Абдулла Орипов хотира кечаси
Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири, ЎзМУ фахрий профессори Абдулла
Орипов билан видолашган бўлсак-да, буюк шоир ўлмас шеърлари, достонлари ва бошқа асарлари билан ҳамиша барҳаётдир.
Атоқли шоирнинг «Митти юлдуз» (1965), «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «Ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003) сингари шеърий китоблари, «Жаннатга йўл» (1978), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Ранжком» (1988) каби достонлари, «Соҳибқирон» шеърий драмаси (1998) юртимизда кириб бормаган хонадон топилмаса керак. Шоирнинг бетакрор шеърлари аллақачон шеърият шайдоларининг қалбларига муҳрланган.
Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матни муаллифи экани билан ҳам хотираларда сақланиб қолади. У Наврўз ва Мустақиллик байрамларини ўтказиш бўйича ёзилган аксарият сценарийлар муаллифидир.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ (минтақавий) марказида мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасаларидан келиб малака ошираётган педагог ходимлар томонидан ташкил этилган хотира кечасида буюк шоирнинг ибратли фаолияти, ўлмас мероси ҳақида сўз юритилди.
Минтақавий марказ директори Баҳодир Холбоев, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети проректори Абдулхай Собиров, ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири, шоир Сирожиддин Рауф, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби, шоир Муҳиддин Абдусамат, адабиётшунос Узоқбой Жўрақулов, ёзувчи Бахтиёр Олломурод ва бошқалар устоз шоир ҳаёти ва ижоди, турли ижодий муассасаларда қилган ҳамкорликлари ҳақида сўзлаб бердилар.
Шеърият шайдолари атоқли шоирнинг дилтортар шеърларидан ўқидилар.
Хотира кечаси барчада катта таассурот қолдирди.
Тўлқин Эшбек,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари
Сўнгги фикрлар