Маҳалла меҳри

22 март — мамлакатимизда Маҳалла тизими ходимлари куни!

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон маҳалла тизими ходимлари ва фаолларига» йўллаган табриги барча маҳалладошлар қатори маҳаллабайлик асосида фаолият кўрсатишга ўтган биз маҳаллий Кенгаш депутатларига ҳам кўтаринки руҳ бахш этди. Давлатимиз раҳбари табригида қайд этилганидек, маҳалла – асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб, халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани бўлиб келмоқда. Биз маҳалла деганда, дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун бўлиб яшашга ўргатиб, бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб тузилмани тушунамиз. Айни пайтда, юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ўз ҳаётини, қувончу ташвишларини маҳалладан айри ҳолда тасаввур эта олмайди.

Халқимизда: “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган гап бежиз айтилмаган. Фарзандларимизнинг маънавий баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши, ёш оилаларнинг мустаҳкам оёққа туриб олишида ушбу тузилманинг ролини янада ошириш, “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида бошланган эзгу ишларимизни изчил давом эттириш бугунги кун талабидир.

Маҳалла раиси фаол ислоҳотчи сифатида, аввало, замон билан ҳамқадам бўлиши, ўз билим ва малакасини доимий ошириб бориш ҳақида ўйлаши, “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонларини ҳаётга татбиқ этиш, турли ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, маҳаллаларни тадбиркорлик марказларига айлантириш чораларини кўриши даркор.

Айни вақтда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами билан манзилли иш олиб бориш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган юртдошларимиз муаммоларини “хонадонбай” ҳал этишда, ҳеч шубҳасиз, маҳалла органлари муҳим ўрин тутади.

Юртбошимизнинг соҳа ходимларига йўллаган табригида белгиланган ана шу вазифалар Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги «Университет» ва «Орзу» маҳаллаларида босқичма-босқич амалга оширилаверади.

 
 
 Тўлқин ЭШБЕК,
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>