Адабиёт – шунчаки ҳавас майдони эмас ёки ижод одоби ҳақида ўйлар
Бу мақола Журфак талабалари учун бамисоли қаймоқдир, дейди Дониш домла маҳорат мактаби маъносида
Гапни туркий адабиётдаги энг мумтоз сиймо – Алишер Навоийдан бошласак. Улуғ шоир “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида 18-20 ёшлик чоғларида бир муносабат билан туркий ва форсий шоирлар назмидан 50 минг байт шеърни ёд олганини келтиради. Бу бежиз эмасди. Чунки тарихий манбаларнинг далолат қилишларича, ҳазрат Навоий даврида ўзини ашъор дунёсига мансуб деб билганлар бирмунча мушкул талабларга жавоб бермоғи шарт бўлган экан. Масалан, ўзидан илгари яшаб ўтган шоирларнинг шеъридан 30 минг мисра, ўзи билан замондош шоирлар шеърларидан эса юз минг мисрани ёд билиш. Демак, шоирликка даъвогар жами 130 минг мисра — 65 минг байтни хотирасида сақлаши лозим саналган.
Жиддий талаб. Ва қийин ҳам. Аммо ўша давр шоирлари бу талабни адо этишган. Навоий каби улуғ даҳо эса ортиғи билан. Биргина муносабат, яъни ўз-ўзини синовдан ўтказиш, қани, уддалай оламанми, деган қизиқиш билан навқирон ёшда 50 минг байтни ёд олишнинг уддасидан чиққан мутафаккир синовларсиз неча минг мисрани ёддан билган экан? Агар болалик пайтида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини бошдан-охир ёд олганини эсласак, шоир қувваи ҳофизаси қўйилган талабдан ҳам юқори поғонада турганини англаш мумкин. Шу ўринда савол туғилади: нега бундай талаб қўйилган ўзи?
Сабабини эса қуйидагича изоҳлаш мумкин:
биринчидан, кўп шеър ёдлаш инсон хотирасини мустаҳкамлайди. Шеър ёки матнни қайта-қайта ўқиб, такрорлаш, яъни уни мияга сингдириш учун қилинаётган машқ натижасида қувваи ҳофиза ўткирлашади. Иккинчидан, кишининг луғат бойлиги ошади, сўз эса ўзлашади – кишининг лисоний бойлигига айлана боради. Сўз – илоҳий бир хилқат. У ўз жиловини осонгина қўлга тутқазавермайди, дуч келганга қулфини очавермайди. Унинг маъно қирраларини, минг бир оҳангини, товланишини билган, уста заргар зарра олтинни, моҳир кулол бир парча лойни кутилмаган гўзал бир шаклга солгани каби, сўздан ҳам мутлақо кутилмаган ташбеҳу манзаралар ярата олган қалам эгасининг ёзганларини ақлда пешлаш орқалигина сўзни ўзиники қилиш, унинг мағзини чақиш, баҳосию қийматини, қадрини англаш мумкин. Бу эса қалам аҳли учун энг муҳим хусусиятдирки, “сўз соҳиби” деган эътироф бекорга қўлланмаслиги шундан ойдинлашади.
Бу – ижодкорни ўз қобилияти устида ишлашга ундайдиган бир талаб. Мумтоз шеъриятнинг яна бир одоби бор. Навоий ва бошқа мумтоз шоирларимизнинг асарларини мутолаа қилганда, муаллифлар ўзларини “фақир”, “банда” каби камтарона лутф билан атаганларини кўп кузатганмиз. Бу – ўша сўз соҳибининг ўқувчиси олдида ўзини ғоятда камтарин тутиши, ижоди юзасидан “ёзганим ўқигувчининг хотирига малол келмасмикин”, дея қилган андишасидан далолат берган. Буни уларнинг асарлари сўзбошиларида ҳам қайта-қайта ўқиш мумкин. Ўқиган пайтингизда эса “Қизиқ, нега шундай буюк шоир, ўз даврида ҳам, ҳозирги замонда ҳам бирдай тан олинган зот ўзини шу қадар хокисорлик билан аллақандай содда, рангсиз сўзлар билан атаганикин?” деган савол хаёлингизда, ҳеч йўқса, бир марта чарх ургани шубҳасиз. Ижодкорнинг вазифаси – одамлар дилидагини гўзал тарзда қоғозга тушириш, эл дардини илҳомининг шижоати, қаламининг кучи билан енгиллатиш. У ёзганини одамлар ўқиса, таниса ва тан олсагина ўзини ҳақиқий ижодкор деб билади. Мана шу тан олиниш умиди уни камтарлик, хокисорликка ундайди: “ёзганимни кимдир ўзининг дарди деб билармикин, ёзганим кимгадир маъқул келармикин, агар бундай бўлмаса-чи”, деган андиша уни камтаринлик, “бандалик” мақомида тутиб туради, осмонга чиқмоқчи бўлганида оёғидан ушлаб қолади. Одамлар уни сўз соҳиби деб тан олса, ёзганини шодланиб-қайғуланиб ўқиса, шеърини қалб мулкига, ўзини эса севимлилари қаторига қўшса-да, ижодкор бундан кўнглида ажиб бир ғурур туйса ҳамки ҳаволаниб кетмайди. Шу ғурурини ҳам ярашиқли ҳолда оддий ва самимий бир тарзда “Банданинг…” тарзида бошлаб ифода этади. Аммо бунгача улуғ ёш яшамоғи, ижодда катта тажриба тўпламоғи ва мактаб яратмоғи лозим бўлади…
Бу каби талабларни, қоидаларни жамлаган ижод одобига боболаримиз қатъий риоя этганлар. Яна бир қанча ижодкорлик одобига хос қоидалар бўлганки, адабий йиғинлар, мажлисларда бу меъёрларга қатъий амал қилинган: даврада устоздан аввал шеър айтмаслик, ўзидан ёши улуғ шоирнинг изнини олгандан сўнг шеър ўқиш, асарининг таҳлилига тик турган ҳолда жим қулоқ тутиш, танқидий фикрни самимий қабуллаш, эътибор учун таъзимда бўлиш ва бошқа шу каби таомиллар риояси ижодкорнинг маданияти, одоб-ахлоқини кўзгу янглиғ тиниқ кўрсатган…
Рост, у замонлар ўтди, давр тинимсиз янгиланишда, чарх эврилишда. Одатлар ўзгарар, расм-русумлар эскирар, аммо қоида, одобни эскиртириб бўлмас. Адабиётнинг, ижоднинг олтин қоидалари бугун ҳам мустаҳкам. Бугун ҳам улар адабиётга шиддат билан ёпирилаётган енгил-елпи, оломонга хос дид ўлчамининг қуюнлари йўлини тўғондай тўса олади. Бугун ҳам ҳар қандай сўзқатор шеър бўлолмайди, ҳар ким кўксига уриб, “мен шоирман”, “мен адибман”, деса, шоиру ёзувчи бўлиб қолавермайди, ё унинг ёзганини ўқувчи тан олмаса, ўзи минг мақтасин – бекор. Адабиёт йўли ҳавас билан танланмайди, уни тақдир, қисмат белгилайди, ижодкорликни шуҳрат келтирадиган касб деб эмас, тақдир ёзуғи деб қабул қилган одамгина буюк сўз соҳибига айланиши, одамлар уни шоир ё адиб сифатида тан олиши мумкин.
Бу гапларни устоз ижодкорлар билади, яхши англайди. Ёшлар-чи? Ёш, “ҳаваскор” дейиладиган қаламкашлар буни биладими? Адабиётнинг олтин қоидаларини, ижоднинг одоб меъёрларини улар қанчалик англаб етаяпти бугун? Ҳозирда адабиётни ҳавас майдони деб билаётган ёшлар кўпайиб кетмадими, сизнингча? Агар шу охирги саволга жавоб сўрасангиз, “бундай ёшлар ҳозир жуда кўп, ҳаддан зиёд кўп”, дейман. Буни ҳаммамиз биламиз. Бугун кўчада кетаётган 3 нафар қиз ё йигитни тўхтатиб, сўроққа тутсангиз, шулардан икки нафари ўзини ижодкорман деб таништиради. Ижодкор бўлганда ҳам айнан “шеър ёзадиган ижодкор” улар. Учинчиси “йўғе, мен шеър ёзмайман”, дейиши мумкин (агар илгари ёзиб, кейин “ташлаб кетган” бўлмаса!).
Нега бундай? Бизнинг ёшларимиз адабиётни шу қадар севадиларми? Ундай деса, уларнинг аксариятидан ўқиган китобини сўрасангиз, уч-тўртта номи машҳур асарни санашдан нари ўтишолмайди. Севимли шоирини сўрасангиз, ё Муҳаммад Юсуф, ё Абдулла Орипов, ё Эркин Воҳидовни айтишади. Бу номларни ҳам машҳур бўлгани учунгина билади. Аслида учала номдор шоирнинг шеърини ё охиригача ёд ўқиб беролмайди, ё Муҳаммад Юсуфнинг “Халқ бўл, элим” шеърини айтиб бериб, муаллифига келганда, киприк қоқмай, Абдулла Орипов, дейишади. “Мен Навоийни ё Фузулийни ўқийман”, дегувчисини топа олмайсиз. Демак, азбаройи адабиётни севиб, ижодкор бўлишга қизиқмаяпти улар?! Демак, улар адабиётни, шеъриятни осон бир йўл, усул деб билишаяпти?! Шунчаки ҳавас майдони деб ўйлашаяпти. Бунинг исботини эса нашриётларда босилаётган шеърий тўпламларни олиб варақлаганда кўриш мумкин: бир хилдаги шеърлар, қолипдан чиққандай. Ватан, она, муҳаббат, баҳору куз ҳақида. Орасида ярқ этган бирор сатр, бирор тўртлик кўрмайсиз. Машҳур мультфильмдаги каби “Боғдан гуллар тердим мен, териб ёрга бердим мен” тарзидаги осонгина сўзқаторлар. (Энг ёмони, уларнинг айрим шеърлари чиндан ҳам қолипга қуйилган. Бир йили бир ўсмир қизнинг китоб тақдимотида қатнашишимга тўғри келган. Даврада сўз олганларнинг ҳаммаси бу қизгинанинг бир сатрини такрорлади: “Баҳорлар қайтгунча, омон бўлайлик!” Телевидениега интервью берганида ҳам, даврада сўзга чиққанида ҳам унинг ўзи фақат ҳар банди шу сатр билан тугалланадиган шеърни ўқиди. Хуллас, бу қуймадай сатр кўпчилик қатори менинг ҳам миямга сингиб қолди. Орадан анча вақт ўтганидан сўнг таниқли шоира Зулфия Мўминованинг китобини ўқий туриб, шоиранинг ўзига хос ўтли сатрларидан таъсирлана туриб, бояги таниш мисрани кўриб қолдим. Фақат унда “баҳор” сўзи ўрнида “турна” сўзи қўлланган ва шеърнинг бутун маъноси турна келиши-кетиши воқеасига қурилган эди: турналар қайтганча, омон бўлайлик…) Бу тўпламларнинг муаллифлари билан суҳбатлашсангиз, “фалон тўгарак аъзосиман, фалон шоирнинг шогирдиман”, дейишдан нарига ўтмайди. Ёки шеърини таҳририятга “шуни чиқариб беринг”, деб юборадиган, келтирадиганларнинг ижод намуналари ҳам шундай – ҳаминқадарлик, зўрма-зўракилик устун уларда. Лекин ўзлари учун бу машқ – мукаммал шеър! Модомики, шеър экан, у албатта газетада ё журналда чоп этилиши керак! Бу “шеър”даги ғализ жумлалар, сакталикларни тушунтиришга уринсангиз, гапингизни охиригача эшитиш ўрнига бир хил савол берилади: шеърим чиқмайдими газетада?
Демак, бу “ҳаваскор ижодкор” учун хатосини тузатиш, ўз устида ишлаш эмас, шеърининг газетада чиқиши муҳимроқ. Чунки бу ҳаракат ё бирор танловда иштирок этиш учун керак, ё яна шунга ўхшаш манфаатли бирор иш учун. Шундай пайтларда ўйлаб қоласан киши, бу нима, рағбатни суиистеъмол қилишми, шунчаки машҳурликка эришишми? У нимани истаяпти: шеърини кимдир ўқиб маънавий озуқа олишиними ёки “бир амаллаб, газетанинг бир четида бўлса ҳам исм-фамилияси чиқса бўлди”ми?
Ижод рағбатни хуш кўради, у шундан куч олади, бу тўғри. Аммо рағбатдан олдин ижод одоби, қоидалари, талабларини билиш керак эмасмикин? Адабий тўгаракларда энг аввал шу қоидаларни ўргатиш, сингдириш лозимдир балки? Сўзнинг илоҳийлигини, у ҳар кимга рафторини очавермаслигини ҳаваскор билиши шарт эмасми ёки?! Шарт. Агар “шеър ёзишдан осон иш борми, ҳозир шартта ёзиб ташлайман”, дейдиганларнинг сафи кенгайишини истамасак, шарт бу. Ёш ҳаваскор эса билсин, англасин:
— сўз – илоҳий хилқат: у ўзини хор қилганни кечирмайди;
— шеър ёзиш – осон иш эмас, қофиясини келтириб, туроғини тахтлаган билан у шеър бўлиб қолмайди, бинобарин, ҳаваскорнинг ёзгани ҳали-бери шеър эмас, балки “машқ” дейилиши шундан;
— “мен шеър ёзаман”, дейишдан олдин бу гапнинг асл маъносини англамоқ керак;
— ижодни танлаган кишининг илк сабоғи ижод одоби бўлиши керак – у плагиатлик (адабий ўғрилик) нималигини, унинг оқибатларини, ўзига севимли шоир сатридан фойдаланиш одобини ўргансин, хабари бўлсин;
— шеърият уни кўкка кўтармасин, аксинча, камтарликка ўргатсин, ўзини англашга одатлантирсин.
Агар шуларга ва ижоднинг яна бошқа қоида-усуллари, талабларига тайёр бўлсагина шеърият эшигини тақиллатсин. Йўқса, бошқа ҳавас майдонлари ҳам кўп. Бир фильмда айтилганидай, ёмон қўшиқчи бўлгандан кўра, яхши ишчи бўлган афзал…
Хуршида АБДУЛЛАЕВА
Сўнгги фикрлар