Адибнинг ўзига хос олами
Байрамлар – ҳаёт файзи.
Юртимизда нишонланадиган байрамларнинг қиёси йўқ. Ҳатто жаҳон миқёсида тантана қилинадиган байрамлардан ҳам баҳрамандмиз. Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек: ҳар тунимиз Қадр кечасидек, ҳар кунимиз Наврўз байрамидек бўлсин!
Ҳар бир байрам оила қувончига уланиб кетсин.
Кейинги йилларда оилавий байрамлар анъана тусига айланиб бормоқда. Шулардан бири атоқли адиб Ўткир Ҳошимов ҳам ҳар йили 17 апрель кунини оилавий байрам сифатида нишонлар экан. Шу куни (1963 йилда) унинг илк асари “Чўл ҳавоси” матбуотда чоп этилган. Ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотган бу асар атоқли адиб Абдулла Қаҳҳор томонидан ҳам муносиб баҳоланади. У ёш ёзувчига шундай мактуб ёзган:
“Ўткир!
“Чўл ҳавоси”ни ўқиб суюниб кетдим. Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади, қисса жуда соф, самимий, илиқ, табиий, роҳат билан ўқилади.
Қиссанинг хат шаклида бўлиши кўп жойларда ритмни бузади, сизни чеклаб қўяди. Ҳикоя биринчи шахсдан олиб борилса ҳам шундай бўлар эди. Буни ўйланг, ҳисобга олинг.
Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин, ижодингиз ҳеч қачон тутамасин!
Ҳурмат билан: Абдулла Қаҳҳор (1963 йил октябрь ойида)”.
Бу хат “Шарқ юлдузи” журналининг 1964 йил 3-сонида эълон қилингач, бошқа ёш қаламкашларда ҳам қизиқиш ва умид уйғотади.
Шундан сўнг адибнинг “Одамлар нима деркин…”, “Шамол эсаверади”, “Бaҳор қайтмайди”, “Қaлбинггa қулоқ сол”, “Нимадир бўлди”, “Дунёнинг ишлaри”, “Квазарлар”, “Икки карра икки беш”, “Нур борки, соя бор”, “Икки эшик ораси”, “Тушда кечган умрлар”, “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” каби ўнлаб китоблари, “Нурли дунё”, “Умр савдоси”, “Баҳор соғинчи”, “Ҳадикли тушлар” деб номланган сайланмалари чоп этилиб, юз минглаб хонадонларга кириб борди. Атоқли адиб йилнинг бир кунини ўзи учун Адабиёт байрами деб билса, миллионлаб мухлислари унинг ҳар янги китобини олган куни байрам қилганларига шак-шубҳа йўқ.
Ўткир Ҳошимов ижодий фаолиятини ўрганар эканмиз, яна бир ўзига хос томонини кашф этдик. Яъни, адиб илк қадамини публицистика майдонига қўйган ва бутун меҳнат фаолиятини журналистикага бағишлаган! 1964 йилда журналист дипломини олгач, қатор йиллар “Темир йўлчи”, “Ўзбекистон овози”, “Тошкент ҳақиқати”, “Тошкент оқшоми” газеталарида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, “Шарқ юлдузи”, “Театр” журналларида ҳам фаолият кўрсатган. Унинг очерк ва ўйлардан иборат “Пўлат чавандоз” китобчаси 1962 йилда чоп этилган. 1977 йилда “Ер фарзандимиз” (“Ўзбекистон” нашриёти), 1984 йилда “Оқ камалак” (Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти), 1987 йилда “Хазина” (“Ўзбекистон” нашриёти), 1990 йилда “Нотаниш орол” (“Ёш гвардия” нашриёти), 2005 йилда “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” (“Шарқ” НМАК), 2006 йилда лотин имлосида “Ўзбеклар” (Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти), 2011 йилда “Она битта – Ватан ягона” каби ўйлар, ижодий суҳбатлар, ҳангомалар, саёҳатномалар жамланган тўпламлари чоп этилган. Қизиғи, бу публицистика йўналишидаги китоблар ҳам адибнинг бадиий асарлари каби катта қизиқиш билан кутиб олинган. Уларни ҳам китоб дўконларидан топиш амримаҳол.
Ижод бўстонига бетакрор публицистикаси билан кириб келган атоқли адибнинг сўнгги салмоқли китоби – “Ярим аср дафтари”дан ўрин олган мақолалари, ўйлари ва бошқа битиклари ҳам журналистика маҳсули бўлди. 2014 йилда “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан 3000 нусхада чоп этилган 383 бетлик янги китоби раҳматли устоз хонадонида анъанага айланган байрамга муносиб туҳфадир.
Оилапарвар адиб ҳаётидаги яна бир ибратли ҳол: ҳар гал янги чиққан китобига биринчи дастхатни онасига атаб ёзаркан. Гарчи раҳматли Ҳакима она билан видолашганига анча йиллар ўтган бўлса-да, дастхат ёзиб қўйиш одатини тарк этмаган.
Яқинда раҳматли устозни хотирлаб хонадонларига борганда бир ажиб ҳолдан ҳаяжонга тушдик. “Ярим аср дафтари”га адибнинг умр йўлдоши Ўлмасхон ая чиройли ҳуснихати билан шундай дастхат ёзиб қўйибди:
“Ойижон!
Ўғлингизнинг яна бир китоблари чиқди… Унда ҳам Сиз борсиз…
“Биринчи устозим – Онамга” деб ёзардилар…
- 02. 2014 йил.”
Бошидан адоғигача публицистика йўналишидаги китобга сўзбоши ёзган Хуршид Дўстмуҳаммад таъкидлаганидек, “Ярим аср дафтари” атоқли ўзбек адиби Ўткир Ҳошимов ўз қўли билан тартиб берган сўнгги “Васият китоби”дир. Уни қайта-қайта варақлар эканман, беихтиёр дайди ўй олиб қочди: Ўткир ака не мақсад-муддаода айнан шу мазмун – шу тартибда китоб яратишга чоғланган? Эътибор беринг, ахир 72 йиллик ҳаёт (1942-2013) ва 50 йиллик (1963-2013) ижод сарҳисобига ўхшаб турибди-ку?!”
Ўзига хос сарҳисоб моҳиятида ҳам бетакрор публицистиканинг оташдек тафтини ҳис этасиз. “Тошкентим онам” бадиасида пойтахт шаҳримизнинг бетакрор манзараси, турфа воқеа-ҳодисалар ўз аксини топган. Тошкентда илк бор метро қурулиши бошланган дамларни ўз кўзи билан кўрган ижодкор бир куни бўлғуси “Пахтакор” бекати зиналаридан пастга – “ғор”га тушади. “Бир сиқим тупроқни кўксимга босганча, бўлажак метронинг бетон деворига суяниб, узоқ туриб қолдим,– деб ёзади муаллиф.– Бир вақтлар бундан тўрт юз эллик йил илгари Зайниддин Восифий таърифлаган тупроқ шуми?”
Бу мавзуни бадиий асарда тасвирлашдан кўра публицистикада ёритиш кўпроқ самара берса ажабмас. Энг муҳими, ёзувчи айтмоқчи бўлган фикр ўқувчи онгу шуурига тез ва аниқ-тиниқ етказилади. Бадиада Восифийнинг: “Тупроғин гардлари етса фалакка, бўлгудек тўтиё чашми малакка! Шунинг-чун, ел уни элтиб осмона, атру упа қилур ҳуру ғилмона” деган сатрлари келтирилар экан, ўшанда шу тупроқ назарда тутилгани изоҳланади. “Бироқ милоддан беш минг йил аввал – бугунги кундан етти минг йил нарида ҳам шу тупроқ бор эди-ку! Ўша замонларда, фан тили билан айтсак, бўр даврида ҳам инсонлар яшаган эди бу ерда! Афсуски, тупроқнинг тили йўқ. Агар бўлса, у жуда кўп нарсаларни айтиб берган бўлур эди”. Муаллиф бир сиқим тупроққа меҳр билан боқаркан, шууридан кечган ўйлари орқали бу табаррук заминда неча асрлар давомида яшаб ўтган не-не зотлар, юз берган воқеа-ҳодисалар ҳақида қизиқарли ҳикоя қилади. “Бу тупроқ ҳамиша эзгуликни ният қилган, узоқ-яқин юртларда нон шаҳри, виждон шаҳри, биродарлик ва дўстлик шаҳри деб ном чиқарган; Тошкент тупроғи!” деб хулоса қилади. Уни теран нигоҳ билан мутолаа қилган ўқувчи қалбида она Ватанга, муқаддас тупроғимизга нисбатан муқаддас туйғулар жўш уриши шубҳасиздир.
Ўткир Ҳошимов ижодида бадиий асар билан публицистиканинг ўзаро уйғунлигини кузатиш мумкин. Публицистика моҳиятида муаллифнинг айнан ўқувчига айтмоқчи бўлган энг муҳим, долзарб фикрлари мужассам бўлади. Публицистика – халққа мурожаат демакдир. Ўткир Ҳошимов қалбида туғён урган фикрларини аввало публицистикаси орқали оммага етказганини, сўнг ўша фикрларини бадиий қиёмига етказган ҳолда қисса ва романлар ёзганини кўп кузатганмиз. “Ярим аср дафтари”нинг “Энг яқин инсонлар” бобида баён этилган фикрлар “Дунёнинг ишлари” қиссасида, “Устозлар” бобидаги айрим манзаралар “Квазарлар” қиссасида бадиий аксини топган.
Кези келганда айтиш жоизки, устоз отангдан улуғ, деган мақол ҳадисдан олинганини билмаган айрим кимсалар уни “устоз отангдай улуғ” дея талқин қилишга уринмоқда. Аслида эса устоз қанчалик улуғлиги, ул сиймога қандай эҳтиром кўрсатиш жоизлигини муаллиф Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Асқад Мухтор, Зулфия, Матёқуб Қўшжонов, Умарали Норматов ҳақидаги ҳаётий лавҳаларда ёрқин акс эттиради. Журналистика факультетида таҳсил олганида Аҳмад Алиев, Баҳодир Ғуломов, Раҳматилла Иноғомов, Очил Тоғаев каби таниқли олимлардан сабоқ олганини эҳтиром ила эслайди.
Китобнинг “Сафдошлар”, “Ҳамкасблар” деб номланган бобларидан ўрин олган мавзулар ўзига хос портрет очерклар, дейиш мумкин. Очиғи, биз ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида довруқ таратган Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубовлар билан изма-из адабиётга кириб келган Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Худойберди Тўхтабоев, Оқилжон Ҳусанов, Шукур Холмирзаев, Ўлмас Ўмарбеков, Неъмат Аминов, Иброҳим Ғафуров каби шоир-ёзувчиларга ҳавас билан улғайганмиз. Талабалик йилларимиз уларнинг китоблари, ҳатто газета-журналларда ёритилган асарларини албатта топиб ўқирдик. Севимли шоир-ёзувчиларнинг бадиа ва мақолаларини ҳам қизиқиш билан мутолаа қилардик. Забардаст ижодкорнинг оддий мақоласида ҳам салмоқли мавзулар ёритилишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Демак, миллий матбуотимиз ривожида шу устозларнинг хизматлари алоҳида. Уларнинг ижодий фаолияти айниқса ёш қаламкашлар, бўлғуси журналистлар учун ўзига хос маҳорат мактабидир. “Ярим аср дафтари”да ана шу мактабнинг ибратли жиҳатларини муаллиф ўз ижодий фаолияти, ҳамкасблари билан муносабатлари, китобхонлар билан учрашувлар, турфа воқеалар мисолида жуда қизиқарли тасвирлаган.
Китобнинг “Атрофимиздаги одамлар”, “Чойхона гурунги” бобларидан ўрин олган мақола, бадиа ва битикларда ҳам адибга илҳом берган, қайсидир мавзуларига “туртки” бўлган ажойиб ҳангомаларга ошно бўласиз.
Бир пайтлар матбуотимизда улкан воқеликка айланган “Давлат сири” (1990), “Авлодларга нима деймиз?” (1988) мақолалари “Китобларга сиғмаган сатрлар” бобида, “Бир-биримизни асрайлик” (Ҳамкасб дўстларимга очиқ хат, 1988 й.) , “Қалбнинг оппоқ дафтари” (Ўқитувчининг обрўси ҳақида, 1981 й.), “Ватан ичра Ватан” (2012 й.), “Халққа қайтарилган хазина” (1994 й.), “Мантиқсизлик мантиқ бўлса” (1990 й.) сарлавҳали ўйлар ва мақолалари “Адабий ўйлар” бобидан ўрин олган. Китобнинг “Саёҳатнома” бобида турли давлатларга қилган сафар таассуротлари ҳақида сўз юритилса, “Суҳбатлар” бобида адибнинг газета-журналларда ёритилган интервьюлари берилган.
Улуғ адиблар ҳаёт билан видолашгач, унинг ижодий фаолиятини оила аъзолари давом эттириши ажиб анъанага айланган. Бунинг ёрқин мисолини Абдулла Қодирий ортидан Ҳабибулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор ортидан Кибриё Қаҳҳорова амалга оширган ишлар мисолида кўришимиз мумкин. Ана шундай эзгу ишни бугун Ўткир Ҳошимовнинг умр йўлдоши Ўлмасхон ая билан қизи Юлдузхон изчил давом эттираётгани таҳсинга лойиқдир. Зеро, шу салмоқли китобни нашрга тайёрлаган онахон ва қизлари “Оилавий танқидчи” кузатувлари” бобини ўзлари ёзганлар. “Ўткир Ҳошимов билан турмуш қурганимизга қирқ йил бўлди. Худога шукр, ўғил-қиз, қўша-қўша набиралар кўрдик. Турмушимиз нуқул байрамдан иборат бўлди, десам, рост гапирган бўлмайман”, деб ёзади Ўлмасхон Ҳошимова “Чўл ҳавоси”дан “Икки эшик ораси”гача сарлавҳали мақоласида. Муаллиф 60-йиллар охирида инсонни тасвирлайдиган асарлар дунёга кела бошлагани, бунинг сабабларидан бири ўша адиблар Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да таҳсил кўрган, чуқур билимли, ҳақгўй, талабчан устозларнинг сабоғини олганини, шундай шогирдлар қаторида Ўткир Ҳошимов ҳам бўлганини ифтихор билан ёзади.
Бўлғуси педагогларга қирқ етти йил мураббийлик қилган адабиётшунос Ўлмасхон Ҳошимованинг ҳам “Ёқиб юборилган қўлёзмалар”, “Ача холанинг муҳраси”, “Илтижо”, “Довдирлар нимага керак” сарлавҳали мақолаларида, “Ижодкорнинг аёли бўлиш осон эмас”, “Ўткир Ҳошимов учун қадрли икки асар” сарлавҳали суҳбатларида ардоқли адибимиз ижодий фаолиятининг турфа қирралари ғоят таъсирли ёритилган.
Ниҳоят, китобнинг “Эътироф” деб номланган ўн иккинчи бобидан устоз ва шогирдлар, замондош-у мухлисларнинг дил сўзлари ўрин олгандир.
Юқорида айтганимиздек, улуғ адиб ижоди ҳақиқий публицистика билан бошланиб, худди шундай хотима топганида ҳам бир ҳикмат бордек. Фақат, илк ижоди пойдевори оддий заминда бошланган бўлса, унинг нурли чўққиси юртимиз истиқлолига пайваста бўлган юксак маънавий оламда бўй кўрсатди. У бетакрор ижоди билан миллий публицистикамиз нуфузини адабиёт даражасига кўтарди, бадиий адабиётда Инсон сиймосини аниқ тасвирлашда чинакам публицистик маҳоратини намоён қилди. Шу тариқа миллионлаб мухлислари қалбидан мангу ўрин олди!
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
2021 йил 29 июнь
Сўнгги фикрлар