Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

ҲужжатларТанлаш

23:19 / 26.03.2021

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгармоқда. Юртимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Бу борада олиб борилаётган муҳим ишларга қарамасдан, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги янгиланишлар жараёнида маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.

Хусусан, маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизим мавжуд эмас, халқимиз, айниқса, ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида етарли даражада ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмаяпти, ушбу йўналишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмаган.

Мавжуд муаммоларни ҳал этиш, маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, мамлакат аҳолиси, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини яратиш мақсадида:

1. Қуйидагилар маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш;

оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш;

тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини оширишижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий қилиш;

эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳолининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш;

маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турлари, ноширлик-матбаа маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш;

геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.

2. Қуйидагилар Республика Маънавият ва маърифат марказининг (кейинги ўринларда – Марказ) қўшимча вазифалари этиб белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин:

а) давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик йўналишида:

мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларнинг асосий йўналишлари бўйича давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва ишчи (эксперт) гуруҳларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва маънавий таҳдидларнинг моҳиятини ва аҳолининг турли қатламларига таъсирини ўрганиб бориш;

ёшларимиз онгига салбий таъсир этувчи, уларни ғоявий жиҳатдан қарам этишга йўналтирилган ҳаракатларга қарши самарали кураш олиб бориш ҳамда иродали, фидойи, ватанпарвар ва ўз мустақил фикрига эга авлодни тарбиялаш бўйича амалий чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш;

давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари учун тегишли тавсия ва таклифлар тайёрлаш;

б) илмий-тадқиқот йўналишида:

маънавий-маърифий ишларни амалга оширишнинг самарали ва таъсирчан тарғибот технологиялари ҳамда усулларини ишлаб чиқиш;

маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни ташкил этишга доир хорижий тажрибани ўрганиш, шунингдек, бугунги мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш;

мактабгача таълим, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизими, маҳалла ва бошқа тузилмалар кесимида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг мониторингини олиб бориш, аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган тарбия технологиялари, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

маънавий тарбия ва ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш, уларнинг натижалари амалиётга татбиқ қилинишини мувофиқлаштириш;

в) тарғибот-ташвиқот йўналишида:

эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган миллий ғоя тарғиботи, маънавий-маърифий ишларнинг устувор йўналишларини белгилаш;

соҳалар ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, аниқ мақсадга йўналтирилган тарғибот-ташвиқот дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

аҳоли, айниқса, ёшларни ислом дини ва фалсафасига, бошқа диний конфессияларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш бўйича маънавий-маърифий тадбирларни амалга ошириш.

3. Марказнинг маънавий-маърифий, илмий-ижтимоий мавзулардаги долзарб мақолалар, жамоатчилик вакилларининг илғор фикрлари, шунингдек, мафкуравий жараёнлар таҳлили, соҳага оид янгиликларни тўплаш, тайёрлаш ва тарқатиш мақсадида “oyina.uz” электрон порталини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватлансин.

Портал фаолиятини йўлга қўйиш учун Марказга қўшимча 15 та штат бирлиги ажратилсин ва унинг тузилмасида Рақамли тарғибот бўлими ташкил этилсин.

Марказ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда портални ишга тушириш чораларини кўрсин.

4. Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларига қўшимча 2 тадан, туман (шаҳар) бўлинмаларига аҳоли сони 200 мингдан ортиқ бўлганда 2 тадан, 200 мингдан кам бўлган тақдирда эса 1 тадан қўшимча штат бирликлари ажратилсин.

Белгилансинки, мазкур штат бирликлари маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

5. Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг:

“Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасаси негизида Марказ ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш;

“Тафаккур” ва “Маънавий ҳаёт” журналлари ҳамда “Маънавият” нашриётини Марказ тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

“Маънавият” нашриёти фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ҳисобидан бир ой муддатда 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилсин.

6. Қуйидагилар:

Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг таркиби 1-иловага мувофиқ;

Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Республика Маънавият ва маърифат марказининг тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари намунавий тузилмалари 4-иловага мувофиқ;

Республика Маънавият ва маърифат марказининг туман (шаҳар) бўлинмаларининг намунавий тузилмалари 5-иловага мувофиқ;

Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича “йўл харитаси” 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. 2021 йил 1 январдан бошлаб барча умумтаълим муассасаларида ёшлар етакчиси лавозими 1 та штат бирлиги ҳисобида сақланиб келинаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Таълим ташкилотларида маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қуйидаги тартиб жорий этилсинки, унга кўра:

ҳар бир умумтаълим муассасасида жорий этилган ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини молиялаштириш учун 2021 йил 1 апрелдан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 0,5 штат бирлиги ажратилади ҳамда унинг иш ҳақи миқдори умумтаълим муассасаси олий маълумотли ўқитувчиси учун ўрнатилган базавий тариф ставкаси миқдорида белгиланади;

давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида, талабалар сонидан қатъи назар, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими жорий этилади. Бунда, олий таълим муассасаларида мавжуд ёшлар билан ишлаш бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими қисқартирилади.

8. Марказ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2021-2023 йилларда Маънавият ва маърифат масканларини барпо этишнинг манзилли рўйхати 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Мазкур масканлар янги қурилишлар орқали ёки бўш турган биноларда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ташкил этилиши белгилансин.

9. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимининг тегишли таълим йўналишлари ўқув режаларига бакалавриат босқичида “Маънавиятшунослик”, магистратура босқичида “Касбий маънавият” фанлари киритилишини ҳамда магистратура таълим босқичида “PR-менежер” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланишини йўлга қўйсин.

10. Инновацион ривожланиш вазирлиги Марказ билан биргаликда икки ой муддатда миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар йўналишида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида мақсадли фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни шакллантирсин ва белгиланган тартибда молиялаштирсин.

13. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, “Маънавий ҳаёт” ва “Тафаккур” журналлари таҳририятини жойлаштириш учун бино ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 8-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 9-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

16. Марказ Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этиш, унинг ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштиришга шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Б.А.Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Д.М.Кенжаев белгилансин.

Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти                                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 26 март

https://uza.uz/uz/posts/manaviy-marifiy-ishlar-tizimini-tubdan-takomillashtirish-chora-tadbirlari-togrisida_252150

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>