Академик Маҳмуд Cалоҳиддинов
Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради.
Атоқли математик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Маҳмуд Салоҳиддинов шу йил 27 апрелда 85 ёшида вафот этди.
М.Салоҳиддинов 1933 йил 23 ноябрда Наманган шаҳрида туғилди. 1958 йили Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг математика факультетини тугатиб, шу даргоҳда аспирантурада таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1974 йилда илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали хизматлари учун Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
М.Салоҳиддинов ўз меҳнат фаолиятини 1959 йили Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институтида кичик илмий ходим сифатида бошлади. Ушбу масканда катта илмий ходим, бўлим мудири, директор ўринбосари ва директор лавозимларида муваффақиятли фаолият кўрсатди.
Катта илмий салоҳият ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган атоқли олим кўп йиллар давомида Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти ва президенти, олий ва ўрта махсус таълим вазири, Фанлар академиясининг Математика институти бўлим мудири каби масъул вазифаларда халқимиз ва Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилиб, мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
Олимнинг замонавий ўзбек математика мактабини дунёга танитишда муҳим аҳамиятга эга бўлган фундаментал тадқиқотлари, илмий ишланмалари, монография ва мақолалари юртимиз ва чет эл илмий жамоатчилиги ўртасида юксак эътирофга сазовор бўлди.
Тажрибали олим моҳир ва талабчан мураббий сифатида кўплаб ёшларга устозлик қилди. Унинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланди.
М.Салоҳиддинов мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этди. У бир неча бор республикамиз парламентига аъзо этиб сайланган эди.
Академик М.Салоҳиддиновнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Абу Райҳон Беруний номидаги давлат мукофоти, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган эди.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Маҳмуд Салоҳиддиновнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
Сўнгги фикрлар