“Агар огоҳсен сен!..”
19 январь янги Ўзбекистон тарихида миллий ғоя ва маънавий-маърифий
ишлар соҳасида бурилиш нуқтаси бўлди.
– Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, – деди Шавкат Мирзиёев йиғилишда. – Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият.
Табиийки, инсон ‒ ана шу тана ва руҳ бирлигидан иборат. Унинг бирини деб иккинчисини қурбон қилиш асло мумкин эмас. Аммо бу иккаласининг уйғунлигига эришиш осон иш эмас. Буни хоҳ бир шахс, хоҳики бутун бир жамият мисолида олиб қарасак ҳам, ўта мураккаб ва масъулиятли вазифа экани аёнлашади. Шунга қарамасдан, инсоният ҳамиша комилликка интилаверади. Ҳар бир макон ва замон бу олий даражани мақсад ва муддао қилаверади.
Мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасида кўпдан-кўп ислоҳотлар амалга ошириляпти. Биз бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт яратишга киришдик. Камбағалликни бартараф этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга ошириляпти ҳам. Ҳатто, бугун халқ орасида кенг муҳокама қилинаётган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Иқтисодий тараққиётга эриша борилгани сари камбағаллик ҳам барҳам топа боради, албатта. Аммо маънавий қашшоқликни қандай бартараф этамиз?
Ўзбекистон Президенти масалани айнан шу тарзда кескин қилиб қўйди.
Бир нозик нуқтани унутмаслик керак. Моддий ва маънавий қашшоқлик ўртасида тиғиз алоқадорлик бор. Табиийки, камбағаллик барҳам топгани сари маънавий қашшоқликнинг ҳам томири кесила боради. Чунки қорни тўқ одамнинг қулоғига маънавият яхшироқ сингади-да. Халқ бу ҳақда: “Оч одамга танбур чи кора?!” ‒ деб айтади. Бироқ тараққий этган мамлакатлар мисолида кўриб турибмизки, тўқликнинг ҳам ўз шўхликлари бўлиши мумкин. Маънавий-маърифий тарғиботнинг вазифаси эса ‒ жамиятда ана шу олтин ўрталиқни топишдан иборат.
Бугун миллий ғояни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, мамлакатимизда маънавий-маърифий тарғибот тизимини тубдан такомиллаштириш, бунда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтириш ‒ давлат ва халқ олдида турган ўта долзарб масалалар сирасига кириши таъкидланди.
Миллий ғоя ва мафкура, маънавият ва маърифат соҳаси доимий равишда, ҳатто, ҳар кун, ҳар лаҳзада жамият олдига янги-янги вазифаларни белгилаш, кутилмаган нуқтаи назар ва ечимлар топишга ундайди. Дунё ўзгариб боравериши билан одамларнинг фикри, қараши, ҳаётга муносабати ҳам ўзгариб бораверади. Очиғини айтганда, бугун мафкура майдонида 4-5 йил бурунги усул ва воситаларгагина суянган ҳолда курашиб бўлмай қолди. Чунки ахборот майдони ҳаддан ташқари кенгайиб кетди. Оммавий ахборот воситалари таркибига ижтимоий тармоқларда турли йўналишлар юзага келди. Мафкуравий кураш ҳар қачонгидан кўра ҳам кучайди, мураккаблашди, чигаллашди. Ҳар ким ҳар куни ҳар хил ахборотларни қабул қиляпти. Хўш, уларни ким саралайди ‒ сарагини саракка, пучагини пучакка чиқариб беради? Ҳозир тили чиқиб-чиқмаган фарзандларимизнинг қўлида ҳам ‒ замонавий телефон. Бола ундан айнан нимани кўряпти? Буни ким назорат қилади? Олинган ахборотлар кишилар онгида қандай асоратлар қолдиряпти? Улар эзгуликка хизмат қиладими ёхуд ёвузликками?
Бугун оғзига кучи етгану етмаган борки, блогерлик қиляпти. Майли. Демократия. Қонунан уларни чеклаш, тўсиш мумкин эмас. Аммо бу мафкуравий курашга бел боғлаб кириш, хато, туҳмат, иғво, ёт мафкуралар таъсиридаги гапларни рад этиб, аҳоли учун доимий равишда маълумотларни таҳлил этиб берадиган куч мавжудми? Бир хато фикр айтилди, борингки, қайсидир блогер қай бир машҳур кишини ўлдига чиқарди, дейлик. Ортдан кимдир буни инкор этиб чиқмаса, эшитган киши ўша хато фикрда қолаверадими?
Ўзбек халқида: “Қуруқ қошиқ оғиз йиртади”, ‒ деган мақол бор. Маънавий-маърифий тарғибот тадбирларида илгари сурилаётган ғоялар асосли, яъни ҳаётда исботини топаётган бўлиши керак. Бошқача айтганда, бу борада олиб борилаётган ишлар давлатнинг халқпарварлик сиёсати моҳиятини очиб бериши зарур.
Кейинги йилларда фуқароларимизнинг давлатга ишончи кескин даражада ортди. Чунки давлат идоралари халққа хизмат қилишга киришди. Президентимиз ҳар бир раҳбардан одамларнинг дарди билан яшашни талаб этяпти. Буни жойларда аҳолимиз тўғри тушуниб, яхши қабул қиляпти. Юртбошимиз ҳар бир раҳбар барча соҳада ўзи шахсий намуна бўлишини, пастга тушиб, оддий одамларнинг орасида юриб, уларнинг дардуташвишлари билан яшаб, одамларнинг эҳтиёжларини ўрганиб, мавжуд муаммоларга ечим топишга, шу тариқа халқни рози қилишга ундаб келяпти.
19 январдаги видеоселекторда, аввало, ҳар бир раҳбарнинг ўзи маънавиятли бўлиши кераклиги қайта-қайта уқтирилди.
Миллий ғоя, маънавият ва маърифатнинг кучи ҳаётга яқинлиги, бевосита одамларнинг ҳаётини яхшилашга хизмат қилиши билан ўлчанади. Бу амалда давлат билан халқ ўртасини яқинлаштиришга олиб келади. Халқ давлатига ишонган тақдирдагина жамиятда эзгу ғоялар амал қила бошлайди. Бу маънавият соҳасининг бирламчи талаби ҳисобланади.
Мана, шу йилнинг 21-22 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Бухоро вилоятида бўлди. Айтилдики, вилоятдан 100 минг киши тирикчилик илинжида иш излаб, хорижга кетган. Яна 200 минг киши ‒ ишсиз. Аввало, ана шу ишсизларга иш жойи пайдо қилиш, кейин янги иш ўринларини кўпайтириб, иложи борича хорижда ‒ оиласидан узоқларда меҳнат қилиб юрганларни юртга қайтариш лозим.
Хўш, бу иқтисод масаласими ёки маънавият муаммосими? Бу икки жиҳат ўртасига қизил чизиқ тортиш мумкинми?
Меҳнат қилиб, оиласи, бола-чақасига ризқ топиб кела бошлаган фуқаронинг руҳияти кўтариладими?
Албатта.
Маънавияти ўзгарадими?
Албатта.
Ўзга ўлкаларда, яна қандай-қандай ноқулай шароитларда яшаб, меҳнат қилаётган киши юртига қайтиб, мунтазам меҳнат ўрнига эга бўлса, ҳар куни ишдан кейин иссиққина уйига ‒ бола-чақаси бағрига қайтиб, дам олса, оила аъзолари бағрида меҳр-муҳаббат кўриб яшаса, болалари тарбиясига ўзи масъул бўлса, бунинг ортидан қандай маънавий мевалар унишини тасаввурга сиғдириб бўлармикан?
Кўриниб турибдики, бугун маънавият ‒ комплекс масала.
Видеоселекторда мунтазам равишда “Маънавият соатлари”ни ўтказиш, бу ишга таниқли зиёлилар, жумладан, олий таълим муассасасалари профессор ва ўқитувчиларини жалб қилиш вазифаси ҳам қўйилди. Ростини айтганда, бу борада муайян тажриба мавжуд. Лекин бугун кечадан кескин фарқ қилади. Ҳар куни халқ олдига бугунги гап билан чиқиш керак. Ахборот майдони кенгайиб, тезлашиб, тармоқлашиб кетди. Минбарга тайёргарликсиз чиқиб бўлмайди. Бу эса ҳаммамизни, хусусан, ижтимоий-гуманитар соҳалар мутахассисларини ҳар куни ўқиб-ўрганишга, ўз устимизда ишлаб, муттасил равишда савиямизни юксалтириб боришга ундайди.
Бугун тайёрлаётган кадрларимиз ҳам ўз соҳаси бўйича профессионал мутахассис, ҳам инсон сифатида маънавий баркамол бўлиб чиқиши зарур. Бу эса олий таълим муассасаларида ижтимоий-гуманитар фанларни, миллий ғоя, маънавият ва маърифатни замон талаблари асосида ташкил этишга ундайди.
Хорижий хуружлар кўпайса кўпайдики, асло камайгани йўқ. Модомики, дунё манфаатлар курашидан иборат экан, бу асло сусаймайди ҳам.Бугун ижтимоий тармоқларда тасаввур қилиб, чегаралаб бўлмайдиган даражада турли фикр, ғоя ва мафкуралар илгари суриляпти. Энг ёмони, ҳаммасининг орқасида қандайдир кучлар бор, моҳиятида қандайдир манфаатлар ётибди.
Ҳаммамиз сезиб, ҳис қилиб турибмизки, халқимизни огоҳликка даъват этиш, фуқароларимиз, хусусан, ёшларимизда турли-туман ахборотларни саралаб, таҳлил қила олиш, уларнинг керагини олиб, нокерагини қабул қилмаслик салоҳиятини шакллантириш учун ҳали кўп иш қилишимизга тўғри келади.
Зиёлиларимиз орасида ижтимоий тармоқларга кириб, кунлик тезкор ахборотлардан фойдаланмайдиган, телеграмдан бирор материални ололмайдиган ёки бирор ҳужжатни суратга тушириб, бировга жўнатолмайдиганлар ҳам топилади. Бундайлар халқ олдига чиқса, ҳатто, талабага дарс бераётган жараёнда ҳам ахборотдан бехабарлик ҳолатига тушиб қолади. Билиб қўяйликки, бугун бизни тинглаётганлар, истайсизми-йўқми, буни қолоқликка йўяди, ўзини сиздан билимдонроқ ҳисоблайди ҳам. Унда қандай қилиб уларга ўз позициямизни ўтказиб, ғоямизни сингдирамиз, тасаввурини ўзгартирамиз? Уларнинг ҳақ жойи ‒ кўпроқ-да.
Видеоселекторда Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтилди. Жумладан, ана шу Марказнинг “Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Буюк Британия Бош вазири бўлган Черчилл айтган бир гап жуда машҳур бўлиб кетди. У: “Кимнинг қўлида ахборот кўп бўлса, у дунёни бошқаради”, ‒ деган эди. Ҳолбуки, бундан беш аср бурун буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин”даги шаҳзода Шоҳғариб Баҳодирга бағишланган бобида:
Эрурсен шоҳ ‒ агар огоҳсен сен,
Агар огоҳсен сен ‒ шоҳсен сен, ‒
деб ёзган эди.
Ахборотга эга бўлиш ‒ “хабардорлик”, яъни “огоҳлик” дегани. “Агар огоҳ бўлсанг, шоҳ бўласан, яъни жамиятни бошқарасан”, ‒ дейди шоир биринчи сатрда. Иккинчи мисрада эса тарди акс санъати асосида ифодалар ўринларини алмаштиради. Шу тариқа энди: “Агар огоҳ бўлсанггина шоҳ бўласан”, ‒ деган шарт ўртага тушади.
Бу шиорнинг Шоҳғариб Баҳодирга қарата айтилгани ‒ бир бадиий восита, холос. Чунки достон, аввало, кенг китобхонлар оммаси учун битилган.
Бугун улуғ бобокалонимизнинг бу даъвати билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг видиеоселектордаги даъвати ўртасида яқинликни кўрмаслик мумкин эмас.
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди, “Нақшбандия” журнали бош муҳаррири.
https://uza.uz/uz/posts/agar-ogohsen-sen_236630
Сўнгги фикрлар