Абдулла Ориповнинг боқий шеърияти
Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг
80 йиллиги олдидан Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси 23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган шифохонада “Боқий шеърият” мавзуида адабий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда мазкур шифохона бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Валижон Мартабоев буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш маънавий камолотга бошлаши ҳақида сўз юритди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати Тўлқин Эшбекнинг “Абдулла Ориповнинг боқий шеърияти” мавзуидаги маърузаси тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
– Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида дунёга келди,– деди маърузачи.– 1963 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган.
У «Ёш гвардия» (1963-69), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир (1969-74), «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1974-76), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1976-82), масъул котиб (1985-88), Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1982—83), «Гулхан» журналида муҳаррир (1983-85), 1996 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси лавозимларида фаолият юритган. Қатор йиллар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, Сенат аъзоси бўлган.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» сингари дастлабки шеърлари талабалик йилларида ёзилган. Атоқли шоирнинг «Митти юлдуз» (1965), «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003) мухлислари қалбидан мангу жой олган.
Адабиётшунослар эътирофича, Абдулла Орипов ўзбек шеъриятига ўтган асрнинг 60-йилларида собиқ совет жамиятида эса бошлаган янги шабаданинг элчиси сифатида кириб келди. У дастлабки шеърларидан бошлаб миллий шеъриятда янги поэтик тафаккурнинг қарор топиши йўлида
ижод қилди; турмушда пайдо бўла бошлаган янгича карашлар, кишиларнинг руҳий оламидаги эврилишлар, фикр ва хатти-ҳаракат эркинлигига бўлган эҳтиёж Абдулла Орипов шеърларининг ғоявий мундарижасини белгилаб берди.
Абдулла Ориповнинг дастлабки шеърларидаги романтик кайфият аста-секин ўз ўрнини фалсафий мушоҳадаларга бўшатиб, шоирнинг ҳаётда рўй бераётган воқеа ва ҳодисаларга муносабати фаол тус олди. Шу маънода «Тилла балиқча», «Қўриқхона», «Генетика», «Оломонга» каби шеърлар Абдулла Ориповнинг лирик шеърият уфқларини ҳаёт муаммолари тасвири ҳисобига кенгайтириб бораётганидан дарак берди. Худди шу нарса Ориповнинг достон жанрига мурожаат этиши ва лиро-эпик тасвир имкониятларидан самарали фойдаланишига сабабчи бўлди.
Абдулла Орипов «Жаннатга йўл» (1978), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Ранжком» (1988) каби достонларида маънавият масалаларига алоҳида эътибор бериб, кишиларнинг руҳий оламидаги айрим қусурлар билан илмий-техник тараққиёт ва тафаккурнинг парвози ўртасидаги зиддиятни очиб ташлади.
Умуман, Абдулла Ориповнинг шеър ва достонларида олға сурилган маънавий муаммолар мустақиллик даврида, айниқса, долзарб аҳамият касб этиб, шоирнинг худди шу масалалар тасвирида ўз даврига нисбатан (уларнинг аксари 90-й.ларга қадар ёзилган) илғорлаб кетганини намойиш этди. Унинг ижодида, бир томондан, Ғафур Ғулом лирикасига хос фалсафийлик кўзга ташланса, иккинчи томондан, Ҳамид Олимжон шеърларига хос мусиқий равонлик ва бадиий соддалик акс этиб туради. Мазкур 2 манба Орипов шеърларида ўзаро туташган ҳолда орифона шеъриятнинг асосий хусусиятларини ифодалаб келади.
Шоирнинг сўнгги йиллар лирикасида туйғу ва кечинмалар тасвири сусаймаган ҳолда яна бир муҳим фазилат бор. Бу, Абдулла Орипов шеърларига лиро-эпик тасвир унсурларининг кўплаб кириб келишидир. У мустақиллик йилларида адабиётнинг ранг-баранг тур ва жанрларида ижод эта бошлади. Шу даврда тарихий адолатнинг тикланиши, ўтмишда яшаган саркардалар ва алломалар хотирасининг эъзозланиши Абдулла Ориповни Амир Темурнинг Ўрта Осиё халқлари тарихий тақдирида ўйнаган буюк ролини кўрсатувчи «Соҳибқирон» шеърий драмасини (1998) ёзишга илҳомлантирди. Халқ шоири бу асарида қарийб уч аср давомида ҳукм сурган қудратли Темурийлар салтанатининг асосчиси ва XV аср Шарқ Уйғониш даврининг бошланишига ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий шароит яратган Амир Темур образини ёрқин гавдалантириб берди. Мазкур асар республиканинг барча йирик театрлари ва қардош мамлакатлар саҳналарида катта муваффақият билан ўйналди.
Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матни муаллифи экани билан ҳам хотираларда сақланиб қолади. У Наврўз ва Мустақиллик бай-рамларини ўтказиш бўйича ёзилган аксарият сценарийлар муаллифидир.
Ўзбек элининг суюкли шоири 2016 йил 5 ноябрь куни вафот этган.
Маърузачи улуғ шоир шеърларидан намуналар ўқиб берди.
Тадбир иштирокчиларининг бу мавзудаги саволларига маърузачи атрофлича жавоб берди.
Нигора МИРЗАЕВА,
халқ депутатлари Олмазор туман кенгаши депутати,
Маҳлиё МИРСОАТОВА,
Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси аъзоси,
Зарнигор ҲАСАНОВА,
http://uchildiz.uz сайти мухбири
Сўнгги фикрлар