сингдириш учун ҳар қандай тарғибот усулларидан, айниқса, кино санъатидан унумли фойдаланилгани ҳеч кимга сир эмас.
Яқинда Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра, Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидойилик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунаввар қори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланганини халқимиз катта мамнуният билан, қизғин кутиб олди.
Президентимиз томонидан “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишнинг имзоланиши эса буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси, уларнинг юртимиз озодлиги йўлида кўрсатган жасорати ҳамда ёрқин хотирасига ҳар қачонгидан кўра бугун жуда катта эътибор қаратилаётганини англатади.
Фармойишда белгиланган асосий вазифалардан бири, қатағон қурбони бўлган юртдошларимизнинг авлодлари ва яқинлари, ўша давр воқеаларини чуқур биладиган кишиларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий материалларни, ноёб суратларни тўплаш ишларини мувофиқлаштириш эканини таъкидлаш мумкин.
Ҳақиқатдан ҳам, яқин-яқингача қатағон қурбонлари деганда, ўтган асрнинг 30-йилларида қирғинга учраган машҳур жадидчилик ҳаракатининг беш-ўн намояндаларини тушуниб, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиб, ёшларимизга етказиб келганмиз. Ҳаттоки, уларнинг ҳам айримларининг номлари деярли тилга олинмай қўйилганини кўпчилик билмайди. Шунга яраша, бу борада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг кўлами ҳам тор доирада чекланиб қолган.
Қолаверса, унгача бўлган даврларда ҳам мустамлакачилар томонидан юртимиз озодлиги учун курашган аждодларимиз шафқатсизларча қириб ташланган, жамиятнинг таянчи бўлган тадбиркорларнинг мулклари тортиб олиниб, қулоқ қилинган.
Миллий озодлик ҳаракати аъзоларини “босмачи” сифатида онгимизга сингдириш учун ҳар қандай тарғибот усулларидан, айниқса, кино санъатидан унумли фойдаланилгани ҳеч кимга сир эмас. Ўша пайтларда истиқлол учун жонини фидо қилиб, шаҳид бўлганлар, миллий озодлик ҳаракатларига бош бўлган аждодларимиз ҳақидаги асл ҳақиқатни кенг оммага етказиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг ушбу фармойиши ўтмишимизга, хусусан, тарих фанига шу чоққача илмий онгимизни эгаллаб олган эски қарашлардан халос бўлиб, бутунлай янгича ёндашувларга йўл очиб беради. Нега деганда, деярли уч минг йиллик давлатчилик тарихимиз давомида юртимиз не-не босқинчиликларни кўрмади?! Миллатимизнинг не-не асл фарзандлари она еримиз ҳимояси йўлида қурбон бўлмади?! Юртимизга ёпирилиб келган ҳар қандай ёв халқимизнинг озодликка ташналиги, ўз Ватанини муқаддас деб билгани, унинг ҳимояси учун жонини фидо қилишга тайёр мардлари борлиги сабабли даф бўлди.
Демак, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси бутун тарихимиз ичра озодлик ва юрт ҳимояси учун ҳалок бўлганларнинг барчаси хотирланиб, эъзозланадиган муқаддас маконга айланмоғи керак. У ерга қадам қўйган ҳар бир инсон, айниқса ёшлар бир ҳақиқатни — узоқ ўтмиш давомида буюк аждодларимиз бошига қандай офату мусибатлар тушмасин, ҳар сафар қайта оёққа туриб, ўзларининг юксак ватанпарварлиги, интеллектуал салоҳияти, тафаккури ва инсоний фазилатлари билан нафақат юртимиз, балки дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшганини билиши лозим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев, аввало, биз — тарихчилар олдига аниқ вазифаларни қўйди. Ватанимизнинг шонли тарихига доир мана шундай бўшлиқларни ҳаққоний ўрганиш, тарихий адолатни тиклаш ва келгуси авлодларга безавол етказиш каби бундай муҳим ишларга барчамиз бирдек бел боғлаб киришишимиз зарур. Токи, янги Ўзбекистоннинг бугунги ёшлари аждодларимизнинг буюк жасоратидан ибрат олиб, ватанпарвар, юксак маънавиятли, чуқур билим ва замонавий тафаккурга эга баркамол авлод бўлиб вояга етсин!
Азамат Зиё,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Тарих институти ректори,
Тарих фанлари доктори, профессор
https://uza.uz/uz/posts/azhdodlarimizning-buyuk-zhasorati-avlodlarga-ibrat-13-10-2020
Сўнгги фикрлар