УСМОН ЭШБЕКОВНИНГ УЙ МУЗЕЙИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси уй музейи маънавият масканга айланади

 
 
 
 
Тумандаги Зартепа маҳалла фуқаролар йиғини Таллак қишлоғида иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Усмон Эшбековнинг 100 ёшга тўлиши муносабати билан уй музейи очилди. Тантанали тарбирда Олий Мажлис сенати аъзоси Фармон Тошев, туман ҳокими Шуҳрат Негматов, вилоят Нуронийлар Кенгаши раиси Саидаҳмад Усмонов, тиббиёт фанлари номзоди Раббана Йўлдошев, меҳнат фахрийси Исмоил Омоновлар сўзга чиқиб, Усмон Эшбеков ҳақидаги хотираларини фахр билан тилга олдилар.
Хотира китобига дастхатлар битдилар. Тадбир ажойиб кўринишда бошланди. Ҳудуддаги 7-умумтаълим мактабининг ўқитувчи ва ўқувчиларани меҳмонларни сафга тизилган ҳолда хушнуд кутиб олдилар. Қишлоқ аҳли Усмон Эшбеков ҳаёт кечирган ҳовли томон шошилди.
Дастлаб Қуръон тиловат қилинди. Муҳтарам президентимиз таъкидлаганидек, “Ўз жонини она юрт учун қурбон қилган ватандошларимизнинг руҳи поклари олдида бош эгиб таъзим қиламиз.” Дарҳақиқат, уларнинг жасоратлари, Ватанга садоқатини бугунги авлодга етказиш бурчимиздир. Сира жароҳатлари битмайдиган уруш бўлиб қалбларга муҳрланган жангу жадалларда Ўзбекистондан 1,5 миллион алп қомат йигитлар қатнашди. Уларнинг 420 000 нафари мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатиб ҳалок бўлдилар. Ўзбек ўғлонлари она Ватанига бўлган садоқатини намойиш этдилар. Улар орасида иштихонлик Усмон Эшбеков жасорати лол қолдирди. Усмон Эшбеков 1922 йилнинг 5 июлида тумандаги Таллак қишлоғида дунёга келган. Иккинчи жаҳон урушига қадар яъни 1937-1941 йилларда қишлоқ мактабида ўқитувчи бўлган. Уруш бошланган кезларда Эшбек бобонинг 4 нафар ўғиллари—Суннатилла, Омон, Исмон ва энди 19 ёшга тўлган Усмон Эшбековлар фронтга чақирилади. Самарқандда ташкил этилган “Ўзбек дивизияси” сафида фронтга жўнайди. Жанг аёвсиз кечарди. Кўп ўтмай Сунаттилла ва Омондан қора хат келади. Бу нохуш хабар оила аъзолар, қариндош, қишлоқдошларни қайғуга солади. “Ўзбек дивизияси” жангларда кўп талофат кўради. Аскарлар сони камайгач, бошқа қисмларга қўшиб юборилади. Усмон Эшбеков ротаси Собир Раҳимов қўмондонлик қилаётган 37-ўқчи дивизия таркибида жангни давом эттиради. Уруш аёвсиз эди.1944 йилнинг бошларида шиддатли жангларда оғир ярадор бўлади. Олий бош қўмондоннинг бўйруғига асосан “Уруш ногирони бўлган ўқитувчилар захирага бўшатилиб, тезда мактабларни қайта очиш” топшириғига кўра қишлоққа қайтади. Уруш туфайли вақтинча фаолияти тўхтаган 7- умумтаълим мактабини қайта таъмирлаб, қишлоқ болаларини мактабга бошлайди. 1960 йилларга қадар ўқитувчиликни давом эттиради. Усмон Эшбеков ҳар томонлама ибрат бўлиб ҳурмат қозонди. Хурсандой она билан 10 нафар фарзандларни эл корига ярайдиган инсонлар қилиб камолга еткиздилар. Президентимизнинг ташаббуслари билан ўзбекча крил ва лотин алифболарида рус, инглиз тилларида чоп этилган “1941-1945: Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” китоб-алъбомига Усмон Эшбековнинг “Биз Раҳимовчилар эдик” сарлавҳали суратли мақоласи киритилди, “Президентга мактублар” китоблари иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Усмон Эшбеков уй-музейига муносиб совға бўлди. Ташриф буюрган меҳмонлар, 7- умумтаълим мактаби ўқувчилари унда битилган ҳар бир сатрларни фахр ва ифтихор билан ўқиб чиқдилар.
-Бу қишлоқда жуда кўп ободончилик ишлари амалга оширилади,-деди тадбирга сўзга чиққан туман ҳокими Шуҳрат Негматов.—Уй музей янги манбалар билан бойтилади. Қишлоқ йўлини таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Ҳудудни обод ва фаровон масканга айлантирамиз. Истеъдодли ижодкор Фармон Тошев эса уй музейини китоб билан бойитишга эътибор қаратишини билдирди.
Ҳа, жасорат, мардлик, Ватанга садоқат мангудир. Йиллар, асрлар ўтса-да бундай инсонларнинг ҳаёти ҳар бир инсон учун намунаси бўлиб элни бағрига чорлайди. Уй музейни ташкил этишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбековнинг саъйи ҳаракати билан жуда кўп экспонатлар жой олган. Усмон Эшбековнинг ҳарбий либослари, орден ва медаллар, жанг майдонлари, оила даврасидаги суратлари билан танишар экансиз қалбларга мангу ҳайкал бўлиб муҳрланади.
Ўзбекистон Қаҳрамони, истеъдод соҳиби Абдулла Орипов айтганидек: …Бизнинг узоқ авлодлар ҳам Келганида дунёга, Кўргай мангу тинчлик учун Нелар кечган дунёда. Дарҳақиқат, бу кунларга осонликча эришилмади. Уй музейи фақатгина қишлоқ аҳолиси учунгина эмас иштихонликлар учун муқаддас масканга айланади. Бахт, иқбол, нурафшон ҳаёт учун курашган Усмон Эшбеков каби улуғ инсонларнинг жасурлигини ёдга солиб туради.
Гулчеҳра Усмонова.

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>