Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш

ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

19:31 / 04.05.2021

Мамлакатимизда пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, қариялар ва кекса ёшдагиларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш ва соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этилади ҳамда уларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини рақамлаштиришга тўсқинлик қилиб келмоқда.

Давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотлар электрон базасини шакллантириш, ушбу жараённи соддалаштириш, фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш, пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, мазкур йўналишда соғлом рақобат муҳити ва замонавий стандартларни жорий этиш мақсадида:

1. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) 2022 йил 1 январдан бошлаб:

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (кейинги ўринларда – Пенсия жамғармаси) томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловлар (кейинги ўринларда – пенсия ва нафақалар)ни тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Бунда тендер асосида танланган тижорат банки ёки бошқа ихтисослашган ташкилот билан тузилган шартномага мувофиқ пенсия ва нафақаларни нақд пулда маҳалла фуқаролар йиғинларига, фуқароларнинг яшаш манзилларига етказиб бериш мажбурияти юклатилади;

танловда иштирок этадиган тижорат банклари ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан пенсия ва нафақаларни маҳалла фуқаролар йиғини биноси ёки фуқаронинг яшаш манзилига етказиб бериш шартларидан келиб чиқиб, хизмат ҳақи дифференциялашган тартибда пенсия ва нафақалар тўланадиган (етказиб берилган) сумманинг 1 фоизгача миқдорда бўлиши мумкин. Бунда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ва республика бюджети томонидан тўлаб берилади;

б) 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда – ЯММТ ИДАК)га киритиш хизмати жорий этилади;

давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади;

давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.

2. Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”
1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштириш, фуқароларга пенсия ва нафақаларни тайинлашда юзага келадиган ортиқча тўловларнинг олдини олиш ҳамда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш мақсадида Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати тузилмаси, ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларининг намунавий тузилмалари 2, 3 ва 4-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Пенсия жамғармасига вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромаднинг йигирма фоизини Пенсия жамғармаси ходимларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтириш ҳуқуқи берилсин.

4. Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари бинолари учун минимал талабларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.И. Норқулов) Молия вазирлиги (Т.А. Ишметов), Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ж.Ортиқов) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

икки ой муддатда Пенсия жамғармаси ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларини фуқаролар учун қулай шароитларга эга бўлган бино ва иншоотларга кўчириш;

2022 йил 1 июлга қадар қариялар ва кекса ёшдагилар, имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга мослаштирилган Пенсия жамғармасининг бинолари бўйича минимал талабларга асосан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар бир ҳудудда биттадан Пенсия жамғармасининг мавжуд бинолари негизида “Намунали Пенсия жамғармаси бўлими”ни ташкил этсин;

2024 йилга қадар босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари биноларини минимал талабларга мослаштирсин.

6. Белгилансинки, Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятини сақлаш ва молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетлари ҳисобидан амалга оширилади.

7. Молия вазирлиги:

икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

2021 йил давомида Марказий банк, тегишли масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2022-2024 йилларда ҳудудларда пенсиялар ва нафақаларни тўлаш бўйича тижорат банклари ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар ўртасида тендер ўтказиш чораларини кўрсин;

2022 йил 1 январдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни амалга ошириш учун зарур маблағларни кўзда тутсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ушбу қарор мақсади ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида ва Интернет тармоғида кенг ёритилишини таъминлаш тавсия этилсин.

10. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Кучкаров, молия вазири Т.А.Ишметов ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б. Хусанов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                 Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 4 май

https://uza.uz/uz/posts/fuqarolarga-davlat-pensiyalarini-tayinlash-zharayonini-soddalashtirish-hamda-pensiya-va-nafaqalarni-etkazib-berish-tizimini-yanada-takomillashtirish-chora-tadbirlari-togrisida_263998

You may also like...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>