“Дастхат” (Ҳа+зил)

Дилдаги битиклар

АдашгКиз

Дастхат деганлари китобнинг муқаддимасидек илк саҳифасига ёзилади. Китобга “кирган” бу битиклар албатта ўқилади, мағзи чақилади! Демак, бу имкониятдан унумли фойдаланиш лозим. Асарда айтиш имкони бўлмаган гапни лоақал дастхатда “қистириб” ўтса бўлади. Қанақа гап, дейсизми? Тилга чиқариш мушкул бўлган дилдаги дардлар! Айтайлик, баъзи дўстларимнинг камчилик ва қусурларини юзига шартта-шартта айтишга журъат етишмайди. Бу ҳақда ҳеч қачон чурқ этмаслик, ҳақ гап ичимда кетиши ҳам армон-да.

Асли ҳаммаси – ҳамкасблар, устоз-у шогирдлар бир ҳисобда олижаноб инсонлар. Ижодкорлар тили билан айтганда улар – замонамиз қаҳрамонлари!

Бироқ, хом сут эмган бандалар озми-кўпми қусурлардан ҳам ҳоли эмас…

Бу ҳақда ошкора мақола ёзсам, бошим балога қолади. Бадиий бўёқларда “ўраб-чирмаб” тасвирласам, пахтаванд ўқдек нишонга тегмайди. Юзига очиқ айтсам, юзкўришмас бўлиб кетишдан қўрқаман…

Ҳақ гапни айтишнинг уддасидан чиқа олмасам, қўлга қалам тутишдан не маъни? Ниҳоят, йўли топилди! Янги китобимга боплаб дастхат ёзиб бераман! Ҳар қандай китобни қўлига олган ўқувчи аввало дастхатга кўз югуртиради!

Демак, дастхатни ўзига хос асардек, мунаққид таъбири билан айтганда – “оргинал” қилиб ёзсам муродимга етаман!

Шу дастхат орқали дилдаги гапларни айтмоққа жазм этдимми, аввало жиндай машқ қилиш керак. Хўш, кимдан бошласам экан? Биринчи галда ҳамнафас ҳамкасблар – профессор-ўқитувчиларга, кейин муҳаррирларга, сўнгра талабаларга аталган каломлар…

Шу аснода ўзимнинг бир қусуримга чек қўйиб, ясама муомалага нуқта қўяман. Дастхатни “муҳтарам”, “қадрли”, “азиз” деб бошламайман, адоғида эса “камоли эҳтиром ила” деган ясама такаллуф ҳам ортиқча.

Шундай қилиб, дастхат ёзишим шарт бўлган дўстларимнинг рўйхатини тузганча хомаки нусхаларини ёзишга киришдим. Аввал икки оғиз ҳамду-сано, кейин… қалампир. Келинг, ўша қалампирли қисмини қараб чиқамиз.

 

“Педагогика фанлари доктори Г. Ж!

Имловий, услубий хато ёзиш сиз учун жуда уятдир. Бирор йил мактаб партасида бошқатдан ўқишингизга тилакдошман!”.

***

“Профессор Б. Г!

Ёмон кўрган олимларингиз шогирдига ғайирлик қилиб, илмий ишларига тўғаноқ бўлмайсиз, деган умиддаман”.

***

“Профессор Ҳ.А!

Ёш тадқиқотчиларнинг диссертациясини ўқимасдан туриб уни йўққа чиқаришга чиранмаслигингизга тилакдошман”.

***

“Докторлик диссертацияси ёзмай фан доктори бўлган профессор Б.Қ!

Катта мансабга ўтирганингизда кўплаб олимлар ва ижодкорларга ноҳақлик қилгансиз, ҳатто кишибилмас зуғум ўтказгансиз. Яна амал тегиб қолса шунақа номаъқулчилик қилмайсиз, деган умиддаман”.

***

“Сиёсатшунос олим Ж.К!

Конституцияни лоақал бир марта ўқиб, Қонун чиқарувчи ҳокимият билан Қонунчилик палатасининг фарқини билиб олишингизга тилакдошман”.

***

“Олим ва шоир М.Ф!

Рейтинг дартарчасини олаётганда талаба қизларнинг қўлидан ҳам ушлаб олишдек бемаъни одатингизни ташласангиз ўзингизга яхши бўлади, деган умиддаман”.

***

“Олим ва ношир А. М!

Китобингизни талабаларга зўрлаб сотмаслигингизга тилакдошман”.

***

“Кафедра мудири С. Б!

Фалончи диссертацияни ёқласа, кафедра мудирлигига даъвогар бўлади, деб йўлимга ғов бўлманг. Мансабингиз ўзингизга буюришини тилаб…”

***

“Доцент Х.М!

Олий ўқув юртида шахсий манфаат учун юришингиз ярашмайди. Ўзингизга бошқа жой топасиз, деган умид билан…”

***

“Кафедра мудири У. Д!

Ҳасадингизни келтирган мураббийни бадном қилиш учун талабаларни гиж-гижламайсиз, деган умид билан…”

***

“На олим, на журналист М.А!

Илмий тафаккурингизни олимлар ўртасига нифоқ солишга, устамонлик билан тагидан битта ғишт олиб қўйиш ё тагига сув қуйишга сарфламайсиз, деган умид билан…”

***

“Профессор Б.Ф!

Бировларга илмий иш ёзиб бераётганингиз туфайли чўнтагингиз қанча фойда кўраётган бўлса, илм бўстони шунча зарар кўраётганини тушунасиз, деган умид билан…”

***

“Ўқув муассаси раҳбари И. М!

Бировларнинг нағорасига ўйнаб, иғвога учмайсиз, деган умид билан…”

***

“Ўқув муассасаси раҳбари муовини Т.О!

“Адолат қутиси”га ўзингиз имзосиз хат ташлаб адолатсизлик қилмайсиз, деган умид билан…”

***

“Кафедра мудири И.Қ!

Хонангизда, каридорда, талабалар кўз олдида папирос чекмаслингизга тилакдошман”.

***

“Кафедра мудири ўринбосари, доцент П.Д!

Мураббийларга тилёғмалик қилиб, айрим ўқимайдиган талабаларга баҳо қўйдириш йўли билан таъмагирлик қиладиган одатингизни ташлашингизга тилакдошман”.

***

“Ҳамкасбим М.Д!

Ўз манфаатингиз учун ўзгалар номини сотиб “крутой” талабаларга баҳо қўйиб беринг деб бошимни оғритмайсиз, деган умид ила…”

***

“Газета бош муҳаррири Н.Н!

ОАВга оид қонунларга риоя этишингизга, яъни, газетангиз адоғидаги “қўлёзмалар таҳрир қилинмайди” деган қонунга зид равишдаги ёзувларни ўчириб ташлашингизга тилакдошман…”

***

“Газета бош муҳаррири Ж.А!

Ҳаминқадар нусхада чиқаётган газетангиз “Киоска”да сарғайиб кетгач, ўзингизга қайтариб берилаётган экан, минглаб хонадонларга кириб бораётган хусусий нашрларни “Кўча газеталари” деб пастга уришингиз ғоят хатолигини англайсиз, билим ва савиянгизни бироз оширасиз, деган умид билан…”

***

“Газета бош муҳаррири Ў.С!

Оддий тиниш белгиларини қандоқ қўллашни ўрганиб оласиз, чунончи, муаллиф фамилиясидан кейин нуқта қўймайсиз, деган умид билан…”

***

“Газета бош муҳаррири А.А!

Газетангиз адоғига қонунга хилоф равишда ёзилган: “Хатларга ёзма жавоб қайтарилмайди” деган гапни ўчириб ташлайсиз, деган умид билан…”.

***

“Газета бош муҳаррири ўринбосари Ҳ.К!

Софдил кишиларни иғволарингизга ишонтиришга чиранмайсиз, деган умид билан…”

***

“Журнал бош муҳаррири С.С!

Фақат ўзингизга фойдаси тегадиганларнинг ёзганларини ёритадиган ва сизга фойдаси унча тегмайдиганларнинг қўлёзмасини йўқотиб юборадиган одатингизни ташлашингизга тилакдошман”.

***

“Ҳафталик нашр бош муҳаррири Р.Ж!

Муаллифлар ҳуқуқларини поймол этиб, уларнинг мақоласини ўзгалар номидан эълон қиладиган ёки муаллифдош қилиб қўядиган қилиғингизни ташлайсиз, деган умид билан…”

***

“Газета хатлар бўлими бошлиғи З.Н!

Амалиётга келган айрим талабалар номидан мақола ёзиб бермайсиз ва уларнинг чўнтагини шилмайсиз, деган умид билан…”

***

“Газета бош муҳаррири Ё.Р!

Газетада чиқиб кетаётган имловий хатоларнинг олдини олиб, аввал ҳеч бўлмаса бирор саводли одамга ўқитиб олсангиз мақсадга мувофиқ бўларди, деган умид билан…”

***

“Китоб нашриёти директори В.Ш!

Ёзувчи ё шоирликка даъвогар баъзи ёшларнинг бўлар-бўлмас “асар”ини фалон пул эвазига китоб қилиб чиқармаслигингизга тилакдошман”.

***

“Талабалар сардори У!

Мураббийларга ҳеч қачон пора таклиф этмайсиз, деган умид билан…”

***

“Талаба укам Л!

Дарсда қўл телефонингизни йиғиштириб ўтирасиз, деган умид билан…”

***

“Талаба қизим Н!

Магистратура бўлимида ўқиётганлар талаба ҳисобланади. Ўзингизга ортиқча бино қўймаслигингизга тилакдошман”.

***

“Талаба қизим Г!

Мураббийлардан ақлли талаба нур, ақлсизлари кир қидиради. Сиз ҳам доимо нур қидиришингизга тилакдошман”.

***

“Талаба қизим А!

Озроқ қалам тебратиш қобилиятингизни имзосиз иғво ёзишга бахшида этмаслигингизга тилакдошман”.

***

“Талаба укам К!

Бирор марта дарсга қатнашмасдан туриб юқори балл олишга уриниб, кимлигингизни кўрсатмайсиз, деган умид билан…”

***

“Талаба укам П!

Отага тик боқма, мақолига амал қилишингизни ва отадан улуғ устозга манмансирамаслигингизга тилакдошман”.

***

“Талаба қизим О!

Қаерда сақич чайнаш, эснаш, ухлаш, қаерда гап сотиш ё бурун чуқалаш мумкинлигини фаросатлироқ қизлардан сўраб оласиз, деган умид билан…”

***

“Талаба укам Ш!

Энг ёвуз душманингиз – папирослигини билишингизга тилакдошман”.

***

“Ш.нинг дўсти Ч!

Бино ичида чекиб, заҳарли тутунга тўлдирмаслингизга ва бу жирканчли балодан йироқ юришингизга тилакдошман”.

***

“Талаба укам Б!

Бу даргоҳга адашиб кирганингизни билган бўлсангиз, вақт борида кўзни каттароқ очиб, муносиб йўлингизни топишингизга тилакдошман”.

* * *

Эҳ-ҳе, ҳаммасининг нуқсонини ёзаман, десам, адоғи кўринмайди-ку…

Жумладан, азиз ўқувчим, сиз ҳам виждон кўзгусига бир боқиб кўринг… Ўшанда таскин берувчи бир калом ёдингизга тушади: беайб парвардигор!

Фақат, вақти-вақти билан шу ойнага қараб турсангиз бас!..

* * *

Ўзим ҳам нуқсонлардан ҳоли эмасман… Айбларимга иқрор бўлган ҳолда ўзимга ҳам рамзий маънода шундай дастхат ёзишни лозим топдим:

“Кўпинча сўзида турмайдиган беқарор С. М!

Дуч келганга “устоз”, қадрингга етмайдиганларга “қадрдоним”, айрим тутуриқсизларни “ёш истеъдод” деб лақиллатмаслигингга тилакдошман.

Ҳақиқатнинг кўзига тик қараб, ЎЗИМ”.

* * *

Ол товоғим, бер товоғим, деганларидек, пайти келиб сиз ҳам янги китобингизни ҳадя этсангиз, ўзингизга маълум қусурларимни дастхатингизда “қистириб” ўтасиз, деган умид билан, яна ЎЗИМ!

 т1

Тўлқин ЭШБЕК

2009 йил

You may also like...

2 Responses

  1. Feruza Xayrullayeva:

    Haqiqatning ko’ziga tik qarovchi S.M Gaplaringiz o’qdek borib egasini topgan degan umid bilan Darslarga kechikibroq keluvchi tolibangiz N.F.

  2. Feruza Xayrullayeva:

    Haqiqatning ko’ziga tik qarovchi S.M Gaplaringiz o’qdek borib egasini topsin! degan umid bilan Darslarga kechikibroq keluvchi tolibangiz N.F.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>