Келинлар қўзғолони

Талаба таҳлили: комедияга жиддий назар

Ҳозирги ўзбек кино оламида қайнона келин муаммоси, рўзғор ташвишлари,  оилавий ҳаёт манзараси асосий мавзулардан бирига айланиб қолган. Кўпчилик, яна эски мавзуми, маиший кинолар жонга тегди, деб нолишади. Лекин бу мавзулар юз йил олдин ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Муҳими, мавзунинг эски, янгилигида ёки катта кичиклигида эмас, уни қандай қилиб томошабинга етказиб берилишидадир. Усулнинг ўзгачалиги ўша мавзу атрофида янги фикр айта олиш, ҳеч ким илғамаган томонини кўрсата билишдадир. Ахир, бир инсон ҳаёти билан бутун бир даврни, бир оила тасвирида жамиятнинг ижтимоий ҳаётини кўрсатиб бериш ҳам мумкин. Масалан, Саид Аҳмаднинг 1976 йилда ёзилган “Келинлар қўзғолони” ҳажвий саҳна асари ва у асосида 1984 йилда суръатга олинган кинокомедия ёки спектаклини ёдга олсангиз ҳам юзингизга енгил таббасум югуради. Уларнинг яратилганига анча фурсат бўлган бўлса-да, ҳали ҳануз зангори экранлардан тушмайди. Қайта-қайта томоша қилсангиз-да ғашингизга тегмайди. Аслида, бу ҳам ўша қайнона ва келин муаммоси, оилавий ҳаёт тасвиридир. Аммо унинг киноси ҳам спектакли ҳам бирдек машҳур. Бунинг сабаби, асарнинг яхши ёзилганидадир. Зуваласи маромида етилган хамирдан сомса қиласизми ёки нон ёпасизми, барибир мазали чиқади. Бундан ташқари, асар ҳам спектакл ҳам кино ҳам шунчаки бир-бирини такрорламайди, ўзига хос янги воқеалар, образлар, ҳолатлар қўшилган ёки аксинча баъзилари тушириб қолдирилган. Масалан, кинодаги суюкли набира Аббос образи спектаклда ҳам пеъсада ҳам йўқ ёки пеъсада уста Боқи билан Фармонбибининг тушларидаги Азимшер руҳи ҳақидаги суҳбати тасвирланган воқеа кинодан ҳам спектаклдан ҳам жой эгалламаган. Пеъсада Саид Аҳмаднинг юмор ортидаги фалсафий юзи, спектаклда у билан бирга режиссор Баходир Йўлдошевнинг мулоҳазали қиёфаси кўзга ташланади ёки кинода Мелис Абзаловнинг тадбирли ғояларини илғашингиз мумкин. Уларнинг ҳар бири ўз санъат асарларида  менини намоён этишга уринган, кино санъати театр ёки ёзма адабиётнинг бир-бирига ўхшамаган нозик қирраларини очиб берган. Албатта, кино ва спектаклнинг дунёга келиб, шуҳрат қозонишида нафақат, режиссёр маҳорати, балки актиёрлар истеъдоди, жонли талқини, декарация ёки оператор синчковлиги ҳам алоҳида ўрин тутади. Актёрларнинг қойилмақом ижроси туфайли қаҳри қаттиқ Фармонбиби, маҳмадона Сотти, замомавий келин Нигорахон қалбимизнинг туб-тубига кириб борган. Сўзимиз исботи  “Ў. . ў унинг қайнонаси ғирт Фармонбиби”, “Соттига ўхшамасанг чи” каби ибораларни жуда кўп марта эшитамиз, қўллаймиз, яъни бу билан образларнинг ўзимизча реал ҳаётимиздаги характерини яратамиз.

“Келинлар қўзғалони”да, нафақат қайнона келин муаммоси, оилавий келишмовчиликлар, балки ўғилларнинг онасига бўлган ҳурмати, садоқати онанинг қаҳр ортидаги сўнмас меҳр муҳаббати ёки келинларнинг аҳиллиги бир-биридан ёрдамини аямаслиги тараннум этилган. Оилавий муаммоларнинг енгил кулгу остидаги ечими кўрсатиб берилган. Қиз боланинг ўз хонадонидан бошқа бир хонадонга бориши унинг ҳаётидаги кескин бурилиш бўлса, икки оила ўртасида қуда-андачилик қариндошлик каби янги муносабатларнинг ўрнатилишидир. Келинлар қўзғалонидаги воқеалар ўша даврда ҳам бугунги ҳаётимизда ҳам айни юз бераётган ҳодисалардир. Чунки, ҳозир ҳам кундалик турмушимизда қаҳрли қайноналарни ёки маккора келинларни кўп учратиб қоламиз. Унда оилавий тинч тотувлик, эркин фаровон турмуш, меҳр муҳаббат, қадр-қиммат кабиларнинг нақадар лазиз туйғулар экани таъсирли тасвирланган.

Ҳар бир санъат асарида бўлгани каби “Келинлар қўзғалони”да ҳам  индивидуаллик ва умуминсонийлик, хусусийлик ва умумийлик маънолари илгари сурилган. Ундаги бир оила ҳаёти ва унинг муаммоси оилавий муносабатлардаги зиддиятлар, келишмовчиликлар, уларнинг бартараф этилиши асарнинг индивидуал хусусий маъноси бўлса,  озод фаровон ҳаёт, мустақиллик эрк учун курашиш ёки қарамлик, бировга бўйсуниш, мутелик каби умуминсоний туйғуларнинг ҳам кичкина деталлар, содда воқеаларда акс этган ёрқин қиёфаси умуминсонийлик, умумийлик маъносини беради. Бу асарда оддийгина бир оила ҳаёти мисолида: давр ҳолати, жамиятнинг ижтимоий ҳаёти акс этган дейишимиз мумкин. Биламизки, ўша пайтларда ўзини раҳнома деб ҳисоблаган СССР ҳукумати ўзига қарам бўлган ўн бешта республикадан ҳар йил охирида план топшириш кераклиги баҳонасида уларнинг тайёр маҳсулотлари ер ости бойликларини тортиб олиб ўзлаштирган. Деҳқонларнинг томида  бир чаноқ пахта ҳам хирмонида бир ҳовуч буғдой ҳам қолдирмаган. Фармонбибининг ҳам ҳар ой охирида ойликларни йиғиб олиши, ҳатто, туфлисининг остидаги сариқ чақани ҳам қолдирмаслиги юқоридаги манзарага ўхшаб кетади. Фақат жон сақлаш учунгина мустамлака республикаларга ҳисоб китобли маблағ ажратилади, худди, Фамонбиби ўғилларига бир сўм ёки эллик тийиндан ишга бориб келиши учун бериб тургандек. Ёки ўша даврда ҳар бир ташкилотда Соттига ўхшаган бошқа ҳодимларнинг қадамини пойлаб юрувчи, барчанинг ҳаракатлари тўғрисида иғво ва бўҳтон аралаш маълумотларни юқорига етказиб турувчи  “шпион”лар йўқ бўлган деб ўйлайсизми? Қанчадан-қанча виждонли, юртпарвар боболаримиз бундай инсонлар иғволарининг жабрини тортмади. “Келинлар қўзғалони” спектаклидаги бу қайси хонлик замони”,”қайси феодалнинг уйи  “қул эмасмиз” унинг киносидаги Раисли колхозда яшай олмайман” жумлалари шунчаки эмас, жамият юзига айтилган сўзларга ўхшайди. Бир қарашда ҳеч ким ҳаётидан норози эмасдек, чунки анча йиллардан бери мустамлака мамлакатда яшаётган халқ, озмунча, бўлса ҳам бу ҳаётга кўникиб ўлгурган. Аммо четдан назар ташласангиз эркин ҳаёт, ҳур фикрликдан йироқ анчайин аянчли тақдирлар эканлигини илғайсиз. Маҳкамнинг укалари ва келинларига қарата айтаётган “Кенжа келиннинг таъналари тўппа-тўғри, бу бир, янги келган одам аҳволимизни дарров билади, бу икки. Ўзимиз сезмаймиз, ўрганиб кетганмиз, бу уч. Уят, уят, бу тўрт.” гаплари фақат оила аъзоларининг ҳолатини эмас ўзбек халқининг ўша кунлардаги аҳволидан сўзлаётгандек. Яна ўша Маҳкамнинг бир гапи ҳаммани мулоҳаза қилишга ундайди: “…эркимизни қўлимиздан олиб қўйганлар. Демак, биз эркимизни қўлга олиш учун курашишимиз керак. Ана, энди мақсадимиз аниқ бўлди.” Эрк учун кураш қарамлик тобелик исканжасига тушиб қолган бутун халқимиз мақсади эди.

Масхарабознинг юзи доимо кулиб туради. Лекин унинг кўзлари қорачиғларига яхшилаб назар солсангизгина қалб изтиробларидан боҳабар бўлишингиз мумкин. Комедик асарлар ҳам ҳудди шундай, қувноқ сатрлар ортида мулоҳазага чорловчи моҳият ва изтиробга тўла қалб яширин бўлади. “Келинлар қўзғалони”да бир оила мисолида жамият ҳаёти кўрсатиб берилган:  тотувлик, тинчликнинг ўз-ўзидан келмаслиги, жасорат, фидокорона курашлар меваси экани, озодлик, мустақилликка эса фақат аҳиллик билан эришиш мумкинлиги очиб берилган. Бир сўз билан айтганда бу асар мустақил давлат эркин ҳаёт соғинчидан  дунёга келган, дейишимиз мумкин.

Ҳозирги киноларимиз ҳам катта меҳнат, чин истеъдод маҳсули бўлсагина томошабинлар қалбидан жой эгаллайди. Қандай мавзуда бўлмасин, кенг қамровли маъно, мулоҳазали моҳият, ижтимоий ҳаётимизнинг жонли акслантирса, эски мавзу, маиший кино сифатлари берилмайди. Ана ушандай санъат асарлари бугун яратилиб эртага унут бўлиб кетмаслигига “Келинлар Қўзғалони” яққол бир мисол бўла олади.

Санжар ЭШМУРОДОВ

You may also like...

2 Responses

  1. Yangicha nazar, yangicha topilma, yangicha tadqiqot, yangicha yangiliklar.

  2. Jumamurodova Muyassar:

    «Ҳозирги киноларимиз ҳам катта меҳнат, чин истеъдод маҳсули бўлсагина томошабинлар қалбидан жой эгаллайди. » Bugungi ba’zi bir kinolarimizga katta mehnat ham sarflanmayapti. Iste’dod masalasida-ku gaprmasa ham bo’ladi. (Hammaga taalluqli emas). Aynan shuning uchun ham ular tomoshabinlar qalbidan joy egallashmayapti. «Kelinlar qo’zg’oloni», «Mahallada duv-duv gap» kabi filmlar yaratish vaqti yetib kelmadimikin?

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>