“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 32-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (11-16 апрель кунлари)

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

“АХБОРОТ СОАТЛАРИ” № 32-16

Ҳафтанинг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалари (11-16 апрель кунлари)

ТОШКЕНТ

ЎзМУ – 2016

 Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосарлари ва мураббийлар диққатига! Талабаларга “Ахборот соатлари” материаллари билан nuuz.uz ва uchildiz.uz веб-сайтлари орқали ҳам танишиш тавсия этилиши мақсадга мувофиқдир.

 I. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 ЯХШИ ҚЎШНИЧИЛИК ВА АЗАЛИЙ ДЎСТЛИККА АСОСЛАНГАН ҲАМКОРЛИК ИЗЧИЛ РИВОЖЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 14 апрель куни амалий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 15 апрель куни Кўксаройда бўлиб ўтди.

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг турли соҳалардаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Президентимиз Қозоғистон Президентини юртимизга ушбу ташрифи билан қутлаб, бу олий даражадаги мулоқотларнинг изчил давоми эканини таъкидлади.

– Сизни Ўзбекистонда кўришдан ҳар доим хурсандмиз. Ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан яхши қўшни, дўст бўлиб яшаб келган. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ана шу тамойиллар асосида ривожланмоқда. Халқаро вазият тез ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган ҳозирги кунда бундай дўстлик, ўзаро англашув янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ташрифингиз томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имкониятдир,– деди Ислом Каримов.

Қозоғистон Президенти Ўзбекистон Президентига таклиф учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланаётганини қайд этди.

– Тўғри таъкидлаганингиздек, халқларимиз асрлар давомида ёнма-ён, тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда. Мустақиллик йилларида биз бу муносабатларни янада мустаҳкамладик. Марказий Осиёнинг етакчи давлатлари бўлган мамлакатларимиз ҳамкорлиги бутун минтақа учун муҳим аҳамият касб этади. Ўзаро муносабатларимизни янада мустаҳкамлаш ва изчил давом эттиришдан манфаатдормиз,– деди Нурсултон Назарбоев.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик 1998 йилда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида тараққий этмоқда.

Ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорликка асосланган ҳамкорлик давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро изчил ривожланмоқда. Икки мамлакат парламентлари ўртасида амалий мулоқот йўлга қўйилган. Ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги маслаҳатлашувлар мунтазамлик касб этган.

Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик кўплаб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқиндир.

Икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик таъминланиши ва иқтисодиёт тикланишидан манфаатдор эканини таъкидладилар. Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслиги, БМТ шафелигида қарама-қарши томонлар ўртасида сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро келишувга эришиш энг тўғри ва ягона йўл эканлиги қайд этилди.

Президентлар Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар сув ресурслари минтақамизнинг умумий бойлиги бўлиб, халқларимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан улардан оқилона ва самарали фойдаланишга боғлиқ эканлигини таъкидладилар. Трансчегаравий дарёларда гидроэнергетика иншоотлари қуриш масаласида БМТ конвенциялари ва бошқа халқаро ҳужжатларда мустаҳкамланган, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига қатъий риоя қилиш зарурлиги қайд этилди. Таъкидланганидек, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Оролбўйидаги экологик вазиятни яхшилаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда. Музокарада савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Қозоғистон мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан биридир. Ўзбекистон Қозоғистонга мева-сабзавотлар, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар, турли хизматлар экспорт қилади. Қозоғистондан юртимизга қора ва рангли металлар, ёғ-мой маҳсулотлари келтирилади. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. 2015 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилган. Қозоғистонда мамлакатимиз ишбилармонлари иштирокида ташкил этилган 151 корхона фаолият юритмоқда. Юртимизда Қозоғистон капитали иштирокида 206 корхона, шу жумладан, 171 қўшма корхона очилган. Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ўзаро алоқаларни изчил ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Жорий йил 10-11 март кунлари Остона шаҳрида мазкур комиссиянинг 15-мажлиси бўлиб ўтди. 2007-2016 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик стратегиясига мувофиқ савдо, сармоя, транспорт, коммуникациялар, божхона, сув-энергетика ва инновация йўналишларида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар самараси ўзаро алоқаларга қўшимча суръат бағишламоқда. Транспорт коммуникациялари соҳаси ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Музокарада Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг фойдаланилмаган ресурсларини ишга солиш ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини бериши таъкидланди. Ҳамон давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида товар айирбошлашнинг ўсувчан динамикасини сақлаб қолган ҳолда унинг ҳажмини янада кўпайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, экспорт-импорт номенклатурасини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Қўшма корхоналарни кўпайтириш, тадбиркорлар ҳамкорлигини ривожлантириш мамлакатларимиз манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди.

 

ШҲТГА АЪЗО ДАВЛАТЛАР ДЕЛЕГАЦИЯЛАРИ РАҲБАРЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 14 апрель куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари раҳбарлари, шунингдек, ШҲТ Бош котиби ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори билан учрашди. Давлатимиз раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзининг ўн беш йиллик фаолияти давомида нуфузли ва самарали халқаро ташкилот сифатида мустаҳкам қарор топганини, унинг фаолияти тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, ШҲТга аъзо давлатларнинг изчил ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш соҳасида ушбу ташкилотга аъзо мамлакатлар олдида турган умумий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг ташкилотга жорий раислиги даврида аъзо давлатларнинг биргаликдаги ҳаракатлари билан ШҲТ доирасида, авваламбор, ҳозирги кундаги хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш борасида кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтадиган навбатдаги юбилей йиғилиши ҳар томонлама мазмунли ва самарали бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон ташаббуси билан 2004 йилда ташкил этилган, ШҲТнинг муҳим ва самарали институти бўлган Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилиши ташкилот органлари ва механизмлари тизимининг ажралмас қисми бўлиб, ташкилот ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича томонлар фаолиятини мувофиқлаштириб боришда муҳим вазифани бажариб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари ҳудудида терроризм, экстремизм ва сепаратизм кўринишлари, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш борасида муҳим қарорлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳам алоҳида ўрин тутаётганини таъкидлади.

Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон делегациялари раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг Тошкентда ўтказилган ўн биринчи йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан фикр билдирди, самимий қабул учун Президентимизга миннатдорлик изҳор этди. Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги жараёнида кўплаб соҳаларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда ташкилот фаолиятини янада фаоллаштириш бўйича мамлакатимиз амалга ошираётган ишлар катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

2016 йил 15 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг I чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йилнинг 15 январида республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини баҳолашга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган мамлакатни ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ҳамда иқтисодиётни ва унинг тармоқларини, энг аввало, саноат ва қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш, таркибий қайта ўзгартириш ва модернизациялаш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва янгилаш, хусусий мулкни, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек, аҳоли бандлиги ва фаровонлиги даражасини оширишнинг ўртача муддатли дастурларини амалга оширишнинг натижалари кўриб чиқилди ва ҳар томонлама таҳлил қилинди.

2016 йил учун қабул қилинган иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устувор йўналишларини тизимли ва изчил амалга ошириш туфайли глобал иқтисодиётда давом этаётган инқирозли ҳодисаларга ва унинг ривожланиши суръатлари секинлашганлигига қарамай, Ўзбекистонда иқтисодиёт ўсишининг барқарор суръатлари ва макроиқтисодий мутаносиблик таъминланаётганлиги қайд этилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга ўсди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 6,7 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 12,8 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади. Хизматларнинг замонавий турларини, энг аввало, ахборот-коммуникация технологияларига асосланган турларини жадал ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хизматлар ҳажмларининг 12,1 фоизга ўсишини ва уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2015 йилнинг биринчи чорагидаги 59,3 фоиздан 59,5 фоизгача кўпайишини таъминлади.

Кичик бизнесни рағбатлантириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш шарт-шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирларини амалга оширишни давом эттириш жорий йилнинг биринчи чорагида кичик бизнеснинг 8,4 мингта ёки 2015 йилнинг шу давридагига қараганда 5,5 фоиз кўп янги субъекти ташкил этилишига кўмаклашди. Йил бошидан бошлаб кичик бизнес субъектларига 3,6 триллион сўм банк кредитлари берилди, ўсиш 2015 йилнинг 1-чорагидагига қараганда 1,3 бараварни ташкил этди. 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини ошириш дастури доирасида 167,4 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди, улардан 57,7 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди. Оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга, оналар ва болаларни тиббий парвариш қилиш даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тадбирларини фаол амалга ошириш бошланди. Дастур тадбирларини молиялаштиришга жорий йилнинг биринчи чорагида қарийб 1,3 триллион сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг эътибори хомашёни жаҳон бозорида талаб этилган тайёр маҳсулотга чуқур қайта ишлашнинг 3-4 босқичли циклларига ўтишни назарга тутувчи 2020, 2025 ва 2030 йилларга ҳисоблаб чиқилган саноатнинг етакчи тармоқларини ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишни тугаллашни жадаллаштириш ва тасдиқлаш учун киритиш зарурлигига қаратилди.

Республиканинг бир қанча хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналари, вилоятлари ва туманлари ҳокимликлари раҳбарлари олдига 2016-2020 йилларда мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини, рангли ва нодир металларни чуқур қайта ишлаш тадбирлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш ва қабул қилинган мақсадли параметрларга эришиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Фарғона водийси вилоятларини республиканинг қолган ҳудуди билан тўғридан-тўғри темир йўл қатнови билан бирлаштирадиган янги электрлаштирилган Ангрен-Поп темир йўли қурилиши тугалланмоқда. Самарқанд-Бухоро темир йўлини, йўловчилар ташиш поездларининг юқори тезликда ҳаракатланишини ташкил этган ҳолда, электрлаштириш лойиҳаси жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Замонавий технология бўйича кенг полосали фойдаланишнинг 500 километрдан ортиқ оптик-толали тармоқларини қуриш ва захирага қўйиш амалга оширилди. Қишлоқ турар жой массивларида 13 мингта янги шинам уйлар, ушбу массивларда ижтимоий ва бозор инфратузилмасининг замонавий объектларини қуриш бошланди.

 

ВЕБ-САЙТЛАР ОММАЛАШМОҚДА

Бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 114 та веб-сайти мавжуд бўлиб, уларнинг 90 таси фойдаланишда қулайлик яратиш ва замонавий технологик талабларни инобатга олган ҳолда ўзларининг мобиль шаклларини жорий этган. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, кўрсатилаётган хизматлар тезкорлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишларнинг ҳуқуқий асоси “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунда мустаҳкамлаб қўйилган. Давлат органларининг расмий веб-сайтлари орқали кўрсатилаётган электрон давлат хизматларининг сони айни пайтда 1244 тага етган.

 

ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ВАЗИРИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.Аҳмадбоев ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилишида қатнашиш учун мамлакатимизга келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Го Шэнкун билан учрашди. Мулоқот чоғида ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган Ўзбекистон – Хитой муносабатлари турли йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Тадбирда терроризм, экстремизм ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасида 2016-2017 йилларда ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида Протокол имзоланди.

 

ШҲТ БОШ КОТИБИ РАШИД АЛИМОВ БИЛАН УЧРАШУВ

13 апрель куни Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Маҳмудов Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Рашид Алимов билан учрашди. Учрашувда ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари, 2016 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисига тайёргарлик жараёни ва ташкилотнинг жорий йилда ўтказиладиган бошқа тадбирлари муҳокама қилинди.

ШҲТ бош котиби Ўзбекистоннинг жорий раислиги ва Тошкентда давлат раҳбарлари Кенгашининг бўлажак мажлиси чоғида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар ташкилотнинг 15 йиллик тарихида муҳим босқич бўлиши ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиши кераклигини таъкидлади.

 

ХАВФСИЗЛИК КЕНГАШЛАРИ КОТИБЛАРИ ЎРТАСИДА УЧРАШУВ

13 апрель, чоршанба куни Тошкентда Хавфсизлик кенгашлари котибларининг 11-учрашуви доирасида Ўзбекистон республикаси президенти қошидаги Хавфсизлик кенгаши котиби В. Махмудов Қозоғистон республикаси президенти ёрдамчиси — Хавфсизлик кенгаши котиби Н. Эрмекбаев билан билан учрашди. Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорлик ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсат масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда томонлар Ўзбекистоннинг ҳозирги раислиги ва Тошкент шаҳрида ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг бўлажак йиғилиши давомида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар кўп томонлама ҳамкорликни янги даражага олиб чиқиши кутилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

 

АҚШ ЭЛЧИСИ НАМАНГАНГА ТАШРИФ БУЮРДИ

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен Наманганга ташриф буюрди. Вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Х.Бозоров Памела Спратлен хоним билан ўзаро мулоқот олиб борди. Суҳбат аввалида вилоят раҳбари Наманганнинг бой тарихи ва бугунги тараққиёт йўли, иқтисодий салоҳияти, маданий обидалари ҳамда аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар, ёшларга берилаётган эътибор тўғрисида гапириб берди.

Спратлен хоним Ўзбекистонда, хусусан Намангандаги бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари таҳсинга сазоворлигини таъкидлаб, ёш авлоднинг таълим-тарбиясига қаратилаётган эътиборни алоҳида эътироф этди.

Мулоқот сўнгида Х.Бозоров меҳмонга эсдалик совғалари топширди.

Шунингдек, ташриф доирасида мартабали меҳмон вилоятнинг диққатга сазовор жойлари, Наманган шаҳридаги «Дўстлик» академик лицейида «Access» лойиҳаси бўйича инглиз тилини ўрганиш курсида таҳсил олаётган талабалар билан учрашди ва Чуст шаҳридаги «Мавлоно Лутфулло Чустий» номли маданият ва истироҳат боғида миллий хунармандчилик (пичоқчилик, дўппидўзлик, миллий либослар ва ҳоказо) кўргазмалари, дорбозлик ўйинлари намойиши билан яқиндан танишди.

 

II. ЖАҲОН МИҚЁСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВОҚЕАЛАРГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР

 КОБУЛДА АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ 575 ЙИЛЛИК ЮБИЛЕЙИ НИШОНЛАНДИ

11 апрель куни Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида мамлакат президенти Ашраф Ғани Аҳмадзайнинг «Арг» номли саройида атоқли шоир, олим ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан халқаро симпозиум ташкил этилди. Симпозиумда сиёсат оламининг юқори мартабали намоёндалари, Навоий ижодий меросини ўрганиб келаётган бир қатор олимлар иштирок этган. Тадбирда Ашраф Ғани Аҳмадзай чиқиш қилган ва ушбу сана муносабати билан Алишер Навоий шарафига янги расмий давлат мукофоти таъсис этилиши тўғрисидаги фармонни имзолаганини маълум қилган.

«Адолатга йўлни Навоий каби буюк шахслар очишади. Бизнинг ҳукумат сифатидаги мақсадимиз Навоий ўз ҳаёти давомида қарор топтиришга эришган одил ҳукмдорликни жорий қилишлик. Бурчимиз эса эски илм-фан ҳамда маданият вакилларининг китоб ва мақолаларидан тегишли хулосалар қилиш ва уларнинг хотирасини ёд этиш»,— деган Ашраф Ғани ўз чиқишида.

Ашраф Ғани тез орада Алишер Навоий шарафига янги расмий давлат мукофоти таъсис этилишига ваъда қилган. Ўз навбатида, Афғонистон президенти ўринбосари, мамлакатдаги ўзбек жамоаси етакчиси генерал Абдулрашид Дўстум бунинг учун президентга миннатдорчилик билдирган.

 

ЯПОНИЯ ЖАНУБИДА ИККИ КУН ЕР СИЛКИНИШИ КУЗАТИЛДИ

Япония жанубида пайшанбадан буён 230 дан ортиқ ер қимирлаши кузатилгани ҳақида мамлакат метеоролигия бошқармаси хабар бермоқда. “Кюсю оролидаги асосий фаоллик уч туманда – Кумамото, Асо ва Оита марказий қисмида кузатилган. Бу ерда жами 236 ер силкиниши қайд этилган”,— дейди бошқарма вакили. Пайшанба куни Кумамото префектурасида биринчи 6,5 балли зилзила қайд этилди. Япониядаги зилзила қурбонлари сони 31 кишига етди. Берилган маълумотларга кўра, 2 мингдан ортиқ киши шифохонага етказилган, улардан 170 нафари оғир аҳволда. Ўтган тунда Япониянинг жануби-ғарбий қисмида кетма-кет зилзилалар рўй берди, уларнинг магнитудаси 7,3 баллни ташкил қилди. Бу табиий офат кўплаб вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Кюсю жануби-ғарбий ороли мана иккинчи кундирки, кучли ер силкинишларидан азоб чекмоқда. Япония метеорологик марказининг маълумотларига кўра, афтершок ҳолатлари яна бир неча кун давом этиши мумкин. Кюсю оролида қутқарувчилар ишлашмоқда. Метеорологларнинг прогноз қилишларича, шанба куни кечқурун Япониянинг жануби-ғарбига сел келади, бу қутқарув операциясини янада қийинлаштиради.

 

ПУТИН РОССИЯНИНГ БОШҚА ДАВЛАТЛАРДАН УСТУНЛИКЛАРИГА ИЗОҲ БЕРДИ

Россия президенти Владимир Путин, «Вести в субботу» дастурига берган интервьюсида баёнот беришича, Россия мавжуд муаммоларга қарамай, бошқа давлатларга нисбатан устун жиҳатларга эга, деб хабар қилмоқда РИА «Новости».

«Россия ўзгармоқда, Европа ўзгармоқда, бутун дунё ўзгармоқда. Бизда муаммолар кўп, аммо бошқа давлатларга нисбатан устунликларимиз ҳам бор. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди»,— деган давлат раҳбари. У, 14 апрель куни ўтказган «бевосита мулоқот»ида Томск университетида таҳсил оладиган литвалик талаба қизнинг иштирок этганини изоҳлаб шундай фикрларни билдирган.

Путиннинг қайд этишича, 1990 йилларда Литвада ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш чоғида 3,5 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилиши маълум бўлган эди. Ҳозирги вақтда, аҳоли сони учдан бирга қисқарган. «Латвиядаги вазият бундан аянчли. Эстонияда бирмунча яхшироқ. Аммо, аҳолининг чиқиб кетиши жуда жиддий», — деб таъкидлаган президент.

Бу борада Россияга тўхталган президент, мамлакатга кўчиб келаётганлар сони ва аҳолининг табиий кўпайиши кўрсаткичлари ортиб бораётганига эътиборни қаратиб, баъзи йўналишлар бўйича грантлар ажратилаётгани ёш тадқиқотчилар диққатини тортаётганини қайд этган.

 

«ЖОНЛИ МУЛОҚОТ» ОЛДИНДАН РЕПЕТИЦИЯ ҚИЛИНГАН

Россия президенти Владимир Путин билан «жонли мулоқот» вақтида Путиндан қишлоқларда кўплаб мактаблар, шифохоналар ва болалар боғчасининг қисқартирилиши ҳақида сўраган ураллик фермер Владимир Мельниченко «жонли мулоқот» аввалдан режаланган сценарий бўйича ўтганини таъкидламоқда. «Менга омад кулиб боқди. Менга савол беришга имкон берилишига ҳеч қандай ишора ҳам йўқ эди. Жонли мулоқот олдидан тадбирда бевосита иштирок этувчиларни залда жойлаштириш-ўтқазиш бўйича икки кун репетиция ўтказилди. У ерда микрофонлар билан юрган қизларда кимнинг ёнига бориш олдиндан ёзиб қўйилганди. Мен у ерда декорация сифатида ўтиргандим. Сценарий бўйича, президент умуман залга мурожаат этмаслиги керак эди. У ерда ким савол бериши, ким бермаслиги олдиндан белгилаб қўйилганди. Агар мен «Қишлоққа ҳам айтишга беринг!» демаганимда ҳеч ким менга микрофонни бермасди ҳам. Бироқ, интизом бироз издан чиққандан кейин, мен дарҳол савол бериш учун имкониятдан фойдаланиб қолдим», деб айтмоқда Мельниченко. Фермернинг айтишича, «жонли мулоқот» режалаштирилган шаклда бўлган бўлса ҳам, Путиннинг ўзи баъзида «югурувчи қатордан» саволларни танлади, бошловчилар эса бу вақтда «алаҳлаб» қолишди. Аввалроқ Путиннинг 2016 йилги «жонли мулоқоти» телевизион намойиши 6,4 пунктга, яъни 58,4 фоизгача тушиб кетгани маълум қилинганди. Бир йил аввалги мулоқотда рекорд кўрсаткич – 63,8 фоиз телевизион намойиш қайд қилинган эди. 2016 йилги Путин билан «жонли мулоқот» 3 соату 40 дақиқа давом этди.

 

ЯМАНДАГИ ЗИДДИЯТЛАР ОҚИБАТИДА 6,4 МИНГ КИШИ ҲАЛОК БЎЛДИ

Яманда юзага келган қарама-қаршилик оқибатида ҳалок бўлганлар сони 6,4 минг кишига етди, жабрланганлар сони эса 30,5 минг кишини ташкил қилмоқда. Бу ҳақда БМТ ташкилоти вакили Кюнг-ва Канг маълум қилган. «6400 нафардан зиёд киши ҳалок бўлди ва 30500 нафар киши жароҳат олди. Ўз яшаш манзилини ўзгартирган одамлар сони кескин ошиб кетди. 2,8 млн.га яқин киши ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди»,— деди у. Кюнг-ва Кангнинг сўзларига кўра, 14,1 млн.га яқин киши тиббий ёрдамга муҳтож. Аммо мамлакатдаги шифохоналарнинг аксарияти ёки вайрон этилган ёки ўз ишини тўхтатган. Бош котиб ёрдамчисининг сўзларига кўра, гуманитар ташкилотлар яманликларга ёрдам беришга ожизлик қилмоқда. 2016 йилда БМТ томонидан тасдиқлаган 1,8 млрд доллар миқдоридаги ёрдам пулидан 296 млн доллари мамлакатга ажратилган.

 

ТЕРРОРЧИЛАР СУРИЯНИНГ ЯХЛИТЛИГИНИ БУЗА ОЛИШМАДИ

Сурия президенти Башар Асад парламент учун сайловлар ўтказилган кунда мамлакатда рўй берган фуқаролар уруши оқибатлари ҳақида гапирди. «Жангарилар мамлакатдаги инфратузилманинг катта қисмини йўқ қилишди ва кўп қон тўкишди. Лекин улар асосий мақсади – Суриянинг яхлитлигини, сурияликларнинг миллий бирдамлигини йўқ қила олишмади», дейди Асад давлат телеканалларидан бирига берган интервьюсида. 13 апрель куни Сурияда 7 мингта сайлов участкалари очилди. Парламентнинг янги таркибини аниқлаб олиш учун овоз бериш жараёнини ёритиш мақсадида Дамашқда медиа-марказ фаолияти йўлга қўйилди.

 

11 СЕНТЯБРДАГИ ТЕРАКТЛАР ҲАҚИДА

АҚШ президенти Барак Обама кейинги 60 кун ичида 2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир этилган терактлар тергови ҳақидаги ҳисоботнинг 28 саҳифасидан «мутлақ махфий» устхатини (грифини) олишга буйруқ беради. Ҳужжатларда Саудия Арабистонида терактлар билан алоқалар борлиги ҳақида маълумотлар бўлиши мумкин. Бу ҳақда 13 апрелда Fox news телеканали хабар берди. Телеканал бу терговни олиб борган АҚШ конгресси вакиллар палатаси ва сенати комиссияси таркибига кирган собиқ губернатор Боб Грэмга иқтибос келтирмоқда. Грэмнинг айтишича, Оқ уйда уни 1-2 ой ичида ҳужжатлар ошкор қилинишига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида хабардор қилишган. «Менинг икки йиллик илтимосларимдан кейин бу масала президентнинг якуний кўриб чиқишига олиб чиқилмоқда», деб айтди Грэм. Грэмни сенатор Керстен Жиллибренд (Нью-Йорк штати демократи) ва конгресснинг вакиллар палатасидаги озчилик етакчиси (Демократик партия фракцияси) Нэнси Пелоси қўллаб-қувватлаган. «Мен вакиллар палатасининг разведка бўйича қўмитасининг собиқ аъзоси ва конгресс 11 сентябрдаги терактлар бўйича ўтказган терговдаги энг юқори даражадаги демократман. Мен собиқ сенатор Боб Грэм билан бу ҳужжатларни ошкор қилиш ва оммага таништириш кераклиги борасида ҳамфикрман. Кичик Жорж Буш маъмуриятининг буни қилишдан бош тортиши катта хато бўлган», деб айтди Пелоси расмий баёнотда. Оқ уй матбуот хизмати март ойида маълум қилганидек, Обама Саудия Арабистонига 21 апрелда ташриф буюради. Обама у ерда қирол Салмон ибн Абдулазиз ал-Суад билан учрашади ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этади. 2001 йил 11 сентябрда жангари-худкушлар йўловчи самолётларни қўлга олиб, уларда Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг иккита минораси ва Пентагоннинг Виржиния штатидаги биносига бориб урилган. Яна битта қўлга олинган лайнер Шанксвилл шаҳри яқинида қулаган. Дунёдаги энг йирик теракт оқибатида 2996 киши ҳалок бўлган, 6 мингдан кўпроқ одам жароҳат олган. Теракт ташкилотчиси деб «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи топилган.

 

III. МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИДА

 МИНТАҚАВИЙ БОСҚИЧ ЯКУНЛАНДИ

Пойтахтимизда “Универсиада – 2016” спорт ўйинларининг футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи ва бокс бўйича минтақавий саралаш мусобақалари бўлиб ўтди. Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти, Ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар бокс мактаби ҳамда «Пахтакор» футбол клуби қошидаги 16-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтказилган баҳсларда Тошкент шаҳри, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари терма жамоалари иштирок этди.

Футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи бўйича Тошкент шаҳрининг эркаклар ва қизлар терма жамоалари ғолиб бўлди. Бокс бўйича Тошкент шаҳри жамоасининг тўққиз аъзоси, Жиззах вилоятидан бир боксчи финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Ғолиблар Фарғона шаҳрида бўлиб ўтадиган “Универсиада – 2016” спорт ўйинларининг финал босқичида иштирок этади.

 

ЯНГИ ЎҚУВ ДАСТУРЛАРИ УСТИДА ИШЛАР ҚИЗҒИН

Янгилик яратиш ва унга эришиш жуда кўп изланиш ва ишлашни талаб қилади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Шуҳрат Сирожиддиновнинг 10 йиллик истиқболли тараққиёт дастурида “дунёдаги энг ривожланган давлатлардаги олий таълим муассасалар қаторидан ўрин эгаллаши учун уларнинг ўқув дастурлари ва маъруза матнларини ўрганиб, андоза олиш”га қаратилган режалар ҳам белгиланган эди.

Бу вазифаларни амалга ошириш йўлида барча педагог-ходимлар ўз вазифаларига улкан масъулият билан ёндашмоқдалар.

Бир неча ойдирки, университетимиз педагог-ходимлари андоза сифатида танланган шундай ўқув дастурлари ва маъруза матнлари устида тинмай изланмоқдалар.

Айни пайтда ЎзМУ ҳузуридаги Педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ (минтақавий) марказида ишлар роса қизғин. Университетимиз педагог-ходимлари тайёрлашган жаҳон андоларига мос ўқув дастурлари ва маъруза матнларини топширмоқдалар.

Уларни ЎзМУ Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Файзулла Агзамов ва Ўқув-услубий бошқармаси бошлиғи Зафаржон Жабборовлар синчковлик билан ўрганган ҳолда қабул қилмоқдалар.

Галдаги вазифа – ўқув жараёнига ушбу янги дастурлар жорий этилади!

Умид билан суқулган таёқ, бир кун мева-ю япроқ, деганларидек, ЎзМУ талабалари ҳам дунёдаги энг ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан бир хилда таҳсил олишда давом этадилар ва шу тариқа улар билан бўйлашиб бораверадилар!

Шу тариқа хориж университетлари билан талабалар алмашинуви амалга оширилади. Айтайлик, европалик талабалар Ўзбекистон Миллий университетида жаҳон андозаларига мос ўқув жараёнларидан баҳраманд бўлсалар, ўзбек йигит-қизлари чет эл университетларида худди шундай таълим олишни эмин-эркин давом эттириш имконига эга бўладилар!

 

АМИР ТЕМУР СИЙМОСИ ТАЛАБАЛАР САҲНАСИДА

Улуғ бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар давом этмоқда. Бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат маркази”да “Соҳибқирон Амир Темур жасорати” деб номланган саҳна асари намойиш этилди.

Ўзбекистон Миллий университети Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Давлатёр Жумабоев маърифиий тадбир кириш сўзи билан бошлар экан, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Амир Темурнинг улуғ номи тикланиб, 1996 йил мамлакатимизда Амир Темур йили, деб эълон қилингани, Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда бу аждодимизнинг муҳташам ҳайкаллари қад ростлагани, 2011 йили давлатимиз раҳбари сўзбошиси билан “Темур тузуклари” мукаммал ҳолда, юксак сифат билан янгидан чоп этилгани халқимизнинг ғурури ҳамда ифтихонига айланганини алоҳида таъкидлади.

Бугунги авлодлар буюк аждодларини кўплаб адабиётлар, саҳна асарлари орқали кенгроқ тасаввур этадилар. ЎзМУ Ижтимоий фанлар факультети талабалари атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Амир Темур сиймоси”, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» ҳамда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” асарлари асосида Соҳибқирон сиймосини саҳналаштирганлар.

— «Аждодлар ўгити авлодлар талқинида» мавзуига бағишланган маънавий-маърифий тадбиримизда талабаларимиз буюк бобокалонларимизнинг дурдона ўгитларидан ҳам баҳраманд бўлдилар,- дейди тадбир ташкилотчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Нигина Шермуҳамедова.- Бу ёшларнинг янада камол топишида муҳим аҳамият касб этади.

Буюк бобомиз салтанати ва саройига хос безаклар билан жиҳозланган саҳнада истеъдодли талабалар ижро этишаётган роллар бир дафъа бўлса-да томошабинларни ўша давр ҳамда улуғ сиймолар билан ошно этди гўё.

Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг барҳаёт сиймоси ёш авлод қалбида чексиз ифтихор туйғусини жўш урдирмоқда.

 

“ЗАМОНАВИЙ ТИЛШУНОСЛИК ВА ТАРЖИМАШУНОСЛИКНИНГ ДОЛЗАРБ МУАММОЛАРИ”

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Замонавий тилшунослик ва таржимашуносликнинг долзарб муаммолари” мавзуига бағишланган республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Унда республикамиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тилшунос олимлар, таржимашунослар, ёш тадқиқотчилар ва талабалар иштирок этдилар. Анжуманни кириш сўзи билан очган ЎзМУ Ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Файзулла Агзамов мамлакатимизда чет тилларини ўрганишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш ғоят муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунини ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш доирасида чет тилларга ўқитишнинг комплекс тизими, яъни уйғун камол топган, ўқимишли, замонавий фикрловчи ёш авлодни шакллантиришга, республиканинг жаҳон ҳамжамиятига янада интеграциялашувига йўналтирилган тизим яратилди. Айни пайтда чет тилларни ўрганишни ташкил қилишнинг амалдаги тизимини таҳлил этиш шуни кўрсатмоқдаки, таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар замон талабларига, хусусан, илғор ахборот ва медиа-технологиялардан фойдаланишни такомиллаштириш борасида қатор вазифалар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу йил ЎзМУ ташкил этилган “Тил маркази” ҳам таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларни узлуксиз ўрганишни ташкил қилиш, шунингдек, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда замонавий ўқув-услубий материаллар билан таъминлаш, талаба-ёшларнинг инглиз ва бошқа тилларни, хорижлик ёшлар ўзбек тилини мукаммал ўрганишларига хизмат қилади.

Илмий-амалий анжуманда ЎзМУ Хорижий филология факультети Инглиз филологияси кафедраси профессори Ўткир Юсупов, Самарқанд давлат университети профессори Шаҳриёр Сафаров, Урганч давлат университети Инглиз тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Ребекка Миртин, Жиззах давлат университети профессори Муҳаммаджон Холбеков, Камолиддин Беҳзод номидаги Рассомчилик ва дизайн институти доценти Лайло Рауповаларнинг замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш, ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришга оид маърузалари тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Анжуманда талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 

Материаллар ЎзМУ Ахборот хизмати томонидан тайёрланди.

Унда республика ОАВ хабарларидан фойдаланилди.

 

Факультет деканининг Маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари диққатига!

 

“Ахборот соатлари” маълумотлари юзасидан савол пайдо бўлса ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбековга мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефон: +99890 9120963.

Электрон почта: tueshbek@mail.ru

Манба: nuuz.uz

You may also like...

12 Responses

  1. Yaxshigina ish boshlanibdi. Shu orqali jurnalistikamiz rivojiga hissa qo’shiladi. Yosh jurnalistlarni ochilmagan qirralari ochiladi

  2. Yosh qalamkashlarga bo’lajak tanlovda omad tilaymiz.

  3. Barcha ijodkor ahliga OMAD yor bo`lsin!

  4. Natijalar kelajak sari yo’l ochsa yanada yaxshi bo’lar edi.

  5. Jumamurodova Muyassar:

    Dunyoning turli mintaqasidagi vaziyatlarni ko’rib, tinch yurtda yashayotganimizga yana bir karra shukur qilamiz.

  6. Jahon tarixida yorqin iz qoldirgan ulkan qahramonliklar Vatanni bosqinchilar asoratidan ozod etib, elu yurtni mustamlaka zulmidan xalos etishda yaqqol namoyon bo‘ladi. O‘z xalqining daho xaloskori sifatida dovruq qozongan sohibqiron Amir Temur bobomiz shunday tabarruk siymolardan hisoblanadi.

    O‘zbekiston xalq yozuvchisi Pirimqul Qodirovning yaqinda “O‘zbekiston” nashriyotida chop etilgan “Amir Temur siymosi” nomli ilmiy badiasida Amir Temurning butun jahon e’tiborini tortgan ulug‘ zafarlari, buyuk sohibqironning shaxsiyati qiziqarli syujet, puxta o‘ylangan kompozitsiya, ilmiy tafakkur orqali jozibali tasvir etilgan.

  7. O‘z xalqining daho xaloskori sifatida dovruq qozongan sohibqiron Amir Temur bobomiz shunday tabarruk siymolardan hisoblanadi.O‘zbekiston xalq yozuvchisi Pirimqul Qodirovning yaqinda “O‘zbekiston” nashriyotida chop etilgan “Amir Temur siymosi” nomli ilmiy badiasida Amir Temurning butun jahon e’tiborini tortgan ulug‘ zafarlari, buyuk sohibqironning shaxsiyati qiziqarli syujet, puxta o‘ylangan kompozitsiya, ilmiy tafakkur orqali jozibali tasvir etilgan.

  8. Davlat hokimiyati organlarining veb-saytlari tashkil etilishda davom etayotgani ijobiy holat, albatta. Endigi vazifa esa ularning ish samaradorligini nazorat qilishdan iborat, deb hisoblaymiz. Zero, har bir aloqa kanallarini sifatli ishlab, davlat va xalq manfaatiga xizmat qilishi lozim.

  9. Eng kerakli va dolzarb ma’lumotlarga ega bo’ldik. Dunyoda yuz berayotgan voqealarni muntazam kuzatib borish har birimizning kundalik ishimiz bo’lishi kerak.

  10. Biz bu kabi ma’lumotlarni na daryo.uz dan va na kun.uz dan ololmaymiz. Sevimli saytimizning informatsiyani to’liq berishi bu biz uchun kata yutuq.

  11. Bu kabi ma’lumotlarni ko’rib qanday tinch mamlakatda yashayotganligimizga shukr qilasan kishi.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>