Устоз сизга ташаккур

Сайтимизга Хоразмдан хат келди

ХарзмКиз

Инсон тарихнинг яратувчиси, иштирокчиси ва уни дунёга келтирувчи энг олий ҳилқат эканлиги рад этиб бўлмас ҳақиқатдир. Ҳар бир яхши ва пухта иш келажакда катта ривожланишларга сабаб бўлади. Ўргимчакнинг шошиб бажарган иши сифатсиз. Ипак қуртининг секин бажарган иши пишиқ, пухта.

Ассалом-у алайкум азиз устоз Тўлқин ака. Мен аввало иқтидор ва истеъдоддан сўз очганим бежиз эмас албатта. Бизга маълумки истеъдод инсонни энг юқори марралар сари етакловчи кучдир. Кимгадир такрорланмас истеъдод тухфа этилган. Аммо қунт етишмаса ундаги истеъдод шунчаки такрорланмас ҳислатдир. Ушбу ҳислатга йиллар давомида сайқал берилса муваффақиятларнинг энг юксак чўққиси бизнинг қўлимиздадир. Ёшлик даврларининг қимматли дамларини керакли ва фойдали ишларга сарфлаш эса бизни эртанги келажак учун етакловчи кўприк вазифасини ўтайди десам асло янглишмаган бўламан.

Устоз сизни телевидиния ва радио орқали намойиш этилаётган кўрсатув ва интервюларингизни мунтазам равишда кузатиб келяпман. Сизнинг одоб-аҳлоқ, тарбия, маънавият ва билим олиш ҳақидаги ҳар бир билдирган фикрингиз том маънода мени илм чашмасининг туби томон ундади. Илк бора сизни 2-январъ куни “Маҳалла” телерадиоканали орқали намойиш этилган “Халқ виждони” телекўрсатувида кўриш бахтига муяссар бўлдим. Ва сизнинг кўрсатув орқали, яъни илм олиш, одоб-аҳлоқ, айниқса одобнома китоби ҳақида ёритган фикрларингиз менда алоҳида тасаввур уйғотди. Ўшанда сизнинг “Мен ўзим устоз даражасида бўлсам ҳам 1-синф одобнома китобини бошқадан варақлаб чиқдим, ҳали менинг ўзим ҳам репититорларга қатнаб илм уммонининг томчилари ҳақида билмаганларимни бойтиб келяпман” деган сўзлариз кўнглимда сизга нисбатан алоҳида ҳурматни шакллантирди. Кўрсатув орқали баён қилган “Подшо ва уч ўғил” ҳикояси орқали эса инсонда юксак маърифат ва чуқур билим бор бўлса ҳаётда ҳеч бир нарса кераксиз буюмга айланмаслиги тўғрисида тушунчаларни шундай оддий ва равон тилда тушунтиришингиз менинг тасаввуримда сизнинг ҳаёт мактабининг иқтидорли ўқитувчиси эканлигингизни гавдалантирди.

Шу ўринда сизнинг жонкуяр устоз, фидоий муаллим, одил рахбар эканлигингизни айтиб ўтишни жоиз деб билдим. Сиз Ўзбекистон Республикаси Миллий Университети дотсенти лавозимида фаолият юритиб келяпсиз. Эсингизда бўлса сиз кўрсатув орқали ўз иш фаолиятингиз жараёнида дуч келган ходисани сўзлаб бергансиз. Яъни ЎзМУ журналистика факултетининг 4-босқич битирувчи талабалари орасида бир ўқувчингизнинг ниҳоят ўқишни тугалладим деган сўзларини эшитиб қолганлигингизни, сиз эса ўша ўқувчига энди сен билан шунчаки устоз шогирд эмас ҳақиқий журналистлардек суҳбатлашаман дея жавоб қайтарганингиз. Ўша талабага эса кун келиб мана шу айтаётган сўзларига қаттиқ пушаймон бўлиши, шундай шарафли ва бебаҳо касб ҳақида билдирган фикрларига кун келиб афсус чекиши ҳақида уқтирганингиз орадан йиллар ўтиб бўлсада шу талабада албатта кузатилди. Айтган гапларидан пушаймон эканлиги, ва ҳаёт ўзи ўйлаганчалик текис ва равон бўлмаслигини сизга телефон орқали ифода қилгани сиз ўз шогирдингизни ўз вақтида ва тўғри йўлга сола олганлигингизнинг самарасида деб ўйлайман.

Мен ҳам ёшлик чоғимдан журналистика соҳасига жуда қизиқаман. Ҳозирги кунгача туман, вилоят ва республика нашриётларида турли мавзулардаги мақолаларим мунтазам равишда чоп қилиниб келинмоқда.

Мен Атахонова Чаросхон Иброҳим қизи 1998-йил 28-май куни Хоразм вилояти Боғот тумани “Хўжалик” қишлоғида туғилганман. 2004-йил туманимиздаги 44-сон умумий ўрта таълим мактабининг 1-синфига қабул қилиндим. Мактабда таълим олиш жараёнида бир қатор ютуқларни киритдим ва фан олимпиадаларида фахрли ўринларни қўлга киритдим. Ва 2013-йилда мактабни имтиёзли шаҳодатнома асосида тугалладим. Шу йилнинг 2-сентябръ куни Боғот Иқтисодиёт коллежи 98-13 гуруҳ бхгалтерия йўналишининг 1-босқичига қабул қилиндим. Хозирги кунда коллежнинг битирувчи курс талабасиман. Ўқиш давомида ҳам бир қатор ютуқларни қўлга киритиб, тенгдошларим орасида иқтидорли талабалар сафида турибман. Шеъриятга бўлган қизиқишим туфайли шеърларим Хоразм вилояти “Ёзувчилар уюшмаси” томонидан даврий матбуотда чоп этилиб келинмоқда. Келажакдаги орзуим эса коллеждан кейинги босқични Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетида давом қилдиришдир. Албатта омадим келиб ЎзМУ нинг талабалари сафига қабул қилинсам мендан ўз маслаҳат ва ёрдамингизни аямайсиз деган умиддаман. Бугунги мустақил даврда яшаб турган бир пайтда президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг яратиб бераётган имкониятлардан тўлақонли тарзда фойдаланиб, мен ҳам ҳаётда сиз каби ўз касбининг моҳир билимдонларидан таълим-тарбия олиб келажакда ўз севган касбимнинг етук мутахассиси бўлиб етишиш энг олий мақсадларимдан биридир. Келажакда ота-онам орзу қилган улар тасаввурида кўрган етук қиз бўлиб ҳамда эл-юртимга, жамиятимизга муносиб кадр бўлиб етишсам ва Ўзбекистон номини дунёга машхур қилиб, ўзбекнинг хур фикрли, баркамол соғлом фарзандлари аждодларга муносиб авлодлар бўлиб камолга етаётганликларини бутун оламга тарата олсамгина мен ўзимни сиздек устозларимнинг берган билим ва ишончини оқлай олдим дея ҳисоблайман. Орзуларим албатта ўз рўёбини топади деган умиддаман.

***

ТА

Пойтахтдан анча олислардаги қишлоқ, маҳалла ва шаҳарларимиздан шундай ёш истеъдод соҳибалари етишиб чиқаётгани албатта умид уйғотади. Биз ҳам Чаросхоннинг келгуси ўқиш ва ишларига омад тиламиз.

Дониш домла

You may also like...

2 Responses

  1. Albatta har qanday harakatga tinimsiz mehnat va intilish bilan erishiladi. Charosxon singlimizga omad tilaymiz. Xatdagi samimiylilkni o’ziyoq undagi ijodga muhabbatni ko’rsatmoqda.

  2. Чаросхоннинг самимий дил сўзлари яна бир истеъдод камол топиб келаётганидан далолат берса ажаб эмас. Фақат айрим имловий хатолар (ҳислат, телевидиния, репититор, факултет, машхур ва бошқ.) га эътибор беришингизни хоҳлардим. Ижодингизга омад!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>