Тадбирдаги илк спикер, президент матбуот хизмати раҳбари Комил Алламжонов эндиликда тизимли равишда брифинглар ўтказилишини маълум қилди.

У бу лойиҳа президентнинг «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» ғоясидан келиб чиқиб йўлга қўйилгани ҳақида гапирди.

«Брифинглар иккита йуналишда олиб борилади: янги қарор ёки фармон мазмуни шарҳлаб берилади ва барча вазирлик, ташкилот ҳамда муассасалар раҳбарлари тегишли соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб боради», деб таъкидлади у.

Алламжонов тарихда илк марта президент матбуот хизмати ходимларини ОАВ вакилларига таниширтириб, «соядаги кишилар» даври ўтиб кетганини билдириб ўтди. Хусусан, собиқ Маданият вазири Минҳожиддин Ҳожиматов ҳамда Авазбек Ҳожиматов матбуот хизматида секторлар раҳбарлари сифатида таништирилди.

Матбуот анжумани айни вақтда телевидениеда ва президентнинг фейсбукдагисаҳифасида тўғридан-тўғри намойиш қилинмоқда. Унда Бош вазир ўринбосари Сухроб Рустамович Холмурадов маъруза қилди. Айни вақтда у журналистларнинг саволларига жавоб қайтармоқда.