Абдусаид Кўчимовнинг маҳорат мактаби

Таниқли ёзувчи, шоир ва публицист Абдусаид Кўчимов 1951 йил 15 майда

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. 1967 йили тумандаги 37-ўрта мактабни битирган. 1968-1972 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факултетида таҳсил олган. Меҳнат фаолияти 1972 йилда “Ўқитувчи” нашриётида корректорликдан бошланди. Мазкур нашриётда олти ой ишлаганидан кейин, болаларнинг республика газетаси – “Ленин учқуни”га адабий ходим бўлиб ишга ўтди ва 1984 йилгача ана шу газетада бўлим мудири, масъул котиб вазифаларида меҳнат қилди. 1984-87 йилларда “Шарқ юлдузи” журналида масъул котиб, 1987-91 йиллари “Ленин учқуни” газетасида бош муҳаррир, 1991-92 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Маданият, ахборот ва туризм бўлими мудири, 1992-1996 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси раисининг ўринбосари, 1996-1997 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида Ахборот маркази раҳбари, 1997-2005 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси раиси, 2005-2006 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси раисининг ўринбосари, “Тошкент” телерадиоканали бош деректори вазифаларида хизмат қилди. 2006-2017 йилларда “Хабар” газетаси бош муҳаррири, 2017 йил 10 августдан буён ЎзА Бош директори лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси ва Ёзувчилари уюшмаларининг аъзоси бўлган Абдусаид Кўчимовнинг биринчи китоби – “Кашфиётчи болалар” 1978 йили чоп этилган эди. Ўтган йиллар давомида “Менинг Ўзбекистоним” ( 1979 йил), “Тошбургут” (1981 йил), “Менинг юлдузим” (1984 йил), “Чаноқ” (1985 йил), “Ҳалқа” (1987 йил), “Икки баҳор” (1990 йил), ”Умид дарахтлари” (1992 йил), “Қиёфа” (1996 йил), ”Ёсуман” (2000 йил), “Баланд тоғлар” (2002 йил), “Кўзларимнинг қароғидасан” (2006 йил), “Муҳаббат боғлари” (2008 йил), “Эл сув ичган дарёлар” (2009 йил), «Сайланма» (2011 йил), «Сафар» (2010 йил) номли публицистик, шеърий ва насрий китоблари чоп этилди. Татар адиби М.Харисовнинг “Қизил сайёрага саёҳат” номли қиссаси Абдусаид Кўчимов таржамасида ўзбек китобхонларига тақдим этилган. Адибнинг “Баланд тоғлар” қиссаси ва “Бойчечак” ҳикояси асосида кўп қисмли бадиий филмлар яратилган. “Ҳалқа” ва “Ҳаёт ҳукми” номли китоблари Хитой Халқ Республикасида нашр этилган. Бир қанча ҳикоя, қисса ва шеърлари рус, украин, молдован, турк ва бошқа жаҳон тилларига таржима қилинган. Унга табиатни асраб-авайлаш мавзуидаги асарлари учун Халқаро ЮНЕСКО мукофоти, “Ҳалқа” китоби учун Ғафур Ғулом номидаги мукофот берилган.

Абдусаид Кўчимов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони, “Шуҳрат” медали, ”Меҳнат шуҳрати” ордени, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон республикаси Олий Кенгашининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган. 1990-1994-йилларда Ўзбекистон Олий Совети депутатлигига, 1994-1999 ва 1999-2004-йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланган.

АКучим

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида шундай Устоз ёзувчи, шоир ва публицистларнинг маҳорат мактаблари ташкил этилган. Бугунги ижодкор талабаларимиз Абдусаид Кўчимовнинг «Ифтихор азоблари» сарлавҳали публицистикасини қунт билан ўқиб, ундан сабоқ олсалар арзийди.
Устоз Абдуаид акани ҳамиша жўшқин ҳаёт қучоғида кўрамиз. Тиниб-тинчимас Устоз қанча масъул лавозимларда фаолият кўрсатиш билан бир қаторда насру назмда тинмай ижод қилади. Бу ижодий хазина ҳали кўп илмий тадқиқ этилишига ишонамиз.
Бугунги ёшларга қарата камтарлик, самимийлик ва бошқа инсонийлик фазилатларини шу Устоздан ўргансангиз арзийди, дегимиз келади.
Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди

Ифтихор азоблари 

Ифтихорнинг нималиги барчага аён: одам боласи бирор муваффақиятга эришганида суюнади, ғурурланади, озроққина мақтангиси ҳам келади, яъни фахрланади, ифтихор қилади. Муҳташам ғалаба лаҳзаларидаги сурур, ҳайрат ва музаффар туйғулар силсиласи — кўнгил уфқида камалакдек товланган латофатли ранглар ифтихор дейилмиш биргина сўзда жилваланади.

Бугун, худога шукур, зарнигор тонглар бирин-кетин жамол кўрсатаётир: қадим Туронзаминда ифтихор қилсак қилгулик муаззам боғлар, кўркам ва нурафшон манзиллар ой сайин, кун сайин кўпайиб, чирой очмоқда.

Шундоғ экан, унда нега ифтихор севинчлари бир четда қолиб, унинг азобларини сарлавҳа қилиб турибмиз мақоламизга? Негаки, ғалаба ҳеч замонда ойдан оёғини узатиб тушган эмас — ифтихор азоблари ҳамиша унинг фараҳли онларидан мўл, залворли ва машаққатли бўлган.

Афсуски, биз кечаги мушкулотларни кўпинча тез эсимиздан чиқариб қўямиз, бугунги зироатларнинг қадрига етмаймиз, ҳатто ношукурлик қиламиз. Қаноат шамини ўчирамиз.

Шу ўринда бундан 4-5 йил аввал мамлакатимизда мактаб ва мактабгача тарбия ҳолати қандай бўлганини бир эслаб кўрайлик: кўплаб боғчалар сотиб юборилган, бузилган ёхуд омборхоналарга айлантирилган. Омон қолганлари ҳам ғариб, кўримсиз, бечораҳол. 30 фоизга ҳам етмайди боғчаларга борувчи кичкинтойлар сони. Энди-чи? Сўнгги 4 йилда мамлакатимизда мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2 баробар ортиб, айнан ўтган йили 60 фоизга етди, боғчалар сони 3 баробар кўпайиб, 14 мингдан ошди. Энди мазкур рақамни жайдаричасига мулоҳаза қиламиз: агар ўтган 25 йилнинг ҳар 4 йилида боғчалар сони 3 баробардан ошаверганида эди, боғча ёшидаги эркатойларимизнинг ҳаммаси аллақачонлар ушбу таълим йўналиши билан тўла-тўкис қамраб олинарди. Ёки мактаб. Боғчадан баттар эди бу азиз даргоҳнинг аҳволи. Ўқиш-ўқитиш ўлда-жўлда, муаллимлар бозорларга чиқиб кетган — эсласанг, эсинг кетади. Энди-чи? Биргина 2021 йилнинг ўзида 30 та янги мактаб қурилади, 320 та мактаб таъмирланиб, моддий-техник базаси яхшиланади. Яна ўзимизча таҳлил қиламиз: 25 йил давомида йилига 30 та эмас, ана, борингки, 20 тадан янги мактаб қурилганда, 320 та эмас, 220 тадан мактаб таъмирланганда маорифимизнинг ҳозирги шаклу шамойили қандай бўлар эди?

Мавриди келганда “ёрилмаган яра”дай кунма-кун газак олиб, ҳадсиз азобга айланиб кетган яна бир муаммо — ишсизлик оғриқлари қандай даволанаётганига тўхталмаслик мумкин эмас. Қаранг, 2020 йил 500 мингта янги иш ўрни яратилибди. Бу 500 минг фуқаро тирикчилик манбаига эга бўлганини англатади. Ўтган 25 йилнинг ҳар йилида ҳеч бўлмаса 200-300 мингтадан иш ўрни барпо қилинганда, беиш одам қолармиди бугун юртимизда? Ишсиз одам бўлмаганидан кейин иқтисодиётимиз ҳам бошқача ривожланмасмиди. Масалан, 25 йилда, майли, 5-6 эмас 2 миллион ишли бўлган фуқаро кунига 1 доллардан фойда келтирганда-чи?

Мен бу қиёслашларни кимнинг қўлига тош, кимгадир гул тутқазиш учун келтираётганим йўқ. Тугмадек ифтихор замирида тоғдек азоблар борлигини эслатдим, холос.

***

Шу нуқтада лирик ҳиссиётларни тўхтатиб, жиддий гапларга ўтишдан олдин битта ҳаётий ҳикояни эътиборингизга ҳавола қиламан.

Алишер Нарзулло деган шоир бор. Тожикистонлик ўзбеклардан. Душанбега яқин Чинор деган қишлоқда туғилиб, катта бўлган. 30 йилдан бери Тошкентда яшайди. Бир неча шеърий китоблар муаллифи. Ҳозир ЎзАда — бирга ишлаймиз. “У кунларни эсласам қўрқинчли бир туш кўргандек бўламан, — дейди Алишер. — Туғилган маконга бориб-келиш учун 2-3 ойлаб сарсон бўлар эдик. Паспорт столида 80-90 кунлаб, элчихонада унданам кўп рухсат кутардик. Ижозат берилгунига қадар боришинг зарур бўлган маъракаю маврид аллақачон ўтиб кетган бўларди.

Чегарадан ўтиш-қайтиш машаққатларини айтмай қўяқолай. Бу ёқдагилар: Қаерга? Нима учун? У ёқдагилар: Кужо? Барои чи?

Бир гал Душанбедан қайтишда йўл-йўлакай ўқиб кетарман, деб “Адабиёт ва санъат” газетини олдим. Газетанинг бир саҳифаси азалдан арабий ёзувда бўлган. Мен шуни ҳисобга олмай чакки қилган эканман. Чегарачилар газетани кўрибоқ терговни бошлаб юборди: Нега олиб ўтяпсан? Ким топшириқ берган? Қайси диний оқимга мансубсан?

Охири паспортимдан нусха ва газетани олиб қолишди. Чегарадан Деновга, ундан Тошкентга келдим. Кечқурун одатдагидек эшик қўнғироғи жиринглади: “Паспортний режим, ҳужжатларни бир кўрайлик…”

Мен бу хунук ҳолат қиёматгача давом этса керак, деб қийналардим. Рухсатнома, виза, чегара муаммолари, савол-жавоблар, йил-ўн икки ой давом этадиган “паспортний режим” — йўлларимизда хитой девори бўлиб турарди-да!

Шукрки, бугун тош деворлар қулади. Ҳаммаси худди бир босинқирашдек ўтди-кетди. Энди чегарада турганлар сиздан олдин салом беради, йўл кўрсатади, оқ йўл, деб кузатиб қўяди. Тожик биродарларимиз чегарадан ўтаётган ҳар бир ўзбекистонликка азиз меҳмонни кутиб олгандек, “хуш омадед”, дея жилмайиб туради…”

Тушунаман. Чегара, давлатлар ўртасидаги алоқалар мураккаб, яъники сиёсат. Сиёсат эса айсбергга ўхшайди — кўринганидан кўринмаган томони бисёр. Сиёсатчи-ғаввослар билади уёғини. Эҳтимол, бизнинг ақлимиз етмайдиган жиҳатлар бўлгандир. Аммо Алишер Нарзуллога ўхшаш минглаб ватандошларимизнинг армону шодликларини эшитганда, бўларкан-ку, деб юборасанда беихтиёр. Мана, чегаралар, йўллар очилди — осмон узилиб, ерга тушмади-ку! Аксинча, қардошлар ўртасидаги борди-келдиларнинг равонлашуви нафақат Ўзбекистон, балки минтақадаги барча давлатларнинг иқтисодий юксалишига ҳам омил бўлмоқда. Бугун сиёсатнинг кўчасига яқинлашмаган одам ҳам кўриб-билиб турибди: Тошкентдан эсаётган ҳаётбахш шабадалар қўшни республикалар, денгизу уммонлар оша БМТгача етиб борди. Қозоқларнинг элбошиси Нурсултон Назарбоевнинг Шавкат Мирзиёевга қарата, биз сиз бошлаган ўзгаришларни 25 йил кутдик, деганиям шунчаки эътироф эмас! Илло, Ўзбекистон бошлаган очиқлик сиёсати Марказий Осиёдаги давлатларнинг ҳаммасига баҳорий ҳаволар олиб кирди. Мамлакатлар ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланди. Кеча бир-бирига худо қарзи саломни ҳам қизғанган халқлар қалбида бугун яна ота мерос шарқона меҳр, оға-инилик ришталари мустаҳкамланиб, беш мустақил давлат битта аҳил оила сингари қадрдонлашиб бораётир. Рости, агар бундай тарихий инқилоб Европа ёки Ер шарининг бошқа бир қитъасида содир бўлганида эди, эзгулик ва тинчлик ҳаракатининг ташаббускори бўлган давлатнинг етакчиси аллақачонлар Нобель мукофоти билан сийланган бўлур эди.

Ўзбекистон эса минтақа интеграцияси йўлидаги саъй-ҳаракатларини бир дақиқа ҳам сусайтиргани йўқ. Қардошлик меҳру муҳаббатини бугун кечагидан, эртага бугунгидан мустаҳкамлаш чоралари изланмоқда. Яна бир мисол: шу пайтгача “интеграция-интеграция”, деб тинмай гапирилар, бироқ узоқ йиллик “бегоналик”дан кейин бирикиш, яқинлашиш учун минтақанинг ижтимоий ва сиёсий муаммоларини ўрганувчи биронта институт йўқ эди. Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида айнан шу муаммо — Марказий Осиё халқлари институтини очиш зарурлигига эътибор қаратди ва мазкур даъвати билан минтақа интеграцияси масаласи Ўзбекистон учун доимий эканини яна бир карра тасдиқлади.

Умуман, эътироф этиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизнинг ташқи сиёсати, дипломатлар тили билан ифодалаганда, кўп векторли форматга ўтаётир. Бу мамлакатни минтақада таъсир кучи энг юқори турувчи икки регионалистик иқтисодий-сиёсий бирлашмалар — марказида Россия турувчи Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Хитой бошчилигидаги “Бир макон, бир йўл” лойиҳаларига “қарам” бўлиб қолишдан ҳимоялайди. Масалан, бугун глобал дунёда жаҳон бозорига чиқиш, у ердан ўрин эгаллаш қанчалар мураккаб эканини сиёсатчи ёки иқтисодчи бўлмаган одам ҳам яхши англайди. Шундай бир пайтда Афғонистонда ўрнатиладиган тинчлик минтақа давлатларига катта имкониятлар ваъда қилиши мумкин. Хусусан, бу Марказий Осиё давлатлари учун шу пайтгача ёпиқ ва хатарли бўлиб келган Жануб сари йўлни очади. Биламизки, жанубимизда биз ҳали тўлиқ ўзлаштирмаган, аҳолиси қарийб 1,5 миллиард нафар (Покистон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон) бўлган бозор мавжуд. Ўзбекистон Президентининг ҳаракатлари шуни англатадики, у мамлакатни неоколониал (янги мустамлакачилик) ботқоғига ботирмоқчи эмас, балки очиқ дунёда барча билан тенгма-тенг муносабатлар олиб бориш, ҳеч кимнинг “қош-қовоғи”га қарамайдиган беғубор ва тиниқ янги давлатни шакллантириш, назаримда.

Шунинг учун ҳам 2020 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев афғонистонлик ҳамкасби Ашраф Ғани билан 3 марта телефон орқали суҳбатлашди. Ўзбекистонга Афғонистондан 5 марта, Афғонистонга Ўзбекистондан 4 марта махсус делегация бориб келди. БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида давлатимиз раҳбари яна бир марта дунё жамоатчилиги эътиборини Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатиш муаммосига қаратди.

Зеро, Афғонистоннинг тинчлиги Марказий Осиё мамлакатларига Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига энг қисқа йўл билан чиқиш ҳамда Жанубий Осиёни Европа ва Хитой билан боғлаш орқали 1,5 эмас, 3 миллиард кишилик улкан бозорга кириш имконини тақдим қилади. Бундай улкан режаларни амалга ошириш билан боғлиқ азоблар эса алоҳида мавзу.

***

Мен қарийб 50 йилдан буён матбуот ичида юрган одамман. Лекин шу йиллар ичида совет замонини қўяверинг, мустақиллик йилларидаям сиёсий режим бу даражада оғир юкни елкасига олган эмас. Жуда яхши эслайман, кечагина нафақат халқнинг дарду фиғони, ҳатто тепага ёқмайдиган “чеҳра”нинг эфирда пайдо бўлиши қандай тўполонларга, баъзи ҳолларда охири бехайр ҳодисаларга айланиб кетарди. Бугун-чи, бугун шундай замон бўлдики, тармоқлар очиб қўйилди, ким нима деса деяётир. Тўғри, бунинг ичида туҳмат бор, хусумат, кўролмаслик деган иллатлар ҳам бор.

Неча йиллар давомида жиноий жавобгарликдан қочиб, аллақайси ковакларда пусиб-яшириниб ётган аламзадаларнинг “ватанпарвар-герой”лик даъволари бор. Туйнугидан ел, эшигидан эл кирмайдиган, умрида бир туп райҳон кўкартирмаган ношудларнинг энса қотиргувчи ҳавойи талаблари бор. Ўз боласига ўз сўзи ўтмайдиган, ўз боласини ўз сўзи билан ўзига ишонтиролмайдиган, ўз туйғуларини ўз боласига юқтиролмай эзилиб, дардини бировга айтолмай, ичидан зил кетиб юрганлар бор. Не-не орзу-ҳаваслар билан катта тўй қилиб, фарзандининг битта бошини иккита қилган, аммо тўрт-беш ой ўтиб-ўтмай, ўз оиласини парчаланишдан асраб қолишга кучи етмай, бошини чангаллаб, маҳалла-кўйга аралашишга бети чидамай юрганлар бор. Умрида битта каптархона қуришни эплолмаганлар бор.

Интернетда шундай суратга кўзим тушди: қора қарға учиб кетаётган бургутнинг елкасига минволиб, муттасил чўқимоқда. Қарғанинг ўткир тумшуғи бургутга озор етказаётган эса-да, тоқат билан парвозда давом этаётир. Осмон шунқори билади: у қанча тез юксакка кўтарилса, қарға шунча тез ҳолсизланади, ўпкасига ҳаво етмай ё тушиб қолади, ёки…

На иложки, бугун бургут парвозига тиш-тирноғи билан қаршилик қилмоқчи бўлаётган қарғалар ҳам бор. Тўғрими? Шундай бўлгач, улардан сўрагим келади, сиз миллион-миллион халқни ўзига, сўзига, эртасининг нону тузига ишонтириш қанчалар азоблигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Фақат ишонтириш билан олам гулистон бўлиб қолса қанийди. Ишонганлар рўзғори бут, дастурхони тўкин, кўчаси обод, овул-қўрғони осойишта бўлишини истайди. Дунёнинг бошқа музофотларидаги қавмлардан кам бўлмасликни орзу қилади. Тирик одамнинг ҳар бири бир сайёра, деган экан Алишер Навоий ҳазратлари. Миллион-миллион сайёраларнинг юрак зарбларига қулоқ солиш, дардига малҳам бўлиш учун қанча чидам, ақл, заковат ва яна нодир салоҳият керак.

Ёки сиз давлат раҳбари бу ишга журъат қилганда шуларни билмас эди, деб ўйлайсизми? Ундай бўлса адашибсиз — биларди, билгандаям яхши биларди. У киши бу мамлакатни, жамиятни янгилашнинг бундан бошқа йўли йўқ эканини кўрди ва ўзида метин сиёсий ирода топди….

Назаримда, ҳозирги шаффоф жамият, очиқ матбуот масалаларига шундоқ қарасак янглишмаймиз.

25 йил худди сув йўлини тўсиб тургандай жамиятнинг дамбаланиши, йўли тўсилган сув ўзида турли чиқинди-қўқимларни йиққандай биздаям ўтган давр мобайнида анча гап-сўз йиғилиб қолди. Нима қилиш керак эди, дамбага қўшимча янги симон қуйиш керакмиди? Албатта, ҳали айтганимдай, бу босимни кўтариш учун янги ҳукуматга катта ирода керак бўлар эди. Бу ирода Президентда бор эканини бутун дунё кўриб турибди. Кўриб турибди елкасига тушган буюк тарихий юмушни ноёб истеъдод билан адо этаётганини ҳам. Кўриб турибди вазифага киришганидан буён бир нафас тинч турмай, одамларнинг яхши яшаши учун куну тун изланаётганини. 2020 йилда кўринмас душман — “тождор ёв” қутқу солиб турганда Ўзбекистондаги иқтисодий ривожланиш аввалги йиллардагидан кам эмаслиги ҳам ўз-ўзидан содир бўлиб қолган эмас.

Мамлакат тақдири, миллат келажаги ҳал бўлаётган ҳаёт-мамот кунларда томошабинлик, ёлғончилик, туҳмат ва кўролмовчилик, ўз ҳаловати атрофидаги майда манфаатларга ўралиб қолиш Ватанга хиёнатдан оғир бўлса оғирки, енгил эмас. Биз ҳозир худди тирнаб-тирноқлаб баланд чўққига чиқиб бораётган пай-болдирлари бақувват альпинист ҳолатидамиз.

***

Тасаввур қилинг: тилинган бармоқлар симиллаб оғрийди, шилинган тиззалар лўқиллаб қақшайди, пешонадан оққан тер кўзларни ачитади. Чақир тикандай чағир тошлар кийимларни йиртиб баданга игнадай санчилади. Оёқ теккан тош кўчиб, бир қўлда муаллақ осилиб қолади, альпинист эса бир дақиқаям умидсизланмайди, бор кучини билагига жамлаб, Яратгандан мадад сўраб, тоғ йўлбарси сингари харсангларга ёпишиб ўрлайверади — чўққини забт этмагунча жамики қийинчиликларга чидайди — тош келса кемиради, сув келса симиради. Муродга етган муборак лаҳзаларда эса қувончлари осмонларга сиғмайлар кетади — еру жаҳонни ярқиратиб юборади қалбида чақнаган ифтихор қуёши!

Альпинистнинг ҳаёти шундай. Бу — унинг қисмати, ўзи танлаган ягона, муқаддас йўли — худди бизники каби.

Роса 30 йил аввал, бир ярим асрлик қулликдан қутулган кунларда бошланган эди бу қутлуғ сафар. Шодликларимиз беадоқ эди. Бошимиз фалакда — энди отимиз тугул, эшагимизнинг эгар-жабдуғигача зебу зар бўлади, деган ширин хаёллар завқида карахт эдик. Айни чоғда, осмонўпар қояга чиқиш учун, эҳ-ҳе, не-не хатарли даралару зовлардан ошиб ўтиш кераклигиниям тўғри тушунардик. Тушунганимиз туфайли белни маҳкам бойлаб, азобларни гарданимизга олиб, шиддат билан йўлга тушдик. Беш-олти йил астойдил интилиб, анча жойга чиқиб ҳам бордик. Аммо кейин… Кейин гоҳ кетма-кет, гоҳ қаватма-қават келаётганлар кўча чангитганча ўзиб кетди. Биз бўлсак… Хомсут эмган банда эканмизда, сохта ифтихорнингми, кибрнингми гирдобига тушиб қолдик. 25 йил қўйиб юбормай, чангалида маҳкам тутиб турди бу худбин гирдоб. Шаштимиз пасайди, ишонч камайди, лоқайдлик, саросима, коррупция…

Тўрт йилдан буён бетўхтов “жанг” қилинаётганига қарамай, афсуски, бу иллатлар ҳозирча қуригани йўқ. Хушомад, хусумат, алдов кабиларнинг бозори ҳалиям айрим манзилларда энг чаққон молга айланиб турибди.

Тўғри, қисқа вақтда ура-урачилик, ҳавойи мақтовлардан йироқ, инсон қалбини очадиган, самимий, кишининг ғамию ташвишларини яширмай айтадиган эркин муҳит бўй кўрсата бошлади. Янгиланиш жараёнлари — ислоҳотлар кўлами ва самарасини оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор авлод шаклланмоқда. Мана бу юмушни бажар десанг ҳам оғриниб аранг қимирлайдиганлар ўрнида шарқона анъаналарни, Ватан манфаатларини, умуминсоний қадриятларни қадрлайдиган кўзи очиқ, тозақалб ёшлар улғаяётир, мамлакат тақдири билан боғлиқ маҳобатли юмушларга дадил елка тутаётган мардлар сафи кенгайиб, кўпайиб бораётир.

Тўрт йилда шижоати аввалгиларга ўхшамайдиган, имон-эътиқоди юксак ёшларни тарбиялаш осон бўлган эмас, албатта. Уларни ўқитиш, ўргатиш, иш билан таъминлаш, қалбида Ватан туйғуси, миллий руҳ ва миллий ифтихорни шакллантириш…

Дарвоқе, миллий руҳ ҳақида.

Илмий шаҳодатларга кўра, одамзоднинг судралиб ёхуд учиб юрувчи жондорлардан афзаллиги унинг жисмида руҳнинг мавжудлигидадир. Шоирлар руҳи ғариб одамни илдизи чириган бутага, қоғоз гулга, тош ҳайкалга қиёслайдилар. Мозий саҳифаларида эса миллий руҳи ва ифтихори, миллий мафкурага бойланиб, юракларни бирлаштирувчи қудратли тўфонга айлангач, гуллаб-яшнаб кетган мамлакатлар тўғрисида мисоллар жуда кўп. Бу жабҳадаям ёвқур боболаримиз бизга шундай шоҳона салтанат қолдирганки, бу улуғ меросга абадул-абад бутун дунёнинг ҳаваси келади. Президент ҳам миллатни оёққа қалқитишни айнан мана шу нуқталардан бошлагани бежиз эмас. Миллий ифтихорни англаш, асраш ва уни барча авлод қалбига сингдириш ҳаракати туфайли мудраган ғурурлар уйғонмоқда, ташаббуслар қанот ёзмоқда.

Бундай юксалишларни кўриб, ҳали айтганимдай, ҳасадланиб пичинг қиладиган “писмиқ дўст”ларга, албатта, пиёз тўғрамаганнинг кўзи ачимайди, дейишдан ўзга чора йўқ. Пуфлаб-пуфлаб ёндирган билади олов ёқиш азоби нималигини. Бугун зўр ифтихор ичра иқрор бўлиб турибмизки, мислсиз баҳодир ва қўрқмас саркарда Жалолиддин Мангуберди учқур самани билан қутурган дарёга сакраганда унга мадад берган куч миллат ва Ватан ифтихори эканини юракдан ҳис қилувчи ватанпарвар ёшлар кўкламда қирларни тўлдирган қизғалдоқлар каби яшнаб кўзларни қувонтирмоқда. Улар ўлимини била туриб босқинчи Доро лашкарларини саҳрода сарсон-саргардон қилган афсонавий қаҳрамон Широққа, жаҳоннинг ярмини босиб олган Македонский армиясига шердай ҳамла қилган Спитаменга, мўр-малах сингари беҳисоб мўғул аскарларига қарши қилич кўтарган Маҳмуд Торобийга қандай қудрат илоҳий жасорат ато қилганини ҳам чуқур англайдилар. Қонхўр Оқпошшонинг ёқасидан олган Намоз ботир ёхуд Дукчи Эшон жасоратининг илдизлари она Ватан томирларига туташиб кетгани ғурур ва илҳом бағишлайди уларга. Ёки Маҳмуд Замахшарий бобомиз жисмоний ногиронлигига қарамай, Хоразм диёридан неча минг чақирим олисдаги Арабистонга бориб, араб тили граматикасини мукаммал тарзда ишлаб чиққанда, Мирзо Улуғбек “осмон тоқига илк нарвон” қўйганда қаёқдан олган эди самовий тафаккурни? Уйғониш даврининг буюк мутафаккирлари Абу Наср Форобий “Шарқ Арастуси”, Мусо ал-Хоразмий Европа фанида “алгоритм” номлари билан абадий жой олишида-чи? Ёхуд Темур Маликдек мардлари, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби етти иқлимга машҳур улуғлари бўлган эл кейин-кейин қандай қилиб қаҳкашон юлдузларининг энг хирасига айланиб қолди? Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларидан кейин Туронзамин нега парчаланди, таланди, топталди? Дунёга маърифат нурларини таратган иккита Ренессанснинг икковиям нега бардавом бўлмади?

Ҳозирги авлод, умуман, ўзбекистонликман деган ҳар бир инсон бугун Ватан тақдирига уйқаш юқоридаги каби саволларга безовталик билан жавоб излаётирларки, миллатнинг бундай қалқиниши неча юз йиллар давомида кузатилган эмас.

Ҳа, биз фикрлаш, тафаккур қилиш нуқтаи назаридан ҳам эркинлик майдонига чиқдик. Ўзлигини англаган, миллий руҳи уйғонган халқнинг она Ватанга бўлган меҳру муҳаббати савқитабиий туйғу сифатида товланмоқда.

Бир-бирининг қўлидан маҳкам ушлаб олганлар тез оқар ва тойринчоқ кечувдан бешикаст ўтадилар. Осмон бепоён — қарғадир, қузғундир, бургутдир — парвоз учун ҳаммага майдон етади.

Матлаб бир бўлмаса — жам бўлмагаймиз,

Жам бўлсак — бошимиз хам бўлмагаймиз.

Жам қилсак инсофу диёнатни ҳам,

Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмагаймиз.

Донишманд Шарқнинг даҳо шоири Абдулла Ориповнинг бу даъватини қонимизга, жонимизга сингдирсак, жам бўлсак, иншооллоҳ, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз!

Энди бир зум қулоқларингизни беркитинг-да, қалбингизга қулоқ тутинг, эшитяпсизми, ичингиздан бир сас келаётир:

— Сарбаланд қоя ишғол қилиниб, ифтихор ифтихорларга уланиб кетадиган кунлар узоқ эмас! Фақат кўтарилиш азобларини матонат билан енгиб ўтсак бас!

Абдусаид КЎЧИМОВ,

ёзувчи

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси

https://uza.uz/uz/posts/iftixor-azoblari_240543

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *