Ёшлар марафони
Бу марафон ёшларни ҳам жисмонан, ҳам маънан камол топишига хизмат қилади, дейди Дониш домла.
МАРАФОН ШИОРИ: “ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ! ”
Жорий йилнинг 30-март куни Тошкент шаҳри Олмазор туманида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Олмазор туман маҳаллий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Миллий гвардия ҳарбий-техник институти, Олмазор туман ҳокимлиги ҳамда бир қатор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ёшлари жиноятчиликка қарши! ” шиори остида оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди.
Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ёшларни оммавий спорт турларига қизиқишларини ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу марафонда олий таълим муассасалари талабалари, мактаб ўқувчилари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши фаолларидан иборат ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
5 километр-у 300 метр масофани ташкил этган ушбу марафонда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг талаба-ёшлари ҳам фаол иштирок этди ҳамда совринли ўринларни қўлга киритди.
1710 кишидан иборат марафон иштирокчилари ёш категориясига кўра 3 гуруҳга бўлинди. Яъни, биринчи босқичда 15-18 ёшгача бўлган ёшлар, иккинчи босқичда 18 дан 22 ёшгача ва 3 босқичда 22 дан 30 ёшгача бўлган иштирокчилар ўзаро беллашишди.
Марафон ғолиб ва совриндорларига ғолиблик медаллари, диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Спорт тадбирида фаол иштирок этган ёшлар турли номинациялар бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан муносиб тақдирланди.
Ўзбекистон Миллий университети Таеквондо ва спорт фаолияти факултети талабаси Шоҳсанам Аъзамова қизлар ўртасида 1-ўринни эгаллаб, олтин медал соҳибаси бўлди. Ижтимоий фанлар факултети талабалари – Акбарали Исматов 2-ўринни, Достон Убайдуллайев эса 3-ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, марафон қатнашчилари учун концерт ташкил этилиб, куй-қўшиқлар, Миллий гвардия ҳарбий-техник институти курсантлари томонидан намойиш этилган кўргазмали жанговар чиқишлар барчага кўтаринки кайфият улашди.
Сайфулла АШИРОВ,
ЎзМУ Тарих факултети 4-курс талабаси
http://uzmu.uz/uzc/press/news/events/ev-cultural/381
Сўнгги фикрлар