Сафарнома: САМАРҚАНД САЙҚАЛИ (6-мақола)

Очарчилик – даҳшатли офат. Битта-яримта хонадон оч қолса, қишлоқ (ё маҳалла) боқади. Бутун мамлакат оч қолса-чи? Ундан катта фожеа бўлмаса керак…

Ўтган асрнинг биринчи ярмида мамлакатимизда “социализм қуряпмиз” деганлар халқни қанчалик оч-ялонғоч қолдириб, афгор қилгани ҳақида ота-оналаримиздан эшитганмиз.

Чор Россияси босқинидан кейин ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилиб ҳукумат тепасига чиқиб олган Ленин, Сталинлар қанақа ҳунарлар кўрсатганлари сир эмас. Улар миллионлаб ишбилармон, тадбиркор ва зиёлиларни қатағон қилиш баробарида қанча серҳосил боғларимизни, тегирмонларимизни вайрон қилдириб ташлаганлар. Натижада, ўттиз-қирқинчи йиллар орасида юз берган очарчилик, қаҳатчилик халқнинг тинка-мадорини қуритган экан…

“Оч отасини танимас”, “Отам ўлишини билганимда кепакка алмашиб ердим”, “Оч баччағардан қоч баччағар”, “Қиш ўлдирма – ёз ўлдир, оч ўлдирма – тўқ ўлдир” деган мақолсимон гаплар эҳтимол ўша пайтларда пайдо бўлгандир?..

Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги очарчилик, қийинчиликлар ҳақида эшитиб ваҳимага тушасан киши. Ўша даврни бошидан кечирганларнинг ҳоли не кечганини тасаввур этишнинг ўзи даҳшатли…

Очликдан силласи қуриганларнинг саноғи бўлмаган. Кунжара, йўнғичқа еб шишиб ўлганлар ҳам бўлган экан…

Урушдан кейин ҳам бир неча ўн йиллар одамлар рўшнолик кўрмаганлар, косаси оқармаган, қорни нонга тўймаган…

Биз мактабга борган 1970 йилларда онам раҳматлининг “хайрият-ей, дастурхонларимизда нон кўрадиган замонлар келяпти” деганлари қулоғимда қолган…

Мактабда “Бир парча куйган қора нон учун кумушдек танинг балчиққа ботиб” деган шеър ёдлатгани ҳам ёдимда.

Бизнинг оила қишлоқда нисбатан тўқроқ хонадонлардан ҳисобланарди. Отам раҳматли бозор кунлари бирор кило гўшт (унинг ярми суяк, бир қисми ё чарви ё чандир) кўтариб келарди. Онам раҳматли уни бир ҳафтага етказиш илинжида тузлаб, кечаси айвоннинг бир четига илиб қўярди. Қишлоғимизда музлатгич (холодильник) деган мўъжизаларни билмасдик…

20110822-43-150x150

Болалигимда Иштихон бозорида гўшт талашганларни кўп кўрганман. Қассобни ёқавайрон қилиб юборганларга ҳайрат билан боққанман. Шунда ҳам гўшт етмай қолиб, тўрваси бўш қайтганларга “келгуси бозорда биринчи сизга сотамиз” деб таскин берганлари қулоғимга чалинган.

Мактабни тамомлаётган йилларимизда “Озиқ-овқат программаси амалга оширилади” деган қуруқ сафсаталарни кўп эшитганмиз. Ўша пайтларда қишлоқ одамлари жуда ночор аҳволда яшарди… Ҳар куни қора қозонини қайнатишга аксарият оилаларнинг қурби етмасди…

Икки-учта қишлоққа битта дўкон хизмат қиларди. 80-йилларда гўё тўкинчиликдек дўконда анча-мунча истеъмол товарлари пайдо бўлганини кўрганмиз. Бироқ, одамлар шу қадар камбағал эдики, деярли ҳеч ким қўйни-қўнжини тўлдириб савдо қилганини кўрмасдик. Баъзилар ҳатто бир тийинлик гугуртни ҳам қарзга олиб, “Қарз дафтари”га ёздириб қўйишарди.

Деҳқонларга бериладиган арзимас маошлар кўпинча дўконда тарқатилар ва биратўла ўша қарзлари “босиб” қолинарди.

Қанчадан-қанча ҳамқишлоқларимнинг бошлари қарздан чиқмай уқубат чекканларига шоҳид бўлганман…

Тошкентга илк бор келганда пряник юмшоқ бўлишини биринчи марта кўриб ҳайрон қолганман. Қишлоғимиз дўконидаги пряник тошдек қаттиқ бўларди-да…

Булар ҳолва экан, 1988 йилга келиб дўконларда, ҳатто бозорларда ҳам озиқ-овқатлардан тортиб кийим-кечакларгача қуриб кетса денг.

Ҳар куни нонни ҳам талон билан оладиган даражага етгандик…

Икки-уч йилча давом этган бу иқтисодий танглик одамларнинг тинка-мадорини қуритган.

Жамоат транспорти нақадар аянчли аҳволда эди.

Шалоғи чиққан автобусларни катта йўлларда соатлаб кутиб ўтирардик. Шунча кутганига яраша келса хўп-хўп, келмаса индамай ортимизга қайтиб кетаверардик… Гоҳо йўловчилар тирбанд келган автобусга бир амаллаб чиқиб олиб, неча юз километрларгача тик турганча кетаверардик. Шунда ҳам автобусдан қолиб кетмаганимизга ич-ичимиздан шукрона айтардик…

У даврда енгил машиналарда юриш катталар (раҳбарлар)гагина насиб қилгани сир эмас. Оддий одамлар, зиёлилар, деҳқонлар ва турли касб эгалари учун енгил машинага миниш ширин туш, аниқроғи армон эди…

Самарқанддан Тошкентга енгил машинада бориш – қўл етмас орзу эди. Талабалик йилларимда Тошкентдан то қишлоғимга етгунча неча маротаба тиқилинч автобусда тик оёқда туриб келганларим сира ёдимдан чиқмайди…

Собиқ мустабид тузум даврида бирор соҳа гуллаб-яшнаганини кўрмаган эдик. Аксинча, иқтисодиётдан тортиб ижтимоий соҳаларгача нақадар аянчли, ачинарли аҳволда эди. Адойи тамом қилинаётган маънавиятимиз, миллий қадриятларимизнинг аянчли қисмати ҳақида гапирмаса ҳам бўларди. Шунинг баробарида одамлар турмуши, ҳаёти нақадар оғирлашиб борарди…

Ана шундай оғир замонда – 1989 йил 23 июн куни Ислом Абдуғаниевич Каримов республикамиз раҳбари бўлгани ҳақида эшитиб, умид учқунлари пайдо бўлган.

“Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобида худди ўша даврда юз берган воқеа-ҳодисалар нақадар теран акс этган.

Очиғи, очлик замонини кўрганлар тўқчилик, фаровон ҳаётнинг қадрига росмана етадилар. Алғов-далғовли, нотинч кунларни бошидан ўтказганлар тинчлик ва осойишталик қанчалик бахт эканини яхши биладилар.

Бу гаплар энди чўпчакка, “ўтмишдан эртаклар”га айланганга ўхшайди.

Шукрки, юртимиз мустақиллиги шарофати билан иқтисодиёт ва бошқа соҳаларимиз ақл бовар қилмас даражада ривожланиб бораётганига нафақат гувоҳмиз, айни пайтда ўша беқиёс фаровонликдан ҳар лаҳзада баҳрамандмиз.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деган умидбахш сўзлардан таскин топган бўлсак, бугун ўша орзулар ушалиб, росмана буюк давлатни кўриб турибмиз.

Мустақилликнинг тотли меваларидан баҳраманд бўлмаган оила ё бирор киши қолдими?

Тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт гаштини сураётган замондошларимизга ҳавас қилса арзийди.

Ўнлаб соҳаларда эришилаётган ютуқлар ҳақида юзлаб китоблар ёзсанг ҳам камлик қилади.

Жаннатга монанд Пастдарғом далалари, қир-адирлари бўйлаб чўзилиб кетган равон йўллардан “Нексия” автомашинасида Нуробод тумани сари елиб борар эканмиз шууримдан шундай ўйлар кечарди.

Дастурхонларимизга файз киритаётган биргина гўшт маҳсулотларини ўзимча ҳисоб-китоб қиламан.

Тошкентда ҳашаматли, замонавий тўйхоналар сони 500 дан ошгани ҳақида қайсидир газетада ўқигандим. Ўша тўйхоналарга кунда-кунора ошга борамиз. Тўйлардаги тўкин-сочинчиликни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсан. Бу борада “исрофгарчиликка йўл қўймайлик” деган гаплар матбуотимизнинг асосий мавзуларидан бирига айлангани ҳам бежиз эмас.

i (13)

Тасаввур қилинг, ўртача 500 меҳмонга (икки сира меҳмон кирса 1000 кишига!) мўлжалланган шунча тўйхоналаримизда ҳар куни икки-уч марта ош тортилади. Кечки тўй-базмларида дастурхонларни кўриб лол қоласан.

Уларга қанча гўшт кетаркин? Ошникидан ташқари столларни тўлдирган яхна гўштлар-у колбасаларгача ҳисоблаганда сарфланадиган лахм гўштларни бир тасаввур қилиб кўринг…

Ҳар қадамда иштаҳани қитиқловчи ошхона, сомсахона, кабобхоналардан таралаётган гўштли таомларнинг бўйларидан сармаст бўласиз.

Бир-биридан тўқ-фаровон яшаётган миллион-миллион хонадонларда ҳар куни қозон-қозон димлама-ю қовурмалар, ошдан тортиб шўрвагача ҳил-ҳил пишаётган гўштларни тасаввур этишнинг ўзи мароқли!

Бозорларда, бири-биридан ҳашаматли замонавий дўконларда тахланиб ётган лахм-лахм гўштларни кўриб ҳам шукр қиламан, ҳам ваҳифага тушаман.

Ваҳимага тушишим сабабини англагандирсиз: чорвадорларнинг қўрғони ҳувиллаб қолмаяптимикин? Ҳар куни беҳисоб қорамоллар, қўй-қўзилар шу тахлитса сўйилаверса… туёқлар камайиб кетмайдими?

i (8)

Юрагимга ғулғула солиб юрган ана шу саволларга Нуробод туманининг серфайз дала-ю даштларида мухтасар жавоб топилди! Озроқ лоф-қофи билан айтганда, қўй-қўзилар бамисоли гиламдек қир-адирларни қоплаганини кўриб юрагим ҳапқириб кетди. Айтишларича, бу туманда энг “камбағалман” деган кишининг камида 200-300 та қўй-қўзилари бор экан. Буёғи мингдан ортиқ қўй боқадиганлар кетма-кет туғилаётган қўзичоқларни уддалашга гоҳо “мадорлари етмай” қоларкан!..

i (9)

Мамлакатимизда бундай чорвадор туманлар-у хўжаликлар қанча!

Ҳиммати биланд чорвадор-чўпонларимизнинг ўша қорамоллар ва қўй-қўзиларни кўпайтириш ҳамда парвариш қилишни қойиллатаётганларига эса тасаннолар айтсанг арзийди.

20110822-17-150x150

Нуробод туман марказига яқинлашганимда қўл телефоним жиринглади. Қадрдон дўстим Манноп Ибодуллаев!

– Нуробод тумани ҳақида маълумотлар сўраган эдингиз,– деди вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмат раҳбари.– Бу туман 1975 йил 26 ноябрь куни ташкил топган. Умумий майдони – 5,7 минг км2. Шаҳар типидаги посёлкалар (шаҳарчалар) сони – 1 та. Маҳалла фуқаролари йиғинлари сони – 35 та, шундан шаҳар маҳаллалари сони – 4 та, қишлоқ фуқаролари йиғинлари сони – 7 та. Қишлоқ аҳоли пунктлари – 94 та. Аҳоли сони – 130000 дан ошган…

Ҳамкасбимнинг тетефон орқали айтаётган маълумотларини мароқ билан эшитар эканман, вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари деганлари бундоқ бўпти-да, деб қўйдим кўнглимда.

Тошкентга қайтгач, журналистика факультети талабаларига бу ҳақда албатта айтаман. Ахборот хизмати амалиётини Манноп Ибодуллаевдек етук матбуот котибларидан ўрганишларини тавсия этаман.

Нуробод туман ҳокими ёрдамчиси Ғайрат Мусурмонов, ҳокимнинг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Ўрол Санаев, туман Бандликка кўмаклашувчи маркази директори Умрзоқ Қурбонов билан биргаликда ёш мутахассисларнинг ишга жойлашиш ҳолатини таҳлил қилдик.

Нуробод туманидан биргина Элмуродов Хуршид Оролович ЎзМУнинг Биология факультетини тамомлаган экан. У аллақачон Нуробод туман 62-мактабда ишни бошлаб юборган экан!

Бу ерда ҳам ишлар рисоладагидек бўлгач, Нарпай тумани томон йўлга тушдик.

 

Тўлқин ЭШБЕК

(Давомини бир неча соатдан кейин ўқийсиз. Сайтимиздан узоқлашманг).

Ушбу сафарномани сайтимизга жойлаштиришга яқиндан кўмаклашаётган Оқдарё туман “Оқдарё овози” газетаси бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиевга самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.

Сайтимиз азиз мухлисларига ҳамиша мунтазир!

You may also like...

3 Responses

  1. Шарофиддин:

    Тўлқин Эшбекдан ватанпарвқарлик хақида мақола ёзишни ўрганиш керак.Гап йўқ. Истеъдодингизга тан бериш керак.Сиздек устоздан таълим олаётган талабалар келажакда хеч кимдан кам бўлмаслигига ишондим.

  2. Ассалом алайкум Улуг Устоз. Самарканд сайкали номли (6-макола)нгизни укиб чикдим.Айни хакикатни ёзибсиз.Прияйникнинг каттиклиги менинг хам ёшлигимни эслатиб юборди. Саломат булинг.

  3. Nodira Saydullayeva:

    Ollohga shukurki mustaqillik yillarida, yana mana shunday jannatmakon diyorda tug’ilib voyaga yetish nasib etdi. Ustoz yuqorida ta’riflagan yillarni ko’rmagan bo’lsakda ko’p o’qiganmiz. Vatanimiz, bizning porloq kelajagimiz uchun o’z xissasini qo’shgan har bir yurtdoshlarimizdan minnatdormiz. Shrofiddin aka yozganlaridek, ustozimiz ilm chashmalaridan bahra olib unib o’sib, kelajakda hech kimdam kam bo’lmaymiz. Zero, bu zamin farzandlari hech qachon hech kimdan kam bo’lmaganlar!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>