Киройи шундай ғайрат берсин…

Шавкат Аббосович Миралимов — 80 ёшда!

МиралимовШавкат Миролим1ааOLYMPUS DIGITAL CAMERA1аа1а3р2р1шавкат3

Бу инсон билан танишиб, яқиндан мулоқот қилиб келаётганимга 40 йилдан ошипти. Шу йиллар ичида у билан ёнма-ён юриб, Тошкент вилоятида матбуот, матбаа ва ноширлик соҳасини ривожлантириш ва мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш бўйича бирга ишлаш ҳам насиб этди.

Назаримда уни таништиришнинг мавриди келди. Гап шу кунларда таваллудининг қутлуғ 80 йиллик санасини нишонлаш арафасида турган фахрий журналист, тарих фанлари номзоди, Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти Шавкат Аббосович Миралимов ҳақида бормоқда.

Яхши кун баҳонасида ҳол-аҳвол сўраш учун унга қўнғироқ қилмоқчи бўлдим. Ҳозир телефон гўшагини Шавкат аканинг турмуш ўртоғи – Ойдин опа кўтариб, унинг бирон-бир топшириқ ёки иш билан чиқиб кетганини айтишини билсамда, рақамни тердим. Ҳудди шундай ҳам бўлди. Шавкат Миралимовни таниганимдан буён аҳвол шу. Таъбир жоиз бўлса, кам эмас-кўп эмас 64 йилдан буён у эл-юрт хизматида. Бир қарасанг давлат хизматчиси сифатида расмий тадбирларда, бир қарасанг журналист сифатида халқ орасида, яна бир қарасанг ўқитувчи-устоз сифатида талабалар қуршовида, “Фахрийлар кенгаши” аъзоси сифатида нуронийлар сафида, маҳалла фаоли сифатида фуқаролар йиғинида ва яна бир қарасанг Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги фахрийлар кенгаши аъзоси сифатида ёшлар билан мулоқотда ёки сафдошлари даврасида кўрасиз.

Таҳририятдан таваллуди арафасида у ҳақда табрик сўзи ёзиб беришни сўрашганда, бундай кенг жабҳада фаолият юритиб келаётган устоз журналистнинг қайси хизматлари ҳақида ёзсам экан, деб беихтиёр ўйланиб қолдим. Зеро Ш.Миралимовнинг Ватан равнақи, эл-юрт манфаати йўлида қилаётган меҳнатларининг ҳар бир қирраси ҳақида кўп ва ҳўб ёзиш мумкин. Биз қуйида имкониятдан келиб чиқиб унинг ўзимиз учун энг муҳим деб ҳисоблаган айрим фазилатлари тўғрисида тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Журналист, ношир ва матбаачи

Ўзининг ижодий фаолиятини 1963 йилда “Сирдарё ҳақиқати” газетасида адабий ходимликдан бошлаган Шавкат Миралимов ҳамон матбуот саҳифаларида долзарб мавзулардаги чиқишлари билан фаол иштирок этиб келади. Бу ҳақда гапирганда унинг қарийб 20 йил мобайнида Тошкент вилояти Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи сифатида матбуот, нашриёт ва матбаа соҳалари ривожи йўлида қилган самарали меҳнатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли бўлади.

Шу йиллар ичида унинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан шаҳар-туман газеталарининг адади, мазмун-мундарижаси кенгайганини, босмахоналар фаолияти замонавий асосда ташкил этилганини, вилоятда ижод қилаётган ёш ижодкорларнинг малака ва тажрибасини ошириш мақсадида “Журналистлар клуби” ташкил этилганини, бошқарманинг йўлланмаси билан вилоятдаги 50 нафардан ортиқ истеъдодли ёшлар олий ўқув юртларида таҳсил олиш имконига эга бўлганини кўпчилик яхши эслайди.

Бу даврда вилоятда нафақат матбуот, балки, нашриёт ва ноширлик соҳалари ҳам ривожланди. Бошқарма қошидаги “Наврўз” нашриётининг фаолияти қайта тикланди ва мамлакатимиздаги кўплаб таниқли ёзувчи ва шоирларнинг китоблари чоп этилиб, жамоатчиликка етказилди. Айниқса, ушбу нашриёт томонидан вилоятда шаҳар ва қишлоқларда ижод қилаётган ёш шоир ва ёзувчилар алоҳида қўллаб-қувватланди. Нашриёт ёрдамида уларнинг илк китоблари таниқли адиблар сўзбошиси билан нашр этилиб, китобхонларга тортиқ қилинди.

Унинг ташаббуси билан ташкил этилган “Бош муҳаррирлар кенгаши” ҳозиргача ўз фаолиятини давом эттириб, ҳар икки ойда бир марта бевосита шаҳар ва туманларда ўтказиб борилаётган йиғилишларда маҳаллий ОАВлар, нашриёт ва матбаа соҳасидаги аҳвол таҳлил қилиниб, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва мавжуд муаммоларни ечимини топиш бўйича таклиф ҳамда фикр мулоҳазалар алмашиниб келинаётгани ҳудудларда соҳа ривожини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бизнингча, ўша учрашувлар бугун медиа маконда “пресс тур” деб ном олган тадбирларнинг дебочаси бўлган эди.

Ўтган йиллар мобайнида Шавкат Миралимов соҳа ривожи йўлида самарали меҳнат қилиш билан бирга ўзи ҳам фаол ижод қилди. У миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, маҳалла институтини ривожлантириш, журналистика тарихи ва назариясига бағишланган 20 дан ортиқ рисола, китоб ва ўқув қўлланмаларининг муаллифи ҳисобланади.

Наврўз жонкуяри

Шавкат Миралимовни ҳеч қандай муболағасиз миллий қадрият ва анъаналаримизнинг жонкуяри, дейиш мумкин. Айниқса, яшариш ва янгиланиш айёми бўлмиш Наврўз байрамини тиклаш ва тарғиб этишдаги хизматлари беқиёс. Унинг Наврўзнинг тарихи ва моҳиятига бағишланган дастлабки “Янги анъаналар, янги одатлар” рисоласи 1975 йилда 15 минг нусхада, китобнинг “Наврўз” номи билан қайта ишланган ва тўлдирилган нашри 1990 ва 1998 йилларда “Ёзувчи” нашриёти томонидан 20 минг нусхада чоп этилган. “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”нинг 6 томида Наврўз байрамига бағишланган мақолада ҳам айнан Ш.Миралимовнинг номи қайд этилгани унинг бу соҳадаги меҳнатлари маҳсулидир.

Яхши эслайман, 1992 йилда вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан Юқори Чирчиқ туманидаги Аҳмад Яссавий номидаги жамоа хўжалигида Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда унинг “Наврўз” китоби барча иштирокчилар учун байрамнинг асл моҳиятини тушуниб етишда асосий манба бўлиб хизмат қилган эди.

Мана 47 йилдирки, Шавкат Миралимов Наврўзнинг тарихи, аҳамияти ва ўрни ҳақидаги изланишларини давом эттириб келади. “Народное слово” газетасининг 2022 йил 14 март сонидаги “Наврўзнинг ҳаётбахш кучи” сарлавҳаси остида чоп этилган мақоласи, Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ҳамда “Маданият ва маърифат” телеканалларида “Наврўз миллий қадриятлар таровати” ҳамда “Ҳамиша кўҳна ва навқирон Наврўз: кеча ва бугун” мавзуларида эфирга узатилган чиқишлари унинг Наврўз билан боғлиқ мавзуни қанчалик чуқур билишининг яққол намунасидир.

Юксак мақом соҳиби

Ҳаётинг давомида ҳеч бўлмаса бир нафар одам сенга “устоз” деб мурожаат қилса, шунинг ўзи кўнглингни тоғдек кўтаради. Ўнлаб, юзлаб, минглаб ёшлар шундай деб мурожаат қилсачи? Менимча бу жуда катта бахт! Таъбир жоиз бўлса, Шавкат Миралимов ана шундай юксак эътироф ва мақомга сазовор бўлган ватандошларимиздан бири.

Бу бежиз эмас. Чунки у 1985 йилдан буён Ўзбекистон Миллий университетида талабаларга “Журналистика тарихи ва назарияси” фанидан сабоқ бериб келади. Бугунги кунда ундан ўгит олган кўплаб ёш ижодкорлар республикамиздаги марказий газета ва журналларда, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, вилоят ва нодавлат телерадиоканалларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Суҳбатларимизнинг бирида Шавкат ака:“Республикамизнинг қайси ҳудудига бормай, шогирдларим иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, устоз, деб алқаб, давраларнинг тўрига таклиф этишганида журналистлик касбини танлаганимдан, ўқитувчи-мураббий сифатида ёшларга сабоқ бериб келаётганимдан фахр-ифтихор туяман”, деган эди.

Ҳақ гап. Устозлик юксак мақом, мураббий сифатида қилинган меҳнатларнинг жамоатчилик томонидан эътироф этилиши юксак шарафдир. Ҳеч шубҳасиз Шавкат Миралимов ана шундай фазилатларнинг муносиб соҳибидир.

***

Айтишларича, инсон кўнгил мулкининг мажозий устунлари бўлар экан. Бу – ота-онага, аждодларга ҳурмат, эл-юртга меҳру муҳаббат, оила, дўсту ёронлар, устозлар, касб-корга садоқат, номингни покиза сақлаш, бутун борлиғинг билан одамларга эзгулик қилишга интилиш… Инсон қалби тўридан ўрин олган, унинг учун муқаддас бўлган ана шу ҳис-туйғулар кўнгил мулкининг мустаҳкам устунларидир. Улар иймонимизни турли зарбалардан саломат сақлаб турар экан.

Мен бу сатрларни бежиз келтирмадим. Зеро, биз юқорида ҳаёти ва фаолиятининг айрим қирраларинигина келтириб ўтган ва меҳнатлари қадрланиб “Ҳурмат белгиси” ордени, 2 медаль ва 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган Шавкат Миралимов том маънода бутун умри давомида ана шу ақидага амал қилиб келмоқда.

…Яна бир тонг отди. Фахрий журналист, устоз ва мураббий Шавкат Миралимов шаҳдам қадамлар билан навбатдаги манзил сари ошиқмоқда. Киройи унинг ёшидаги ғайрат ва шижоат ҳаммамизга насиб қилсин.

 

Фатхиддин МУҲИДДИНОВ

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>