Ўз уйингиздек ижара керакми? (Текин!)
Талабалик йилларим ётоқхона шовқинидан безиб ижарага чиқиб кетгандим.
Ётоқхонада вақт тошқин дарёдек тез ўтиб кетар, на бирор китоб ўқишга, на бир-икки сатр ёзишга улгурардим. Шерқўзи Ғозиев турган маҳаллада бир онахонга мендек дастёр ўғил керак экан! Жон-жон деб рози бўлдим. Онахонимиз ижара ҳақи олмасди! Уч маҳал лаззатли таомларини бирга баҳам кўрардик! Ҳар ойда қишлоққа бориб, қайтишда қопимни ноз-неъматларга тўлдириб келардим. Онахонимизга айниқса куйдирилган сарёғ, чакки (сузма), қурут, туршак, ёнғоқ, чақилган данак, майиз, асал, ўзимизнинг тандир нон ва патир жуда ёқарди. Хуллас, ҳақиқий она-боладек бўлиб икки йилча бирга яшадик.
Ижаранинг энг ёққан томони — вақт шовуллаб ўтиб кетавермасди. Қуёш бемалол чиқиб, менинг ишларим бафуржа адоғига етиб олишини кутаётгандек осмонда анча туриб қоларди гўё. Қоронғи ва осуда тунлар ҳа деганда тонгга уланавермасдан менинг бемалол китоб ўқиш ва қалам тебратишга тўйгунимча имкон берарди. Кунлар узун, тунлар адоқсиздек эди ижарамизда!
Илоҳим, энг яхши талабамга шундай файзли ижара насиб этишини тилаб юрардим. Бугун кекса ва ногирон бир шоир акамиз қўнғироқ қилиб қолса бўладими! Чол-у кампирга битта фарзандидек талаба қиз ё йигит керак экан. Ижара ҳақи олмаскан, дастурхонини бирга баҳам кўришаркан. Фақат, меҳр ва озроқ рўзғор ишларига дастёрлик қилса бўлди экан!
Очиғи, яна талабалик давримга қайтгим келиб кетди…
Хулласи калом, кимга шундай ижара керак бўлса, марҳамат, Дониш домла ўзлари обориб жойлаб келади ва албатта ҳолидан хабар олиб туради!
Suratlarga gap yo’q! Donish domlaning sharafli o’tmish ummonidan
sizib chiqqan kichik bu tomchi ko’ngillarga osongina «hazm bo’ladi». Sababki, voqea samimiylikka yo’g’rilgan. Unda balandparvoz gaplar, yulduzchalik tashbehlar uchramaydi.