Тўйга буюрган “кафанлик”…

Ҳаётимда жуда кўп кулгили воқеалар юз беради.

11.

(Раҳматли отам Усмон Эшбеков 1987 йилда…)

Бу қанчалик бахт эканлигини кейинроқ англаб етаман. Афсус, унда кеч бўлади…

Собиқ шўро даврининг сўнгги йиллари кўп нарса тақчил бўлиб қолган эди. Деярли бўм-бўш дўконлардан излаган нарсангни тополмайсан, ҳатто кафанликка оқ сурп ҳам маҳалла оқсоқолининг рухсатномаси билан бериларди. Шундай кунлардан бирида отам инсульт деган дардга чалиниб қолса денг. Нохуш хабардан ваҳимага тушиб қишлоғимга етиб бордим. Хайрият, шифокорлар отамнинг ҳаётини сақлаб қолишибди!

Кўнглим бироз таскин топганди, онам секин шивирлаб айтган гапидан сесканиб тушдим.

– Отанг бутунлай тузалиб кетиши қийин экан,– деди у ранглари бир ҳол бўлиб.– Ўша куни шарманда бўлишдан худо асрасин …

– Қайси куни?– Тушунмай чайналдим.

– Отангни кўмадиган куни!..

Отажонимдан худди ҳозир айрилиб қолаётгандек вужудим титраб кетди. Бироқ, онамга ҳам гап қайтаришнинг мавриди эмасди. Нимадандир умидвордек жавдираб турган кўзларига боқиб, кўнглига қўл солдим:

– Хўш, мен нима қилишим керак?

Онаизорим гапни сал узоқдан бошлади:

– Энди-и, бу ёғи кексалик, болам. Кексалар ўлимлигини тахт қилиб қўяди. Нима бўлсаям, кафанликка оқ сурп обериб кет! Тошкентдай жойда ишлаб юрибсан, қора кунингда ҳам одамлар кузатади. Тобутнинг устига бахмал ёпмасак бўлмайди…

Ғаройиб удумларимиз бор-да. Бизнинг қишлоқларда гўрков меҳнатига пул олмайди! Бироқ, энг нозик ва машаққатли ишни бажарган кишини қуруқ қўйиш ҳам инсофдан эмас… Хуллас, дафн маросимидан сўнг бахмал унга берилади.

Онамнинг таъбири билан айтганда, «Тошкентдай жойда юрган»га яраша туман савдо ташкилотидагилар ҳам ҳурматимни жойига қўйишди. Оқ сурп, тобутнинг устига яраша чиройли бахмал топиб беришди!

Отам омон қолганидан қанчалик суюнсам, онаизоримнинг мамнун бўлганидан ҳам шунча кўнглим жойига тушиб, ортга қайтдим. Ҳаёт қайнаб турган шаҳарда кунлару ойлар тез ўтиб кетганини сезмай қоласан. Орадан анча ўтиб, ота-онам ҳолидан хабар олиш учун қишлоққа отландим.

– Суюнчи бер!– Дийдорлашиб сўрашгач, онамнинг биринчи гапи шу бўлди.– Худойимга шукр, чевара кўрдим! Опангнинг қизи – катта неварам Асолат ўғил туғди!

– Эй-й, муборак бўлсин,– дедим қувониб. – Мана, отажонимга ҳам шундай бахтни кўриш насиб этди! Икковингизга ҳам қуллуқ бўлсин.

– Хурсандлигимдан нима қилдим, де?– Гапини давом эттирди онам.– Сени обериб кетган бахмалниям, чақалоққа тагликка сурпниям ҳадя қилиб юбордим. Қара, яхшиликка буюрган экан! Топганинг тўйга буюрсин, деган гап бежиз айтилмаган-да! Худо ёрлақади, болам! Илойим, сен ҳам чевара кўргин!..

Ўшанда кўнглимни қандайдир туман қоплаган бўлса, бу гаплардан чинакам офтоб чиқди мен учун. Бироқ, сафарим қариган чоғда онамнинг кўзларида яна ёш ғилтиллади:

– Кеча бозор куни қўшни қишлоқда бировнинг чақалоғи йўқ бўлиб қолибди,– деди гапни сал узоқдан бошлаб.– Кафанликка талон берадиган маҳаллаком ҳам, дўкончи ҳам шаҳарга кетган экан. Шўрликлар роса хуноб бўлишибди. Ахийри битта кўрпанинг оқ чехолини олиб, кафан ясашибди… Худо шунақа шармандаликдан асрасин…

Сўнгги сўзларини айтаётганда онам кўзлари билан секингина отамга ишора қилиб қўйди…

Тушунарли…

Туманимизнинг катталари бор бўлсин, ҳар гал ҳурматимни жойига қўйишади! Талон-палон деб қисталанг қилмасдан бахмал ва сурп топиб беришди.

Орадан бир неча ой ўтиб қишлоққа борсам, онажоним яна ўзида йўқ севиниб ўтирибди!

– Суюнчи бер, акангнинг ўғлини уйлантирдик! Невара келинни кўриш ҳам насиб этди! Кўрманага бахмални, иримига ўша сурпни инъом қилиб юбордим! Топганинг тўйга буюрганига шукр қил, болам!

Олис қишлоқда қолган оиламизнинг қувончига шерик бўлишдан катта бахт борми!

Бироқ, қайтишда яна ўша гап. Бу гал онам узундан узоқ тушунтириб ўтиришга ҳожат бўлмади. Кўзлари билан отамга ишора қилгани ҳамоно қўлимни кўксимга қўйдим…

Тағин қишлоққа борсам, отамнинг акаси, иккинчи жаҳон урушидан ногирон бўлиб келган амаким етмишга тўлибди! Отамнинг ҳурмати учун онам қайноғасига совға сифатида бахмал беришни лозим кўрибди. Улар қўшалоқ тўй қилиб, биратўла ўғлига келин ҳам олган экан, унга сурпни бериб юборишибди…

– Савоб қилсанг – бутун қил, деган нақл бор, болам. Мустар (муҳтож, демоқчи, шева) бўлиб келганида, йўқ, дейиш гуноҳ бўлади-я…

– Яхши қилибсиз, нима дердим…

Қайтишда эса яна шу ҳол…

Уйда телефоним жиринг этса, юрагим ширинг этиб кетади. Ишқилиб яхшиликка бўлсин, дейман. Кўпинча пулга ёлчимай юрадиган акам менга телефон қилишнинг уддасидан чиққанига ҳам шукр қиламан. Одатдагидек гўшакдан акажонимнинг бечораҳол товуши эшитилди:

– Кичкина синглимизнинг тўйи тезлашиб кетди. Шанба куни етиб кел!

Сўнгги фарзандининг ҳам ширин ташвишидан қутилган ота-онамнинг қувончини кўришдан катта бахт борми! Аллақачон оёққа туриб кетган отам синглимга оқ фотиҳа берганида севинч ёшларимизни тия олмадик! Ҳаммасидан ҳам кўра онажоним тўйда бахмал ва оқлик инъом этганидан хурсандлигини тавсирлашга тил ожизлик қиларди!

Мени елкаларимдан олиб бағрига босаркан, пичирлаб айтган гаплари карнай-сурнай садоларига қўшилиб кетди:

– Тўйга буюрди, болам, тўйга!!

Эртаси куни Тошкентга қайтаётганимда ўзимни ҳеч қачон кечира олмайдиган катта хатоликка йўл қўйдим. Онамнинг навбатдаги ишорасига жавобан шундай дебман:

– Хўп десангиз, бахмал билан сурпни уйимга олиб қўйсам, барибир, етиб келаман-ку… Ўшанда олиб келарман…

Муштипар онам, хўп, деган маънода бош ирғаб қўя қолди. Ҳар гал ширингина кулиб қўядиган чеҳрасида энди табассум кўринмади…

Ниҳоят, телефоним нохуш хабардан дарак бериб жиринглади…

Йўл-йўлакай «Ипподром» бозоридан бахмал ва сурп олиб қишлоққа учдим. Беҳуш ётган отам менинг етиб келганимни эшитиб, сўнг қўлимда жон берди…

Бироқ, онам аллақачон ўзи бахмал ва сурп олдириб қўйган экан…

Унсиз йиғлаётган кўзлари менинг тугунимга қарамади ҳам…

Бахт қўша-қўша келганидек, гоҳо бахтсизлик ҳам кетма-кет келаверар экан. Не ҳолки, кўп ўтмай онаизоримни ҳам сўнгги манзилга кузатдик…

Хурсанд она фарзандлари даврасида нақадар бахтиёр бўларди...

Хурсанд она фарзандлари даврасида нақадар бахтиёр бўларди…

Ўқтин-ўқтин тушларимга онажоним киради. Қўлларида қандайдир оқ нарсани тўйга олиб кетаётганини кўраман.

Алҳол сесканиб уйғонганимда уйим ҳувиллаб ётган бўлади.

Беихтиёр пешонамга муштлайман…

Қанийди ўрнига тушса…

Олти марта эмас, олтмиш, олти юз, олти минг марта бахмалу оқликлар олиб берсам, онаизорим ҳаммасини тўйларга кўтариб борса бўлмасмиди…

Шунчалик беқиёс бахтли кунларимга ўзим нуқта қўйдим-а…

Энди энг бахтли туним – онам тушимга кирган кеча бўлади! Раҳматли меҳрибоним ҳамон ширингина кулимсираб, топганинг тўйга буюрсин, деб қўйгандек туюлаверади…

 Ддомла

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

You may also like...

13 Responses

  1. Tasirli hikoya qilinibdi. Ortiqcha bo’yoqdorlik yo’q. Samimiy. kasbimiz nuqtai nazaridan qaraganda Hamma (akademik ham, traktorchi ham) tushinadigan bo’libdi. Yig’latganiz uchunmas, oxirgacha o’qishga «majbur» qilganingiz uchun TASHAKKUR!

  2. Ota-ona Yaratgan tomonidan bizga berilgan juda katta baxt. Ularning duosi hayot yo’llarimizni yoritib, bizni balo-qazolardan asraydi.

  3. гапимни сизга айтиб бўлдим охирги вақтлар ҳикоя ўқиб бунчалик таъсирланмаган эдим Саид Аҳмаддан сўнг

    • Мўминжон дўстим! Ўзингиз ҳам донишманд, дунёқараши кенг маърифатпарвар инсонсиз-да. Ташкилотчилик фаолиятингиз таҳсинга сазовор. Ўзингиз сезмаган ҳолда кўп мавзуларга «туртки» бериб қўймоқдасиз. Келгусида ёзилажак ҳикояларда ажиб воқеликларни ўқиб мазза қиласиз ҳали!..

  4. Ota va onalarimizning umrlari uzoq bo’sin. Rahmat ustoz

  5. Ushbu Hikoyani o`qiganingdan so`ng bir karra ta’sirlansang, hikoya «qahramon»i senga tanish inson bo`lganligi uchun ikki hissa ta’sirlanasan kishi. Ayniqsa hikoyaning «Бироқ, онам аллақачон ўзи бахмал ва сурп олдириб қўйган экан…
    Унсиз йиғлаётган кўзлари менинг тугунимга қарамади ҳам…» qismini o`qib, ko`zlaringda yosh qalqishi turgan gap. Bu yerda gap kafanlikda emas, onaizorning kichikkina yuragidagi ULKAN dil og`rig`i yuragingni teshib o`tishi aniq.

    Endi quyidagi jumlani o`qigan yuragi bor har qanday inson(ota-onasi borlar ham) bir bor larzaga tushishi aniq. Gapda shirin bo`lib ko`ringan achchiq arfon ifodasi mavjud: «Энди энг бахтли туним – онам тушимга кирган кеча бўлади!»

  6. Ota-onalarimiz baxtimizga har doim sog’ va salomat bo’lishsin.

  7. Ota — onani qadriga yetamiz deganimizda ukar bizni tark etishgan bo’ladi. Shuning uchun ota — onani doimo qadriga yetish kerak.Doimo ularni duosini olishimiz lozim.Axir ular bizning eng qimmatbaho hech nimaga alishmaydigan aziz va mo’tabar zotlarimizdir.

  8. Men ham bu maqolani o’qib tasirlandim.O’zingiz o’qib berganingizda bundanda tasirlanib ko’zimga yosh keldi.

  9. Keksalarimiz bejiz ,,Ota-ona bu davlat» deya ta’kidlashmagan. hamma narsani o’z vaqtida qadriga yetish lozim. Juda ham ta’sirli hikoya.

  10. Inson o’zi shunaqa baxtli damlar, baxtli kunlar va baxtli odamlar davrasida yurganida uni sezmaydi.
    »Энди энг бахтли туним – онам тушимга кирган кеча бўлади! »debsiz ustoz. Siqilmang, ayni vaqtda ham siz eng baxtli insonlardan birisiz. Chunki, mustaqil bu ona Vatanda biz kabi shogirdlaringiz bor.

  11. Шаҳло Холдорова:

    Бу ҳикоянгиз юрагимни ларзага келтирди. кўзларимда ёш… Ҳеч кимнинг ота-онаси ўлмасин иллоҳим. Дунёдаги бутун ота-оналар барча фарзандлар бахтига соғ бўлишсин.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>