Телефонда гаплашишни биласизми?
Журфак талабаси Гулшода Жуманиёзованинг “Рўзғор санъати” журналидаги ижодий фаолияти устозларида умид уйғотмоқда, дейди Дониш домла.
Кўча-куйда ишга ёки ўқишга кетаётган пайтингизда атрофингиздаги одамларни ҳеч эътибор билан кузатганмисиз. Бугунги кунга келиб ёшу-қари ҳатто чақалоқларнинг ҳам қўлларида уяли алоқа воситалари бор десак муболаға бўлмайди. Олдинлари ҳали телефонлар пайдо бўлмаган даврларда бирор узоқдаги инсонингиздан жўнатилган хабарлар бир неча ойлардан сўнг етиб келган. Орадан вақтлар ўтиб бу воситалар энди пайдо бўлиб, ҳали ривожланиб улгурмаган вақтларда эса кўчадами ёки бирор транспорт воситасидами эътибор берадиган бўлсак кўпчиликнинг қўлида китоб билан ёки ёнидаги шериги билан ўзаро суҳбатлашиб кетаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин эди. Бугун бу ҳолатни камдан кам кузатишимиз мумкин. Ҳатоки замонавий ёшлар китобларни ҳам шу техникада мутолаа қилишмоқда. Барчамизнинг қўлимизда уяли алоқа воситаси бўлгани билан ундан тўғри фойдаланиш, телефон орқали ким биландир суҳбатлашиш маданияти ҳақида хабардормизми? Бу галги мулоҳазамизда телефонда гаплашиш этикети ҳақида сўз юритамиз…
Воқеа…
Тасаввур қилинг, автобусда ўз манзилингиз томон ошиқяпсиз. Бекатда бир йўловчи транспортга чиқди ва энди сиз билан ҳамроҳликда кетяпти. Шу пайт унинг телефони жиринглади ва у қўнғироққа жавоб берди. Автобусдаги бошқа йўловчилар унинг суҳбатни эшитиб бироз жаҳллари чиқдию лекин ҳеч ким индамади. У ҳам телефондаги таниши билан овозини баланд қилган ҳолда, кўча тилида бемалол гаплашиб кетяпти. Бу вазият сизга ёқмаслиги аниқ…
Ёки яна бир ҳолат… Ўз одатингиз бўйича кунлик ҳамма ишларингизни тугатиб кечки пайт дам оляпсиз. Соат тунги ўндан ошган. Шу пайт телефонингиз жиринглаб сизга кимдир қўнғироқ қилди. Телефон гўшагини кўтаришга бироз қўрқдингиз, чунки бемаҳал қилинган қўнғироқ кўп ҳолатларда ёмон хабарлардан дарак бериши мумкин… Сўнгра гўшакни кўтардингиз. Сизни кечқурун безота қилаётган инсон адашиб тушди ёки оила аъзоларингиздан бирортаси билан гаплашиши истаги борлигини билдирди. Бу гапни эшитиб бироз енгил тортинигизу аммо ундан олдинги қўркувингиз сабаб юрагингиз бироз ҳижил бўлди.
Юқоридаги каби ҳолатларга барчамиз бир марта бўлса ҳам дуч келганмиз ва албатта уларга бепарво бўла олмаймиз. Буни нима деб баҳолашни ҳайронмиз, маданиятсизликми ёки телефонда гаплашиш одобини билмасликми?
Мунозара…
Статистик маълумотларга қараганда ғарб мамлакатларида телефон орқали бўладиган суҳбатлар 3-5 дақиқадан ошмаслиги керак. Келинг телефонда гаплашиш маданияти ҳақида бироз тўхталамиз… Одоб юзасидан кимгадир қўнғироқ қилиш ниятида бўлсангиз, буни эрталаб соат олтидан кейин ва кечқурун соат тўққиздан олдин амалга оширсангиз мақсадга мувофиқ бўлади. Агар сиз жамоат жойлари ёки одам гавжум транспорт воситасида бўлсангиз телефонда гаплашмаганингиз маъқул. Чунки атрофингизда турли феъл атвор соҳиб ва соҳибалари бўлади. Уларнинг ҳурмати учун ҳам телефондаги одамга вазиятни айтиб, кейин ўзингиз телефон қилишингиз ҳақида огоҳлантиришингиз керак. Ҳар доим телефон орқали мулоқот қилётганингизда тилингиздан “узр” ва “рахмат” сўзлари тушмасин. Бу сўзлар орқали сиз суҳбатдошингиз ҳурматига сазовор бўлишингиз мумкин. Халқимизда “саломга яраша алик…” деган жумла бор. Сиз суҳбатдошингиз билан қай тарзда гаплашсангиз шунга яраша жавоб оласиз. Гаплашаётган одамингиз ким бўлишидан қатъий назар ҳеч қачон чегарадан чиқманг. Муҳим масалаларни телефонда эмас ўзаро учрашган пайтингизда ҳал қилинг.
Холис фикр…
Дунёда турли хил дунёқараш эгалари ва уларнинг ўзига хос тарздаги фикрлари бор. Мавзу бўйича улардан бир нечтасига қулоқ тутиб кўрамиз.
Ойдин Одилжонова (журналист):
— Замонавий технология ривожланиб бораётган бир пайтда алоқа воситаларининг ҳам яшин тезлигида ўзгараётгани ва одамлар орасида маълум бир буюмга (компьютер ёки телефон каби) муккасидан кетиш одатий ҳолга айланиб қолганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Бир қарашда бунинг қўрқинчли томонида йўқдек. Аммо, минг афсуски, китоб мутолаа қилиш, спорт билан шуғулланиш, турли тўгараклар ва қизиқарли машғулотлар ўрнини ҳам ана шундай технологиялар эгаллаб олаётир. Бунинг устига, орамизда кўпчилик уяли алоқа воситаларидан тўғри фойдаланиш қоидаларига амал қилмайди. Жамоат жойларида бор овоз билан соатлаб суҳбат қураётган айрим одамлар айнан шулар жумласидандир. Яна айримлар борки, уларнинг сизга қўнғироқ қилиши учун соатнинг аҳамияти йўқ. Шуни унутмаслик керакки, қўнғироқ қилинаётган инсон ким бўлишидан қатъий назар, уни кеч бўлганда (айниқса дам олиш пайтида) безовта қилиш маданиятсизлик белгиси саналади. Гарчи, гўшакка жавоб берган инсон буни очиқ айтмаса ҳам “Шу пайтда қўнғироқ қилиш шартмикан” дея кўнглидан ўтказмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Ана шу ўринда, телефон орқали суҳбат қураётганда имкон қадар хушмуомала бўлиш кераклигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Муолама маданияти кишининг заковати ва ақлий салоҳиятидан дарак беради. Суҳбат қураётганда сўзларни дона-дона ва тушунарли қилиб, адабий тил меъёрларидан четга чиқмаган ҳолда етказиб бериш суҳбатдошингиз ва атрофдагилар учун ёқимсиз вазият юзага келишининг олдини олади. Телефон орқали қурилган суҳбат қисқа ва лўнда, шунингдек, одоб доирасида бўлгани мақсадга мувофиқ.
Гулора Отажонова (шифокор):
— Бу мавзу ҳақида гап кетганда уяли алоқа воситаларининг фойдасидан кўпроқ зарарига тўхталиш лозим. Олдинлари инсонларга фақат компютерларнинг зарари бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг давомчилари бўлмиш, телефон, планшет каби воситалар зарарлари икки баробар бўлмоқда. Эътибор берган бўлсангиз ҳозирда ҳатто мактаб ўқувчиларида ҳам қўл телефонлари бор. Тўғри уларнинг ота-оналари фарзандларининг ҳолидан хабар олиб туриш ниятида уларга телефон олиб беришган дейиш мумкин. Аммо ёш ўсиб келаётган авлод вакиллари учун унинг зарари ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керакку. Телефондан тарқалаётган турли хил нурлар, инсон кўришига бевосита таъсир қилиб, хотира пасайишига сабабчи бўлади. Бундан ташқари телефонда кўп гаплашиб, бир неча соат ундан фойдаланган инсон ўзида чарчаш ҳис қилади, ҳаётдаги воқеаларга нисбатан лоқайд бўлиб қолади. Яна бир ҳолат, кўпчилик кечқурун ухлашга ётган пайтида ҳам телефонини ёстиғининг тагига ёки яқин жойга қўйишга одатланган. Бу эса инсонлар уйқусининг бузилиши ва эрталаб уйғонганида ҳам миянинг дам олмагандек туюлишига олиб келади. Техника ривожланган замонда яшаётганлигимиз сабабли инсонларга телефондан фойдаланишни чеклашнинг умуман иложи йўқ, аммо уяли алоқа воситаларидан меёрида ва мданият билан фойдалиниш ҳар қандай салбий ҳолатларни олдини олади.
Шахноза Атаева (талаба):
— Одатда телефонда унчалик кўп гаплашмайман. Уйимдан узоқда ўқишда бўлганлигим сабабли кўпроқ оила аъзоларим билан гаплашиб тураман. Бошқа пайтлари курсдошларим ва дўстларим билан суҳбатлашаман, улар билан бўладиган суҳбат ҳам 4-5 дақиқадан ошмайди. Жамоат жхойларида баланд овозда гаплашаётган инсонларни кўрсам баъзи пайтда жаҳлим чиқади. Чунки бу тарзда гаплашиш атрофдигилар учун беҳурматлик бўлади, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам агарда жудаям муҳим қўнғироқ бўлмаса телефонда ўзим ҳоли қолган пайтдагина суҳбатлашаман. Ўқув даргоҳимизда биз учун “Этика-Эстетика” дарслари ўтилади. Фан ўқитувчиларимиз инсонлар риоя қилиши лозим бўлган турли хил одоб-аҳлоқ қоидалари ҳақида ўргатишади. Телефонда гаплашиш маданияти ҳам бундан мустасно эмас. Шу мавзу ҳақида ўқитувчи мураббийларимиз томонидан ёзилган махсус қўлланмаларда ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Сўнгсўз ўрнида…
Маданиятли инсон ҳар жойда ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлади. Янгича технологиялар ҳаётимизга кириб келгани сари улар билан бирга улардан фойдаланиш қоидалари ҳам пайдо бўлмоқда. Қоидаларга мал қилиш ўзингиз учун ҳам соғлигингиз учун ҳам фойдали. Атрофингиздагиларда яхши таассурот қолдириш ниятида бўлсангиз улар билан одоб доирасида муомала қилинг. Доно халқимизда “нима эксанг шуни ўрасан” деган нақл бор. Ниятимиз доимо ҳурмат-эътиборли бўлинг…
Гулшода Жуманиёзова,
ЎзМУ Журналистика факультети 3-курс талабаси.
“Рўзғор санъати” журнали №47
Qulog’idan telefon tushmaydigan inson boshqaladan oldies ham o’zimni hurmatiga putur yetkazadi.
Uzr. Oldida ham
Hamma narsada me’yor mavjud. Shu jumladan, telefonda gaplashishda ham.
Telefon — uzog’imizni yaqin qiluvchi vositalardan biri. Lekin hammamiz ham undan me’yorida, oqilona foydalanishni bilmaymiz. Meni g’ashimni keltiradigan holatlardan biri bu yosh onalarning ko’chada qulog’iga quloqchin taqib go’daklarini yetaklab yurishidir. Axir uning qulog’ida muzika yangrayotgan bir vaqtda bola nimadir so’rashi yoki xarxasha qilishi mumkinku. Ana shunday hollarda ba’zi bir noxush xodisalar ro’y bermasligiga kim javob beradi?
Yoki yosh avlodning tarbiyasi bilan shug’ullanuvchi buvijonlarimizning planshetlarda o’yin o’ynab o’tirishlari bizning mentaletetga to’g’ri keladimi? Axir biz yoshlarga to’g’ri yo’lni ko’rsatuvchi kattalar emasmi?
Men maqola muallifi Gulshoda Jumaniyozovani yaxshi taniyman. Muammoga xolis nazar tashlashni yoqtiradi. Uyali aloqa vositalaridan to`g`ri foydalanish haqidagi maqolasi ham dolzarb. Menimcha, «uyali aloqaga mukkasidan ketish sindromi»ni bemalol ommaviy madaniyat natijasi deyish mumkin. Shu kabi materiallarning ko`payishini xohlardim. O`z navbatida, maqolani sayt orqali bizga yetkazgan Donish domlaga tashakkur!
Dunyoga mashxur » Apple» brendining yaratuvchisi hisoblangan Stiv Jobsning quyidagi fikrlari har qanday telefonning oddiy buyumligi va u hech narsani hal qilmasligini ko’rsatadi:
«Rohatlaning. Vaqtingizni yaqinlaringiz bilan o’tkazing va zavqlaning. Bu shunchaki telefon»
Maqola bugungi kunning dolzarb muammolaridan biri ekanligi haqiqat . Ammo endi insonlarni undan chegaralab qoyib bo’lmaydi . Insonlar o’zlarida undan foydalanish talablarini yodidan chiqarmasa bo’lgani . Hamma ishda meyor bo’lgani yaxshi ekanligini barchamiz bilamiz . Faqatgina o’tayotgan soniyalar qadrini bilsak kifoya .
Yuqoridagi fikrlarni ko’proq kishilar o’qib , o’ylab ko’rishsa masalaning tub mohiyatiga yechim topilardi . Texnikani insondan ustun qo’yib bo’lmaydi . O’tib ketgan vaqtni ham qaytib kelmasligi ham haqiqat .
Telefondan foydalanish madaniyati haqida ko’p gapirilgan. Maqola yaxshi chiqqan. Eng asosiysi ta’sirli bo’lishidir.
Maqola bilan tanishib chiqdim. E’tiborga molik fikrlar keltirib o’tilgan. Lekin telefondan foydalanishni taqiqlaganimiz sari unga bo’lgan qiziqish va foydalanuvchilarsoni ko’payib bormoqda. Taklifim — taqiqlashdan ko’ra, maslahat berishimiz, telefondan unumli foydalanishni tavsiya qilishimizdir!!!
Aytishadiku: «Xudo quymasidan bermasa durtmasi bekordir»,- deb. Ming marta gapirilsa ham insonni o’zi u mehrning, vaqtning qadri degan tushunchalarni his etishmasa, tushunib yetishmasa, bu so’zlar shunchaki bo’lib qolaveradi. Shuning uchun har kimni o’zida bo’lsin, avvalo. Shunda olam guliston bo’ladi. Mavzular yaxshi. Ijodingizga omad!
Muallif tanlagan mavzu dolzarbligi va ta’sirchanligi bilan ajralib turadi. Undagi fikrlarga qo’shilaman. Hozirgi kunda hammaning qo’lida telefon, biroq undan me’yorida foydalanish darkor. Maqolada uning zararli tomonlari haqida ham fikrlar bildirilgan. Ammo uzr so’ragan holda shuni aytmoqchimanki, biroz imloviy xatolarga yo’l qo’yilgan. Jumladan, «hatoki» so’zida bitta «t» harfi tushib qolgan, «uning suhbatni» emas «uning suhbatini», «gaplashishi istagi» emas «gaplashish istagi», «qo’rqinchli tomonida» emas «qo’rqinchli tomoni» desak to’g’riroq bo’ladi, mening nazarimda.