Басе Бобур, ўшал гулдин кўнгулда ҳорҳорим бор.

* * *
Ўзни , кўнгул, айш билан тутмоқ керак,
Бизни унутқонни унутмоқ керак.

Айшу тараб гулбуниға сув бериб,
Ғусса ниҳолини қурутмоқ керак.

Тийра турур зуҳд дамидин кўнгул,
Ишқ ўти бирла ёрутмоқ керак.

Ҳар нимаға ғам ема, ғам кўп турур,
Айш била ўзни унутмоқ керак.

Қўйма машаққат аро, Бобур, кўнгул,
Ўзни фароғат била тутмоқ керак.

* * *
Не хуш бўлғайки, бир кун уйқулуқ бахтимни уйғотсам,
Кечалар тори мўйидек белиға чирмашиб ётсам.

Гаҳи гулдек юзини ул шакар сўзлукни исласам,
Гаҳи шаккар киби ул юзи гулнинг лаълидин тотсам.

Қани Ширин била Лайлики сендин ноз ўрганса,
Қани Фарҳоду Мажнунким, аларға ишқ ўргатсам.

Ёруқ кундуз,қоронғу кечада анжум киби бўлгай,
Чекиб гар оҳ дудини кўнгул ўтини тутратсам.

Кўзум равшанлиғида бўлғай,Бобур,басе камлиқ,
Агар қоши била юзун ҳилолу кунга ўхшатсам.

РУБОИЙЛАР

Жоно, битигингки, бўлди марқум манга,
Меҳнат била ғамни қилди маъдум манга.
Кўргач ани гарчи шод беҳад бўлдум,
Мазмуни, вале, бўлмади маълум манга.

* * *

Не ишрату айш учун майи ноб манга,
Не тоат учун гўшаи меҳроб манга,
Не фисқ қилурға бордур асбоб манга,
Не зоҳид ўлурға тоқату тоб манга.

* * *

То бўлғали дилдор ўшал ой манга,
Ҳолимни билиб, қилмади парвой манга.
Мен асру ҳаробу ёр кўп мустағний,
Эй вой манга, вой манга, вой манга!

* * *

Хуш улки, кўзум тушти сенинг кўзушта,
Бевосита ҳолимни десам ўзунгга,
Бермай сўзума жавоб ачиғланасен,
Қилдинг мени муҳтож чучук сўзунгга.

* * *

Асру кўп эмиш журъату химмат сизга,
Рўзий қилғай Худой нусрат сизга.
Мардоналиғингизни бори эл билди,
Раҳмат сизга, ҳазор раҳмат сизга!

* * *

Ҳар кимки вафо қилса вафо топгусидур,
Ҳар кимки жафо қилса жафо топгусидур,
Яҳши киши ёмонлиғ кўрмагай ҳаргиз,
Ҳа кимки ёмон бўлса жазо топгусидур!

* * *

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Ҳар неники севмак андин ортиқ бўлмаз,
Андин сени кўп севармен, эй умри азиз.

* * *

Тақдир юки бошимга балолиғ бўлди,
Ҳар неники айладим ҳатолиғ бўлди,
Оз юртни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб нетайин, бу не юз қаролиғ бўлди.

* * *

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши.
Кўнглим бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,
Ғурбатда севинмас эмиш, албатта, киши.

* * *

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз,
Жамиятингиз борини давлат тутунгиз.
Чун гардиши чарх бу дурур, тенгри учун,
Бир — бирини неча куни ғанимат тутунгиз.

* * *

Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Сарриштаи айшдин кўнгулни зинҳор
Уз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур.

* * *

Сен гулсену мен ҳақир булбулдирмен,
Сен шуъласен,ул шуълаға мен кулдирмен.
Нисбат йўқдур,деб ижтиноб айламаким,
Шоҳмен элга,вале сенга қулдурмен.

ТУЮҚЛАР

Васлдин сўз дерга йўқ ёро манга,
Ҳажр аро раҳм айлагил, ёро, манга.
Ўқунг этти кўп ёмон ёро манга,
Мархами лутфунг била ёро манга.

* * *

Улки, ҳар кўзи ғазоли Чиндурур,
Қошида пайваэта онинг чиндурур.
Чунки кўп ёлгон айтти ул манга,
Гар десам ёлғончи они чиндурур.

* * *

Мени беҳол айлаган ёр ойдурур —
Ким, онинг васли менга ёройдурур.
Гар висоли бўлмаса, кетар ерим
Ё Хуросон, ё Хитой, ё Ройдурур.

* * *

Ишқ аҳли ишқ дардини танинг,
Кўп ёмондур, дарди ишқидин танинг.
Ҳар неча кўзум оч эрса, кўз тўёр
Гар очилса сиймдек нозик танинг.

* * *

Меҳрким, кўкка қилур оҳанг тонг,
Оллида бўлса, эмас беранг тонг.
Холию икки лабидек бўлмағай,
Ҳинду ар келтурса шаккар танг-танг.

* * *

Кел, қилай жонни нисоринг, о ёрим,
Нақди жонни борму сендин оёрим?!
Бўса берсанг гар тамом оғзинг била,
Кунжи оғзингдин олойин оёрим.

* * *

Сен киби бир дилрабони билманам,
Ошики содикки дерлар, бил, манам,
Қил тасаввур кўз ёшимни бир тенгиз,
Ўзга ошиқ ашки янглиғ билманам.

* * *

То чиқарди хат узори покидин,
Гул юзи озурда бўлди покидин.
Истар эрди эл бурун юз меҳр ила,
Эмди ул юз меҳри кетти покидин.

* * *

То кўнгул бердим ўшал қойсориға,
Боргонини билмадим қой сориға.
Дўстлар, ёрға мени соғиндурунг,
Солсангиз ногаҳ қулоқ қойсориға.

* * *

Шаҳ, супурай остонинг юз ила,
Тийманакдин неча урай юз ила,
Икки юзлук муддаийдин не ғамим,
Гар ишим тушса алардин юзила?!

* * *

Не бало бийиктурур давлат тоғи,
Кўҳи ғамни не билур давлат тоғи.
Ҳиммате тут, доғи давлат истагил,
Химматинг бўлса, бўлур давлат тоғи.

* * *

Жонға солди да?ф ғурбат норини,
Кўз ёшим бўлди мўғулнинг норини.
Бу арода мен дегандек бўлмаса,
Кўзлай Иссиғкўлу андин норини.

* * *

Қаддимни фироқ меҳнати ё қилди,
Кўнглум ғаму андуҳ ўтиға ёқилди.
Ҳолимни сабоға айтиб эрдим, эй гул,
Билмон, санга шарҳ қилмади ё қилди?!

022

You may also like...

3 Responses

  1. Pirimqul Qodirovning «Yulduzli tunlar» asari Bobur shaxsini tasvirlab berishda eng mukammal namuna,- deb hisoblayman. Ushbu asar har bir kitobxonga Bobur shaxsiga to`g`ri tashxis qo`yishda yordam beradi.

  2. Maysara Ochilova:

    Z.M. Bobur singari buyuk ajdodlarimiz haqida so’z ketganda, beixtiyor o’ylanib qolasan kishi: Men qanchalar buyuk insonlar avlodiman!!! Ammo bugun ularga munosib voris bo’la olyapmanmi?! Shaxsan, men ushbu maqolani o’qib aynan shu savollarni o’zimga berdim va aynan bugundan boshlab, yosh bog’bon sifatida tinmay mehnat qilib ter to’kishga qaror qildim. Zero, bizdan ham kelgusi avlodga hashamdor va boqiy bog’lar qolsin!!!

  3. Zaynobiddin Qodirov:

    Ustoz keksalarga xizmat qilish buyuk baxt a? Bizlarni ham ollox siz kabi, keksalarga choy quyish baxtiga yetkazsin. Siz 150 yoshga kirgan chog’izda, bizlar sizga choy quyib duoyingizni olishni, ayni payitda orzu qilib turibmiz.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>