Алвидо, Абдували Қутбиддин…

Бугун эрта тонгда тарқалган совуқ хабардан титраб кетдик…

3

Э-воҳ… 1980 йил биз Журфакка ўқишга кирган пайтимиз Абдували Қутбиддинлар 3-курсда ўқирдилар. Ўқишга кирибоқ, сентябрнинг ўрталарида Сирдарё вилояти «Оқ олтин» туманига пахтага жўнадик. Ҳайҳотдек баракка 1- ва 3-курслар жойлашдик. Кун бўйи пахта тергач, кечки овқатдан кенг сўнг далада гулхан ёқиб, шеърхонлик қилардик. Абдували ака «Сарғайган хотира, қишлоқ йўлида, Шалоқ араванинг ортида севги…» деган сатрлари ила бошланадиган шеърини ўқирди. Камина болаларга аталган ҳазил шеърларимдан ўқирдим. Хуллас, ажойиб даврларни бирга ўтказган эдик. 1993 йилда Абдували Қутбиддин, Оллоёр Бегали, Қўчқор Норқабил ва каминага адабиёт соҳасида республика Ёшлар Иттифоқи томонидан таъсис этилган Усмон Носир мукофоти берилди. Хуллас, раҳматли Абдували ака билан ҳаётимизда туташ воқеалар кўп бўлган. «Халқ сўзи» газетасида самарали фаолият кўрсатган публицист ва шоир Абдували Қутбиддинни Журфак талабаларига намуна қилиб кўрсатардим… Бугун бу қайғули хабар Журфак жамоаси учун ҳам катта жудолик деб биламиз. Илоҳо, миллатимиз фидойиси бўлган ижодкор дўстимизни Оллоҳ раҳматига олиб, жойлари жаннатда бўлсин…

Дониш домла

***

МАРСИЯ

Адабиёт, беминнат сарҳад,
Инсон кўнглин гулга ўрайсан.
Ўзинг учун ёнган кўнгилни,
Ҳар кун тонгда ҳолин сўрайсан…

Сени суйган — кечалар куйган,
Умрин берган — шоирларинг бор.
Сендан умр мазмунин туйган,
Қулаб тушди шундай алп чинор!

Адабиёт, ўзгача боғсан,
Кимлар сенга бўлдилар мезбон.
Ёзилмаган ушбу қонунинг —
Дуч келганни қилмайсан меҳмон.

Бугун ўтди забардаст шоир,
Абдували Қутбиддин деган.
Ном қолдирди, улгурди шоир,
Ундай шоир юз-йилда келган.

Абдувоҳид Сувонов
08.12.2019

***

Абдували билан 1978 йил Ҳозирги Миллий университетнинг Физика факультети биноси ҳовлисида Журналистика факультетига кириш имтиҳонлари пайти танишиб қолгандим. Ўша йили у ўқишга кирди, Менга бир балл етмади. Бирга кирмаганимизга мендан кўпроқ қайғурган, юпатган эди. Мен келгуси йил кирдим. Бирга ўқидик. «Оқ олтин» тумани пахта далаларида ҳайқириб шеърлар айтдик. У аввал телевидениеда, сўнг газетада ишлади. Ўзига хос инжа феъли билан беназир, қалби пок инсон эди. Ҳар гал қучоқ очиб кўришаркан «Қачон бир ёзилиб ўтирамиз, жўра!» дерди. Бугун унинг орамизда йўқлигига ишонгим келмайди! дийдорни қиёматга қолдириб кетди. Алвидо дўстим, ИННА ЛИЛЛАҲИ ВА ИННА ИЛАЙҲИ РОЖИЪУН! * * *
Абдували Қутбиддин 1960 йил 20 июнда Қашкадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1983). Дастлабки шеърий тўплами — «Найсон» (1988). Шундан сўнг шоирнинг «Ҳумо», «Бахтли йил», «Хаёл кечаси», «Сен ва сен учун», «Узоқдан олисга» ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997).

Кўзингни тиқма, бу менинг бошпанам,
Пойгакдан мўлтайма, асло қўймайман,
Юрак деб аталган қизил офтобадан
Узим қон ичгайман, сенга қуймайман.

Бармоғинг ниқтама, менинг пешонам
Хати тирноғинг-ла ёзилмагандир.
Мен билан Худонинг ўртасида ғам
Ариғлари сен-ла қазилмагандир.

Юзинг буриштирма, менинг бу юзим,
Босганман гоҳ кишан, гоҳ тиканларга.
Ичган бўлсам ичдим, ҳайрат қимизин,
Эзилдим эзилиб эзилганлардан.

Меники бу ғавғо, керакмас даллол,
Дафтарим варақлаб ўқий олмайсан.
Агарки, борлиғим йиртсалар, алҳол,
Менга бошқа борлиқ тўқий олмайсан.

Йўлу йўриғингга юрмасман зинҳор.
Эшит, фарёд чиқар ўпган тошимдан,
Илоё, бошингни тешмасин дўл-қор,
Илоё, ёрилма еган ошингдан.

* * *

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *