Аждодлари буюк юртнинг келажаги буюкдир
Ўзбек номини дунёга таратган буюк аждодларимиз Мир Алишер Навоий
ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур боболаримизнинг тенгсиз маънавий ҳамда адабий хазиналари билан бир қаторда улар ҳақида яратилган романлар ва бошқа асарлар ҳам муҳим ўрин тутади.
Биз буюк аждодимиз Мир Алишер Навоий сиймосини Ойбекнинг “Навоий”романи, Бобур сиймосини атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи ҳамда севимли ёзувчимиз Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” маърифий романлари орқали янада теранроқ англаймиз.
Манбаларда қайд этилишича, Низомиддин Мир Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Ҳиротда туғилган. Ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан кўкалдош (эмикдош) бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳруҳнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан, мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси Қобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи. Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳруҳ ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллаган. Алишер 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган.
Темурий шаҳзодалардан бўлмиш султон Ҳусайн Бойқаро 1472 йилда уни ўз саройининг бош вазири қилиб тайинлайди ва унга «Амири кабир» унвонини беради. Бу даврларда Ҳиротда адабий ҳаёт жўш урган. 1470 йилларнинг охирларида Алишер Навоий ўзининг ўзбек тилида ёзган шеърларидан иборат илк девони – «Бадоеъ ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси»)ни тузди. Улуғ шоирнинг асарлари ҳаётлик давридаёқ Хитойдан тортиб Кичик Осиёгача етиб борди ва ҳозирда бутун дунё халқлари ҳам севиб ўқишмоқда.
«Хамса» достони Навоий ижодининг дурдонаси саналади. Ўзбек тилида «Хамса» – беш достон яратиш мақсади ёшлигидан бўлган. Унинг «Тарихи мулуки Ажам», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Рисолаи муаммо», «Мажолис ун-нафоис», «Муншаот», «Мезон ул-авзон», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Насоим ул-муҳаббат», «Девони Фоний», «Лисон ут-тайр», «Муҳокамат ул-луғатайн», «Маҳбуб ул-қулуб», «Назм ул-жавоҳир», «Тарихи анбиё ва ҳукамо», «Сирож ул-муслимин», «Арбаин» каби бебаҳо асарларини ҳам асрлар оша аждодларимиз катта қизиқиш, зўр эҳтиром билан ўқиб-ўрганиб келганлар. Бу шоҳ асарлардан бугунги ва келгуси авлодлар ҳам баҳраманд бўлаверадилар.
Ўзбекистон истиқлолга эришиш арафасидаёқ мамлакатимизда 1991 йил – “Алишер Навоий йили” деб эълон қилиниши замирида оламча маъно мужассам.
Атоқли адиб Ойбекнинг “Навоий” романини ўқишни тавсия этамиз.
Ардоқли адибимиз Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романини мутолаа қилсангиз, Бобур бобомиз сиймоси кўз ўнгингизда намоён бўлаверади. Улкан истеъдод соҳиби бўлган адиб Пиримқул Қодировнинг ўз ибораси билан айтганда “тарихни телескоп билан кузатиб”, Бобур замонасини кўзи билан кўргандек тасвирлаган. Ёзувчи мазкур романи орқали Бобурни бутун бўйи-басти билан қайта гавдалантириб берган.
1989 йилда “Бобурнома” китоби 200000 нусхада чоп этилган бўлса, 1990 йил октябрь ойида бу шоҳ асар яратилганлигининг 460 йиллиги нишонланиши бизга руҳий қувват бахш этди.
“Бобурнома”даги табиат тасвирлари, Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқларининг тарихига оид нодир кузатишлар, тилга, динга, ҳуқуқшуносликка, санъат ва адабиётга оид тадқиқотлар Бобур Мирзонинг қомусий билимлар эгаси бўлганини кўрсатади. Демоқчиманки, бугунги ва келгуси авлодлар ҳам бу буюк маънавий меросни теран ўрганиб боришлари уларни албатта маънан юксакликка олиб чиқаверди.
Ўта мураккаб даврда фаолият кўрсатишига қарамай Бобур самарали ижод билан шуғулланиб, бой илмий ва адабий мерос қолдирди.
Тақдир тақозоси ила подшоликни ўғли Ҳумоюнга топширган Бобур 1530 йили 47 ёшида ўзи асос солган мамлакат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди. Унинг васиятига биноан 1539 йилда ҳоки Қобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган «Боғи Бобур»га қўйилди.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Бобур ўз юртида қадр-қиммат топди. Мамлакатимизда 1993 йилда Бобур таваллудининг 510 йиллиги кенг нишонланди. Ўзбекистон ФАнинг Бобур номидаги медали таъсис этилди.
Атоқли адиб Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” маърифий романи ҳам китобхонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Асар муаллифи 1992 йили бобурийлар изларини излаб Эрон, Туркия, Сурия, Иордания, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Афғонистон мамлакатлари бўйлаб ташкил этилган илмий экспедиция таркибида иштирок этган. Сафар таассуротлари, хотира ва ҳаяжонлари, улар давомида аждодларимизнинг бемисл маданий мероси, уларнинг зафар-фожиалари, кечмиш-изтироблари, келгуси наслларга қолдирган умр сабоқлари, муқаддас зиёратгоҳлар ҳақида тўпланган кўплаб муҳим маълумотлар “Бобурийнома” маърифий романининг яратилишида асос бўлгани шубҳасиз. Заҳириддин Бобур сиймосига болаликдан меҳр қўйган, “Толе йўқки…” рубоийсини мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ қалбига жойлаган, “Бобурнома”ни қайта-қайта мутолаа этишни одатга айлантириб, бундан кўнгли чексиз лаззат туйган адиб мазкур асаригача ҳам бадиий насрда бу улуғ шахс ҳаётини ёритиш юзасидан бой ижодий тажриба тўплагани маълум. “Ой ботган паллада”, “Паноҳ” ҳикоялари, “Тавба”, “Бобурнинг тушлари” бадиалари ва ниҳоят, “Саодат соҳили” қиссаси “Бобурийнома” маърифий романи яратилишида адабий-эстетик замин вазифасини ўтаган. Роман композицияси ўзига хос. Асарда мозий ва замонамиз воқеалари алмашиниб келади. Роман воқеаларининг бу тарздаги ички қурилиши ўқувчининг эътиборини бир маромда ушлаб туради. Натижада китобхон мутолаа жараёнида толиқмайди, аксинча, қизиқиши тобора ортиб боради. Бу – асарнинг биринчи ва муҳим фазилати. Иккинчиси – асар сюжетида буюк Соҳибқирон Амир Темур, Умаршайх Мирзо, Бобуршоҳ, унинг аъёнлари, фарзандлари Ҳумоюн, Комрон, Аскарий мирзолар, Гулбаданбегим, салтанатининг давомчилари бўлган неваралари, улуғ замондоши Ҳофиз Кўйкий ва бошқа тарихий сиймолар қатори бир гуруҳ замондошларимиз ҳамда сафар давомида мулоқот қилишга тўғри келган турли мамлакат ва миллат вакиллари образлари иштирок этади. Энг фаол образлардан бири – муаллиф образи. Муҳими, ҳар бир образ, ҳар бир бадиий детал ягона мақсадга – Бобурнинг шахс, шоир, шоҳ ва мутафаккир сифатидаги сиймосини инкишоф этишга хизмат қилади. Бу услуб асар воқеаларини, гарчи турли замон ва маконларда кечган бўлса-да, яхлит бир тизимга бирлаштириб туради.
Фарзанд кутаётган Умаршайх Мирзо ва Қутлуғ Нигорхоним руҳияти, овда жайронни таъқиб этган Умаршайх Мирзонинг тасодиф туфайли йўлбарс боласининг туғилиш жараёнига гувоҳ бўлиши, овдан қайтар экан, ўғилли бўлгани ҳақидаги хушхабарни эшитиши, гўдакка Заҳириддин Муҳаммад дея исм қўйилганини билгач, бобоси Тошкент ҳокими Юнусхоннинг: “Қутлуғ бўлсин, улуғларнинг исми. Насиб этса, иншооллоҳ, йўлбарсдай баҳодир бўлғусидир. Инчунин, “Бобур”, яъни “йўлбарс” деб чақирсак ҳам бўлар экан”, деган сўзи Умаршайх Мирзога чақмоқдай таъсир қилиши ва овда кўз ўнгида йўлбарс туғилгани воқеасини айтиб бериши… Асар ана шу ҳодисанинг бадиий тасвиридан бошланади. Бу орқали қисматнинг ўзи номига муносиб тарзда Бобурга йўлбарсдай мард ва шижоатли бўлишни раво кўргани талқин этилади. Асар ибтидосиданоқ ўқувчининг қизиқиши ортади, у роман cюжетининг ичига кирганини сезмай ҳам қолади.
Тақдир Бобур зиммасига юклаган масъулиятни адиб қуйидагича образли тасвирлайди: “Унинг подшоҳлик қисмати гўёки темурийлар салтанатининг ойи ботиб, Мовароуннаҳр осмонида янги, порлоқ юлдуз пайдо бўлганини эслатарди. Чунки у тарих осмонида ой ботган паллада намоён бўлган эди”. Бобур ва унинг авлодлари ҳозирги Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон ва Бангладеш мамлакатларининг аксар ҳудудларини ўз ичига олган улкан салтанатга асос солиб, темурийлар ҳукмронлиги тарихини уч ярим асрдан кўпроқ муддатга узайтирди. Бобур ва бобурийларнинг Ҳиндистондаги бунёдкорлик фаолияти “Бобурийнома”да зўр муҳаббат билан тасвирланган. Бу жиҳатдан “Бобурийнома” ва “Бобурнома”да кучли мутаносиблик кузатилади.
“Бобурийнома” – кўп йиллик ижодий изланиш, катта меҳнат ва заҳмат натижаси ўлароқ яратилган бадиий-маърифий асар. Бобуршоҳни йўқлаб беш аср муқаддам Ҳиндистонга борган Ҳофиз Кўйкий ҳақида энциклопедиядан маълумот олган адиб бу икки буюк сиймо учрашуви, мулоқотларини бадиий асарга айлантириш учун тинимсиз изланади. Манбалардан қимматли тарихий маълумотларни йиғади, ўз ижодхонасида қайта ишлаб, тарих воқелигини бадиий ҳақиқат даражасига кўтаради. Мана бу иқтибосда умрининг сўнгги дамларида Бобуршоҳнинг Ҳофиз Кўйкий билан мулоқоти таъсирчан ифода этилган:
“Бобур китоб қатидан букланган юпқа қоғоз олиб, тиззасига қўйди, бемажол лабларига нимпушти қизиллик югургандек бўлди:
Ё қаҳру ғазаб бирла мени туфроқ қил,
Ё баҳри иноятингда мустағрақ қил.
Ё Раб, сенгадур юзим, қаро хоҳ оқ қил….
Бобурни тағин қуруқ, қаттиқ йўтал тутди, нафаси бўғилиб, сўнгги мисрани куч билан шивирлади:
Ҳар нав Сенинг ризонг эрур, андоқ қил…
Рубоийнинг ажиб оҳангига сеҳрлангандек, ҳамма бир лаҳза тек қолди. Ниҳоят, бирин-кетин аъёнларнинг олқишлари эшитила бошлади:
– Хўп айтибдурсиз, олампаноҳ, бисёр гўзал!
– Ҳақ сўз, ғоят хуштакаллум байтлар…
– Ошиқона гўзал лутф бўлибдур, олампаноҳ…
Бобур Мирзо оҳиста бош чайқади, ҳазин жилмайгандек бўлди. Синиққан чеҳрасида бир лаҳза аламнок таассуф ифодаси кўринди… Бу дардли мисраларнинг “ошиқона гўзал лутф” эмас, балки суронли умри сўнгги манзил сари бораётган улкан музтариб қалбнинг келгуси насллар олдида бераётган изтиробли ҳисоби, даврон ҳукми қаршисидаги маъюс ўтинчи, Оллоҳ ҳузуридаги тазарруси эканини ёлғиз Ҳофиз Кўйкийгина ўз савқи табиийси билан англади.
Бобур буни сезди, миннатдор кўзлари олимга жавдираб боқди…”
Айтиш жоизки, севимли адибимиз Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” маърифий романи – буюк шоҳ ва шоир образи тўлақонли тасвирланган ажойиб асардир.
Тўлқин ЭШБЕК,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва
маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси,
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати
Сўнгги фикрлар