Ўзбекистон – дилбар Ватаним!

Китоб – бамисоли офтобдир.

1

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорларини халқимиз кўтаринки руҳ билан кутиб олган. Шу муносабат билан Ички ишлар вазирлигига қарашли ҳарбий тузилмаларнинг фаолиятини таъминлаш базасида “Ўзбекистон – дилбар Ватаним!” мавзуида адабий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда мазкур база бошлиғи, подполковник Исоқжон Холмирзаев, майор Шерали Муродов, катта лейтенант Бобур Бегалиев ва бошқалар атоқли шоир Абдулла Орипов ва таниқли адиб Ўткир Ҳошимов ижодига катта қизиқиш билан қарашлари, жамоада китобхонлик маданиятига алоҳида эътибор билан қаралиши ҳақида сўз юритдилар.

2 3

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, ЎзМТДПдан халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати Тўлқин Эшбек “Абдулла Ориповнинг боқий шеърияти” мавзуидаги маърузаси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

– Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида дунёга келди,– деди маърузачи.– 1963 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган.

У «Ёш гвардия» (1963-69), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир (1969-74), «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1974-76), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1976-82), масъул котиб (1985-88), Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1982—83), «Гулхан» журналида муҳаррир (1983-85), 1996 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси лавозимларида фаолият юритган. Қатор йиллар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, Сенат аъзоси бўлган.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» сингари дастлабки шеърлари талабалик йилларида ёзилган. Атоқли шоирнинг  «Митти юлдуз» (1965), «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003) мухлислари қалбидан мангу жой олган.

Адабиётшунослар эътирофича, Абдулла Орипов ўзбек шеъриятига ўтган асрнинг 60-йилларида собиқ совет жамиятида эса бошлаган янги шабаданинг элчиси сифатида кириб келди. У дастлабки шеърларидан бошлаб миллий шеъриятда янги поэтик тафаккурнинг қарор топиши йўлида
ижод қилди; турмушда пайдо бўла бошлаган янгича карашлар, кишиларнинг руҳий оламидаги эврилишлар, фикр ва хатти-ҳаракат эркинлигига бўлган эҳтиёж Абдулла Орипов шеърларининг ғоявий мундарижасини белгилаб берди.

Абдулла Ориповнинг дастлабки шеърларидаги романтик кайфият аста-секин ўз ўрнини фалсафий мушоҳадаларга бўшатиб, шоирнинг ҳаётда рўй бераётган воқеа ва ҳодисаларга муносабати фаол тус олди. Шу маънода «Тилла балиқча», «Қўриқхона», «Генетика», «Оломонга» каби шеърлар Абдулла Ориповнинг лирик шеърият уфқларини ҳаёт муаммолари тасвири ҳисобига кенгайтириб бораётганидан дарак берди. Худди шу нарса Ориповнинг достон жанрига мурожаат этиши ва лиро-эпик тасвир имкониятларидан самарали фойдаланишига сабабчи бўлди.

Абдулла Орипов «Жаннатга йўл» (1978), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Ранжком» (1988) каби достонларида маънавият масалаларига алоҳида эътибор бериб, кишиларнинг руҳий оламидаги айрим қусурлар билан илмий-техник тараққиёт ва тафаккурнинг парвози ўртасидаги зиддиятни очиб ташлади.

Умуман, Абдулла Ориповнинг шеър ва достонларида олға сурилган маънавий муаммолар мустақиллик даврида, айниқса, долзарб аҳамият касб этиб, шоирнинг худди шу масалалар тасвирида ўз даврига нисбатан (уларнинг аксари 1990 йилларга қадар ёзилган) илғорлаб кетганини намойиш этди. Унинг ижодида, бир томондан, Ғафур Ғулом лирикасига хос фалсафийлик кўзга ташланса, иккинчи томондан, Ҳамид Олимжон шеърларига хос мусиқий равонлик ва бадиий соддалик акс этиб туради.

Шоирнинг сўнгги йиллар лирикасида туйғу ва кечинмалар тасвири сусаймаган ҳолда яна бир муҳим фазилат бор. Бу, Абдулла Орипов шеърларига лиро-эпик тасвир унсурларининг кўплаб кириб келишидир. У мустақиллик йилларида адабиётнинг ранг-баранг тур ва жанрларида ижод эта бошлади. Шу даврда тарихий адолатнинг тикланиши, ўтмишда яшаган саркардалар ва алломалар хотирасининг эъзозланиши Абдулла Ориповни Амир Темурнинг Ўрта Осиё халқлари тарихий тақдирида ўйнаган буюк ролини кўрсатувчи «Соҳибқирон» шеърий драмасини (1998) ёзишга илҳомлантирди. Халқ шоири бу асарида қарийб уч аср давомида ҳукм сурган қудратли Темурийлар салтанатининг асосчиси ва XV аср Шарқ Уйғониш даврининг бошланишига ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий шароит яратган Амир Темур образини ёрқин гавдалантириб берди. Мазкур асар республиканинг барча йирик театрлари ва қардош мамлакатлар саҳналарида катта муваффақият билан ўйналди.

Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матни муаллифи экани билан ҳам хотираларда сақланиб қолади. У Наврўз ва Мустақиллик байрамларини ўтказиш бўйича ёзилган аксарият сценарийлар муаллифидир.

Тўлқин Эшбек ўз сўзида Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси етакчиларидан бири, академик Акмал Саидов бошлиқ бир гуруҳ муаллифлар томонидан нашрга тайёрланган “Ўзбекистон – дилбар Ватаним” (Устоз Абдулла Орипов ҳақида хотиралар) китоби мазмун-моҳияти ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларини баён этди.

Маърузачи элимиз қалбидан мангу жой олган атоқли адиб Ўткир Ҳошимов ижоди ва бетакрор ижодий фаолияти ҳақида ҳам атрофлича сўз юритди.

– Ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири Ўткир Ҳошимов 1941 йилнинг 5 августида Тошкентнинг Бешёғоч даҳасига қарашли Дўмбиробод мавзеида таваллуд топгани китобхонларга яхши маълум,– деди у.– У Тошкент Давлат университети журналистика факультетини 1964 йилда тамомлаб, меҳнат фаолиятини “Темир йўлчи” газетасида бошлаган Сўнг қатор йиллар ҳозирги “Ўзбекистон овози” (1960), “Тошкент ҳақиқати” (1960-1966), “Тошкент оқшоми” (1966-1982) газеталарида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида (1982-1984), “Шарқ юлдузи” журналида (1985-1995) турли лавозимларида ишлаган. 1995-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Матбуот ва ахборот қўмитаси раиси сифатида фаолият кўрсатди. 2005-2013 “Театр” журналига раҳбарлик қилди.

Ўткир Ҳошимов ижоди публицистикадан бошланиб, шу йўналишдаги “Пўлат чавандоз” номли биринчи китоби 1962 йилда босилиб чиқди. Илк ҳикояси эса 1963 йили “Тўрт мактуб” номи билан эълон қилинди. Кейинчалик мазкур ҳикояси асосида “Чўл ҳавоси” (1963) қиссаси яратилди. Шундан сўнг “Одамлар нима деркин”, “Шамол эсаверади” қиссалари майдонга келди. “Баҳор қайтмайди” (1970), “Қалбингга қулоқ сол” (1973) қиссалари ёзувчига катта шуҳрат келтирди.

“Нур борки, соя бор” (1976) романида жамият ижтимоий ҳаётидаги иллатларни, турғунликнинг моҳиятини очиш асносида даврнинг муҳим маънавий-ахлоқий масалаларини кўтариб чиқди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги йиллик мукофоти билан тақдирланган “Дунёнинг ишлари” (1982) қиссасини қайсидир маънода автобиографик асар дейиш мумкин. Асарнинг бош қаҳрамони муаллифнинг ўз онасидир. “Икки эшик ораси” романи эса адиб ижодида алоҳида аҳамиятга эга. Унда қарийб қирқ йиллик давр қамраб олиниб, бир қатор чигал, мураккаб тақдирлар мисолида ўзбек халқининг тарихий қисмати маҳорат билан тасвирланади. Роман 1986 йилда Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. “Тушда кечган умрлар” романи ҳам турғунлик даври иллатларини фош этувчи асар сифатида алоҳида ўрин тутади.

Ўткир Ҳошимов ҳикоя жанрида ҳам унумли, самарали ижод қилди. “Муҳаббат”, “Деҳқоннинг бир куни”, “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Ўзбек иши” каби асарлари ўзбек ҳикоячилиги ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. “Қалбнинг оппоқ дафтари”, “Муқаддас қасамни бузганлар”, “Авлодларга нима деймиз?”, “Мантиқ қани?”, “Давлат сири” каби ижтимоий-публицистик мақолалари ўзбек публицистикасининг жиддий ютуқлари сифатида эътироф этилди. Ўткир Ҳошимов драматург сифатида яратган “Хазон бўлган баҳор”, “Тўйлар муборак”, “Виждон дориси”, “Инсон садоқати”, “Қатағон” каби драма ва комедиялари республика театрлари саҳналарида қўйилди, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. 1998 йили “Осмондан тушган пул” номли ҳажвий ҳикоялар тўплами чоп этилди.

Адибнинг етмишдан ортиқ китоблари миллионлаб тиражларда нашр этилган. “Оила битта, Ватан ягона”, “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз”, “Бадбахтдала тутқуни”, “Истиқлолни асрайлик”, “Кечани унутмаган ‒ бугунни қадрлайди” сингари асарларида мустақилликни қадрлашга даъват этади. Бугунги кунда Ўткир Ҳошимов асарлари энг ўқишли, энг оммабоп китоблар сифатида халқ орасида қўлма-қўл ўқилаётир. Боиси тилининг халқоналиги, қаҳрамонлари ва характерларнинг миллийлиги, воқеаларнинг ҳаётийлиги ўқувчилар меҳрини қозонган.

Ўткир Ҳошимов таржимон сифатида О. Берггольц, Мустай Карим, В. Шукшин асарларини ўзбек тилига ўгирган. Ўзининг энг яхши асарлари рус ва дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган.

Ўткир Ҳошимовга самарали ижодий меҳнати учун 1991 йили “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони берилди. У “Меҳнат шуҳрати”, “Буюк хизматлари учун” (2001) орденлари билан ҳам тақдирланди.

Тўлқин Эшбек устоз шоир Абдулла Орипов шеърларидан ўқигач, тадбир иштирокчиларининг бу мавзудаги саволларига атрофлича жавоб берди.

4 5

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Турғун Бекназаров ўзининг ичакузди ҳангомалари ва дилрабо қўшиқлари билан даврага файз киритди.

 

Нодира ШАРИПОВА,

халқ депутатлари Олмазор туман кенгаши депутати,

Маҳлиё МИРСОАТОВА,

Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси аъзоси,

Зарнигор ҲАСАНОВА,

http://uchildiz.uz сайти мухбири

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>