Аброр Хидиров: 5 ташаббусни ота-оналар қўллаб-қувватламоқда
Юртбошимиз илгари сурган беш ташаббусни таълим муассасаларида амалга
ошириш йўлида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари Олмазор туман ҳокимлиги Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда қатор тадбирларни амалга оширмоқда.
Навбатдаги тадбир Олмазор туманидаги 28-мактабда ўтказилди.
ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Нажмиддин Қодиров, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Аброр Хидиров, Олмазор туман ҳокимлиги Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Муаззам Алибоева ва бошқалар ёшларни муносиб камолга етказишга қаратилган беш ташаббус мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритар экан, бу борада қабул қилинган дастурга мувофиқ жойларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни таҳлил қилдилар.
ЎзМУ Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори Тўлқин Эшбек мактабда ўқиб юрган кезлари ёзган шеърини ўқиб бергач, ўқувчилар орасида ижодга қизиққан талабалар учун “Маҳорат мактаби” ташкил этилишини маълум қилди.
Айтиш ўринлики, Президентимиз ташаббуси билан бошлаганган бешта ташаббуснинг барчаси мазкур мактабда мужассамлашгани қувонарли ҳолдир. Бу масканда замонавий кутубхона ҳамда китоб ўқиш учун сокин жойлар, компьютер ўйинлари учун майдонлар ташкил этилган.
Мактаб саҳнасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оммалаштиришга қаратилган бадиий чиқишлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Олмазор туманидаги 28-мактабда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари беш ташаббусда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун аввало зарур шарт-шароитларни яратишга яқиндан кўмаклашдилар. ЎзМУ жамоаси саъй-ҳаракатлари билан бир нечта тўгарак ташкил этилди. Мактабда режа асосида ўқувчилар спорт, касб-ҳунар, санъат тўгаракларига мунтазам жалб этилиши йўлга қўйилади. Китобхонлик кунларига таниқли ёзувчи-шоирлар таклиф этилади. Қизлар асосан тикув-трикотаж маҳоратини ўрганадилар.
– Бу саъй-ҳаракатлар бизнинг фарзандларимиз, набираларимиз учунлиги яхши маълум,– дейди Қорасарой маҳалласида истиқомат қилувчи онахон Дилдора Ризаева.– Шундай экан, бу хайрли ишларга биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз шарт. Юртбошимиз фарзандларимиз келажагини ўйлаб илгари сурган 5 ташаббус фақат мактабда қолиб кетмаслиги керак. Биз ота-оналар уни оилалаларимизда, ўрни келганда маҳаллаларда ҳам давом эттиришимиз зарур. Мақсад – ўғил-қизларимизни соғлом, бақувват, касб-ҳунарли, китобхон ва энг муҳими, тарбияли инсон қилиб вояга етказишми, демак, бу масалада ота-оналар мактаб ўқитувчилари билан бир сафда, елкама-елка туриб курашмоғимиз шарт! Бугун ЎзМУ профессор-ўқитувчиларининг шу мактабда ўтказган тадбирларини кузатиб, жуда руҳланиб кетдим. Миллий университет вакилларининг барча саъй-ҳаракатлари ота-оналарда ҳам ўзгача умид уйғотди. Ҳар бир ота-она эртага вояга етган фарзандини олий маълумотли ёки жамиятимиз учун фойдали касб эгаси бўлишини, муҳими, ҳаётда муносиб ўрнини топишини истайди. 5 ташаббусдан кўзланган мақсадларни баҳамжиҳатлик билан амалга оширсак, ўғил-қизларимиз шунга яраша бахтли-саодатли бўладилар.
Тадбир давомида аълочи ва фаол ўқувчиларга турли эсдалик совғалар, ширинликлар инъом этилди.
Энг фаол ўқувчилар ЎзМУнинг “Ташаккуронома”си билан тақдирландилар.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Аброр Хидиров домла масаланинг ҳақиқий ўзагини айтибди. 5 ташаббус оила билан ҳамкорликсиз бўлмайди. Тўлқин Эшбекнинг болаликда ёзган шеърлари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда, ижодга қизиқтирмоқда. Бундай тадбир ҳар куни ҳамма таълим масканларда бардавом бўлиши зарур.