Ҳали боплайди…

Қашқадарёдан хат келди: Ажойиб ҳажвия!

к

Жамол Жўшқин муҳаррир хонасига қуюн янглиғ бостириб кирди.

– Хўш-ш?! – деди у қалин қошларининг ҳар бир мўйини игна қилиб. – Сўраш жоизми?! Не сабаб, бу кварталда каминага мукофот ёзилишида фаромушга йўл қўйилибди?! “Остонаи-таҳририят” тупроғини йигирма йилдан ошиқ ялаб келаётган мендай жафокаш журналист… Эҳм, қолаверса, жўшқин шоирга ҳурмат ҳали шуми?!

Муҳаррир “жафокаш журналист” ва “жўшқин шоир”га қараркан, мийиғида кулди.

– Ҳурматингиз бор! Аммо, узр… Бу сафар шундай бўлиб қолди.

Жамол Жўшқин тепакал бошини орқасига илкис ташлади.

– Нечун? Бу “ҳурматингиз”га хафа бўлдим, инчунун! Куни кеча келган мишиқи мухбирчаларга мукофот бор-у, бизга йўқми? Ўзингиз ҳам кўп йиллик… Эҳм, ҳалиги мозийга мансуб муҳаррирсиз. Шундай экан, ёдингизда бордир?! Бир пайтлар “Жамол Жўшқин бораябди!” деган мужда тарқалгудек бўлса борми, туман ва хўжалик раҳбарлари йўлимга пешвоз чиқишиб “нон-туз” билан қарши олишарди. Ҳа, энди, қаламимиз қамчидек қарсиллаб…

– Яшанг! – муҳаррир суҳбатдошининг гапига тўсатдан банд ташлади. – Ҳақиқатан, бир пайтлар ўзингиз айтмоқчи жафокаш журналист ва жўшқин шоир эдингиз?! “Фельетон”ларингизда филнинг кучи бор эди! Шеърларингиз эса юракни жизиллатарди… Аммо, булар илгари эди! Ҳозирдачи?! Ўзингиз тан олиб айтинг, яқин беш-олти йил мобайнида ўқувчи ёдида қоладиган очеркми, лавҳами, лоақал тузуккина бирор мақолами ёзганингизни эслай оласизми?! Илк шеърий тўпламингиз “Кўнгилдаги қиров”дан сўнг, нима бало, жўшқинлигингиз ҳам “қиров”дек эриб кетдими, дейман?! Сизнинг қўлингизда тажриба ўтаб, “хат-савод” чиқарган “мишиқи мухбирчалар” эса… Хафа бўлманг-у, ҳозирда сиздан ўтиб кетишган! Ёки, дашномларим далил талаб қиладими? Хўш-ш…

…Жамол Жўшқин муҳаррир хонасидан дами қўйворилган пуфакдек бужмайиб чиқди. Тепакал боши, ажин омоч тортган манглайи, ҳатто қўш қават бағбақасигача бодраб чиққан тер доналарини гўштдор кафти билан сидираркан, норози оҳангда тўнғиллади.

– Йўқ! Ҳали оқшом чўккани йўқ! Жамол Жўшқиннинг офтоби уфқ ортига ботмаган! Шу таъна-дашномлар учун, ёзиш қанақа эканлигини сенларга қайтадан кўрсатиб қўяман! Ҳа, ҳали қиров қўнмаган, ҳеч ким журъат қилмаган мавзуларда шундай қалам юрдирайки… Оғзиларинг нақ сабзи ўрадек ланг очилиб қолсин! Бўлди, қарорим қатъий, шикоятга ўрин йўқ. Бугундан… Йўқ, эртадан бошлаб, Жамол Жўшқиннинг хобхонасидан энди хуррак эмас, фақат қаламнинг қиртиллаши-ю, қоғознинг шитирлаши эшитилади, холос!..

Эртаси куни эса – дам олиш куни эди.

– Айни муддао! – деди Жамол Жўшқин девордаги “тақвим” варағига қараб қўйганча, хомуза тортиб кўрпага кираркан. – Демак, бугун барвақт ётилиб, эрта қарға қағилламасдан ёзув столига ўтирилади. Тушликкача тўрт қоғоз, кечки таомдан сўнг яна…Хўш, нима мавзуда ёзилади?! Бу ҳақда ҳам яхшиси эртага наҳорда мушоҳада юритилади…

Нияти барҳақ экан, дарҳақиқат эртаси каллаи-саҳарда кўз очишга тўғри келди.

– Тезроқ, тура қолинг! – шошилтирди хотини. – Ҳамсоялар кутиб қолишди…

Жамол Жўшқин елкасида тўн, бошида дўппи, дарвозани карахт тарзда очди. Кўрдики, остонасида бир эмас, беш-олтита қўни-қўшни қаторлашиб туришарди.

– Қани, – деди улар орасида кайвонироғи. – Қалпоқни тез шляпага алмаштириб чиқингчи! Ҳа, галстук танғиш ҳам эсдан чиқмасин?! Ҳар тугул шоир одамсиз… Маҳалла номидан сизга сўз-пўз ҳам тегиб қолиши мумкин. Хуллас, ҳув кунжакдаги магазинчи Мўмин мўйлов борку… Ўша наҳорги ошга айтган!

– Оббо! – манглайини тириштирди Жамол Жўшқин. – Режа барбод бўладиган бўлди-да! Бу Мўмин мўйлов шаҳардаги тўртта бойваччанинг биттаси. Тўй паловида битта гуруч, битта гўшт…бўлиши аниқ! Қолаверса, маҳалла-кўйчилик. Бормаса мана булар хафа бўлишади…

Жамол Жўшқин адашмаган экан. Лаган тўла “гумбаз”ли ош иштаҳа билан қулатилди. Тафт босдисига иккита седанали сўлқилдоқ нон нишолдага ботирилиб ейилиб, устидан тўрт чойнак чой симирилгач ниҳоят, нафс таскин топди.

– Ҳар ҳолда эрталабдан ёмон бўлмади! – мамнун ҳолда кекирди Жамол Жўшқин қўшнилар билан хайр-маъзур қиларкан. – Чунки, ижод инсондан ҳамиша катта куч талаб қилади! Энди, столга ўтириб…

– Ҳў-ў, шоир! Кутавериб, кўзлар қорайиб кетди-ку?!

Таниш ҳирқироқ овоздан Жамол Жўшқин сергак тортди. Ўгирилиб қараса – янглишмабди… Дарвозаси тагида мактабдош жўраси Жомурод полвон машинасининг эшигини очиб манзират қилиб турибди.

– Ҳозир, тўғри “мол бозор”га борамиз! – деди полвон салом-аликни насия қилиб. – Чунки, сенгина қўй-қўзи ҳақида ёзавериб устаси фаранг бўлиб кетгансан. Хуллас, менга ҳам арзон, ҳам гўшти пичоққа илашадиган иккита қўчқор сотиб олишда кўмаклашасан! Ҳа, келинга учраб вақтни бекорга ўлдирма. Рухсатини олганман…

Жамол Жўшқин икки ўт орасида қовриларди. Борса, турган гап “чошгоҳгача ёзиладиган тўрт-беш варақ” сувга уриб кетади. Бормаса, полвоннинг гапини ерда қолдириш киссага зарар! Жуда жўмардда қурғур! Қўли очиқ, дастурхони ҳамиша ёзиқ. “Еб кетарга” деб “қарз” бериб туришичи?! Шундай экан…

Бозордан қайтишаркан, қўш қўчқорнинг шох ташлаганча ирғишлашини кўриб полвоннинг кишти келди.

– Ўҳў-ў! Айтдимку, мол танлашда сенга тараф йўқ, деб. Шундай экан, хизматингни… Ювмасак, инсофдан бўлмас! Бир сихдан кабоб, а?!

Бироқ полвоннинг таъкидлашича, кабобни ҳеч қачон “етим” қилиб емаслик керак экан. Бунинг учун, албатта, газагига “шайтоннинг шарбати”дан омухта қилиб…

Бошланишида бош чайқаб, тайсаллаётган Жамол Жўшқин тўртинчи пиёладан сўнг ташаббусни ўз қўлига олди. Илҳоми тўсатдан қулф урди:

Йигит бўлсанг мустақил,

Кўп ноз қилмай, юзта қил…

Қалай?! Кел, шунинг учун оламиз… Йўқ, закускасига ўпишамиз! Оҳ-ҳ, оҳ-ҳ! Ана кўрдинг, ароқнинг заҳри кетди! Лекин, сенга бир сирни айтайми?! Менчи… Ҳали ҳаммасига кўрсатиб қўяман!

Полвон “сир”ни суриштириб ўтирмай, бош ирғаб қўя қолди.

– Розиман! Кўрсатиб қўй… Пулини мендан оласан!

– Йўқ! – Жамол Жўшқин илкис ўрнидан турди. – Яхшиси, мени тез уйимга етказ! Зарур юмушим бор. Бора солиб, уларга кўрсатиб… Йўқ, олдин мириқиб ухлайман. Кайфни қочириб, куч йиғиб, сўнгра боплайман!

Жамол Жўшқин ёстиқдан бош кўтарганда оқшом аллақачон чўкканди.

– Ҳали фурсат бор! – деди у бошини совуқ сувга чаяркан, ўзига-ўзи тасалли бериб. – Энди ҳеч нарсага алаҳсимай саҳарга қадар илҳом парисини оғушига тортади. Керак бўлса зўрлаб… ниятига эришади! Ана шундагина ҳаммасини боплайди…

Жамол Жўшқин ёзув столига ўтириб, қаламининг учини йўнаркан, яна қатъиятлик билан такрорлади.

– Энди мени бу жойдан тўп отиб ҳам турғиза олишмайди! Ҳа, уларни бопла-а…

Шу аснода эшик тавақаси тарақлаб, хотинининг шодон кулгиси янгради.

– Айтдима, нега эрталабдан буён ўнг қовоғим учади! Яна денг билгандай, нўхат ивитиб қўйганимчи! Хўжайин, бир яйрайдиган бўлдингиз! Акам келдилар! Тезроқ чиқинг… Тағин?!

Жамол Жўшқин тагидан ток ургандек, беихтиёр туриб кетди. Ҳа! Бу илонбош–қайноғасининг феъл-атвори ўта чарс. Ёлғондан қовоқ уйсанг, ростдан сўкиб юборади. Лекин, хотин хешнинг айни пайтда ҳотамтойлиги-ю-дангаллиги ҳам бор. Супрақоқдисининг қўлини ҳалоллаганда “Жиянга падарка!” деб катта бир новвосни етаклаб келганди. Шундай бўлгач, эркалиги ўзига ярашади-да! Эҳтимол, бугун шошиб, кўп ўтирмас…

Аммо, “эрка меҳмон” тун ярмидан оққандагина кетишга изн сўради.

– Бизга энди рухсат, куёв! Лекин, бу сафар хурсанд қилмадинг… Илгари картадан “дурак”, “бешкўтарар”ларни титиб ташлардинг. Бугун эса, хаёлинг ҳам жойида эмас?! Куёв дегани барибир “ёв” бўларканда-а?! Маззанг бўлмаса айт, дўхтир-сўхтирга кўрсатай! Яна бу кишим мухбир, типографияда ишлармиш?! Ҳе, ўша сени сийлаган…

Жамол Жўшқин изза бўлганча изига қайтди. Ижод столига эндигина ўтирган эдики, қўшни хонадан ўғлининг қийқириғи қулоғига урилди.

– Урра! Футбол… Чемпионлар лигаси!

Жамол Жўшқиннинг қўлидан қалами сирғалиб тушди.

– Ие?! Ахир, бу ўйинни икки ҳафтадан буён интиқ кутаётгандику?! Тўғри, футболни кўрмаслиги мумкин. Аммо, эртага ишхонага борганда, баҳс-мунозарага қатнаша олмай мум тишлаб ўтирадими? Унда спорт соҳаси билимдони сифатида орттирган обрўси нима бўлади?! Бор-йўғи, икки соат… Ана ундан кейин боплайди!

Аммо, асосий вақтдаги ўйинда ҳисоб очилмади. Жамол Жўшқин бақиравериб, ёстиқни муштлайвериб толиқиб қолди. Шу боис қисқа танаффусда қисқагина тин олиш учун диванга бош қўйди-ю, у ёғини… Қанча муддат ўтди, эслолмайди хотинининг қистови билан жойига ўтиб ётаркан, ғудранди.

– Бу сафар бўлмади! Лекин, албатта эртадан бошлаб… Ҳа, ҳали уларни шундай бопласинки!

Лаҳза ўтмай хобхона ларзага келди. Жамол Жўшқин хурракни боплаётганди…

 

Муҳаммад Очил,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Қашқадарё вилоят бўлими адабий маслаҳатчиси

You may also like...

1 Response

  1. Ассалому-алайкум Тўлқин ака! Қаршидан 60 градуслик салом. (Сояда 45 градус курсатаяпти ака) Муҳаммад ака устозимизни ҳажвияларини ўқидим. Бир сўз билан айтганда «Қашқадарёчасига». Гап йўқ!

Добавить комментарий для ixtiyor Отменить ответ

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>