Аждодларимиз адабий меросларини ўрганамиз
Қува азалдан буюк олимлар, мутафаккирлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар
юрти саналади. Бугунги кунимизни яхшироқ тасаввур этиш учун ўтмишга синчков боқиб, аждодларимиздан қолган бой меросларни ўрганиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Тўғриси, бугунги авлод туманимизда яшаб, ижод қилган улуғ инсонлар ҳақида етарли маълумотга эга бўлмасликлари мумкин. Уларга Қувамизнинг тарихи, буюк алломалари ҳақида маълумот бериш таълим соҳаси ходимлари олдига катта талаблар қўяди.
Иқтидорли педагог Матлубахон Холматова раҳбарлик қилаётган тумандаги «Баркамол авлод» болалар марказида «Аждодларимиз адабий меросларини ўрганамиз» номли кўрик-танлов бўлиб ўтди.
Унда иштирокчилар мавжуд бешта йўналиш бўйича ўзаро беллашдилар. Тадбирда Қувада яшаб, ижод қилган олим, хаттот, мударрис ва шоир Турсунали Қаландар ҳожи ўғли Надимий, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Иброҳим Раҳим ҳамда ҳассос ғазалнавис шоир Шокирхон Ҳакимийлар ижоди ҳақида йиғилганларга батафсил маълумотлар берилди. Уларнинг бой адабий мероси ҳамда ёзган асарларининг бугунги кундаги аҳамияти борасида фикрлар юритилди.
Танлов иштирокчилари савол-жавобларга пухта жавоб беришга ва ўз иқтидорларини намойиш этишга ҳаракат қилдилар. Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра «Ёш сайёҳ» тўгараги раҳбари Сапурахон Тожибоева биринчи, «Юмшоқ ўйинчоқлар» тўгараги раҳбари Гулнорахон Арслонова иккинчи, «Компьютер сабоқлари» тўгараги раҳбари Умидахон Умаралиева эса учинчи ўринларга лойиқ деб топидилар.
Танлов иштирокчилари турли кўргазмалар ва слайдлар орқали улуғ аждодларимизнинг ҳаёт йўли ва қолдирган адабий мероси ҳақида тингловчиларга қимматли маълумотларни етказдилар.
Тадбирда Турсунали Қаландар ҳожи ўғли Надимийнинг набираси, шоира Зуҳра Алиева, Шокирхон Ҳакимийнинг қизи Мавлудахон Ҳакимова, Иброҳим Раҳимнинг шогирди Илтифотхон Охуновалар иштирок этдилар ва аждодларимизнинг руҳини шод айлаб, улар ёққан маърифат чироғидан келажак авлодни баҳраманд этиш нақадар улуғ савобли иш эканлиги ҳақида гапириб, тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Танловда ғолибликни қўлга киритганларга туман «Баркамол авлод» болалар марказининг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирни ташкиллашда туман «Баркамол авлод» болалар маркази ходими Сайёрахон Абдураҳимова алоҳида жонбозлик кўрсатди ва туманда яшаб ижод этган улуғ сиймолар ҳақида маълумотлар тўплаб, тадбирнинг янада жонли ўтишига ўз муносиб ҳиссасини қўшди.
Мазкур тадбирда вилоят «Баркамол авлод» болалар маркази директор ўринбосарлари Юлдузхон Сотволдиева, Маҳаббатхон Абдуллаевалар, шунингдек, фахрий педагог Шерзод Тешабоевлар иштирок этдилар.
Абдурашид ҚОДИРОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети
“Журналистика” факультети 2-олий таълим
махсус сиртқи бўлими талабаси.
“Қува ҳаёти” газетаси масъул котиби.
Сўнгги фикрлар