Яхши қўшничилик ва абадий дўстлик муҳитидан халқларимиз мамнун

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат

Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10-11 июнь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

СиёсатТанлаш

21:35 / 11.06.2021
Президентимиз ташриф доирасида 11 июнь куни Душанбедан Хўжандга келди.

Олий мартабали меҳмонни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.

Хўжандда давлатимиз раҳбари ташрифига катта тайёргарлик кўрилган. Икки мамлакат байроқлари билан безатилган аэропорт ва кўчаларда жамоатчилик вакиллари Президентимизни катта хурсандчилик билан қаршилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан биргаликда Хўжанд шаҳри яқинидаги “Арбоб” маданият саройига ташриф буюрди. Бу ерда Сўғд вилояти жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар, нуронийлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Тожикистон пешвоси Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан икки мамлакат ўртасида ишонч ва дўстлик муҳити яратилганини таъкидлади.

– Илгари тўпланиб қолган муаммолар шундай қисқа муддатда ҳал этилишини тасаввур қилиб бўлармиди?! Бунга халқаро ташкилотлар ҳам ишонмаган эди. Бугун давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди. Бундай муносабатларнинг ташаббускори ва «архитектори» ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев, – деди Эмомали Раҳмон.

Кейинги йилларда давлат чегараларида 17 та ўтказиш пункти очилгани, Тожикистон халқи бундан миннатдор экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари йиғилганларга чуқур ҳурматини билдириб, халқларимиз ўртасидаги дўстликни қадрлаш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳақида нутқ сўзлади.

– Авваламбор Сиз азизлар, Сўғд вилояти жамоатчилиги ва фаоллари, нуроний оқсоқоллар, зиёлилар, ёшлар билан қадимий ва навқирон Хўжанд шаҳрида дийдор кўришиб турганимдан бахтиёрман. Ҳозиргина Тожикистон раҳбари, қадрли биродарим Эмомали Шарипович таъкидлаганидек, бу кунлар тарих, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Дини, урф-одат ва қадриятлари муштарак ўзбек ва тожик халқлари асрлар давомида ён қўшни, дўст ва ҳамкор бўлиб яшаган. Шубҳасиз, бу бебаҳо бойликни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга безавол етказиш муқаддас бурчимиздир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қарор топган яхши қўшничилик ва абадий дўстлик туфайли биз улкан натижаларга эришмоқдамиз. Албатта, бундай ютуқларга эришишда Сиз, азизларнинг, икки мамлакат жамоатчилиги ва зиёлиларининг беқиёс ҳиссаси борлигини биз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти ташрифининг муҳим қисми Хўжанд шаҳрида ўтгани бежиз эмас. Бу қадимий шаҳар ўзбек ва тожик халқлари учун бирдек қадрли. У асрлар давомида Буюк ипак йўлидаги марказлардан бири бўлиб, минтақамиз маданий ҳаётида алоҳида ўрин тутган.

Душманга қарши елкама-елка курашган буюк саркардалар – хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди ва Хўжанднинг шонли фарзанди Темур Малик жасорати халқларимиз хотирасида муҳрланиб қолган. Кейинчалик темурийлар, шайбонийлар ва хонликлар даврида ҳам Хўжанд муҳим қўрғон бўлган, ривожланган.

Бугунги кунда Хўжанд шаҳрида Ўзбек маънавияти ва маърифати маркази, маҳаллий университетда ўзбек филологияси бўйича мутахассислар тайёрлайдиган илмий мактаб фаолият юритмоқда.

Ўзбекистонда, барча миллат ва элатлар қатори, тожик маданиятини сақлаш ва ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда бир миллион олти юз минг нафар тожик миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилмоқда, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар орасида таниқли олимлар, тадбиркор ва фермерлар, ўқитувчи ва шифокорлар, турли даражадаги раҳбарлар бор.

Мамлакатимизда 15 та тожик миллий маданият маркази миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Тожик тилида газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда. 255 та мактабда таълим тожик тилида олиб борилаётир. Бир қатор олий ўқув юртларида шундай факультетлар ва бўлинмалар фаолият юритмоқда. Жорий йилда ушбу йўналишларга қабул ўринлари икки баробар ортади.

Мамлакатимизда кейинги йилларнинг ўзида тожик миллатига мансуб 130 фуқаро юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди.

Ўзбекистон ва Тожикистонда икки халқнинг маданияти ва санъатини ўрганишга, ўзаро бойитишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Президентининг ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар бунга янада кенг имконият яратади. Хусусан, Маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисидаги битим халқларимизнинг маънавий алоқаларини мустаҳкамлаш, ёшларимизни умумий манфаатлар атрофида жипслаштиришга йўналтирилган қатор лойиҳаларни кўзда тутади.

Учрашувда дунё шиддат билан ўзгараётгани, бизнинг минтақамизда ҳам хавфсизликка янги таҳдидлар юзага келаётгани қайд этилди.

– Биз тинчлик ва барқарорлик, дўстлик ва ҳамкорлик каби буюк неъматларни алоҳида қадрлашимиз ва мустаҳкамлашимиз, ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини тарбиялашимиз керак, – деди Ўзбекистон Президенти. – Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирсакгина халқларимиз учун тинчлик ва хотиржамликни, келгуси авлодларга фаровон ҳаётни таъминлашдек умумий мақсадга эришишимиз мумкин. Ишончим комилки, сиз, ижодий ва илмий соҳаларнинг ҳурматли вакиллари, ўзингизнинг бой билим ва ҳаётий тажрибангиз, ташаббускорлик ва ғайратингиз билан халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшасиз.

Президентлар «Арбоб» маданият саройини кўздан кечирдилар. Ушбу мажмуа 1959 йилда барпо этилган. У тожик халқи учун тарихий аҳамиятга эга. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида бу ерда мамлакат мустақиллигига доир муҳим қарорлар қабул қилинган. Бу ерда 1992 йилда – Тожикистон тақдирида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган паллада Эмомали Раҳмон давлат раҳбари лавозимига киришган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида “Қайроққум гиламлари” корхонасини бориб кўрди.

Бу фабрика 1957 йилда ишга туширилган. 2019 йилда модернизация қилиниб, Германия, Италия, Япония, Хитой ва бошқа давлатлардан олиб келинган ускуналар ўрнатилган. Натижада маҳсулот сифати яхшиланган.

Ҳозир бу ерда йилига 3 миллион квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Корхона тўлиқ қувватда ишлай бошласа, йилига 5 миллион квадрат метр маҳсулот тайёрлаш имконига эга бўлади.

Қайроққум гиламлари Шарқ анъаналарини акс эттирувчи жозибадорлиги ва нақшлари билан машҳур. Шу билан бирга, авангард услубида гиламлар тўқиш йўлга қўйилган. Юқори сифати туфайли корхона маҳсулотлари турли халқаро мукофотларга сазовор бўлган.

Ўзбекистон Президентига корхонани ривожлантириш жараёни, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берилди.

Навбатдаги объект томон йўл олар экан, давлат раҳбарларининг кортежи Қайроққум сув омбори ёнида тўхтади. Президентлар сув омборини кўздан кечириб, суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Сўғд вилояти Бобожон Ғафуров туманидаги “Вахдати миллат” боғига ташриф буюрди.

Сўғд вилояти Сирдарё бўйида жойлашган бўлиб, деҳқончилик учун жуда қулай. Бу ерда мева-сабзавотчилик ривожланган. Тожикистонда етиштириладиган жами қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 43 фоизи Сўғд вилояти ҳиссасига тўғри келади.

“Вахдати миллат” боғи 2008 йилда ташкил этилган. Унинг майдони 700 гектар бўлиб, шундан 500 гектарида мевали дарахтлар ўтқазилган. Боғ ҳудудида қарийб 300 тонна сиғимли совутиш омбори ҳам бор.

2018 йилдан бошлаб бу ерда балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Бугунги кунда тўртта ҳавзада оқ амур, хумбош ва сазан каби балиқ турлари кўпайтирилмоқда.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Олий даражадаги учрашувлар чоғида бу борада кўплаб шартномалар имзоланган. Давлатимиз раҳбарининг бу галги ташрифи чоғида ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди.

Президентлар боғда ташкил этилган Тожикистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Мева-сабзавотларни ўзаро етказиб бериш, сақлаш ва экспорт қилиш бўйича соҳа мутасаддиларига кўрсатмалар берилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи якунланди. Хўжанд халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон кузатди.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА махсус мухбири

Хўжанд – Тошкент. 

https://uza.uz/uz/posts/yaxshi-qoshnichilik-va-abadiy-dostlik-muhitidan-xalqlarimiz-mamnun_275546

***

Ўзбекистон – Тожикистон: Ўзаро муносабатлар янги ўсиш босқичида

СиёсатТанлаш

11:30 / 10.06.2021

“Бизнинг зиммамизда улкан масъулият турибди: нафақат беҳуда йўқотилган вақтни ўрнини тўлдиришимиз, балки ўзаро муносабатларимизни янги босқичга кўтармоғимиз даркор.”

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига расмий ташрифи бошланди.

Хабарингиз бор, мазкур ташриф асносида Марказий Осиё халқаро институти Тожикистон билан кўп қиррали ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича туркум мақолалар эълон қилмоқда. Қуйидаги тадқиқотда Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари тарихи ва ривожланиш истиқболларига назар ташлаймиз.

Маълумки, ўтган асрлар давомида қардош халқларимиз Турк хоқонлиги, Aраб халифалиги, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Шайбонийлар, Aштархонийлар каби хонликлар, шунингдек, Россия империяси ва Совет Иттифоқи таркибида бўлган. Аммо ўша даврларда ҳам ўзбек-тожик халқлари азалий дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналарини давом эттирган ҳолда, ўз яшаш тажрибасига эга миллатлар сифатида аҳил ва иноқ умр кечирганлар.

Қувонарли жиҳати шундаки, халқларимиз мустақилликка эришгач, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида янги босқични очди – 1992 йил 22 октябрда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.

Айни пайтда икки мамлакат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг сиёсий иродаси ва биргаликдаги жадал саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро муносабатларни янада тараққий эттириш стратегиясини белгилаш ва уни амалга оширишда муҳим қадамлар қўйилаётгани ғоят аҳамиятлидир.

Президентларимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган ташқи сиёсати самарасида мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик ва ўзаро дўстона алоқалар янада юқори поғонага кўтарилиб, стратегик шериклик даражасига етди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришгандан сўнг парламент қўшма сессиясидаги илк нутқида яқин қўшнилар билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши эканини таъкидлаган эди.

Сессия якунлангач, Президентимиз Тожикистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди, суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, биродар халқларимиз ўртасидаги алоқалар ривожига ғов бўладиган муаммоларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.

Мазкур мулоқот натижаларига кўра, расмий доира вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Душанбега юборилиб, делегация аъзолари Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон томонидан илиқ ва самимий руҳда қарши олинди.

Учрашув давомида Ўзбекистон томони Президентимизнинг ўзаро манфаатли алоқаларда мавжуд тўсиқларни бартараф этиш йўлидаги икки томонлама ҳамкорликнинг барча комплекс чораларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифини билдирди. Тожик томони юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ушбу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар каби қатор соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш учун қулай имкониятлар йўли очилмоқда. Шу муносабат билан, юзага келадиган воқеликларни англаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ва аниқ натижаларга эришиш ўта муҳим саналади.

Яна шуниси аҳамиятлики, 2017 йилдан буён икки мамлакат раҳбарлари ўртасида 8 маротаба икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди, Президентларимиз халқаро доирадаги тадбирларда иштирок этдилар.

Жумладан, 2018 йил 9-10 март кунлари Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи амалга оширилган бўлса, айнан ўша йили 17-18 август кунлари Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи уюштирилди.

2018 йил 27-28 сентябрь кунлари Президентимиз МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши саммити доирасида, 2019 йил 14-15 июнь кунлари Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари йиғилишида иштирок этиш мақсадида Тожикистонга амалий ташриф билан борди.

Шу билан бирга, Тожикистон Президенти 2019 йил 29 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди.

Бундан ташқари, 2018 йилда 4 марта (2 марта Душанбе ва Фарғонада), 2019 йилда 2 марта (Термиз ва Бекободда), 2020 йилда Душанбеда 1 марта Бош вазирлар даражасидаги учрашувлар ташкил этилди.

Жорий йил 24 апрель куни Хўжандда Ҳукумат раҳбарлари учрашуви ташкил этилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга бўлажак расмий ташрифига тайёргарлик кўриш ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга доир масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, Тожикистон Бош вазири 2021 йил 14 май куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентга келди.

Шу ўринда мамлакатларимиз ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳам мунтазам мулоқот йўлга қўйилганини таъкидлаш жоиз. Жумладан, 2016 йил сентябрь ойидан буён икки мамлакат ташқи ишлар вазирларининг 23 маротаба учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосини шу пайтгача имзоланган турли даражадаги 165 та ҳужжат ташкил этади. Улар орасида, айниқса, “Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома» (17.08.2018 й, Тошкент) ва “Aбадий дўстлик шартномаси” (2000 йил 15 июнь, Душанбе) аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга бу галги расмий ташрифи давомида икки томонлама муносабатларнинг шартномавий базасини сезиларли даражада кенгайтириш ва мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалардаги муносабатларни янада юқори даражага кўтаришга имкон берадиган 30 дан зиёд ҳужжат қабул қилиниши кўзда тутилган.

Маълумотларга қараганда, 1991 йилдан буён икки мамлакат парламентлари вакилларининг 20 дан ортиқ ўзаро ташрифлари амалга оширилган. Тожикистон Республикаси Мажлиси Олии билан ҳамкорлик қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасининг парламентлараро гуруҳлари тузилган.

Ўзбекистон парламенти вакиллари МДҲ ва ШҲТ миссияларида халқаро кузатувчи сифатида Тожикистонда ўтган парламент (2010-2020 йиллар) ва президентлик (1994, 1999, 2013 ва 2020 йиллар) сайловларида фаол иштирок этди.

Ўзбекистон билан Тожикистон яқин ҳамкор мамлакатлар сифатида халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам бир-бирининг ташаббусларини доимо қўллаб-қувватлаб келмоқда.

БМТ доирасидаги ўзаро ҳамкорлик шулар жумласидандир. Бу ҳамкорлик қўшма нутқлар, Бош Ассамблеяда ташаббуслар ва резолюцияларни кўриб чиқиш, шунингдек, БМТнинг турли органлари учун номзодлар кўрсатиш шаклида амалга оширилмоқда.

Тожикистон БМТ Бош Ассамблеясининг Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Марказий Осиёда минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик, барқарорлик ва устувор ривожланишни таъминлаш тўғрисида” (2018), «Маърифат ва диний бағрикенглик» (2018), «Марказий Осиёда барқарор туризм ва устувор ривожланиш» (2019) ҳамда Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюцияларини (2021) маъқуллади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон 2017-2019 йиллар учун БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига Тожикистон номзодини қўллаб-қувватлаган.

Сўнгги беш йилда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланиб, жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Икки мамлакат раҳбарларининг изчил саъй-ҳаракатлари ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича белгилаган вазифалари самарасида 2018 йилда умумий қиймати 202,5 ​​миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича 92 та битим ва шартномалар имзоланган эди. Жумладан, Ўзбекистон товарлари экспорти учун қарийб 162,2 миллион долларлик 83 та шартнома ва 40,3 миллион долларлик 5 та импорт шартномалари қабул қилинди.

2020 йилги Ўзбекистон – Тожикистон бизнес форуми якунлари бўйича қиймати 711,5 миллион долларга тенг 306 ҳужжат имзоланган бўлса, шундан 516,13 миллион долларлик 279 та савдо шартномаси ва 195,4 миллион долларлик 27 та инвестиция лойиҳалари тасдиқланди.

Натижада 2020 йилда 2016 йилга нисбатан ўзаро савдо айланмаси ҳажми қарийб 500 миллион доллардан ошгани қайд этилди.

Тожикистонда саноат кооперацияси доирасида ўзбек капитали иштирокидаги корхоналар, жумладан, аҳоли орасида талабгир маиший техника ишлаб чиқарадиган «Artel Avesto Electronics» қўшма корхона барпо этилган.

Икки томонлама алоқаларни ривожлантиришдаги яна бир муҳим воқеа сифатида мамлакатларимиз раҳбарлари ташаббуси билан «ТAЛКО-КРAНТAС» махсус коммунал ва қурилиш транспортини йиғиш ҳамда созлаш қўшма ишлаб чиқариш корхонаси очилди.

Қолаверса, сўнгги беш йил ичида корхоналар сони янада ортиб бормоқда. Улар савдо-сотиқ, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олади.

Бундан ташқари, 2018 йилда «Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ўзаро сафарлари тўғрисидаги” битим имзолангани туфайли мамлакатларимиз ўртасида виза режими бекор қилинди ва айнан шу йили 17 та назорат пунктлари очилди. Мазкур ишлар икки томонлама муносабатлар ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Буларнинг давоми сифатида, 2017 йилда Тошкент – Душанбе авиа қатновлари қайта йўлга қўйилгани, Ғалаба-Aмузанг темир йўлининг қайта тикланиши, A-377 халқаро йўли Самарқанд – Пенжикент қисмининг очилиши фикримизнинг ёрқин далилидир.

Ўзбекистон – Тожикистон ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ривожлантиришда логистиканинг аҳамиятини қайд этмасдан илож йўқ. Хусусан, шу йил 3 июнь куни Душанбеда Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари ва Тожикистон транспорт вазири ўртасида учрашув бўлиб ўтди, унда мамлакатларимиз ўртасида транспорт ва транзит имкониятларини ривожлантириш, шунингдек, Тожикистон орқали Хитойга ўтадиган автотранспорт йўналишларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг Тожикистон билан дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналарини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари самараси бўлган бу ютуқларни, ҳақли равишда, биродар тожик халқига бўлган улкан ҳурмат ва ишонч намунаси, дея айта оламиз.

Шуни ғурур билан айтишимиз мумкинки, халқларимиз ўртасида минг йиллар давомида ривожланиб келган маданий-гуманитар алоқалар ва инсонпарварлик ғоялари бошқа кўплаб соҳалардаги алоқаларни чуқурлаштиришда ишончли асос вазифасини ўтайди.

Ўтган йиллар давомида амалга оширилган маданий-гуманитар алмашинувларнинг мунтазамлиги, томонларнинг ушбу соҳани фаол ривожлантириш бўйича қатъий хоҳиш-истагини намойиш этади. Бу борадаги ҳамкорликни изчил давом эттиришга ҳаттоки глобал пандемия ҳам салбий таъсир кўрсатолмади.

Бу каби амалий ҳамкорликлар қаторида жорий йил май ойида Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди, унинг доирасида «Илҳақ», «Рангсиз тушлар», «Халқ юраги», «Ҳамкорлик бўйича навбатчи», шунингдек, ўзбек кинематографияси дурдоналари бўлган «Келинлар қўзғолони», «Сирли сандиқ” фильмлари намойиши яна бир карра ўзаро муносабатларда мустаҳкам пойдевор яратди.

Кино кунлари давомида Бутунжаҳон Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш жамияти лойиҳаси томонидан нашр этилган “Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё тўпламларида» китоб-альбомларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Шунингдек, икки мамлакат илмий-таҳлил институтлари ўртасидаги алоқалар фаоллашаётганини ҳам қайд этиш жоиз. Хусусан, жорий йил 2-5 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ривожлантириш маркази вакилларидан иборат делегация Тожикистонга ташриф буюрди.

Сафар давомида Ўзбекистон илмий-таҳлил институтлари ходимлари «Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг янги “ўсиш нуқталари» халқаро илми-амалий конференциясида иштирок этди.

Шунингдек, қатор муассасалар билан учрашувлар ўтказилиб, унда Марказий Осиё халқаро институти ва Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази, Тожикистон Фанлар академиясининг A.Дониш номидаги Тарих, археология ва этнография институти, Тожикистон Фанлар академиясининг Осиё ва Европа мамлакатлари муаммоларини ўрганиш институти, Рус-тожик (славян) университети, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик хизмати ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази ўртасида битимлар тузилди.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамлар ҳисобланади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларининг ижобий тус олиши бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига улкан ҳисса қўшади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи Тошкент ва Душанбе ўртасидаги кенг кўламли ўзаро алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз.

Темур Раҳимов,

Марказий Осиё халқаро институти бўлим бошлиғи.

https://uza.uz/uz/posts/ozbekiston-tozhikiston-ozaro-munosabatlar-yangi-osish-bosqichida_274926

***

Шавкат Мирзиёев: Тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда

СиёсатТанлаш

13:55 / 10.06.2021

Душанбе шаҳридаги “Қасри Миллат” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.

Президентлар бир бирига расмий делегация аъзоларини таништирди. Фахрий қоровул тантанали марш билан давлат раҳбарлари олдидан ўтди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг тор доирадаги учрашуви бошланди. Унда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорлигининг барча жиҳатларини кўриб чиқдилар, сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Президентимиз таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, икки мамлакат муносабатлари юксак даражага кўтарилганини таъкидлади.

– Қабул қилган барча қарорларимиз амалга ошмоқда. Ўтган даврда икки томонлама муносабатларда кўп нарса ўзгарди. Буни рақамлар ҳам айтиб турибди. 2017 йилда товар айирбошлаш 70 миллион доллар бўлган бўлса, 2020 йилда, мураккаб пандемия йилида ушбу кўрсаткич илк бор 500 миллион долларга етди. Биз ушбу ташрифга жуда жиддий тайёргарлик кўрдик. Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди, қиймати қарийб 700 миллион доллар бўлган аниқ лойиҳа ва шартномалар имзоланди. Маданий-гуманитар алоқалар ҳақида айтсак, биринчи бор Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари муваффақиятли ўтди, яқин орада мамлакатларимиз ёшлари Фарғона водийсида учрашади. Бир сўз билан айтганда, тарихий яқинлигимиз бугун ҳаётга кўчмоқда, — деди Шавкат Мирзиёев.

Тожикистон Президенти давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, ушбу ташрифнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди.

– Ўзбекистон бизнинг стратегик шеригимиз ва ишончли қўшнимиз. Тожикистон-Ўзбекистон муносабатлари бугун жадал ривожланаётганидан мамнунмиз. Савдо-иқтисодий алоқалар кенгаймоқда. Маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро муносабатлар мустаҳкамланмоқда. Мамлакатларимиз минтақавий хавфсизлик борасида ўзаро мувофиқлашиб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётганини алоҳида қайд этмоқчиман. Бугун сиз билан муносабатларимизнинг ҳолати ва истиқболларини ҳамда халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилишга тайёрман, – деб таъкидлади Эмомали Раҳмон.

Қўшма корхоналар сони 8 баробар кўпайиб, бугунги кунда 200 дан ошгани таъкидланди. Жумладан, Душанбе шаҳрида маиший техникалар ишлаб чиқарувчи “Артель Авесто Электроникс” қўшма корхонаси самарали иш юритмоқда. Ташриф арафасида 30 дан ортиқ шундай лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Ўтган йилги қийин шароитларда ҳам юк ташиш ва транзит ҳажми ошгани қайд этилди. Икки томонлама чегирма ва имтиёзлар тақдим этилмоқда. Пойтахтлар ўртасида авиақатнов тикланди.

Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки мамлакат ҳудудлари салоҳиятини самарали ишга солиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперациясини ташкил этиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Кўп қиррали ҳамкорликнинг янги «ўсиш нуқталари»ни топиш муҳим экани таъкидланди. Шунингдек, парламентлараро алоқалар, маданий-гуманитар алмашинув, барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан таҳдид ва хатарларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқи ва ўзи номидан биродар Тожикистонни мустақиллигининг бўлажак 30 йиллиги билан табриклади, тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Давлатимиз раҳбари Президент Эмомали Раҳмонни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга боришга таклиф этди.

https://uza.uz/uz/posts/shavkat-mirziyoev-tarixiy-yaqinligimiz-bugun-hayotga-kochmoqda_274967

***

 

 

 

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>