Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг мафкуравий асослари (1)

1-мавзу: Мафкура ҳақида тушунча. Мафкуранинг жамиятдаги вазифалари ва журналистика

Режа:

  1. Миллий мафкура ва жамият тараққиёти.
  2. Миллий ғоя ва миллий мафкура уйғунлиги.
  3. Оммавий ахборот воситаларининг мафкуравий асослари.

 DSC_1916

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган дастлабки кунлардан бошлаб жамиятимизда туб ўзгаришлар юз бера бошлади.

Айниқса, маънавият ва мафкура соҳалари тубдан ўзгариб, том маънода ўзлигимизни англай бошладик. Мамлакатимиз мустақил тараққиёт йўли аниқ-равшан белгилаб олинди. Дунё жамоатчилиги ўзбек модели дея эътироф этган ўзимизга хос ва ўзимизга мос ана шу тараққиёт йўли – келажаги буюк давлат барпо этиш борасида амалга оширилаётган тарихий ўзгариш ва янгиланишлар юртдошларимиз, айниқса, ёшлар онги ҳамда қалбига жо бўлмоқда.

Собиқ мустабид тузум даври мафкуравий асоратлардан батамом халос бўлиш, шунинг баробарида ғоявий бўшлиқ пайдо бўлишига йўл қўймаслик учун кураш кенг кўламда олиб борилмоқда. Шу ўринда биз учун бегона ва ёт ғоялардан ҳимояланиш, бундай тажовузларга қарши тура оладиган ҳар томонлама баркамол инсонларни вояга етказиш асосий мақсадларидан бирига айланди. Бунинг учун жамиятимиз манфаатларига мос янги мафкура шакллантирилмоқда.

Буюк келажак сари дадил одимлар ташлашга қодир миллат ҳеч қачон миллий ғоя ва миллий мафкурасиз яшай олмайди. Мафкура бўлмаса, давлат ва жамият, қолаверса, ҳар қандай инсон ўз йўлидан адашиб кетиши ҳеч гапмас.

Миллий мафкура халқнинг мақсад-муддаоларини ифодалайди, тарих синовларидан ўтишда унинг руҳини кўтариб, суянч ва таянч бўлади, шу миллат, шу жамият дуч келадиган кўплаб ҳаётий ва маънавий муаммоларга жавоб излайди. У инсонга фақат моддий бойликлар ва неъматлар учун эмас, аввало, Аллоҳ таоло ато этган ақл-заковат, иймон-эътиқод туфайли юксак маънавиятга эришиш учун интилиб яшаш лозимлигини англатадиган, бу мураккаб ва таҳликали дунёда унинг тараққиёт йўлини ёритадиган маёқдир.

Мафкура – жамиятда яшайдиган одамларнинг ҳаёт мазмунини, уларнинг интилишларини ўзида мужассамлаштиради. Ҳар қандай инсон, табиийки, мурод-мақсадсиз яшай олмайди. Бинобарин, ҳаёт мавжуд экан, мамлакатлар, давлатлар ва уларнинг манфаатлари бор экан, улар ўз тараққиёт йўлини, эртанги кун уфқларини ўзининг миллий ғояси, миллий мафкураси орқали белгилаб олишга интилади.

Мафкура – турли гуруҳ, тоифа ва қатламлардаги кишиларнинг манфаатларини ифодалаб, ижтимоий ҳаёти ва фаолиятиии тартибга солиб, ҳаракатга келтиради, ғояларнинг рўёбга чиқишига хизмат қилади.

Ғоя – мақсад бўлса, мафкура уни амалга ошириш усулидир. Бошқача айтганда, инсон ёки миллатнинг асосий мақсадлари ғояларда намоён бўлса, уни рўёбга чиқаришга қаратилган ишларнинг мазмун-моҳияти мафкурани ташкил қилади.

Мутахассислар фикрича, фикр асосида ғоя, ғоя асосида эса мафкура шаклланади. Яъни, инсон муайян мақсадни мўлжаллаб, уни амалга оширишга қатъий ахд қилса, бу ғоя ҳисобланади. Ғоя конкрет инсон, гурух, миллат ёки жамиятнинг ҳаётий эҳтиёжларидан келиб чиқиб, манфаатларини ифодалаб, уларнинг ишонч-эътиқоди ва фаолиятига асос бўлса, мафкурага айланади.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов таъкидлаганидек, истиқлол мафкураси кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг эзгу ғоя – озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлидаги асрий орзу-интилишлари, ҳаётий идеалларини ўзида акс эттиради.

Миллий ғоя ва истиқлол мафкураси ҳақида гап борар экан, биз ниҳоятда кенг қамровли, мураккаб, серқирра, инсоният тарихида аниқ ва мукаммал ифодаси, тугал намунаси ҳали-ҳануз яратилмаган тушунчаларни ўзимизга тасаввур қилишимиз керак.

Бу тушунчалар – Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби юксак ғояларнинг маъно-мазмунини теран англаб етишга хизмат қилади. Бу мафкура халқни халқ, миллатни миллат этадиган, унинг шаъну шарафи, ор-номуси, ишонч-эътиқодини ифодалайдиган, жамиятимизнинг ўзига хос тараққиёт йўли, турмуш тарзи, туб манфаатларига таянган ҳолда муттасил ривожланиб,такомиллашиб борадиган ғоялар тизимидир.

Халқни буюк келажак ва улуғвор мақсадлар сари бирлаштириш, мамлакатимизда яшайдиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ягона Ватан бахт-саодати учун доимо масъулият сезиб яшашига чорлаш, аждодларимизнинг бебаҳо мероси, миллий қадрият ва анъаналаримизга муносиб бўлишига эришиш, юксак фазилатли ва комил инсонларни тарбиялаш, уларни яратувчилик ишларига даъват қилиш, шу муқаддас замин учун фидоийликни ҳаёт мезонига айлантириш – миллий истиқлол мафкурасининг бош мақсадидир.

Миллий истиқлол ғояси бугунги тез суръатлар билан ўзгараётган таҳликали дунёда ўзлигимизни англаш, бизнинг кимлигимизни, қандай буюк аждодларнинг меросига, неча минг йиллик тарих, бетакрор маданият ва қадриятларга эга эканимизни ҳис этиб яшашга, бу бойликни асраб-авайлаб, демократик қадриятлар, бутун жаҳон тараққиёти ютуқлари билан озиқлантириб, янги ўсиб келаётган авлодга етказишга хизмат қилмоғи зарур. Ҳозирги мураккаб шароитда халқимиз, аввало, ўсиб-униб келаётган ёш авлодимиз онги ва қалбида мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу ишни бамисоли ёш ниҳолга мевали дарахт куртагини пайванд қиладиган уста боғбондек нозиклик ва меҳр билан, оқилона йўл билан амалга ошириш лозим, деб таъкидлайди Юртбошимиз.

Бугунги ижтимоий тараққиёт, информацион инқилоб, глобаллашув жараёнлари, жаҳон майдонларини таъсир ўтказиш мақсадида бўлиб олишга интилиш, бу майдонлардаги ўзаро кураш шароитида мафкуравий сиёсатнинг аҳамияти ва ўрни нақадар ортиб бораётганини тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ.

Собиқ иттифоқ ҳудудидаги бугунги мафкуравий вазият, бу шароитда Марказий Осиё минтақасидаги аҳвол, бегона мафкура ва ғояларнинг Ўзбекистон ва қўшни давлатларга хуружи, эски мафкурадан воз кечиш натижасида пайдо бўлган бўшлиқни янги – миллий ғоя, истиқлол мафкураси билан тўлдиришнинг зарурати барчамизга аён бўлиши даркор.

Миллий ғоя ва истиқлол мафкураси юртимизда яшаётган барча кишиларнинг маънавий бойлигига, дунёқарашининг негизига айланишига эришиш биз учун энг асосий мақсаддир.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, эндиги вазифа – миллий истиқлол ғояси тушунчалари асосида кенг жамоатчилик, зиёлиларимиз, илм-фан ва маданият намояндалари, аввало, маънавий-маърифий соҳа ходимлари миллий мафкурани такомиллаштириш ҳамда унинг асосий тамойилларини одамлар онги ва қалбига сингдиришга қаратилган ишларни янги босқичга кўтаришлари зарур.

Инсоният тарихи – ғоялар тарихидан иборат эканлиги ҳақида кўп фикрлар ёзилган. Айтиш жоизки, ғоя – инсон тафаккури маҳсули, миллий ғоя эса миллат тафаккурининг маҳсулидир.

Миллий ғоя – инсон ва жамият ҳаётига маъно-мазмун бахш этадиган, уни эзгу мақсад сари етаклайдиган фикрлар мажмуидир.

Мафкура эса муайян ижтимоий гуруҳ, ижтимоий қатлам, миллат, давлат, халқ ва жамиятнинг эҳтиёжлари, мақсад-муддаолари, манфаатлари, орзу-интилишлари ҳамда уларни амалга ошириш тамойилларини ўзида мужассам этадиган ғоялар тизимидир.

Дунёда икки куч – бунёдкорлик ва бузғунчилик ғоялари ҳамиша ўзаро курашади.

Бунёдкор ғоя инсонни улуғлайди, унинг руҳига қанот бағишлайди. Файласуф мутахассислар фикрича, Соҳибқирон Амир Темурнинг пароканда юртни бирлаштириш, марказлашган давлат барпо этиш, мамлакатни обод қилиш борасидаги ибратли фаолиятига ана шундай эзгу ғоялар асос бўлган.

Бузғунчи ғоялар эса халқлар бошига кулфатлар келтиради. Бунга олис ва яқин тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўрта асрлардаги салб юришлари, диний фанатизм ва атеизм, фашизм ва большевизмга асос бўлган ғайриинсоний ғоялар шулар жумласидан.

Ёвуз ғоя ва мафкураларнинг энг кўп тарқалган шакли – ақидапарастликдир. Бундай мафкуралар муайян даврларда Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам ҳукмронлик қилган. Бу ижтимоий иллат инсоният XXI асрга қадам қўяётган ҳозирги даврда ҳам дунёдаги тинчлик ва тараққиётга таҳдид солмоқда.

Ақидапарастлик, қандай шаклда бўлмасин, ҳамма замонларда ҳам жамият учун бирдек хатарлидир.

Ҳаётда жамиятнинг тараққиётга интилиши, бунёдкорлик ҳисси бор экан, илғор ғоялар туғилаверади.

Бузғунчи ғояларнинг вужудга келишига эса вайронкор интилишлар сабаб бўлади. Шундай экан, уларга қарши курашга тайёр туриш, яъни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшамоқ ҳаётнинг асосий зарурати бўлиб қолаверади.

Мамлакатимиз тараққиётини таъминлашда мустақиллик йиллари шаклланиб, ривожланаётган миллий мафкура муҳим ўрин тутади.

Миллий ғоя ва мафкурада мамлакатимизда яшаётган барча кишиларнинг асосий мақсадлари ҳамда унга эришиш йўллари мужассамлашган. Юртимизда озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишда кишиларимизнинг миллий ғоя ва мафкурани чуқур ўрганиб, ўзлаштириши ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Бу улуғвор вазифа журналистлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Чунки, миллий ғоя ва мафкура тушунчаларини кенг тарғиб ҳамда ташвиқ қилиш оммавий ахборот воситаларининг энг асосий вазифаларидан бирига айланган.

Ўз навбатида оммавий ахборот воситаларининг мафкуравий асосларини ҳам ана шу миллий ғоя ва мафкура ташкил этишини тўғри англамоқ керак.

ОАВ биринчи галда халқимизга миллий ғоя ва мафкуранинг мазмун-моҳиятини аниқ-равшан тушунтириши тақозо этилади.

Мустақиллик йиллари барча соҳалардаги каби, бу йўналишда ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Айниқса, сўнгги йилларда ғоявий-мафкуравий таълим-тарбия, тарғибот-ташвиқот ишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий тараққиётига жиддий туртки бермокда. Фуқароларимиз, айниқса, ёшлар бугунги кунда бузғунчи ғоя ва мафкуралар моҳиятини теран англаб етмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, миллий мафкура — давлатимизнинг демократик характери ва жамиятимиз маънавий-маърифий тараққиёт даражасининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида оммавий ахборот воситаларининг ҳам мафкуравий асосларини ташкил этади. Ана шу асосда миллий матбуотимиз, умуман, оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини изчил ривожлантириб боради.

 DSC_2410

Назорат учун саволлар:

  1. Миллий мафкура деганда нимани тушунасиз?
  2. Миллий ғоя ва миллий мафкуранинг уйғунлигини изоҳланг.
  3. Жамият тараққиётида мафкуранинг ўрни қандай бўлади?
  4. Оммавий ахборот воситаларининг мафкуравий асосларини қандай изоҳлайсиз?

DSC_2481

Ўқиш тавсия этиладиган адабиётлар

  1. Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлoл, иқтисoд, сиёсат, мафкура. Т.1. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364 б.
  2. Каримов И.А. Биздан oзoд ва oбoд Ватан қoлсин. Т.2. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б.
  3. Каримов И.А. Ватан саждагoҳ каби муқаддасдир. Т.3. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б.
  4. Каримов И.А. Бунёдкoрлик йўлидан. Т.4. –Т.: Ўзбекистон, 1996. – 349 б.
  5. Каримов И.А. Янгича фикрлаш – давр талаби. Т.5. –Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б.
  6. Каримов И.А. Хавфсизлик ва барқарoр тараққиёт йўлидан. Т.6. –Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б.
  7. Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т.7. –Т.: Ўзбекистон, 1999. – 410 б.
  8. Каримов И.А. Oзoд ва oбoд Ватан, эркин ва фарoвoн ҳаёт – пирoвард мақсадимиз. Т.8. –Т.: Ўзбекистон, 2000. – 528 б.
  9. Каримов И.А. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. –Т.: Ўзбекистон, 2001. – 432 б.
  10. Каримов И.А. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. –Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б.
  11. Каримов И.А. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. Т. 11. –Т.: Ўзбекистон, 2003. – 320.
  12. Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ. Т. 12. –Т.: Ўзбекистон, 2004. – 400 б.
  13. Каримов И.А. Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди. Т. 13. –Т.: Ўзбекистон, 2005. – 448 б.
  14. Каримов И.А. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари – олий қадрият. Т. 14. –Т.: Ўзбекистон, 2006. – 280 б.
  15. Каримов И.А. Жамиятни эркинлаштириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, маънавиятимизни юксалтириш ва халқимизнинг ҳаёт даражасини ошириш – барча ишларимизнинг мезон ва мақсадидир. Т. 15. –Т.: Ўзбекистон, 2007. – 320 б.
  16. Каримов И.А. Мамлакатни модернизация қилиш ва иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш йўлида. Т. 16. –Т.: Ўзбекистон, 2008. – 368 б.
  17. Каримов И.А. Ватанимизнинг босқичма-босқич ва барқарор ривожланишини таъминлаш бизнинг олий мақсадимиздир. –Т.17. –Т: Ўзбекистон, 2009. – 280 б.
  18. Каримов И.А. Жаҳон инқирозининг оқибатларини енгиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ва тараққий топган давлатлар даражасига кўтарилиш сари. –Т.18. –Т: Ўзбекистон, 2010. – 280 б.
  19. Каримов И.А. Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш – мамлакатимиз тараққиётининг асосий мезонидир. –Т.19. –Т: Ўзбекистон, 2011. – 358 б.
  20. Каримов И.А. Бизнинг йўлимиз демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва модернизация жараёнларини изчил давом эттириш йўлидир. –Т.20. –Т: Ўзбекистон, 2012. – 320 б.
  21. Каримов И.А. Мамлакатимизни янада обод этиш ва модернизация қилишни қатъият билан давом эттириш йўлида. –Т.21. –Т: Ўзбекистон, 2013. – 382 б.
  22. Каримов И.А. Ўзбекистон эришган ютуқлар ва марралар – биз танлаган ислоҳотлар йўлининг тасдиғидир. –Т.22. –Т: Ўзбекистон, 2014. – 368 б.
  23. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008. – 176 б.
  24. Каримов И.А. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари. –Т.: Ўзбекистон, 2009. – 56 б.
  25. Каримов И.А. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси. //Халқ сўзи, 2010 йил 13 ноябрь
  26. Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи. //http://www.press-service.uz. 01.09.2014
  27. Каримов И.А. Мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириш – бош мақсадимиздир. //Халқ сўзи, 2014 йил 6 декабрь.
  28. Каримов И.А. 2015 йилда иқтисодиётимизда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация жараёнларини изчил давом эттириш ҳисобидан хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш – устувор вазифамиздир (Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси). //www.uza.uz, 16.01.2015
  29. Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузаси. //www.uza.uz, 23.01.2015.
  30. Мўминов А. Миллий сиёсат ва маданий соҳадаги ислоҳотлар, – Т.: Академия, 2010.
  31. Мамашокиров С., Тоғаев Ш. Эркин ва фаровон ҳаёт қурилишининг ғоявий-мафкуравий масалалари. – Т.: Маънавият, 2007.
  32. Миралимов Ш., Эшбеков Т. Журналистика, маънавият, жамият. Ўқув қўлланма. – Т.: Ўзбекистон, 2010.
  33. Мўминов Ф. Журналистика ижтимоий институт сифатида. Ўқув қўлланма. – Т.: Университети, 1998.
  34. Назаров Қ. Миллий истиқлол ғоясининг асосий мақсад ва вазифлари. –Т.: Ижод дунёси, 2001.
  35. Назаров Қ. Қадриятлар фалсафаси. –Т.: ЎзФА, 2004.
  36. Отамуродов С. Миллий ривожланиш фалсафаси. –Т.: Академия, 2005.
  37. Отамуродов С. Глобаллашув ва миллат.-Т.: Янги аср авлоди, 2008.
  38. Саидов У. Глобаллашув ва маданиятлараро мулоқот. –Т.: Акад, 2008.
  39. Шермуҳамедова Н. Фалсафа. Дарслик. –Т.: Академия, 2010.
  40. Эргашев И. Сиёсат фалсафаси. –Т.: Академия, 2004.
  41. Эркаев А. Миллий ғоя ва маънавият. – Т.: Маънавият, 2002.
  42. Эшбеков Т. Жаҳон журналистикаси тарихи. Ўқув қўлланма. – Т.: ЎзМУ, 2014.
  43. Эшбеков Т. Мафкура майдонида ахборот-психологик хавфсизлик. Ўқув қўлланма. – Т.: ЎзМУ, 2011.
  44. Қуронов М. Фуқаролик жамияти: ҳамнафас халқнинг мададкор бирлиги. // http://milliytiklanish.uz

You may also like...

2 Responses

  1. Mafkura (arab. — fikrlar majmui) — muayyan ijtimoiy guruh, qatlam, millat, jamiyat, davlatning manfaatlari, orzulari, maqsadlari ifodalangan qarashlar va ularni amalga oshirish tizimidir. Mafkura umuman olib qaraganda insoniyat hayotining asosi hisoblanadi.

  2. «Ta’kidlash joizki, biz fuqarolar dunyoqarashini boshqarish fikridan yiroqmiz, balki odamlarning tafakkurini boyitish, uni yangi ma’no va mazmun bilan to’ldirish tarafdorimiz» » Yuksak ma’naviyat- yengilmas kuch»
    Yurtboshimizning ushbu fikrlari , ayniqsa, biz OAV xodimlarining asosiy maqsad- muddaoyimizga aylanmog’i kerak.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>