Мустақиллик шарофати билан теран тарихга эга бўлган адабиётимизнинг қанотлари кенг ёйилди, парвози юксак бўлди. Миллий адабиётимизда янги давр бошланди, бадиий сўз озод бўлди. Адабиётимиз тарихини ўзгалар эмас, ўз миллатимиз манфаатларидан келиб чиқиб ўрганиш йўлга қўйилди. Халқаро адабий алоқалар ва бадиий таржима, миллий адабиётимиз дурдоналарини жаҳонга тарғиб қилиш амалиёти ривожланди.
2015 йилда Таржима кенгаши фаол иш олиб борди. Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан Германиянинг Берлин шаҳрида Европада биринчи маротаба “Алишер Навоий ижодининг жаҳон адабиёти тараққиётидиги роли” мавзуида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, профессорлар Шуҳрат Сирожиддинов, Афтондил Эркиновлар қатнашдилар ва маъруза қилдилар. Алишер Навоийнинг ғазаллари рус тилига таржима қилиниб, “Сакровищница мыслей” номли китоб “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида нашр этилди. Алишер Навоийнинг 100та ғазали олмон тилига сўзма-сўз таржима қилиниб, Германиядаги элчихонамизга жўнатилди. Алишер Навоийнинг 50 та ғазали инглиз тилига сўзма-сўз таржима қилинди. Гёте институти билан ҳамкорликда Дўрмон ижод уйида ёш олмоншунос таржимонларнинг семинари, Жиззах Давлат педагогика институтида “Бадиий таржима: Амалиёт, назария ва танқид” мавзусида илмий семинар ўтказилди. Озарбайжон миллий маданий маркази билан ҳамкорлигида Тошкент давлат педагогика институтида ўзбек-озарбайжон адабий алоқаларига оид йиғилиш ўтказилди. Ўзбек ёзувчиси Раим Фарҳодий Жанубий Кореяда бўлиб ўтган эртакчи ёзувчилар анжуманида иштирок этди. Америка матбуотида таржимон Динара Султонованинг Навоий ғазалларидан қилган таржималаридан намуналар чоп этилди. Алишер Навоий – “Пятерица изумлений” А. Қаюмов, Д. Азимова таржимасида ва “Амир Темур Великий” Муҳаммад Али ва Соадат Камилова таржимасида чоп этилди. Бевосита Ўзбекистон билан боғлиқ бадиий асарлар ўзбек тилига таржима қилинди. Масалан Георг Фридрих Генделнинг Амир Темур асари рус тилидан Ғулом Мирзо таржимасида чоп этилди.
Бир нечта ўзбек адибларининг асарлари хорижий тилларга таржима қилинди. Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари корейс тилида нашр этилди. Шунингдек Тоғай Мурод, Эркин Аъзамнинг асарлари Парижда чоп этилиб, ҳозирги замон ўзбек насри намуналари европалик адабиёт ихлосмандлари китоб жавонидан ўрин олди. Байналминал маркази билан ҳамкорликда “Оқ қайин” номли рус адабиёти хазинасидан янги таржималар тўплами ўқувчилар қўлга тегди. “Ҳудожесвенная литература” нашриёти директори, таниқли ёзувчи Георгий Пряхин билан ижодий учрашув бўлиб, ҳозирги замон ўзбек ёзувчилари ва шоирлари асарларининг икки жилдлик анталогиясини Москвада “Художественная литература” нашрётида рус тилида нашр этиш масалалари муҳокама этилди.
Озарбайжоннинг Сумгаит шаҳрида нашр қилинган “Душа” номли адабий альманахда ўзбек ва озарбайжон шоирлари, ёзувчилари асарларидан намуналар берилди.
Ойбекнинг “Навоий” романининг инглизча таржимаси (таржимон И. Тўхтасинов Christinэ Smart) нашрга топширилди. Шунингдек Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”, Примқул Қодировнинг “Ҳумоюн ва Акбар”, Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” ва “Сарбадорлар” ва Тоҳир Маликнинг беш жилдлик “Шайтанат” асарлари инглиз тилига таглама таржимаси тугалланди. Таглама таржимани Жахон тиллари институти таржимонлари чет эллик ҳамкорлар билан бирга амалга оширишди.
Халқаро адабий алоқалар ва бадиий таржима кенгаши масъул котиби Адҳамбек Алимбеков, Муҳаммадали Қўшмоқов, Муҳаммаджон Холбеков, Шавкат Каримов, Тўлқин Алимов, Амир Файзулла ва бошқа ижодкорлар сўзга чиқиб ўтган йили жаҳон адабиётидан ўзбек тилига таржима қилинган ҳамда нашриётлар ва газета-журналларда чоп этилган асарлар, таржимонларнинг ютуқ ва камчиликлари, таржима санъатининг назарий масалалари ҳақида сўзладилар.
Ўз мухбиримиз
Сўнгги фикрлар