Адабиёт ва маънавият зиёси

Камолга етаётган йигит-қизлар билимли, ўқимишли ва етук инсон бўлиб вояга етмоғи лозим.

кал2

кал3

кал1

Бунинг учун мураббий уларга кўп китоб ўқишларини, ҳар бир гапини илмий тасдиқланган китоб ва луғатларда ёзилганидек тўғри талаффуз қилиб сўзлашлари зарурлигини ўргатиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Тошкент Хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида “Жамият тараққиётида адабиёт ва маънавиятнинг ўрни” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

Унда иштирок этишган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Ёшлик” Талабалар шаҳарчаси кенгаши раиси Камола Тошпўлатова, “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати “Ёшлик” Талабалар шаҳарчаси кенгаши мутахассиси Шаҳзода Шодмонова ва Мирзо Улуғ номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек коллеж ўқувчиларига адабиётнинг жамиятимиз маънавий ривожида қанчалик муҳим ўрин тутиши ҳақида сўз юритдилар.

– Ўқимишли инсон айтмоқчи ёки ёзмоқчи бўлган ҳар бир фикрини аввало ишончли манбалардан ўқиб, ўрганиб, сўнг сўзлаши мақсадга мувофиқдир,– деди маърузачи Тўлқин Эшбек.– Ўқимасдан гапирган одам хатоликка йўл қўйиши кўп кузатилган. Маънавият бобида сўз юритганда ҳам аввало унинг ана шу асосларини пухта ўрганиб олиш лозим. Айниқса, сўзларнинг луғавий маъносини билмасдан сўзлаш – маънавиятимизга путур етказишини маърузачи қатор мисоллар воситасида изоҳлаб берди. Она тилимиз жилоларини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиасидан ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Кундалик сўзларнинг ҳам мазмун-моҳиятини тушуниб олиш учун “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га мурожаат қилиб турган зиёли ютқазмайди.

Бебаҳо маънавий хазинамиз – халқ мақоллари ҳақида сўз юритишдан илгари “Ўзбек халқ мақоллари” китобини ўқиб кўриш, бу борадаги билимларни бойитиш талаб этилади. Асрлар давомида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимизни асраш ҳамда ривожлантиришда адабиёт, айниқса, халқ оғзаки ижодининг ўрни жуда катта бўлган. Эртаклар, достонлар замирида асосан миллий ўзликни ифода этувчи, қадриятларимизни қадрловчи ғоялар мужассам эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Ўзбек халқ мақоллари ҳам битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади. Ана шу мақоллар ҳақида сўз юритганда аввало тегишли манбалар билан танишиб, сўнг асосли гапириш мақсадга мувофиқдир. Суҳбат асносида маърузачи сўнгги пайтларда “Устоз – отангдан улуғ” мақолини баъзи кимсалар “Устоз – отангдек улуғ” шаклида бузуб талқин қилаётганини, ваҳоланки, “Ўзбек халқ мақоллари” китобида, 5-синфнинг “Одобнома” дарслигида ва бошқа қатор (илмий тасдиқланган) манбаларда мақол – “Устоз – отангдан улуғ” деб тўғри кўрсатилганини изоҳлаб берди. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг яқинда нашр этилган “Сўз латофати” китобида ҳам “Устоз – отангдан улуғ” дейиш асносида аслида оталар яна бир карра улуғланаётгани жуда тўғри талқин қилинган.

Устоз ҳақида улуғ кишилар қанча ҳикматлар қолдирганлар. Ҳазрат Алишер Навоий “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила” деган эканлар. Чиндан ҳам бир киши мурғак қалб гўдакка қийнала-қийнала бир ҳарф ўргатган бўлса, буни дунё-дунё бойлик билан ҳам ўлчаб бўлмас экан. “Устоз кўрмаган шогирд минг мақомда йўрғалар” дейишади, асли маталнинг тўғриси “Устоз кўрган шогирд минг мақомда йўрғалар, устоз кўрмаган шогирд ер бағирлаб ўрмалар” экан – устоз кўрган шогирд минг мақомда ҳунар, санъат кўрсата олар экан…

Маърузачи ўзаро суҳбатларда ҳам тўғри сўзлаш зарурлигини таъкидлади. Афсуски, баъзи шеваларда учраб турадиган айрим сўзларнинг қўпол маъно касб этишини изоҳлаб берди. Масалан, “айтдим” сўзини – “этдим” демаслик керак. Этдим – бир ишни бажардим, қилдим, деган маънони англатади. “Керак” сўзини – “кере” дейиш кулгули… Баъзи давлатларда террористлар бомба портлатгани ҳақида гапирилганда уни “портиллатибди” ё “пўртиллатибди” шаклида сўзлаш қўпол ва хунук эшитилади…

Давра суҳбати иштирокчилари бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

 Эркин УСМОНОВ,

журналист

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *